+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Май 2019

ШЕЪРИЯТ БАЙРАМИ

Халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан  вилоятдаги умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида адабий анжуман, хотира ва шеърият кечалари бўлиб ўтди. Айниқса, шоир таваллуд топган кун ўтказилган тадбирлар адабиёт байрамига айланиб кетди.

Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф ҳиёбонида давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ижодкор ёшлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари, республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистондан келган меҳмонлар иштирок этган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Усмон Азим ва бошқалар шоир хотирасини  қадрлаш, шеъриятининг ўзига хос қирралари, ҳаёти, ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш хусусида гапирдилар.

- Ўзбекистон Халқ шоири, мархум Муҳаммад Юсуф ўзининг бетакрор шеърлари билан халқнинг қалбидан чуқур жой олган ижодкор эди, - дейди Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим. - Эл-юрт муҳаббатига, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш ҳар бир ижодкорга ҳам насиб этавермайди.  Муҳаммад Юсуф ана шундай эҳтиром ва эътирофга эриша олган адабиётимизнинг забардаст вакилларидан биридир.

Тадбирда Муҳаммад Юсуф, Намангандаги Ибрат, Марғилондаги Эркин Воҳидов номли ижод мактаблари ўқувчилари томонидан шоир шеърлари ўқилди.

Шундан сўнг хотира тадбирлари шоир туғилиб ўсган   Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида давом этди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар, меҳнат фахрийлари, оқсоқоллар иштирокида эрта тонг эҳсон ўтказилди. Қишлоқдаги "Fиштмозор" қабристони, шоир қабри зиёрат қилиниб, қуръон тиловат қилинди.

 Шоирнинг таваллуд куни ҳақиқий халқ, адабиёт сайлига айланиб кетди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, республикамизнинг турли вилоятларидан устозлари ҳамроҳлигида ташриф буюрган минглаб ўқувчи ёшлар, адабиёт ихлосмандлари томонидан шоир қабрига гулдасталар қўйилди. Шоир хонадонида шеърият кечаси, мушоиралар ўтказилди. Шоир шеърларидан ҳамда унга атаб ёзилган шеърлар ўқилди.

- Муҳаммад Юсуф қабрини зиёрат қилиш, унинг хотирасини ёд этиш учун бутун синфимиз билан келдик, - дейди Фарғонадаги Эркин Воҳидов ижод мактаби ўқувчиси Муаттар Маматкаримова. - Чунки биз - ёшларнинг шоирга бўлган ҳурматимиз жуда баланд, унинг шеърларини ҳамиша севиб ўқиймиз. 

Тадбирларда қирғизистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам иштирок этиб, ўтаётган тадбирлар, Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини изҳор этди.

- Биз бир гуруҳ қирғизистонлик ижодкорлар Андижон вилояти ёзувчилар уюшмаси билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Андижонга келган эдик, - дейди Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси Жалалобод область бўлими раиси Самиддин Стамбеков.  - Қаранг-ки, ташрифимиз ўзбек халқининг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд санасига тўғри келиб қолибди. Муҳаммад Юсуф ижодини ўқиганман, у ҳақда кўп эшитган. Лекин бугунги тадбирларда иштирок этиб, очиғи жуда ҳам хайратландим. Ўзбек халқи ўз шоирини шу қадар ардоқлашига ҳавасим келди.

Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган тадбирлар Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида "Улуғимсан, Ватаним" деб номланган катта концерт дастури билан якунига етди.

Умиджон Нозимжонов,

 

жамоатчи мухбир.