+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗНИНГ ВЕЛОСПОРТГА БЎЛГАН ҚИЗИҚИШЛАРИНИ ОШИРДИ

 (21-сон) ВЕЛОТУР МУСОБАҚАСИ

Андижон-Асака       автомагистраль йўлида "Соғлом аёл - соғлом авлод" шиори остида хотин-қизлар ўртасида велотур мусобақаси ўтказилди.

Халқаро оила кунига бағишланиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, жисмоний тарбия ва спорт бош-қармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган велотурда мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг спорт билан  шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида кенг келамли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Муҳими, спорт билан шуғулланаман деган опа-сингилларимизга зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бир минг нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 минг нафардан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Оилаларда, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, велоспорт турига бўлган қизиқишини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланаётган қиз-аёлларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада 500 нафардан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар, ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, уй бекалари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Велотурда спортчи ва ҳаваскор велоспортчилар гуруҳи, шунингдек, 18 дан 30 ёшгача, 31 дан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан юқори гуруҳлар доирасида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли ўтган баҳслар якунига кўра, Ҳаётхон Абдуманнопова, Шаҳноза Жалилова,     Н. Алимова, Гулчеҳра Жумабоева ўз ёш гуруҳларида биринчи ўринга сазовор бўлди.

- Ҳақиқий спорт байрамига айланган велотур хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди, - дейди мусобақа ғолибларидан бири Гулчеҳра Жумабоева. - Асосийси, саломатлигимиз учун муҳим бўлган спортнинг ушбу турига бўлган қизиқишимиз янада ортди.

Мусобақанинг ғолиб ва сов-риндорлари, шунингдек, "Энг ёши улуғ пойгачи", "Энг маҳоратли пойгачи", "Энг ёш пойгачи", "Энг фаол аёл пойгачи", "Fалабага бўлган интилиши учун" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Марҳабо АКБАРалиеВА,

жамоатчи мухбир.

���������������������������������������:yes'>  

ИНСТИТУТДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

(21-сон) тадбир

Андижон машинасозлик институтида "Нурли келажак сари" шиори остида "Очиқ эшиклар куни" тадбири ўтказилди.

Тадбирга вилоятимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўз устозлари билан ташриф буюрдилар. Ташкил этилган кўргазмалар, бевосита мулоқотлар орқали институтдаги мавжуд мутахассисликлар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир доирасида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги «2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори  ва мазкур қарор асосида институтда амалга оширилётган ишлар юзасидан конференция ташкил этилди. Унда сўз олган институтнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректор А. Эрматов ва бошқалар томонидан қарорнинг мазмун-моҳияти, бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида кенг маълумотлар берилди. 

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Сиёвуш РЎЗИЕВ,

Андижон машинасозлик институти қошидаги Бўстон академик лицейи ўқувчиси.

 

 

АСАКАДА 21 НАФАР БОЛАНИНГ СУННАТ ТЎЙИ БЎЛИБ ЎТДИ

(21-сон) Саховат тадбири

Асака тумани марказидаги "Тантана" тўйхонасида Асака, Шаҳрихон, Балиқчи ва Олтинкўл туманларида яшовчи 21 нафар болажоннинг суннат тўйи бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари  йилида Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

 Йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларига ҳамоҳанг бўлган хайрли ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, туман ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган суннат тўйи тадбирида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тўй тантаналарида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этиб, тўй болаларни, уларнинг ота-она ва яқинларини муборакбод этди. Болажонларимизга келажакда юртимизга муносиб фарзанд бўлиб камол топишларини тилади.

Вилоятимизнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётларига ўзгача файз ва мазмун киритишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган тўй тадбири нафақат, болажонларнинг, балки уларнинг ота-оналари, яқинларига ҳам қувонч бағишлади.

Тўйхонада тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримиз асосида кутиб олинди. Тантана давомида уларнинг шаънига айтилган қутлов ва табриклар, куй ва кўшиқлар барчага ҳуш кайфият улашди.

- Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу хайрли тадбир бизни беҳад қувонтирди, - дейди Асака туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи Майрамхон Охунова. - Фарзандим Маҳмуджоннинг суннат тўйини ўтказдик. Юртбошимизнинг фарзандларимизга кўрсатаётган эътибор ва ғам-хўрлигидан бошимиз кўкка етди. Президентимизга, вилоятимиз, туманимиз раҳбарларига, тадбир ташкилотчиларига барча оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, Халқ банки туман бўлимлари томонидан ҳисобига 1 миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбири юрт-дошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларини мус-таҳкамлашга хизмат қилди.

Иродахон МАХАТОВА,

 

 вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси.

ОИЛАЛАРДА ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА

(21-сон) Анжуман

Халқаро оила куни муносабати билан Андижон давлат тиббиёт институтида "Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришнинг муҳим вазифалари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали, халқ таълими бошқармаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман, шаҳар бўлимлари мудирларининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўринбосарлари, туман, шаҳар бош маслаҳатчилари, отинойилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилаларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Айни кунда вилоятимизда 768 мингдан зиёд оилалар истиқомат қилади, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Уларнинг 21 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан зарур вазифаларни белгилаб олишга қаратилган.

Анжуманда "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари ва ҳамкор ташкилотларнинг ўрни", "Бола тарбиясида таълим муассасаси ва оиланинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш", "Оила ва никоҳ муносабатлари" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ва мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда мавзу доирасидаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш, бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича амалга оширилиши муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Аёл бор муҳаббат, ишқ яшар қалбда

(21-сон)

Аёл борки олам нурга тўлажак,

Юртда янграр тинчлик садоси.

Ҳар неки бало-ю қазодан асрар,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Иффатдан яралган баланд минордур,

Аёл бор, хазонлар, ёзлар баҳордур.

Эркак бўйнидаги олий тумордур,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Тўмарис, Барчинлар, гўзал Нодира,

Улар деб жонланар буюк хотира.

Кавсардек биллурдур ғоят бокира,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Аёл бор муҳаббат, ишқ яшар қалбда,

Қоронғу зулматнинг тушмас сояси.

Ҳамиша бошимиз асрайди омон,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Гулноза ҲОШИМОВА

"БАХТЛИ ОИЛА САРИ"

 (21-сон)

З. М. Бобур номли вилоят театрида "Бахтли оила сари" деб номланган кўрик-танлов бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими ҳамда олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда вилоятимиздаги олий ўқув юртлари жамоалари иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида  ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, Андижон давлат университетининг "Андижон ёшлари" жамоси "Энг кучли жамоа" деб топилди. Иккинчи ўрин қишлоқ хўжалиги институтининг "Парвоз" жамоасига, учинчи ўрин Андижон давлат тиббиёт институтининг "Авеценна" ҳамда Андижон машинасозлик институтининг "Нурли келажак" жамоаларига насиб этди.

 

Х. СИДДИҚОВА

ЎҚУВ-СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

(21-сон)

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан "Касаба уюшмалари, меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилиги" мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей,  касб-ҳунар коллежлари  ҳамда маданият ташкилотларининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, Кенгаш ва раёсат аъзолари иштирок этдилар.

Семинарда жорий йилнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, тизимда қайта ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Шунингдек, Кенгаш томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат жамоаларида "Қаҳрамонлик, бурч ва фидоийлик", "Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият" шиорлари остида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди, 120 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кўп болали меҳнат фахрийлари, нафақадаги ходимларга байрам туҳфалари топширилди.

Н. ТЎРАҚУЛОВА

 

 

ОТА ШАЪНИГА ЭНГ ОҒИР МАЛОМАТ

(20-сон) Турмуш чорраҳаларида

Тун билан ухламай, бу ёнбошдан у ёнбошга ағдарилиш билан тонг оттирган бўлса-да, ёстиқдан аранг бошини кўтарди. Бутун жисми қақшаб оғрирди. Ташқарига чиқди. Ҳамма жой сув қуйгандек тинч эди.

- Ҳей, қаердасан?!  У шундай деб бақирдию, кимга, нега жаҳл қилаётганини билмасди.

- Дадаси... Хотини ошхонадан оёқ учида юриб олдига келди. Хотинининг юзига ҳам қарамай ювиниш хонасига ўтди. Бошидан муздай сув қуйиб, бироз тетикланган бўлиб, нонушта қилиш учун  дастурхонига ўтирди.

- Қани, болаларинг?

- Ўқишига кетишди... Қизингиз ичкарида... Нонушта қилмайман, деди... Хотинининг қалтираб чиқаётган овозига бир раҳми келса, бир ғаши келарди.

- Ичкарида нима қилади, уйига қачон қайтаркан?!

- Дадаси... Хотини йиғламсираган товушда сўз бошлаб "қилт" этиб ютинди. - Қудаларингиз сўраб келишмаяпти-ку...

- Келмайди ҳам! У заҳрини хотинига сочиб, бақирди.

- Кутмаларинг қуда-пудангни! Келмайди барибир! Сенларга бошидан айт-гандим, бу одамларнинг кўзи очга ўхшайди, бунақа тоифадан яхшилик кутиб бўлмайди, деб. Ундай дединг, бундай дединг, ўз билганларингдан қолмадинг. Ана оқибати, қизинг олти ойда тўрт марта аразлаб келди. Турмуш бунақа бўлмайди. Ўлса ўлиги ўша уйдан чиқади, тамом-вассалом!..

Чойини ҳам ичмай, жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб ўрнидан қўзғалди. Дарвозадан чиқишга чиқдию, бир муддат қаерга боришни билмай туриб қолди. Бугун дам олиш куни. Ҳамма оиласи бағрида, кимдир меҳмон кутган, биров меҳмонга борган, кимдир ҳафта давомида тўпланиб қолган ишини адо этиш билан машғул. Фақат у уйига сиғмайди. Ҳозир кўчада ҳам сарсон юрибдию, йўлидан биров чиқиб қолишидан, кимгадир рўпара келишдан чўчияпти. Биров тугул шу онда ҳатто, ўзидан ҳам уялади у. Бир кўнгли куёвининг, эркак қуданиннг олдига бориб эркакчасига гаплашмоқчи ҳам бўлди. Бироқ... Уялди. Тўйдан олдинги қизи билан куёвининг "томоша"лари, никоҳ кунидаги қилғиликлари кўз олдига келиб, қудасига ҳам, куёвига ҳам рўпара келишга юраги дов бермади.

...Унаштирувдан кейин эрталаблари қизи ясан-тусан, пардоз-андоз қилиб уйдан чиқиб кетаётганига бир-икки кўзи тушган эди. "Ҳадеб унаштирилган йигит билан учрашиши яхши эмас" деб ичида ғашлангандию,  қизига ҳам, хотинига ҳам индамаганди. Никоҳ базмида ўшанда қизидан қаерга кетаётганини сўраб-суриштирмагани учун пушаймон қилди. Базм ўртасига бориб тўйхонада чироқлар ўчди. Ҳайрон бўлиб, сабабини билиш учун тўйхона маъмуриятига учрамоқчи бўлганди, хотини кулиб қайтарди:

- Дадаси, чироқ ўчмади, ўзлари ўчиришди. Ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишади-ку? Ҳалиги нимайди "Лав стори" бўларкан...

- Нима деганинг у?

- Ёшларнинг тўйдан олдинги учрашувлари суратга туширилган, ҳозир ўша суратлар меҳмонларга кўрсатилади...

- Нима деяпсан сен?! - Унинг ғазаби қайнади. Қизинг билан куёвнинг учрашуви тўйга келганларга нима қизиғи бор экан?!

- Дадаси, ахир, ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишяпти-ку!? Бу урфга айланган. Унаштирилган йигит-қиз тўйгача суратга тушиб, фотоалбом қилади. Тўй куни шу суратлар меҳмонларга катта экранда кўрсатилади...

- Ҳе ўша урфингни... - Сўкингани олиб борувчининг пайдар-пай сўзлари босиб кетди. Экран ёришиб унда қизи билан куёвининг суратлари кўрина бошлади. Бир суратда куёви қизини қучоқлаб тушган, бошқасида қизи йигитнинг пинжига тиқилган... Унинг нафаси қайтиб, бошига оғриқ кирди. Кўзларидан олов чиқаётгандек юзи ёнар, худди ҳамма қўлини бигиз қилиб, уни кўрсатганча "Ана, шарманда қизнинг отаси шу!" дегандек бошини эгиб, букчайиб қолганди. Шармисорлик томошаси анча пайт давом этди. Унинг кўзи суратларда эдию, ҳуши ўзида эмасди. Ёнида ўтирган катта экранда термулиб қизининг беҳаёлигини ғурурланиб томоша қилаётган хотинига нимадир демоқчи бўлар, лекин овози чиқмай, бўғзига тугун тиқилганди. Йигитлар қийқириб ҳуштак чалар, қизлар чинқирар, у эса қўллари билан бошини чангаллаб "Бўлди, тўхтатинглар" демоқчи бўларди. Ҳартугул чироқ ёнди. Энди экранда тўй саҳналари кўринаётганди. Тўсатдан хотинининг кўзи унга тушди:

- Дадаси, тузукмисиз? деганди, хотинига нафрат билан тикилди:

- Қиз туғмай ўл! Қиз узатмай ўл! Тириклай ерга киргиздиларинг бугун!..

- Хотини эса бу гапларни эшитмагандай тураверди.

Бироз ўтгач, бундан ҳам шармандали ҳолат юз берди. Бир пайт куёв билан қизи даврага қўлтиқлашиб чиқиб келдилар. Ер ёрилсаки ерга кириб кетса. Кўзи тиниб кетди. Келин-куёв қўлтиқлашиб ўйинга тушаяпти, йигит-қизлар қийқириб уларни олқишлаб ирғишлаяпти. У эса мана шу шармандаликни ҳамма қатори томоша қилиб ўтирди...

...Биринчи марта қизи аразлаб келганида хотини шикояту қарғишни бошлаганди, оғзига урди:

- Никоҳ ўқилмаган йигит билан қўлтиқлашиб расмга, тўй куни сакраб-сакраб ўйинга тушган қизинг эрининг уйига бормасдан ўзини беқиймат қилиб бўлган! Энди овозингни ўчир! Тўй куни мени тириклай ерга тиқдинг икковлашиб, энди урсаям-сўксаям қизинг ўшаларнинг айтганини қилсин. Қизингга айтиб қўй, ҳар куни бўғчасини қўлтиқлаб уйга келавермасин! Сен эса қудаларингдан ғийбат қилиб, бошимни қотирма!..

Ўшандан бери қизи тўрт марта аразлаб келди. Бу гал қорнидаги ҳомиласини ҳам ўйламай ҳайдашибди. Хотини қўрқа-писа қудағай "Энди қайтиб келма, ўғлимга бошқа қизни олиб бераман!" деб дағ-даға қилганини айтди. Хотинининг дийдиёларини эслаб юраги санчиб оғриди. Ўзини беқадр қилган, ўз ҳурматини билмаганни биров қадрламайди, ҳурмат қилмайди. Тўйдан олдин турли жойларга бориб суратга тушган, никоҳ базмида куёв билан ўйинга тушган келинни қайнона ҳурмат қилармиди? Қизининг шунчаликка боришида унинг ҳам айби бор. Қизи унаштирилган йигити билан суратга тушишдан ҳаё қилмабдими, демак, у отасидан ҳам ҳаё қилмаган. Никоҳ базмида ҳаммани ўзига қаратиб, ўйинга тушган қиз отаси, акасини ҳурматини ерга урган эди. Онасичи, нимага у бунга йўл қўйди? Қизининг қилғиликларини била туриб, уни бу йўлдан қайтармади. "Бу ишни тўхтат!" демади. 

Вақтида тузатилмаган хато ортидан хатолар келаверади. Нима бўлганда ҳам қизининг оиласини сақлаб қолиши керак. Шунчасига томошабин бўлиб турганидек, қизининг оиласи бузилишига томошабин бўлиб турса, эртага яна ўзига жабр бўлади. Буёғига ҳушёр туриши керак. Кимдир паст кетиши, ўзини қурбон қилиши керак бўлса, у оила бошлиғи, ота бўлиб, ғурурини қурбон қилади. Қизи, унинг бахти учун нима керак бўлса қилади. Ота бепарво бўлган оиланинг аҳли аёли шарманда бўлади, деган ҳаққиқатни ўғилларига уқтириш учун бош эгишга тайёр туриши керак. Ахир эгилган бошни қилич кесмайди, дейишади-ку. Ҳозир қудасиникига бориб, қудалари, куёви билан гаплашади.  Ҳар қандай ҳолатда вазиятни юмшатиб, қизини оиласига қайтаришга уринади. Ота учун "қизи эрдан қайтиб келган" деган маломат жуда оғир. Бу маломатни эшитгандан кўра қудаларининг пойига бош уриш енгилроқ...

У хаёлидан кечган ўйлардан руҳланиб, томоғига қадалган аччиқ тугунни ютди-да дадил қадамлар билан олға юриб кетди...       

        

 

Умида АДИЗОВА

ТУНДА УЙҚУ КЕЛМАСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

(20-сон) Саломатлик - туман бойлик

 Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар ёшига қараб, суткасига ўртача 8-14 соат, катталар эса 7-8 соат атрофида ухлашлари меъёр ҳолат ҳисобланади.

Албатта, тунда мириқиб ухлаган киши роҳат қилади. Куни билан тетик ва бардам юради. Ухлай олмаган одам эса қийналиб юради, кўп ҳолларда ишлари ҳам юришмайди. Баъзи кишилар тунда яхши ухлай олмасликдан, бу билан боғлиқ салбий ҳолатлардан азият чекишади.

Уйқу табиат қонунига бўйсунади, фасл алмушинуви, куннинг тун билан алмашиниши, табиатдаги шунга ўхшаш ўзгаришлар уйқуга таъсир этади. Кундузи киши ишлаётганида ички органлардан тортиб, бош миягача зўр бериб фаолият кўрсатади. Бунда вегетатив асаб тизими ҳукмронлик қилади. Уйқу вақтида эса бош миядан тортиб, ички органларгача ўз фаолияти суръатини пасайтириб, дам олади.

Олимларнинг таъкидлашича, мия хужайралари кечаси ҳам кундузига ўхшаб ишлайди, кун бўйи жамлаган маълумотларни ўзининг узоқ вақт сақланадиган "хотираси"га жойлаш билан овора бўлади. Одам уйғоқ пайтида мия ҳужайралари кўп қўзғалади. Ҳар бир ҳужайра, ҳар қандай тўқима иш вақтида ўзидан катта қувват йўқотади, уларнинг фаолияти узоқ давом этиши учун сарфланган қувват ўрнини тўлдириш лозим бўлади.

Уйқу пайтида кишининг, аввало, бош мия мағизи (тугунчалари) ташқи хабарлардан холи бўлиб, мия ўзига зарур бўлган маълумотларнигина қабул қилади. Зарур бўлмаганини эса инкор этади. Шу орқали фойдали маълумотлар хотирада узоқ вақт сақланади. Яхши ухлай олмаган кишида эса ана шу тизимнинг фаолияти меъёри бузилади. Бу албатта, хасталикнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Яхши ухлай олмайдиган кишилар қуйидаги воситалардан фойдаланиши мумкин. Бир ошқошиқ асални ёки икки қошиқ шакарни бир пиёла илиқ сувда эритиб, уйқуга кетишдан 1-1,5 соат аввал ичиб олса, уйқусини яхшиланади. Уйқу олдидан оёқни иссиқ сувга ботириб ўтириш ёки оёққа «грелка» қўйиш ҳам яхши натижа беради.

Уйқудан олдин очиқ ҳавода сайр қилиш, ёқимли куй тинглаш ёки бирон бир бадиий китобни мутолаа қилиш ҳам ниҳоятда фойдалидир. Хуллас, ўз вақтида уйқу келмаса дарров уйқу дориси ичмаслик, тушкунликка, ваҳимага тушмаслик керак. Бундай тушкунликлар аксинча уйқуни қочиради.

 

Лобар ЗОКИРОВА, олий тоифали шифокор.

ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ

(20-сон) Мушоҳада

 

Бир яқин таниш аёлникига меҳмонга боришга тўғри келиб қолди. Унинг бир-биридан ширин фарзандлари: бир ўғил, икки қизи бор эди. Эндигина уч ёшга тўлган қизалоқ беш ёшли акаси билан ўйинчоқ толашаяпти. Болаларда бундай ҳолат  бўлиши табиий албатта, аммо уч ёшли қизалоқнинг тилидан чиққан хунук гапларни эшитиб, очиғи  ҳайрон бўлдим.

Кейинги гал бу хонадонга келганимда аёл ёш болаларини қилган шўхликлари учун жазолаётган эди. У фарзандларига уятли сўзлар билан дакки берарди. Бугун эшитганларимни ўтган сафар келганимда, жажжи қизалоқнинг тилидан эшитгандим. Шундан сўнг халқимизнинг "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ҳикматли гапи бежиз айтилмаганлигига яна бир бор амин бўлдим. 

Тўғри, у аёлнинг болалари жудаям шўх эдилар. Аммо ҳеч бир андишасиз, ўйламай айтилган сўзлар орқали берилган тарбия болага салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Эртага фарзандлари улғайгач, тилидан бундан ҳам ёмонроқ сўз чиқмайди, бундай сўзларни боғчада, мактабда айтмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу каби тарбия билан улғаяётган болалар ҳаётда ўз ўринларини топишга қийналишлари аниқ. Чунки, кўпол сўзлашадиган, муомала маданиятини яхши билмайдиган киши ҳар қадамда муаммоларга учраши мумкин, ҳурмат, обрў-эътибор топиши ҳам қийин бўлади.

Шу боис, барча ота-оналар, устоз ва мурраббийлар фарзандлар, ёш авлод тарбиясида сўзлашиш, муомала борасида чиройли тарбия беришга алоҳида эътибор қаратиши, уларни ширин сўз ва меҳр билан тарбияламоғи лозим. Агарда улар хато қилса, оғир ботмайдиган, аммо таъсирли сўзлар билан онг-шуурига таъсир ўтказишлари яхши самара беради. Бола ниҳолдай гап. Ахир ниҳолни қанчалик яхши парваришласанг, у вақтлар келиб шунчалик ширин мева беради. 

 

 

Марҳабо ЗИКИРОВА