+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТЎЙЛАРИМИЗ, ТАНТАНА ВА МАРОСИМЛАРИМИЗ МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИГА АЙЛАНСИН!

(49-сон)

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши сессияси қатнашчиларининг давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари,

имом-хатиблар, отинойилар, дастурхончилар, жўрабошилар, қизлар сардорлари, қайнота-қайноналарга

М У Р О Ж А А Т И

Қадрли юртдошлар!

Бугун биз ажойиб ҳур ва эркин замонда яшаяпмиз. Муҳтарам Президентимиз ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида олиб бораётган туб ислоҳотлар самараси яққол сезилмоқда. Бугун барча эзгу орзу, пок ният ва улуғвор мақсадларимиз рўёбга чиқаётганини кўриб турибмиз. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, файз-барокат, тўкин-сочинлик учун ҳар қанча шукроналар келтирсак оз. Ақл-заковатли, билимли, теран тафаккурли кишилар бу фаровонлик замиридаги машаққатларни, садоқату жасорат талаб қиладиган курашларни, юксак ватанпарварлик ила йўғрилган фидойиликларни чуқур англайдилар. Англагани боис, диёримизда кун сайин рўй бераётган ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшиш учун бутун борлиғини, куч-ғайратини бахшида этмоқдалар.

Давлатимиз томонидан ҳар тарафлама ғамхўрлик, эркинлик, адолатпешалик, саховатпешалик ришталари билан қамраб олинган эканмиз, сизу биз ана шу одил сиёсат шукронасига қандай жавоб бераяпмиз?

Андижонимизни обод ва гўзал диёрга айлантириш,     бунёдкорлик ва ободончилик, саноат ва қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бироқ ижтимоий-маънавий турмуш, миллий қадриятларимизга садоқат, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказиш борасидаги камчиликларимиз яққол кўзга ташланиб қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, қайнона-келин муносабатларидаги келишмовчиликлар, ёш оилаларнинг барбод бўлиши, бунинг натижасида фарзандлар тарбиясига путур етаётганлиги виждонимизни қийноққа соладиган, ҳаммани бирдай ўйлантирадиган жиддий муаммо эмасми? Шу боис биз - сессия иштирокчилари сизларга юрагимизни тўкиб солишга, олдимизда кўндаланг бўлаётган иллатларни илдизи билан қуритишга ёрдам берадиган таклифларни ташлашга ва йўл-йўриқлар мағзини чақиб, уларга қатъий риоя этишга қаратилган мурожаат билан чиқишни лозим топдик.

 

Маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилари, профилактика нозирлари!

Ҳукуматимиз халқ ибораси билан ифодалаганда "Ой чиқса ҳам - маҳаллага, кун чиқса ҳам маҳаллага" тамойили асосида бу тизимнинг равнақи, истиқболи учун муҳим қарорлар, давлат дастурлари  қабул қилмоқда. Шундай экан, сизлар бугун "ер тагида илон қимирласа билишингиз керак", ҳар бир оиланинг "нафас олиши" маҳалла идорасида сезилмаса, одамларнинг ҳаёт қувончлари ва ташвишлари ўрганилмаса, қайси хонадоннинг қозони қайнаб, қайси уйнинг мўрисидан тутун чиқмай қўйгани билинмаса - ундай маҳалла оқсоқолининг, маслаҳатчисининг боридан йўғи яхши эмасми?

Жойларда тўйлар дабдабали тус олиши, мазарли тоғоралар юбориш кимўзарга айланиб кетиши, никоҳ маросимларидаги қора «Каптива»-ю «Ласетти»лар одамлар оромини бузиши, сеп-сидирғалар "довруғи" етти иқлимга таралиб, алал-оқибат бойларга ибрат, йўқларга кулфат бўлаётганлиги аслида ўша маҳалланинг афт-ангоридан нишона, десак янглишмаймиз.

Демак, маҳалланинг юзи-кўзигина эмас, виждонини ҳам асраш энг аввало, сизларнинг оқилу дониш, сергагу ҳушёр, сўзга собит, амалда қатъиятли эканлигингизга боғлиқ.

Билинг, Сизни инкор этишгани, бу - жамоатни, эл-юртни, қолаверса, маҳаллий ҳукуматни назар-писанд этмасликдир. Айнан шундай ҳолатга тушгандан кўра, орият учун жиловни қўлдан бермаслик керак, ёхуд қўлни кўтариб, курсини бўшатган афзал.

Бугун Президентимиз шундай талабни қўмоқда.

Бугун икки кемага оёқ қўйиб жон сақлайдиган вақт ўтди.

Бугун ҳаётга тик қараб яшайдиган давр келди.

Шунга эришиш керакки, маҳалладаги ҳамма издиҳом раис, маслаҳатчи, профилактика нозири, маҳалла фуқаролар йиғини белгилаб берган андоза билан ўтсин. Бунинг учун давлат сизларга етарли ваколат, ҳуқуқий кафолат яратиб берганлигини асло унутманг.

 

Қадрли "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси,

Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман бўлинмалари, бошланғич ташкилотлари етакчилари!

Сизлар жамиятда ҳал қилувчи куч эканлигингиз барчага маълум. Шундай ваколат, куч-қудратингиз бўла туриб жойлардаги исрофгарчиликлар, тўй ва юбилей маросимларидаги ҳаддан ошишлар, бемаза қовун уруғидай кўпайиб бораётган ғаройиб томошалар, даҳмазалар, хурмача қилиқлар, кибр-ҳаво, манманлик ортидаги бебошликлар сизларни заррача ташвишга солмаса? Ахир, ўзбекнинг тўйлари қадимдан миллий қадриятларимиз кўзгуси, маданиятимиз чиройи, маънавиятимиз рамзи сифатида тилларда достон эмасмиди?

Энди-чи? Биз юксак аҳлоқий салоҳиятимизни енгил-елпи орзу-ҳаволарга алиштирдикми? Бугун тўйхона эмас, томошахонага ўхшаш базму-жамшидлар тўрида бемалол бел ушлаб рақс тушаётган келин-куёвлардан Отабекнинг виқори-ю, Кумушбиби ҳаёсини излаб топа оляпмизми?

Наҳотки, бир ёқадан бош чиқариб, замонавий тўйлар қандай бўлиши лозимлиги ҳақида жўяли таклиф айтиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш шу қадар қийин кўчса.

Биз сизларни жамиятдаги ҳар бир ўзгариш, янгича анъана ва урф-одатларнинг кенг томир отишига масъулият билан ёндошадиган барчани шунга илҳомлантирувчи куч сифатида кўришни истаймиз.

 

Дину диёнатимизнинг мустаҳкам таянчи бўлган имом-хатиблар, отинойилар!

Бизни безовта қилган ушбу муаммо ечимини топишда Сизларга катта умид боғлаймиз. Жорий йилнинг олти ойида 351 оилани инсофга келтириб, яраштирганингизнинг ўзи катта натижа. Аммо, икки соҳилда туриб, гулдай ҳаётини барбод этаётганлар сони ҳануз кам эмаслиги сизларни ҳам изтиробга солаётганини тушуниб турибмиз. Зеро, мақсадимиз тўйларимизни тартибга солиш, никоҳлар барқарорлигини таъминлаш, ёшларга чинакам бахт-саодат, имону инсоф тилашдир.

Сизлардан илтимосимиз шуки, вилоятдаги норасмий имомларнинг хатти-ҳаракати доимий нигоҳингизда турсин. Никоҳ ўқиш учун фақат имоми Ҳай, яъни расмий имом ваколатли эканлиги, дуч келган сохта имом ўқиган никоҳ дуруст эмаслиги тўғрисида ота-оналар ва ёшларга кенг тушунтириш бериш йўлга қўйилса, одамлар тилида Аллоҳ деб, Расулуллоҳни неча бор ёд олиб, амалда Каломуллоҳда битилган,   Пайғамбаримиздан суннат бўлган амалларни унутмаслик мавзусидаги маърузалар яна ҳам кўпроқ ўқилса, нур устига нур бўлур эди.

Тўйларда еб-ичишдан ташқари, тугун-бўғин тугиб кетишга фақат имом билан отинойи чек қўя олиши мумкинлигини биламиз.

Маълумки, шу йилнинг 15 июнь куни Президентимиз "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби" мавзусида уламолар, дин пешволари билан учрашув ўтказиб, ўша маросимда ноқонуний никоҳ оқибатида келиб чиқадиган муаммоларга батафсил тўхталиб ўтди. Аслида ислом қўш хотинликни ман этмаса-да, шаърий адолатни устун қўяди. Эркаклар шаърий адолат ҳақида муфассал тушунчага эга бўлганларида эди, бу борада ўйлаб кўришга ҳам қўрқардилар. Хулоса шуки, имомларимиз ушбу масалада ҳам тарғибот-ташвиқотни кучайтирсалар, қўш  хотинлик туфайли қанчадан қанча болалар отасиз ёки онасиз тарбияланишининг олди олинар эди. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларингизга собитлик тилаб қоламиз.

 

Ҳурматли қайнота ва қайноналар!

Оилада тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик сизларнинг ақл-идрокингиз, оила илмидан хабардорлигингиз, келин-куёвларингиздан меҳрингизни дариғ тутмаслигингизга боғлиқ. Биласизки, бахт, мол-дунё, бойлик, дабдаба эмас, чинакам ҳаловат, оилавий тотувлик ва ҳалол меҳнатда. Матбуотда қайд этилишича, Осиё мамлакатларида унаштирилган қиз касалликка чалинса, ота-онаси "келинингизнинг сиҳат-саломатлиги ёмонлашди, тезроқ даволатиб олинглар" дея бўлажак қудаларига хабар беришар экан. Бизда-чи, куёвнинг зурриёдини давом эттириш жараёнида "сочи супурги, қўли косов" бўлиб, оёғидан ўт чақнаб 10-15 йил қайнона-қайнота хизматини бажарган келин хасталикка чалинса, фарзандлари билан бирга ота-онасиникига жўнатиб юборилади. Арзимаган сеп-сидирға, сийму зар, тоғора-ю, озиқ-овқат баҳона ҳали янги оилага кўникиб улгурмаган ёш келин бошида ёнғоқ чақилиши инсофданми? Ота-онасининг    камхаржлигини, келиннинг арзимаган камчиликларини рўкач қилиб, уйига қайтариб юборадиган қайноналар наҳот ўзларининг ўтмишини тез унутишган бўлса? Ёки бу ўша бир вақтлар ўзи тортган ранж-аламлар учун ўч олишми?

Азизлар, бир ҳақиқатни ёддан чиқаришга ҳаққингиз йўқ. Бобур Мирзонинг суюкли қизи Гулбаданбегим ёзганидек, "Аёли хорланган оилада мискин фарзандлар туғилади". Ана шу қўрқоқ, имони заиф, ҳар нарсага ҳадиксирайдиган бола - сизнинг авлодингиз бўлиши мумкин. Шундай экан, энди   мустақил ҳаётга қадам қўйган келинга ўз бағрингиздан жой беринг, қайноқ меҳрингизни дариғ тутманг, камчиликларини тўлдиринг, хатоларини ётиғи билан тушунтиринг. У сизнинг шажарангиз давомчиларининг ягона бунёдкори эканлигидан фахрланинг. Агар бундай жасорату ахлоққа қодир бўлмасангиз, лоақал ўзингиз ҳам қиз ўстираётганингизни, "бу қайтар дунё"лиги минг асрлардан  буён исботланиб келаётганлигини эслаб қўйинг. Қолаверса, сиз онасиз. Оналик мақомини улуғлаган ҳолда хонадонингиз чироғига айланиб, фарзандларингиз турмушини чароғон ва гулгун этишга бел боғланг.

Шу ўринда, қизларимизнинг оналарига ҳам айтар сўзимиз бор. Биз кўзимизнинг оқу қароси деб авайлаган фарзандимизнинг ҳаётини  изга солиш ниятида эканмиз, энг аввало, унга оила сирларини, хуш хулқлик ва хушодоблилик мезонларини, ҳар бир ишда сабр-бардошли бўлишликни қон-қонига сингдиришимиз керак. "Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга сиғмайдими?" деган ақидани бутунлай тафаккуримиздан ўчириб ташлашимиз лозим. Қизларни янги оилага ва ўша оиланинг ёзилган, ёзилмаган тартиб-қоидаларига мослаб  тарбиялаган ота-оналаргина кексайган чоғларида хотиржам, ҳаловатли, умргузаронликка мушарраф бўладилар. Унутманг, "Қарс икки қўлдан чиқади".

 

Азамат ва баҳодир, алп қомату чуқур идрок соҳиблари бўлмиш жўрабошилар!

Бугун сизлар жамият ҳаётида ўзига хос мавқе ва ўрин топиб бораётган жамоатчиликка айланиб улгурдингиз. Биз сизларнинг куч-қудратингиз, билим салоҳиятингиз, обрў-эътибору тоғдай ғурур-виқорингизга ишонамиз. Шундай фазилатлар эгаларидан фақат аҳиллик, меҳр-оқибат, зийраклик, гўзал ва хуш ахлоқ намуналарини кутиб қоламиз. Тўйларда ортиқча даҳмазалар, урф-одатларга чек қўйишда Сизларнинг имкониятингиз катта. Ўнлаб машиналарда никоҳга чиқиш, тоғора-тоғора маъзар-сомсалар, ўпка-ҳасиплар талаб қилиш, куёвнинг сарпосини кўпчиликка кўз-кўзлаш ташқаридан қаралса, жуда хунук манзара эканлигига амин бўласиз.

Йигитлар, ахир сизлар ер юзини ўзига бўйсундирган Амир Темур, ҳиндистонда улкан салтанат яратган Бобур Мирзо, кўзларида олов чақнаган Жалолиддин, Темур Малик, дунё тамаддунини илм-маърифат чироғи билан ёритган имом Бухорий, Алишер Навоий, ал Беруний, ал Хоразмий, ал Фарғоний каби буюк зотлар авлоди эканлигингизни билмайсизларми? Қачондан буён ўзбек ўғлонининг орзу-ҳаваслари кийим-кечак, мол-дунё билан баҳоланадиган аҳволга тушиб қолди? Йигитлик ор-номуси, шон-шавкати учун жонини тиккан ота-боболаримиз руҳидан уялмаймизми? Ўғил бола туғилса тоғу-тошлар суюнар экан, бугун ўчоқ бошини обод қиладиган "куёвчак"лар қўлтиғига сув пуркаб, нимага эришмоқчимиз? Бизнинг олдимиздаги буюк мақсадлар унутилиб кетдими? Ҳаммасини бир тоғора маъзарга қўшиб еб қўйдикми? Ахир еганимиз таом эмас, ўзимизнинг номусимиз, виқору оримиз эканлигини билмай қоляпмизми?

 

Гўзал ва оқила қизлар!

Минг йиллик ҳаёт тажрибаларидан маълумки, барибир оила тотувлиги, ҳаёт фаровонлиги, фарзандлар камоли - бу албатта, қизларнинг турмуш синовларига, ҳаёт қувонч ва ташвишларига қай даражада тайёргарлик кўрганлигига боғлиқ. Янги хонадонга келган кунингиздан бошлаб, ана шу макон Сиз учун умрингизнинг охирига қадар муқаддас жойга айланиб қолишлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Ўз онангиз 18-20 йил бағрида авайлаган бўлса, қайнонангиз нафақат Сизни, балки    фарзандларингизнинг ҳам катта муаллимаси, меҳрибони, тарбиячиси эканлигини юракка муҳрлаган ҳолда, ана шу жонсарак ва куюнчак она ҳурматини жойига қўйишга интилишингиз лозим.

Сеп-сидирға - бахт эмас. Асосий ва энг муҳим толеъ бу - Сизнинг ҳаётий сабоқларингиз, олган билимларингиз, гўзал аҳлоқингиздир. Сизни ўзингиз ўйлаган, энг буюк мақсадларга элтадиган олий хилқатлар ҳам ана шу гўзал фазилатлар эканлигини ёддан чиқарманг ва бир умр ҳаётдан, қайнонангиздан, оқил одамлардан одоб дарсини ўрганиб яшашга одатланинг. Сабр олтинга тенг эканлигини унутманг ҳамда шу хазинага эга бўлинг.

 

Азиз биродарлар, оқилу дониш фарзандлар!

Ҳаёт - эртак эмас. Осон эришиладиган бахт фақат афсоналарда бўлади. Ҳақиқат шуки, яшаяпмизми, бу дунёда фақат яхши ном қолдириб, тараққиёт биносига мустаҳкам ғишт қўйишга интилайлик. Ортиқча орзу-ҳаваслардан воз кечиб, камтарона, ҳаловатли умргузаронлик қилайлик. Ўзимиз соғинганимизни яқинларимизга, қуда-анда ва келин-куёвларимизга илинайлик.

Фарзандларимизни юртга нафи тегадиган аҳли олим, аҳли комил кишилар қилиб тарбиялайлик.

Эзгу ниятларимиз бобокалонларимиз яратган миллий, диний, фалсафий қарашларимизга мос бўлсин, тўйларимиз маънавиятимиз кўзгусига айлансин.

 

Мурожаат Халқ депутатлари вилоят

Кенгашининг 2017 йил  16 ноябрдаги XIII сессиясида

 

 маъқулланган.

КИТОБХОНЛИК ТАРFИБОТИГА БАFИШЛАНДИ

(49-сон) қарор ва ижро

Андижон давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш - халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидаир" номли маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 августдаги "Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги ҳамда 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, давлат бошқаруви идоралари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, таълим муасасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, тиббиёт, кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этди.

Тадбирда  "ОАВ ва ноширлик соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва соҳани янги сифат босқичига кўтаришнинг долзарб масалалари", "Маънавий юксалишда китобнинг ўрни ва китобхонлик маданияти тарғиботи масалалари", "Миллий ахборот медиа маконини ривожлантиришда журналистнинг ўрни ва масъулияти" сингари сингари қатор мавзулардаги маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни талаблари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Давра суҳбатлари иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Муқаддасхон Аҳадова,

Андижон шаҳридаги 48-умумтаълим

 

мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

ИҚТИДОР СОІИБАЛАРИ САРАЛАНДИ

(49-сон)

Иқтидорли қизлар танлови

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги, хусусан, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини, мукофот таъсис этилгандан буён 18 нафар андижонлик иқтидорли қизлар ана шу мукофот соҳибасига айланганлигини таъкидладилар.

Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар бос-қичларида 5 минг нафардан зиёд иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича 200 нафарга яқин иштирокчи ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этди.

Номзодлар саралаш танловининг якуний натижаларига кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иқтидорли қизлар танловнинг республика саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.

-  Танлов билим ва истеъдодимизни синовдан ўтказди, - дейди танловнинг адабиёт йўналиши иштирокчиси Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси Сарвиноз Султонова. - Унда муносиб иштирок этишга, улуғ  шоира номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлишга астойдил ҳаракат қилдим.

Бир сўз билан айтганда, танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, уларда шижоат, ўзларига бўлган ишонч ва интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига  ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЖАМИЯТИМИЗНИНГ АДОЛАТ МЕЗОНИ

(49-СОН)

8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг, миллий қадриятларимиз тикланди, миллий манфаат, миллий ғурур, маданият ва маърифатимиз, маданий меъросимизга эътибор кучайди. Xалқ ўзлигини англади. Давлат рамзлари - мадҳия, герб, байроқ, шунингдек, Конституциямиз қабул қилинди.

Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз замирида шубҳасиз,  Бош қомусимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Конституция - давлатмизнинг асосий қонуни бўлиб, энг юқори ҳуқуқий кучга эга ҳужжатдир. У давлат тузилишини,  бошқарув шаклини, давлат органларини тузиш тартиблари, ваколатлари, шаxснинг  ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини белгилаб беради. Конституциямизнинг моддаларига, уларнинг мазмун-моҳиятига эътибор берсак, Инсон энг олий қадрият, унинг ҳақ-ҳуқуқлари олий даражада туриши асосий қонунимизнинг нуфузини янада оширади.

Бош Қомусимизнинг 13-моддасида белгиланганидек: "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даxлсиз ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисоблананиши белгиланган. Жумладан, Конституциямизнинг 7- ва 8- бобларида  фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган.  

Бош қонунимизнинг 41-моддасида: "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир." деб белгилаб қўйилган. Бу фуқароларнинг, айниқса, келажак эгалари бўлган ёшларга, инсон манфаатларига бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Бош Қомусимизнинг 42-моддасида фуқароларга эркин билим олиш билан бирга ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини ривожлантириш мақсадида илмий ҳамда теxникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи ёритилган. Асосий қонунимизда ёшларга бу каби кенг қамровли ҳуқуқ ва эркинликларининг берилиши юртимизда ёш авлод камолоти учун яратилган кенг имкониятдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 66-моддасида "Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамxўрлик қилишга мажбурдирлар" дейилган. Ушбу модда орқали билишимиз мумкинки, ота-она фарзанди учун қай даражада масъул бўлса, фарзанд ҳам вақти келиб ота-онага юксак ҳурмат-эҳтиром ва ғамxўрлик қилиши керак. Шарқ xалқларида фарзанд юксак эъзозланган, шу тарбия самараси ўлароқ фарзанд ҳам ота-онага шундай меҳр ва ҳурмат кўрсатиши азалий қадриятга айланган. Бош қомусимизнинг юқоридаги моддаларида ота-оналарнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиб, фарзанднинг бурч ва масъулияти белгилаб қўйилган. Бир сўз билан   айтганда, Бош Қомусимиз - жамиятимизнинг адолат мезони, инсон ҳуқуқлари устуворлигини, тинчлик - осойишталикни таъминлашдек улкан мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Дилафруз ИСМОНОВА,

 

Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи ўқитувчиси.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА БОШЛАНFИЧ ТАШКИЛОТЛАР РОЛИНИ ОШИРИШ ЗАРУР,

(49-сон)

Кўргазмали  семинар

- дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.

Андижон индустриал-педагогика коллежида "Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда таълим муассасаларидаги хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш - муҳим масала" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Андижон вилояти ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда таълим муассасалари хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, "Қизларжон" клублари сардорлари, ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 Тадбир очилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси          Манзурахон Юнусова сўз олиб, ўқувчи ва талаба қизларнинг таълим ва тарбияси, улар тарбиясида юзага келаётган муаммолар, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бандлигини таъминлаш масалалари, вояга етмаган қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини янада  мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги хусусида гапирди. 

 "Хотин-қизлар ва вояга етмаган қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишда давлат бошқаруви идоралари, оила, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг таъсири" мавзусида ўтказилган намунали очиқ дарс машғулотида мавзунинг аҳамияти ва долзарблиги, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида ҳамкорлик,  бу борада жамоатчилик олдидаги муҳим вазифаларни очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Коллеж ўқитувчилари томонидан таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, замонавий иш услубларини татбиқ этиш юзасидан ташкил этилган ижодий ишлар ҳамда иқтидорли ўқувчи қизларнинг замонавий ва миллий либослари кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. "Қизларжон" клуби аъзолари томонидан намойиш этилган бадиий дастур давомида ўқилган шеърлар, ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз киритди.

Семинар иштирокчилари коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар, ўзаро тажриба алмашдилар.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси           Танзила Норбоева иштирок этиб, ўқувчи қизлар билан мулоқот ўтказди. Қизларни мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшашга, фаол бўлишга чақирди.         Шунингдек, мавзу доирасидаги муҳим масалалар ўқувчи қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик хусусида тўхталиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори   босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.

- Вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда бошланғич ташкилотларимиз ролини янада оширишимиз зарур, - дейди  Т. Норбоева. - Айниқса, таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар етакчилари таълим муассасасининг оила ҳамда маҳалла билан ҳамкорлигини кучайтириш орқали салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида ижобий натижага эришиши мумкин. Қачонки, фаолиятимизни масъулиятни ҳис этган ҳолда, самарали ташкил этсак, албатта, ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.

Кўргазмали семинар якунида мазкур тадбир юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, бошланғич хотин-қизлар қўмиталари олдида турган келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА, жамоатчи мухбир.

Конституция -бахтимиз қомуси

(49-сон)

Олтинкўл туманидаги 28- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан "Конституция - бахтимиз қомуси" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан мактаб-интернат директори Ферузахон Раҳмонова, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мақсудахон Юнусова, тарбиячи Марҳабохон Назаровалар Конституциянинг ҳаётимиздаги аҳамияти, унда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, демократик ҳамда ижтимоий адолат тамойиллари ҳақида тўхталдилар.

Тадбирда 6- "А" синф ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастурида Конституциямизга бағишланган шеър ва қўшиқлар ижро этилди, ўқувчилар  конституциянинг боб ва қисмлари хусусида маълумотлар беришди.

Мактаб-интернатда шунингдек, Конституция байрами олдидан турли  давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ҳам ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларимизнинг Конституция ҳақидаги билимларини юксалтириш ҳамда  Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинлик ва мажбуриятларнинг тарғиботи самарадорлигини оширишдан иборат.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ

Ҳаётимга маёқ ҳар битта сўзинг

Болам деб эркалаб, бағрингда асраб,

Бошимни силаган мисоли она.

Абад шундай қолсин, қўллаб тур, ё Раб,

Қомусим, ҳурликка ўзинг нишона.

 

Сен қалбимда унган гўзал бир дарахт,

Илдизинг юракка туташиб кетган.

Сенинг бунёдлигинг ўзи тенгсиз бахт,

Сенинг-ла ҳар инсон муродга етган.

 

Халқимнинг ҳуқуқу эркинликларин

Яратиб бергансан ўзинг, Қомусим,

Сенга атаб айтай шеърларим барин,

Сенга қилсам арзир минг бора таъзим.

 

Қайда бўлмай, ўзинг фарзандим дея,

Ҳимоя этасан доим шай туриб.

Оғир кунларимда силаб бошимни,

Қараб турмагансан юзингни буриб.

 

Болангни сарсонлик, қулликдан асраб,

Ватаним бағрига қайтарган ўзинг.

Сени куйламоқлик мен учун шараф,

Ҳаётимга маёқ ҳар битта сўзинг.

 

Ибодат ҲАЙИТБОЕВА

Йўқолиб бораётган халқлар, маданиятлар...

(48-сон)

Ўқинг, қизиқ!

Ер юзи аҳолиси тез кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони қарийб 7 миллиард кишидан ошиб кетди. Шундай бўлса-да, дунёда бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган миллат ва элатлар ҳам йўқ эмас. Мухтасар айтганда, улар глобаллашув жараёнининг қурбонига айланмоқда, уларнинг маданияти, турмуш тарзи ҳам йўқолиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, айни кунда ер юзида 370 миллион нафарга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизини ташкил этади. Сайёрамизда 6 мингга яқин халқ бўлиб, тадқиқотларга кўра, уларнинг сони йилдан йилга камайиб, тили, маданияти ҳам барҳам топмоқда. Жаҳон жамоатчилиги бундай ҳолатга оддий, табиий ҳодиса сифатида қарамоқда. Бироқ айрим мамлакатларда маданиятлар йўқолиб бориши фожеа сифатида қабул қилиниб, унинг олдини олиш бўйича муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Йўқолиб кетиш хавфи арафасида бўлган элатларнинг урф-одат ва анъаналарини асраб қолиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиб келинади. Масалан,   Бразилияда ана шундай миллат ва элатлар вакилларининг халқаро спорт мусобақалари ўтказилади. Мусобақаларда нафақат Бразилия, балки АҚШ, Канада, Мексика, Янги Зеландия, Россия, Мўғулистон, Парагвай, Гватемала сингари 20 дан ортиқ давлатлардан спортчилар иштирок этади. Улар мусобақаларда иштирок этиш билан бирга, ўз элатлари маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб этишга ҳаракат қиладилар.

Қуйида йўқолиб кетиш арафасида бўлган дунёдаги айрим халқ, миллат ва элатлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз:

Самбуру халқи Кения ҳудудларида истиқомат қилади. Аҳолиси сони 160 минг кишидан ошмайди.

Хули. Индонезия ва Папуа - Янги Гвинеяда яшайдиган миллат. Аҳолиси 150 мингга яқин кишидан иборат.

 Бушменлар. Ангола, Ботсвана, Замбия, Зимбабве, Намибия, Жанубий Африка Республикаси ҳудудларида истиқомат қилади. Уларнинг умумий сони 100 минг нафар кишидан иборат.

 Ладакхи. Ҳиндистон ҳудудларида истиқомат қиладиган бу халқ сони 57 минг кишидан иборат.

 Ваорани. Эквадор шарқида яшайдиган ушбу халқ вакиллари умумий сони 4 минг нафарга яқин.

 Кокопа. Атиги 300 кишидан иборат бу халқ Мексика ва АҚШнинг Аризона штатида яшайди.

 Цаатанлар. Жами 280 кишидан иборат бу халқ вакиллари Мўғулистон ҳудудида яшайди.

 Танзанияда яшовчи масаи  қабиласи вакиллари ҳам атиги бир неча юз кишини ташкил этади.

 Эфиопиядаги мурси қабиласи асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Айни пайтда Омо дарёси соҳилларида истиқомат қилувчи бу халқ вакиллари сайёҳлар билан суратга тушиш орқали ўз маданияти ва анъаналарини тарғиб этишга ҳаракат қилмоқда.

Непалда лоба деб аталувчи элат бор. 1991 йилга қадар улар яшайдиган Ло қироллиги ёки Юқори Мустанг ўлкасига сайёҳларнинг транспорт воситаларида бориши таъқиқланган. Эндиликда бу халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишмоқчи бўлганлар 2-3 кун юриб, Кали-Гандаки соҳилидаги лобалар яшайдиган қишлоққа фақат пиёда етиб олишлари лозим бўлади.

 

Муборак ТОИРОВА тайёрлади.

УЙДАН КУЛГУ ЭШИТИЛСА... БАХТЛИ ОИЛАВИЙ ҲАЁТДАН ДАРАК БЕРАДИ

(48-сон)

Инсон руҳияти

Оилавий ҳаётингиздан қониқасизми? Уйингиздаги муҳит, оиладаги ўрнингиз, оила даврасида кечган қувончли кунлар, бахтли онларнинг кўпроқ кимга боғлиқ эканини билишни истайсизми? Қуйидаги тест саволларига жавоб бериб кўринг, ҳаммаси ойдинлашади.

1.Агар сизда ҳаётингизни қайтадан бошлаш имконияти туғилиб қолса, умр йўлдошликка яна турмуш ўртоғингизни танлаган бўлармидингиз?

а) Асло!

б) Бу ҳақда жиддий ўйлашим керак.

в) Албатта!

 

2. Сиз янги танишлар орттиришга қизиқасизми ёки сиз учун эски дўстлар давраси афзалроқми?

а) Эски дўстлар давраси маъ-қул.

б) Янги таниш орттиришга нима етсин?!

в) Иккаласигаям хоҳишим бор.

 

3.Оилангизда уй ишлари билан ким кўпроқ банд бўлади?

а) Турмуш ўртоғим.

б) Албатта, мен.

в) Бунинг у қадар аҳамияти йўқ.

 

4. Оилавий ҳаётда пулнинг аҳамияти муҳимми?

а) Бу жуда муҳим, афсуски, доим ҳам етишавермайди.

б) Унинг етишмаслиги оилавий тотувликка путур етказади.

в) Пул муҳим эмас, лекин пулсиз кўп ишни битириб бўлмайди.

 

5.Турмуш ўртоғингиз сизни    қадрлайдими?

а) Йўқ.

б) Кўпроқ эътибор билан қараса яхши бўларди.

в) Ўзим уни қадрлай олмаяпман.

 

6. Турмуш ўртоғингиз ташқи кўринишингизга эътибор берадими?

а) Доим мендан бирор камчилик топади.

б) Нима кийиб, қандоқ юришим унга барибир.

в) Ҳар доим назорат қилиб туради.

 

7. Оилада хўжалик ишларининг ташкил этилишидан қониқасизми?

а) Ёмон эмас.

а) Ҳа, қониқаман.

в) Қониқмайман.

 

8. Турмуш ўртоғингизнинг ота-онаси билан муносабатингиз қандай?

а) Уларни кўргим келавермайди.

б) Ҳурматини жойига қўяман.

в) Тез-тез кўргим келади.

 

9.Дам олиш кунлари, байрам ва таътилларни оилангиз билан бирга ўтказасизми?

а) Шундай бўлишини хоҳлайман.

б) Мен учун у қадар аҳамиятли эмас.

в) Йўқ, бу мен учун жуда зерикарли.

 

10. Уйдаги аҳволни тузатишга, яхшилашга ҳаракат қиласизми?

а) Мен бундан-да, муҳим ишлар билан бандман.

б) Албатта, қўлим сал бўшаган заҳоти.

в) Баъзи-баъзида.

 

Жавобларингизни қуйидаги жадвалда кўрсатилган тарзда баҳоланг.

 

Саволлар      1                 2          3              4       5           6              7               8                9              10

 

а                   3        2          1          3           3            2          2           3            1            3

 

б                   2        3          3         1           2           3           1           2            2            1

 

     в                   1               1               2         2           1           1           3           1            3            2

     Агар жавобларингиз:

21-30 балл бўлса, оилавий ҳаётингиз анчагина мураккаб кечаётгани, атрофингиздагилар сиздан "зириллаб" қолгани маълум. Ҳаётингизга ҳавас қилиб бўлмайди. Агар ўз одатларингиз, саъй-ҳаракатларингизни яхши фазилатлар билан алмаштирмасангиз,турмуш ўртоғингиз бир куни "етар энди", деб масалани кўндаланг қўйиши мумкин.

15-20 балл бўлса, оилавий муносабатларингизни рисоладагидек, деб ҳисоблаш мумкин. Барибир, сиз бу ҳолдан кўнглингизни тўқ қилманг, оилавий ҳаётингизни янада мазмунли қилиш йўлларини изланг. "Яхши сўз - жон озиғи" деган мақолни ёдда тутиб, жуфти ҳалолингизни кўпроқ эъзозланг.

1-14 балл бўлса, сизнинг оилангизни ибратли, ҳамма ҳавас қилса арзийдиган оила деб ҳисоблаш мумкин. Оила аъзоларингиз оғиз очмасдан туриб, бир-бирининг кўнглида нима борлигини тушунар экан. Ҳамиша шундай  ибратли оила бағрида яшанг.

Ҳуснора ЭРГАШЕВА тайёрлади.

 

 

МАКТУБ

(48-сон)

Дил туFёни

Ташқарида ёмғир ёғмоқда. Ишон, ҳар томчиси бағримни тешиб юборадигандек. Мен гўё тиканлар устида ётгандекман. Борлиқни қоплаган тун мени тобора қаърига тортаётгандек.

Ишончимнинг чил-чил синган синиқларини ушлаганимча, зулмат йўлларда тентираб, нур излайман. Ҳаётнинг қаҳратонларида севги олови билан юрагимни иситаман, дея қилган орзу-хаёлларим сароб бўлиб чиққанидан,  ҳаёт синовлари қаршисида уни деб дунёлардан кечганимдан  пушаймондаман.

Бир пайтлар юрагимни ёққан ишқ оловининг оташ тафтини ҳис этаман, кўнглимни зор йиғлатиб, мендан кечиб кетган ёрнинг нигоҳини кўз олдимга келтираман. Атрофга аланглаб бир пайтлари шодликларимни баҳам кўрган дўстимни, қувончли, бахтли онларда хурсандчилигимга шерик бўлган ҳамроҳимни излайман. Бироқ атроф кимсасиз, ҳеч ким йўқ. Таассуфки, ўзини дўст атаган кишиларнинг бари омад билан бирга кўздан ғойиб бўлишган.

Тун. Азоблардан оғриққан юрагим ниш санчади. Кўз ёшларим қалбимга томади. Дард билан бирга ёдимга онам келади. Бор вужудим овозга айланиб, бир сўзни такрорлайди: "Кечиринг".

"Бу дунёда ҳамма сендан кечиши мумкин, онадан бошқа". Мен бу гапни кўп эшитганман, лекин унинг маъносини англамаган эканман. Бошимга тушган воқеалар туфайли бу ҳикматли гапни дилдан ҳис этдим, англадим. Шу онда онажонимнинг сўзларига қулоқ тутмаганлигимдан ўкиндим. Мени, қайсар қизини деб нурсиз, кўзларидан оққан кўз ёшларини арта олмаганимдан кўнглим йиғлайди.  Мени деб умрини беришгада тайёр инсоним бўла туриб, қадримни билмайдиган ўзга бир инсондан меҳр-муҳаббат излаганимга надоматлар қилдим.

Онажон, юрагининг қулига айланган, севги кўзларини кўр қилган, ғурурни деб ёнинг-га бора олмаётган мен нотавон қизингни кечир.

Сенга айтар гапларим жуда кўп. Лекин аввал, бағрингга бош қўйиб, алғов-далғов ҳаётнинг шовқинларидан холи бўлсам, ҳаловатни туйсам, тандирдан узиб берганинг-иссиқ кулчаларни ариқда оқизган, шўхликлари оламни тутган болалигимга бир зумга қайтсам, дейман.

 Онажон, дунёларни бир четга суриб ёнингга ошиқаман. Дил дафтаримдаги ушбу мактубни кўзларимдан уқа олишингни биламан...

 

 

 Муҳайё ИСМОИЛОВА