+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Март 2023

Спортда ўзбек қизлари ҳеч кимдан кам эмас, - дейди белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова.

Спортимиз юлдузлари

Мамлакатимизда спортга, айниқса, хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу боис ҳам, қизлар орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи ортиб бормоқда.

Андижон давлат университети жисмоний маданият факультети 4- босқич талабаси,  халқаро тоифадаги спорт устаси Мафтунахон Маҳмудова ҳам ана шундай ёшлардан бири.

Мафтуна 2001 йилда Андижон вилояти, Олтинкўл туманида таваллуд топган. Оиладаги уч фарзанднинг тўнғичи. У болалигиданоқ спортга ўзгача меҳр қўйган. Чунки ота-онаси ҳам ўз вақтида спорт билан шуғулланишган. Дадаси Рустам Темиров ҳаваскор курашчи сифатида кўплаб мусобақаларда қатнашган. Онаси Лайлохон эса дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Қизларидаги спортга қизиқиш, ўзгача иштиёқни кўрган ота-онаси тўққиз ёшга тўлган Мафтунани олимпия захиралар мактаб-интернатига олиб келишган. Бу ерда у спортнинг белбоғли кураш тури билан шуғуллана бошлаган.

 Биринчи мураббийи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамолиддин Бозоров ёш Мафтунага белбоғли курашнинг сир-асрорларини пухта ўргатди. Мунтазам машғулотларда қатнашди, ўз устида тинимсиз ишлади. Бу ўз самарасини берди. У турли мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

-      Меҳнатсеварлиги,     тиришқоқлиги, ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги туфайли Мафтуна юксак чўққиларни забт этиб, оддий қишлоқ қизи нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди, - дейди Жамолиддин Бозоров. - 2015 йилда ўқувчи қизлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ўз ёши ва вазни тоифасида ғолиб чиқиб, 14 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шундан кейин унинг ютуқлари йилдан-йилга ортиб борди. У ҳар йили мамлакат чемпионатларида ғалабани ўзида сақлаб келди. Турли ёшдаги курашчилар ўртасида 16 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.

Мафтуна 2018 йилнинг декабрь ойида Россия  Федерациясида ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида Қозоғистон, Молдавия ҳамда  россиялик рақибаларидан устун келиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарди.

Мафтунанинг халқаро майдонлардаги ютуқлари ҳам салмоқлидир. У спортдаги  фаолияти давомида  Қирғизистон, Қозоғистон ва юртимизда бўлиб ўтган Марказий Осиё чемпионатларида ғолиб бўлиб, уч карра Марказий Осиё чемпионлигини эгаллади.

2019 йилда Қирғизистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза, 2021 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон биринчилиги мусобақасида олтин медални қўлга киритди. Ўтган йили Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам ўз вазн тоифасида унга тенг келадиган рақиб топилмади. Финалда беларуслик рақибасини мағлуб этиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади.

Айни кунда Мафтуна университетда таҳсил олиш билан бирга, Олтинкўл тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий сифатида ҳам иш олиб бормоқда. Иш бошлаганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган бўлса-да, икки нафар шогирди белбоғли кураш бўйича вилоят чемпиони бўлишга эришди.

Белбоғли кураш бўйича юксак натижаларни забт этиб келаётган  спортчи қизнинг орзулари бир олам.

-      Бугун юртимизда биз ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, - дейди жаҳон чемпиони Мафтуна Маҳмудова. - Бунинг учун юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Бундан буён ҳам юртбошимиз эътибори, ишончига муносиб бўлишга, халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Энг асосийси, ўзбек қизлари спортда ҳеч кимдан кам эмасликларини  дунёга кўрсатаман.

Фаол ва ташаббускор, мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам спортчи қиз келгусида албатта, ўз мақсадларига эришади, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшади.

Сожида САИДОВА

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.