+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

31 Окт 2019

Уйингизга совчи келди...

бугуннинг гапи

"Ёшим 21 да. Ўтган йили худди шу вақтда тўйим бўлганди. Аммо, ҳозир бахт аталмиш ошиённинг гўзал маликаси бўлиб яшаш ўрнига ота уйимга келиб ўтирибман. Менга оғиз солганлар кўп эди. Аммо, бўлажак турмуш ўртоғим келишган, хушмуомала йигит бўлгани сабабли, тўйдан олдин учрашувдёқ у менга маъқул келди. Дадам "оиласини суриштирайлик",  дедилар. Бироқ  аям "совчилар роса мақташди, ёшлар бир-бирига маъқул бўлса бўлди-да", дея оқ фотиҳа берди... Аввалига яхши яшай бошладик, лекин эри йўқ қайнонам мендан ўғлини қизғона бошлади. Турмушдан ажраб келган қайнсинглим арзимас баҳоналар билан жанжал чиқарарди. Тарафимни оладиган ҳеч ким йўқ, эрим онасининг измидан чиқа олмасди. Дадам "оиласини суриштирайлик" деганида нақадар ҳақ бўлганини тушуниб етдим. Совчилар мақтаган оила - аҳил эмас, жанжалкаш, фаришт,а деб мақтаганлари - қайнонам эса инжиқ ва жоҳил экан.

Андижон шаҳридан М".

Мактубни ўқиб ўйлаб қолдим. Нега айрим ота-оналар қизларига совчи келса, энг аввало, йигит билан қизнинг бир-бирига ёқишини ўйлайдилар. Аввал йигитнинг оиласини обдон суриштириб, ёшларни     кейин кўриштирсалар ҳам бўлади-ку. Ёки, совчи бўлмиш вакиллар нега ўз вазифаларини холис адо этмайдилар? Бўлажак куёвни, унинг оила аъзоларини, оиланинг тутумини, молиявий аҳволини кўкка кўтариб мақтайдилар. Ахир, беайб парвардигор. Тўйдан сўнг оиланинг камчиликлари юзага чиқса ва оила бахтли яшаб кета олмаса, уялиб қолишни ўйламайдиларми?

Бизда азал-азалдан икки ёшнинг бошини қовуштириб қўйиш, аввало, совчилик билан бошланади. Янги барпо бўладиган оиланинг кейинги бутун   умрлик ҳаётида моҳир совчиларнинг хизмати жуда муҳим. Чунки, яхши оилада тарбия топган муносиб умр йўлдош танлай билиш осон иш эмас, албатта. Шу маънода совчилик ўта масъулиятли, оила билан боғлиқ миллий қадриятларни  ўзида акс эттирган ноёб таомилдир.

Мавлудахон Абдураҳмонова, Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари:

- Совчилик - жуда нозик удум. Ҳар икки хонадоннинг паст-баландидан хабардор, эл орасида ўзига яраша ҳурмат-эътиборга эга, ўғил уйлантириб, қиз чиқаришда етарлича ҳаётий тажрибаcи бор кишилар халқ орасида азалдан совчиликка лойиқ кўрилган. Совчиликдан мақсад қизнинг хоҳишини, шунингдек, ота-онасининг фикрини, никоҳга рози ёки рози эмаслигини билиш ҳисобланади. Аммо, афсуски, кейинги пайтларда совчиликка етарлича эътибор қаратилмай қўйди. Ўғил уйлантирадиган аёл ўз опаси ё яқинларидан биронтасини етаклаб олиб ўзи билган хонадонга совчиликка    бораверяпти.

Ўзбек халқи - жуда содда, ишонувчан. Обдон суриштириб, маслаҳатлашиб иш кўриш ўрнига совчиларга ишониб, дарров қизни йигит билан кўриштирадилар. "Ёшлар бир-бирига ёқди", дея тўй бошлайдилар. Ваҳоланки, оила қуриш ўйинчоқ эмас. Етти ўлчаб, бир кесиш керак. Қиздир-ўғилдир, муносиб жуфтини топиши, юлдузи-юлдузига тўғри келиши керак. Совчилик илмидан хабардор, кўпни кўрган, тажрибали онахонлар совчиликка бош қўшса, келин олмоқчи бўлган аёлга ўзи билган, таниган яхши қизлардан тавсия қилса, ёки қиз чиқараётган хонадонга яхши оиланинг фарзандини раво кўрса, янги турмуш қурган оила бахтли ва бардавом бўлади.

Халқимизда "Маслаҳатли тўй тарқамас" деган нақл бор. Ўғил уйлантиришни ният қилган қавму-қариндош бир жойга жамланиб, қайси хонадон остонасини "супуриш"ни маслаҳат қилишади. Бу ҳам қадриятларимизнинг кичик бир кўриниши. Азалдан келин танлашда шунчаки муносибини топиш эмас, келажакни яратаётганларини ҳам инобатга олишган. Келин ота-онанинг хизматини қилибгина қолмай, фарзанд тарбиялайди ва шу орқали оила келажагини таъминлайди. Бунда асосий вазифа совчиларнинг зиммасига юкланади. Совчилик мақомига тайинланганлар оила тутумига мос қизни топиш учун юқорида айтганимиздек, етти ўлчаб, бир кесишган. Хўш, айни замонда ҳам совчилик одоби рисоладагидекми? Совчилар совчиликнинг қонун-қоидаларига қай даражада риоя этишяпти?

Муқаддасхон Солиева, Шаҳрихон тумани бош    отинойиси: - Одатда никоҳгача совчилик ва қўл сўраш деган удумлар бор. Бу масала муқаддас динимиз таълимотларида батафсил ёритилган. Шаръий манбаларда ва араб тилида совчилик деган сўз "хитба" деб аталади. Динимизда совчиликнинг ўзига хос қоидалари мавжуд. Уларга риоя қилинса, кўп нохуш ҳолатлар, низо ва хусуматлар барҳам топади. Шаръий маънодаги совчилик деганда келин бўлмишга уйланиш рағбатини айтиш тушунилади. Шунингдек, идда сақлаётган аёлга ҳам совчи қўйиш ёхуд юқорида айтганимиздек, уйланиш рағбатини билдириш мумкин эмас. Яна бир ҳолатни ёдда сақлаш муҳим. Мисол учун, бир қизга совчилар келиб турибди. Мана шу ҳолатда бировнинг совчилиги устига бошқа биров совчилик қилиши жоиз эмас. Яъни, аввалги совчиларнинг иши бир ёқли бўлиб, улар рад жавобини олмагунча ўртага суқилиб, ўзгаларнинг совчилигини йўққа чиқариш динимизда ҳаром қилинган.

Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечириши учун совчилар эринмасдан иш тутиши, қудалар ҳақида суриштириши лозим. Таъкидлаш керакки, бирор кимса, маҳалламиздаги таниш оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошимиздан бири ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтиш лозим. Гувоҳлик беришда адолатли бўлмоқ керак. Қолаверса, нафақат ўзгалар ҳақида, балки ўзимиз, оила аъзоларимиз ҳақида ҳам бор гапни айтиш мусулмоннинг бурчидир.

Кўпчилик келин олаётганида ўғлининг айбини зинҳор айтмайди. Гўё яхши ниятда буни яширишади. "Ўғлимни уйлантирсам, эси кириб қолар", деган ниятда жиддий камчиликларини яширадилар. Ёки совчи бўлмиш вакиллар ўша оиланинг камчилиги, қайнонанинг характери, оиладаги вазият юзасидан холис маълумот бермайдилар. Аммо, касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу нуқсонлар тўйдан сўнг юзага чиқади. Натижада оилалар бузилади, бахтсизлар кўпаяди. Шундай экан, совчиликнинг қоидаларига виждонан амал қилсак, бахтли ва соғлом оилалар кўпайишига ҳисса қўшган, мусулмонлик бурчимизни бажарган бўламиз.

Хўжаобод туманида яшовчи С. ҳам не-не орзу умидлар билан янги уй остонасига қадам қўйди, келинликнинг такрорланмас, бахтли лаҳзаларини бошдан кечирди. Турмуш ўртоғига вафоли ёр, шириндан-шакар фарзандларнинг меҳрибон онаси бўлишни орзу қилди. Бироқ, бир ой ўтар-ўтмас, куёв бола яна Россияга, ишга отланди. Тўйдан аввал совчилар "куёв келинни ёлғиз ташлаб кетмайди, ўзи билан олиб кетади ", деган эдилар.  Бироқ, тўй ўтгач, ваъдалар тез унутилди. Мусофир юртда ёш оиланинг ижарада яшаши осон эмаслиги, йўл қийинчиликлари келинчакка оғир келиши, бунинг устига қайнона-қайнота қаровсиз қолиб кетиши айтилди. Куёв кетди. Аслида ўша йигит учун бу оилага келган келинчак тунлари ёлғиз, ёстиқни қучиб қолаверди. Кейинроқ йигитнинг ўша ёқда ҳам оиласи, хотини борлиги маълум бўлди.

Хўш, бу масалада ким айбдор? С.нинг ота-онасига ёлғон гапирган совчиларми?  Ёки 2-3 йилда бир  кўриниш бериб, умри асосан Россияда ўтадиган, хотин эмас, ота-онасига хизматкор керак бўлган куёвми? Ёки ўғлининг вазиятини кўра-била туриб, бировнинг гулдай қизини "ўтга ташлаган"  қайнона-қайнотами? Балки,  сўраб-суриштирмай,  20 йил авайлаб ўстирган қизини адашиб бериб қўйган ота-онададир айб?

Нима бўлганда ҳам ғишт қолипдан кўчиб бўлди, энди С. тақдирига кўниб яшайверган тақдирда кўнгли ярим, суянчиғи йўқ, ёстиғининг ярми бўш.

Ҳабибахон Жўрабекова,  "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари:  

- Оила қуриш - умр савдоси. Ёшлар бу ишга катталарнинг йўл-йўриқларига таянган ҳолда қадам қўяди. Агар  бир-бирини ўзлари топиб, кўнгил қўйиб турмуш қурган бўлсалар, бошига тош келса ҳам чидаб, "ўзим пиширган ош" дея яшаб ўтадилар. Бироқ, ота-онаси, яқинларининг тавсияси билан турмуш қурган бўлсачи? "Онам топган қизга уйланаман, чунки, онамнинг танловига ишонаман", деган йигитлар, ёки  "ота-онам кимни маъқул кўрса, ўшанга турмушга чиқаман", дейдиган одобли, эсли қизлар арзимас хатоимизни деб бахтсиз бўлиб қолмасликлари керак. Бўлажак қудалар бир-бирини маҳалладан обдон суриштириши зарур. Аммо, бир-икки яхши-ёмон таърифларга таяниб, қатъий хулоса чиқариш ҳам тўғри эмас. Бир эмас, бир неча қўшнилардан суриштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Ҳозир баъзи маҳаллаларда йўл четига стол қўйиб олиб, турли майда-чуйда нарсалар сотиб ўтирадиган кўча тижоратчилари бор. Маҳаллага келган нотаниш одам суриштиришни, аввало, ўшалардан бошлайди. Уларнинг суриштирилган оила билан эски адоватларию, гина-кудуратлари бўлса, хонадон шаънини булғаб, "ўч" олиш пайида бўлади. Нима бўлганда ҳам, тақдирда битилгани бўлади-да, дейишади. Тақдирларнинг туташувида эса мулоҳазали совчилар,  кўпни кўрган пиру бадавлат инсонларнинг кўмаги жуда зарур. Бу хайрли ишга маҳалла раиси, фаолларидан тортиб, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларгача бош қўшишса, маҳалладаги қизлар тақдирига бефарқ бўлишмаса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бизда оила қуришдек муқаддас ва нозик масала ҳали ҳеч бир тажрибага эга бўлмаган ғўр ёшлар зиммасига ташлаб қўйилмайди. Кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, турмуш мактабида обдон тобланган, етарли малака ва тажрибага эга кишилар муносиб умр йўлдош танлаш ишига бош бўлишади. Бизнинг ҳаёт тарзимизга айланган миллий тутумларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимиз нақадар бебаҳо. Бироқ, фарзандларимиз - умримизнинг гултожи-ку. Улар учун керак бўлса бахтимиз, тахтимиз, жонимиздан кечар эканмиз, нега умр йўлдош танлашдек муҳим ва нозик масалага панжа орасидан қараймиз. Яхшилаб сўраб-суриштирмаймиз.

Уйингизга совчи келдими, обдон суриштиринг,  керак бўлса, етти пуштигача ўрганинг. Келин олмоқчимиз? Кўпни кўрган, тажрибали, оилаларни яхши биладиган онахонлар билан маслаҳатлашинг. Шунда, янги барпо этилган оила мустаҳкам, фарзандингиз эса бахтли бўлади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА