+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАРБИЯ ҲАЁТИМИЗ МАЗМУНИ

(31-сон) Мулоҳаза

Инсоннинг оилада, жамиятда қандай мавқега эга бўлиши энг аввало, унинг дунёқараши, тарбияси, одоб-аҳлоқига боғлиқ. Яхши тарбия кўрган, юксак маънавиятли шахс ҳаётда албатта, ҳурмат-эътибор топади.

Яхши тарбия кишини саодат сари етакласа, ёмон тарбия, салбий хулқ-атвор ҳалокат ботқоғига ботиради. Инсон тарбияни энг аввало, оиласидан, ота-онасидан олади. Аслида тарбия фарзандга она қорнидалигидаёқ берила бошланиши кераклиги ҳақида улуғларимиз кўп ибратли гапларни айтиб ўтишган. Бу тарбия ботиний ҳолда кузатилса, фарзанд туғилгач, вояга етгунга қадар бу масъулиятли вазифа, асосан, ота-оналар зиммасига тушади.

Ривоят қилишларича, бир оилада фарзанд дунёга келибди. Бола икки ёшга тўлганда, ота-онаси замонасининг машҳур донишманди ҳузурига олиб борибди. Улар улуғ зотдан: "Фарзандимизга неча ёшдан тарбия берганимиз маъқул?" дея сўрабдилар. Кекса донишманд уларга бола тарбиясига анча кеч қолганликларини айтибди. Бундан кўринадики, тарбия гўдак дунё юзини кўрмасдан бошланар экан.

Бола кейинги таълим-тарбияни мактабда, устозларидан олади. Ана шу жараёнда у оиласида қандай тарбия кўрганлигини намоён этади. Таълим ва тарбия бир-бирига узвий боғлиқ жараёндир. Улар бир-бирини тўлдириб, инсон онг-тафаккури, манаъвияти, одоб-ахлоқининг шаклланишига хизмат қилади.

Оилада фарзанд дунёга келди. Ота-она шод, оталик ва оналик масъулияти бу бахтга қоришиб кетди. Бола улғайди. Аммо оиладаги муҳитнинг барқарорлиги йў-қолди. Ота ишлари орқага кетгани сабаб ичкиликка ружу қўйди. Бунинг натижасида оилада турли жанжаллар кўпайди. Ота ва она ўртасидаги муносабатга дарз кетиши болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсата бошлади. Ўғил отасининг арзимас баҳоналар билан чиқарадиган жанжалларидан зада бўлиб, кўча боласига айланади. Бунинг натижаси эса яхшилик билан тугамади. Кунларнинг бирида бола ўғирлик билан қўлга тушиши оила соҳибларини тушкунликка туширди, қил устида турган муносабатларини янада чигаллаштириб юборди. Ўйлаб кўрилса, оиладаги носоғлом муҳит, дилхираликлар яхшиликка олиб бормас экан. Буни ота-она тушуниб етди. Аммо кўзлари анча кеч очилди. Носоғлом оила муҳитида ўсган, тарбияланган бола номига қора доғ тушиб бўлган, унинг дунёқараши носоғлом шаклланиб улгурган эди. Демак, фарзанд тарбиясида  адашмаслик жуда муҳимдир. 

Шахснинг  таълим-тарбиясида икки буюк кишиларнинг ўрни ва роли ниҳоятда беқиёс. Улар ота-она ва мўътабар устозлардир. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон тарбияси, билими, маънавияти, одоб-аҳлоқи билан жамиятда ўз ўрнига эга бўлар экан, энг аввало, ота-онасини ҳамиша ҳурматини жойига қўйиши, ўзига устозлик қилган илм соҳибларини ҳеч қачон ранжитмаслиги, уларга ҳамиша эъзоз ва эҳтиром кўрсатмоғи керак.

Улуғ аллома ва мураббий Абдулла Авлоний айтганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир". Ушбу ибратли сўзларда жамиятни олға силжишига асос бўладиган пурмаъно ҳикмат мавжуд. Чунки, инсон ҳаёти учун тарбиянинг нечоғли аҳамиятли, шу билан бирга, айни пайтда, жамият тараққиётини белгиловчи мезон ҳам ҳисобланади. Тўғрироғи, тарбия бизнинг онгли мавжудот сифатида яшашимиз учун ҳаётимиз асоси, турмушимиз мазмуни ва саодатини белгилаб берадиган муҳим жиҳатдир.

 

Фарида МАТКАРИМОВА,

 

Улуғнор туманидаги 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚ МОҲЛАРОЙ

(31-сон) Спортимиз юлдузлари

Спорт билан шуғулланувчи қизлар соғлом, руҳи тетик, иродаси мустаҳкам, келажакда ҳаётнинг турли синовларини енгиб ўтишга қодир бўлиб вояга етишади. Қолаверса, спорт уларни нафақат соғлом, балки қадди-қомати келишган, гўзал ҳамда юксак маънавиятли шахс сифатида улғайишларига ҳам ёрдам беради.

Шу боис ҳам спорт билан шуғулланиб, кўплаб ютуқларга эришаётган ёш қизларимиз сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Каратэ бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Моҳларой Ҳакимжонова ана шундай ёшлардан бири.

Моҳларой болалигидан каратэ билан шуғулланиб келади. У  Андижон педагогика коллежида таҳсил олмоқда. Fалабага бўлган ишончи, интилиши, шу билан бирга, устозлари кўмагида ўз устида тинимсиз ишлаши самараси ўлароқ, Моҳларой спортда кўплаб ютуқларни қўлга киритди. У ёшлар, ўсмирлар ўртасида олти карра Ўзбекистон чемпиони, тўрт карра республика кубоги соҳибаси бўлди. 2013 йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро очиқ турнирда эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

- Моҳларойнинг спортга бўлган меҳри жуда юқори, - дейди унинг мураббийи Иқболжон Ҳайдаров. - Машғулотларда ҳар бир машқни тез ўзлаштириб, пухта бажаришга ҳаракат қилади. Ундаги иштиёқ, интилиш, ўзига, ғолибликка бўлган ишонч юқори натижаларга эришишида муҳим омил бўлмоқда.

2015 йили Тошкент, 2016 йили Олмота шаҳарларида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган каратэ бўйича Марказий Осиё чемпионатида истеъдодли спортчимиз ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

- Юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган,  - дейди Моҳларой Ҳакимжонова. - Ана шу имкониятлар мен каби минглаб ёшларнинг ғалабаларига мустаҳкам замин яратмоқда. Биз давлатимиз, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб беришга, ютуқларимиз, айниқса, халқаро спорт майдонларидаги юқори натижаларни қўлга киритиш билан  юртимиз шуҳратини янада оширишга астойдил ҳаракат қиламиз. 

Мамлакатимизнинг кўп карра чемпиони Мохларой Ҳакимжонова ҳозирда мураббийлари кўмагида август ойида Қирғизистоннинг Иссиқкўл шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё чемпионатига пухта ҳозирлик кўрмоқда. У ана шу мусобақада ҳам ғолиб чиқиб, мамлакатимизнинг мустақиллик тўйига туҳфа тайёрлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган.

Келажаги порлоқ Моҳларойнинг  ниятлари ижобат бўлишини, янги-янги ютуқлари билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишини тилаб қоламиз.

 

Баҳромжон  ЗОКИРЖОНОВ

Суратда: каратэ бўйича  кўп карра Ўзбекистон чемпиони

 

М. Ҳакимжонова.

 

 

ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАРГА ҚАНОТ БЎЛАЁТГАН ТАНЛОВ

(31-сон) Жараён

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида "Ишбилармон аёл-2017" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами олдидан  ўтказилган мазкур танловда сўз олганлар  мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши,  Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор ҳамда фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб этиш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон хотин-қиз ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори балл тўплаган Андижон туманидаги "Agroprodukt export agrofirma" масъулияти чекланган жамияти ҳамда "Аҳмад Жўра саҳовати" фермер хўжалиги  раҳбари Одинахон Саидова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловда иккинчи ўрин Избоскан тумани вакиласи, ҳунарманд Ойгул Тожиддиновага, учинчи ўрин Андижон шаҳридаги "Tojmahal IMM" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Машхура Акбаровага насиб этди.

- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси Одинахон Саидова. - Энг аввало, мазкур танлов фаол ва тадбиркор аёллар фаолияти, уларнинг илғор тажриба ва иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришда ёрдам беради. Қолаверса, ғолиблик менга масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.   

Шунингдек, танловда "Замонавий тадбиркор аёл", "Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли", "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда энг фаол ишбилармон аёл", "Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиғ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Умидахон ИСАЕВА,

ЎзЛиДЕП вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири. 

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЁШЛАР ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

(31-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада, айниқса, жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Айни кунда туманимизда истиқомат қилаётган 211 минг нафардан зиёд аҳолининг  105 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Мавжуд 62 маҳаллада, 209  корхона, ташкилот ва муассасада хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари  жамоатчилик асосида фаолият олиб бормоқда.

Туманда оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йилининг ўтган даврида хотин-қизлар ва ёшлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар давомида аниқланган касалликлар бўйича  соғломлаштириш ишлари ташкил этилди. Шунингдек, оналар ва болалар ўлими, ўсмир ёшлар ўртасида учрайдиган салбий холатлар, яъни эрта ва асоратли туғруқларнинг олдини олиш борасида тумандаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, жойлардаги жамоатчилик назорат гуруҳлари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида "Туғруқлар орасидаги муддатлар", "Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари", "Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг зарари", "Соғлом оилани шакллантириш" сингари қатор мавзуларда туман тиббиёт бирлашмаси, ФХДЁ бўлими мутахассислари, тумандаги жоме-масжидлар имомлари, маҳалла маслаҳатчи ва отинойилари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида 2016-2017 йиллар давомида эрта турмуш қуриш ва эрта туғруқ, оналар ўлими ҳолатлари қайд этилмади. Репродуктив кўрсаткичлар ҳар ой ва чорак якунлари бўйича маҳаллалар ҳамда  қишлоқ врачлик пунктлари кесимида таҳлил этилиб, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга тегишли чоралар кўриб борилмоқда.

Хотин- қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, режага асосан ички ишлар профилактика инспекторлари, маҳалла маслаҳатчилари ҳамда бошланғич ташкилотларимиз раислари томонидан профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, ҳафтанинг ҳар пайшанбасида ўтказилаётган "Профилактика куни" тадбирлари доирасида ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон юриб, асосан нотинч, жанжалкаш оилалар, диний оқимларга мансуб ва жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, одам савдосидан     жабрланган, жиноят содир этишга мойиллиги бор оилалар муаммоларини ўрганиишга, уларга имкон қадар кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017 йилнинг биринчи ярмида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари таҳлил этилганида жиноятларнинг аксарияти чегара ҳудудлардан ноқонуний равишда ўтиш эканлиги аниқланди. Ана шундан келиб чиқиб, чегара ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуни ҳамда чегарадан кириш-чиқиш тартиб-тамойилларини тарғиб этишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида маҳалла фуқаролар йиғинлари, умумтаълим мактаблари, ташкилот ва таълим муассасалари томонидан хотин-қизлар иштирокида 400 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Байрамлар олдидан таълим муассасаларида турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди. Турли мавзуларда кўрик танловлар уюштирилди.

Чувама "Аёллар мурувват уйи"да истиқомат қилаётган 300 нафардан ортиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож аёллар учун байрам тадбирлари ташкил этилди. 10 нафар ногирон аёлларга тикув машиналари берилиб, уй меҳнати билан таъминланди.

Иқтидорли қизларнинг маълумотлар банки яратилган бўлиб,  уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли танловлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, фан олимпиадаларида, туман   миқёсидаги маънавий тадбирларда фаол иштироки таъминланмоқда. 2015-2016 йиллар давомида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш бўйича кўрик-танловнинг республика босқичида туманимиздан 5 нафар қиз фаол иштирок этди.

Тўй-хашамлар, марака ва маросимларни камчиқим, дабдабасиз ўтказиш мақсадида "Тўй ҳашамларни тартибга солиш",  "Тўй ва марака маросимларини ихчамлаштириш", "Дабдабадан ким наф кўради?", "Тўйдан кейинги муносабатлар", "Эрта турмуш иллатлари", "Шаърий никоҳнинг салбий оқибатлари" каби мавзуларда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, туманда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида туман ФХДЁ бўлими билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежларида   "Ораста қизлар", "Ёш оила қурувчилар мактаби" тўгараклари машғулотлари орқали тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қайноналар кенгаши" ташкил этилиб, кенгаш аъзолари томонидан оилаларни яраштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланган ва депортация қилинган хотин-қизларни ижтимоий муҳофазасини ташкил этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Мухтасар айтганда, бизнинг асосий мақсадимиз, хотин-қизлар, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўлами ва салмоғини ошириш,  опа-сингилларимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлашдан иборат. Ана шу эзгу мақсад йўлида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

Саидахон АБДУСАЛОМОВА,

 

Избоскан тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

БАЛИҚЧИДА РЕСПУБЛИКА ОЧИҚ ТУРНИРИ БЎЛИБ ЎТДИ

(31-сон) бадиий гимнастика

Балиқчи тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича "Ёз-2017" республика очиқ турнири бўлиб ўтди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, бадиий гимнастика федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш  ҳамда "Соғлом авлод учун" хайрия жамғармалари  вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирда республикамиз пойтахти ва саккиз вилоятидан ташриф буюрган 14 та жамоа таркибида 220 нафардан зиёд 2005-2013 йилларда туғилган ёш гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ўз маҳорат ва истеъдодларини намойиш этдилар.

- Турнирда кўплаб дўстлар орттирдим, гимнастика борасидаги тажрибамни янада бойитдим, - дейди  турнир ғолибаларидан бири Андижон шаҳар гимнастика мактаби тарбияланувчиси Мубина Улуғова. - Ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтган турнир ташкилотчиларига раҳматлар айтаман.

Қизғин, бир-биридан чиройли чиқишларга бой турнир иқтидорли ва маҳоратли гимнастикачи қизлар сафини янада кенгайтирди.

Fолиб ва совриндорлар турнир ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Хосият Абдураҳмонова

ТАРБИЯЧИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ ИШЛАРИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

(31-сон) семинар

Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт коллежида "Бошланғич, мактабгача таълим тарбиячиси - баркамол авлод  камолотида етук ташкилотчидир" мавзусида вилоят семинари бўлиб ўтди.

Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда коллеж маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда бошқарма тасарруфидаги таълим муассасаларининг бошланғич ва мактабгача таълим йўналишлари ўқитувчи ва мутахассислари, психологлари иштирок этиб, мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар, уларнинг янада юқори босқичга кўтариш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Семинарни вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими  бошқармаси бошлиғи Ф. Бузруков очиб, малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, соҳа мутахассисларининг касбий билим ва маҳоратини ошириш, фаолиятга илғор иш услубларини жорий этиш бўйича муҳим вазифалар хусусида тўхталди.

Шундан сўнг, семинар иштирокчилари коллежнинг    бошланғич ва мактабгача таълим йўналиши ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар, коллежда йўлга қўйилган илғор иш услублари, тажрибалар билан танишдилар.

Семинар машғулотларида Андижон давлат университети ўқитувчилари Насиба Абдуллаева, Мавлуда Абдуллаева, Соҳиба Хайитова, Сайёра Назарова, Дилнора Режабоваларнинг  "Иннавацион технологиялар асосида ўқитиш усуллари", "Тарбиянинг муҳим жиҳатлари", "Тарбия ва ижтимоий муҳит психологияси" сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.

Семинар қатнашчилари  маърузалар ҳамда мавзу юзасидаги ишларни такомиллаштириш, сифати ва кўламини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирдилар. Якунда бу борадаги ишларни янада яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Семинар соҳа мутахассисларининг тажриба, билим ва маҳоратини оширишга ёрдам берди.

Наргиза ХУШВАҚОВА,

 

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси.

Ўзбекистон, эй она диёр!

(31-сон)

Кўзларимда шодлик ва қувонч,

Сенинг билан орзу, тилагим.

Ватан сени яхши кўраман,

Меҳринг билан урар юрагим.

 

Онам каби қайғуриб доим,

Қайга борсам оқ йўл тилайсан.

Елка тутиб, дуолар қилиб,

Отам каби бошим силайсан.

 

Халқим суюк, миллатим буюк,

Меҳнат қилар - ҳалол ош, нони.

Ёшларининг қалбида жўшқин,

Оқар мард аждодлар қони.

 

Ёз, куз, қишда ризқимиз улуғ

Ярашгайдир боғларга баҳор.

Сен менинг юрагимдаги бахт -

Ўзбекистон, эй она диёр!

Сарвиноз СУЛТОНОВА,

 

Хўжаобод педогогика коллежи ўқувчиси.

ОБОДЛИК - ОИЛА ВА МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНАДИ

(31-сон) "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!"

Вилоят ҳокимлигида "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоятимиз туман ва шаҳарларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш борасидаги илғор ташаббусларни, олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, қолаверса, юрт ободлиги йўлидаги ҳайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз онгига чуқурроқ сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, гузарлар,  зиёратгоҳлар, ташкилот ва муассасалардаги ободонлаштириш билан боғлиқ ишлар "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлов доирасида атрофлича кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, Хонобод шаҳри ўтган йилги танловнинг ғолиби, деб топилди. Балиқчи туманига  2-ўрин, Пахтаобод ва Жалақудуқ туманларига 3-ўрин насиб этди. Асака ва Избоскан туманлари рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

Шунингдек, "Энг яхши бадиий дастурлар учун" номинацияси бўйича Андижон, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида байрам дастурларини уюштириш ва аҳолининг кайфиятини кўтариш ҳамда оммавийлигини таъминлаш борасидаги ишлари юқори даражада ташкил этилганлиги боис махсус мукофотларга муносиб топилди.

* * *

 Жорий йилда ушбу кўрик-танлов "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилмоқда. Танлов тадбирларини Пахтаобод тумани бошлаб берди. Тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган кўргазмалар, санъаткорлар, ўқувчилар бадиий жамоалари чиқишлари барчага байрам руҳини бахш этди.  Пахтаобод енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган "Ўз болангни ўзинг асра!" мавзусидаги тадбир ёшларни касб-ҳунарга, спортга ва она юртга муҳаббатини янада оширишга хизмат қилди. 

Учкўза, Гузар маҳаллаларида ўтказилган тадбирлар, айниқса, кам таъминланган оила фарзандларининг хатна тўйлари барчада катта таассурот қолдирди. Туман марказидаги маданият ва истироҳат боғидаги байрам концерти пахтаободликлар ва туман меҳмонларига хушкайфият улашди.

Тадбирларда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

 

 

Наима ТУРДИЕВА

"Кўнгил рисоласи" - кўнглингиздан жой олади

Сал кам олтмиш йилдан буён шеър, ғазал, мақола ва    ҳикоялар ёзиб, самарали ижод қилиб келаётган асакалик Олимжон Раҳимовни кўпчилик яхши танийди. Унинг бугунги кунга қадар "Умр қўшиқлари", "Кўнгил дафтари", "Пок туйғулар", "Дилимдаги мисралар", "Ҳаёт - ибрат мактаби", " Ибратли воқеалар" каби ўндан зиёд китоблари ўқувчиларга тақдим этилган.

Кекса адибимиз бугун саксон ёшдан ошган бўлса-да ижод бобидаги саъйи-ҳаракати билан кўпларга ибрат бўлмоқда. Куни кеча "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ таҳририятида унинг янги - "Кўнгил рисоласи" деб номланган китоби  нашрдан чиқди. Мазкур тўпламда шоирнинг турли йилларда ёзган шеър, ғазал, мустазод, мухаммас, эртак ва мақолалари ўрин олган. Бундан ташқари,  китобга муаллифнинг қасидалари, мураббалари, рубоий ва туюқлари ҳам киритилган бўлиб, унинг сатрларида янги фикр, чиройли қофияни, охори тўкилмаган сўз ва сатрларни, қатор топилмаларни учратиш мумкин. Айниқса, унинг ижодидаги кўнгилга яқин қуйидаги мисралари ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди:

* * *

Майсадаги томчилар

кўзимнинг  жоласидур,

Очилмаган ғунчалар дардим

зуволасидур,

Хазонрезги япроқлар

ишқимнинг лоласидур,

Ёзиб берган китобим севги 

рисоласидур,

Ўқиб чиқсанг, биларсан,

кўнгилнинг ноласидур!

 

Сўзга, адабиётга муҳаббати кучли шоирнинг ёзганлари унутилмас ва қалбга яқин бўлади. Олимжон Раҳимовнинг ижодга бўлган меҳр-муҳаббатини "Қалам" номли шеъридан ҳам билиб олиш мумкин:

 

Оддийгина ёғоч бўлсанг ҳам,

Сен нозиксан, гўзалсан, жонсиз.

Лек дафтарим устида юриб,

Қолдирасан мўъжазгина из.

 

Шоирнинг шеърларида бу каби чиройли сатрларни кўп учратиш мумкин.

О. Раҳимовнинг тўпламдаги чиройли ва мазмунли шеърий мисралари, балки ҳаётий ҳикоялари ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Чунки улардаги воқелик табиийлиги, самимийлиги, ибрат бўла оладиган ўзига хос жиҳатлари билан китобхон эътиборини қозона олади.

Хассос, камтар адибимиз бугунги кунда ҳам ижод шавқи билан яшамоқда. Ижодга бўлган муҳаббат кўнгилни ҳеч қачон тарк этмайди. У жон билан бирга бўлади ва сўнгги манзилга қадар соҳиби қалбида яшайди. Чин кўнгилдан чиққан битиклар эса шубҳасиз, ҳар қандай қалбни ром этади. Ишонамизки, Олимжон Раҳимовнинг "Кўнгил рисоласи" ҳам албатта, сизнинг кўнглингиздан жой олади.

 

«Иқбол» таҳририяти.(30-cонЯнги китоб

ТУРМУШДА МУАММО ПАЙДО БЎЛСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

(30-cон) Психолог тавсияси

Бугунги кунда турмуш қурган айрим ёшлар оилавий ҳаётда аввало, зиммасидаги бурч ва масъулиятга эмас, кўпинча ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида ана шундай  оилаларда турли келишмовчилик ва муаммолар  юзага келмоқда.

Ўзга инсоннинг хатосини кўрган киши ўзининг қандай камчиликлари борлиги, турмушини яхшилаш учун нималар қилиши лозимлигини яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Оилада яхши муомилада бўлишликни фақат қарши томондан кутиш бу адолатсизлик ва бу анчагина муаммоларга, катта жанжалларга сабаб бўлади. Хўш, бу каби муаммаларнинг олдини олиш, бахтли оила қуриш учун нималарга эътибор қаратиш ва қандай йўл тутган маъқул? Бу борада психолог Гуландон Fаниева ўзининг фикр ва мулоҳазалари, зарур  тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

 

ТУРМУШНИНГ ДАСТЛАБКИ ЙИЛЛАРИ

Бу давр аксарият ҳолларда жуда "нозик" кечади. Чунки бир-биридан фарқли бўлган феъл-атворга, қизиқиш соҳасига, оилага, турли одатларга эга бўлган икки киши бирлашади. Шу боисдан илк йиллар жуфтларнинг бир-бирига ўрганиши, мослашиш даври саналади.

Ажрашишларнинг кўп қисми асосан, мана шу йилларга тўғри келади. Дастлабки йиллар ўтгандан сўнг ажрашиш миқдори анча пасайгани кузатилади. Шу боис турмушнинг илк йилларига алоҳида аҳамият берилиши лозим.

 

ФЕЪЛ-АТВОР ЎЗГАРМАЙДИ

Жуфтлар турмуш қурмасларидан олдин бир-бирларида кўрган хатоларни иккинчи даражали деб ҳисоблашади. Яъни турмуш қургач, бу хатолар ўз-ўзидан йўқолади, дея эътибор қилишмайди. Афсуски, феъл-атвор кўпинча ўзгармайди, одатлар ҳам ўзгармай кейин ҳам шу зайлда давом этади. Бу эса оилада ноахилликни келтириб чиқаради.

 

ТУРМУШ ЎРТОFИНГИЗГА

ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ

 

Баъзи ҳолларда эр-хотинлар турмуш қурганларидан сўнг ёки бир неча йил ўтиб, бир-бирларига бепарво бўлиб қолишади. Бу турмуш нима бўлганда ҳам умримнинг охиригача давом этади, деган хаёлга борадилар. Ва шу ўй уларни эътиборсиз кишига айлантиради. Ваҳоланки, гул экилгандан сўнг парваришга қанчалик эҳтиёж сезса, турмуш ҳам ана шундай эътиборга муҳтождир. Жуфтлар ўз турмушларининг яна-да гўзалроқ, мукаммалроқ бўлиши учун керакли чора-тадбирларни кўришлари лозим. Турмушда бир хилликдан узоқ бўлиш керак. 

 

МУАММОЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

 

Ҳар бир оилада ўзига  яраша муаммо ва камчиликлар бўлиши табиий. Бундай шароитда икки ёш муаммони ўрганиб, ўзаро келишган ҳолда унга ечим топишга ҳаракат қилиши, бир-бирининг кўнглига озор беришдан сақланиши лозим. Тортишувлар юзага келган чоғда эса, иккала томон ҳам бир-бирининг шахсини ҳурмат қилишлари, ҳақорат ва пастга уришдан тийилишлари лозим.

Ўзаро бир-бирини тушунишга уриниш, ишонч ва ҳурмат кўрсатиш, хушмуомилада бўлиш булар оилани мустаҳкамлайди. Айниқса, масъулият ва бурчни унутмаслик жуда муҳимдир.

 

РАШК ҚИЛИШДА МЕЪЁР КЕРАК

Эр ва хотин албатта, бир-бирларини бошқалардан қизғаниши керак. Аммо шундайлар борки, ўз эри ёки хотинини керагидан ортиқ рашк қилувчи, қаерга борса ҳам вақтини белгилаб қўювчи, тинмай сўроқ-савол қилиб терговчи кишилар учраб туради. Бундай кимсаларни кўпчилигини эркаклар ташкил қилади. Бу ҳолатларда оилага ҳам дарз кетиши мумкин. Ахир ҳар бир киши ўз жуфтини ишонишини, унга ҳар томонлама суяна олишни ва албатта  эркинликни ҳам истайди. Агар юқоридаги ҳолат давом этаверса бу оила парокандаликка юз тутиши ҳеч гап эмас.

 

БОЛАЛАР ОЛДИДА ЖАНЖАЛЛАШМАНГ

Болалар олдида тортишиш, жанжаллашиш ва      бошқа муаммоларни ҳал этиш билан боланинг тарбиясига салбий таъсир ўтказилади. Шунингдек, бу каби ҳолатлар бола қалбига озор етказиб, ҳаётга нисбатан ёмон кайфиятни уйғотади. Ота-она ва яқинларига нисбатан эътибор ва ҳурматсиз, меҳр-оқибатсиз бўлиб вояга етади ва шу билан у одамови бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шу боис, ҳеч қачон фарзандингиз ёнида турмуш ўртоғингизга нисбатан қўпол муомалада бўлманг. Келишмовчиликларни улар йўғида ҳал қилишга ҳаракат қилинг.

 

ТЕЛЕВИЗОР САБАБ БЎЛМАСИН

Телевизор ҳам эр-хотин муносабатига раҳна солувчи омиллардан бири бўлиб, кўпроқ аёллар бундан шикоят қиладилар. Чунки эр уйга кеч қайтади, келибоқ телевизор қаршисига ўтиради, ҳатто баъзи эркаклар ўша ердаёқ уйқуга кетадилар. Бу каби ҳолатларда оиладаги муаммолар муҳокама этилмайди, эр-хотин ўртасида етарлича алоқа ўрнатилмайди ва оилада бахтсизлик ҳукм сура бошлайди. Бунинг олдини олиш эса албатта, ўзимизга боғлиқ. Телевизорни муккасидан кетгунча томоша қилманг.

 

БАХТЛИ ОИЛА ЭГАЛАРИ

Бахтли оила эгалари бир-бирларини қандай бўлишса ҳудди шундай қабул қиладилар. Ўз жуфтларининг яхши томонларини кўриб, ёмон томонларига аҳамият бермайдилар. Икки томон ҳам умр йўлдошини эмас, балки ўзини ўзгартиришга ҳаракат қилиб, унга мослашишга уринади. Бундай оилаларда жуфтлар бир-бири учун яхши дўст ва умр йўлдошдир. Яхши муносабатга эришиш учун жуфтлар биргаликда кўпроқ вақт ўтказишга интиладилар, сайр ва саёҳатларга бирга чиқадилар. Бу жуфтликнинг оила аъзолари бир-бирларини қўллаб-қувватлаб туришади. Эр-хотин айниқса, оғир кунларда ёнма-ён бўлиб, бир-бирига суянади. Уларнинг ҳар доим ҳам фикрлари бир хил бўлавермаса-да, бунга ҳурмат билан қарашади, тортишиб қолишдан қочишади.

Сиз ҳам шундай оила эгаси бўлмоқчимисиз? Бу биринчи навбатда  ўзингизга боғлиқ. Айтиб ўтилган тавсия ва маслаҳатларга амал қилинг. Фикр ва мулоҳазалардан керакли хулосани ўзингиз чиқарасиз, деган умиддамиз.

Хосият СИДДИҚОВА ёзиб олди.