+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Март 2023

ИССИҚХОНА ДАРОМАДИДАН БОЙ БЎЛАЁТГАНЛАР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Томорқа - даромад манбаи

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки деҳқон хўжаликлари, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юртдошларимиз даромадини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда, айниқса, аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш борасида Олтинкўл туманида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда тумандаги 37 мингдан зиёд хонадонда 13,5 мингта иссиқхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 89 гектарни ташкил этади.

 Олтинкўлликлар томорқадан унумли фойдаланиш, халқимиз дастурхонини иссиқхонада пишиб етиладиган турли ноз-неъматлар билан тўлдириш, турли кўчатлар етиштириш орқали катта даромад олиб келади. Тумандаги миришкор  деҳқонлар томонидан иссиқхоначилик бўйича ўзига хос тажриба мактаби шаклланган.

Айниқса, Кўмакай, Айшахоним, Чўнтак, Гулбоғ-Иттифоқ, Уйғур, Қўштепа, Хондибоғи, Ўрта, Топтиқ сингари маҳаллаларда иссиқхоналар ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган.

Чўнтак маҳалласи Олтинкўлнинг энг обод маҳаллаларидан бири саналади. Маҳалладаги 650 га яқин аҳоли хонадонининг 400 дан ортиғи томорқасида 4 гектардан зиёд майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида тадбиркорлар томонидан бир неча гектар майдонда йирик иссиқхоналар ҳам бунёд этилган бўлиб, мазкур иссиқхоналарда кўплаб кишилар доимий ва мавсумий ишлар билан банд.

Иссиқхоналарнинг аксариятида қишнинг охири ва эрта баҳорда бодринг, помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон ва гул кўчатлари етиштирилиб сотилади. Кўчатлардан бўшаган майдонларга маҳсулот етиштириш учун яна кўчатлар экилиб, парваришланади. Икки ой ичида ана шу экилган кўчатлардан ҳосил олинади. Шу тариқа миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, карам, зиравор кўкатлар билан тўлдириб келади.  

- Айни кунда маҳалламиздаги ҳар бир оила томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олади, - дейди "Чўнтак" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Санобархон Ҳамидова. - Аҳоли томорқасидаги иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаётган бўлса, помидор, болгар қалампири, қалампир, бақлажон, бодринг, карам кўчатлари вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига, фермер хўжаликларига экиш учун етказиб берилмоқда.

Маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.

- Хонадонимизнинг 4,5 сотих майдонида иккита иссиқхона мавжуд, - дейди Чўнтак маҳалласи М. Каримов кўчасида яшовчи Ўғилой Эргашева. - Иссиқхоналарга карам экиб, парваришлаяпмиз. Насиб этса, яқин кунлар ичида карам етилади. Янги, сархил ва сервитамин карамни халқимиз дастурхонига етказиб берамиз. 

Шукр, шу ишимиз, меҳнатимиз ортидан кам бўлмадик. Меҳнатимизга яраша даромад топяпмиз.

Мазкур маҳаллада яшовчи Шуҳратой Мадазимова хонадонида ҳам 2,5 сотихдан иккита иссиқхона қурилган. Бирида 35-40 минг туп помидор кўчатлари етиштирилмоқда, иккинчисига эса помидор кўчати экилган.

-      Кўчат етиштириш майда, нозик ва машаққатли иш, - дейди  Ш. Мадазимова. - Айниқса, қишда иссиқхонадаги ҳароратни бир хилда ушлаб туриш, ҳар бир кўчатини алоҳида салафан пакетларга кўчириб ўтказиш осон эмас. Бу каби ишлар кишидан анча меҳнатни талаб этади.

Иссиқхонадаги кўчатларни келиним Гулҳаёхон билан доимий назорат қилиб, парваришлаймиз. Етилаётган помидор кўчатини сотиб, ўрнига бодринг экамиз. Шу тариқа иссиқхонадан йилига камида уч марта ҳосил оламиз.  

Умуман, Чўнтак маҳалласида яшовчи  ўз ишининг устаси бўлган юзлаб миришкор деҳқонларнинг ҳар бирини алоҳида эътироф этиш мумкин.

-      Маҳалламиз аҳолиси жуда кўп йиллардан буён кўчат, зиравор кўкатлар етиштириш билан шуғулланиб келади, - дейди меҳнат фахрийси Ғанижон ака Йўлдошев. - Андижон шаҳрига яқин ҳудудда яшаганлигимиз боис, шаҳар бозорларини йил давомида бодринг, помидор, карам ва кўкатлар билан таъминлаб келамиз. Бундан ташқари, маҳалламиз тадбиркорлари аҳолидан ушбу маҳсулотларни сотиб олиб, Қозоғизтон, Россия давлатларига экспорт қилади.

Давлатимизга, Президентимизга раҳмат. Бугун деҳқон, тадбиркор учун, уларнинг самарали иш олиб боришлари учун  зарур барча шароитлар яратиб берилган. Ҳаракат, меҳнат қилган одам меҳнатига яраша даромад топиб, турмушини чиройли қилмоқда, эл дастурхони тўкин, бозорлар арзон бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Бир сўз билан айтганда, нафақат Чўнтак маҳалласида, балки Олтинкўл туманининг кўплаб маҳаллаларида  томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш орқали бой бўлаётган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.  

Прочитано 231 раз Последнее изменение 17 Апр 2023