+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КЎНГИЛ БАЙРАМИ

Қатра

Аёллар байрами - 8 Март. Ҳаётдаги энг улуғ, қутлуғ ва хайрли байрамдир. "Аёл борки, олам мунаввар", дейишади. Аслида, ҳаёт аёллардан бошланади. Ҳаётнинг кўрки, ҳусну жамоли ҳам аёллар.

Эрта тонгдан ҳам эртароқ туриш уларга одат. Оила юмушларию, ташвишларини елкаларига олишган улар. Яқинлари кўнгилларида, фарзандлари кулгуларида яшашади. Бахтни улар шунда, деб билишади.

Келинчак фасл -баҳор ҳам аёлларга бош эгади. Оламни кўкликка, ранг-баранг гулларга буркайди. Аёллар қалбидан жой олишни истайди. Ўрик, олма, бодом гуллайди. Жамолларини кўз-кўз қилиб, аёллар билан ҳусн талашади. Ялпизу майсалар, бойчечагу    лолақизғалдоқлар ҳам майин эсган шаббодада тебраниб-тебраниб аёлларга таъзим қилишади, гўё. Сўзсиз, имосиз салом беришади.

Аёллар табиатан нозли-нозик, кўнгиллари ундан-да нозик. Қарашлари мулойим, сўзлари жарангдор, кулгилари қўнғироқ. Гулгун чеҳраларига "қалдирғочқанот" қора қошлари ярашиб туради. Сарвқоматларию, узун сумбул сочларига маҳлиё бўласиз. Бир боқишда хаёлингизни олади, қалбингизни ўғирлайди. Сезмай қоласиз. Ана шундай кўринмас кучга, қудратга эга аёллар.

Ажойиб, ғаройиб кун - 8 Март. Ёрқин тонг янада ёрқинроқ, гўзаллик - мафтункорроқ, яшаш янада завқлироқ кўринади, шу куни. Тоғ-тоғ совғалар аёллар кўнглини ололмайди, хушнуд этолмайди. Бир оғиз ширин сўз, оддий бир тилак, самимий кулгу-табассум кифоя уларга. Оилаларимиз тинчлиги, қувончи энг бебаҳо совға, энг бебаҳо бойлик, аёлларга.

Аёллар байрами - кўнгилбайрамидир.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

Марҳамат тумани.

ДУНЁ МЎЪЖИЗАСИ АЁЛ...

Ташбеҳ

Қишлоғимизда бир фермер аёл бор. Юришлари шахдам, ғийбатдан нари, меҳнатидан эъзоз топган. У аёл кириб борган давралар дарров тўлқинланиб кетади, унинг ширин суҳбатидан келину қизлар, кексалар бирдек баҳраманд бўлади, у аёл билан суҳбатлашишга интилади.

Умр экан, ўғли ҳаётдан эрта кетди. Бироқ унинг матонатини, бағрикенглигини билган билди. Қалби йиғласа-да, одамлар билан кулиб гаплашади, ҳол сўрайди.

Янги келин туширган    пайтлари, кейинчаликда келиннинг қайсарлигию эркаликлари ғашини келтирмади, ширин гапириб йўлга солди. Энди ҳам келинини қизим дейди, 

  Элни олди бўлган қайнонага баъзида

- Ёлғиз ўғлингизни бошқага уйлантирсангиз арзирди, дегувчилар бўлди,

- Тавба , тавба денг, гапингизни шамол олсин, - дея уларнинг гапига парво қилмасди.

Бугун меҳнатидан барака топиб, фарзандларига бахт, топганига барака тилаб дуо қилаётган, Яратганнинг берган неъматларига шукрона келтириб яшаётган оналаримиз омон бўлсин. 

Қизларнинг энг гўзал ва эзгу мақсадларида бувилари, онажонлари омон яшайверсин, уларнинг бахту иқболлари кулаверсин.

Дунё мўъжизаси саналмиш аёлларимизга, бувижонларимизга байрам шодиёнаси  муборак бўлсин.  Йилнинг энг гўзал ва мазмунли тонгларида уларнинг қалби фарзандлар иқболидан, эътибордан, шукроналикдан ҳурсанд бўлсин.

 Уларнинг қувончидан, ширин кулгуларида олам мунаввар бўлсин.

Ҳамрахон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ тумани.

БИТТАДИР ДУНЁДА ОНА ДЕГАН НОМ

Эҳтиром

Аёл - буюк зот, Яратганнинг мўъжизасидир. Унда ибо-ҳаё, гўзаллик, фидойилик, матонат ва жасорат мужассам. Ҳаётдаги барча гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли юзага келганлиги рост.

Аёлларнинг ибо-ҳаёси, назокати эркакларга ҳамиша қанот бағишлаб келади. Аёл фидойиликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Очиғини айтганда, аёлсиз ҳаётнинг тонги ҳам, оқшоми ҳам заиф, кундузи эса ғамгин бўлиши ҳақиқат.

"Аёлни улуғламоқ оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ, демакдир!" Халқимиз, ҳар бир юртдошимиз қалбида жо бўлган ушбу сўзлар қизларга, аёлларга, оналарга юксак эҳтиром эътирофи, ифодасидир.

Дарҳақиқат, аёл дунё бешигини тебратган, олам ва одам деган буюк тушунчаларни ўзида мужассамлаштирган сеҳрли бир қудрат. Аёл жамики инсон учун волида. У алла, вафо, муҳаббат, садоқат, жасорат, бардош тимсолидир.

Аёлнинг умри, босиб ўтганҳаёт йўли ибратдир. Халқимизнинг ўлмас тарихига айланган Барчиной, Тўмарис, Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий, Зулфия сингари аллома аёлларимиз ўзларининг жасорати, садоқати, ибратли ҳаёт йўллари билан бизларга ибрат намунасидир.

Айни пайтда ҳамжамиятимизда ана шу улуғ, буюк оналаримизнинг издошлари эл-юрт равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётганликлари дилларни хушнуд этади. Ҳар жабҳада аёлнинг - хотин-қизларнинг ўрни сезилиб турибди, юртимиздаги файз-барака, юксалишда уларнинг ҳиссалари катта. Оилада тутган ўринлари эса беқиёс. Дунёда муқаддас деган номга энг муносиб зот ҳам аёлдир.

Мунис аёлларимизнинг байрами баҳорнинг илк кунларида, табиатнинг уйғониши билан ҳамоҳангликда бўлишида ҳам ўзгача маъно бор, албатта. Атрофга боқинг-а! Ўлкамизга яна баҳор келди. Қувончу шодликларни, байрамларни етаклаб, яна баҳор келди, дилларга сурур бахш этиб.

Дилбар аёлларимизнинг кулгудан ёришган юзларини баҳор кўркига менгзайсиз. Лабларидаги табассум баҳорий елларга, насимга ташбеҳ. Шўх-шодонликлари эса тошқин сой ва дарёларга қиёс. Уларнинг ўзи бир баҳор. Демоқчиманки, баҳор деганда аёлни кўрамиз. Аёл деганда баҳорни ҳис қиламиз. Бу икки тимсол бир-бирини тўлдириб туради.

Гўзаллигу нафосатга, латофату садоқатга аёл қалби макондир. Инсон учун энг азиз бўлган Ватанни мўътабар зот - Онага қиёс этганлар. Мўътабар, муқаддас сўзига Она деган зотни қўшиб айтсангиз, у янада мағрур жаранглайди...

Шоир ҳақ:

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Барча опа-сингилларимизни хотин-қизлар байрами билансамимий муборакбод этаман. Маъсума чеҳраларидаги гўзаллик, бахт барча яқинларига, бутун юртимизга нур таратсин.

 

Бибимухлиса ҒУЛОМОВА,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.

Бойчечагим

Дил туҒёни

Уканг юришни ўрганса бойчечак тергани олиб чиқасан, дерди катта энам.

Вақт - оқар дарё. Шу кунларда укамнинг ўғли иккита олдинга, битта ёнга қадамлаб қолди.

Эҳ, энажонима!  Бу баҳор элчиларини жуда яхши кўрар эдингиз. Кўклам яқин, бугун сизда улардан жуда кўп.

Шундай бўлса ҳам шу кунларда укам билан даста-даста бойчечак териб ёнингизга ўтгим келаяпти.

Бахмалнинг бозорини ҳам, мозорини ҳам шу чечаклар қоплади.

Икром АВВАЛБОЕВ

 

ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁFИ ОСТИДАДИР

Эҳтиром

Она, бу сўз қанчалар қудратли. Она дейишимиз билан пок кўнгилли, тоза қалбли,  меҳр улашувчи мўътабар сиймо кўз олдимизда гавдаланади. Улар бизни болалигимиздан оқ ювиб, оқ тарайдилар. Бошимизни силаб, тарбия беради. Она улуғ зот. Буюк Яратгувчининг ўзи уни улуғлаб пойига жаннатни тўшади.

Ҳазрат Навоий:

Оналар оёғи остидадур

Равзам жаннат жанон боғи

Равзам жаннат висолин истар эсанг

Бўл оналар оёғи туфроғи.

Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда ҳам "Жаннат оналар оёғи остидадир". Бу онанинг ҳурмати нақадар улуғлигидан далолатдир.

Аёллар оила ва жамиятнинг таянчидир. Уларсиз на ҳаёт, на муҳаббат, на келажак мавжуд.

Машаққатларга сабр қила олиш, фарзандига муносабат борасидаги чексиз меҳр ва илтифот кўрсатишдек мукаррам туйғуларни фақатгина меҳрибон оналаримиздан топамиз.

Жалолиддин Румий ҳазратларининг қуйидаги ўгитлари жуда ўринлидир. "Она ҳақига диққатли бўл, уни бошингга кўтар. Зеро, улар оилаларимиз барқарорлиги осойишталиги, авлодлар давомийлигининг олтин занжиридир".

Бугун аёл -шифокор, ўқитувчи, қўли гул чевар, фермер, ижодкор, олима ва моҳир раҳбардир. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ҳар бири Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган фидойи инсонлардир. Аёлига юксак эҳтиром кўрсатаётган юртимизнинг келажаги буюкдир.

Муҳайёхон Убайдуллаева,

Бобур номидаги ахборот кутубхона маркази сектор мудири.

СУТКОН ТУРИЗМ ҚИШЛОFИГА АЙЛАНАДИ

Юртнинг обод гўшалари

Юртимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар самараси ўлароқ, кўплаб қишлоқ ва шаҳарларимиз йилдан-йилга обод бўлиб бормоқда. Қўрғонтепа туманидаги Суткон маҳалласи обод ва кўркам масканга айланётган ҳудудлардан биридир.

Ижобий ўзгаришлардан айни кунда 300 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилаётган маҳалла аҳли беҳад мамнун. Маҳаллада асосан, қирғизлар, ўзбек ва бошқа миллат      вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келади. Шунинг учун ҳам улар баҳор байрамларини катта шодиёна билан нишонлашмоқда.

-      Маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Абдуқодир Ашуров ва маҳаллада иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчиси фаолиятидан одамлар хурсанд, - дейди меҳнат фахрийси Абдумўмин ота Эргашев қишлоқ нуронийлари номидан. - Улар ўзларининг фаоллиги, олиб бораётган ибратли ишлари билан одамларнинг ишончини оқламоқда, ҳурматини қозонмоқда.

Дарҳақиқат, фуқаролар йиғини масъуллари режа асосида иш олиб боришиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, одамларни ўз ҳаётидан рози қилиш борасидаги ишларни намунали тарзда адо этиб келмоқда.

Масалан, МФЙ раиси Абдуқодир Ашуровнинг ташаббуси билан Суткон қабристонида бир неча кун давомида катта ҳашар ўтказилди. Натижада қабристон ва унинг атрофи тозаланиб, ободонлаштирилди.

Насирулло Садирбеков етакчилигида маҳалла ёшлари катта асфальт йўл четларини ободонлаштириш ишларини бажаришди. Ёмғир ва қор оқибатида ўйилиб кетган йўлнинг чуқур-чаноқлари шағал билан тўлдириб чиқилди. Айниқса, мутасадди ташкилотлар томонидан маҳалла ички йўлларининг таъмирланаётганидан ҳам одамлар хурсанд.

-      Маҳалланинг фаол ёшларидан Шайбек Бакиров бошчилигидаги маҳалла йигитларига ҳамма дуода, - дейди суҳбатдошимиз А. Эргашев. - Улар неча йиллар мобайнида қаровсиз ҳолдаги автобус бекатларини таъмирлашди. Ҳатто, янги бекат қуришди.

Маҳалла хотин-қизлар фаоли Дилбархон Ғаниева етакчилигидаги аёл-қизлар ҳам ободонлаштириш ишлари, ўтказилаётга ҳашарларда фаол қатнашмоқда. Улар маҳалладаги ҳашарчилар учун турли таомлар тайёрлашиб, ўз ҳиссаларини қўшиб келишяпти.

Меҳнат фахрийлари Мунаввархон Қаландарова ҳамда Мамлакатхон Мирзаеванинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан қишлоқ марказига ўтов тикилгани таҳсинга лойиқдир. Мазкур миллий ўтовларда баҳор байрамларига ташриф буюрган қишлоқ меҳмонлари ва нуронийларга дастурхон ёзилиб, дўстона иззат-ҳурмат кўрсатилмоқда.

-      2023 йилда улкан мақсадларни режалаштирганмиз, - дейди суҳбатдошимиз МФЙ раиси Абдуқодир Ашуров. - Аниқроғи, туман ҳокимлиги кўмагида жорий йилда Суткон маҳалласини туризм қишлоғига айлантириш бўйича ишлар олиб борилади. Бу ерда сайёҳлар ва туристларнинг кўнгилли хордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилади. Бунинг учун маҳаллада зарур имкониятлар мавжуд. Ҳудуднинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси шубҳасиз, кўплаб одамларни мафтун этади.

Яқинда "Қўрғонтепа - Суткон" йўналиши бўйича автобус қатновининг йўлга қўйилганлиги ҳам аҳоли учун яратилган яна бир қулайлик бўлди. Маҳалла ҳудудидаги ички ва туман аҳамиятига молик йўлларни таъмирлаш, асфальт ётқизиш ҳам режалдаштирилган.

Маҳаланинг сўлим табиат қўйнида жойлашганлиги, мўътадил об-ҳавоси ёзнинг иссиқ кунларида ҳар қандай кишини бағрига чорлаши тайин. қишлоқ ҳудудидан Қорадарё, Андижонсой, Шаҳрихонсой оқиб ўтади. Бундан ташқари, Суткон канали ҳам ҳудудга ўзгача кўрк бағишлайди.

Умуман, янгиланиш, яшариш фаслининг илк кунларидан бошлаб, маҳаллада кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билдан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.

Олиб борилаётган ишлар яқин йиллар ичида албатта, ўзининг ижобий самараларини беради. Обод ва яшилликка бурканган маҳалла сайёҳ ва туристлар ташриф буюрадиган вилоятдаги энг гавжум масканлардан бирига айланади.

Сафарали АБДУРАҲИМОВ,

 Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

АСОС МУСТАҲКАМ БЎЛСА...

Муаллим мулоҳазаси

Оила бағридан мактаб остонасига илк қадам қўйган фарзанд  "ғўр", бамисоли  ғунча, энди куртак чиқараётган ниҳолдай бўлади. Бу ниҳолнинг тўғри униб-ўсиши, улкан дарахт бўлиши миришкор боғбоннинг қаровига, меҳнатига боғлиқ. Бошланғич синф ўқитувчиси ҳам ана шу миришкор боғбон каби жажжи вужуднинг қалбига йўл топади, руҳини уйғотади, билим бериб, эзгулик ва комилликка ундайди.

 Устозлар шамдек ёниб, қалбларни ёритади, одамларга зиё улашади, Иссиқ тафти, саховати, бағрикенглиги билан ёш авлодни нурли келажакка чорлайди. Шу маънода, ёш авлод тарбияси, уларга пухта билим беришда бошланғич синф ўқитувчисининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Бошланғич синф ўқитувчиси доимий изланиши, "Тарбиячи ўзи  тарбияланган  бўлмоғи лозим", деган шарқона фалсафий ақидага амал қилган ҳолда ўзида юксак инсоний фазилатларни тарбиялаши, билим ва тажрибасини доимий равишда ошириб бориши лозим.

Биламизки, бошланғич таълим жараёнида бола тўғри ўтириш, ручка ушлаш, чиройли ва тўғри ёзишга ўргатилади.    Рангларни фарқлаб, тасвирда қўллай олиш, ҳаттоки, чиқиндига айланган майда нарсалардан ҳам керакли буюмлар яратиш мумкинлигини ўргатади. Шунингдек, боланинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш, тафаккури, дунёқараши  ва она- Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

2023 йил - юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланди. Бу педагоглар, айниқса,  бошланғич синф ўқитувчилари зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди. Кўп йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, бошланғич таълим сифатини ошириш учун қуйидаги уч асосий босқич дарсларга татбиқ этилса, кутилган натижага албатта эришамиз. Демак, улар қуйидагилар:

1.    Ўқувчиларни дарсга жалб қилиш, уларнинг диққати, ўй-фикрлари  барқарорлигини таъминлаш учун турли қизиқарли психологик машғулотларидан фойдаланиш.

Бу усулда муаллим дарсга ҳам фан ўқитувчиси, ҳам психолог сифатида ёндашиши талаб этилади. Сабаби, ўқувчиларнинг феъл-атвори, қизиқишларини билмаган ўқитувчи эндиликда болалар билан ишлай олмайди. Сиз дарсга  кирдингиз, ўқувчиларнинг барчаси ҳар хил хаёлда, фикрлари тарқоқ,  баъзилари хар хил ўйин билан банд. Мана шундай пайтда, ўқитувчидан кучли нотиқлик талаб этилади. ўқувчилар диққатини ўзингизга қаратиш учун психологик усуллардан фойдаланиш мумкин.

2.    Дарсларда кўргазмали қурол, илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш.

Ўқувчилар ҳар бир дарсни гўё бир санъат асаридек қабул қилиши керак. Шифокор ва психологларнинг таъкидлашича, ўқувчилар ўзи олаётган билимнинг 75 фоизини кўриш орқали эгаллайди. Шундай экан, ҳар бир дарсда турли кўргазмалар, қўлда тайёрланган кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиш муҳимдир.

3. Дарсга компетенциявий ёндашув. Компетенция - аниқ мақсадга йўналтирилган билим, кўникмалар, малакалар йиғиндисини амалиётда қўллай билиш технологиясидир.

 Дарс сифати ўтилган дарс ўқувчилар томонидан қай даражада самарали ўзлаштирилганлиги билан белгиланади.  Таълим сифати  ва самарадорлигини ошириш ўқитувчининг дарс давомида компетентлигига ҳам боғлиқдир. Ўқитувчи ҳамиша дарс ўтишга жиддий ёндашиши, дарсларга пухта тайёргарлик кўриши муҳим. Хуллас, у бола билан дўст бўлиб дарс ўтиши лозим.

Бошланғич синф ўқитувчиси бола камолоти учун дастлабки ғиштни қўювчи  меъмордир. У қанчалик аниқ, самарали иш юритса, ўқувчига берилаётган билим асоси қанчалик мустаҳкам бўлса, кейинги йилларда у пухта билим олади, малакали мутахассис бўлиб етишади. Энг асосийси, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб камол топади.

 

Шоҳидахон  НАЗАРОВА,

Андижон  туманидаги  24-умумтаълим мактабининг  бошланғич синф ўқитувчиси.

 

ТОНГ МАЛИКАСИ

Орамиздаги аёллар

Ҳали бомдод намозига азон чақирилмаган. Ҳатто, хўрозлар ҳам уйқуда. Ташқарида қалин туман, совуқ этни жунжиктиради. Кўчалар бўм-бўш. Сукунатни супургининг товуши бузади.

Катта йўл бўйида жойлашган уйнинг 4- қаватда яшаганим, бу ерга яқиндагина кўчиб келганим боис, пастдаги супурги овози уйимга эшитилади. Уйқум ўчди, чироқни ёқдим. Соат тонгги 5.00. Тавба, шу вақтда ким кўча супуради? Беихтиёр балконга чиқиб пастга қарадим.

Сариқ камзулли аёл катта супурги билан йўл четларини супуриб юрибди. "Кундузи супурса бўлмасмикин?", дея ўйладим.

Ўша аёлни тушда, боламни мактабга кузатаётиб ҳам, кечки пайт чиқинди ташлагани чиққанимда ҳам кўрдим. У чиқинди қутилари атрофларини тозалаб юрарди...

Суриштириб, аёлнинг ўзи билан суҳбатлашдим. Унинг исми Марғуба бўлиб, шаҳар ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлар экан.

- Болаликдан ҳамшира бўлишни орзу қилардим, - деб гап бошлайди Марғуба Мадалиева. - Ҳаёт экан, турли синовлар сабаб ўқишга имконим бўлмади, кейин эса турмушга узатиб юборишди. Катта оила, бир ҳовлида тўрт овсинмиз. Турмуш ўртоғим ободонлаштириш бошқармасида дарахт кесувчи бўлиб ишларди. Хуллас, рўзғорга ёрдам бериш учун ёнига кириб ишлашни, рўзғорга ёрдам беришни истадим. Мана, ўн йилдан ошди, турмуш ўртоғим билан ишлаб, рўзғоримизни бутлаб келаяпмиз.

Кўчанинг тозалиги, саранжом-саришта ва ободлигига жавобгар биргина фаррошлар эмас. Гулчилар, дарахт кесувчилар, сувчилар ҳам бор. Аммо улар орасида энг кўп меҳнат албатта, фаррошларники. Андижон шаҳрининг биргина Бобур шоҳкўчасининг ўзига 21 нафар фаррош бириктирилган. Уларнинг барчаси ҳам Марғуба сингари тун пардасини кўтармай туриб иш жойларида бўлади.

Тан олайлик, ҳатто қуёш уйғонмасидан ўз вазифасини бажаришга киришадиган бу меҳнаткаш инсонларни баъзан пайқамаймиз, баъзан меҳнатини қадрламай, ранжитамиз. Аммо бир кун уларнинг ўрнида ишлаб кўрсангиз, бу меҳнатнинг машаққатлари, масъулиятини, об-ҳавонинг инжиқликларию кўчанинг залворли юкини ҳис этасиз. Ана шундагина бу касб эгалари ҳалол ризқ орқасидан бола-чақа боқаётганини тан оласиз!

-      Инсонлар орасида чиқиндини фақат ахлат қутисига ташлайдиган, кўчада, ҳатто тупуришга ҳам уяладиган маданиятли кишилар ва аксинча, эндигина супурилган йўлакка қанд қоғоз, сигарет қолдиғи ёки музқаймоқ қутисини ташлаб кетувчилар, писта чақиб, пўчоғини сочиб ўтувчилар ҳам бор. Начора, одамлар турлича. Бунга кўп ҳам парво қилавермайман. Лекин ҳаётда яхши инсонлар кўп. Айримлар жазирамада қўярда-қўймай  салқин ичимликлар, музқаймоқ  бериб  кетиишади. "Опалар, чарчамадингларми,  чанқамадингларми?", дея икки оғиз илиқ сўз айтиб, кўнглимизни кўтаради. Ана шундай инсонларнинг борлиги учун ҳам меҳнатимизнинг машаққатлари билинмайди,  - дейди Марғуба.

Тонг ёришмасидан иш бошлайдиган бу жувонга маҳалламиз болалари "Тонг маликаси" деб ном қўйиб ҳам қўйишибди.

Йўлни супуриш, чиқиндилардан тозалаш, умуман, вазифаси билан боғлиқ барча ишларни у масъулият билан бажаради. Меҳнатига яраша қанча маош олишини сўраганимда эса, камтарона жилмайиб: "Аллоҳ баракасини беряпти", деб қўйди.

Дарҳақиқат, ободонлаштириш   бошқармаси ишчиларига тўланаётган ҳақ улар қилаётган меҳнатларига яраша эмас. Фаррошлар 2 миллион сўмга етиб-етмай ойлик олишади. Аммо улар нолимайдилар.

- Аввалгига нисбатан шароитлар анча яхшиланган, - дейди Марғуба Мадалиева. - Ходимлар ҳар уч ойда рағбатлантириб турилади. Ҳайит-байрамларда совғалар, мукофотлар берилади. Вилоят ҳокими ҳар йили 8 март байрамида биз учун алоҳида байрам ташкиллаштиради. Яхши ишлаган ишчиларга саёҳатларга, дам олиш масканларига йўлланмалар берилади. Умуман, қаерда, қандай соҳада  ишлашингдан қатъи назар, меҳнатингдан рози бўлиб, вазифангни сидқидилдан, шукроналик билан бажарсанг, албатта кўзлаган мақсадингга эришасан, топган-тутганингга ҳам барака ёғилади.

Баъзи инсонлар фаррошларга паст назар билан қарашга ўрганиб қолган. Худди фаррош одам эмасдек. Баъзилар эса яқин кишисининг фаррош, кўча супурувчи бўлиб ишлаётганидан ор қилади. Аммо билмайдики, чор-атрофни тозалаб, ораста ҳолга келтираётганларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўчаларимиз, гузарларимиз файзлидир. Озодалик бор жойда хотиржамлик бўлади, бало-қазо нари кетади.

-      Фаррошлигимдан уялмайман, аксинча, фахрланаман, - дейди тонг маликаси Марғуба Мамадалиева. - Негаки, мен ҳалол меҳнат қиляпман, шу иш ортидан бола-чақа боқяпман. Ота-онам, болаларим бағримда, ҳамма нарсам етарли, шунинг ўзи мен учун энг катта бахт.

 

Муаззам ИБРАГИМОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Дўппидўзлик: ўлмас ҳунар

Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти, деб эътироф этилади. Айниқса, туманда ҳунармандчиликнинг пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш сингари қатор йўналишларида ўзига хос тажриба мактаблари яратилган. Ҳунари ортидан даромад топиб, ўзини, юртни бой қилаётган ҳунармандлар жуда кўп.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Уларга давлатимиз томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, самарали иш олиб боришлари учун зарур шарт-шапроитлар яратиб берилмоқда. 

Айни кунда туманда 500 нафарга яқин тадбиркор ва ҳунарманд аёллар давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Уларнинг аксариятини ҳунарманд аёллар ташкил этади. Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали биргина 2022 йилнинг ўзида хотин-қизлар учун 785 та янги иш ўрни яратилди.

Тумандаги Андижонлик маҳалласида яшовчи дўппидўз, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Ёрқиной Тўйчиевани туманда танимаган одам топилмайди. Чунки у қўли гул дўппидўз, ўзи тайёрлаган ранг-баранг дўппилар билан Шаҳрихон довруғини  юртга ёймоқда. Энг асосийси, юзлаб ёшларга ҳунар ўргатиб, ҳунармандлар, дўппидўзлар сафини кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

-      Дўппидўзлик ҳунарини раҳматли бувим ва онамдан ўрганганман, - дейди Ёрқиной Тўйчиева. - Умуман, дўппидўзлар сулоласининг тўртинчи авлодиман. Оилада беш қиз бўлганмиз, ҳаммамиз ушбу ҳунарни ўрганиб, шу ҳунар ортида ризқимиз баланд бўлди, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор топдик.

Аввал, бувим Турғуной она, кейин онам Роҳатхон аядан дўппидўзликнинг нозик жиҳатлари, сир-асрорларини ўрганганмиз. Турмушга чиқиб ҳам ҳунаримни ташламадим. Қайнонам Ёқутхон ҳожи ая ҳамиша мени қўллаб-қувватлади, кўмак берди. Қолаверса, икки нафар қизим ҳам уста дўппидўз бўлиб етишган. Улар ҳам ушбу ҳунарни давом эттириб келишмоқда. Келинларим Фаридахон, Зиёдахон, Мунаввархон ҳам дўппидўзликни пухта ўрганиб олган. Бундан  ташқари, ҳозиргача мендан ҳунар ўрганган 300 нафардан ортиқ шогирдим мустақил равишда дўппидўзлик билан шуғулланишади. 

- Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, - дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зиёдахон Бозорбоева. - Миллий либосларимиз, айниқса, ўзбекнинг дўпписи миллийлигимизни кўрсатувчи воситалардан биридир.

Шу маънода миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ миллий урф-одат ва   анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий маънавият ва ўзлигимизнинг тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз

Бугун Ёрқиной опа шогирдлари билан "Куёв дўппи", "Шаҳрихон дўпписи", "Сирға гулли", "Бодом гулли", "Ёппа гулли" дўпииларни тайёрлаб келмоқда. Дўппидўз хонадонида тайёрланаётган сифатли, бежирим дўппилар нафақат Шаҳрихон, Андижон бозорларида, балки қўшни вилоятлар, қўшни Қирғизистон бозорларига ҳам етказиб берилмоқда. 

- Дўппидўзлик ўзбек ҳунармандчилигининг ўлмас санъати, дўппи эса миллий либос, қадриятдир, - дейди Ёрқиной Тўйчиева. - Дўппи нафақат миллий  кийимимиз, балки бошқа турли вазифаларни бажариши билан ҳам аҳамиятлидир, Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди. Қолаверса, қадимдан дўппи халқимизда бошнинг давлати ҳисобланган. Шу боис, халқимиз уни азалдан авайлаб-асраган, оёқости бўлишига йўл қўймаган.

Дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маъноларни англатади. Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туришини, четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳибининг серфарзанд ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. "Бодом" безаги эса ҳаёт ва унумдорлик тимсоли, "Илон изи" нақши эса турли балолардан асровчи тумор сифатида эъзозланган.

Ёқутхон опанинг хонадони шогирдлари, маҳалладаги дўппидўзлик ҳунарини ўрганиш истагидаги қиз-аёллар билан ҳамиша гавжум. Айни кунда 10 нафардан ортиқ шогирдга ҳунар сирларини ўргатмоқда. Моҳир шогирдларидан бири Мунаввархон Ҳалимова ҳамиша устозининг ёнида, унинг яқин кўмакчисига айланган.

Уста дўппидўз Ёрқиной опа ўтган йили яна бир ҳайрли ишга қўл урди. У Андижонлик маҳалласида жойлашган туман халқ таълими бўлимига қарашли 3- умумтаълим мактаби ўқувчи қизларига дўппидўзлик ҳунарини ўргатиш ташаббуси билан чиқди. Ўқувчи қизлар дарсдан бўш вақтларида опанинг хонадонига келиб, дўппидўзлик ҳунарини ўрганмоқдалар. 

-      Ҳукуматимизга, Президентимизга раҳмат, - дейди Ёрқиной Тўйчиева. - Юртимизда мен каби минглаб ҳунармандларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда, халқимизнинг дўппидўзлик борасидаги қадим анъаналари давом эттирилмоқда. Қолаверса, камтарона меҳнатларимиз  эътироф этилмоқда.

Дўппидўз Ёрқиной опа турли йилларда жуда кўп тадбирлар, танловларда фаол иштирок этди. "Ташаббус" танловининг туман босқичида ғолиб бўлди, вилоят босқичида совриндорлар қаторидан жой олди. Республика, вилоят миқёсида ўтказилган "Дўппи куни", Миллий  ҳунармандчиликни, туризмни ривожлантириш йўналишидаги тадбирларда, Тошкентдаги Экспомарказда ташкил этилган савдо-кўргазмаларида кўп маротаба иштирок этиб, диплом, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Бундан ташқари, опанинг самарали меҳнатлари эътироф этилиб, 2021 йилда Президентимиз фармони билан "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланган. 

Бугун беш фарзанд, 16 нафар набира, 4 нафар чевараси ҳамда юзлаб шогирдлари қуршовида, эъзозида умргузаронлик қилаётган Ёрқиной опанинг умр йўллари кўплар учун ибрат мактабидир. У сингари хунари, ҳалол меҳнати ортидан ризқ топаётган, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз ҳамиша омон бўлсин.

Фаҳриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (фото)

Эътибордан бошим кўкка етди

Дил туFёни

Очиғи, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик, умуман, инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимиздаги барча аёлларни қувонтирмоқда. Бугун мен ана шу эътиборни камтарона меҳнатларим эътирофи мисолида яна бир бор ҳис этдим. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Давлатимиз раҳбарининг фармони билан    "Дўстлик" ордени билан тақдирландим, оддий қишлоқ аёлига кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди.

Мен юртимизнинг энг чекка туманларидан бири - Марҳамат туманидаги Оқбош маҳалласида истиқомат қиламан. Миллатим - қирғиз, 20 йилдан буён қурилишда пардозловчи бўлиб ишлайман. Шундай бўлса-да, эътибор ва эътирофга муносиб кўрилиб, давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири билан тақдирландим.

Ҳозирда Марҳамат тумани "Марҳамат 112-қурилиш" масъулияти чекланган жамиятида пардозчи бўлиб ишлаб келаман. Тўғри, кўпчилик қурилишда сувоқчи, пардозчи бўлиб ишлаш аёл кишига хос бўлмаган касб дейиши турган гап. Лекин мен касбимни жуда яхши кўраман. Шу касбни танлаб, кам бўлмадим. Ҳалол, сидқидилдан ишладим. Ҳамиша берилган  объектларни ҳамкасбларим билан сифатли ва ўз муддатида топшириб келдик. 

Вилоятдаги жуда кўп объектлар, хусусан, турли муассасалар, умумтаълим мактаблари, боғчалар, аҳоли уй-жойлари қурилишида фаол иштирок этдим. Туманимиз, вилоятимизда бир-биридан чиройли, кўркам биноларнинг барпо этилишида қатнашганимдан, қурилиш ишларига муносиб ҳисса қўшганлигимдан, умуман, қурилиш соҳаси ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланганлигидан фахрланаман.

Мукофот билан тақдирланганлигим, меҳнатларим эътирофидан қалбимдан кечаётган қувонч ва туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалай олмайман. Қурувчи касбини ардоқлаб, кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Оилам тинч, фарзандларим бағримда. Уларнинг кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Менимча, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Берилган мукофот менга куч, шижоат беради. Бундан кейинги фаолиятимда кўрсатилган эътиборга, Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтаришга, юртимиз равнақи, ободлиги йўлида янада фаол ишлашга ҳаракат қиламан.

 

 Ойнагул РИСҚУЛОВА,

Марҳамат туманидаги "Марҳамат 112-қурилиш" масъулияти чекланган жамияти пардозчиси, "Дўстлик" ордени соҳибаси.