+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Бахиллик яхшилик келтирмайди

Инсоннинг қалб касалликларидан бири - бу бахилликдир. Энг ёмон хулқлардан саналган бахиллик шариат истилоҳида бериш лозим бўлган нафақани бермасликдир.

Уламоларнинг айтишича, бахиллик икки турга бўлинади: бири ўзида бор бўлган нарсага бахиллик қилиш, иккинчиси ўзгада бор нарсага бахиллик қилиш. Бахилликнинг энг ёмони кишини ўзига ўзи бахиллик қилишидир. Бундай иллат билан хасталанган кишилар, нафақат, ўзига, балки ўзга инсонларга, жамиятга ҳам зарар етказади.

Ислом таълимотига кўра, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун ҳар қандай орттирилган бойлик ва молни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаш керак. Аммо бахиллик қилиб, уни ҳеч бир нарсага    сарфламай тўпласа, охир-оқибат яхшиликка олиб келмайди. Мол-давлат ортгани сайин у керакли жойга ёки муҳтож кишига сарфланмас экан, гуноҳлар ортиб бораверади.

Бухорий ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в): "Аллоҳ кимга мол берса-ю, у закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки каллали улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб мен молингман мен сен тўплаган хазинангман дейди", дедилар. Сўнг яна: "Аллоҳ ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар", деб айтдилар.

Ривоят қилинишича, бир куни араб аёлларидан бири Оиша (р.а) онамиз ҳузурига келди. Унинг бир қўли шол бўлиб қолган эди. Оиша онамиз қўли нима сабабдан шол бўлиб қолганлигини сўради. Аёл жавоб берди: "Кундуз ухлаб ётиб туш кўргандим. Унда гўё қиёмат куни экан, ўртага мезон тарозуси қўйилган. Халқ бир ерга жамланган бўлиб, улар савол-жавоб қилинмоқда эди. Яна бир тўда одамлар зулматда, яна бошқа тўда одамлар нур билан чўмилган. Баъзилар қаттиқ азобланмоқдалар, яна бир хилгилари роҳатда эмиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳавзи кавсар ёнида сув билан косаларни тўлдириб, қақраб қолган мўминларга улашмоқда. Сўнг тўсатдан онам жаҳаннамда ки-йимсиз, чанқоқ ҳолатда туриб дод-фарёд қилаётганини кўрдим. Бу ҳолга ҳеч ким парво қилмас эди. Шу пайт отам ҳам қўлларида коса, одамларга сув улашиб юрибди. Мен: Эй, ота онамга қўлингиздаги сувдан беринг, дедим. Отам: сен билмасмидинг, онанг бахил аёл эди. Умрида бир маротаба ҳам фақирларга садақа бермаган, оч, муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзмаган. Энди онанг қисматида бу шаробдан насиба йўқ, деб жавоб бердилар. Онамга раҳмим келиб, отам қўлидан косани тортиб олдим ва онамга сув олиб бориб ичирдим. Сўнгра менга хитоб келди. Эшитдимки, "ким бахилнинг  чанқоғини қондирса, қўли шол бўлиб қолади". Қўрқиб уйғониб кетдим. Не кўз билан кўрайки, бир қўлим шол бўлиб қолибди", деди.

Қиссадан ҳисса шуки, бахиллик кишига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик келтирмайди.

 

Мифтоҳиддин РОЖИДДИНОВ,

 

Андижон шаҳар, "Девонабой" жомеъ масжиди имоми.

Ота-она ибрати

Бекатда автобус кутиб  ўтирсам, бир ярим ёшлардаги қизчасининг қўлидан ушлаб олган ёш жувон билан унинг турмуш ўртоғи ёнимга келиб ўтиришди. Она қизини эркалатиб:

    - Қизим, битта "мама" деб қўйинг, қанд бераман, - деди. Шунда аёлнинг турмуш ўртоғи:

       -Ҳали тили чиқиб улгургани йўғ-у, ойи деб ўргатгин, барака топкур, - деди оғриниб.

       - Вой ҳозир ҳамма ойи эмас, мама, дада эмас, папа, папочка дейди. Қишлоқилигингизга борасиз-а? -деди киноя билан аёл. 

 Эркакнинг жаҳли чиқди-ю индамади. Унинг бўғзида "Аввал она тилини ўргансин" деган сўз қотиб турганини сезиш қийин эмасди.

       Кишининг кимлиги, қандай инсоннинг фарзанди эканлиги унинг маданиятида, сўзлашишида намоён бўлади. Наҳотки, ёш она фарзандларига "оммавий  маданият" кўринишини ўргатаётганини сезмаса? Ҳали тили чиқмаган фарзандининг ўзга тилда сўзлашишга мажбур қилаётган она эртага унинг ким бўлиши билан қизиқмаса? Донишмандлардан бири "Дунёда ота-она ибратидек таъсирли ибрат йўқ. Чунки ҳар бир бола ўз ота-онасини доимо ҳақ деб ўйлайди" деган эди.

Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама шакллантириш борасида кенг кўламда ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз келажагимиз эгаларига катта ишонч билдириб, уларнинг соғлом ва бахтиёр яшашлари учун барча шароитларни яратмоқда.  Шундай экан, ота-оналар ҳам фарзандларининг одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли, тилимиз, миллий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топишларига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.

 

 

Барно ҳАЙДАРОВА

Асрлар кўзгуси

Инсон борки, ҳамиша олам ва одамни билишга, уларга нисбатан ўз қарашларини шакллантиришга, қалби ва онгида чинакам инсоний фазилатларни улғайтиришга интилади. Бу фазилатлар инсонга асрлар оша мерос бўлиб келмоқда.

 Айни дамда кишининг ўзлигини англашида, билим ва салоҳиятининг юксалишида халқ оғзаки ижоди ҳамда миллий адабиётимизнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айниқса, асрлар кўзгуси бўлган халқ оғзаки ижодидаги достонларга  алоҳида тўхталиш ўринли. Хусусан, "Гўрўғли"  "Равшанхон", "Рустамхон", "Кунтуғмуш", "Алпомиш" каби достонлар қадим аждодларимиз ҳаёти, яшаш тарзи, уларнинг интилишлари, ҳаётий қарашларини билишимизда жуда катта тарбиявий аҳамият касб этади.  Хусусан, "Алпомиш" достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Адолатли ва ҳақгўй бўлишга, жонажон юртимизни, муқаддас оила қўрғонини асраб-авайлашга, дўсту биродарларимизни, ор-номусимиз, аждодларимизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади. Бу ўлмас асар халқимиз томонидан асрлар давомида яратган, ўз иймон-эътиқодидек асраб-авайлаб, бизгача етиб келиши таъминланган. Достондан қанчадан-қанча авлод-аждодларимиз тарбия олган, ўзлигини англаган, маънавий бойликка эга бўлган.

Яна кўплаб халқ оғзаки ижоди, хусусан, мумтоз адабиётимиз вакилларининг  бетакрор асарлари хусусида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин. Жумладан, мумтоз адабиётимизда ёрқин из қолдирган  Сидқий Хондайлиқий ижоди, айниқса, ҳажвий шеърлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Масалан, "Авлиё" деб номланган ҳажвий шеърида  авлиё номи билан бева-бечораларнинг бор-бутини шилиб олаётган фирибгарларнинг асл башарасини очиб ташлайди.:

 

...Сидқиё аҳли тамаъ ваҳм аҳлидир,

Беҳаё бенангу кажфаҳм аҳлидир.

Бўлса эрди онларнинг ақли расо

Касби кор айлар эдилар Сидқиё,

Чунки ушбу беҳаёлар "Авлиё".

 

Меҳнат ҳақидаги ибратомуз ижодида ҳам замонасидаги ишёқмас, текинхўр ва тайёрхўр шайхларнинг қораланганини кўриш мумкин. 

Мард бўлсанг ишла, элга бўлма юк,

Ишлабон топган қаро нондур чучук.

Соғлиғинг қадрини билғил, ишлоғил

Дарди йўқ бекоми ялқовдан чекил.

 

Сидқий Хондайлиқийнинг ижтимоий-сиёсий шеърлари эса асосан даврнинг муҳим воқеалари баён этилган. Бундан кўринадики, ҳар бир асарда биз ўтмишнинг саҳифаларини ўқий оламиз. Халқ оғзаки ижоди намуналари - достонлар қадим аждодларимизнинг орзу умидлари, ҳаёти ҳақида сўзласа, миллий мумтоз адабиётимиз вакиллари ижодида ўша давр ҳаётидаги ижтимоий қарашлар, турли табақаларнинг жамиятдаги ўрни ва роли, халқ турмуши  ҳикоя қилинади. Мухтасар айтганда, ҳар бир асари ўша давр ҳақида бизга кенг маълумотлар беради. Шундай экан, биз ёшлар ана шу асарларни ўқиб-ўрганишимиз, ўзимиз учун зарур билимларни олишимиз зарур.

 

 

Дилдора ЭРКИНОВА, АДУ филология факультети талабаси.

Дахлдорлик ҳисси

Ватанимизнинг порлоқ келажаги кўп жиҳатдан ёш авлод камолотига боғлиқ. Зеро, бугунги ёшларимиз ўз билим ва салоҳиятларини доимий юксалтириб боришлари, буюк аждодларимиздан фахрланиб, улар таратган зиёдан куч олиб  яшашлари керак.

Ўқувчиларда ана шу жиҳатларни шакллантириш мақсадида мен бошланғич синф ўқитувчиси сифатида давлат таълим стантартлари, интерфаол усуллардан кенг фойдаланган ҳолда  дарс ўтишга ҳаракат қиламан. Ёш авлод қалбида юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга дахлдорлик туйғусини тарбиялашга алоҳида эътибор қаратаман. ҳар тонг болалардаги интилиш, қизиқишни кўриб, ижодкорлик завқи билан дарс ўтаман. Мультимедия асосидаги дарсларга қизиқувчи ўқувчилар дарслар, тўгарак    машғулотларида фаол қатнашади. Шу боис улар кичик олимпиадаларда қатор муваффакиятга эришмокда. Ота-оналар билан ҳамкорликни ҳам яхши йўлга қўйганман, ўқувчиларим орасида дарсларни паст ўзлаштирувчи бола йўқ.

Баркамол, теран фикрли, китобга ошно бўлиб униб, ўсаётган болаларимизга кўз тегмасин, улар эгаллаган зиё нури йўлларини нурафшон қилсин, ҳамиша дахлдорлик ҳисси билан яшасин. Шундагина улар юрт ишига фидойи, ватанпарвар инсон бўла оладилар.

Маъмурахон ЖЎРАБОЕВА,

 

 Жалақудуқ туманидаги  32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Китоб-бизнинг дўстимиз

Китоб қадим-қадимдан инсон учун азиз неъмат бўлиб келган. Чунки бир китоб юзага келгунича қанча-қанча меҳнат сарф этилади. Ҳар бир китоб муаллифнинг юрак томирларининг ҳаракати билан, унинг кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати билан яралади.Китобда эса унинг бутун билим манбаи жамланади. Узоқ йиллар давомида  дунёга келган ажойиб китоблар орқали муаллиф асрлар оша яшайди, авлодлар қалбидан жой олади. Яхши китобнинг тарбиявий аҳамияти ҳамма вақт беқиёс, умри эса боқийдир.

Китоб ҳар бир киши, айниқса, ёшлар онгининг шаклланишида, уларнинг нутқ маданиятини ва луғат бойлигини ўстиришда, ҳаётда ўз ўрнини топа олишида,  касбларни тўғри танлашида, дунёқарашининг кенгайишида ва такомиллашувида яқиндан ёрдам беради.

Бир бадиий китобни меҳр билан мутолаа қилган китобхон ўша ки-тобдаги қаҳрамонлар ҳаёти билан яқиндан танишади, унинг ички ҳиссиётини тушуниб етишга уринади, у билан бирга ҳаёт кечиради.Ундаги изтироб, қувонч китобхон қалбининг тубида яшириниб ётган ҳиссиётлар билан уйғунлашади.

Агар бир бемор китоб ўқиса, у тез соғаяди, зерикмайди.Унинг ҳаётга бўлган интилиши ортади. Биз бирор бир нарсадан хафа бўлгудек бўлсак ёки бирор муаммога дуч келиб қолсак, китобни ўқишимиз биланоқ, ўша  ечимга муҳтож муаммони ҳал қилишга эришамиз. Эсимни танибманки, дадамни доимо китоб ўқиб ўтирганларини кўрар  эдим. Унинг китоб жавонида эса турли  китоблар  кўп бўлиб, мен ҳам тезроқ ҳарф танишга ва ўша китобларни ўқишга ошиқар эдим. Қанча кўп китоб ўқисам шунча кўп китоб ўқигим келар, бир китобни ўқий бошласам, уни охиригача этказишга интилар эдим.Бирор бир асарни ўқиб чиққанимдан сўнг, ундан олган таассуротларимни оддий сўзлар билан ифода этолмайман.Кўз олдимда уч-тўрт кунгача ўша қаҳрамоннинг хаёли, ички дунёси орқали ўша даврни, шароити, муҳитини яққол тасаввур қила оламан.

Бугунги кун ўқитувчиси ёшларимизга билим бериб, уларни она Ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялаш учун билим манбаи бўлган китобни кўз қорачиғидек сақлашда намуна кўрсатиши керак. Қолаверса, ўз болаларимиздек бўлиб қолган ўқувчиларимизга китобни авайлаб-асрашлари, улар билан дўст бўлиб қолишлари учун замин яратмоғимиз даркор, деб ўйлайман. Синфларда турли адабий-кечалар, шунингдек: "Ким қандай китоб ўқийди?" мавзусида мушоиралар, музокара, баҳслар ўтказиб борилса, бу борадаги ишлар самарадорлиги янада ортади.

 

Китобни севаркан қайсики инсон,

Йўллари ёришгай бўлиб нурафшон.

Бахшида айласа бериб унга жон,

Умри завол кетмас ундаги ҳар он.

 

 

Гулнора МАҲКАМОВА, Избоскан тумани.

Нега оилаларда ажримлар кўпаймоқда?

Балоғат ёшига етган ҳар бир ўғил-қиз эртами-кеч турмуш қуради. Аммо оила ўз-ўзидан шаклланмайди. Оилада эса ҳар бир шахснинг ўз ўрни, қатор бурч ва масъулиятлари бор. Оилавий ҳаётда ана шулар ҳисобга олинса, ўша оилада ўзаро ишонч руҳи ҳукм суради, унинг соҳибу соҳибаси тинч ва саодатли ҳаёт кечиради.

Шарқона фазилатлар, анъана, урф-одат ва қадриятлар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Халқимизда оила ҳамиша муқаддас саналган. Ҳар бир миллатдошимиз биринчи нав-батда ўзини эмас, боласини, оиласини ўйлаб яшайди. Ҳар бир ота-она қиз узатар экан, "илоҳим борган ерингда тош бўлиб қотгин", дея дуо қилади, фақат бахтли яшашини ният қилади. Яхши ният билан келин туширганлар ҳам "келин эмас, қизимдек бўлсин, қадами қутлуғ келсин", деб дуо қилишади. Топган-тутганини дастурхонга тўкиб, тўй қилади. Шундай бўлса-да, нима учундир бугунги кунда оилалар ўртасида ажрашишлар кўп учрамоқда? Бунинг сабаби нима, нима учун бунга йўл қўйилмоқда? Қуйида ана шулар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтишни жоиз топдим.

Сир эмаски, кўпчилик қизларимиз олий маълумотли бўлишга интилишади. Албатта, ёшларнинг бу ҳаракати қувонарли, уларнинг бу интилишларини қўллаб-қувватлаш керак. Аммо шу ўринда оналаримиз қизларининг ўқиши билан бирга, уй юмушларини бажариш, саранжомлик, пазандалик ҳамда умр йўлдошига бўладиган муомала, эътиборни ҳам ўргатишса нур устига нур бўлар эди. Айниқса, бўйи етган қизга ошхона ишларини, мазали таомлар тайёрлашни ўргатиш жуда муҳим. Минг афсуски, айрим ота-оналар қизларини ўқишдан чалғитмаслик учун уй ва ошхона ишларидан озод қилиб қўяди. Менимча бу тўғри эмас. Шуни унутмаслик керакки, қиз бола бировнинг хасми. У эртага ота-она бағридан бошқа жойга боради. Ўшанда қизнинг янги хонадонидагилар талаба эмас, келин сифатида қабул қилади. Энди тасаввур қилинг, бегона хонадонга борган қиз қайнонаси айтган таомни пишира олмай мулзам бўлиб бош эгиб ўтирса, бу ҳолатдан қизнинг онаси уялмайдими? Ёшларга қолса, ҳамма нарсани кейинга сураверади. Турмушга чиқишдан тортиб, рўзғор ишларини ўрганишгача. Уларни катта ҳаётга, айниқса, оилавий ҳаётга тайёрлашга оналаримиз масъул эканликларини асло унутмасликлари керак.

Ўқиётган қизлар театр, концертларга боришга вақт топаяптими, ошхона юмушларини ўрганишга ҳам албатта, вақт ажрата олишлари керак. Унутмайлик, қиз боланинг рўзғорга уқувсизлиги оилани дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирда айрим ота-оналар оиланинг шаъни, ори ҳисобланган қизларнинг тарбияси билан кам шуғулланиб, уларни қаерда, кимлар билан юргани, агар ўқиётган бўлсалар, ўқишга борган ёки бормаганликлари билан ҳам у қадар қизиқмаяптилар. Шу боис бўлса керак, кўча ва хиёбонларда баъзи қизлар ўзларини кўча-кўйда, хиёбонларда  ниҳоятда ардоқлаб, сир сақланадиган ҳаё, уялиш, андиша сингари туйғуларни унутиб, одамлардан уялмай ўзларини кўз-кўз қилиб юрганликлари ачинарлидир.

Бу тоифадаги қизлар кўпинча бетгачопар, андишасиз бўлиб ўсмоқдалар, ҳаётга енгил-елпи қарамоқда, оилани "қаноат қўрғони"эканини билмаятилар. Бу ҳол ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Оилада фақат ҳурмат, эътиқод, унинг синовларига сабру бардош билан чидаш орқали инсон бахту саодатга эришади, эл-юрт олдида иззат-ҳурматга сазовор бўлади.

Халқимизнинг эъзозли санъаткорларидан бири Саида Раметова суҳбатларининг бирида: "Эрга тегиш осон, этагини тортиш қийин. Ҳаёт бир текис эмас, оилада бўладиган икир-чикир дарвоза ошиб кўчага чиқмаслиги керак. Агар турмушнинг муштини кўтара олмасак, ҳаммамиз ҳам ажрашган бўлардик. Ҳаммада яхши-ёмон кунлар бор. Оиланинг мустаҳкамлиги эса кўп жиҳатдан биз аёлларга боғлиқ. Аёлнинг чеҳраси ёришса, бутун хонадон ёришади. Аёл қовоқ уйса, уй ғамга тўлади", деган эди.

Кўпни кўрган кекса онахонлар "турмуш тўрт мушт экан, эр уйининг уч девори заҳар, фақат бир девори асал экан, аввал заҳарни ютиб, сўнг сабр билан асалга муносиб кўриларкансан", деганларида минг бора ҳақдирлар.

Ажримларнинг яна бир муҳим сабаби  қуда-андачилик муносабатларининг дарз кетишидир. Айрим қудалар меҳр-оқибат ва андишани унутиб қўймоқда, оила бахтни арзимас матоҳларга алишмоқда. Айрим аёлларнинг кераксиз матоҳ, мол-дунёга бўлган орзу-ҳаваслари ҳам ёш оила бузилишига олиб келмоқда. "Ҳа, нима, емай-ичмай, дам олмай топганимизни тўйга йиққанмиз, қарзга ботганмиз. Тўй-тўйдек ўтиши керакда", деймиз. Бироқ, ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши.

Ҳозирда келин-куёвга қилинаётган сеплар ҳаддан зиёд кўп. Қудалар ўзаро келишиб, тўйни ихчам ўтказаётган оилалар ҳам бор. Улардан ибрат олайлик. Ўринсиз ҳаражатларга чек қўяйлик. Келиннинг сепидан кўра, унинг эпли бўлишига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.  Эркак бош бўлса, аёл унинг бўйни. Бўйин қайси томонга бурилса, бош ҳам ўша томонга эргашади. Демак, тўй ва маъракаларни камҳарж қилиб ўтказишда биз аёллар кўпроқ жон куйдиришимиз керак.

Ҳар кимнинг фарзанди ўзига азиз. Инсон ўз боласига фақат яхшиликни илинади. Бу дегани миллион-миллион      сарфлаб, емай-ичмай сарпо-сидирға йиғиш дегани эмас. Фарзанднинг тарбияси, сиҳат-саломатлиги, касб-ҳунарли бўлишини таъминлашнинг ўзи улкан ютуқдир. Инсон қадри мол-дунё билан ўлчанмайди. Аксинча, уни ўз қўли билан яратишга қодир инсонларгина қадрлидирлар.

Оиланинг мустаҳкам бўлмаслиги айрим ҳолларда қайнсингилларга ҳам боғлиқ. Айниқса, оилада турмушдан ажраб келган қайнсингил бўлса. Уларнинг айримлари келинни ака ёки ука билан иноқ яшаётганлигига ҳасад қилиб, улар орасида низо уйғотаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Оила дарз кетишини яна бир муҳим сабабларидан бири  балоғат ёшига етмаган, турмушга тайёр бўлмаган қизларни турмушга чиқаришдир. Турмуш қуришга руҳан ва жисмонан тайёр бўлмаган ёш келиннинг фарзанд тарбиясида уқувсизлиги, соғлигининг заифлиги уни бошқалар кўз ўнгида тажрибасиз қилиб кўрсатади. Бола парваришида, уй ишларида эр-хотин, қайнота-қайнона ва бошқа оила аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо қилади. Шунингдек, оила қуриш олдидан тиббий кўрикдан хуфёна ўтиб, бу ўта жиддий ишга панжа орасидан қараб, кейин афсусланиб қолиш ҳолатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Соғлом инсон билан соғлом оила қуриш, хотиржамликда яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Кўпни кўрган кексаларимиз бот-бот таъкидлайдиган нақл бор: "Иморатни мустаҳкам бўлишини истасанг, пойдеворни мустаҳкам қил!"

Дарҳақиқат, бизнинг асосий мақсадимиз мустаҳкам оилалар барпо этиш ва етук фарзандлар тарбиялашдир. Оила деб аталмиш қўрғоннинг бўлажак бунёдкорлари юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, оила қуришда ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозим эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

 

Муяссархон САЛОҲИДДИНОВА, олий тоифали шифокор.

МАСЛАҲАТЧИ МАҲАЛЛАНИНГ ТАРБИЯЧИСИ ДЕМАКДИР,

- дейди шаҳрихонлик маслаҳатчи Юлдузхон Далибоева.

Юлдузхон Балиқчидан Шаҳрихоннинг Дўлан қишлоғига келин бўлиб тушганида аввалига "бу ерга кўникиб кета олармиканман", деб қўрққанди. Чунки бу қишлоқда асосан уйғур миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб, шеваси, тутумлари ҳам ўзгача эди. Бироқ қишлоқ аҳолисининг сахий, бағрикенг, меҳнаткашлиги, ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаши уни мана шу қишлоқ фарзандига айлантирди. Ўтган йиллар давомида Юлдузхон турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқ ҳаёт кечирди, палак ёзди,  3  фарзанднинг меҳрибон онаси бўлди. Бу орада "Дўлан" қишлоғи кенгайиб иккига ажради. "Янги маҳалла" фуқаролар йиғини бун-ёдга келди. Қишлоқдошлари бу содда, самимий, куюнчак аёлни янги маҳаллага маслаҳатчи этиб сайладилар.

     -Маҳалламизда 3060 нафар аҳоли яшайди, - дейди Юлдузхон Далибоева - 782  оила билан ишлайман. Уларнинг 425 нафари ёш оилалар. Ёш оилалар билан ишлаш бирмунча қийинчилик туғдиради. Чунки ҳар икки ёш ҳаётий тажрибага эга эмас, қизиққон, турмушнинг пасту баландидан ўтмаган. Бироқ, маҳалла фаоллари, жамоатчилик комиссиялари билан ҳамкорликда ишлаш қийинчиликларни енгиб ўтишда, маҳалламдаги муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижа беряпти. Жамоатчилик ишчи гуруҳларимиз, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, Ота-оналар университети мактаби ишлари самарали йўлга қўйилган. Ҳамкорликда жуда кўп тадбирлар ташкиллаштирамиз. Ҳаётий саҳна кўринишлари, суҳбатлар, турли соҳа мутахассислари, кўпни кўрган, тажрибали онахонлар, диний уламолар билан ўтказиладиган учрашувларда асосан оилаларни мустаҳкамлаш, тўй-маърака, маосимларни камчиқим ўтказишга эътиборни қаратамиз. Тўйлардаги дабдабабозликлар, маъзар беришларга барҳам беришга уринамиз. Никоҳ ҳутбаси ўқишдан олдин имом-хатибларимиз куёв болаларга шундай шарт қўяяпти:: "Келин томондан 3 кундан сўнг ҳеч қандай маъзар олинмайди!" Бу борадаги ишларимиз самараси ўлароқ, тўй ва азалардаги ортиқча харажатлар барҳам топди. Оиладаги низолар камайди. Ўтган 2017 йилда 16 ажримнинг олдини олишга эришдик. Фақат фарзандсизлик туфайли ажрашган битта ажрим рўйхатга олинган, холос.

     Маҳалла фуқаролар йиғинида бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқда ишсиз аҳоли деярли кузатилмайди. Томорқадан унумли фойдаланиш, деҳқончилик ҳисобига аксарият аҳоли ўз-ўзини иш билан таъминлаган. Хонадонлардаги иссиқхоналарда қиш чилласи ҳам помидор-бодринг, лимонлар пишиб ётибди. 10 га яқин уста чеварлар "Уста-шогирд" анъанаси бўйича қиз-жувонларга чеварлик сирларини ўргатмоқда. Коллеж битирувчиларини ўз йўналишлари бўйича ишга жойлаштириш, қизларни ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маслаҳатчининг доимий иш режасидан ўрин олган. У барча бемаънигарчиликлар бекорчиликдан келиб чиқишини таъкидлайди. Маҳалладошлари орасида бекорчилар йўқлиги, шу сабаб ёшлар ва аёллар орасида жиноятчилик, турли диний-экстремистик оқимларга мансуб фуқаролар йўқлигидан ғурурланади.

     -Мен 2 мутахассисликка эгаман, лекин шу тарбиячилик соҳасини танладим. Ҳа, мен маслаҳатчини тарбиячи деб биламан. Чунки, хонадонларга кириб, оилавий муҳитни ўрганиб, тиббий, маънавий, керак бўлса сиёсий билимларни ҳам берамиз оилаларга. Бизнинг маслаҳатларимизга муҳтож оилалар кўп, деб ўйлайман. Шунинг учун мен маслаҳатчиларни маҳалла тарбиячилари деб ҳисоблаган бўлардим.

     Юлдузхон Далибоева уйғурлар билан киришиб кетиш, уларнинг тилини топиш, қишлоқ аҳли билан самарали ишлаш учун уйғурча анъана, урф-одатлар, рўзғор тутумларини пухта ўрганди. Уйғурча таомларни ўзлаштирди.

     -Элга кирсанг элингча, юртга кирсанг юртингча бўл! - деган мақол бор. Шу сабаб мен ҳам ўзбек, ҳам уйғур бўлиб яшаяпман, ишлаяпман. Балки шунинг учундир, маҳаллам аҳли мени ҳурмат қилади, йўриғимга юради. Одамларни ортимдан эргаштира оламан. Насиб қилса, 21 март Наврўз байрамига йиғинимиз янги бинога кўчиб ўтади. Шу муносабат билан "Онамдан эшитган қадим аллалар" деган мавзуда танлов ўтказишни режалаштираяпмиз.Ҳозир шу тадбир режасини ишлаб чиқаяпман. Бундан мақсад - ёш келинларимизга қадимий аллаларимизни ўргатиш, алла айтиш санъатини оммалаштириш.

Тиниб-тинчимас, маҳалланинг қадрдони, меҳрибон тарбиячиси бўлишга интилиб яшайдиган маслаҳатчи Юлдузхонга куч-қувват, бошлаган    хайрли ишларида барокат     тилаймиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Аёллар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади

«Саломатлик поезди»  Пахтаободда

 "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди,  "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўрсатилган  вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, яъни чекка туманларда яшовчи аҳолига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун республикамизнинг қатор чекка ҳудудларига  "Саломатлик поезди" юборилмоқда.

Куни кеча "Саломатлик поези" Пахтаобод туманига келди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари ва юқори малакали шифокорлари ҳамда "Соғлом авлод учун" хал-қаро жамоат фондининг Андижон вилояти кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси мутахассислари томонидан 5 кун мобайнида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

"Саломатлик поезди"ни кутиб олишга бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш,  ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ана шундай хайрли ишлар кўлами йилдан йилга ортиб бораётганлиги таъкидланди.

- Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантиришга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Турсунбой Бердираҳматов. - Тадбир доирасида 21 йўналишдаги мутахассислар энг замонавий тиббиёт аппарат ва  жиҳозлари ёрдамида фуқароларни, айниқса, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

Тиббий кўрик билан бир қаторда, вилоятдаги қатор тиббий ва ижтимоий муассасаларга, шунингдек, ижтимоий ҳимоя-га муҳтож оилаларга  умумий қиймати 1 млрд. 312 млн. сўм бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармонлар, тиббиёт анжом ва жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамлари кўрсатилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева иштирок этди ва сўзга чиқди.

 Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги тикув цехи иш бошлади

Андижон вилояти Пахтаобод тумани марказида асосан ногиронлар фаолият кўрсатадиган "Нафосат" тикув цехи иш бошлади.Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган цех очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари хусусан, имконияти чекланган, ногирон фуқаролар, шунингдек, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

  Дарҳақиқат, вилоятда ўтган 2017 йилда 34 нафар ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга янги уй-жойлар берилди. "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти "Андижонпахтасаноат ҳудудий филиали" масъулияти чекланган жамияти томонидан 628 миллион сўм миқдорда бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлаш орқали 134 нафар ногирон ва имконияти чекланган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Уларга замонавий тикув машиналари берилиб, касаначи сифатида меҳнат дафтарчалари очилди. Ўз хонадонларида  фаолиятларини бошлаш, этак, автомобиль ёпқичлари, бўз қоп тикишлари учун 330 минг метрдан зиёд зарур матолар, иш ҳақига 173 миллион 56 минг сўм маблағ ажратилди.

"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўрсатилган  вазифалар қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Пахтаобод туманидаги  "З. М. Бобур" номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган "Нафосат" тикув цехида 40 нафар имконияти чекланган, ногирон хотин-қизлар фаолият юритади. Маҳалла ҳудудида фойдаланилмай турган бино тадбиркор Иномжон Даминов томонидан таъмирланиб, қайта жиҳозланди, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти "Андижонпахтасаноат ҳудудий филиали" масъулияти чекланган жамияти ҳамда пахта тозалаш корхоналари томонидан 40 замонавий тикув машиналари билан таъминланди. 

- Мен ўз уйимда эскириб қолган тикув машинасидан фойдаланиб, чеварлик қилар эдим, - дейди "Зокиржон ҳабибий" маҳалласида яшовчи  3-гуруҳ ногирони Ойдиной Османова. - Муҳтарам Юртбошимиз эътибори ва ғамхўрлиги, яхши инсонлар саъйи ҳаракати билан ташкил этилган замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган, кенг, ёруғ мана шундай тикув цехида иш бошладим. Мен каби кўнгли ўксик инсонларга кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.

 

Ногиронлар ишлайдиган бу каби корхоналар жорий йил давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилади.

Хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилмоқда

O'zLiDeP вилоят кенгаши томонидан чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Улуғнор туманининг қатор маҳаллаларида мулоқотлар ўтказилмоқда

2 минг 130 нафар хотин-қиз истиқомат қилаётган Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган  мулоқотда опа-сингилларимизни қийнаётган муаммолар ўрганилди, муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди, шунингдек, мутахассислар томонидан хотин-қизларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлиб, маҳалла марказидаги бўш турган бинони "ноль" қийматда олмоқчи бўлган ҳамда имтиёзли кредит олишда қатор тўсиқларга учраган Феруза Охиновага тегишли ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи  Лазокат ўрмонова, ҳулкарой Пўлатова сингари хотин-қизларнинг кредит олиш борасидаги муаммолари ҳам ижобий ҳал этилди.

 

Умида ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари.