+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Нояб 2017

БОБУР ВА ЖАҲОН МАДАНИЯТИ

(45-сон) 2017 йил - Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили

Андижон шаҳридаги "Боғи Бобур" дам олиш масканида "Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида вилоятимизга ташрифи чоғида Боғи Бобур дам олиш маскани, Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш, хусусан, Бобур ижодий меросини тарғиб этиш бўйича Халқаро анжуман ўтказиш ҳақида таклифлар билдирган эди. Юртбошимиз таклифлари асосида Бобур номли   халқаро жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда давлат, жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, тарихи, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларни улуғлаш, улар томонидан яратилган бебаҳо тарихий асарларнинг илмий-тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

- Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг ташкил этилганлигига 25 йил тўлди, - дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. - Ўтган ана шу давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда  умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди ва "Бобур ва жаҳон маданияти" музейига олиб келинди. Ҳозирда  музейда 500 зиёд ноёб қўлёзма асарлар ва нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда. Жумладан, "Бобурнома"нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо - "Хатти Бобурий"да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, "Бобур куллиёти"нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда "Бобурнома"нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан зиёд нусхалари жой олган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бобур халқаро жамоат фонди ҳамда Халқаро илмий экспедиция томонидан халқимизнинг бир қатор буюк аждодлари мангу макон топган масканлар излаб топилди. Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, мавлоно Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотларнинг қабрлари зиёрат қилинди.

Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасида турган мавлоно Лутфийнинг, Хирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг, шунингдек, Камолиддин Бекзоднинг қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

Биргина жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан "Бобур энциклопедияси", "Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография" номли йирик китоблар чоп этилганлиги, "Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари" рукнида "Мубайян ва насрий баёни", "Рисолаи Волидиййа" назмий таржимаси ва шарҳи" асарлари яратилганлиги, "Бобур ва дунё" журнали нашр этила бошланганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон,      Туркманистон, Озарбайжон сингари кўплаб давлатлардан келган давлат арбоблари, бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.

 - Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳукумат даражасида олиб борилаётганлигига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди ҳиндистонлик бобуршунис олима Мансура Ҳайдар. - Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.

Анжуманда юртимиз ва хорижлик бобуршунослар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижодининг илмий, бадиий, тарбиявий аҳамиятига бағишланган маърузалар ўқилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган қатор бебаҳо илмий асарлари ҳамда Бобур ва бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дыбо, бобуршунослар Шокирхон Рустамхўжаев, Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди. 

Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши шўъбалар доирасида давом этди.

Мазкур анжуман Бобур шахси, ҳаёти ва ижодини кенг   тарғиб этиш, ижодий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

- Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос, - дейди тадбир иштирокчиси, профессор Дилором Ёрматова. -  Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ