+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Кийим - инсоннинг зийнати!

Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб юрган даврларимиз эди. Биз нуфузли илм даргоҳи талабалари бўлсакда, содда, камтарона кийинардик. Ҳашам ва мода кетидан қувмасдик.

Ўзимизнинг атлас кўйлак ва дўппиларимизни фахрланиб киярдик. Бир куни ўқитувчиларимиздан бири ўзбекона бичимдаги кўйлакни тикиб беришимизни илтимос қилди. 3-4 қиз астойдил ҳаракат қилиб, устозимизга бурмали, енглари узунгина ўзбекона кўйлак тикиб бердик. У бу кўйлакни дарсларга кийиб келиб, қулайлиги, гигиеник-эстетик, гигроскопик хусусиятлари ҳақида гапириб, бизнинг меҳнатимизга юқори баҳо берди. Натижада инс-титутдаги ўқитувчи аёлларнинг бир нечтасига шу кўйлакдан тикиб бердик. Бундан қанчалар хурсанд бўлганимизни тасаввур қилиб кўринг.

Ўзбек халқининг маданияти, маънавияти ҳар жиҳатдан урф-одатларга, муқаддас анъаналаримизга содиқ ҳолда ривожланиб бормоқда. Халқларнинг кийиниш маданияти авлод-аждодларидан мерос бўлиб, кийимлар ўша ҳудуднинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари,   халқнинг турмуш тарзи, яшаш услубига мос равишда табиий матолардан, ёки пишиқ бўлиши учун сунъий материал аралаштирилган матолардан, иссиқ ўлкаларда салқин, ҳавони яхши ўтказувчи, совуқ ўлкаларда эса қалин, ўзида иссиқликни яхши сақловчи матолардан яратилади.

Кийим - инсоннинг зийнати. У нафақат қулай бўлиши керак, балки бежирим, инсон ҳуснини оширувчи, қоматдаги камчиликларни беркитувчи восита ҳамдир. Бу айниқса аёл-қизларимизга тааллуқли. Бироқ кийиниш эҳтиёжимиз учун бўлиши керак, кимўзарга, мақтанишга эмас. Ҳозирги ёш қизларимизни, айниқса талаба ёшларни ҳаддан зиёд тор, ярашиқсиз, очиқ-сочиқ кийимларда юрганларини кўриб мулзам бўламиз. Ёмон хабар тез тарқалганидек, хунук мода ҳам тез тарқаларкан.

Аслида мода дунёси ўзгарувчан. Бир пайтлар урф бўлган кийимлар йиллар ўтиб яна қайтишини кузатяпмиз. Аммо ўзбек аёлларининг миллий кўйлаклари, оналаримиз, момоларимиз кийган ўзбекона бичимдаги бурмали кўйлаклар урфдан чиқиб кетаётганлиги ачинарли ҳол.Бу эса келажакда уларнинг тикилиш усуллари унутилишига сабаб бўлади.

Бурмали кўйлакларни ўзига яраша қулай томонлари бўлиб, ҳақиқий ибо-ҳаё доирасида тикилишини ҳисобга олсак, ҳозирги модельерларнинг бурмали кўйлакларга қўшимча шакл-лар, безаклар бериб, замонавий кўйлаклар яратиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, бизнинг атлас, адрас каби дунёга машҳур матоларимиз борки, булардан тикилган замонавий либосни ҳар қандай хорижлик аёл ҳавас билан кияди.

Ҳар бир оила, маҳалла, билим даргоҳларида ёш қизларимизнинг кийиниш одоби, маданиятига, миллий анъана ва қадриятларимизни қай даражада қадрлашига эътиборни қаратайлик. Ҳозирги ёшлар дунё аҳлига ўзбек номини нафақат спорт ва илм-фан соҳасидаги юқори чўққиларни забт этиши билан, балки маънавияти, юксак аҳлоқий қадрияти ҳамда кийиниш маданияти билан ҳам танитишини истардик.

 

Замира БАҲОВУДДИНОВА,

Мавжуда АБДУЛЛАЕВА,

 

Андижон Давлат тиббиёт институти ўқитувчилари.