+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Отангдек улуғ

Устозлар ҳақида ёзиш жуда ҳам қийин, мушкул иш. Боиси, улар энг мўътабар, энг табаррук инсонлар. Улар жуда  ҳам кўп, саноқларининг охири йўқ. Уларнинг меҳнатлари шу қадар бебаҳоки, тарозида тортилмайди, ўлчов билан ўлчанмайди, ҳакамлар давра қуриб баҳолай олишмайди.  Шу боис уларга нисбатан "отангдек улуғ", иборасини ишлатамиз.

Муҳаррамхон Турдиқулова ҳам бор меҳри ва қалб қўрини  ўқувчиларига бериб, улар ҳаётига маъно бағишлаш учун ором ва ҳаловатидан воз кечиб, дунёда билим ва маърифатдан қудратлироқ куч йўқ эканини йиллар давомида исботлаб келаётган устозлардан биридир.

Андижон давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олди. Сўнг ўзи ўқиган  6-умумтаълим мактабида ўқувчиларга тарих фанидан дарс бера бошлади. Бу ерда тажрибали устозлардан касб сирларини ўрганди, билим ва малакасини янада оширли.

Муҳаррамхон Турдиқулова 2002 йилдан тумани марказидаги Марҳамат қишлоқ ва сув ҳўжалиги касб - ҳунар коллежига ишга ўтди. Коллеж катта билим даргоҳи бўлганлиги сабаб, у ерда ишлаш осон кечмади. Ёш ўқитувчи коллеждаги ҳамкасблари А.Мансуров, Ш.Деҳқонов, Т.Қодировлардан касб сирларини, балоғат остонасидаги ўсмирлар билан қандай ишлаш, муомала усулларини, ўқувчилар қалбига йўл топа олиш маҳоратини, умуман, янги методик усулларни ўрганди. Шогирдлари қалбига йўл топди. Уларга маҳорат билан билим бериб, салоҳиятларини юзага чиқара олди. Ўқувчиларидан  Муҳаммадсарвар Қорачаев, Миразиз Орифжонов, Райхона Абдурасулова ва Камола Абиловалар тарих фанидан фанлар олимпиадаси туман босқичида  ғолиб бўлдилар.

Муҳаррамхон Турдиқулова ўз ишига талабчан, ўқувчиларига меҳрибон устоз. У ҳар кунлик дарсларига кўргазмали воситалар билан киришга интилади. Таълимга оид турли янгиликлардан хабардор бўлиб боради, уларни ҳаётга жорий этишни истайди. Республика Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ташаббуси билан 25 сентябрдан  2 октябргача "Устозингни табрикла" ҳафталиги эълон қилиниши Муҳаррамхон учун айни муддао бўлди. Айни кунларда Муҳаррамхон мактабда ўқитган устозларини хонадонларига бориб, ҳолидан хабар олмоқда.  Уларга ўзининг ширин сўзлари, қалб қўри билан малҳам бўлмоқда.

Энг муҳими, бугун коллеж жамоаси Муҳаррамхонни ўз фанининг устаси, дея  фахр ва ҳурмат билан тилга олади.

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

 

Марҳамат тумани.

Ўқувчининг руҳияти соғлом бўлсин

Жорий ўқув йилида Гулнорахон Садирова раҳбарлик қилаётган мактабимизда 45 нафар устоз ва педагоглар 460 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Ўқувчиларнинг ўқиши, пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Бу ўз навбатида фаол ва интилувчан ўқувчиларимиз сафи кенгайишига ёрдам бермоқда.

Таъкидлаш керакки, қачонки ўқувчининг руҳий-психологик ҳолати яхши, бирор муаммо уни қийнамаётган бўлсагина, у яхши ўқийди, жамоат ишларида фаол қатнашади. Шу маънода ўқувчилар билан уларнинг руҳий-психологик ҳолатини ўрганиш, ўқишга, ҳаётга бўлган қизиқишини ошириш, фанларни ўзлаштиришга кўмаклашиш бўйича мунтазам суҳбатлар ўтказилмоқда. Айниқса, бу борада муаммолари бор ўқувчилар билан якка тартибда иш олиб бориш йўлга қўйилган. 

Умуман, бу борадаги фаолиятимизда ўқувчиларнинг психик хусусиятларини ҳамда уларни қай даражада ўқимишли, тарбияли эканликларини аниқлаш, уларнинг бир даражадан иккинчи даражага ўтишдаги қийинчиликларини аниқлаш ва бартараф этишга кўмаклашиш,  ўқувчилардаги турли психик ўзгаришларни ҳисобга олиб педагогик фаолиятни ташкил этиш, иқтидорли ва яхши ўзлаштиролмаётган ўқувчилар билан алоҳида иш олиб бориш, қолаверса, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли фан, спорт ва ижодий тўгаракларга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, айрим ўқувчиларимиз борки, ота-онаси хорижий давлатларга узоқ муддатга ишлагани кетган. Улар  кўп ҳолларда кекса бувилари қарамоғида қолиб, тарбиясида нуқсонлар кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда эса яқин маслаҳатчиси, суянчи ёнида эмаслиги учун тушкунликка тушади. Мана шундай ҳолатларда ножўя хатти-ҳаракат қилмаслиги учун ҳам уларни доимий назоратимизга олганмиз.

Мухтасар айтганда, ҳар бир педагогнинг асосий мақсади, ўқувчиларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлиб вояга етишларини таъминлаш. Ана шу эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаётган барча устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан табриклаймиз.

Донохон АБДУКАРИМОВА,

Жалақудуқ туманидаги

 

23-умумтаълим мактаби психологи.

Менинг биринчи устозим

 (Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Муҳаррамхон Жўрабоевага)

Бугун ажойиб тонг, ажойиб кун. Худди орзиқиб кутадиганим - туғилган кунимдай ўзгача байрам. Қуёш ҳам менга жилмайиб нур сочаётгандек. Чунки бугун сизнинг байрамингиз - менинг биринчи устозим!

Жажжи қўлларимдан тутиб синфхонага олиб кирганларингиз кечагидек ёдимда. "Ақлли ўғлим" деб эркалаб,  болангиздай меҳр берганларингиз, ана шу меҳрга талпиниб, ана шу меҳрни соғиниб мактабга елдек учиб борганларим кечагидек эсимда. Онадай меҳрибон, онадай ғамхўр, олам эшикларини очган, шууримга илму фан нурларини сочган, ўқиш-ёзишга бўлган қизиқишларимни оширган Сиз эмасми?

Вақтида меҳрибон, вақтида қаттиққўл эдингиз. Ўқувчиларингиз олдидаги масъулиятингиз бисёр эди. Иш вақтингиз тугаб кеч кириб кетса-да, уйга кетишга шошилмас эдингиз, ўзлаштиролмаётган синфдошларимга сабоқ беришдан  эринмасдингиз.

 Мана 35 йилдирки шарафли касбни эъзозлаб, ўқувчиларга сабоқ берасиз. Юзлаб   шогирдлар чиқардингиз. Бугун икки фарзандингиз ҳам изингиздан бориб, худди ўзингиздай бор меҳри ва маҳорати ила   бошланғич синфларга сабоқ бермоқда.

Илк ютуғим - шахмат мусобақасида ғолиб бўлганимдан қувониб, менга совғалар бериб, маҳоратимни ошириш учун мен билан шахмат ўйнаганларингиз мурғак қалбимга бир умрга муҳрланиб қолган. "Фанларнинг гултожи", дея математика фанига меҳр қўйишимда, "келажакда буюк математик бўламан", деб орзу қилишимда сизнинг ҳиссангиз ниҳоятда катта!

Бугун нуфузли таълим даргоҳи ўқувчисиман, ютуқларим ҳам кўпайган. Ҳар йили математика фани бўйича билимлар синови ҳамда турли шахмат мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқдаман. Шеъриятга, адабиётга бўлган ихлосим баланд. Буюк математик бўлиш орзуим бугун менинг бош мақсадимга айланган. Чуқур билим олиш йўлида қурилаётган бу иморатнинг мустаҳкам пойдеворини Сиз яратдингиз, менинг биринчи устозим!

Азиз устоз! Дунё тургунча туринг. Касбингизга меҳрингиз, садоқатингиз ҳеч қачон сўнмасин! Байрамингиз муборак бўлсин!

Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ,

Олтинкўл туманидаги 28-давлат ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси.

 

Касбининг фидойиси

Мактабда ўқиётган кезларимда устозларимга ҳавас қилиб уларнинг айтган сўзларига  маҳлиё бўлиб қолардим, улар бунча куч-ғайратни қаёқдан олар экан, деб ўзимга савол  берардим.

Ҳа, менинг тасаввуримда устоз - меҳри билан кўнгилларни уйғотади, инсоннинг очилмаган қирраларини кашф этади, ҳарф танитади, жажжи кўлларимиздан тутиб ёзишга ўргатади. У юрагида тоғдек  сабрни, меҳр-муҳаббатни  жо қилган бизнинг иккинчи онамиздир. Ана шундай касбининг фидойиларидан бири Андижон тумани Бўтақора қишлоғида жойлашган 27-умумий ўрта таьлим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Нодира опа Қамбаровадир.

Мазкур таълим даргоҳида узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган, меҳрибон, ўзига хос иш услуби билан шогирдлари қалбидан мустаҳкам жой олган Нодира опа ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, таълим-тарбия беради, уларни Ватанга, ота-онасига, жамиятга нафи тегадиган инсонлар бўлиб етишиши йўлида астойдил меҳнат қилади.  Ҳар бир дарсини қизиқарли, илғор педагогик технологиялар асосида, жонли, ўзгача услуб билан ўтади. Опа ўз ишининг етук мутахассиси, қолаверса, самимийлиги ва бошқа кўплаб инсоний фазилатлари билан нафақат ўқувчилар, жамоаси, балки эл-юрт орасида ҳам катта ҳурмат-эътибор топган.

Нодира  опа ўқувчиларга:   

Азиз болажонларим  сизлар  шу  юртнинг  келажаги,  бунёдкорисизлар. Ўқиб, улғайиб юрт байроғини  кўкларга  кўтариб, эришган ютуқларингиз билан Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишингиз керак, деган сўзларни жуда кўп айтади. Шу боис, у ўқитган ҳар бир боланинг шуурида ана шу фикр муҳрланган. Улар ҳамиша устози хоҳлаганидай Ватанга муносиб фарзанд бўлишга интиладилар.

Устозимиз айни кунда ҳам қадрдон мактабида  ўқувчиларга  билим бериб  келмоқда. Мен устозлар байрами олдидан  Нодира  опани, умуман, барча устоз ва мураббийларни  касб байрамлари билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчаларига соғлик-саломатлик, ишларида улкан  зафарлар тилайман.

 

 Моҳларой МУХТОРОВА,

 

Андижон тумани.

Профессия моя - гордость моя

Учитель! Какое прекрасное и чудесное слово. С профессией учителя связана вся моя жизнь. Более тридцати лет я проработала в одном месте - в школе № 50 города Андижан.

Все это время меня окружали высококвалифицированные учителя, которые дарили свой талант ученикам. Сейчас я заслуженном отдыхе, но все равно помню свою родную школу. С гордостью вспоминаю своих наставников.

Сейчас школа стала ещё краше, потому, что Туйчиева Лола Гайратовна - директор школы, заботиться о своих учителям и блогоустройстве школы.

В ознаминовании "Дня учителя и наставника" искренне хочу поздравить всех учителей с этым знаменательным днём и пожаловать каждому здоровья, счастья, долгых лет жизни, успех в труде и семейное благополучия! Я всегда Вас люблю, помню и уважаю дорогие коллеги.

 

Вера КАМАНИНА,

ветеран народного

 

образования.  

Қайнона одилона иш тутса, келин ҳам яхши тарбия топади

Ибратли оилаларимиз

Катта ҳовли. Уй саҳнида анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётибди. Қарийб 25 сотих келадиган томорқа олма, анжир, шафтоли, гилос, хурмо сингари турли-туман мевали дарахтлар билан тўла. Уларнинг остида помидор, карам, булғор қалампиридан тортиб кўкатларгача экилган. Ҳовлидан райҳон иси анқийди...

Бўз туманидаги "Нурафшон" маҳалласида жойлашган Умидахон опа ва Равшанбек ака Бобохўжаевлар хонадони ҳамиша мана шундай саранжом-саришта, ёғ тушса ялагудай. Кичик келин Ойдиной саҳар туриб ҳаммаёқни чиннидай тозалаб қўяди. Онасиникига борадиган бўлса, биронта ҳам иш қолдирмайди, бир кун олдин ҳаммаёқни ўзи айтмоқчи "генералний уборка" қилади. 

Ушбу оила тумандаги ибратли хонадонлардан ҳисобланади. Оила бошлиғи Равшанбек Бобохўжаев туман сув хўжалиги бошқармаси ходими. Фаолиятини бригадирликдан бошлаган мутахассис узоқ йиллар тумандаги турли массивларда раислик қилди. Умидахон опа билан бир ёстиққа бош қўйганига ҳам 25 йил бўляпти. Турмушлари давомида 4 фарзандни тарбиялаб вояга етказдилар, уйлаб-жойладилар. Қизлари Мухлиса ҳамшира, икки фарзанди бор, ўзидан тиниб-тинчиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ўғиллари Сардорбек, Дониёрбек, Давронбек, келинлари Шохсанам, Гулида ҳам турли соҳаларда меҳнат қилишади.

Айниқса, кенжа ўғил Давронбек анча ишбилармон чиқди, деҳқончиликда суяги қотди, мол-қўй боқади, изланади, интилади. Энг муҳими, ҳалол меҳнати билан оиласи даромади кўпайишига ёрдамлашади.

- Биз оилада 14 фарзанд бўлганмиз, 10 ўғил ва 4 қиз, - эслайди Умидахон опа. - Катта оилада ўсиб-улғайиш инсонга кўп нарса бераркан. Меҳр-оқибат, ҳамдардлик, ҳурмат-эътибор. Кўпчилик орасида яшаб ўргансанг, ёлғизликдан қўрқасан, инсоннинг қадрига етадиган бўласан. Келинларим, набираларим бир кун уйда бўлмаса худди йилдай туюлади. Бир ойда бир онасиникига кетишса, келгунларига қадар кўзим эшикда бўлади. Отам раҳматли келинларимизни "бировнинг азиз фарзанди, уйимни очиб ўтирадиганларим, сенлар эса бегонасан" дерди. Ҳозир у киши нақадар ҳақ бўлганини тушуниб етаяпман. Ўзингиз ўйланг, хонадондаги барча юмушларни бажарса, ош-овқатингиз иссиғида, вақтида ҳозир бўлса, набиралар туғиб бериб бағрингизни тўлдирса, жонингиз парчаси-ўғлингизнинг хизматини қилиб парваришласа, оқ ювиб-оқ тараб, ишга кузатса... Энг муҳими шу-ку. Нима учун келинларимни яхши кўрмаслигим керак?

Умидахон опа Бобохўжаевлар оиласига келин бўлиб тушганида 17 ёшда бўлганини, қайнонаси ўз қизидай кўриб барча юмушларни ўргатганини эслайди. Қайнонасининг "болам, иш дегани тугамайди, бир пас дам олинг, одам-одамга ғанимат" деб ёнига чақириб, она боладай гаплашиб ўтирганларини қўмсайди.

- Қайнонам 6 келиннинг барчасига сабр-тоқат билан оила тутумларини эринмасдан ўргатган. Унинг тарбияси, ўгитларини олиб кам бўлмадик. Ҳозир ўзимиз ҳам қайнонамиз. Қайнонадан ёлчигандим, худога шукр, келинларим ҳам яхши чиқди. Мен ҳам уларга қайнонадай эмас, онадай бўлишга ҳаракат қиламан, - дейди Умидахон опа.

"Қарс икки қўлдан чиқади", дейдилар. Оилада жанжал, можаро келиб чиқса ҳар доим ҳам бир киши айбдор бўлавермайди. Тинч-тотув ҳаёт кечиришни истамайдиган қайнонанинг ўзи йўқ. Қайнонага ёқишни хоҳламайдиган келин ҳам бўлмаса керак. Ҳар кимнинг ёмон томонлари билан бирга, яхши жиҳатлари ҳам бор. Муҳими, оилада бир-бирини тушуниш, бир-бирига ён босиш, камчиликларга кўз юмиб, фазилат ахтариш.

- Айрим тез пароканда бўлаётган оилаларимизда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда, - давом этади Умидахон опа. - Қайнона ва келинларимиз бир-бирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар, ўша оилада албатта тотувлик бўлади. Меҳр ва эътибор эса ҳар қандай муаммонинг ечими ҳисобланади. Ўзга хонадонга яхши ниятлар билан кириб борган ҳар бир келинчак оиланинг қонун-қоидалари, ўзига хос анъаналарини, албатта, қайнонасидан ўрганади. Агар оилавий муносабатларда қайнона одилона иш тутса, келин ҳам шундай тарбия топади.

- Умидахон опа маҳалламиздаги энг ибратли қайноналардан, - дейди "Нурафшон" МФЙ котиби Нилуфар Абдуллаева. - Аввал ибратли келин эди, энди ибратли қайнона бўлди. Келинларини тушунади, ҳадеб ёзғирмайди. Келинлари ҳам ўзларини билиб иш қилади. Тарбияли, рўзғорнинг пасту баландини тушунадиган. Хонадонга ҳамма ҳавас қилади. Ўғиллар -  баҳамжиҳат, меҳнаткаш. Қўни-қўшни, маҳалла кўй орасида обрў-эътибор топганлар. Бу оила "Ибратли оила" кўрик-танловининг туман босқичида ғолиблар қаторидан жой олди. Шунинг учун хонадон дарвозаси пештоқига "Ибратли оила" деган ёзувни осиб қўйганмиз.

Мустаҳкам жамият пойдевори бу оиладир. Энг биринчи қадам ҳам оиладан бошланади, энг буюк орзулар ҳам оилада туғилади. Аммо, бунинг учун оилалар тинч, бахтли ва соғлом бўлиши керак. Оиласида соғлом муҳит, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукмрон бўлган   фарзандларгина бахтли, жамиятга керакли инсон бўла олади.

"Фарзандларим, набираларим бахтли ва албатта жамиятга керакли шахс бўлишини истайман. Бу менинг шиоримдир", - дейди Умидахон Бобохўжаева.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА,

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ

Андижонда аёллар футболи ривожланади

аёл ва спорт

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда миллионлар ўйини ҳисобланган футболга, хусусан аёллар футболи ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда футболни ривожлантириш, футбол клублари, ихтисослаштирилган футбол мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада кейинги йилларда ўзбек футболи юксалиш йўлига кирди.

Жумладан, аёллар футболи ҳам тез ривожланиб бормоқда. Ёш қизларнинг футбол билан шуғулланишлари, иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари, аёллар футбол жамоаларининг тўлақонли фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хотин-қизлар ўртасида футболнинг оммавийлигини  оширишда мамлакат чемпионати олий лигасида иштирок этаётган аёллар жамоаларининг ўрни ва роли ниҳоятда катта, - дейди Андижон вилояти футбол федерацияси вице-президенти Бекзод Каримов. - Бу борада Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларидан ҳисобланган "Андижанка" клубида, умуман, вилоятда аёллар футболини ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Дарҳақиқат, "Андижанка" мамлакатимиз спорти тарихида ёрқин из қолдирган номдор жамоалардан бири ҳисобланади. Бой тажриба мактаби ва ўзига хос анъаналарига эга "Андижанка" футбол жамоаси кўплаб мусобақаларда муваффақият қозонган. Хусусан, Марказий Осиё аёллар чемпионатида тўрт бора, Ўзбекистон чемпионатида саккиз бора ғолибликка эришган, мамлакат кубогини қўлга киритган.

Клубда иқтидорли қизларни излаб топиш, ёш, маҳоратли футболчилар тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Клуб, вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, футбол федерацияси ташаббуси билан кейинги йилларда Андижон олимпия захиралари коллежи футбол бўлимида, шунингдек, Хўжаобод, Асака, Улуғнор, Қўрғонтепа, Бўз, Жалақудуқ, Пахтаобод, Шаҳрихон туманлари болалар-ўсмирлар спорт мактабларида қизлар футбол гуруҳлари ташкил этилди. Айни пайтда ана шу гуруҳларда 300 нафарга яқин қизлар футбол билан мунтазам шуғулланмоқда.

- Мактабимизда 3 та қизлар футбол гуруҳи ташкил этилган бўлиб, уларда 46 нафар қизлар футбол билан шуғулланади, - дейди Асака тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Илҳомжон Устахонов. - Қизларимизнинг футбол техникаси, қонун-қоидаларини пухта ўзлаштиришлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Футбол майдонларининг ҳолати яхши, барча талабларга жавоб беради, машғулотлар ўтказиш учун махсус макетлар, тренажерлар, етарли миқдорда футбол тўпларига эгамиз. Умуман, барча гуруҳларда назарий ва амалий машғулотлар юқори савияда ўтказиб келинмоқда.

Етук футболчилар тайёрлаш энг аввало, мураббий ва мутахассисларнинг тажриба ва малакасига, профессионал савиясига боғлиқ, албатта. Айниқса, қизлар гуруҳларида аёл мураббийларнинг иш олиб бориши самарали натижалар беради. Шу боис ҳам қизлар гуруҳлари машғулотларига аёл мураббийлар жалб этилмоқда. Айни кунда вилоятда футбол йўналишида 10 га яқин малакали аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда.

- Футбол билан шуғулланиш истагидаги қизлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Жалақудуқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Ҳилола Юнусова. - Улар орасида иқтидорли қизлар жуда кўп. Мақсадимиз ана шу ёшларни профессионал футболчи қилиб тарбиялаш, қолаверса, қизлар ўртасида футболнинг оммавийлигини ошириш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашдир.

Жорий йилда аёллар ўртасида "Андижон баҳори", "Яшил майдон маликалари" турнирлари ҳамда болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.

Андижон шаҳри, Улуғнор, Шаҳрихон, Пахтаобод, Бўз, Жалақудуқ, Асака ва Хўжаобод туманлари жамоалари иштирокида ўтган ушбу мусобақалар ёш футболчи қизларга ўз имкониятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг имконият яратди.

- Қатор турнирларда иштирок этиб, ўз имкониятларимизни синовдан ўтказдик, - дейди Улуғнор тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби футбол гуруҳи тарбияланувчиси Умидахон Хомидова. - Қолаверса, ана шу мусобақаларда маҳорат, тажриба ва ўйин амалиётимизни янада оширдик.

Вилоятдаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари жамоаларининг ўзаро ҳамда "Андижанка" жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши йўлга қўйилганлиги тарбияланувчиларининг маҳорат ва тажрибаларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, "Андижанка"нинг Ойгул Ёқубова, Адиля Раҳимова, Омадой Мингбоева, Ҳурматой Камолхўжаева сингари тажрибали футболчилар иштирокида маҳорат машғулотлари ташкил этилаётганлиги ҳам ёш футболчи қизларни янада руҳлантирмоқда.

Олиб борилаётган юқоридаги каби саъйи ҳаракатлар самараси ўлароқ, келгусида Андижонда аёллар футболи янада ривожланади. Қолаверса, бугун ўзининг ғолиблик анъаналарини бироз унутиб, мамлакат биринчилигида ўртамиёна жамоалар сафига тушиб қолган "Андижанка" жамоаси ҳам албатта, юқори ўринларга кўтарилади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон

Энг улуғ, энг буюк кошонам - Ватан,

Саждагоҳ билганим остонам - Ватан,

Бобур киндик қони тўкилган макон,

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон.

 

Боғларда анор-у, олмалар пишган,

Тоғларда лола-ю, гуллари ўсган,

Шоирлар шеър битган, кўхна, навқирон,

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон.

 

Санамлари дўппи тикар ипакдан,

Ўғлонлари моҳир ҳар бир жиҳатдан,

Эркаги-ю, аёли меҳнатда ҳар он,

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон.

 

Боғлари  мева-ю, гулларга тўлган,

Аждодлари ҳурмат-иззатда бўлган.

Аллоҳ назар солган тенгсиз бир макон,

Тупроғинг тўтиё, азиз Андижон.

 

 

Нилуфар ТурСУНБОЕВА, Пахтаобод тумани.

Қўшма корхонада хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг йиғилиши бўлиб ўтди

Андижон шаҳридаги "Уз Донг Янг Ко" қўшма корхонасида хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Уз Донг Янг Ко" қўшма корхонасида айни кунда мингга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг 200 га яқинини хотин-қизлар ташкил этади.

Йиғилишда вилоят ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раҳбар ва ходимлари, Корхона раҳбарияти,  бошланғич хотин-қизлар ташкилоти аъзолари, вилоят ва Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда сўз олган қўшма корхона бош директори Азамат Fофуров жамоада меҳнат қилаётган  аёлларнинг қувончу ташвиши, ютуқ ва муаммоларидан бохабар этиб турувчи, раҳбар ва ишчи аёллар ўртасида кўприк - бошланғич хотин-қизлар қўмитаси томонидан самарали ишлар олиб борилаётганлигини  таъкидлади.

Йиғилишда қўшма корхона бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Шоҳистахон Назированинг ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг сўз олганлар ҳисобот ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳрирдаги Устави лойиҳаси ҳақида ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Бошланғич ташкилот фаолиятини қониқарли баҳоладилар.

Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда  Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида гапирди.

Йиғилиш кун тартибида белгиланган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Шоҳистахон Назирова корхона бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси этиб сайланди, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси конференциясига делегатлар сайланди.

Якунда корхонада самарали меҳнат қилиб келаётган илғор ва фаол ишчи аёлларга вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Муаззам  ИБРОҲИМОВА

Аёллар учун янги спорт-соғломлаштириш маркази

Андижон шаҳрида "Фит макс" спорт-соғломлаштириш маркази иш бошлади. Аёллар учун мўлжалланган соғломлаштириш марказида массаж, шейпинг, йога, фитнес диагностика, тўғри овқатланиш режаси бўйича тавсиялар, савдо ва рецепция бўлими, кардио-зонали тренажёр зали, рақс тўгараклари фаолият кўрсатади.

Тадбиркор Шаҳноза Fиёсова саъйи ҳаракати билан, банкдан олинган 172 млн. сўм имтиёзли кредит ҳисобига бунёд этилган марказда бир пайтнинг ўзида 30-40 нафар хотин-қизлар шуғулланиш имкониятига эга.

- Марказимизда спорт соҳасининг етук мутахассислари, жаҳон ва олимпиада мусобақаларида муваффақиятларга эришган малакали мураббийлар аёлларнинг қоматини тиклаш, саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган махсус машқ дастурларини олиб борадилар, - дейди тадбиркор. - Аёлларимиз куннинг исталган пайтида, уй юмушларидан бўшаб шуғуллана олишлари учун узлуксиз машғулотлар жадвалини тузганмиз. Мақсадимиз хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аёлларнинг саломатлик борасидаги муаммоларини ечишда кўмаклашиш.

Марказнинг очилишга бағишланган тадбирда  вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

Муборак ТОИРОВА