+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЭНГ ЯХШИ НАСИҲАТ ЎРНАК БЎЛИШДИР

Тарбия  одоблари

Болангизга тўғри ўгит беринг

Ота гап уқмайдиган ўғлига денгиз қирғоғида панд-насиҳат қилмоқда. Бола денгизга қараганича отасининг ўгитларини эшитаётгандай кўринарди. Боласининг бу итоаткорлиги ва "одоби"дан ота гапини тугатиб, ўғлига қаради.

Бола бошини буриб, отасига шундай деди:

- Дада, сиз гапингизнги тугатгунингизга қадар қирғоққа роппа-роса бир юз қирқ тўққиз марта тўлқин урилди, деди.

* * *

Болага уундан узоқ насиҳат қилмаслик керак. Чунки бола юзимизга айтолмаса ҳам ичида: "Уф, айтмоқчи бўлган гапини тезроқ тугатса-ю, мен қутулсам..." деб ўйлайди. Айтингчи, бундай ўгит тинглашдан наф борми?

Меъёрида қилинган панд-насиҳат ва энг асосийси - ўрнак бўлиш кутилган натижани беради.

Қуйидагилар панд-насиҳатнинг аҳамияти ва бу борада диққат этишимиз лозим жиҳатлардир:

- дунёнинг энг қимматли хазинаси ўгитдир, амма ундан арзони ҳам йўқ;

- бир кишига бошқалар олдида берилган ўгит унга панд-насиҳат эмас, ҳақоратдир;

- насиҳат қилишнинг йўли узун, намуна бўлишнинг йўли қисқа ва таъсирлидир;

-энг яхши насиҳат яхши ўрнак бўлишдир;

 

Виждон нима?

Устоз "Одобнома" дарсида виждонга таъриф бериб, ўқувчиларга унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилди. Ўқувчилар тушунмаганини кўргач, янада соддароқ тушунтириш мақсадида ўқувчиларнинг биридан сўради:

- Бирор номақбул иш қилганингда ич-ичингдан безовталик, оғриқ ҳис этасанми?

Бола дарҳол жавоб берди:

- Ҳа, энди отамдан таёқ ейман, деб қўрқувга тушаман.

* * *

 Ўғил-қизларимизга болалигидаёқ, виждон, раҳм-шафқат, мурувват каби туйғуларни    шакллантирмасак, кейин кеч қоламиз. Буни асло унутмайлик.

 

Фарзандингизни меҳр-шафқатли қилиб тарбияланг

Беш ёшли бола итнинг думидан тортар, ит эса увилларди.

Онаси югуриб ёнига келди:

- Болам, нега ахир, ит шўрликни думидан тортяпсан?

Болакай ҳайратланиб, онасига қаради:

- У мени тортяпти, мен уни ушлаб турибман, холос.

* * *

Бола баъзи нарсаларни фаҳмламаслиги, баъзан бировга билдирмасдан озор етказиб қўйиши мумкин.  Унда инсонга хос эзгу хислатлар, меҳр-шафқат туйғуларини уйғотиш энг аввало ота-онанинг вазифасидир.

Меҳр-шафқат инсонга хос энг яхши фазилатлардан биридир. Раҳму шафқатли кишилар доимо одамларга ёрдам қўлини чўзади, ожиз ва нотавон кишилардан хабар олиб туради, уларнинг кўнглини кўтаради. 

Мурувватли ва шафқатли одамларни ҳамма ҳурмат қилади, номини эса эҳтиром билан тилга олади.

 

"Болаларга гап уқтириш санъати" китоби асосида

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА тайёрлади.

Ҳашарчилар ёрдамисиз режа уддаланди

Пахта - 2018

Олтинкўл туманидаги "Хонбоғ пахтакори" фермер хўжалиги пахта топшириш йиллик режасини бажарди. Хўжалик аъзолари томонидан 63,8 гектар майдонда етиштирилган пахта ҳосили илғор теримчиларнинг саъйи ҳаракати билан икки ҳафта мобайнида ҳашарчилар ёрдамисиз йиғиб-териб олинди.

-Теримчиларга биринчи терим учун 750 сўм, иккинчи терим учун 950 сўмдан ҳақ тўланди, - дейди хўжалик ҳисобчиси Маъмиржон Қодиров. - Илғор теримчилар пахта ёғи, хўжалик совуни, турли рўзғор буюмлари билан рағбатлантириб борилди.

Мавсумда ҳар бир аъзо ўртача 100-150 кг. атрофида оқ олтин териб топширди. Илғор теримчилардан Ш. Холдарова, Г. Анварова, С. Султоновалар кунига 200-230 кг. пахта териб барчага намуна бўлдилар. Улар фермер, туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Айни кунларда хўжалик далаларида кузги буғдой экиш ишлари олиб борилмоқда.      

 

Нигина АРТИҚОВА,

 

Олтинкўл тумани.

Ишли бўлдим, энди оиламга даромад олиб кираман, - дейди олтинкўллик Зарнигор Исмоилова.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят меҳнат Бош бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида 9-13 октябрь кунлари Андижон шаҳридаги "Ёшлар боғи", "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини, "Lemon international" хорижий корхонаси ҳамда Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида "Бўш иш ўринлари ярмарка"лари ўтказилди.

Бўлиб ўтган меҳнат ярмаркаларида 776 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Шундан 506 нафар фуқаро турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланма олди, 91 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди, 170 нафар фуқаро эса ўз тадбиркорлигини бошлаш учун банклар билан кредит олиш бўйича шартнома  имзолади.

Бандлиги таъминланганларнинг 314 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

- Мутахассислигим бўйича ўзимга маъқул бўладиган иш тополмай анча вақт юрдим, - дейди Олтинкўл туманидаги "Маданий меҳнат" маҳалласида яшовчи Зарнигор Исмоилова. - Ўтказилган меҳнат ярмаркасида "Feruza tех" трикотаж корхонасига чеварликка ишга қабул қилиндим.  Шароит, иш ҳақи миқдори менга маъқул бўлди. Бепул тушлик ва ишчиларнинг ишга бориб-келиши учун транспорт ажратилганлиги менга жуда қўл келади. Энг асосийси  ишли бўлдим, энди оиламга даромад олиб кира оламан.

Ярмаркалар доирасида тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган ва тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, шунинг-дек, "Саломатлик сайли" тадбири ҳам ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркаси доирасидаги "Саломатлик сайли"да 10 минг нафардан зиёд фуқаро шифокорларга саломатлиги ва саломатлигини яхшилаш билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаат қилган. Уларнинг аксариятига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, маълум қисми тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тадбирда Бандликка кўмаклашиш маркази, солиқ, банк идоралари, савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилиги, хорижга ишга бориш тартиблари, оилавий тадбиркорликни бошлаш, кредитлар олиш, солиқ имтиёзлари, умуман, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида суҳбатлар ўтказилди, зарур тавсия ва маслаҳатлар, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар берилди.

Муборак ТОИРОВА,

жамоатчи мухбир.

"Соғлигида сизники-ю, касал бўлса бизники" ми?

Мулоҳаза

Айрим ўзбек оилаларида бир иллат бор. Келин касал бўлиб қолса, шифохонага олиб бориб даволатиш, уйда парвариш қилиш ўрнига дарров ота-онасиникига жўнатиб юборишади. Ҳатто, айрим пайтда келиннинг даволаниши учун кетадиган сарф-ҳаражатни қизнинг ота-онаси кўтаради. Оилаларда бу таҳлит қарорлар кўпроқ қайноналар томонидан қабул қилинади.

Келин қилиб олаётганда "энди бизнинг қизимиз бўлади", деб ота-онасини рози қилгунча минг айланиб-ўргилган қайноналарнинг бундай йўл тутиши на миллатимизнинг қадим анъаналарига, на ислом дини мезонларга тўғри келади. Бу билимсизлик, юзсизликдан ўзга нарса эмас. "Соғлигида бизники, касал бўлса сизники" дегувчи қайнонлар ана шуни қачон англаб етар эканлар?

Сир эмаски, кейинги бир неча ўн йилликлар давомида ўзбек оиласидаги муҳитни, турмуш тарзини аксарият ҳолларда аёллар яратмоқда, улар оилада устун бўлишга уринмоқдалар. Бу ҳолат қанчалик оғриқли ва нотўғри бўлмасин, турмушимизга тобора сингиб бормоқда. Шу сабаб кўп оилаларда аёлнинг, онанинг гапи-гап, қарори устивор ҳисобланмоқда.

Бу ўз ўзидан келинга зуғум қилиш, унга нисбатан адолатсизлик қилиш ҳолатларини шакллантирмоқда. Лекин қайноналар унутмасликлари керакки, келин ҳам бировнинг азиз боласи, оиласидан, турмуш тарзидан узилиб унинг ўғлини деб, шу хонадонга келади. Оиланинг давомчисини, уларга набирани туғиб беради. Шундай экан, қайноналар келинни келин деб эмас, қизим деб, қабул қилиши, ёш қизнинг хонадонига мослашиши, ўша хонадоннинг тўлақонли аъзосига айланиши учун кўмаклашиши керак. Келинга билмаганни ўргатиши, ибрат кўрсатиши, энг муҳими соғлигига эътиборли бўлиши керак.

Ҳеч бир қиз келин бўлгач, бировнинг уйида ота уйичалик эмин-эркин бўлолмайди, ҳомиладор бўлса, егиси келган нарсасини бемалол еёлмайди. Чунки ана шу оиладаги муҳит, оилавий муносабатлар бунга йўл қўймайди. Келин бечора нима қилади? Дарров ота-онасига қўнғироқ қилади. Қизни тарбиялаб, балоғатга етказиб, қўлидан иш келадиган бўлган даврда ўзга хонадонга хизматга бериб юборган ота-она қизини бериб ҳам тинчимайди. Орқасидан егулик ташийди, даволатади.

Яқинда маҳаллаларимиздан бирида воқеа бўлди. Келин бўлмиш ҳомиладор бўлиб, пиёз билан қовурилган гўшт егиси келибди. Бу ҳақда қайнонасига айтгани уялибди, ҳам қўрқибди. Чунки қайнонаси овқатга солинадиган масаллиқни, жумладан, гўштни ҳам ўзи тақсимлаб бераркан. Овқат қовураётган маҳал келинчак чидолмай, қозондан бир дона гўштни олиб энди оғзига солиб еяётганда, қайнонаси кўриб қолибди. Келинчак минг бир ҳижолатда кечирим сўрабди. Лекин қайнона айтадиганини айтиб, камига бу воқеани ўғлига, оиланинг бошқа аъзоларию қўни-қўшниларга ҳам етказди.  Тўғри, келинчакнинг бу ишини оқламоқчи эмасман. Лекин, қайнона келинининг ҳолатини тўғри тушуниши керак, панд-насиҳат билан, "қозондан гўшт олиб ейиш тўғри эмас,  егингиз келса, алоҳида қовуриб енг" дейиши, шунга имконият яратиб бериши керак эди. Минг афсуски, қайнона келинини "ўғри томоқ"қа чиқарди, ўғлига ёмон кўрсатди. Агар бу ишни қизи қилганида қандай йўл тутган бўларди!?

Хулоса қилиб айтганда, қайнона-қайноталар келинларини ўз фарзандларидай кўриб, меҳр-эътибор кўрсатсалар, келинга хизматларини қилувчи текин хизматчи деб эмас, авлодларининг давомчилари бўлган набира ҳадя қилувчи она, ўғлининг бир умрлик йўлдоши деб қарасалар,  ана шу оилада бахт-қувонч, аҳиллик ҳеч қачон аримайди.

 

Одинахон СОЛИЕВА,

Пахтаобод тумани "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари.      

ФАРЗАНД - ОИЛА ҚУВОНЧИ

Мутахассис минбари

Ҳар бир инсон фарзанд кўришни, ўз фарзандининг соғлом, бақувват ва комил инсон бўлиб улғайишини орзу қилади. Бироқ, орзуга етиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунда ҳар бир ота-она, ҳар бир шахс ақл-идрок билан кўп меҳнат қилиши керак. Бу меҳнат уларнинг ўз соғликлари учун масъулиятли бўлиш ҳиссидан, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан иборат. Аммо ҳамма ҳам бу нарсани бирдай ҳис қилавермайди.

Бир куни ҳузуримга кекса ёшдаги бир аёл маслаҳат сўраб келди. Якка-ю ёлғиз қизидан ёдгор набирасини турмушга узатибди. Қиз соғлом, бақувват, ҳеч қандай юқумли касалликларга ҳам чалинмаган, аммо орадан 3 йил ўтса ҳамки, ҳомиладор бўлмабди. Текширувлар натижаси  келинчакда торч инфекцияси борлигини кўрсатибди. Шифокорлар эр-хотин биргаликда кўрикдан ўтишлари, лозим бўлган тақдирда баравар даволанишларини айтишибди. Аммо, бу гаплардан куёвнинг жаҳли чиқибди. "Менинг касаллигим йўқ", деб текширувлардан бош тортибди. Қайнона эса илмоқли гаплар билан келинга кун бермаётганмиш. "Набирамда бундай инфекция йўқ эди, куёвидан юққан бўлиши мумкин-ку", дея куюнарди аёл.

Аёлга бир амаллаб келин-куёвни ҳузуримга олиб келишини айтдим. Ёшлар келишганида эса уларга организмдаги турли ўзгаришлар фарзандсизлик, бепуштлик ҳолларини келтириб чиқаришини, бошқача айтганда, ўзидан зурриёд қолдириш учун  жуфтликнинг иккиси ҳам соғлом бўлиши кераклиги, бунинг учун энг биринчи навбатда, текширувлардан ўтиб, лозим бўлса даволаниши кераклигини тушунтирдим.

Аёл яқинда ҳузуримга ўша набираси билан яна келди. Келин-куёв текширувдан ўтганида куёвнинг қонида инфекция борлиги аниқланибди. Жуфтлик даволангач, келинчак ҳомиладор бўлибди. Уларнинг миннатдорчилигини эшитиб, оила қувончига ҳисса қўшганимдан хурсанд бўлдим.

Агар келинчак ҳадеганда хомиладор бўлавермаса, баъзи қайноналар дарров келинлардан айб ахтаришга тушади. "Балки, муаммо ўғлимда ҳам бордир", деб ўйлаб кўришмайди. Шунинг учун ҳам никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликларни ўз вақтида даволаш ўта муҳим. Буни ёшларимиз тўғри англамоқлари лозим. Чунки бу умумжамият манфаатлари, миллат келажаги билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган даври  мобайнида 28 мингдан зиёд никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди ва аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда соғлом авлодни камолга етказиш учун аёлларгина эмас, эркаклар ҳам масъул эканлигини кўпчилик  англаб етмаяпти. Чекиш, спиртли ичимликларни мунтазам равишда ичиш, ахлоқий нопоклик каби иллатлар наслга таъсир этиши, зурриёдларнинг носоғлом туғилишига сабаб бўлишини ҳар бир ота, бўлажак куёв, балоғат остонасида турган ўсмир унутмаслиги керак. Шунинг билан бирга, аёлга табиатнинг нозик мавжудоти сифатида қараб, унга ҳар томонлама кўмак бериш лозимлиги, уни оғир меҳнатдан, тушкун ҳолатлардан, руҳий зўриқишлардан эҳтиёт қилиш ҳар бир эркакнинг инсоний бурчи эканлигини унутмаслик лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирининг қарорига асосан жорий йилнинг 17 сентябридан 20 октябрига қадар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида     "Соғлом аёл ойлиги" тадбирлари уюшқоқлик билан               ўтказилмоқда.

Ушбу ойликда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари томонидан 700 мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикка жалб этилди.

Тиббий кўрикларни сифатли ўтказилишида лаборатор таҳлиллари, УТТ текширувларини амалга ошириш, зарурат туғилганда қўшимча мураккаб турдаги текширувларни амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Айниқса, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашда, соғлом фарзандлар дунёга келишида туғруқлар орасидаги мақбул муддатларга риоя этишни аҳолига тарғиб этиш, лозим бўлган ҳолатларда аёлларни замонавий контрацепсия воситалари билан қамраш ишлари амалга оширилмоқда.  Бундан ташқари, октябрь ойи давомида   ҳар бир шаҳар ва  туманларда ташкил этилган "Саломатлик мактаби" қошида "Саратон касалликлари ва унинг олдини олиш", "Ҳомиладорлар гигиенаси", "Репродуктив саломатлик", "Кундалик иш тартиби" каби масалалар тарғиб қилинмоқда.

Вилоятнинг Избоскан ва Жалақудуқ, Олтинкўл, Балиқчи, Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаларида бўлган вилоят ишчи гуруҳи томонидан бирлашмаларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пунктларида ва оилавий поликлиникаларида мазкур ойликни намунали ташкил этилганлиги эътироф этилди. Муассасаларга келаётган хотин-қизлар ўтказилган суҳбатларда республикамизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари тобора юксалиб бораётганлигидан мамнун эканликларини эътироф этмоқдалар. Айниқса, тиббий кўрик натижалари нафақат ўзларини, балки оила аъзолари-қайноналари, турмуш ўртоқларини ҳам бу ишга бефарқ қарамасликка олиб келаётганини  таъкидламоқдалар.

 Фарзанд - оила қувончи. Ана шу қувончга эришиш ўз-ўзидан, осон бўлмайди албатта. Бунинг учун юқорида айтганимдек, ҳар икки жуфт, айниқса, аёллар соғлом бўлиши керак. Ана шундагина бахтли ва мустаҳкам оилани барпо эта оламиз. 

 

Гулнаҳор АБДУЛЛАЕВА,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болаликни муҳофаза

қилиш бўлими бошлиғи.

"Сўздан мўътабарроқ, қалбдан буюкроқ нарсани топмадим"

Сўзнинг қадр-қиммати, мўъжизаси буюк қудратга эга. Алишер Навоий ҳам шу ҳақиқатни таъкидлаб шундай дейди:

Сўз гавҳариға эрур анча шараф,

Ким, бўла олмас анга гавҳар садаф.

Тўрт садаф гавҳарнинг дуржи ул,

Етти фалак ахтарнинг буржи ул.

Ҳазрати Навоий сўзни дурга, гавҳарга қиёслар экан, сўзнинг илоҳий гўзаллигини ўз асарларида намоён эта олди.

Сўзлашиш неъмати оламнинг гултожиси бўлган одамзотга берилган. Шу боис, инсон ўз тафаккурини сўз орқали ифода этади. Сўзнинг қудрати инсонларни бир-бирларига яқинлаштиради.

Сўз, унинг аҳамияти хусусида қанча-қанча китоблар ёзилган бўлса-да, унинг сири, моҳияти тўлиқ очилган эмас. Лекин қадимдан инсоният сўз сеҳрини билишга интилган. Буюк шарқ мутафаккирлари сўз таърифига кўп тўхталганлар. Жумладан, Умар Хайём: "Сўздан мўътабарроқ, қалбдан буюкроқ нарсани топмадим" деб айтган эди. Алишер Навоий ҳам "Фарҳод ва Ширин" достонида сўзни шундай таърифлайди:

Сўздин ўликнинг танида руҳи пок,

Руҳи доғи тан аро сўздин ҳалок.

Навоийнинг сўз таърифи хусусидаги шарҳи ажойиб тафаккур хазинасидир. Сўзнинг гўзаллигига мубталолик шоир ва ёзувчилар ижодида ҳам ўзига хос тарзда тасвирланган. Чунки, уларнинг дилига Аллоҳ сўзга бўлган муҳаббатни солган. Сўз сеҳрини ҳис қила олмаганда Навоий "Хамса"ни, Фирдавсий "Шоҳнома"ни ярата олмасдилар.

Ўзбек тили сўзнинг ифода имконияти кенглиги билан дунёнинг биронта тилидан қолишмайди. Айниқса, сўз маъносининг кўчиши орқали биргина сўзнинг ўндан ортиқ маънода келишини бошқа тилларда кам учратамиз. Мисол тариқасида "Бош" сўзини олайлик: бош, ишнинг боши, кўчанинг боши, сўз боши, даланинг боши, даврабоши. Яна бир муҳим жиҳати, тилимизда маъно кўчишининг ҳам, бир сўзнинг бир ўринда ҳар хил маънода қўлланилиши ҳам кузатилади. Жумладан, Навоийнинг қуйидаги байтда сўз қўллаши маҳорат билан амалга оширилган.

"Бош қўяй, - дедим, - оёғи туфроғиға"

Деди: "Қўй"

Бўса истаб лаъли рангин сўрдим эрса,

Деди: "Ол".

 

Биринчи мисрада "қўй" сўзи ҳам бош қўшимча розилик, ҳам бош қўймаслик талаби маъноларини ифодалай олган, "рангин" сўзи ҳам мисрада икки маъноли "рангини" ва "алвон" маъноларини билдирган.

Табиийки, ўзбек тилимизда шунга ўхшаш сержило асарлар яратилган. Тилимиздаги мавжуд сўзларнинг сеҳри, хусусиятларини тадқиқ ва таҳлил этиш борасида ҳали кўп изланишлар олиб боришимиз зарур.

 

Нигора САЛОҲИДДИНОВА,

 

 она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

ОНА ТИЛИМ

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Онам "эркам" деб қучганда тунлар ярим,

Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,

Паровозни ҳансиратган буғдойларим,

Олтинларим, маъданларим, ипакларим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,

Ўзбекни қон қақшатганни Ўзбек сийлар,

Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,

Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,

Катта миллат - Афандиси йўқдир ҳатто,

Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,

Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,

Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

    Она тилим, эй муқаддас Она тилим.

 

Муҳаммад Юсуф

ОНА ТИЛИМ ФАХРИМДИР

Бу  ҳаётда халқлар, миллатлар кўп, турли-туман тиллар кўп. Улар орасида ўзбек миллати, ўзбек тили  алоҳида ажралиб туради.

Тилимиз узоқ ўтмишдан, қадим-қадим замонлардан бизга мерос. Унда ота-боболаримиз, буви-момоларимиз руҳлари яшайди. Бу тилда ҳазрат Навоий, шоҳ Бобур, Қодирий, Чўлпон, Увайсий, Нодира, Усмон Носирлар ижод килган. Узоқ мудраб уйғонган, ёруғ юзли, ўз елкасида буюк ижодкорларни кўтариб келаётган мағрур тил.

Тилни халқ яратади.У халқнинг миллий урф-одатлари, анъаналари, қўшиқлари, турмуш тарзида яшайди,улғаяди. Дунёга келган чақалоқ  илк бор она алласини эшитади. Тилга эҳтиёж сезади. Гапиришга интилади. Илк сўзлари: "Она"       дейишдан бошланади. Демакки, ҳаётнинг боши бу -тил. Эътибор берсангиз кексаларимиз:   -Тинчлик бўлсин, тўйлар бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади, -дейишади. Агар қўлингдан яхшилик қилиш келмаса, тилингда бўлса ҳам яхшилик қил, - деб кўп такрорлашади. Қаранг, тилимиз, ниятларимиз  яхшиликка, фақат яхшиликка йўғрилган.         

Она тилимиз кундан-кунга, ўсиб, улғайиб, бойиб бормоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида мазмунан янада бойиди. "Қуръони Карим" ўзбек тилида чоп этилди. Тилимизнинг бойлигини, гўзал ва жозибадор эканлигини дунё халқлари эътироф этмоқда.

Бизнинг кимлигимизни, ўтмишимизни ва эртамизни тилимиз айтиб турибди. Бу буюк бахт, шараф эмасми?

Мустақил юртда, тинч-омон замонда яшаб, шуни баралла айтаманки, она тилим менинг фахримдир.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

БУЮК ХАЗИНА

Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ва дунёда кенг эътироф этилган ўзига хос шундай урф-одатлар, анъана ва қадриятларимиз борки, уларни бошқа халқларда учратиш қийин. Ўзбекона лутф ана шулардан бири. Бир-биримизга лутф қилиб, "Ассалому алайкум!" деб мурожаат этишимизда ҳам ўзига хос сеҳр ва меҳр мужассам. Айниқса, ўзаро гурунгларда, дилкаш давраларда бўладиган лутф фақат бизнинг халқимизгагина хос, десак, хато бўлмайди. Мулоқот жараёнида бир-биримизга яхши сўзлар айтамиз, айниқса, ёши улуғларга, меҳмонга алоҳида такаллуф кўрсатамиз. Бу - она тилимизнинг ўзига хос жозибасидан далолат.

Она тилимиз халқмизнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган буюк хазинадир. Ўз она тилига эга бўлиш ва унинг ривожланиши миллатнинг маънавий ўзлигини ифодалайди. Мана шундай қадим маънавий ўзликка эга ўзбек халқи бу билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Юксак инсоний фазилатлар киши қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - миллатнинг руҳидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, "Давлат тили ҳақида"ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.

Тилшунос олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиёт намуналари, беш жилдлик "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" бу борада амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳимларидандир. Ушбу луғат 80 мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва     бошқа соҳаларга оид атамаларни, шевага хос сўзларни ўз ичига олган.

Миллатимизга хос урф-одат ва қадриятлар ўзаро мулоқотда акс этади. Она тилимизнинг беқиёс имкониятларини ўрганиш, асраб-авайлаш муҳим вазифалардан биридир. Ўз она тилини ҳурмат қилган одамгина бошқа тилни ҳам ҳурмат қилади, уни сидқидилдан ўргана олади.  Бошқа тилда бийрон сўзлаш яхши, аммо бу - ўз она тилини унутиш эвазига бўлмаслиги керак. Зеро, она тилисиз инсоннинг маънавий-руҳий илдизлари соғлом бўлмайди. Ҳар қандай тил эҳтиромга лойиқ, бироқ ер юзида ўз она тилининг бойлиги-ю жозибаси билан фахрлана оладиган миллатлар кўп эмас. Жарангдор лутф, хуш каломларга бой ўзбек тилимиз билан ҳар қанча ифтихор этсак арзийди.

 

Муштарий АКБАРОВА,

 

Хонобод шаҳри.

Тил билган эл билади

Ҳар бир инсон жамиятда яшар экан, у тил воситасида мулоқот қилади, алоқа аралашувида қатнашади, ўз фикр-мулоҳазаларини, ҳис-туйғу ва истакларини тил орқали етказади. Чиройли сўзлаш, таъсирчан нутқ эгаси бўлиш учун эса тилшунослик билимларидан хабардор бўлиш керак.

Дунёда неча хил тил бор, биласизми? Ҳозирги кунда курраи заминда яшаётган етти миллиард нафардан ортиқ аҳоли уч мингдан зиёд тилда гаплашади. Ана шу тиллар орасида она тилимиз - ўзбек тили ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4- моддасида ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили эканлиги белгиланган. Юртимиз аҳолисининг аксарияти шу тилда сўзлайди ва уни ўзининг она тили деб билади. Бундан ташқари, республикамизда 60 дан ортиқ турли миллат ва элатлар яшайди. Уларнинг тили, урф-одатлари, анъаналари ҳам давлатимиз томонидан ҳимоя қилинади.

"Тил билган эл билади", дейди халқимиз. Ўз она тилини яхши билган, уни ҳурмат қилувчи киши нафақат ўз тили ва   халқи, балки ўзга тиллар ва халқларни ҳам ҳурмат қилади.

Бир ривоятда келтириладики, бир куни турк (ўзбек), форс, араб, юнон йўлда кетишаётса, кимдир уларга бир танга берибди. Улар тангани олиб бозордан егулик харид қилишмоқчи бўлибдилар. Тўртови ўз тилларида истакларини айтибди. Форс "ангур  оламиз", деса араб "эйнаб" дебди, юнон "стафил" деса, турк (ўзбек) "узум" дебди. Бирор қарорга келолмасдан баҳс-можаро бошланибди. Баҳс устига келиб қолган донишманд уларни етаклаб мева растасига олиб бориб узумни кўрсатибди. Ҳаммалари жим қолибдилар. Тўртови ҳам ўз тилида узум деяётган экан.

Бу албатта, бир ривоят, лекин инсон, жамият ҳаёти ва тараққиётида тил билишнинг аҳамияти қай даражада муҳим эканлигини барчамиз яхши биламиз. Ўз она тилини мукаммал билган, яна бошқа тилларда сўзлаша оладиган  инсон ҳаётда кўп нарсаларга эриша олиши мумкин. Тил билиш ҳамма жойда, ҳар қандай вазиятда фақат наф беради. Иккинчи томондан эса, тил билиш орқали баҳсларни, уруш ва можароларни тўхтатиш мумкин.

Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши бу тилимизнинг асрий тушовлардан озод бўлиши, софлиги ва ривожланишига кенг йўл очиб берди. Истиқлол шарофати билан турли ўқув муаассасаларида давлат тили билан бир қаторда турли хорижий тилларнинг ўргатилиши ўша халқлар билан биродарлик муносабатлари, ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишига замин ва республикамиз тараққиётининг асосий шартларидан биридир.

Тил - миллат, халқ руҳининг кўзгуси. Кўзгунинг янада шаффоф, тиниқ ва соф бўлиши эса ўзимизга боғлиқ. Зеро, тилни эъзозлаш энг аввало, халқни, миллатни, бугунни ва албатта, келажакни авайлаш демакдир. Шу маънода миллатимизнинг ҳар бир вакили албатта, она тилимизни яхши билиши, ҳурмат қилиши ва ривожига ҳисса қўшиши шарт. Яъни умримиз давомида тилимизнинг қонун-қоидаларини ўрганишимиз, жозибасини сақлаб қолишимиз, авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги бурч ва зарур вазифадир.

 

Дилдорахон АБДУЛЛАЕВА,

АДУ доценти, филология фанлари номзоди.