+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Нояб 2017

ЭРИНИ ЁМОНЛАГАН ХОТИНДАН ҚЎРҚИНГ!

(45-сон) Мулоҳаза

Донишмандлардан бири шундай ҳикоя қилади: "Уч дўст бозор айланиб юриб атторлик растасида жуда нафис ишланган ёғоч тароққа кўзлари тушади. Бири уни қўлига олиб, устани жуда маҳоратли эканлигини айтибди. Иккинчиси қўлига олиб, "йўқ, бу устанинг маҳорати эмас, у ишлатган асбоб зўр" дебди. Учинчиси, "бу устанинг маҳорати ҳам, ишлатган асбобининг зўрлиги ҳам эмас, унинг уйида тинчлик, осойишталик ҳукмрон, уста эса бамайлихотир ўтириб, меҳр билан тароққа ишлов берган", дея изоҳлабди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг тинч-осойишта яшаши, оиласининг мустаҳкам, фаровон бўлишида аёлнинг ўрни беқиёс.

Ҳозирги кунда ўзини эридан устун қўйиб, "оилада мени айтганим бўлади", дея "оила бошлиғи" бўлишга даъвогарлик қилаётган аёлларимизнинг борлиги ачинарлидир. Фарзандлар олдида эрни менсимаслик, бақириб, қўпол муомалада бўлишлик ўзбекона тарбия мезонларига, шарқ аёллари маданиятига зид бўлса-да, бундай кўринишлар минг афсуски, учраб турибди.

Баъзан шундай бўладики, ўзаро жанжал бошланса, эркак оғир бўлиб, жанжалга чек қўйишга ҳаракат қилади. Аёл эса "мендан қўрқяпти", дея баттар авжига чиқади. Ўртада меҳр пардаси кўтарилади. Меҳр, оқибат бўлмаган оила эса, охир-оқибат парокандаликка юз тутади. Энг ёмони эса бу ҳол ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Бундай воқеага гувоҳ бўлган пайтларимда, мактабда ўқиб юрган чоғларим устозимнинг "эркак киши бутун бир иморатни қуриб битказса-ю, аёл киши ўша иморатга бир дона мих қоқиб қўйса, "уйни мен қурганман", деб даъвогарлик қилади" деган гаплари қулоғим остида жаранглайди. Ҳа, ўзини савдогарликка уриб, уч-тўрт сўм пул топиб, эрни менсимасдан, эрни ер, ўзини осмон билган аёлларимиз эркак ким бўлишидан қатъи назар, эр оиланинг устуни эканлигини унутмасликлари лозим.

Ҳаётдаги баъзи бир ҳолатларни кузатиб, "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин" деган нақлнинг нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз. Эркак кишини уйидан бездирадиган ҳам, кўча хандони, уй зиндони бўлишига ҳам албатта, ўзимиз сабабчимиз. Чунки ўз уйидан қадр топмаган, хотиржам яшай олмайдиган эркак бошқа бир аёлнинг ширин сўзини излаб, ўз оиласини ташлаб чиқиб кетиши табиий ҳол.

Баъзида ўзимизнинг айбдор эканлигимизни тан олгимиз келмайди-да, "эрим ундоқ, эрим бундоқ" дея, арзи-ҳол қиламиз. "Эрим нима учун ароққа ружу қўйди, нима учун уйга кеч келаяпти, нима учун ўзга аёл олдига йўрғалади", деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, балки жавобини ўзимиздан топармиз.

Баъзи аёллар эса эрларини чет давлатларга бориб ишлашга мажбур қиладилар, яхши ишлаб даромад орттириб келса-ю бир нави, акси бўлса-чи, бир сўм пул топмасдан, соғлигини йўқотиб, одамфурушлар қўлида хор бўлиб бор бисотидан айрилиб қайтиш эркак киши учун нақадар оғир.

Эркакларнинг ана шундай ҳолга тушиб қолишига сабабчи бўлиб қолмайлик, "Эр-хотин қўш хўкиз", дейди доно халқимиз. Ҳалол меҳнат орқасидан кун кўриб, эрга мададкор бўлсак, турмушимиз янада чиройли бўлишига асло шубҳа йўқ. 

Шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек, "эрини ёмонлаган хотиндан қўрқинг" деган ибора ҳеч қачон ўзбек аёлларига нисбатан айтилмасин.

Турмуш ўртоғимизни ҳурматини жойига қўйиб, фарзандлар ва оила олдидаги муқаддас бурчимизни ҳеч қачон унутмайлик ҳамда шарқ аёлларига хос миллий маданиятимизга путур етказмайлик.

Зеро, бизлар давлатни бошқарган, ўзининг оқилона фикрлари, донолиги ва уддабуронлиги билан халқ орасида эъзоз топган оқила, улуғ момоларимизнинг авлоди эканимизни унутмаслигимиз, аёл деган муқаддас номга доғ туширмаслигимиз керак. Қуйидаги дил сўзларимни опа-сингилларимизга илиниб қоламан:

 

Сен аёлсан, аёл бўлиб қол,

Ўзлигингни унутма зинҳор.

Муқаддассан, эъзозда бўлгин,

Эр кишини айламагин хор.

 

Дерлар,  эркак уйнинг устуни,

Усиз сен ҳам қулашинг мумкин.

Бўҳтон тошин отарлар сенга,

Тунлар унсиз йиғлашинг мумкин.

 

Ҳурмат қилсак, пайғамбарим деб,

Бошга қўйсак, пиримсиз, дея.

Биздан нима кетади айтинг,

Улар учун  битсак, бадия.

 

Қовоғимиз очиб, жилмайиб,

Гулгун яшнаб, юрсак бўлгани.

Дунёларга сиғмай кетарлар,

Шудир биздан кўнгли тўлгани.

 

Майли, бизни алқамасин кўп,

Майли, гуллар совға қилмасин.

Эр кишида, турсин сирида,

Аммо биздан кўнгли қолмасин.

 

Назирахон ДАДАБАЕВА,

вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимаси.