+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Нояб 2017

Изланувчан фидойи устоз

(45-сон) Орамиздаги аёллар

Бугун жамиятимизнинг бирор жабҳасини аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Опа-сингилларимиз Ватанимиз равнақи, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Ана шундай фидойи опа-сингилларимиздан бири Андижон машинасозлик институтининг ижтимоий фанлар кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Зулфияхон Ариповадир.

Зулфия опа ёшлигидан тиришқоқ, меҳнатсевар бўлиб камолга етди. Андижон туманидаги 43- ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагандан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг фалсафа-иқтисодиёт факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш учун пухта билим олди. 1980 йилда университетни муваффаққиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Андижон машинасозлик институтида фалсафа фани ўқитувчиси вазифасида бошлади.

Орадан 45 йил ўтган бўлса-да, опа ушбу таълим даргоҳида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Ҳамиша изланиб ишлади, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага катта масъулият билан ёндошди. Ўзининг ҳалол ва самарали меҳнатлари билан нафақат жамоадошлари, балки кенг жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозона олди.

Олий таълим жонкуяри, фидойи устоз ўтган салкам ярим асрлик фаолияти давомида ёшлар таълим-тарбияси, илм-фан ривожи йўлида эътиборга молик ишларни олиб борди. Хусусан, ижтимоий фалсафанинг назарий масалаларидан бири бўлган миллий маънавият ривожи, миллий маънавият тушунчасига мустақиллик шароитида янгича талқин бериш, истиқлол ғояларини кенг тарғиб этиш борасидаги изланишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Юртдошларимиз тафаккурида миллий маънавиятга доир ўзгаришлар, уларнинг моҳияти, хусусиятига янгича ёндошган олима 2012 йилда "Шахс ахлоқий фазилатлари такомилида миллий маънавият ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро алоқадорлиги" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди. Умуман, Зулфия опа фаолияти давомида 50 ортиқ илмий мақола, 2 рисола, 1 монография, 20 ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. 

Устоз Зулфияхон Арипова характерида меҳнатсеварлик, изланувчан, янгиликка интилувчанлик, камтарлик, ташкилотчи ва ташаббускорлик фазилатлари бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Шу боис ҳам у ўзига топширилган вазифасини ҳамиша пухта бажаради. Фаолияти давомида у институт "Ёш олимлар ва мутахассислар кенгаши" раиси, "Машинасозлик технологияси" факультети Сифат комиссияси раиси, шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ёшларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилишдек вазифаларни сидқидилдан адо этиб, ўзининг юксак салоҳиятини намоён этиб келмоқда.

2016 йил Зулфия Арипова учун муваффақиятли йиллардан бири бўлди. Тошкент давлат университетида ўтказилган "Инновация-2016" номли XXI халқаро илмий-амалий конференцияда унинг илмий маърузаси мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, махсус сертификат, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" танловининг республика босқичида "Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог" номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг дипломи билан тақдирланди. 

Қаҳрамонимиз узоқ йиллар хотин-қизлар қўмитасининг  институтдаги бошланғич ташкилоти раиси вазифасида ҳам самарали меҳнат қилди. Жамоада меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли олима ҳамда талаба қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ибратли ишларниолиб бормоқда.

Зулфияхон Арипова шаҳар, вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаолларидан бири сифатида тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Хусусан, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилалар, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, қиз-аёллар ўртасидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш,  турли маросим, тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим ўтказиш, айниқса, аҳоли, ёшлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида олиб борган ишларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринлидир.  Мазкур йўналишдаги фаоллиги учун у бир неча бор вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

- Бугунги ўта шиддат билан ривожланаётган давр биз педагоглар олдига ғоят улкан вазифаларни қўймоқда, - дейди Зулфия Арипова. - Айниқса, ёшлар онги ва қалбини эгаллашга бўлган турли ҳаракатлар бизни ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ишимизга янада масъулият билан ёндошишга ундайди. Зеро, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан кучли, улар чегара билмайди, кўзимизга кўринмайди.

Интернет тармоғи, телерадиоканаллар, китоблар, кинофильмлар, телесериаллар шаклида, миллати, тили, дини, қайси давлатда яшашидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб бориб, маънавий дунёсини хароб қилади. Уни юртига, ота-онаси, яқинларига қарши қилиб қўяди. Шунинг учун ёшлар тарбияда бирорта бўш халқа бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.  

Кейинги йилларда юртимизда устоз ва мураббийлар меҳнати ҳар қачонгидан ҳам эъзоз топмоқда. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори натижасида таълим муассасалари моддий - техник базаси  мустаҳкамланиб, биз - педагогларнинг меҳнат шароитлари яхшиланмоқда. Кўрсатилаётган рағбат ва ғамхўрлик бизни янада катта масъулият билан меҳнат қилишга ундайди. Бундай эъзоз ва қадр  Юртбошимизнинг ишончини сидқидилдан оқлашга, мамлакатимизда ёшларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда янада самаралироқ меҳнат қилишга чорлайди.

Дарҳақиқат, Зулфия Ариповадек, сўзи, иши қатъий, фидойи устозларимиз бор экан, жамиятимиз равнақи янада юксакларга кўтарилишига асло шубҳа йўқ.  

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА