+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚАҲРАМОНЛАРНИНГ ПОРЛОҚ ХОТИРАСИ АСЛО УНУТИЛМАЙДИ

Вилоятимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Хотира ва қадрлаш кунининг асосий тадбирлари Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонида ўтказилди.

Ватан, унинг эрки ҳамда озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди. Тадбирда уларнинг порлоқ хотиралари ёдга олинди.

Дастлаб Иккинчи жаҳон уруши даврини акс эттирувчи кўргазмалар, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар томонидан Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонига ўрнатилган мотамсаро она ҳайкали пойига оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан Иккинчи жаҳон урушида Андижон вилоятидан 97 минг нафардан зиёд йигитлар қатнашганлиги,  бугунги кунда ана шулардан фақатгина олти нафари ҳаёт бўлиб, улар давлатимизнинг доимий эътибори ва халқимизнинг юксак ардоғида умргузаронлик қилаётганликлари таъкидланди.

Урушнинг суронли дамларини бошидан кечирган уруш ва меҳнат фахрийларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиланди.

Шундан сўнг Хотира майдонида ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий парад ўтказилди.

Восит АҲМАТХОНОВ

"Беш қизи бор хотиннинг чарчашга ҳаққи йўқ!"

Орамиздаги аёллар

 

"Сут, қатиқ, қаймоқлар келди-и-и-и!"...

Эрта тонгда кўп қаватли уйда яшовчиларни кўпинча соат жиринглаши эмас, мана шундай овоз уйғотади. "Дом"лар орасида жаранглаб, акс-садо бериб чиққани учун бу овозни жуда кўпчилик эшитади.

Шаҳарликларни сут маҳсулотлари билан таъминлаб турувчи аёллар тирикчилик ташвишида сиз уйғонмасингиздан аввалроқ "дом"лар ҳудудига етиб келишади. Нонуштага ёғликкина сут ичмоқчи, сутли бўтқа ёки ширгуруч емоқчи бўлганларга янги соғилган сут эшигининг тагига келиши мойдай ёқади, албатта.

Сут сотувчилардан бири - Гулмиранинг овози жуда ширали. Ҳар гал эшитганимда "шу қиздан яхши хонанда чиқарди-да", деб қўяман.

Гулмира Олтинкўл туманининг Маслаҳат қишлоғидан. Олти нафар фарзанди бор, 5 қиздан сўнг ўғиллик бўлган аёл катта рўзғор камчиликларини тўлдириш учун турмуш ўртоғи билан баб-баравар ҳаракат қилади. Сигирини соғиб, қатиқ ивитади, қаймоқ тайёрлайди, сариёғ куйдиради, буюртма қилганларга сутнинг ёғини олмасдан қайнатиб олиб келади. Камига қўшниларининг сут-қатиғини ҳам сотиб беради.

- 30 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман, - дейди Гулмира Азизова. - Фақат сут маҳсулотларигина эмас,   томорқамиздан нимаики чиқса, сотгани олиб келаман, "дом" да яшайдиганлар буюртма беришади. Бу ердагилар билан худди қон-қариндошдай бўлиб кетганман. Мавсумга қараб, қишда кўпроқ сариёғ, тузламалар, иликузилди пайтда сумалак, кўкчучвара, гилос пишиғида гилос, бодринг-помидор, компотлар, хуллас, бекор ўтирмайман. Мана, ҳадемай томорқамизга экилган картошка етилади, униям кавлаб сотамиз.

- Сигирингиз неча литр сут беради? - қизиқиб сўрайман Гулмирадан.

- Бир кунда 2 маҳал соғамиз, 7-8 литр сут беради. Сути қуюқ ва ёғли. Илгари уч маҳал ҳам соғардик. Қачон соғсак сут чиқаверарди. Ҳозир бузоғи анча катта бўлиб қолган, ўзиям қариб қолди. Ахир 7 та туғди-да. Яна бир сигирим болалаш арафасида. Туғса, униям сут-қатиғи рўзғорга ҳарна ёрдам бўлади.

Гулмиранинг айтишича, турмуш ўртоғи "болам-чақам, уй соламан, қиз узатаман", деб хорижда ишлаб юрибди. Икки йил олдин ишлагани кетган эркакнинг анчагача ишлари юришавермади. Қизлари бирин-кетин бўй етиб келяпти. Уларни узатиш учун сеп-сидирға керак, еб-ичиш, тўловлар, кунда-куноша харажат чиқади. Шундай пайтда бекор ўтириб бўлармиди?!  "Эр хотин - қўш хўкиз", деб бекорга айтишмаган, ахир. Аёл қизларини ёнига олиб томорқага экин экади, хамир қориб, нон ёпади, сигир соғиб, таппи юмалатади, кези келса лой қориб, ғишт қуяди. Тушган деворларни тиклаш, оқлаш ҳам ҳозирча ўзининг гарданида.

-        Худога шукр, эримнинг ишлари ўнгланиб, пул юборишни бошлади. Ундаям юборган маблағига қурилиш учун ёғоч-тахта, шиферлар олиб қўйдик. Аста-секин қурилишниям бошлаймиз. Унинг топгани шунақа катта харажатларга кетса, менинг кундалик топган пулим    рўзғорга етиб турибди. 50 минг сўм топаманми, 100 минг сўмми, борига шукр қиламан. Муҳими, баракасини берсин, - дейди Гулмира.

У ҳалол ишлаб топган пулларига сеп қилиб, икки қизини узатди, неваралар кўрди. Учинчи қизини тиббиёт билим юртида ўқитяпти, яна икки қизи ёнида, бири сут маҳсулотлари тайёрлашда онасига ёрдам берса, бири бозорга чиқиб, идиш-товоқ сотади. Ёлғизгина ўғли ҳам қишлоқ боласи эмасми, меҳнатдан қочмайди, тантиқланмайди.

-        Қора товуқнинг тухумини кўп сўрашганига ўғлимга товуқ, курка олиб берганмиз. Шуларни боқиб, ҳар куни менга тухум топширади, - дейди кулиб Гулмира.

-        Мана, қизларим катта бўлиб ёнимга кириб қолди. Баъзан,  "ая, бўлди, ишламанг, уйда ўтиринг, чарчаб қоласиз, дадам ишлаяпти-ку", деб қолишади. Уйма-уй юриб сут-қатиқ сотганимга уялишса керак-да (кулиб). Беш қизи бор хотиннинг чарчашга, бекор ўтиришга ҳаққи йўқ, деб ҳазиллашаман.

Юзидан хушнудлик, лабидан кулги, тилидан шукроналик узилмайдиган бу аёлни ҳар кўрганимда кайфиятим кўтарилади. Қанийди, ўзбек аёлларининг ҳаммаси ҳам шундай меҳнаткаш, сабрли, оиласига вафодор, турмуш ўртоғига елкадош, солиҳа бўлса.  

 

Муаззамхон ИБРОҲИМОВА

 

ИНТЕРНЕТДАН КИМ ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНЯПТИ?

 

Ҳаёт мушоҳадалари

Қуш уясида кўрганини қилади, дейдилар. Маънавий муҳит барқарор бўлган, боз устига интернетдан фойдаланиш борасида ижобий кўникмага эга бўлган кўплаб ёшлар ана шу неъматдан унумли фойдаланиб,юксак натижаларга эришмоқда, нурли келажак йўлидан дадил одимламоқда. Минг афсуски, ота-онасининг  кўп  вақти ишда ўтиб , фарзандларига    беэътиборроқ бўлаётган  муҳитда ўсаётган айрим болалар эса ўша интернетдан турли хил ўйинлар, ахлоқсиз, алламбало маълумотлар билан танишиб, вақтни беҳуда совураётгани ҳам  бор гап.

Ана шу жараёнда тўғри йўлни танлашда сиз асло адашманг, қадрли тенгдош!

 

Тўхликка шўхликми, ёки ...

Бир саховатпеша инсон бева-бечоралар , фақир-мискинлар ва етим-есирлар ҳолидан хабар олиб,моддий ёрдам бериб мурувват эшигини очмоқда. Иккинчи бир бой кимса эса ёлғизгина фарзанди учун ўнлаб хонаси бор данғиллама иморат қуриш билан банд, ҳовлисида сўнгги русумдаги машиналар  ҳам савлат тўкиб турибди. қайсидир эҳтиёжманд кимсага  ёрдам беришга келганда эса, сесканмай  пул йўқ, дейишдан уялмайди.  Сизчи, сиз қайси йўлни танлайсиз`

Аллоҳ берган тўкин неъматлар шукронаси учун эҳсон қилиб турасизми`!

 

Эрк ва ҳурликни ҳамиша қадрланг!

Бир ноҳақ қамалган инсон панжара ортида йил, ой, кун, соат ва ҳатто дақиқаларни санаб озодликни,эркинликни қўмсаб нафас олаяпти. Бошқа бир инсон эса ҳаётда куннинг ярмини уйқуга, ярмини еб-ичишга ва ўткинчи дунё матоҳларига сарфлаб яшамоқда.  Инсон ҳар қандай неъматнинг қадрига етиб, ғанимат билиб яшаши лозим. Шундагина у мазмунли хаёт кечиради, жамиятда ўз ўрнини топа олади. Бугун орамизда улуғ неъматларнинг қадрига етмасдан яшаётганлар оз эмас. Танангизга ўйлаб кўринг, ана шундайлар тоифасига қўшилиб қолманг. Айниқса, эрк ва хурликни ҳамиша қадрланг.

Маҳфуза ИСОМИДДИНОВА,

Aндижон давлат чет тиллар институти талабаси.

SHE'RIYAT GULG'UNCHALARI

Buloqboshi tumanimizning 46-Ixtisoslashtirilgan Davlat umumta'lim maktabida "Iste'dod" nomli to'garak tashkil etilgan. Mazkur to'garagimizda 25 nafar o'quvchi yoshlar adabiyot sirlaridan ta'lim olishadi. Iste'dodli o'g'il-qizlarning ijodiy ishlarida vatan madhi, ona tasviri, tabiat mo'jizalari o'z aksini topgan. Yosh qalamkashlar she'riyatning asl mohiyatini anglash istagida badiiy kitoblar mutolaasi va barmoq vazni saboqlari bilan muntazam shug'ullanib kelishmoqda. Ular adabiyot kelajagining gulg'unchalaridir. Ulardan Oyshaxon Ablakimova, Jannatoy Kozimjonova  va Ruxshona Avazbekovalar bizning yosh, faol  shoiralarmizdir. Shogirdlarimning intiluvchanligi, ma'naviyatliligi va jo'shqin shijoatga to'la g'ayratini ko'rib, ulardan faxrlanaman.

Oybarchin QO'SHOQOVA,

Buloqboshi tumanidagi

 46- IDUMning   ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targ`ibotchisi.

 

Ota-onam

 

Mening onajonimning

Qo`llari juda shirin.

Otajonimning esa

Mehnatdan chiqmas qo`li.

Onajonim biz uchun

Borini qilgay fido.

Otajonim har onin

 

Oydinoy HАBIBULLАEVА,

5- sinf o`quvchisi.

 

 

Kitob

 

Kitob -bilim bulog`i

Yaxshilarning o`rtog`i.

Kitob- nurli istiqbol

Kelajakka yo`l iqbol.

Kitob mening yo`ldoshim

Boshimdagi quyoshim.

 

Jannatoy KOZIMJONOVА,

5- sinf o`quvchisi.

 

Bahor

Fasllar kelinchagi

Bahoroy kirib keldi.

Qanot yozib ortidan

Qaldirg`och uchib keldi.

 

Hamma shod - hurram

Uchirar varrak.

Tarnovdan yerir

Barcha sumalak.

 

Ota-onam

Shukr senga Ollohim

Bordir mening panohim.

Boshimda turar tojim

Davlati Otajonim.

 

Аrdoqlay ulug` zotni

Tanitdirgan hayotni.

Jannatningdir kaliti

Rayhonim Onajonim.

 

Tan-u jonin sog` qilgin

Baxtimga omon qilgin.

Inshoolloh jannatda

Doimo birga qilgin.

Oysha АBLАKIMOVА,

5- sinf o`quvchisi.

 

Sensizlik yurtiga ketyapman

 

Ismingdan yayragan tilimni

Ishqingdan yashnagan dilimni

Qaniydi, o'tolsam bahridan

 Ketolsam muhabbat shahridan.

 

Yuragim sensiz-da ursaydi

Yodingdan uzooqda yursaydim.

Ko'zlarim ko'zlaring taniydi,

Qaniydi, unutsam qaniydi...

 

Diydoring vasfidan kechsaydim,

Dildagi tugunni yechsaydim.

Qaniydi, aldolsam o'zimni

Haydolsam ko'zimdan yuzingni...

 

Bas. Yetar. Yasholmam bu alfoz

Ketaman, manimsiz qolgin soz.

Ming yillik qiynoqni yengyapman

Sensizlik yurtiga ketyapman.

 

Oybarchin QO'SHOQOVA,

Buloqboshi tumanidagi

46- IDUM targ'ibotchisi.

She`riyat gulshani

Ijodkor o`quvchilar safi ortmoqda

Jalaquduq tumanidagi 62- davlat ixtisoslashtirilgan umumta`lim maktabida “Hilol” deb nomlangan adabiy to`garak faoliyat olib bormoqda. To`garakka adabiyotga, she`riyatga qiziqqan 48 nafar o`quvchi yoshlar jalb etilgan. To`garak mashg`ulotlari orqali bolajonlarga ijodkorlik, ijodiy yo`nalishlarning o`ziga xos jihatlari haqida bilim va ma`lumotlar berib borilmoqda. Bu esa o`z navbatida ularning ijodiy jihatdan yanada faol bo`lishga, adabiyotga oid bilimlarini boyitishga yordam bermoqda.

Mashg`ulotlar samarasi o`laroq, o`quvchilarimizning she`riy mashqlari mazmunan boyimoqda, ijodkorlarimizning yangi- yangi qirralari ochilmoqda. Quyida maktabimiz ayrim o`quvchilarining ijod namunalaridan e`tiboringizga havola etamiz.

 

Nargiza TO`RABOEVA,

Jalaquduq tumanidagi 62-DIUMning ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targ`ibotchisi.

 

QAYERDASIZ, MUHAMMAD YUSUF?

 

She'rlaringiz o'qiyman sevib,

Butun fikr-u vujudim berib.

Bir she'r yozdim so'zlarni terib,

Qayerdasiz, Muhammad Yusuf`?

 

Mehringizni qalblarga solib,

Yashardingiz ko'ngildan yonib.

Yoshligingiz Anjonda qolib,

Qayerdasiz, Muhammad Yusuf`?

 

Sodda yashash sizga yarashib,

Hofiz do'stlar she'rlar talashib.

Hozirgacha sizni eslashar,

Qayerdasiz, Muhammad Yusuf`?

 

Vatan uchun hamisha kuyib,

Tanti xalqni jonidan suyib.

Xotirlaymiz har kuni turib,

Qayerdasiz, Muhammmad Yusuf`?

 

Nargiza TO'RABOEVA,

Jalaquduq tumani  62-DIUM targ'ibotchisi.

 

BAHOR

Bahor keldi uyalib,

Yashil ko'rpa to'shalib.

Qizg'aldoqqa burkanib,

Daraxtlarga suyanib.

 

Bog'larida bulbullar,

Oshyon qilib sayrashar.

Birgalikda zavqlanib,

Xursandlikdan o'ynashar.

 

Qo'zichoqlar yayrashar,

Bir-birlarin quvlashar.

Gullardagi kapalak,

Bahordan berar darak.

 

Mohidavron O'KTAMBEKOVA,

 5- sinf oquvchisi.

 

VATAN

Sen men uchun yuksak, qadrdon,

Har qadamim yursam guliston.

Ertaklarda yo'qdur bu doston,

Vatan, seni jondan sevaman.

 

Har bir inson Vatanim deydi,

Shu maskanning donini yeydi.

O'z  uyida gullab-yashnaydi,

Vatan, seni jondan sevaman.

 

Sen uchun men kuysam arziydi,

Chin yurakdan suysam arziydi.

Mehring qalbdan tuysam arziydi,

Vatan, seni jondan sevaman.

 

Charos AKROMOVA,

  5- sinf oquvchisi.

 

JONKUYAR USTOZIMIZ

Otaday hamrohimiz,

Onaday hamrohimiz.

Maktabda chirog'imiz,

Jonkuyar ustozimiz.

 

Endi biz ulg'ayyapmiz,

Barchasini bilyapmiz.

Qalbimizda qoldi iz,

Jonkuyar ustozimiz.

Mushtariy TOHIROVA,

5- sinf oquvchisi.

Бачадон миомаси қандай касаллик?

Шифокор минбари

 

Бачадон миомаси, бу аёлларда энг кенг тарқалган хасталиклардан бири бўлиб, барча гинекологик касалликлар ичида 40 фоизгача учраши мумкин. Бачадон миомаси аста-секинлик билан бачадонда жуда кичик шишларнинг пайдо бўлишидан бошланади.

 Ушбу хасталик билан боғлиқ асосий шикоятларда кўпинча беморларда қориннинг пастки қисмида оғриқ, жинсий йўллардан қонли ажралмалар юзага келиши, оғир ва узоқ муддатли ҳайз кўриш каби белгилар кузатилади. Ана шу ҳолат кузатилганда бемор кичик чаноқ аъзолари ультратовуш ташхиси текширувидан ўтиши мақсадга мувофиқдир.

Нима учун миома хавфли? Таҳлилларга кўра, мураккаб ва ўтказиб юборилган ҳолатларда миома бачадоннинг бутун юзасига ўсиши ва таъсир қилиши мумкин, бу эса бутун бачадонни олиб ташлашга олиб келиш эҳтимолини оширади.

Aфсуски, миомани консерватив даволаш фойдасиз бўлиб, кўпинча самарали натижалар бермайди. Шунинг учун бачадон миомасини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш самаралироқдир.

Яқин йилларгача аёлга бачадон миомаси ташхиси қўйилса, "унда саратон жараёни бошланди" деб ҳисобланиб, миомани келтириб чиқарган шишлар бачадон билан бирга олиб ташланар эди. Лекин кейинги даврга келиб, бу касалликка, яъни бачадондаги шишларнинг пайдо бўлишига оддий ортиқ каби қараладиган бўлди. Бу шишлар саратон бошланишига олиб келмаслиги исботланди.

Бундан ташқари, аввал бачадон миомаси аёлларнинг 30 фоизида учраган бўлса, ҳозирги кунда 30 ёшдан ошган аёлларнинг 80 фоизида бачадон миомаси касаллиги мавжудлиги аниқланди. Бачадон миомаси кўпинча симптомлар(белги)сиз ўтади. Шунинг учун кўпчилик миома мавжудлиги ҳақида беморнинг ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Бачадон миомаси кўп туққан ва боласини кўкраги билан эмизган аёлларда кам учрайди.

 

Бачадон миомаси келиб чиқишига нима сабаб бўлиши мумкин?

Аёлнинг гормонал фони нормада эмаслиги (эстрогенларнинг кўплиги, прогестерон ишлаб чиқилиши сустлиги ва ҳоказо) сабаб юзага келади. Бачадон миомаси аста-секинлик билан бачадонда жуда кичик шишларнинг пайдо бўлишидан бошланади. Бу шишларнинг ривожланиб кетишига қуйидагилар таъсир кўрсатиши мумкин:

-        аборт, ҳайз келиш муддатларининг бузилиши, аденомиоз, аёл организмидаги гормонал бузилишлар, юрак-томир тизимининг айрим касалликлари, анемия, ортиқча семириш, жарроҳлик аралашуви (бачадонни тозалаш, бачадон операцияси), эндометриоз.

 

Бачадон миомасини қандай аниқлаш мумкин?

Ультратовушли диагностика (УТД) орқали миомани келтириб чиқарувчи бачадондаги кичик шишларни аниқ диагностика қилиш мумкин. Бунда шишлар туфайли бачадон ҳажми ўзгаргани учун шишлар ҳажми ҳафта билан ўлчанади. Ҳомиланинг нечанчи ҳафтасига шишлар ўлчами мос келишига қараб, "7-8 ҳафталик" ёки ўтиб кетган ҳолларда "12 ҳафталик" шиш деб аталади. Шишларни ҳали ўсмасдан туриб диагностика қилиш учун эса бемор мунтазам шифокор назоратида бўлиши лозим.

 

Бачадон миомасини даволаш усуллари:

- дори ёрдамида даволаш;

- халқ табобати усулида (зулук курси, иглорефлексотерапия, картошка шарбати, шифобахш гиёҳлар йиғмаси, очлик курслари);

- бачадон артерияларини эмболизациялаш (бачадондаги шишларни қон билан таъминловчи йўлни йўқ қилиш);

-  шишларни консерватив йўқ қилиш (лапороскопия);

-  кучли ультратовушли даволаш;

-  бачадонни олиб ташлаш.

Вақтида аниқланган ҳажми 2-2,5 сантиметрдан ошмаган бачадон шишларини оддий гормонал ва халқ табобати усулларида даволаш билан йўқ қилиш мумкин. Шунинг учун касалликни ўтказиб юбормаслик уни даволашда енгиллик яратади.

 

Бачадон миомасининг олдини олиш учун нима қилиш керак?

- йилда бир марта бачадонни УТД қилиш лозим;

-        кичик бўлса-да, шишлар аниқланган ҳолда дарҳол даволаниш;

-        мунтазам равишда гинеколог кўригида бўлиш.

Касалликни даволаш албатта, мутахассис шифокор назорати остида олиб борилиши лозим. Даволаш дори-дармонлар, жарроҳлик йўли орқали амалга оширилади. Даво муолажасининг қай бирини танлаш, тўлиқ текширувдан сўнг, миома ҳажми ва турига қараб амалга ошириш шифокор томонидан белгиланади.

 

Сурайёхон ЗИЯЕВА,

Нилуфар ИШАНЧАЕВА,

Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий Тиббиёт маркази Андижон вилояти филиали шифокорлари.

Чегарачилар қасамёд қилишди

Юрт ҳимояси - муҚаддас бурч

Хонобод шаҳрида жойлашган ДХХ Чегара қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташни бошлаган аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Хонобод шаҳридаги ҳарбий қисм сержант ва офицерлари, аскарларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган ҳарбий қисм командири, подполковник Х. Рўзиқулов ва бошқалар томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори самаралар бераётганлиги, ҳарбий хизматчиларнинг хизматни юқори савияда ўташлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон мадҳияси янгради. Сўнг кенг майдон узра саф тортган ҳарбий аскарлар тантанали равишда Ватанга қасамёд  қилдилар.           

Ҳарбий қисмда аскарларнинг жанговор ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-маърифий билимларини ошириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар аскарларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар.

-        Ҳарбий қисмда фарзандларимиз учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик, - дейди Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидан хизмат бурчини ўташ учун келган оддий аскар Ботиржон Шариповнинг онаси Ферузахон Суюнова. - Очиғи, бу ердаги шароитларни кўриб, жуда хурсанд бўлдик. Хизматни аъло даражада ўташ учун барча қулайликлар ва имкониятлар яратилган. Ишонаманки, фарзандларимиз ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юрт  ҳимояси йўлида муносиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ва бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

 

Бобуржон ОЛТИБОЕВ,  лейтенант.

Хонадон кутубхонаси ёшлар билан ҳамиша гавжум

 

Ҳаёт - ибрат мактаби

Олтинкўл туманида "Китоб - ҳаётни яратувчи мураббий" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Инсон ақлий салоҳияти, маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз такомиллашиб, тафаккуримиз бойиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Дарҳақиқат, улуғ ёзувчилардан бири: "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китоб-лардан бир умр миннатдорман", деган эди. Унинг фикри нечоғли тўғри эканлигини маънавияти юксак ҳар бир инсон чин қалбдан ҳис этиши шубҳасиз.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан Олтинкўл туманидаги Садда маҳалласида яшовчи, хонадонида катта кутубхона ташкил этган, китобхон оила сифатида эътироф топган Адолатхон ая Ортиқова уйида китобхонлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирокида ташкил этилган тадбирда китоб билан боғлиқ ана шу жиҳатлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда хонадон соҳибаси, ҳозирда кексалик гаштини сураётган  Адолатхон ая Ортиқованинг ибратли ҳаёт йўли, хонадонида 2 минг нусхадан зиёд китоб жамлаб, кутубхона ташкил этганлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Оддий қишлоқ аёли Адолатхон ая нафақага чиққунга қадар жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлади. Уй, дала юмушлари, фарзандлар тарбияси билан банд бўлди. Лекин у болалигидан китобга ўзгача меҳр қўйган эди. Бўш қолди дегунча китоб ўқирди, китоб ўқишни таниш-билишлари, ёшлар орасида тарғиб қилди. Китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишнинг янада юксалишида кейинчалик унга раҳматли турмуш ўртоғи Мўйдинжон Артиқов мададкор бўлди, уни ҳамиша қўллаб-қувватлади.

Ҳаётда ҳамиша китобга ошно бўлган Адолатхон ая фарзандларининг барчасини ўқитди, олий маълумотли қилди. Оқилалиги, билимдонлиги билан оилада, маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат-эътибор топди.

Бугун Адолатхон ая хонадонида ташкил этилган кутубхонадан нафақат фарзанд ва набиралари, балки бутун маҳалла ёшлари баҳраманд бўлмоқда. Энг муҳими, ушбу хонадондан китобхон ёшлар сира аримайди.

 Тадбир иштирокчилари томонидан китоб ўқиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш, хонадонларда кутубхона ташкил этишдек хайрли ишларни, бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ ёшларга Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими томонидан эсдалик совғалари, китоблар жамланмалари ҳамда ўқув қуроллари  топширилди.

Зилола ТОШТЕМИРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.

Маданий мерос - халқимизнинг бебаҳо бойлиги

Ўлмас Қадриятларимиз

Қадим ва бой тарихга эга юртимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Шу боис, уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 422 та моддий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Бекзодбек Умаров. - Улардан 221 таси археологик, 74 таси меъморий ёдгорликлар, 42 таси монументал санъат асарлари, 85 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. Маданий мерос объектларининг 400 таси давлат, 22 таси хусусий мулк тасарруфидаги масканлар ҳисобланади.

Моддий ва маданий мерос объектларининг 241 таси юртимиз тарихи ва маданияти учун алоҳида аҳамиятга молик тарихий, илмий, меъморий, бадиий ва мемориал қимматга эга бўлган мамлакат аҳамиятидаги объектлари саналади. Кейинги йилларда вилоят бўйича 58 та янги объект аниқланиб, ўрганиш ва хулоса бериш учун уларга оид маълумотлар Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилди. 

Вилоятда мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари режа асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар   базаси яратилди. Қатор объектларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Жумладан, аксарият тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари, паспортлари тайёрланди.

Кейинги йилларда хорижлик ва юртимизнинг тарихчи олимлари, археологлари ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Мингтепа, Қўрғонтепа туманидаги "Қўштепа" археологик ёдгорликларида қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.

Ўтган йили Андижон шаҳридаги "Жоме" меъморий мажмуаси, Жалақудуқ туманидаги "Абдураҳмонбой масжиди", Қўрғонтепа туманидаги "Юнус ота"  зиёратгоҳи, Асака туманидаги "Хўжа Абдуллоҳ туғдор" мақбараси, Андижон тумани Хортум маҳалласидаги "Масжид" зиёратгоҳида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги қарори билан тасдиқланган "Моддий-маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан, қатор моддий-маданий мерос объектлари ижарага берилган. Бироқ Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида айрим ижарага олувчилар томонидан белгиланган тартибларга амал қилмаслик, моддий-маданий мерос объектлари ҳудудларига ноқонуний тарзда бинолар қуриб олиш,   шунингдек, туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан ана шу масканларнинг муҳофаза ҳудудларидан тадбиркорларга ер ажратиб бериш ҳолатлари аниқланган.

Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси ана шу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Андижон шаҳридаги  "Йилқичи ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота" зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги "Иккинчи жахон уруши қаҳрамонлари хотираси", Хўжаобод туманидаги "З.М.Бобур хиёбони", Асака туманидаги "Ғуломжон Ёқубов хиёбони" каби маданий мерос объектларидаги ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳамда ушбу объектларнинг муҳофаза ҳудуларидан тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисидаги ҳокимликларнинг тегишли қарорларини бекор қилиш бўйича судларга даъво ва шикоят аризалари киритди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда халқимиз, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи зиёратгоҳ, археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш, уларга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар  изчил давом эттирилмоқда. 

Юртдошларимиз қалбида она юртга муҳаббат, қадим ўтмишимизга нисбатан фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлашга, қолаверса, ёш авлодни тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи тарихий обида ва маданий ёдгорликлар давлатимиз ҳимоясидадир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Њзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қњллаб-қувватлаш жамоат фонди

гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони" 

лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

ЗУЛАЙҲО МАҲКАМОВА: АЁЛЛАР БАНДЛИГИ МУҲИМ МАСАЛА

 

Жараён

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова вилоятимизда бўлиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

 Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамиятда хотин-қизларнинг нуфузи ва ролини юксалтириш, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу йўналишдаги ишлар билан танишиш, кўлами ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Андижонга ташриф буюрган Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова дастлаб, Шаҳрихон тумани +ум маҳалласида фаолият олиб бораётган "ELEGANT SHOES AND" масъулияти чекланган жамиятига қарашли пойабзал корхонасида бўлди.

Мазкур корхонада йилига 60 турдаги 1 миллион жуфтдан зиёд пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларининг асосий қисми хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Айни кунда корхонада 500 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар ташкил этади. Бош вазир ўринбосари корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг иш шароитлари билан танишди.

Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари Шаҳрихон туманидаги "Дориламон" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Ҳудудда маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, аёллар  бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни олий таълимга жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бу борада улар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан кенг фойдаланиш, айниқса, касаначиликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, шаърий никоҳларнинг олдини олиш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашда кўчабошилар, отинойилар, "Оқила аёллар ҳаракати" аъзолари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.  Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича фаолларга, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Андижон шаҳридаги "Ёшлар боғи"да ёшлар вакиллари билан учрашиб, мулоқот ўтказди. Мулоқотда мамлакатимизнинг янгиланаётган Конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, киритилган янги модда ва нормалар, хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида сўз юритилди.

Учрашув-мулоқот доирасида ташкил этилган бадиий дастур барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Тадбир иштирокчилари, ёшлар жорий йил 30 апрель куни "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдумида қонун лойиҳасини ёқлаб овоз беришларини билдирдилар.

Зуҳриддин УМРЗО+ОВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошља институтларини қўллаб-љувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон љадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.