+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЧЕТ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШГА ЭЪТИБОР ОРТМОҚДА

Бугун инсоният тараққиёт шиддат билан ривожланиб бораётганлигининг  нафақат  гувоҳига, балки жаҳон маданияти, илм-фан ва техникасининг ривожланиб, тараққий этиб боришидек  мураккаб ва узлуксиз жараёнларнинг бевосита иштирокчисига айланмоқда.

Қайд  этиб  ўтиш жоизки, Ўзбекистон  Республикасининг  "Таълим тўғрисида"ги  қонуни  ҳамда  "Кадрлар  тайёрлаш  миллий  дастури"ни  амалга  ошириш доирасида чет тилларни ўқитишнинг комплекс тизими яратилган. Яъни, бу ҳар жиҳатдан камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни тарбиялаш, мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувига йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида 51,7 минг нафардан зиёд чет тиллари бўйича ўқитувчи-мутахассислар, шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5 - 9 синфлари учун инглиз, немис ва француз тилларини пухта ўқитиш бўйича мультимедиа дарсликлар, бошланғич  синфларда инглиз тилини ўрганиш бўйича электрон ресурслар тайёрланди,  умумтаълим  мактаблари,  касб-ҳунар  коллежлари  ва  академик лицейларда 5 мингдан кўпроқ лингафон кабинетлар жиҳозланди. Шундай бўлса-да, кейинги йилларда чет  тилларни ўқитиш, ўргатиш борасидаги ишларни ташкил қилишнинг амалдаги  тизимини таҳлил  этиш  шуни  кўрсатдики,  бу борадаги таълим  стандартлари,  ўқув  дастурлари  ва  дарсликлар бугунги кун талабига, хусусан, илғор  ахборот  ва  медиа-технологиялардан  фойдаланиш борасидаги талабга  тўлақонли  жавоб  бермас эди. Таълим асосан,  анъанавий  усулларда олиб борилар, таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни  узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашни янада такомиллаштиришни тақозо этарди. Ана шундай келиб чиқиб, сўнгги йилларда бу борада юртимизда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда ва бу ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.

Жумладан, чет тилларни ўқитишда замонавий педагогик усуллар ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни, ўқитишнинг илғор услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни чет тилларни пухта ўрганишлари, ана шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассислар тайёрлаш тизимини янада юқори босқичга кўтариш,  ёшларимизнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб беришдир. 

 

Дилфузахон АРЗИЕВА,

Андижон давлат тиббиёт институти  ўқитувчиси.

ТОШБАFИР БЎЛИБ ҚОЛМАСМИКАН?

Муносабат

Бир хонадонга меҳмонга бордик. У оила кўп қаватли уйлардан бирида яшар эди. Меҳмондорчилик айни қизиган пайтда балкон тарафдан онанинг дарғазаб овози эшитилди:

- Башаранг қурғур, бузиб ташла дедим!

- Йўқ. Йўқ дедимми, йўқ! - бу боланинг овози эди.

- Уйга пат-хаслари учиб кираяпти, бузиб ташла!

Ҳайрон бўлдик. Мен аста она-боланинг олдига чиқдим.

- Нима гап?

- Кўрмайсизми, дераза ортидаги сим тўрга мусича ўлгур ин қуриб олибди. Манави бўлса, уни пойлагани-пойлаган.

- Ахир мушук еб кетиши мумкин болаларини, ая. - Етти-саккиз ёшлардаги боланинг кўзларида ёш айланарди. Тухум босиб ётган она мусича ҳам унга мўлтиллаб қараб турарди.

- Э, еса еб кетавермайдими!

- Қўйинг, бола тўғри айтаяпти. Полапонини очиб чиқсин, учирма қилсин, кейин бузиб ташлайверасиз. Болангизнинг жониворга раҳми келаяпти, ахир, - дугонамни ҳовуридан туширишга уриндим.

Йўқ, унга тушунтириб бўлмади. Жавраганича ўз ишига андармон бўлиб кетди. Бола эса ҳамон мусичага термулиб ўтирарди…

Унинг шу ҳолатини анча вақтгача унутолмадим. Қалбида меҳрибонлик, раҳм-шавқат уруғлари эндигина ниш уриб чиқаётган гўдакни онанинг дарғазаблиги тошбағир инсонга айлантириб қўймасайди, деган хавотир ўтди дилимдан.

Аёлнинг ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Чунки у ўғлининг мурғак онгидаги тўғри тасаввурни, яъни, барча жонзотларга меҳр бериш кераклиги ҳақидаги тушунчани қоралади. Ахир биз катталар болаларга раҳмдилликни, меҳр-шафқат ва бошқа эзгу туйғуларни ўргатмасак ким ўргатади? 

 

Нодирахон ЭРАЛИЕВА,

 

 Балиқчи туманидаги 41-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ВИЖДОН АМРИ БИЛАН ЁНДОШСАК...

Мулоҳаза

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари, айниқса, имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар бутун халқимизни қувонтирмоқда. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" тамойили асосида олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар барча катта-кичик идоралар раҳбарларини янада фаол ишлашга чақирмоқда.

   Она Ватанимизда юз бераётган ҳар қандай ўзгариш бизни бефарқ қолдирмайди. Хусусан, жамиятимиз ривожи, маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатиблар, отинойилар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.  Буюк аждодларимиз яшаб ўтган бу кўҳна замин неча минг йиллар мобайнида не-не улуғ зотларга бешик бўлиб келмоқда. Шу жаннатмакон юртимизнинг ободлиги, унинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшиш, юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш  исломни таниган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи аслида. Халқнинг кайфиятини, дардини биз -  отин-ойилар бошқалардан кўра яхшироқ билишимиз лозим. Чунки биз аҳолининг кўплаб издиҳомларида, тўю маъракаларида бўламиз. Турли одамлар билан гаплашамиз.

Мени бир нарса ўйлантиради. Одамлар эҳсонни етим-есирлар, муҳтож кишилар, кам таъминланган оилаларга қилиш ўрнига, маҳалланинг бой одамларини, дин пешволарини чақириб, олдига тўкин дастурхон ёзишиб, сарполар инъом этишади. Қайта-қайта айтилса-да, нима учун шу оддий ҳақиқатга амал қилмаймиз. Хўп, одамлар буни тушунмас, лекин кўпни кўрган ҳар жиҳатдан бекаму кўст умргузаронлик қилаётган отахон-онахонлар: "Эй биродар бундай қилманг, эҳсонга бизни эмас, муҳтож кишиларни чақиринг" деб баралла айтишларини камдан-кам кўрамиз. 

Ҳадису шарифларда ҳам ўзига тўқ кишиларга эҳсонлар қилишдай ҳаракатлар қораланади. "Дастурхоннинг очлар қолиб тўқлар учун ёзилганидир. Кийимларнинг ёмони муҳтожлар қолиб, бойларга берилган сарподир" каби шарқона  тарбияга хос тушунчалар қадим-қадимдан динимизда, халқимизнинг одоб-аҳлоқ, тарбия мезонларида ўз аксини топиб келади. Нима учун бугун уларга амал қилмаяпмиз?

Отинойи сифатида кўпдан бери бир ташаббусни бошлашни дилимга тугиб юргандим. "Бир имомга бир ногирон", "Бир отинойига бир муҳтож"  шиори остида дин пешволари ногирон кишиси бор ёки эҳтиёжманд оила ҳолидан мунтазам хабар олишни йўлга қўйса, айни муддо бўларди. Шунингдек, халқнинг эҳсону маъракаларига ҳам муҳтож ёки ногирон кишиларни бирга олиб борса, шу инсоннинг ҳам кўнгли кўтарилар эди. Ахир кўнгли ярим инсонни хурсанд қилиш ёки бирор бемор ҳолидан хабар олишнинг савоби Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани муқаддас манбаларимизда ҳам ёзилган. Бу Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан биз дин аҳллари олдига қўйилаётган вазифа ҳамдир. Биз бундай хайрли ишларни ихлос билан, виждон амрига қулоқ тутиб бажарсак, беҳисоб ажру савобга эга бўламиз. Қолаверса,  жамиятимиздаги турли иллатларнинг барҳам топишига ёрдам беради, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ришталари мустаҳкамланади,  кўнгли ўксикларга кўмак беришдек хайрли ишлар кўлами янада кенгаяди.

     Раҳминисо ЮЛДАШЕВА,

 

 Андижон шаҳридаги Бобур маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси.   

ТУМАН ВА ШАҲАРЛАРДА ЯНГИ КИТОБ ДЎКОНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда китоб савдосини ташкил этиш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан секторлар доирасида китоб дўконларини ташкил этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, айни кунга қадар 17 китоб дўкони ташкил этилиб, турли китоблар савдоси йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Қўрғонтепа туманида икки нафар тадбиркорга   китоб дўкони қуриш учун ер майдони ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Туман ва шаҳарларда ташкил этилган китоб дўконларида 5 мингдан зиёд турли йўналиш ва мавзулардаги китоблар сотилмоқда. Янги китоб дўконлари фаолияти йўлга қўйилиши билан 17 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

- Вилоят ички ишлар бош-қармаси ташаббуси билан Асака туманида "Бир китобхонга бешта янги китоб" шиори остида акция ўтказилди, - дейди Асака туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Содиқжон Усмонов. - Акция давомида туман ички ишлар бўлими томонидан умумтаълим мактаблари ахборот-ресурс марказлари ҳамда янги ташкил этилган китоб дўконига ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари саналган, шунингдек, болажонлар учун эртак китоблар, услубий қўлланмалар тақдим этилди.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб ўқиш ва мутолаасига бўлган қизиқишини оширишга қаратилган бу каби ибратли ишлар вилоят ички ишлар тизими ходимлари томонидан изчил давом эттирилиши белгилаб олинди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ВИЛОЯТИМИЗДА ИҚТИДОРЛИ ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Хушхабар

Куни кеча Тошкент шаҳрида республика ёш ўқувчи қизлар саммити бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республика Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасалари  ўқувчи қизлари ўртасида ўтказилган республика ўқувчи ёшлар саммитида вилоятимиз ўқувчи қизлари ҳам фаол иштирок этди.

Саммитда вилоятимиздаги турли умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 16 нафар иқтидорли қизлар иштирок этиб, улар томонидан тақдим этилган лойиҳалар 4 та диплом, 16 та сертификат билан тақдирланди. 

"Ахборот технологиялари", "Медиажурналистика", "Тадбиркорлик ва иқтисод", "Инновацион менежмент", "Таълимга оид ижтимоий лойиҳа", "Санъат ва ижод" йўналишлари бўйича 1078 нафар ўқувчи қизнинг анкеталари саммитни ўтказиш  ташкилий қўмитасига тақдим этилди. Ана шу қизларнинг анкета ва лойиҳалари кўриб  чиқилиб, уларнинг 125 нафари  вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Саммитнинг Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган вилоят босқичида 16 нафар энг иқтидорли қизлар ғолиб деб топилиб, республика саммитида қатнашиш йўлланмасини олган эди. Улар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган республика саммитида фаол иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Якунда юқорида таъкидланганидек, 4 йўналиш бўйича диплом ҳамда 16 сертификат соҳиби бўлдилар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятимиз умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган қизларнинг барчаси таълим муассасаларида ташкил этилган "қизларжон" клубларига жалб этилган. Таълим жараёни, қолаверса, "Қизларжон" клуби машғулотларида иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Бу эса ўқувчи қизларимизнинг муваффақиятларига замин яратмоқда.

 

Шаҳло НИШОНОВА,

 

вилоят халқ таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ҚАЙТАР ДУНЁ

Зубайданинг дадаси жарроҳ эди. У одамлардан ҳар бир операция учун хизмат ҳақига катта пул талаб қиларди. Ҳатто шароити оғир инсонлар, қўни-қўшнилари, қариндошларидан ҳам операция учун пул сўрарди. Беришмаса жарроҳлик амалиёти ўтказмаслигини айтиб, пўписа қиларди. Илҳом ака барча беморларидан норозиликлар, шикоятлар эшитарди. У бутунлай  обрўсини йўқотган, кўча-кўйда ҳам биров саломига алик олмасди. Илгари уни ҳамма кўрса дуо қиларди. Қўни-қўшнилар Илҳом ака билан узоқ суҳбатлашгиси келарди. Бугун эса...

Бу орада Зубайда бедаво дардга чалинди. Дадасининг бу ишларидан хабар топган Зубайданинг дардига яна дард қўшилди. Чунки, у шифокорларни жуда яхши кўрарди. Ўзи ҳам коллежни тамомлаб, тиббиёт институтига кирмоқчи эди. У дадасининг оқ халатига туширган қора доғни кунда эслаб, ундан нафратланарди. Наҳот энди унинг орзулари рўёга айланса?

Илҳом аканинг боши қотган. Кўпчиликнинг дардига дармон бўлиб, ўз фарзандининг дардига даво топа олмаётганидан эзилар эди. Шифокорларнинг айтишича, Зубайданинг олти ой умри қолганмиш. Илҳом ака Зубайданинг кўзларига боқса, ўзининг қилмишлари ёдига тушади.У энди бир умр ўзини кечира олмай яшайди.

 

   Дилобар Муҳаммадсолиева,

 

 Балиқчи тумани.

ЯГОНАМ, БАҲОР!

Қатра

Хушбўй гуллар исини таратиб, инсонлар кўнглини орзуларга тўлдирувчи баҳор майин шаббодасини елдирмоқда. Дарахтлар гўё куй басталаб, ижро қилаётгандай. Бутун борлиқ ана шу куйга жўр бўлаётгандай. Табиат ҳаммага  гўзаллик улашмоқда.

Баҳор ўзининг самимий кулгуси ила  қалблардан жой олувчи малакдир. Гўё келинчакдай гулларини рўмол қилиб олган. Ана шу рўмоли чиройига янада чирой қўшган. Унинг либосидаги ифор қалбларга қувонч бағишлайди. Дилларимизга хушнудлик олиб келувчи бу фаслдан бир сония ҳам ажралгим келмас. Уялганидан унинг юзи бўлмиш қир-адирлар лолазорга айланди. Қизариб, лов-лов ёнди. Сўнгра рўмол остидаги кокилларига мажнунтол новдаларидан сочпопук тақди.

Баҳор, сен бизнинг борлиқ узра ягонамизсан!

Жумагул МАЛИКОВА,

 

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

МАКТАБДА "ЁШ КИТОБХОН" РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИ FОЛИБИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактабида ташкил этилган  "Уста Ҳабибуллоҳ ота" ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташаббуси билан мактаб ўқувчиларининг "Ёш китобхон" республика танлови ғолибаси, Президентимизнинг "Spark" автомобили сов-риндори бўлган фарғоналик Шарофатхон Исмоилова билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирда мактаб директори М. Ҳусанова сўз олиб, ўтказилаётган маънавият, адабиёт байрами ҳамда Наврўзи олам билан барчани муборакбод этди.

Меҳмонлар, мактаб ўқитувчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокидаги ушбу тадбир таасссуротларга бой бўлди. Қизиқарли савол-жавоблар доирасида ўқувчилар танлов ғолибасидан, унинг ота-онасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Ўз ўрнида Ш. Исмоилова танлов жараёнидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, инсон қанчалик кўп китоб ўқиса, билимли бўлса, ўз мақсадлари сари дадил олға интилиши мумкинлиги, қолаверса, Юртбошимиз соврини унга қувонч, ёрқин онларни тақдим этиш билан бирга, зиммасига юксак масъулият  юклаганлигини таъкидлади. 

Маълумки, "Уста Ҳабибуллоҳ ота" ўқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мазкур умумтаълим мактабининг 1-10 синфларида таҳсил олаётган ўқиш ва жамоат ишларида ўрнак кўрсатган, фаол, аълочи ўқувчиларига ойлик стипендия таъсис этилган. Тадбир доирасида март ойининг стипендиялари ҳам 10 нафар ўқувчига тантанали равишда топширилди. Шу ўринда мазкур лойиҳани ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган туманхалқ таълими бўлими, мактаб маъмурияти, Ёшлар иттифоқи туман бўлими мутасаддиларига, шунингдек,  мазкур хайрли лойиҳага ҳомий сифатида амалий ёрдам кўрсатаётган саховатли инсонлар, хусусан, А. Абидов, Х. Эшматовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 Шунингдек, тадбирда Тошкент давлат аграр университети талабаси Холжўра Ҳабибуллаев ташаббуси билан мактабда ўтказилган "Энг яхши китобхон" танловида ғолиб бўлган 10 нафар ўқувчи ҳам эсдалик     совғалар билан тақдирланди.

 

Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти "Маънавият"йўналиши сардори,

 

лойиҳа муаллифи.

АҲИЛ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛА - ЮРТ ТАЯНЧИ

Туманимизда ўтган йили "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси ташкил этилган. Тузилма фаолиятининг дастлабки давридан бошлаб унга раҳбарлик қилиб келаман. Аслида мен қайноналар билан ишлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш борасида қарийб 35 йиллик тажрибага эгаман.

Бу борадаги ишларни ўрганишимда менга онамнинг олиб борган ишлари, ўгиту насиҳатлари ибрат мактаби бўлган.

Айни кунда туманимиздаги 74 маҳалланинг барчасида "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси самарали фаолият олиб бормоқда. Тузилма аъзоларининг маҳалла фаоллари, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари самараси ўлароқ, фаолиятимизнинг барча йўналишларида ижобий натижаларга эришиб келяпмиз.

Ўзбек миллатида, биз яшаётган жаннатмакон заминда қадим-қадимдан меҳр ва оқибат биринчи ўринга қўйилган. Маҳалла аҳли ҳамма давр-ларда ҳам иноқ ва аҳилликда яшаганлар, оилалар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда бартараф этганлар. Онахонларимиз келинларига қайнона бўлиб эмас, ўз онасидай "фарзандим" деб меҳр кўрсатиб келган. Ўзининг келинлари қолиб, бутун маҳалла келинларга бош бўлиб, уларни ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишларига, янги оилада ўз ўринларини топишларига яқиндан ёрдам берганлар.  Халқимизнинг бу борада шаклланган юксак маданияти, анъана, урф-одат, тарбия мезонлари дунёнинг бирор бир халқида бўлмаса керак.

Лекин бугунги давр ўта шиддат билан ривожланмоқда. Айниқса, қизиққон ёшларимиз кундан-кунга фаровон ҳаёт сари интилар экан, юқоридаги каби қадим оилавий қадриятларимизни бироз унутгандай, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини баъзи ҳолларда бошқача талқин этаётганликлари биз кексаларни ташвишга солмоқда. Фарзандларимиз тақдири, келажаги, албатта, биз учун муҳим. Шу боис ҳам мазкур жараёнда уларга имкон қадар кўмак беришимиз, уларни тўғри йўлга солишимиз лозим.

 Очиғини айтганда, баъзи бир янги ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйган тажрибасиз ёшлар кекса оналаримиз бермоқчи бўлган панд-насиҳатни гўёки эркинликларига қўйилаётган чекловдай қабул қиладилар. Мана шундай узоқни кўра билмаслик, уқувсизлик ва    шошқалоқлик оқибатида айрим ёш келинчаклар тушган хонадонига мослаша олмай айрим кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Таҳлиллардан кўриш мумкинки, пароканда бўлаётган оилаларда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда. Бундан кўринадики, бу борада қилишимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп. Қайнона ва келинлар бир-бирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар ана шу оилада албатта, бахтли ҳаёт   барқарор бўлади.

Ҳар бир она, келин яхши билиб олсинки, меҳр ва эътибор, ширинсўзлик ҳар қандай муаммоларнинг оддий ечими ҳисобланади. Ўзга хонадонга яхши ниятлар билан кириб борган келин оиланинг қонун-қоидалари, ўзига хос анъаналарини албатта, қайнонасидан ўрганади. Агар оилавий муносабатларда қайнона одилона иш тутса, келин ҳам шундай тарбия топади. Қайноналик ҳам масъулият, ўзга бир оила муҳитида тарбия топган қизни ўз қизидек қабул қилиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш ҳам катта фидойилик талаб қилади.

Тузилмамизнинг саъйи-ҳаракати билан юзлаб ажрашиш арафасида турган оилалар яраштирилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида "Қайноналар кенгаши"га тушган оилавий низолар билан боғлиқ 10 мурожаатнинг 9 таси ижобий ҳал этилди. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Маҳалла, қайноналар, айниқса, ҳозирги ёшлар билан ишлаш осон эмас. Бу йўналишда биз "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими, Яраштириш комиссиялари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, имом-хатиблар, отин-ойилар, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бораяпмиз. Бунга ҳам дунёвий, ҳам диний томондан сабоқлар бериш, оилаларда суҳбатлар уюштириш, тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш орқали эришилмоқда.

 Шунингдек, Кенгашимиз аъзолари томонидан оила қуришга тайёрланаётган қизлар билан оилавий ҳаёт, келиннинг бурчлари, қайноналар, оиланинг бошқа аъзолари билан муносабатлари қандай бўлиши кераклиги хусусида суҳбатлар ташкил этилмоқда. Биз нафақат қайнона-келин муносабатлари, балки нотинч оилалардаги тотувликни, соғлом оилавий муҳитни мустаҳкамлаш, қўни-қўшничилик муносабатлари бузилган хонадонлар турмуш тарзини бар-қарорлаштириш борасида  ҳам зарур ишларни олиб             боряпмиз.

 Бугунги кунда туманимизда 79 мингдан зиёд оила истиқомат қилади. Уларнинг 30 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Уларнинг муаммолари, эҳтиёж ва талабларига, айниқса, нотинч оилалар билан иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилавий муносабатларда муаммо юзага келган оилаларга маҳалладаги катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар бириктирилмоқда. Бундан ташқари, тўй-ҳашамлар, маърака ва бошқа маросимларини ихчам, камчиқим қилиб ўтказиш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.  Эркаклар латта-путта, сеп-сидирғага кўп ҳам аралашмайди. Очиғини айтиш керак, тўйлардаги ортиқча олди-бердилар, маъзар беришда ҳаддан ошишлар, "мен сендан ўзаман" қабилидаги сеп-сидирғаларнинг бошида аёлларимиз турибди. Демак, тўй-ҳашамларни ихчам ўтказиш борасида энг аввало, аёллар билан, қайноналар билан ишлашимиз лозим. Чунки оила бюджетига зиён келтираётган ҳам, ўйлаб топилган турли тадбирларни, олди-бердиларни урф-одат, деб анъанага айлантираётган ҳам аёлларимиз бўляпти. Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қилишимиз зарур.

Яқинда иккита намунали тўй ўтказдик. Ортиқча дабдабасиз, олди-бердиларсиз ўтказилган бир кунлик тўй маросими муҳтарам Президентимизнинг тўй-маросимларни тартибга солиш борасидаги ўринли фикрларига жавоб бўлади, деб ўйлайман. Албатта, бу билан туманимизда барча оилалар тотув яшамоқда, маҳалла тинч-осойишта, оилаларни  мустаҳкамлаш борасидаги барча муаммолар барҳам топди, деб бўлмайди. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

Оилаларда тинчлик ва осойишталик, соғлом ва бар-қарор муҳитни таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири. Зеро, аҳил ва мустаҳкам оила - юрт таянчи, унинг ишончли келажаги. Демак, фуқаролар йиғини қошидаги кенгашлар,   комиссиялар, барча фаоллар ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз, ҳар бир оилада, маҳаллада соғлом маънавий муҳит ва   барқарорликни таъминлаш учун бор имкониятларимизни ишга солиб фаолият юритишимиз зарур.

 Мавлудахон АБДУРАҲМОНОВА,

 

 Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раиси.

ЁШ КЕЛИННИНГ САЛОМАТЛИГИ ОFИРЛАШДИ

ёҳуд эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарарлари хусусида

Оз бўлса-да, бугун ҳаётимизда эрта ва қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳлар натижасида ногирон болаларнинг туғилиши, ёш оналарнинг оғир хасталикларга мубтало бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу билан боғлиқ муаммолар шубҳасиз, ҳар биримизни ташвишга солади. Умуман, эрта никоҳнинг аянчли оқибатлари ва унинг олдини олиш хусусида Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси бош гинекологи Малоҳатхон САЙФУТДИНОВА қуйидаги фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди. 

- Ўзбекистонда никоҳ ёши қизлар учун ўн етти ёш, деб белгиланган бўлса-да, қизларни бу ёшда турмушга бериш қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, бу ёшда қизларимиз жисмонан оилавий ҳаётга тўлақонли тайёр бўлмайди. Шифокорлар, олимлар томонидан ўтказилаётган кўплаб    тадқиқотлар, ҳаётий мисоллар ана шу фикрнинг нечоғлик тўғри эканлигини кўрсатмоқда. Буни яқиндагина ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа мисолида ҳам айтиб ўтишим мумкин.

Бир танишимиз кекса онаси оғир хасталиги туфайли набирасининг никоҳ тўйини кўриб қолсин, деб эндигина ўн етти ёшга тўлган қизини турмушга узатди. Тўй дабдаба билан бўлиб ўтди. Минг афсуски, оғир хасталаниб ётган кекса буви, ҳатто набираси тўйининг қандай тарзда бўлиб ўтганини билгани ҳам йўқ. Лекин қувонч билан ўтган тўй ортидан бу оилага қатор ташвишлар ёғилди.

Қиз ёш бўлгани боис унинг янги оилага кўникиши қийин кечди. Қайнонани келиннинг тажрибасизлиги, рўзғор юмушларини бажаришда йўл қўяётган хатолари зада қилди. Ачинарлиси, қанчалик ҳаракат қилмайлик, оила қуришга жисман ва руҳан тайёр бўлмаган қизнинг ҳомиласи нобуд бўлди. Эндиликда ёшгина келиннинг саломатлиги анча оғирлашди, узоқ вақт мунтазам даволанишни тақозо этмоқда. Фарзанди бошига тушган бу кўргиликлар ота-онани ҳам қийин аҳволга солиб қўйди.

Шу ўринда савол туғилади. Бунга йўл қўймаслик мумкин эдими? Албатта, мумкин эди. Ота-она мулоҳаза билан иш тутганида, тиббий саводхонлиги етарли бўлганида, шифокорларнинг фикрларига қулоқ тутганларида эди, бундай кўнгилсизликларнинг олди олинган бўларди. Ҳар бир ота-она фарзандини бахтли бўлишини орзу қилади. Лекин фақат истак билангина орзуга эришиб бўлмайди. Афсуски, айрим юртдошларимиз фарзандлари тақдирига юзаки қараётганликлари, ўзлари истамаган ҳолда уларни қийин аҳволга солиб қўяётганликлари бор гап.

Шифокор сифатида ҳам касбий, ҳам ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қизларнинг 20-22 ёшдан, йигитларни эса 24-26 ёшдан оила қуришларини мақсадга мувофиқ деб биламан. Чунки йигит ва қизлар айнан ана шу ёшларида оила қўрғонини барпо этишга ҳар томонлама тайёр бўлади.

Яна шуни таъкидлашим керакки, эрта турмушга чиққан қизларда ҳомиладорлик оғир кечиши жуда кўп кузатилган. Ҳомиладорлик даврида турли патологик, экстрагенитал касалликлар кучайиши, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида турли салбий оқибатлар юзага келиши кузатилади. Бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланишига сабаб бўлади, она ва бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу ўринда нафақат эрта, балки қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам ана шундай салбий оқибатларга олиб келади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бундай никоҳлар натижасида кўпроқ ногирон болаларнинг туғилиши кузатилади.

Яқинда ҳомиладор бир аёл қабулимда бўлди. Учинчи фарзандини кутаётган экан. Асаблари таранглашган, унда кучли руҳий зўриқиш аломатлари яққол сезилиб турибди. Суриштириб билсам, ўз холасига келин бўлган бу аёлнинг 4 ёшга тўлаётган иккинчи фарзандининг ўнг оёғи яхши ривожланмай қолган экан. Учинчи фарзандим ҳам бирор нуқсон билан туғилмасмикан, деган ҳадик уни қаттиқ ташвишга солаётганини айтиб йиғлади. Аёлга қўлимиздан келадиган зарур барча тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Лекин тиббиёт ҳам яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида туғиладиган болани қандай бўлишини аниқлаб бериши анча қийин.

Яқин қариндошлар ўртасида никоҳланиш зарарли эканлиги, бу нарса илмий асосланганлиги ва қайта-қайта айтилишига қарамасдан, орамизда қуда бўлишни истаётган опа-сингиллар, яқин қариндошларнинг учраб туриши бу борадаги тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этади.

Муқаддас динимиз исломда ҳам яқин қариндошлар ўртасида оила қуришга рухсат этилмайди. Хусусан, Қуръони Каримда ҳам бу ҳақда оятлар келтирилади, шунингдек, қатор ҳадислар борки, уларни яхши билишимиз ва улардан ўзимизга тўғри хулоса чиқариб олишимиз лозим.

Оила-жамиятнинг асоси. Оилалар қанча мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик равнақ топади. Айни кунда маънан етук, салоҳиятли, жисмонан бақувват ёш авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаб вояга етказиш жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фарзандларимизни соғлом улғайишлари учун зарур барча ишларни бажаришимиз керак. Айниқса, эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳларга йўл қўймаслик миллатимиз наслининг соф-лигини сақлаш, ногирон болалар туғилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Минурахон БОЗОРОВА ёзиб олди.