+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Шу кунларда жойларда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотларининг ҳисобот йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Ўтган ҳафта вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Бошқарма тизимидаги таълим муассасалари бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фаол хотин-қизлар иштирок этган ҳисобот йиғилишида бошланғич ташкилотнинг ўтган беш йил давомидаги фаолияти таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритилди.

Анжуманда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузи, ўрни ва роли, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида ҳамда Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инситутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Ёрқиной Нишонованинг ҳисоботи тингланди.

 Ҳисоботда бошқарма тизимидаги таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 118 та бошланғич хотин-қизлар ташкилоти томонидан  академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида меҳнат қилаётган 4 минг нафарга яқин хотин-қизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, муаммоларини бартараф этиш,    шунингдек, "Қизларжон" клублари фаолияти самарадорлигини ошириш, ўқувчи қизларни касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш каби қатор йўналишларда эътиборга молик ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. 

Йиғилишда иштирокчилар томонидан ҳисобот маърузаси ҳамда  мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни юқори  босқичга кўтариш, қуйи ташкилотлар фаолиятини кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳрирдаги низом лойиҳаси юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ҳисобот йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, вилоят хотин-қизлар қўмитаси конференциясига делегатлар сайланди.

Бошқарма хотин-қизлар қўмитаси ва унинг қуйи тизимлари фаолиятини такомиллаштириш, илғор тажриба ва иш услубларини фаолиятга жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, бу борада амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Спорт - саломатлик гарови

Андижон шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида таълим ходимлари ўртасида стол тенниси мусобақалари бўлиб ўтди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган мусобақаларда кенгаш тармоғидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, маданият ташкилотлари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 150 дан зиёд касаба уюшма аъзолари иштирок этди.

 - Бу спорт тури билан шуғулланган кишида, биринчи навбатда, кўриш қобилияти яхшиланади, - дейди  Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси Насибахон Тўрақулова. - Узоқни яхши кўра олмайдиган, компьютер қаршисида кўп ўтирадиган кишиларга стол тенниси билан шуғулланиш катта ёрдам беради. Стол тенниси шунингдек, нафас ва юрак қон-томир тизимлари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун тармоқ ходимлари ўртасида бундай мусобақаларни тез-тез ўтказиб борамиз. 

"Спорт - саломатлик гарови" шиори остида ўтказилган мусобақаларнинг  аёллар ўртасидаги баҳсларида 2-умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси аъзоси Фотимахон Иминова барча рақибларидан устун келиб, ғолибликни қўлга киритди. 38-мактабгача таълим муассасаси касаба уюшма аъзоси Дилором Турсунова иккинчи, 23-умумтаълим мактаби вакили Гавҳарой Ҳайитова учинчи ўринларни эгаллашди.

Fолиблар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Нодирахон ҚУРБОНОВА,

Андижон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Ижодкорлар билан учрашув

Андижон туманидаги Оқёр саноат касб-ҳунар коллежида Fани Мажид раҳбарлигидаги "Нафосат" ижодкорлар клуби аъзоларининг коллеж ўқувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ижодкорлар, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда сўз олган коллеж директори Азизбек Маматов, тадбир меҳмони, "Дўстлик" ордени совриндори, шоир Фарид Усмон ҳамда "Нафосат" адабий тўгараги аъзолари Одилжон Худойбердиев, Комилжон Ҳакимов, Мирзамаҳмуд Ботиров ва бошқалар бадиий ижод, китобхонлик, китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш хусусида сўз юритдилар.  Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтардилар.

Орзибой Мамажонов ва тўгаракнинг бошқа аъзолари ўзларининг янги ижод намуналарини ўқиб бердилар.     Шунингдек, тадбирда Чўлпон жамғармаси қошида ташкил этилган "Эъзоз" бадиий жамоаси аъзолари томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.

Ўтказилган маданий-маърифий тадбир иштирокчилар, айниқса, ўқувчи ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

Мая УСМОНАЛИЕВА,

 

жамоатчи мухбир.

Бошланғич ташкилот фаолияти ижобий баҳоланди

Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Бошланғич ташкилотлар аъзолари, фаоллари иштирок этган йиғилишда бошланғич ташкилотнинг фаолияти таҳлил қилинди. Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова, тумандаги "Чорбоғ" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Тўлғаной Аҳмедова ва бошқалар ташкилот фаолиятига ижобий баҳо бердилар. Келгусидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила    институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш борасида хотин-қизлар қўмиталари олдида турган долзарб вазифалар хусусида гапирдилар.

Йиғилиш қатнашчилари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳрирдаги низом лойиҳасини муҳокама қилиб, лойиҳани маъқуллаш ҳақида таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Туман тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси этиб Рўзихон Асқарованинг номзоди тасдиқланди. Шунингдек, йиғилишда туман хотин-қизлар қўмитаси конференциясига делегатлар сайланди.

 

Ферузахон УМАРОВА,

 

туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.

Оила мустаҳкамлиги учун курашайлик

Мулоҳаза

Сир эмаски, мамлакатимизда халқимизга хос юксак ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш, жамиятимизнинг маънавий соғломлигини мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳар бир шахс аввало оилада тарбия топади, камолга етади. Оила бежизга бахт бешиги, деб айтилмайди. Инсонни инсон қилиб  шакллантирадиган мактаб ҳам оиладир. Унинг "китоблари", сабоқларини ўқиш, уқиш инсон ҳаёт йўлини ёритгувчи нур бўлади.

Бўлажак оилаларни мустаҳкам бўлиши учун энг аввало, ёшларимизга, фарзандларимизга оиланинг муқаддаслиги, тинч-хотиржам, соғ-саломат турмуш кечиришнинг ўзи катта бахт экани, тотувликда барака борлигини уқтиришимиз керак.

Кейинги пайтларда хорижий кинофильмлар, турли сериаллар орқали ғарб мамлакатлари оилаларидаги инқирозли ҳолатларнинг ҳаётимизга кириб келаётгани барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки уларнинг таъсири билан ота-она ва    фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар, яъни бир оилада камол топган кишиларнинг ўзаро муносабатларида миллатимизга мос бўлмаган муносабатлар шаклланиб қолаётганига ўзимиз билмаган ҳолда кўникиб боряпмиз. Бу албатта, яхшиликка олиб келмайди.

Атрофга разм солсак, айрим йигитларда оила, фарзандлар тақдирига даҳлдорлик, масъулиият ҳисси камайгандек кўринади. Арзимаган важни деб турмуш ўртоғи билан ажрашган, тақдир тақазоси билан ажрашиб кетган йигитлар ўз фарзанди таъминоти учун бериладиган - алиментни тўлашдан қочиб юришликни қандай тушуниш мумкин? Ота меҳридан мосуво бўлгани етмагандек, моддий камчиликлар билан    улғаяётган бола эртага оиласига меҳрли, жамиятга наф келтирадиган инсон бўлиб етишадими, деган савол барчамизни ўйлантириши лозим. 

Оила билан боғлиқ қадим қадриятларимизни унутмайлик. Шундагина оилаларимиз мустаҳкам бўлади, қайсидир болаларимиз "тирик етим" бўлиб улғаймайди. Бунинг учун ёшларимизни одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашга, тарбия билан боғлиқ иллатларни бартараф этишга барча бирдек ҳаракат қилиши, айниқса, ёши улуғлар, отинойилар янада фаол бўлиши   лозим.

 

Шоҳидахон АБДУВАЛИЕВА, отинойи.  Балиқчи тумани

Қандолат цехи ишга тушди

жараён

 

Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш, ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳрихон туманидаги Наврўз маҳалласида яшовчи Саидахон Юсупова ҳам ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Аввалига, турли пишириқлар, ширинликлар тайёрлаб маҳалладошлари дастурхонига тортиқ этиб юрган тадбиркор фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилди.  Хонадонида мўъжазгина цех ташкил этиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлади. Цехда 8 нафар қизнинг бандлиги таъминлангди.

-Ўзбекнинг тўй-маросимлари кўп. Бунинг устига жуда меҳмондўст халқ. Хурсандчилик лаҳзаларида меҳмонлар учун дастурхонни тўкин қилиб қўймаса кўнгли ўрнига тушмайди, - дейди С. Юсупова. - Шунинг учун эл дастурхонига сифатли, мазали ва арзон маҳсулотлар етказиб бериш учун пишириқлар ишлаб чиқаряпмиз.

Айни кунларда цехда 20 турга яқин пишириқлар тайёрланмоқда. Тадбиркор келгусида қолипли нон ишлаб чиқаришни ҳам мақсад қилган. 

 

 

Озода ОЛИМОВА, жамоатчи мухбир.

Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак

Маҳалла мутахассислари фаолиятидан

Маҳалламизда 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Фаолларимиз, маҳалламизда фаолият юритаётган комиссиялар аъзолари томонидан оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш, оғирини енгил қилиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.  Бинобарин, ҳар бир оиланинг тинчлиги, тотувлиги маҳалла осойишталиги демакдир. Оилаларнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиши эса кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ. Бу жараёнда аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам бирдек ўрни бор.

Энг аввало оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, фуқароларимиз бандлигини таъминлашга, шаръий никоҳ билан яшаётган оилаларнинг никоҳини қонунийлаштиришга, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, тўй-ҳашамлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликка чек қўйишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. 

Шаръий никоҳ аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда қонуний кафолат бўлолмайди. Қолаверса, шаърий никоҳ билан боғлиқ муаммолар қатор қийинчиликлар туғдирмоқда. Масалан,  бундай оилаларда туғилган фарзандларга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, оталикни белгилашда муаммо юзага келади. Маҳалламизда ана шундай муаммо қийнаётган икки оилага ёрдам кўрсатилди. Туман ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликда уларнинг никоҳлари расмийлаштириб, фарзандларига гувоҳномалар олиб берилди. 

Умуман, ҳудудимизда жорий йилнинг ўтган даврида оилавий низолар билан боғлиқ ўнга яқин мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Ажрашиш ёқасида турган, низоли оилалар билан доимий иш олиб борилмоқда. Тарғибот-тушунтириш ишлари самараси ўлароқ, бундай оилаларнинг аксариятида муаммолар бартараф этилиб, муҳит яхшиланди.

Бугун маҳаллада эътибордан четда қолган бирорта ҳам оила йўқ. Ҳудуддаги мингга яқин  оила тўла ўрганиб чиқилди, имкон қадар уларнинг муаммолари бартараф этилмоқда. Хусусан, 8 нафар оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлга моддий, маънавий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Ногирон ёки ногирон фарзанди бор аёллар ҳолидан хабар олиниб, патронаж ҳамширалар томонидан доимий назоратга олинган.

Қатор оилаларнинг имконият, эҳтиёж ва талабларидан келиб чиқиб, уларга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кўмаклашилмоқда. Маҳалламиз аҳолиси асосан, деҳқончилик билан шуғулланади. Томорқаларда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари уларнинг даромад манбаи.

Тўй ва маросимларни ихчам, камчиқим ўтказиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Келин олиб, қиз чиқараётган қудаларнинг олди-бердиларида ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўйилмаяпти. Умуман, тўй билан боғлиқ маросимлар - "оқлик бериш",  "фотиҳа", "маъзар еди" сингари тадбирлар битта қилиб, ихчам ўтказилмоқда.  Муҳими, маҳалладошларимиз тўйни ўзлари билганча эмас, балки кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашиб ўтказмоқда.

Мен кўп йиғинларда одамларга: "Ҳой, бир умр йиққан терганингизни бир кунлик маросим учун сарфлаб юборманг, эртага ҳам яшаш керак ахир. Ўзингиз учун яшашингиз керак бўлганда, умрингиз тугаб қолмасин", деб айтаман.

Идорамиз пештоқида "Менинг маҳалламда ҳеч бир жиноят содир этилмаслиги керак", деган шиор осилган. Дарҳақиқат, бу шунчаки ёзиб қўйилган эмас. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга нафақат шу ишга масъул кишиларгина эмас, балки маҳалланинг ёшу қариси бирдек ҳаракат қилмоқда. Айниқса, кексаларимиз ёшларга ҳалол, тўғри бўлиш кераклигини ҳар куни уқтирадилар, бу борада "Ибратли қайноналар кўпаяверсин", "Биз ҳаётдан мамнунмиз!", "Сен намунали келин бўла оласанми? каби мавзуларда тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб борилмоқда. Бундай тадбирларга маҳалламиздаги намунали хонадон вакиллари, эл орасида обрў-эътибор қозонган кишилар, шифокорлар, ҳуқуқшуносларни таклиф этяпмиз.

"Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида банкдан имтиёзли кредит олиб, ҳунармандлик ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз ҳам бор. Жумладан, ҳунарманд Наргиза Болтабоева, Мадина Давронова, Умида Раззоқовалар маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, қизларга ҳунар ўргатишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, маҳалламиз тинчлигини, ободлигини, маҳалладошларимизнинг фаровон яшашларини таъминлаш. Энг муҳими, уларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириш, юрт равнақи йўлидаги хайрли ишларга сафарбар этиш.

 

Нодирахон ЙЎЛДОШЕВА,

Олтинкўл туманидаги "Топтиқ"  маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.

ЯНГИ КОРХОНА УЛУFНОРДА ИП-ЙИГИРУВ ФАБРИКАСИ ИШ БОШЛАДИ

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Улуғнор тумани "Обод" маҳалласида "Sof tekstil" ип-йигирув корхонаси ишга тушди.

Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги боис, ана шундай корхоналар сони, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган "Sof tekstil" ип-йигирув фабрикаси ана шундай корхоналардан биридир. Замонавий қиёфага эга ушбу корхонага қатор хорижий мамлакатлардан замонавий тўқув дастгоҳлари, илғор технологиялар келтирилиб, ўрнатилди. 

- Лойиҳани амалга ошириш учун 120 миллиард сўм маблағ сарфланди, - дейди корхона бош директори Сардор Умаров. - Корхонамиз йилига 5 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларимизнинг 40 фоизи ички бозорда реализация қилинади, 60 фоизи эса Россия ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Айни кунда 250 нафар қиз-аёл меҳнат қилаётган фабрикада ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

- Касб-ҳунар коллежини тамоомлаганимга бир неча йил бўлган бўлса-да, ишсиз эдим, -  дейди    Шоҳиста Хотамова. - Эндиликда маҳалламизда барпо этилган фабрикага ишга қабул қилиндим. Бундан нафақат мен, оила аъзоларим ҳам хурсанд.

 

 

Мукаррам ҚОДИРОВА 

Андижоннинг ишбилармон аёллари анжумани

Бизнес-форум

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида тадбиркор хотин-қизларнинг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда вилоятимизда фаолият юритаётган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер хотин-қизлар ўзларининг турли йўналишлардаги инновацион лойиҳалари, бизнес-режалари билан иштирок этди.

Бизнес-форум доирасида "Анор - 2018" миллий танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда тадбиркор аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар фаолияти самарадорлиги,  профессионал маҳоратини ошириш, аёллар раҳбарлигидаги корхоналар маҳсулотлари рақобатбардошлигини, экспорт салоҳиятини кўтаришга кўмаклашиш, умуман, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ҳамда банклар ассоциациялари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан 20 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолияти  учта, яъни ишлаб чиқариш, фермерлик ҳамда сервис хизмати кўрсатиш йўналишларида белгиланган шартлар асосида баҳолаб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, ишлаб чиқариш йўналишида Хонобод шаҳридаги "Мухлис-текстиль" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санобархон Раҳимова, фермерлик йўналиши бўйича Асака туманидаги "Кужгон олтин даласи" фермер хўжалиги раҳбари Махфузахон Аҳмедова, аҳолига сервис хизмати кўрсатиш йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги "Billi" болалар ўқув маркази раҳбари Хуршида Камолиддинова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Айни кунда корхонамизда 30 дан зиёд турдаги болалар ва аёлларнинг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - дейди  Хонобод шаҳридаги "Мухлис-текстиль" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санобархон Раҳимова. - Мамлакатимизда биз тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўтган йили корхонамизга Хитой давлатидан янги дастгоҳ ва ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Фаолиятим юқори баҳоланиб, танловда ғолиб бўлганлигим менга куч ва шижоат бағишлайди. Келгусида янада юқори натижаларга эришиш учун астойдил меҳнат қиламан.

Танлов ғолиб ва совриндорларини вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова муборакбод этиб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

Бизнес-форумда тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, форумда фаолиятида юқори кўрсатгичларга эришган ҳамда пухта, асосланган инновацион лойиҳалари билан иштирок этган бир гуруҳ тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Наргиза МИРЗАЛИМОВА,

 

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти бўлинмаси ижрочи директори.

ВАТАН - ОНАМ КАБИ ТЕНГСИЗ, ЯГОНА

Ватан - ёмон кўздан асраб юрувчи,

Онам қўлларимга таққан кўзмунчоқ.

Қизғониб ҳаммадан авайлайдиган,

Болам қўлидаги митти қўғирчоқ.

 

Ватан! Ҳар субҳидам пойабзалимнинг,

Ипин боғламоққа тиз чўккан Онам.

"Хонадоннинг тиргак устуниман" деб,

Саҳардан шомгача тер тўккан Отам.

 

Жуфти ҳалолимнинг қонида оққан,

Мардликка йўғрилган ҳаётнинг қони.

Ватан - асрагувчи ҳар дайди ўқдан,

Ўғлонлар кўксига таққан нишони.

 

Ватан - юрагимда илдиз отган ишқ,

Келажакдан сўзлар тарих китобим.

Дашту далаларда ёзиб жойнамоз,

Сиғинсам азиз - каъбам, меҳробим.

 

Ватан! Ҳижжаланиб йилларга дадил,

Адолат туғини тутган Темурбек.

Азим Самарқанддан Тоши қандгача,

Юртбоши яратган миллатдур Ўзбек.

 

Бугун меҳробингдан чиқмас чаёнлар,

Шавкатингга шонлар тилагин Она.

Ватан - миллийликдан яралган замин,

Ватан - онам каби тенгсиз, ягона.

 

ГУЛИРУХСОР