+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЖУРНАЛИСТ АЁЛЛАР УЛУFЛАНДИ

Эътибор ва эътироф

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ андижонлик журналистлар, соҳа фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳамда соҳа фахрийси бўлган журналист аёллар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Махпурахон Ортиқова ва бошқалар ижодкор опа-сингилларимизни байрам билан муборакбод этди. Мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапирди, хусусан, матбуот соҳасида иш олиб бораётган опа-синилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ижодий имкониятларидан тўлақонли фойдаланишларига кўмаклашиш, ижодий фаоллигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Айни кунда Андижон вилоятидаги оммавий ахборот воситаларида 70 нафардан зиёд опа-сингилларимиз самарали меҳнат қилинмоқда. Бундан ташқари, Журналистлар уюшмаси аъзоларининг 30 нафардан ортиғини ҳам  аёл журналистлар, фахрийлар ташкил этади. Улар самарали фаолияти, устозлик ўгитлари, ёш авлодни тарбиялашдаги фаоллиги билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

-      Ижод аҳлига, айниқса, биз фахрий журналист аёлларга кўрсатилган эътибордан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, - дейди фахрий журналист Раҳимахон Абдураҳимова. - Ким бўлишидан, қайси соҳада ишлашидан қатъи назар инсон қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин. Байрамлар байрамларга улансин.

Шунингдек, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ ижодкорлар уйида бетоб ётган, кекса журналистлар Махпиратхон Тожихалилова, Ҳабибахон Абдураззоқова ҳамда Мушаррафхон Охунованинг хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, уларга байрам совғалари топширилди.

Сожида САИДОВА

 

Миллий либослар - ифтихоримиз

Андижон шаҳридаги "Navruz Mall" кўнгилочар савдо мажмуасида "Миллий либос - миллий ифтихор" шиори остида миллий ва замонавий либослар намойиши бўлиб ўтди.

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар, Дин ишлари бўйича қўмиталарнинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармалари томонидан Андижон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими, вилоятдаги олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида ўзбекона кийиниш маданиятини тарғиб қилиш, миллий анъана, урф-одат ва қадриятларимизни улуғлаш, ёш авлодни ана шу қадриятлар асосида тарбиялаш, ёшлар орасида кийиниш маданиятини шакллантириш мақсадида ўтказилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллаларнинг Хотин-қизлар фаоллари, талабалар, ёшлар иштирок этдилар.

Ёшларнинг миллий либосларимизга бўлган ҳурмат ва ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлаш, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, вилоятда иш олиб бораётган дизайнер ва мутахассисларга кўмаклашиш, бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилган тадбирда атлас, адрас, банорас, беқасам ва шойи каби миллий матолардан тикилган замонавий либослар барча ёшдаги ўзбек қиз-аёлларига ярашиши, уларнинг ҳуснига ҳусн қўшиши, қолаверса, бу каби либослар  халқимиз, айниқса, ёшларимизда миллий қадрият ва миллий либосларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтириши таъкидланди.

Андижон давлат университети, тиббиёт, педагогика, чет тиллар, қурилиш ва иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институтлари талабаларининг, шунингдек, туман ва шаҳарлардан келган дизайнер ва модельерлар томонидан 150 дан ортиқ турдаги мавсумбоп, ранг-баранг, замонавий ва миллий либослар намойиш этилди. Миллий анъаналар, ўзбекона қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу либослар барчага манзур бўлди.

Агар ҳаётни кузатсангиз, миллий урф-одат, анъана ва либосларимизни ҳурмат қиладиган, ўзбекона кийиниб юрадиган опа-сингилларимизнинг аксарияти эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонган, жамиятда ўз ўрнини топа олган инсонлар эканликларига гувоҳ бўламиз. Улар нафақат кийиниши, балки одоб-ахлоқи, юриш-туриши, кишилар билан ўзаро муносабатда ҳам барчага ибрат бўлади. Бугунги ёшларимиз ана шулардан ибрат олиши, миллийлик - ёшларимизнинг кўрки, ҳамма ҳавас қилиб қарайдиган сифатларидан бирига айланиши керак.

Тадбирда вилоят Сартарошлар ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган соч ўриш, турмаклаш мусобақасида иштирок этган қизлар ўзларининг бу борадаги иқтидор ва маҳоратини намойиш этди.

Вилоят маданият бошқармаси санъаткорлари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда жажжи қизалоқлар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва  рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Наргиза УЛУҒБЕКОВА,

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.  

Хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатилди

Байрам тадбири

Андижон шаҳридаги "Тошкент премиум" тантаналар    саройида 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган  тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади, баҳорни уларга. Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.

Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларнинг илғор вакилалари иштирокидаги "Аёл борки олам мунаввар!" деб номланган байрам тадбирида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳтарам опа-сингилларимизни баҳорнинг илк гўзал айёми билан муборакбод этди.

Байрам тадбирида жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этаётган, ташаббускор, самарали меҳнати билан оилаларни   мустаҳкамлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишига муносиб ҳисса қўшган, соғлом авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг  тарғиб этишда ибратли фаолият олиб бораётган бир гуруҳ илғор хотин-қизлар "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган баҳор, аёл, унинг бахти, юрт мадҳи, тинчлик, севги ва садоқатни мадҳ этувчи рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Юксак мукофот соҳибалари

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти фармонига асосан, юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг икки нафар иқтидорли қизи - Феруза Абдукаримова ва Дурдона Мухторхўжаева ҳам бор.

 

Ўқишда, ижодда, жамоат ишларида фаол, Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати  институти "Профессионал таълим" факультети "Анъанавий ҳонандалик" таълим йўналиши талабаси Феруза Абдукаримова ўзи таҳсил олаётган соҳанинг етук мутахассиси бўлишга интилиши, қолаверса, ўзбек мумтоз қўшиқчилик санъатини кенг тарғиб этиб келаётганлиги кенг жамоатчиликнинг эътибор ва эътирофини қозонган.

 

Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 2-босқич талабаси Дурдона Мухторхўжаева ҳам илм-фан йўналишида юқори натижаларга эришаётган андижоннинг иқтидорли ёшларидан бири. У  вилоят, республика, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва     совриндорлар қаторидан ўрин олган. Венгрияда бўлиб ўтган Халкаро кимё олимпиадасида кумуш медали соҳибаси бўлиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган.

 

Иқтидорли қизларимизни юксак мукофот билан муборакбод этамиз.

УЛУҒЛИККА МАНГУ МЕЗОН БЎЛИБ ҚОЛ

Сен Момо Ҳавонинг наслидан бир из,

Вафо-садоқатнинг жонли тимсоли.

Сен ўша, онажон, мўътабар, азиз,

Меҳрдан мунаввар бахти, иқболи.

 

Агар хонадонда бўлмасанг бир кун,

Кунми-тун, фарқига бўлмагай бориб.

Сени излар дастлаб нигоҳлар мамнун,

Келганда ҳаётий ташвишдан ҳориб.

 

Бизлар билан мудом елкама-елка,

Қадам-бақадам сен босиб илгари -

Комил фарзандларни қўшасан элга,

Йўллайсан мунаввар истиқбол сари.

 

Андижон аёли, деган нисбатни,

Оқлайсан меҳнатинг, ибратинг билан.

Юксакка кўтариб элу миллатни,

Ғурурдасан, тақдир-қисматинг билан.

 

Турсуной каломи нодир, сафоли,

Байтида юртию севгиси ширин.

Сиёсатхон учун дала шамоли

Қандай азиз эди, ҳаётбахш, саррин.

 

Қайси бир таърифга сиғар мақоминг,

Ҳаётидан мамнун муниса аёл.

Дилларга ишқ ила битилмиш номинг,

Улуғликка мангу мезон бўлиб қол.

      

Икромжон АСЛИЙ

МУКОФОТЛАР МУБОРАК, ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотига муносиб эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг юртимизни юксалтиришдаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида бир гуруҳ хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан, турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида бир гуруҳ андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан

Атабаева Оматхон Каримжановна - Андижон шаҳридаги "Сиёвуш голд транс" масъулияти чекланган жамияти ҳайдовчиси.

 

"Дўстлик" ордени билан

Рискулова Айногул Жунусовна -

Марҳамат туманидаги "Марҳамат 112-қурилиш" масъулияти чекланган жамияти пардозчиси.

 

II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан

Дадабоева Манзурахон - Андижон туманидаги 10-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати директори.

 

"Шуҳрат" медали билан

Касимова Шоира Сатволдиевна - Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари  бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси.

Мехмонова Рўзихон Абдувалиевна - Балиқчи тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ишчиси.

 

Мукофот соҳибаларини газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

 

МУҲТАРАМА ОПА-СИНГИЛЛАР, АЗИЗ ВА МЕҲРИБОН ОНАЛАР!

Сизларни гўзал ва тароватли баҳорнинг илк байрами - 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан барчангизни қизғин муборакбод этаман.

Қадим-қадимдан халқимиз аёлларга юксак эҳтиром кўрсатади. Ушбу анъана, айниқса, кейинги йилларда янада кенг қулоч ёйди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Президентимиз эътибори билан юртимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Қадрли ва лобар опа-сингиллар, азизу мукаррам онахонлар! Бугун Андижон аёллари илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Бу ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

 Азиз аёлларимиз эъзозланадиган қутлуғ байрам билан барчангизга, энг аввало, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлсин, фарзандлар камолини кўриш, аёллик, оналик бахти барчангизга насиб этсин.

Гулнорахон АБДУЛЛАЕВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

Янгиланаётган конституция – тараққиёткафолати

 

Муносабат

Мамлакатимизда жорий йил 30 апрель куни ўтказиладиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми халқимизнинг демократик ислоҳотлар йўлидаги яна бир муҳим қадами бўлади.

Зеро, жамият умумий ва сиёсий маданиятининг юқори даражада ривожланиши, шахсларнинг муҳим ижтимоий ва сиёсий фаоллиги демократиянинг муҳим шартларидан биридир. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилиниши бўйича қизғин жараёнлар кетмоқда. Янгиланаётган Конституциядаги ўзгартиришлар юртимиз аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўймасдан қабул қилиш ваколатига эга. Лекин мамлакатимизда қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияни қабул қилиш халқнинг иродасига ҳавола қилиниши халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципини амалга оширишга хизмат қилади. Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони фақат қисқариб келди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур конституциявий қоиданинг белгиланиши бу борадаги ижобий йўналиш доимо сақлаб қолинишини, давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади. Конституциявий қонунга мувофиқ олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилмоқда. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим битирувчиларининг малакали кадрлар бўлиб етишишлари ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Янгиланаётган Конституцияда Инсонгаэ ътибор, унинг қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш масаласи давлат ва жамиятнинг асосий бурчи эканлиги мустаҳкамланиб қўйилмоқда. Конституцияда инсонларни фаровон яшашлари,   камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш,  ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши кўзда тутилган.

Ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланиб, бу ҳолат ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини шу юртнинг бир фуқароси сифатида маъқуллайман ҳамда барча юртдошларимизни референдумда фаол иштирок этишга чақираман. Янгиланаётган Конституция – бу бизнинг, бутун ўзбек халқининг Конституцияси ва у албатта, юртимизнинг, халқимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилади.

 

Акмалжон ШЕРМАТОВ,

Андижон туманлараро маъмурий суди раиси.

 

 

Эл-юртга наф келтирадиган инсон бўлайлик

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Дини исломда мўмин бандага ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, қиёмат кунига ишониш, тоат-ибодат қилишлик буюрилади. Яратганга чексиз шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда тинчлик-хотиржамлик, динимизга кўрсатилаётган эътибор туфайли эмин-эркин ибодат қилишимиз учун барча имкониятлар яратилган.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда кишилар ўқишга, илм-фан ўрганишга эътибор қаратишлари ҳам муҳим масала ҳисобланади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га Хиро ғорида бўлган илк ваҳий "Ўқи!" деган амр бўлди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга тарғиб билан бошланишида буюк ҳикмат бор эди.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни шу сабаб илм олишга буюрди. "Илм" сўзи билмоқ, ўрганмоқ маъноларини англатиб, Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолар билан келган. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлардан, ҳаромлардан, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: "...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур" ("Мужодала" сураси,11-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) илм ҳақида маъжозий маънода    шундай деганлар: "Имон   ялонғоч бир нарса бўлса, унинг кийими-тақво, зийнати-ҳаё, меваси эса илм". Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) эса: "Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.) га илм ва мол-дунё, подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришди", деб илм ҳақида ўз фикрларини баён этган.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, бизнинг диёримиз аҳолиси ҳамма даврларда илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган. Шу боис уларнинг қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.

Қачонки, ўқиб билим ва дунёқарашимизни ошириб борсак, ибодатимиз ҳам мукаммал бўлади. Қолаверса, интернет тизими ўта ривожланган бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали  тарқалаётган турли ёт ғояларга  қарши иммунитет юзага келади. Бизни, айниқса, ёшларимизни ҳеч ким ўз ғояси билан нотўғри йўлга етаклай олмайди.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари бўлмиш ҳадисларда чинакам билим ва илм манбаси мавжуддир. Зеро, ҳадислар динимизнинг асосини ташкил қилади. Демак, ҳадисларни ўрганмоқлик ва уларга амал қилмоқлик мусулмон киши учун суннат амалига киради. Ҳадис илмини ўрганишимиз бизга катта фахр ва ифтихор баҳшида этади. Негаки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бизнинг она Ватанимиз Қуръон ва ҳадис илмининг марказларидан бирига айлангани маълумдир.

Биз албатта, ватандошларимиз Бухорий, Термизий, Мисоий, Марвазий, Башшор каби муҳаддис олимларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг шарофати билан Қуръони каримдан кейинги асосий диний манба ҳисобланмиш ҳадис  китоблари дунёга машхур бўлди.

Аслида, Қуръони Каримдан кейин динимизнинг асоси қилиб олинган олтита китоб бор. Бу китоблар - "Сиҳоҳи ситта" (олти саҳиҳ) деб аталади. Буни қарангки, уларнинг барчаси она Ватанимиз - Туркистон заминида яратилган. Ислом дунёсида иззат-ҳурматга, эъзозга лойиқ топилган "Саҳиҳи Бухорий", "Саҳиҳи Муслим", "Саҳиҳи Термизий", "Саҳиҳи Абу Довуд", "Саҳиҳи Мисоий", "Саҳиҳи Ибн Можа" ҳадис китоблари динимизнинг асосини ташкил этади.

Абу Исо Термизийнинг "Саҳиҳи Термизий" асарларининг биринчи саҳифасида муаллифнинг қуйидаги сўзлари ёзиб   қўйилган: "Кимнингки уйида шу китоб турса, ўша уйда ҳазрат Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладир". Аллоҳ таоло шу улуғ, муқаддас олтита китобни ўқиб, уларга амал қилганларни барча эзгу мақсадларига етказсин.

«Динимиз таълимотининг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшган, диёримиздан етишиб чиққан яна бир улуғ аллома Замахшарийдир. Замахшарий ҳазратлари ислом оламида «Аллоҳнинг қўшниси - жоруллоҳ» номи билан маълум ва машҳурдир. Бунга сабаб шуки, улар ислом таълимотида маълум ва машҳур бўлган "Ал Кашшоф" асарини Маккаи Мукаррамадаги Каъба рўпарасидаги ҳужрада ўтириб таълиф қилганлар.

Ўқиб, ўрганиш ёш, жинс, вақт танламайди. У ҳар бир мўмин банда учун фарздир. Демак, ибодатнинг афзали тинмай ўқиб, ўрганиб, диний ва замонавий билимларимизни ошириб боришимиз, билганларимизни  бошқаларга ҳам илинишимиз, ўргатишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ҳадиси шарифларнинг бирида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача - барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биз юртимиздан чиққан буюк инсонлар, алломаларнинг меросхўримиз. Улар ёзиб қолдирган асарларни доимо ўқиб, ўрганишга интилайлик. Зеро, жорий йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Ўқиб, ўрганиш, уларга амал қилиш орқали энг аввало, Яратганнинг марҳаматига эришишлик, юртимизга, одамларга наф келтирадиган бандалар қаторида бўлишлик барчамизга насиб этсин.

 

Жакбарали МАНСУРОВ,

Жалақудуқ туманидаги "Иттифоқ" жоме масжиди имом-хатиби.

Оила - муқаддас гўша

Ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуриш хусусида жуда кўп гапирилади. Хусусан, Қуръони каримда: "Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бўлган киши билан турмуш қуришларингиз учун аёлларни ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди" дейилган.

Одамзодни оила қуриб яшашлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳид аломатларидан бири деб санайди: Яъни: "Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қиладиларки, уч киши келиб, пайғамбаримизнинг аёлларидан "Расулуллоҳ бир кечаю кундузда қанча ибодат қиладилар?" деб сўрадилар. Жавобдан маълум бўлдики, Муҳаммад (с.а.в) улар ўйлаганчалик кўп ибодат қилмас эканлар. Шунда улар бир-бирларига қараб айтдиларки, "Расулуллоҳ озроқ ибодат қилсалар ҳам ярашур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг барча гуноҳларини кечганлиги ҳақида баён қилган".

Сўнг улар қарорга келадилар, бири "Энди мен кечалари фақат намоз ўқиб чиқаман", деса, иккинчиси "Мен кундуз кунлари рўза тутаман" дебди. Учинчилари эса "Мен абадий уйланмай ўтаман" деб турганларида, Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг ҳузурига келади, ўртада бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабардор бўлиб: "Мен сизлардан кўра Худодан кўпроқ қўрқурман. Лекин рўзани доимий эмас вақти-вақти билан тутурман. Кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Хотину зурриётларим ҳам бор. Кимки бу суннатимдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас", деган эканлар.

Шу боис, оила динимиз, шариатимиз нуқтаи назаридан, қолаверса, ҳаёт тарзимиз, соғлом турмуш тарзи нуқтаи назаридан ҳам муҳим ҳисобланади. Оила инсон учун энг муқаддас гўшадир.

Аллоҳ барчаларимизни оилани қадрловчи, оилавий бахт-саодатдан масрур бўлгувчи бандалар қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жоме масжиди имоми.