+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КЕЛИНЛАРНИНГ ОИЛАВИЙ ҲАЁТГА ТАЙЁР ЭМАСЛИГИ

Мутахассислар фаолиятидан 

ёш оилаларни парокандаликка олиб келаяпти,

- дейди маҳалла мутахассиси Одилахон Эрқулова

Шаҳрихон тумани Сузоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Одилахон Эрқулова зиёли оилада туғилиб ўсган, мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиган.  У болалигидан дадаси каби муаллим бўлиб, мурғак қалбларга таълим-тарбия беришни, элга, жамиятга фойдали инсон бўлиб яшашни орзу қиларди. Лекин оилавий шароит туфайли ўқиб, олий маълумотли бўла олмади.

Аъло баҳоларга ўқигани, мушоҳадали, ёзув-чизувни яхши билгани учун ҳам у келин бўлиб тушган маҳалла идорасида узоқ йиллар котиба бўлиб ишлади.    

Маҳалла ишида кўзи пишди, тажрибаси ортди. 2007 йилда Сузоқ маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчилигига сайланди. Самарали фаолият юритди, маҳалладошлари ҳурмат-эътиборини қозонди.

 Президентимизнинг жорий йил 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишловчи мутахассис лавозими жорий этилиб, ушбу вазифага асосан олий маълумотлилар қабул қилинишини билганида Одила опа ўқимагани, олий маълумот ололмагани учун ўксинди. "Маҳаллага ўрганиб қолганман, ишлай олмасам-да, барибир маҳалла ишига ёрдамлашиб тураман", деб ўйлади ва ўзини четга олди. Аммо, катта ҳаётий тажрибаси, фидойилигини яхши билган маҳалла аҳли уни маҳалла мутахассислигига лойиқ топдилар.

Маҳаллада, айниқса, оилаларда юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар, кўнгилсизликларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишда мутахассиснинг роли катта. Шу боис ҳам у 3375 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Сузоқ маҳалласи аҳлидан маслаҳати, ёрдамини аямайди, бирини опа, бирини сингилдай кўриб, улар билан дилдан суҳбатлашади, имкон қадар уларга кўмаклашишга ҳаракат қилади. Маҳалладошлари эса бу аёлдаги камтарлик, самимийлик, ишига фидойиликни қадрлашади.

Одилахон Эрқулова маҳалла аҳлини қийнаётган муаммоларни, камчиликларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратади. Оилалардаги низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар билан мунтазам равишда тарбиявий ишлар олиб боришни йўлга қўйган. Айниқса, ўтказиладиган тўй-тўркинлар, маърака-маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча олди-бердиларни камайтиришда дастурхончилар Эргашхон Fозиева, Жамилахон Йўлдашева, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари Равшанхон Қодирова, Қорияхон Жалолова, отинойи Улфатхон Душановалар Одила опага ҳамиша маслакдош.

Турмуш қуриш арафасидаги қизлар, ҳомиладор аёллар саломатлигини назорат қилишда қишлоқ оилавий поликлиникаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, маҳалладаги ҳунармандлар билан "Устоз-шогирд" анъанаси асосида битирувчилар, хотин-қизлар      бандлигини таъминлашдаги фаолияти яхши самаралар бермоқда.

Маҳалла ҳудудидаги 24-умумтаълим мактабида эрта турмушнинг олдини олиш, қизларни турмушга тайёрлаш,   бахтли ва мустаҳкам оила сирларига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари тез-тез ўтказиб турилади. "Сабрли келин - суюкли келин", "Турмушга тайёрмисан қизгина?", "Эрта турмушнинг олдини олиш", "Қайнонам - онам, келиним - болам!" каби қатор тадбирлар, давра суҳбатларига маҳалладаги кўпни кўрган, ибратли умр йўлларини босиб ўтган нуронийлар, шифокорлар, ўқитувчилар таклиф этилиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга сабоқ бермоқдалар.   

- Фаолиятимда мени қийнайдиган асосий муаммолардан бири - ёш оилалардаги турли келишмовчиликлардир, - дейди мутахассис. - Аксарият ҳолларда ёш келинларнинг тил уқмаслиги, ўзбошимчалиги, ҳаққини суриштириши, бесабрлиги, бир сўз билан айтганда, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ёш оилаларни парокандаликка олиб келаяпти. Сабр-тоқат - келинга энг яхши фазилат, деб биламан мен. Ҳеч нарса бирданига бўлиб қолмайди. Яхши ҳаёт ҳам аста-секин, меҳнат ва қаноатнинг орқасидан келади. Ҳар бир оилада бир-бирига мослашиш, ўтиш даври бўлади. Шу даврдан ўтиб олган жуфтларгина бирга яшаб кетиб, қўша қарийдилар. Бугун биз ана шу ақидани ёшлар онгига чуқур сингдиришимиз керак.

Одилахон Эрқулованинг кексалар, маҳалла фаоллари билан бир ёқадан бош чиқариб, фаолият олиб бориши натижасида ушбу маҳалла тумандаги намунали гўшалардан бирига айланди. Ҳудудда жорий йилнинг ўтган даврида 10 га яқин  ажримнинг олди олинди, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмади. Ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиш, моддий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам унинг ишлари эътирофга муносиб.

Оиласи тинч аёл жамиятда ҳам ҳурматга сазовор бўлади. Шу маънода Одилахон Эрқулованинг ҳам оиласи тинч, маҳалладаги энг намунали оилалардан биридир. Турмуш ўртоғи Абдуҳалим ака фермер хўжалигида тракторчи. Улар аҳил турмуш кечириб, фарзандларини ҳалол ризқ-рўз билан вояга етказдилар. Бугун улар 5 нафар фарзанди, 15 нафар набираси билан бахтнинг чинакам қўрғонини барпо эта олдилар. Шу боис ҳам айни кунда фарзандлари, маҳалладошлари ардоғида пиру бадавлат бўлиб ҳаёт кечирмоқдалар.

 

Муборак ТОИРОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Тилга эътибор - элга эътибор

Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ўтказилаётган она тили ва адабиёти ойлиги доирасида вилоятимиздаги таълим муассасаларида ҳам очиқ дарслар, учрашув, викторина ва танловлар ташкил этилмоқда. Олтинкўл туманидаги 18-умумтаълим мактабида "Тилга эътибор - элга эътибор" мавзуида ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда туман халқ таълими бўлими мутасаддилари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, фаол ва иқтидорли ўқувчилар иштирок этдилар.

Тадбирда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, уни миллий қадрият сифатида улуғлаш, халқимизнинг беқиёс маънавий мулкига айлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

- Она тилимиз бугунги кунда нафақат ўзаро алоқа воситаси, балки маънавий-маърифий тараққиётимиз тимсоли сифатида ҳам юксак мавқега эга,  - дейди мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Дилдорахон Қодирова.

Мамлакатимизда "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги томонидан октябрь ойида мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида она тили ва адабиёти фани ойлиги ўтказилаётгани ҳам ёшларимизга она тилимизнинг кенг имкониятларини кўрсатиб бериш, уларнинг ўзбек тили ва адабиёти фанига қизиқишини янада кучайтириш имконини бераётир. Ушбу йўналишдаги ишлар ёшларнинг билим доирасини кенгайтириб, она тилимизга бўлган ҳурматини янада оширмоқда.

Тадбирда ўқувчилар томонидан А.Навоий ҳамда Бобур ғазалларидан намуналар, она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

 

жамоатчи мухбир.

ФАХРИЙ ОНАХОНЛАР ҲИММАТИ

Марҳамат тумани Хўжаариқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фахрий онахонлар - Нусратхон Абдиева, Озодахон Ҳусанова пахта йиғим-терими ишига ўз ҳиссаларини қўшиш истагида ташаббус кўрсатдилар. Онахонлар саъйи-ҳаракати билан ҳудуддаги "Ҳамкор грант" биолабораторияси биносида мавсумий болалар боғчаси ташкил этилди.

- Хўжаариқ ва Тош йўли маҳаллаларида яшовчи, пахта теримида иштирок этишни истаган аёллар фарзандларини мазкур боғчада қолдириб, бемалол теримга чиқишлари мумкин. Боласидан кўнгли тўқ аёлнинг ишида унум бўлади, оиласига қўшимча даромад ишлаб олади, қолаверса, туманимиз оқ олтин хирмонига муносиб улуш қўшади, - дейди Нусратхон Абдиева.

Айни кунларда мавсумий боғчада 50 га яқин ихтиёрий теримчиларнинг фарзандлари тарбияланмоқда. Онахонлар 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган жажжи болажонларга ўз набираларидай меҳр кўрсатиб, парваришламоқда. Бу ерда тарбияланувчилар «тарбиячи буви»ларидан қизиқ-қизиқ эртак ва ҳикоялар эшитиб, шеър ва қўшиқлар ёдлаяптилар. Туман МТМ бўлими дала боғчани болалар адабиёти ва мебель жиҳозлари билан, газ идораси раҳбарияти эса суюлтирилган газ баллони билан таъминлади.

- Мавсум бошидан буён Мухтасархон Тожибоева, Мукаррамхон Содиқова. Мухлисахон Эргашева каби теримчи аёлларнинг оилалари 1,5 млн. сўмдан 4 млн. сўмгача даромад қилишди, - дейди теримчи Юлдузхон Йўлдашева. - Бир кунда 160-170 кг дан пахта териб, кунига ўртача 100 минг сўмдан пул ишлаб топишди. Бу хайрли ташаббус эгаларининг беминнат ҳиммати учун миннатдорчилик билдирамиз.

Вилоятимизда пахта йиғим-терими давом этмоқда. Фахрий онахонлар мавсум охирига қадар теримчи аёлларни қўллаб-қувватлаб туришлари ва дала боғча фаолиятини давом эттиришларини билдиришди. 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

АСАКАДА МУАММОЛАР ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

Халқ депутатлари Асака туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий аҳволни ҳамда фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижалари,  ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.

Кун тартиби туманни комплекс ривожлантириш, шунингдек, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Истиқболли лойиҳалар доирасида маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги корхоналар ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Туманда коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳақидаги масалага ҳам алоҳида урғу берилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги мавжуд камчиликлар танқид остига олинди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш давомида тумандаги 74 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 53 мингдан ортиқ хонадонларда ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларда 3 минг 555 муаммо аниқланди, уларнинг 2 минг 610 таси ёки 73,4 фоизи жойида ҳал этилди.

Тумандаги мавжуд 48 та мактабгача таълим муассасасининг 12 таси, 66 та умумтаълим мактабининг 12 таси, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникасининг  3 таси таъмирга муҳтожлиги аниқланиб, ана шу ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, инфратузилмасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан табиий газ, газ баллони, кўмир таъминоти, уй-жой, соғлиқни сақлаш, бандлик ва бошқа йўналишларда аниқланган муаммоларни бартараф этишга тумандаги секторлар раҳбарлари жиддий эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарори ижроси доирасида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Ушбу масала бўйича туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қурбонованинг ахбороти тингланди.

Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бу каби сессиялар Андижон ва Избоскан туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ

МЕНИНГ ТЕНГИМ ҚАЕРДА? ЁХУД БАХТИ ОЧИЛМАЁТГАН ҚИЗЛАРГА ТАВСИЯЛАР

Инсон руҳияти

Гўзал, оқила, ишда, илмда катта муваффақиятларга эришган, феъли ҳам ажойиб, аммо… ёлғиз! Сизнинг танишларингиз орасида ҳам шундай қизлар бордир? Хўш, у нега шу пайтгача ёлғиз, нега бахти очилмади? Сиз келин қилиш умидида қиз қидирганларга унинг манзилини берасиз, яхши йигитлар билан таништириб қўясиз, бироқ бари бефойда. У негадир номзодларни ўзидан нари итараётгандек ёки нимаси биландир чўчитаётгандек. Хўш, муаммо нимада? Руҳшунослар фикрича, бундай қизлар бир неча тоифага бўлинар экан.

1-тоифа: ҚИРОЛИЧА

Бир қарашда кишида яхши таассурот қолдиради. Чиройли, очиқкўнгил, киришимли, қувноқ ва бамаъни қиз. Бундан ташқари, ҳавас қилса арзигулик келин бўлиши мумкин: олий маълумотли, яхши ишда ишлайди, зиёли оилада тарбия топган. Шунга қарамай, ёши 28 га чиқса ҳамки, ҳамон оила қурмаган. Ҳатто шу пайтгача бировдан севги изҳори ҳам эшитмаган. У бўлажак турмуш ўртоғига қўядиган шартларни эшитиб, нега йигитлар бу қиздан узоқроқ юришини тушунса бўлади. Яъни, у бўлажак куёв ичмасин, чекмасин, яхши пул топсин, уни қаттиқ севсин ва ундан ҳар томонлама баланд бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Борди-ю талабгор йигит бу талабларга жавоб бермаса,  мағрур қироличамиз қошларини чимириб, шўрликни "брак"ка чиқаради. Бу тоифадаги қизларда қуйидаги хусусиятлар кўзга ташланади:

- ҳаммага танқидий назар билан қарайсиз;

- муроса қилишни билмайсиз;

- фикр ва мулоҳазангиз қатъий ва кескин;

- ўзингизни доимо ҳақ деб биласиз;

- кўпинча сиз билан яхши мулоқот бошлаган инсонларнинг вақт ўтгани сайин сиздан ўзларини олиб қочишларини сезасиз;

- ҳазилни кўтара олмайсиз.

Нима қилмоқ керак?

Биринчи навбатда ғурурни бир четга суриб қўйиб, дугоналарингиз, яқинларингиздан сизни яхшилаб танқид қилишларини сўранг. Сўнг уларга диққат билан қулоқ солинг, гапларини бўлманг ва баҳслашманг.  Танқидларни инобатга олишга ҳаракат қилинг. Йигит билан учрашганда унинг камчиликларига эмас, фазилатларига эътибор қаратинг. Кўпроқ тинглашни ва баҳслашмасликни ўрганинг.

 

2-тоифа: НАЗОРАТЧИ

"Азизим, бугун концертга борамиз-а, унутмадингизми? Соат нечадалигини эсдан чиқармагандирсиз? Концерт зали қаерда жойлашганини биласизми? Илтимос, кеч қолманг, уйдан вақтлироқ чиқинг. Қани, ҳаммасини бир бошдан такрорланг-чи: қачон, қаерда, соат нечада учрашамиз? Бақирманг, мен нима қилдим сизга?!" Ўзини ақлли ва назоратчидек тутадиган бундай қизга уйланишни ким ҳам истарди?! Ҳамма нарсани назорат қилавериш одати ёшлигидан қизларга панд бериб келади, аммо бундай қизлар буни тан олишни истамайди. Ушбу тоифага кирувчи қизларда қуйидаги хусусиятлар устунлик қилади:

- ҳамма нарсани назорат қилаверасиз;

- "буни мендан бошқа ҳеч ким қила олмайди", деб ўйлайсиз;

- бир нарсани қайта-қайта такрорлайверасиз;

- учрашувга йигитнинг кеч қолишини кечириб бўлмас гуноҳ ҳисоблайсиз;

- эркаклар кўп нарсани билмайди, деб ўйлайсиз.

Нима қилмоқ керак?

"Бор-ей!" деб ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйинг. Ҳар бир ишда ўзингиз ёқтирган инсонга имкон беринг. Хўп, сиз назорат қилмасангиз, ҳеч бир иш ҳал бўлмайди. Хўш, нима қилибди? Шунинг учун севимли инсонингиз билан муносабатингизни бузишингиз шартми? Унга ҳам имкон беринг, масъулиятни зиммангизга олманг.

                      

  3-тоифа: "ЭРСИЗ

 ҚОЛМАСАМ БЎЛДИ!"

Бу тоифа қизлар болалигиданоқ келин бўлишни орзу қилади. Бошқа қизларга ўхшаб "шифокорлик касбини танлайман" ёки "катта ўқишда ўқийман" демайди, фақат "келин бўламан" дейди.

Чиройли либосларда эрини кутиб олишини, унга ширин таомлар пишириб, бир этак бола туғиб беришини ўйлаб катта бўлади. Аксига олиб, бахт кутганида келмайди. Дугоналари ўқишни битириб, турмушга чиқиб, унинг ёши 25 га чиқди ҳамки, орзу қилгани - рўёбга чиқмаяпти. Қадди-басти келишган, юзлари ойдай, бир хонадонни гулдек яшнатадиган қиз ҳамон бошқаларнинг тўйида келинларга ҳавас ва ҳатто ҳасад билан қарашдан нарига ўта олмаяпти. Йигитларга ортиқча талаб ҳам қўймайди. Шунчаки, уйим-жойим дейдиган бўлса, кифоя. Аммо йигитлар негадир уни танлашмаяпти. Айниб кетган совчилардан бирининг   орқаворотдан айтишича, қиз иккинчи учрашувдаёқ ўзини йигитнинг хотинидек тута бошлабди. Бундай тоифадаги қизларда қуйидаги хусусиятлар устунлик қилади:

- ҳар бир йигитга бўлажак турмуш ўртоғингиз сифатида қарайсиз;

- йигит нимадан гап очмасин, мавзуни тўй ва рўзғор ташвишларига бурасиз;

- ўзингизнинг ажойиб бека бўлишингизни кўз-кўз этаверасиз;

- унинг пулларини тежамоқчи бўласиз.

Нима қилмоқ керак?

Аввало, келажакка доир аниқ режалар тузиб, ҳар бир йигитга бўлажак эрдек қарашни бас қилинг. Қизиқишларингиз доирасини кенгайтиринг, бирор фойдали машғулот билан шуғулланинг, касб ўрганинг, хуллас, "нима бўлса ҳам эрга тегиш" фикридан бироз чалғинг. Танишган йигитингизнинг шахсий ҳаётига дарҳол аралашиб, унда тартиб ўрнатишга киришиб кетманг. Сиз ҳозирча унинг ҳаётида шунчаки бир меҳмонсиз. Йигит сизни шунчаки кўрмоқчи, синамоқчи, аслида қандай эканлигингизни билмоқчи. Ҳеч қачон тўй, рўзғор, биргаликдаги ҳаёт мавзуларига шаъма ҳам қилманг.

 

4-тоифа: ОFЗИ КУЙГАН ҚАТИҚНИ ҲАМ ПУФЛАБ ИЧАДИ

Бу тоифадаги қизлар йигитларга ишонмайди. Чунки бир пайтлар кимдир уни ишонтириб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, охири бошқага уйланиб кетган. Кейин қизни совчилар орқали бир йигитга унаштиришганди, бўлажак куёвнинг гиёҳвандлиги маълум бўлиб, тўй бузилди. Шундан сўнг у ўз қобиғига ўралиб олиб, ҳеч бир йигитни яқинига йўлатмайдиган бўлиб қолди. Орадан маълум фурсат ўтгач, яралар ўрни битиб, қиз яна оила қуриш, фарзандли бўлиш ҳақида ўйлай бошлади. Аммо энди ҳар бир йигит унинг кўзига алдоқчи, гиёҳванд, бўлиб кўринарди.

Бу тоифадаги қизларда    қуйидаги хусусиятлар устунлик қилади:

- оилангизда муаммолар кўп;

- яхши йигитлар борлигига ишонмайсиз;

- эртами-кеч сизни барибир алдаб кетади, деб ўйлайсиз;

- имкон бўлиши билан йигитингизнинг чўнтаги, телефонини текширмоқчи, умуман, у ҳақда ҳамма нарсани билмоқчи бўласиз.

Нима қилмоқ керак?

Аввало, яхши нарсалардан ибрат олишга интилинг. Таниш-билишларингиз орасида бахтли оила қурганлар йўқми? Уларга бахт кулиб боқибдими, демак, сизга ҳам ана шундай бахт насиб этиши тайин. Ўзингизнинг бу қадар бадгумонлигингиз сабабини англашга ҳаракат қилинг. Инсонларга, хусусан, йигитларга озгина бўлса-да, ишонишни ўрганинг. Унутманг, инсонга ишонмасангиз, у кўнглингизнинг ёпиқ эшигини чертавериб, охири чарчаши мумкин.

Камола ЭРГАШЕВА

тайёрлади.

ИБРАТЛИ УМР СОҲИБАСИ

Фахрийлар фахримиз

Бугунги дориломон кунларда орамизда кексалик гаштини суриб,  ҳаёт кечираётган дуогўй нуронийларимиз ҳамиша эътибор ва эъзозда. Уларнинг мазмунли ҳаётлари биз учун ибрат мактабидир.

Қўрғонтепа тумани Султонобод қишлоғида кексалик гаштини сураётган  84 ёшли Тожихон ая Султонова ҳам ана шундай эъзозга муносиб онахонлардан бири. Бирор олийгоҳни тамомламаган бўлса-да, онахонни «ҳаётнинг, фарзанд тарбиясининг академиги», деган унвон билан атасак, асло муболаға бўлмайди.

Тожихон аянинг болалиги оғир ва машъум Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Айни ўйнаб-куладиган вақтида  тенгдошлари қатори оғир меҳнат қилди. Далага чиқиб ишлади, ота-онасига ёрдам  берди.

- Одамлар раҳматли отамни Умрзоқ артель, деб аташар эди, - дея ўша йилларни эслайди онахон. - Колхозлар ташкил этилишида  фаол бўлган, қишлоғимиздаги колхозлардан бирига раҳбарлик ҳам қилган. Онам Зайнабхон эса асосан болалар тарбияси билан шуғулланган, колхоз даласига чиқиб эл қатори меҳнат қилган. 

Ўша даврлар ниҳоятда оғир эди. Эрта тонгдан кеч оқшомгача ишласак-да, қорнимиз тўйиб нон емас эдик. Ночорлик, йўқчилик туфайли кунимизни ўтказсак бўлди эди, эртага нима бўлишини ўйламаганмиз. Ана шундай оғир кунлардан шу кунларга омон етиб келганимиз учун яратганга беадад шукрлар келтираман. Айниқса,     фарзандларимга, набираларимга, ёшларга бугунги фаровон кунларни, ноннинг қадрига етишларини бот-бот такрорлайман.

Набираларимга, ёшларга халқимиз бошидан ўтказган, ўзим бевосита гувоҳ бўлган оғир кунлар ҳақида ҳикоя қилиб берсам, айтганларингиз эртак-ку, дея ишонишмайди. Уларга «илойим кўрганларимиз эртак бўлиб қолсин, энди ҳеч қачон халқимиз бошига бундай оғир кунлар тушмасин», дея дуолар қиламан.

Тожихон ая маҳалладоши Мадаминжон Султонов билан  турмуш қуриб, тўрт қиз ва бир ўғилли бўлишди.Тақдир экан, турмуш ўртоғи эрта оламдан ўтди. Ўшанда Тожихон ая 35 ёшга тўлган эди.  Беш бола билан қолган ая бутун умр далада ҳалол-пок меҳнат қилди, тиним билмади. Болаларини меҳр билан парвариш қилди, ҳеч кимдан кам қилмай катта қилди, ўқитди, уйлаб- жойлади. Бу гапларни айтиш осон. Унинг ортида не-не машаққатлар, уйқусиз тунлар, қувончу қайғулар мужассам. 

Бугун онахоннинг барча фарзандлари ўқимишли, уй-жойли, ўзларидан тинчиган. Тожихон ая айни кунда фарзандлари, 30 нафар набира, 25 нафар  чевараси  ардоғида ҳаётдан рози бўлиб яшамоқда.

- Ёшликда меҳнат берса ҳам, кексаликда роҳатга етказсин экан, - дея сўзларини давом эттирди онахон. -  Мана бугун барча  қийинчиликлар ортда қолди, ўзим ўқий олмаган бўлсам-да, фарзандларимни ўқитдим. Ўғилларим, қизларим - барчаси жамиятда ўз ўрнини топган. Биргина Анорхон қизимнинг оиласида 5 киши ўқитувчи. Қизим Гўзалой, набирам   Фарҳоджон, Фарохиддин ёшларга мураббийлик қилади. Келинларим, набира келинларим  маслаҳатларимга амал қилиб оила сирларини пухта эгаллаган.

Ҳаётимиз, хонадонларимиз кўрки, файзи бўлган Тожихон ая сингари нуронийларимиз ҳамиша омон бўлсин. 

Гулсуной Fозиева,

 

Қўрғонтепа тумани.

Ҳомиладор аёл энергетик ичимликлар ичмаслиги керак

тавсия

Бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари ўртасида энергетик ичимликларни ичиш кенг оммалашиб бормоқда. Аввалига "Ред Булл" номи билан кириб келган ушбу газли яхна ичимлик нархи бироз қимматроқ бўлса-да, бу алкоголсиз "элексир"га талаб кутилганидан ҳам ошиб кетди. Натижада газ суви ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар энергетик ичимликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Бундай энергетик ичимликлар номи турлича, бироқ таркиби деярли бир хил, юқори концентрацияланган газли сувдир. Кичик идишдаги ичимлик миқдори одатда 60 мл. бўлиб, у сув, сахароза, глюкоза, таурин, лимон кислотаси, кофеин, глюкоронолактон, инозит В3, В5, В6, В12 каби витаминлар ва рибофлавиндан иборат.

Шу ўринда савол туғилади. Нима учун шифокорлар энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларнинг истеъмол этишини таъқиқлайди? Чунки, уларнинг фикрича, энергетик ичимликларни сурункали истеъмол қилиш тўғридан-тўғри бош мия ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатади, кишида бу ичимликка тобелик ҳолатини кучайтиради. Ундаги кофеин моддалари юқори даражали психостимулятор ҳисобланиб, унинг таъсирида инсон организми чарчоқ ҳиссини туймайди, хушёрлиги ортади ва тетиклашади. Ҳафтасига кўпи билан 60 мл. энергетик ичимликкина организм учун безарар бўлиши мумкин.

Шунинг учун, саломатлигини ўйлаган ҳар қандай инсон, айниқса. ҳомиладор аёллар бу ичимликни ичишдан тийилганлари маъқул.

 

 

Матлуба Мамажонова

МЕРОСГА МУНОСАБАТ - ОИЛАДАГИ МАЪНАВИЙ МУҲИТ КЎЗГУСИ

Оила муаммолари

Қариндошлар орасидаги ихтилоф ва зиддиятларга сабаб бўладиган мерос талашишлар ҳамма замонда, ҳар қандай даврда кишилик жамиятининг оғриқли нуқтаси бўлган. Бу мавзуда кўп ва хўп гапирилган бўлса-да, мерос масаласи ҳали хануз жамиятдаги, оиладаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Ўзбек хонадонларида ёзилмаган қонун мавжуд: ота уй кенжа ўғилга қолиши керак! Бу қонунга амал қилинмаган айрим хонадонларда туғишганлар орасида келишмовчилик, зиддиятлар келиб чиқиши кузатилади. Албатта, ота-она ва фарзандлар, ака-укалар ўртасидаги можароларга кўп ҳолларда келинлар сабабчи бўлади.

Нега айнан кенжа ўғилга?

Баъзида ота-она тўнғич ёки ўртанча ўғил билан қолишни маъқул кўради. Келинининг юриш-туриши, муомаласидан кўнгли тўлибми ёки бошқа бирор сабабми, хуллас, кенжа ўғилни алоҳида уйга чиқармоқчи бўлади. Бу ҳолат деярли кенжа ўғил ва кенжа келиннинг оила аъзоларига бошқача кўз билан қарашга мажбур қилади. Хўш, нега ота уй айнан кенжа ўғилга қолиши керак? Бу удум замирида нечоғли ҳақиқат мавжуд? Тўғри, аслида бу одат асрлар давомида шаклланган, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тушунча. Аммо ҳаёт  бошқача йўлни ҳам тақозо қилиши мумкин-ку? Нега биз ҳар доим ҳам ота ҳовлини кенжа ўғилнинг макони деб ҳисоблаймиз?

Ота-она кенжа фарзандига бошқаларидан кўра кўпроқ меҳрибон бўлади, кенжа ўғилга бошқача кўз билан қарайди. Аксар ҳолларда кенжа ўғилга ота-онанинг ўзи келин танлайди;  кўз олдида ўсган қўшни қиз ёки ўзаро муносабатлари яхши бўлган қариндошнинг қизи кенжа ўғилга муносиб кўрилади. Кексайганларида шу келин уларнинг хизматини қилади. Шу каби ҳолатлар ўз-ўзидан ота-она ва кенжа ўғил муносабатларини бошқа фарзандларга қараганда яқинлаштиради.

- Бир оилани биламан, - дейди Марҳамат туманидаги "Ўқчи" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Роҳатой Аҳмедова. - Тўрт бола - икки қиз, икки ўғил отадан етим қолди. Она фарзандларини имкони етганча тарбиялаб, ўқитиб, уйли-жойли қилди, элга қўшди. Тўнғич ўғилнинг ишлари юришиб, катта тадбиркор бўлди, қўли узун, бадавлат инсонга айланди. Данғиллама уй-жой қилди. Ота уйида қолган кенжа ўғилнинг турмуши акасиникидай бўлмаса-да, ҳартугул қора қозони қайнаб туради.

Бадавлат ўғил ўз уйида онаси учун барча қулайликлари муҳайё бўлган хона ҳозирлаб укасининг уйидан онасини мажбурлаб ўзиникига олиб келди. Ўғлининг қистовларини рад этолмаган она катта ўғлиникида бир ҳафтагина яшади-ю, яна ўз уйи, кенжа ўғлиникига қайтди. Катта ўғлига: "Ўрганган жойим шу уй, болам. Бу уйдан кетсам, отанг тушларимга кираверди..."

Қонунчиликдан

Бош Қомусимизнинг 36-моддасида мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши қайд этилган. Кимлар меросхўр бўлади? Ҳар кандай шахс меросхўр бўлиши мумкин. Яъни, мерос очилган  пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ота-она, эр-хотин, фарзандлар ва ҳатто бегона шахслар ҳам меросга ҳақли бўлишлари мумкин.

Мерос ўзи нима?

Ҳар қандай моддий ва номоддий обеъктлар мерос қолдириш объекти бўлиши мумкин. Мерос қолдириш орқали меросхўрларга фақатгина мерос қолдирувчининг ҳуқуқлари ўтмасдан, балки мерос қолдирувчининг мажбуриятлари ҳам ўтади. Масалан: қарз шартномасига асосан олинган қарзни тўлаш мажбурияти, мерос мулки қабул қилиб олинганидан сўнг, ушбу мулклар бўйича солиқ ва  бошқа тўловларни тўлаш мажбуриятлари ўз-ўзидан меросхўрга юкланади.

Айтиш жоизки, кўп ҳолларда мерос деганда, биринчи навбатда кўз олдимизда фақат пул, мол-дунё ва шунга ўхшаш моддий нарсалар гавдаланади. Аммо ота-оналар ўз фарзандларига аввало табиати, истеъдоди, биологик хусусиятлари ва бу дунёда узолмаган қарзларини ҳам мерос қилиб қолдирадилар. Шундай экан, мерос олувчи нафақат моддий буюм, балки унинг ўзига яраша масъулиятига ҳам эгалик қилишини ёддан чиқармаслиги керак. 

Васият

Меросхўрлик Фуқаролик кодексига кўра, васият ёки қонун бўйича вужудга келади. Васият бу - фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини у вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси ҳисобланади. Васиятнома фақат шахсан тузилади. Яъни унинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома фақат давлат нотариуслари томонидан тасдиқланганда юридик кучга эга бўлади.  Васиятнома бир томонлама битим бўлиб, у билан боғлиқ низолар юзага келган тақдирда фақатгина Фуқаролик судларига мурожаат қилинади.

 Васиятноманинг аниқ бир шакли йўқ. Ҳатто, нотариусга ҳам маълум бир андоза белгилаб берилган эмас.

Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек, васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар унинг мазмуни, тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳаққи йўқ.

Мерос васият қилинмаган тақдирда...

Агарда, ота-она вафот этгунга қадар васиятнома бермаган бўлса, фарзандлар меросни қонун буйича олишга ҳақли ҳисобланади. Бундай ҳолатда    фарзандлар ота ёки онасининг меросини олиш ва мерос ишини очиш юзасидан мерос объекти жойлашган худуддаги ёки меросхўр охирги яшаган жойдаги давлат нотариал идораларига мурожаат қилишлари лозим. Давлат нотариуси қонунда белгиланган ҳужжатлар тақдим қилинганидан сўнг, меросхўрларга қонун бўйича меросхўр эканлиги тўғрисида гувоҳнома беради.

Ота-она ёки мерос қолдирувчи ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли ҳисобланади.

- Мерос масаласига динимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилади, - дейди Андижон шаҳар бош отинойиси Шоирахон Нуралиева.  - Бу борада адолатли бўлиш, фарзандларни тенг кўриш баён этилади. Нўъмон ибн Башир    (р.а.)дан ривоят қилинади:

"Отам мени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: "Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни бердим", деди.

"Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?" дедилар у зот.

"Йўқ", деди.

"Бунга мендан бошқани гувоҳ қил", дедилар ва сўнгра: "Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?" дедилар.

"Ҳа", деди.

"Ундоқ бўлса, ҳаммаларига бирдек муносабатда бўл!" дедилар".

Яна бир ривоятда: "Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар", дейилган.           

Меросга муносабат - оиладаги маънавий муҳит кўзгуси

Мерос оилавий муносабатларнинг катта бир қисми ҳисобланади. Меросга муносабат оиладаги маънавий муҳитни қандай эканлигини кўрсатади. Ота-онаси ҳаёт бўла туриб, мерос талашадиганлар ҳақида эшитамиз. Бу ҳолат ўша оилада тарбия илдизининг мустаҳкам бўлмаганидан дарак беради. Айрим оила фарзандлари эса ҳатто ўзига тегишли улушни туғишган жигарига беради. Улар оилада ота-онасидан чин инсоний фазилатларни ўрганган, одамийлик илмидан бохабар кишилардир. Умуман олганда, фарзандлар ота-онасидан болалигида ўрганганларини улғайгач уларнинг ўзларига кўрсатишади.

Аслида, мерос ҳамда у билан боғлиқ можаролар ҳар бир оила ва оила бошлиғининг шахсий хоҳиш-иродаси. Ота-она истаган фарзандига ўзидан кейин қоладиган моддий ва номоддий мулкларини мерос сифатида қолдириши ёки фарзандини бу имкониятдан маҳрум этиши мумкин. Аммо яхши ота-онадан жамиятга қобил фарзандлар ва комил инсон, фарзандларга эса одамийлик фазилатлари, одоб-ахлоқ ҳамда меҳр-оқибат мерос қолади.

Умида АДИЗОВА

Ажрашишни хоҳламайман, лекин...

Ҳуқуқий маслаҳатхона

- Турмуш қурганимизга 21 йил бўлди. Бир қиз ва бир ўғлимиз бор. Қизимиздан набирали бўлганмиз. Бироқ турмуш ўртоғим яқиндан буён ажрашмоқчи бўлиб, судга ариза берди. Мен эса қуда кўрган, келин туширадиган пайтимизда ажрашишдан ор қиляпман. Суд бизга бир марта 6 ой синов муддати белгилади. Шу муддат тугагандан сўнг ҳам мен ажралишни истамасам, суд қандай қарор чиқариши мумкин?

Г. , Андижон шаҳри.

- Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига биноан, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён бирга яшашига имкон йўқ, деб ҳисобласа, уларни никоҳдан ажратади.

Олий суд пленумининг 2011 йил 20 июлдаги "Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 6-сон қарорининг 15-16-бандларига асосан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда оилани сақлаб қолиш чораларини кўриши лозим. Оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар  (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусияти ва бошқалар) аниқланса, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёҳуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кейинга қолдиришга ҳақли. Бундай ҳолда, суд Оила кодексининг 40- моддаси 2-қисмига мувофиқ, эр-хотин ярашиши учун 6 ой муддат тайинлайди. Бунда Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган 3 ой муддат самарасиз ҳисобланади. Белгиланган 6 ой муддат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.

Суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муддатни бунга жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муддат тугагунга қадар кўришга ҳақли. Ярашиш учун берилган муддатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.

Оиладаги вақтинчалик келишмовчиликлар, тасодифий сабабларга кўра келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек, эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккисининг жиддий сабаблар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни истамаслиги никоҳдан ажратиш учун асос бўла олмайди. Никоҳни бекор қилишга асослар бўлмаганда суд даъвони рад этади.

 

Саволга ҳуқуқшунос

 

Дилшода РАҲМОНОВА жавоб берди.

БОЛАЛАР СПОРТИ: ЮТУҚЛАР САЛМОFИ ЙИЛДАН-ЙИЛГА ОРТМОҚДА

сарҳисоб

Мамлакатимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, айниқса, болалар спорт объектларини барпо этиш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

2015-2017 йиллар мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан 7 та иншоотда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди, 30 та янги спорт иншооти барпо этилди. Ана шу мақсадлар учун 59 миллиард 100 миллион сўм маблағ    сарфланди. Фойдаланишга топширилган спорт иншоотларининг аксарияти қишлоқ жойларида барпо этилди. 

- Ўтган 2017 йилда жамғармамиз маблағлари ҳисобидан Пахтаобод туманида умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 945 миллион сўм бўлган ёпиқ сув ҳавзаси барпо этилди, - дейди жамғарма вилоят филиали раҳбари Неъматулло Абдураҳмонов. - Мазкур объект 30 миллион сўмлик сузиш, сув спорти жиҳозлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, 2016 йилда Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида Универсал спорт мажмуаси лойиҳаси билан танишиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш юзасидан топшириқ ва таклифлар берган эди. Ана шундан келиб чиқиб, ўтган йили  Андижон шаҳрида умумий лойиҳа қиймати 30 миллиард сўм бўлган универсал спорт мажмуаси қурилиши бошланди.

Майдони 6,3 гектар бўлган, бир     нечта футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, теннис майдонлари, сузиш ҳавзалари ҳамда мукаммал инфратузилмага эга бўладиган мазкур объект қурилиши айни кунда жадал олиб борилмоқда. Мажмуа келгуси 2019 йилда фойдаланишга топширилади.

Жорий йилда Андижон олимпия захиралари коллежи очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари капитал таъмирланмоқда. Ушбу мақсад учун қарийб 3 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган..

Сўнгги уч йил ичида фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари умумий қиймати 2 миллиард 54 миллион сўм бўлган 55 турдаги спорт жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари, спортчи қизларга 394 миллион сўм миқдордаги 15 минг  573 комплект спорт формалари берилди. Шунингдек, вилоятдаги 27 та умумтаълим мактабида қурилган янги спорт заллари, 4 та капитал таъмирланган ва янги барпо этилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари 1 миллиард 661 миллион сўмлик зарур спорт жиҳоз ва анжомлари билан таъминланди.

Айниқса, умумтаълим мактабларида барпо этилган спорт заллари  ўқувчи ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратди.

Амалга оширилган ишлар натижасида нафақат спорт билан шуғулланувчи болалар сафи ортмоқда, балки эришилаётган натижалар ҳам салмоғи ортиб бормоқда. Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2011 йилда  вилоятдаги 1400 спорт тўгарагида 40 минг нафар бола спорт билан шуғулланган бўлса, 2018 йилга келиб вилоятда фаолият юритаётган 2 мингга яқин спорт тўгарагида 70 минг нафардан зиёд болалар спорт билан мунтазам  шуғулланмоқда.

Яна бир маълумот: 2011 йилда республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этган андижонлик ёш спортчилар томонидан 346 та олтин, 300 та кумуш, 335 та бронза, жами 981 та медаль қўлга киритилган бўлса, 2015 йилга келиб, республика ва халқаро  миқёсдаги мусобақаларда андижонлик ёш спортчилар 729 та олтин, 615 та кумуш, 652 та бронза, жами 1996 та медалга сазовор бўлган. Кейинги йиллардаги ютуқлар салмоғи янада ортди. Бу албатта, жисмоний тарбия ва болалар спорти ривожига кўрсатилаётган эътиборнинг самарасидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида  жамғарма вилоят бўлими ташаббуси билан туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсида 170 дан зиёд оммавий спорт тадбирлари, шунингдек, 32 маротаба республика спорт мусобақаси ўтказилди. Мазкур тадбирларда 31 минг нафарга яқин ўқувчи ёшлар қатнашди, уларнинг 13 минг нафарини қизлар ташкил этди. Спортнинг қатор турлари бўйича Осиё, жаҳон чемпионатлари, олимпиада ўйинлари ғолиби бўлган машҳур спортчилар иштирокида 117 марта маҳорат машғулотлари ўтказилганлиги болаларнинг спортга бўлган қизиқишларини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, айниқса, спортнинг сузиш, бокс, таэквандо, стол тенниси, каратэ турлари бўйича эришилаётган ютуқлар салмоқли бўлмоқда.

Жисмоний тарбия ва болалар спортини ривожлантиришга берилаётган эътибор вилоятимизда ёш авлоднинг соғлом ва баркамол униб-ўсишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ