+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Вужудимга жон бахшида юрагимсан, Ватаним!

Қайга бормай, шошиб яна бағрингга қайтаман,

Ким сўраса, ғурурланиб ўзбеклигим айтаман.

Ўз уйимда бекман, дея бошим мағрур тутаман,

Мозийлардай умрбоқий тилагимсан, Ватаним,

Вужудимга жон бахшида юрагимсан, Ватаним!

 

Буюкларга бешикдурсан, улар сенинг фарзандинг,

Тўмарис, Широқлардек бағринг тўла полвонинг.

Оқладилар  берган ризқ - ҳалол нон ва тузинг,

Мозийлардай умрбоқий тилагимсан, Ватаним,

Вужудимга жон бахшида юрагимсан, Ватаним!

 

Алмашмасман чимдим тупроғингни тиллога,

Зийнатдирсан, гавҳардирсан бу ёруғ дунёга,

Сажда қилгум тоабад, менгзаб каъбатиллога,

Мозийлардай умрбоқий тилагимсан, Ватаним,

Вужудимга жон бахшида юрагимсан, Ватаним!

 

Таърифингни сўйлар бўлсам, йўқ сира адоғи,

Сен - онамсан, борлиғимсан, умрим нур, чироғи.

Сен борки, яшнаб турар кўзгинамнинг қароғи,

Мозийлардай умрбоқий тилагимсан, Ватаним,

Вужудимга жон бахшида, юрагимсан, Ватаним!

 

Дилафруз АБДУЛЛАЕВА,

 

Жалақудуқ туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

АНДИЖОНДА ҚИЗЛАР САЙЛИ

Халқаро қизлар куни муносабати билан Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари коллежида  "Биз - соғлом, баркамол ва оқила қизлармиз" шиори остида қизлар сайли бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси,  касб-ҳунар ва халқ таълими   бошқармалари, вилоятдаги олий ўқув юртлари ҳамкорлигида қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида миллий анъана ва қадриятларни кенг  тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, пухта билим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши, китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, ёш иқтидор соҳибаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг онг-тафаккурини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

Сайлда ёшларнинг ўзлари тайёрлаган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, ёш мусаввирларнинг ижод намуналари кўргазмалари, шунингдек, қатор танловлар, қизлар ўртасида миллий ва спорт ўйинлари ўтказилди.

- Халқимизнинг ўзига хос бетакрор миллий қадрият, анъана ва урф-одатлари қизлар ўртасида ўтказилган соч ўриш, лапар айтиш, "Моҳир пазанда", " Моҳир ҳунарманд"  каби қизиқарли беллашувларда яна бир бор бўй кўрсатди, - дейди вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси Ёрқиной Нишонова. - Айниқса, ҳунарманд қизлар томонидан тайёрланган совғабоп буюмлар, миллий каштачилик, зардўзлик, амалий санъат намуналари момоларимиз ардоқлаб келган анъаналарнинг умри боқийлигидан дарак берди. Қолаверса, тадбир турли йўналишларда кўплаб иқтидорли қизларни кашф этди.

Тадбир доирасида ўтказилган спортнинг енгил атлетика, дартс, шахмат-шашка турлари, шунингдек, арқон тортиш,  "Қоч болам, сор келди" сингари миллий ўйинлар бўйича беллашувларда ёшлар жамоалари ўзларининг маҳорат ва имкониятларини синовдан ўтказди.

Меҳнат фахрийлари, кекса онахонлар, ҳуқуқшунослар иштирокида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли иллатлар, хусусан, диний-ақидапарастлик оқимлари ғоялари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мавзуларидаги суҳбат ва мулоқотлари қизларнинг ана шу йўналишлардаги билим ва тушунчаларини бойитди.

Сайлда фаол иштирок этган қизлар, танлов ва беллашувларда ғолибликни қўлга киритган қизлар жамоалари диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Қизлар сайли тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ ҲИСОБОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Хўжаобод туманидаги 9-сонли мусиқа ва санъат мактабида туман хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, қўмита ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Конференцияда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳидилхон Нишонованинг ҳисоботи тингланди. Ҳисоботда туманда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш,  оилаларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз борди.

Музокараларда сўз олган Андижон давлат университети хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Умидахон Аҳмедова, меҳнат фахрийси Марварид Худойбердиева, амалиётчи-психолог Неъматхон Йўлдошева, "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Баҳринисо Акбаровалар қўмитанинг хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида ибратли ишларини эътироф этиб, қўмита фаолиятини ижобий баҳоладилар.

Хотин-қизлар йўналишида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳидилхон Нишонова қўмита раислигига қайта сайланди.

Конференцияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, вилоят хотин-қизлар конференциясига делегатлар сайланди.

Тадбир якунида тумандаги бир гуруҳ илғор ва фаол хотин-қизлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Дилбарой АБДУНАЗАРОВА,

 

Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИГА ИЖОБИЙ БАҲО БЕРИЛДИ

Балиқчи тумани хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда  туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гўзалхон Деҳқонованинг ҳисобот маърузаси тингланди.

Айни кунда туманда 95 мингдан зиёд аёллар истиқомат қилади. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва унинг 500 га яқин бошланғич ташкилотлари томонидан опа-сингилларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Музокараларда сўз олган "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Л. Қорабоева, халқ таълими бўлими мудири Н. Ҳамидовалар ҳисобот даврида қўмита томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибога молик ишлар амалга оширилганлиги, бир сўз билан   айтганда, аёлларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун олиб борилаётган саъйи-ҳаракатлар кўлами кенгайганлиги эътироф этилди. Шунингдек, анжуманда вилоят ҳокимлиги вакиллари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ф. Бузруков, Марказий банк вилоят бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси С. Мирзажонова қўмита фаолияти ҳақида, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Конференцияда делегатлар томонидан Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Қўмитанинг  бошқарув таркиби, Қўмита раиси, назорат-тафтиш комиссияси таркиби ҳамда вилоят хотин-қизлар конференциясига делегетлар сайлаш масалалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

   Барно ҲАЙДАРОВА

БОЛАНГИЗДАН ВАҚТИНГИЗНИ АЯМАНГ

Ҳаёт - ибрат мактаби

Бир ота кичкина қизига унча вақт ажратмас, "ишим бор", "чарчаганман", "кейинроқ ўйнаймиз" деган сўзларни айтиб, қизи билан ўйнашдан, у билан гаплашишдан қочар эди.  Кунлар шу тарзда ўтаверди. Бир куни дадаси ишдан қайтганида қизи кутиб олди ва ундан сўради:

-      Дадажон, сиз бир соатда қанча пул топасиз?

Отаси ҳайратланиб:

-      Юз минг. Аммо, сен буни нимага сўраяпсан, деди.

Жажжи қизчаси эса:

-      Менга эллик минг бериб тура оласизми, дадажон? - деди.

Ҳеч нимани тушунмаган дадаси ҳамёнидан эллик мингни олиб, қизига берди. Пулни олган қизалоқ чўнтагидан ўзи йиққан пулларни чиқарди. Энди унда юз минг пул бўлганди. Пулларни дадасига узатиб, маъюс ҳолда:

-      Мана шу юз мингни олиб, менга бир соат вақтингизни ажрата оласизми, мен билан бирга ўйнайсизми, дадажон.., - деди.

-      Ҳайратдан қотиб қолган ота, сумкасини бир чеккага улоқтириб, қизалоғини бағрига босди ва бундан кейин у билан соатлаб ўйнайдиган, суҳбатлашадиган бўлди. Бу зарба отани батамом ўзгартирган эди.

Азиз оталар, оналар! Сизга ҳам бу каби зарбалар келиб тушишини кутиб ўтирманг. Бу зарбалар доим ҳам бўлавермайди. Огоҳ бўлинг, фарзанд тарбиясида кечикманг, кўзингизни очинг!

Жалолиддин Румийнинг  қуйидаги ҳикматлари ҳар доим ёдимизда бўлсин:

"Кўряпман", дейсан. Аммо уни кўришнинг аниқ-тиниқ нишонлари бор. Денгизнинг кўпигини кўрдингми, денгизни ҳам кўрасан. Кўпикни кўрган сирларни айтади, денгизни кўрган эса ғафлатда қолади.

 

 

Иноятхон Мирҳайдарова, Булоқбоши тумани.

ЁШИ ЎТГАН ҚИЗЛАРНИНГ АЙБИ НИМА?

Мулоҳаза

Танишларимдан бири укаси хотини билан уч йил бирга яшаб, ажрашиб кетгани, қайта уйлантириш тараддудида эканликларини айтиб, "яхши қизлар бўлса, топинг",  деб қолди. 

- Укангизнинг ёши нечада, касб-кори нима? Неча ёшлардаги қиз бўлиши керак?, - дея сўрадим.

Жувон:

 - Ўқиган бўлсин, шифокорми, ўқитувчими фарқи йўқ, "ёши ўтиб қолган, 25 ёшлар атрофидаги  қиз бўлса, яхши. Укамнинг ёши 32 да. Ёши ўтган қизга харидор бўлсак, уйдагилари "жон" деб беради! - деб жавоб берди.

Унинг бу гапидан очиғи, жаҳлим чиқди. Нега олий маълумотли қизни уйланган йигитга уйидагилари "жон" деб бериши керак? Танишимнинг сурбетларча мулоҳазаси унинг маънавияти паст инсон эканлигини кўрсатади.

Ота-онанинг айби "қизимнинг нони бутун бўлсин", турмушга чиқса, рўзғор аравасини эрига ташлаб қўймай биргаликда тортишсин", дея қизларини ўқитгани, ўқиш билан бўлиб, қийналмаслиги учун эрта турмушга бермаганими?

Ёки ўқиган қизнинг айби мактабни битирмасидан эрга тегишни орзу қиладиган тенгдошларига ўхшамай илм олишни, маънавиятли бўлишни хоҳлаганими?

Ҳар бир инсон қатори қизлар ҳам орзу-хавас ҳақида ўйлашга хақли. Лекин ўйлаб қарасам, баъзи бир қизлар ўқийман, ҳаётда ўз ўрнимни топаман, деб турмуш қуролмай қолиб кетадилар. Бундай ҳунарли ва ўқимишли қизлар шаҳримизда ҳам талайгина. Балки шу боисми, қизим фалончининг қизига ўхшаб ўтириб қолмасин деб, ота-оналар ҳам қизларини эрта узатиш тараддудига тушиб қолишади. Йигитларнинг ота-оналари эса ёши ўтган қизларни келин қилишни хоҳлашмайди. "Бир балоси бордирда, шунинг учун беришмаган" ёки "яхши қиз бўлса қолиб кетармиди", қабилидаги тушунча билан яшайди.

Лекин ёш турмуш қуриб, ҳаётнинг паст-баландини тушунмай, рўзғорнинг ғорларида адашиб, бегона уйнинг тошу тарозисига кўнолмай қийналган, рўзғори бузилган қизлар қанча? Ёш оилалар ўртасида жанжаллар, ажримлар кўпайиб бораётган бўлса-да, негадир, кўпчилик ёш қизни келин қилишни    маъқул кўради.

Бир куни маҳалламиздаги хонадонлардан бирида тўй тараддуди бошланди. Куёв бўлмиш "тўйга пул топаман" деб, бир неча йилдан буён хорижда ишларди. Ёши 27 ларда. Йигит яна ишлагани кетармиш, деб тўйни тезлаштиришди.   Кейин билсам, келин бўлмиш қиз эндигина 17 ёшга тўлган экан. "Нега бунча ёш қизни олаяпсиз, ўзи тенгқур қизга уйлантирсангиз бўлмасмиди?", десам, қайнона "қариқиз"ни бошимга ураманми?! Ёши ўтган қизларнинг "пихи қайрилган" бўлади. Ёш қизларни эгиб олиш осонроқ, деб қолди.

Оналаримизнинг бу каби тушунчалари туфайли  ўқиб, ҳаётнинг пасту баландини тушуниб, маънавият эгаси бўлган не-не ўқимишли қизлар "ёши ўтган" тамғаси остида қолиб кетаётганликлар аслида бутун жамиятимизни ташвишга солиши керак бўлган муаммодир.

Бир куни бехосдан икки йигитнинг суҳбатини эшитиб қолдим.

 Биринчи йигит:

- Онам иккита қизга совчиликка борибди. Бири уйда ўтирадиган, ёши 18 да, иккинчиси эса 24 ёшда, олий маълумотли экан. Бошим қотиб қолди. Ошна, сен нима дейсан, ахир уйлангансан. Оз бўлсада ҳаётий тажрибанг бор. Маслаҳат бер, қайси бирига уйланганим яхши.

Иккинчи йигит:

- Ошна, олий маълумотли қизга уйлан. У ҳаётни, оилани тушунади. Маслаҳат сўрасанг, тўғри жавоб беради. Келажакда фарзандларингга яхши таълим-тарбия беради. Маълумоти бўйича ишласа, оилангга моддий тарафдан ҳам ёрдам бўлади. Ўзига қараб юради, чиройли кийинади. Одам ёши улғайган сари ҳаётий тажрибаси ҳам ортиб боради, рўзғор ишларига ҳам уқувли бўлади. Мана мен, масалан, ота-онамнинг хоҳишига кўра, 17 ёшли қизга уйландим. "Телефон ушламаган, яхши қиз", деб онам холи жонимга қўймади. Уйландим. Суҳбатлашаман, десам, фикрлашлари ҳали ҳам мактаб ўқувчисиникидек. Ўзи чиройли, камсуқум, аммо на муомалани билади, на уй ишларини рисоладагидек бажаради. У билан зерикаман, фарзандли бўлсак болаларимга қандай тарбия берар экан, деб ўйланаман. Шунинг учун ўқимишли қизга уйланганинг дуруст.

Йигитнинг гапларидан очиғи, хурсанд бўлдим. Қанийди, ҳамма ҳам шундай фикрласа. Аммо, тан олайлик, ўқимишли, лекин ёши ўтиб қолган қизни келин қилишни истаганлар кам!

Шу ўринда бўлажак қайнона-қайноталарга, куёболаларга айтар сўзим бор. Унутманг, зиёли аёл уйингизга кўрк бўлади, фарзанд тарбиясида ҳам чиройли йўл тута олади.  Ахир, болага асосий тарбияни она беради-ку. Ўқийман, илм оламан, деб ёши ўтиб қолган қизлар ҳам инсон, уларнинг қалбида ҳам олам-олам эзгу орзу-умидлари бор. Бахтли оила қуриб, бахтли яшашни, ўзи тушган хонадонга қувонч келтиришни, ўша хонадонда палак отишни истайди.  Энг муҳими, у ҳаётнинг қадрига етади, оиласининг мустаҳкам бўлиши учун билимга, муайян тажрибага эга.     Наслингиз давомчиси - келин танлашда аслида мана шу жиҳатлар муҳим эмасми? Ёши ўтган бўлса-да, ҳунарли, билимли қиз албатта, оилангизга қувонч олиб келади.

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли.   

КИТОБ - ЁШЛАРНИ FУРУРЛИ ҚИЛАДИ

Мушоҳада

Болалигимиздан кўп ўқишимиз кераклигини таъкидлаган онам, доим бизга бадиий       китоблар олиб келарди. Мисоли кутубхонадек дарсхонамизга ҳамма тенгдошларим ҳавас қилардилар. Ана шундай тарбия, муҳитда ўсганлигимиз боис, бугун фарзандларимизга ҳам ана шундай шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз, уларнинг келажаги ёруғ бўлсин.

Ҳар бир инсон маънавиятли бўлса яхшида. Маънавиятнинг негизи эса дин, адабиёт, санъат, фанни ўрганишда, китоб ўқишда, таълим-тарбияда. Демак, бобомерос, момомерос туйғуларни асраган, китоб ўқиб, уққан  ёшларнинг маънавияти юксак, одоб-ахлоқи бенуқсон бўлади.

Дарҳақиқат, китоб - болаларимизни тарбиялаш билан бирга, ғурурли бўлишга ўргатади. Fурур нима? Тароватли тонг ҳиссини туйиб, кечга қадар кунни фойдали машғулотларга сарфлаш, ўз ҳурматини билиб яшаш, ўзганинг қадрига етиш. Оилада, маҳаллада, жамоада ҳуда-беҳудага сўзламай, одоб билан ўз обрўсини сақлаш, маънили гапларни гапириш. Қайсидир дамда ҳақиқатни ёқлай олиш. Эзгулик томон тура олиш, яхши-ёмонни фарқлай билиш. Эрки, эли учун яхшилик соғиниш. Китобхонлик саодати ила азизу мукаррам бўлиш.

Китобсеварлик инсонни кўнгил чароғонлигига эриштириб, элда азиз қилади. Китоб - кишини миллатни севишга, керак бўлса жон фидо қилишга ўргатади, ғурурли инсон қилади. Шу боис ҳам бугун биз катталар, айниқса, оналар фарзандларимизни китоб ўқишга қизиқтирайлик, уларга мутолаа завқини туйишни ўргатайлик. Энг муҳими, қўлига китоб тутган ёшнинг эртаси ёруғ эканлигини асло унутмайлик.

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ тумани,

 

Ойим қишлоғи.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошида ижодкор Рўзихон Иминова раҳбарлигида бир неча йилдан буён "Уммон" адабий тўгараги самарали фаолият юритиб келади. Тўгарак аъзоларини асосан Асака туманида яшаб, ижод қилаётган турли ёшдаги, турли касб-кор эгалари бўлган қаламкашлар ташкил этади. Уларнинг сафида ёш ижодкор қизлар ва аёлларнинг борлиги қувонарлидир.

Кейинги йилларда адабий тўгарак аъзоларнинг ижодлари улар томонидан чоп этилган "оооооо", "оооооо". "Оооооо" сингари шеърий ва насрий китоблар орқали ўқувчиларга тақдим этилди. Мухтасар айтганда, ижод завқи билан яшаётган тўгарак аъзолари ўзларининг гўзал, ўзига хос ижод намуналари билан ўз мухлисларини баҳраманд этмоқда.  Қуйида "Уммон" адабий тўгараги аъзоларининг ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

ВАТАН

Ватан - онам дедим эркалаб, суйдим,

Бағрингда меҳринг тафтини туйдим,

Бошингга ғам келса, болангман - куйдим,

Тилимдан томганим болимсан, Ватан,

Жисмим аро уйғоқ жонимсан, Ватан.

 

Етти иқлим ичра ягонам ўзинг,

Қалбимдан чертилган таронам ўзинг,

Иқболи порлаган кошонам ўзинг,

Тилимдан томганим болимсан, Ватан,

Жисмим аро уйғоқ жонимсан, Ватан.

 

Юртим, баҳорларинг, ёзинг ўзгача,

Қўшиғинг, мақоминг, созинг ўзгача,

Ишқинг, муҳаббатинг, нозинг ўзгача,

Тилимдан томганим болимсан, Ватан,

Жисмим аро уйғоқ жонимсан, Ватан.

 

Файзихон ШАРИПОВА

 

КУЗ

Кўм-кўк ғўзаларда мисли қор бўлиб,

Лўппи-лўппи пахта чаноқ тоширар.

Йиғилган мўл ҳосил хирмонга тўлиб,

Деҳқоннинг меҳнати завқин оширар.

 

Олтиндек товланар ишкомда узум,

Анорнинг ҳам сабри тўлиб ёрилди.

Қовуну тарвузлар тузишиб битим,

Тилларни ёргудек болга қорилди.

 

Келинчак мисоли бош солиб шоли,

Кўзларин қувнатар заҳматкаш дўстин.

Шохлардан бол тўкар анжир, шафтоли,

Ёнғоқлар мўралаб ташлайди пўстин.

 

Юзимга урилар шаббода ғир-ғир,

Ям-яшил япроқлар олар тилло ранг.

Аста шивирлайди томчилаб ёмғир,

"Фасллар улуғи - куз келди, қаранг!"

Давлатхон ВАЛИЖОН қизи

 

ЎҚИ, БОЛАМ!

Китоб ўқисанг сен, олим бўласан,

"Ўқи, болам", десам юзинг бурасан.

Қўлингда телефон, пешонанг тириш,

Тор шим, калта кўйлак, бу нима юриш?

 

Олим бўлсанг, болам, олам сеники,

Жаннатмакон ўлка феъли кенгники.

Замона тинч, яйра, билим ол, болам,

Шеърлар ёз, қўлингдан тушмасин қалам.

 

Шоир бўл, доктор бўл, ёки муаллим,

Ҳатто қурувчи ҳам олади таълим.

Кенг имкон эшиги очилган сенга,

Асло баҳоналар топмагин менга.

 

Сен яшамоқдасан озод Ватанда,

Қадрига етмасанг жуда ёмонда.

Увол қилмагин сен бу азиз умринг,

"Ўқи, болам", бўлсин ғуруринг, оринг.

Маҳфуза РУСТАМОВА

 

КЎНГЛИМГА

Сен энди беқарор бўлмасман дегандинг,

Эй кўнглим, севгисиз тўлмасман дегандинг,

Усиз ҳатто энди ўлмасман дегандинг,

Кўнглим-ей, мен сендан аразлаб қолдим.

 

Ахир, боқмагандинг қанча хорларга,

Қўйнингда хок - тупроқ бўлган зорларга,

Энди қўл тутяпсан эски ёрларга,

Кўнглим-ей, мен сендан аразлаб қолдим.

 

Унутдингми, сени тупроққа отган,

Ўшалар эди-ку вафони сотган,

Сен ахир, ўзинг-ку гуноҳга ботган,

Кўнглим-ей, мен сендан аразлаб қолдим.

 

Мен сенга ниҳоят бердим-ку борим,

Умримнинг сўнггида топган баҳорим,

Сенга камми ёки бу бахт, хуморим,

Кўнглим-ей, мен сендан аразлаб қолдим.

 

Энди, кўнглим, қайтгил, кечмагин мендан,

Кўнглим-ей, мен сендан аразлаб қолдим.

Рўзихон ИМИНОВА

 

СЎРАНГ

Ватаннинг қадрини, она меҳрини,

Дўстлар соғинчини, ёрнинг васлини.

Райҳонли ҳовлининг ажиб сеҳрини,

Ўзга юртда юрган йигитдан  сўранг.

 

Бегона тупроқда нонга зор бўлиб,

Кимгадир хор бўлиб, кимга зор бўлиб.

Мусофир жойларда интизор бўлиб,

Ўзга юртда юрган йигитдан сўранг.

 

Меҳнат қилади у эрта-кеч, қаранг,

Жудолик азобдир, асаблар таранг.

Билмоқчи бўлсангиз холига қаранг,

Ўзга юртда юрган йигитдан сўранг.

 

Тер тўкиб ишлаган пулин ололмай,

Жонига куйгувчи бир жон тополмай.

Азобда дардига малҳам тополмай,

Иложсиз, дарбадар юргандан сўранг.

Умида ЭШОНОВА

 

ТИНЧЛИК БЎЛСА БАС

Бизга тинчлик бўлса бас, керакмас мол-дунёлар,

Қайнаб чиқсин булоқлар, жўшиб оқсин дарёлар.

 

Чарақласин юлдузлар, ярақласин кундузлар,

Кўпайсин боғ-бўстонлар, гулга тўлсин саҳролар.

 

Обод-кўркам юртимда нурли бўлар наҳорлар,

Ўзга эллар ҳавасда, бўлсин бизга шайдолар.

 

Боғ-роғлар бўлсин бунёд, эркин ўссин зурриёд,

Омад қучсин йигитлар, хиром этсин зеболар.

 

Ёшлар етиб бўйларга, тўй улансин тўйларга,

Муродига етсинлар, Ширин, Лайло, Зуҳролар.

 

Тинчлик барқарор бўлса, етар авжи самога,

Мақсадий битгай ғазал, куйлар Мухсин, Яҳёлар.

Олимжон АҲМЕДОВ

 

ПОЙИНГДАДУР

Ёр, такаллум айласанг ким жон фидо пойингдадур,

Ишқ аро меҳринг мурувват қилгали жойингдадур.

 

Не сабабдин бундайин кўксинг яро деб сўрмагин,

Бул яро қилган мани ул икки қош ёйингдадур.

 

Гар хусуматдин рақиб кўнглима озор айласа,

Боиси, ҳаргиз демам, бил, хоҳишу-ройингдадур.

 

Нолишим етса фалакка ўлсам мисли андалиб,

Билки, жоним Аршда, лек руҳим Бухорийингдадур.

 

Васли толейинг насиб этгунча ман шохман жунун,

Сен қуёш балки дурурсан, бир гадо ойингдадур.

 

Дилкушо Равшан менга эй, излама, йўқдир, бироқ,

Бир меҳр бергил, меҳр то равзаи пойингдадур.

Равшанбек ЗОКИРОВ

 

БАЪЗИ ДЎСТЛАРГА

Fазаб билан қарасангиз ҳам,

Кулиб боқай кўзларингизга.

Сиз қайрилиб қараманг, майли,

Қулоқ тутай сўзларингизга.

 

Тикан санчинг юраккинамга,

Гуллар экай мен сизга атаб.

Тошлар отинг беаёв ҳар дам,

"Раҳмат" айтай мен сизга қараб.

 

Fийбатимни қилиб юрингиз,

Узатайин сизга қўлимни.

Токи ўша тош қалбингизда,

Ундирайин меҳр гулини.

 

Ҳурматой АЗИМШЕР қизи

 

ШОҲСАНАМГА

Оқ қоғозга хатоларим ёзиб чиқинг аламдан,

Токи хафа бўлай мен Сизданмас, қаламдан.

 

Дил шишаси бутун қолсин синмасдан бу тун,

Жуда-жуда қўрқаман кўнгил деган оламдан.

 

Ошиқликнинг расмида ошиқ қулдир, маъшуқ шоҳ,

Бўлойин неча хафа менга у шоҳ санамдан.

 

Чин ошиқлар хатоси фазли бўлиб саналгай,

Ногаҳонда ҳурликка чиқдим-да бу оламдан.

 

Асрори дил изҳорим қилдим тараххум этди,

Бошим осмонга етди Шоҳим қилган карамдан.

Асрориддин ИСМОИЛОВ

 

ДАВРОН АЗИЗ

Тарк этарга хоҳишим йўқ, менга шу даврон азиз,

Бошим узра кавкабистон, гардуну гардон азиз.

 

Ёшлигим тарк этса ҳамки, дилда минг орзу, ҳавас,

Шул сабабли менга ҳар зум, лаҳзаю ҳар он азиз.

 

Бир ниҳолдек шу Ватан тупроғида ўсдим униб,

Ушбу боис унга ишқу эътиқод, иймон азиз.

 

Умримизда бир нафас ғам, бир нафас шодлик экан,

Бошдан ўтган барча лаззат бирла ғам, армон азиз.

 

Бир томонда севгили ёр, ҳамда қобил зурриёд,

Бир томонда дўсту ёр-ла суҳбати жонон азиз.

 

Ҳар тирик жон  борки, унга бир куни ҳақдир ўлим,

Шул сабаб пок ризқу-покиза виждон азиз.

 

Толибий, шукрона айтгилким, мукофот бу умр,

Мухлисинг берган баҳолар сенга юз чандон азиз.

Толибжон ЮСУФЖОНОВ

 

ОНАЖОН

Қадоқ қўлларингиз ғуборин олай,

Нурсиз кўзингизга нур бўлиб қолай.

Ўксик қалбингизга шамчироқ бўлай,

Мен сизни соғиндим, азиз онажон.

 

Мунис чеҳрангизда соғинч кўраман,

Элликдан ошсам ҳам сизга боламан.

Шукр, мана энди мен ҳам бувиман,

Мен сизни соғиндим, азиз онажон.

 

Турмуш ташвишлари бугун бошимда,

Кетма-кет уюлиб келар қошимга.

Қадрингизга етдим эллик ёшимда,

Мен сизни соғиндим, азиз онажон.

 

Тангридан тилайман сизга бардамлик,

Тани сиҳатлигу тинчлик-омонлик,

Бу дунёда кўрманг, асло ёмонлик,

Мен Сизни соғиндим, азиз онажон.

 

Рўзихон МИРЗАЕВА

БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ОТА-ОНА

Огоҳлик

Дин ниқоби остида дунёни остин-устун қилаётган ғаламислар бугунги кунда бир қанча мамлакатларнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлмоқда.

Бугун дунё бўйлаб юз бераётган даҳшатли воқеалар, бейб инсонларнинг бевақт ўлими, қадим аждодлардан мерос инсоният тарихининг дурдоналари бўлган қатор ноёб иншоотларнинг террорчилар томонидан вайрон этилиши ниҳоятда ачинарлидир.

Ислом динида шаҳид, деган ибора бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) замонида Ислом дини энди тарқалиб бораётган даврда мушриклар, бутпарастлар ислом дини тарқалмаслиги учун жон жаҳдлари билан курашганлар. Улар ислом динига кирганларни, уларнинг бола-чақаси, қариндош-уруғларини аёвсиз ўлдира бошлаган. Ана шунда пайғамбаримиз (с.а.в.) ислом динини сақлаб қолиш ҳамда уни кенг тарқалиши учун курашга отланадилар. Бу йўлда қурбон бўлганлар шаҳидлар, деб аталган.

Аммо, ҳозирги кунда белига портловчи моддалар боғлаб, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлаётганларни шаҳидлар қаторига қўшиб бўладими?

Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: "Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради" ("Бақара" сураси,       195-оят).

Юқоридагилардан кўринадики, исломда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналиб, бундай киши шаҳид эмас, балки дўзахий бўлиши таъкидланган.

Бугун ёшларимиз орасида билиб-билмай тўғри йўлдан адашиб, турли оқимларга қўшилиб қолаётган,  ислом дини ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмай туриб, ўзини дин пешвосидай тутиб, динимизга зид бўлган ишлар билан шуғулланаётганларнинг борлиги барчамизни ташвишга солади. Назаримда бундай нохуш ҳолатнинг асосий сабаби, оиладаги носоғлом мухит, қолаверса, билимсизликдир.

Ота-онанинг фарзандлари ёнида урушишлари, бир-бирини беҳурмат қилишлари, оиладаги моддий етишмовчилик каби бир қанча сабаблар орқасидан ёшлар ана шундай нотўғри йўлларга кириб қолмоқдалар. Оммавий ахборот воситалари орқали алданганлар ҳаёти ҳақида бот-бот ҳикоя қилинса-да, яна айрим ёшларимиз фирибгарларнинг найрангларига ишонмоқдалар.

Ислом дини ниқоби остида иш юритаётган ақидапароастлар ёшлар онгини заҳарлаб, моддий томондан қўллаб-қувватлаб, ўзлариинг шерикларига айлантириб олмоқда. Лекин тинч, осуда ҳаёт кечираётган халқнинг ҳаётини дўзахга айлантираётган, бир-бирини отиб ўлдираётган, чиройли бино - иншоотлар кулини кўкка совураётган, на отани, на онани тан олмайдиган манқуртларни ким деб аташ мумкин?

Биз катталар иш, оила ташвиши деб елиб-югурамиз, фарзандлариимиз учун етарлича вақт ажрата олмаймиз. Аслида ўша манқуртлар ҳам кимнидир фарзанди, уларнинг ота-оналари ҳам ўз жагарбандини мана шундай қабиҳ йўлга киради, деб ўйламаган, албатта. Фақат эътиборсизлик, бепарволик туфайли улар шу йўлга кириб қолганлар. Зеро, ҳар бир ота-она ўз фарзандига ишонади, «ёмон йўлга кирмайди, ҳар-хил оқимларга қўшилмайди»,  деб ўйлайди, лекин ана шу ўйлашнинг ўзи етарлимикан?

Минг афсуски, террорчилар, ақидапарастлар орасида ёшларнинг борлиги биз катталарнинг айбимиздир. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Агар биз оилада, маҳаллада, турли йиғинларда ёш авлодни огоҳликка, тўғри йўлдан боришига даъват этиб турсак, уларни назоратсиз қолдирмасак, ишонаманки, фарзандларимиз ҳеч қачон бундай террорчи оқимларга қўшилмайди.

Муяссархон ХОЛИҚОВА,

 

педагог.

БАДИИЙ ГИМНАСТИКАНИНГ ЖОЗИБАЛИ ҲАРАКАТЛАРИ МЕНИ МАФТУН ҚИЛМОҚДА

Иқтидорли ёшларимиз

Фарзандининг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси.

Муҳтарамхон Анварова ҳам ана шундай ниятда олти ёшли қизи Ўғилойни Мараҳамат тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги бадиий гимнастика тўгарагига олиб борди. Аввалига Ўғилойга енгил туюлган машқлар босқичма-босқич мураккаблашиб, кейинчалик машғулотлар унинг маҳорати ва иқтидорини юзага чиқара бошлади.

Мураббий Наргиза Мамажоновадан гимнастика сир-асрорларини пухта ўрганаётган Ўғилойнинг иродаси тобланиб, қунт билан машқ қилишга одатланди, қатъиятни, мақсад сари дадил интилишни ўрганди. У эндигина 11 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай, юқори натижаларни қўлга киритишга улгурди. Бир неча маротаба туман, вилоят чемпионатларида, турнирларда ғолиб бўлган қизалоқ республика миқёсидаги мусобақаларда ҳам тажрибасини ошириб бормоқда.

- Спорт билан шуғулланиш инсонга кўп нарса берар экан,  - дейди ёш спортчи Ўғилой Анварова. - Энг аввало, соғлом бўлади. Мен бадиий гимнастиканинг жозибали ҳаракатларига қизиқишим борган сари ортиб бормоқда, енгил ва гўзал хатти-ҳаракатлар мени ўзига мафтун этмоқда,. Яна гимнастика қоматни ҳам чиройли бўлишига ёрдам берар экан. Айниқса, қиз бола учун бу жудаям фойдали.

Гимнастика билан мунтазам шуғулланиб, келажакда профессионал спортчи бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Сабина Ташкенбоева, Нуринисо Усмонова каби жаҳон ва олимпиада мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтарсам, дейман.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда бадиий гимнастика қизлар ўртасида жадал оммалашаётган спорт турига айланмоқда. Қолаверса, бадиий гимнастика қизларимизга мос спорт туридир. Унда жисмоний тарбия, мусиқа ва хореография каби қизлар тарбияси учун муҳим жиҳатлар мужассам. Гимнастика билан шуғулланиш қизларни ҳам жисмонан, ҳам эстетик тарбиялашга, уларнинг мусиқа ва рақсга қизиқишини оширишга, ҳар томонлама гўзаллиги ва дидини шакллантиришга хизмат қилади. Бадиий гимнастиканинг мусиқа билан ҳамоҳанглиги эса инсоннинг маънавий дунёсини бойитади.

- Ўғилой ҳозирданоқ улкан марраларни кўзламоқда, - дейди гимнастика мураббийи Наргиза Мамажонова. - Фикри-зикри халқаро мусобақаларда қатнашиш, Ўзбекистон довруғи, қолаверса, ўзи туғилиб ўсган Қорабоғиш қишлоғи номини  дунёга ёйишни орзу қилади.

Қалбида ана шундай шижоат, қатъий мақсади бўлган бу қизимиз келгусида албатта, юқори натижаларга эришади. Орзулари тоғдай юксак ва қордек беғубор бўлган шогирдимга улкан парвозлар тилайман.

Айни кунда Ўғилой Анварова Марҳамат туманидаги 5-умумтаълим мактабининг 4-синфида аъло баҳоларга ўқимоқда. У худди гимнастик машғулотлар каби дарсларга ҳам масъулият билан ёндошади. Ҳеч бир фанга иккинчи даражали дея қарамайди. Ўқиш ва жамоат ишларида тенгдошларига намуна бўлишга интилади. Устозлар, ўқувчилар "мактабимиз фахри" дея, у билан фахрланишади.

Юртимизни иқтидорли, келажаги порлоқ ёшларидан бўлган Ўғилойга нафис спорт тури бўлган бадиий гимнастика ҳаётига нафислик олиб киришини, орзулари ушалишини тилаб қоламиз.

 

Юлдузхон ТОШТАНОВА,

Марҳамат туманидаги

 

 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.