+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Сен 2025

“МЕН ЁНМАСАМ, СЕН ЁНМАСАНГ...”

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

2025 йил - Атроф-муҳитни асраш ва яшил иҚтисодиёт йили

Дарҳақиқат, туркларнинг машҳур шоири Нозим Ҳикмат “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир” деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади. Бу айни атроф-муҳитнинг ифлосланишига, сувларимизнинг булғанишига, тупроғимизнинг зарарланишига, мева-сабзавотларнинг заҳар-заққумга тўлдириб юборилаётганлигига беэътибор, беғамларча қараб турганларни-да ҳушёр торттириш бонги бўлиб янграйди.

Биз бежиз сиз билан ғойибона суҳбатимизни ушбу сўзлардан бошламадик. Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”деб ном берилган жорий йилимизнинг иккинчи ярми бошланганига ҳам ҳадемай уч ой бўлади. Бу давр мобайнида қанча-қанча лойиҳалар, рейдлар, акциялар ташкил этилди. Лекин ҳар гал бу тадбирлар шу соҳа  мутасаддиларининггина иши бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, атроф-муҳитни асраш ҳар кимнинг, ҳамманинг ишидир. Лекин бу борада кўпчилик ҳали   уйғонгани йўқ.

Менинг хонадоним ёнгинасида ариқ оқиб ўтади. Яъни бобомиз Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида таъкидлаб ўтган Тўққизариқнинг йўқола-йўқола, қолган биргина анҳори оқиб ўтади. Доимий кузатишимча, анҳор тўла сув бўлган кезларда кўзингизга чиройли кўринади. Алҳол, сув тўхтаган онларда унга қараб ачинасиз. Шундай, суви тўхтаб қолган ариқларни бир ёзувчи акамиз “Антиқа музей” деб атаганди. Унда ҳар нарса бор: ичимликлардан бўшаган баклашкалар, турли мева-сабзавот пўчоқлари, латта-путталар, сўйилган ҳайвонларнинг чиқиндилари, синган, эскирган идиш-товоқлар, қўйингки, эски-туски буюмларнинг мозийгоҳи деяверинг.

Ҳали тоза ичимлик суви    танқислиги айтилмаган йилларда бу борада бир кузатув қилгандим. Кузатишимча, чулдираб оққан сув бир тонналик идишни бир суткада тўлдираркан. Иш юзасидан шаҳар, туманларда юрган пайтларимда жўмраги ёпилмаган кўпдан-кўп ичимлик суви қувурларига кўзим тушарди. Шунда хаёлим синовимга кетарди. Битта кўчада жўмраги ёпилмаган иккита қувур бўлса, битта маҳаллада ўртача йигирмата кўчани ҳисоблаб қўшсак, уни шаҳар-туманлар, вилоятлар кесимида кўпайтирсак, тасаввур қиляпсизми, бир кеча-кундузда қанча ичимлик суви беҳуда оқиб кетмоқда. Қанча тоза ичимлик суви исроф бўлмоқда. Яна кузатишимча, ҳам ичимлик суви, ҳам ариқ суви тўхтаган бизникидек шароитдаги одамлар ҳалиги суви тўхтаб қолган ариқ кўлмагидан сув олишиб ҳайвонларига ичиргани, ҳатто ўзлари ҳам ичганлигининг гувоҳиман. Лекин ғофил бандалар сув келгач, яна сувга ахлат ташлашни давом эттираверади. Кечагина шу ифлосланган сувдан ичдим-ку, ҳеч бўлмаса, юз-қўлимни ювдим-ку, деб ўйлаб кўрмайди.

Яна бир ўта долзарб муаммо. Эсимда, бундан йигирма йиллар аввал маҳалламиз оқсоқоллари билан бир издаҳомдан қайтаётгандик. Йўлимиздаги бир хонадон эгаси молхонаси чиқиндисини ёнидаги анҳорга қувур орқали чиқаришни йўлга қўйганлигига гувоҳ бўлдик. Шунда оқсоқоллар чиқинди қувурини ўша пайтдаёқ олдириб юборганлари ҳозиргидек ёдимда. Ҳозир-чи, кўчалар бўйлаб кетаркансиз, ҳар уч хонадондан иккитаси қувур орқали чиқинди сувини кўчадаги ариққа оқизаётганлигига гувоҳ бўласиз. У ошхона чиқинди сувими, ҳаммом чиқиндисими ёки ҳайвонлар ахлатими?! Надоматлар бўлсинки, бундай ножўя ишлардан одамлар уялмай қўйишди. Ундайларни тартибга чақирувчи оқсоқоллар ҳам назаримда камайиб кетди. Яна бир гап: авваллари одамлар ўзлари ёки болалари орқали ахлатни сувга ҳеч ким йўқ пайтларида ташлашарди. Бугун-чи, кўзингга тик қараб туриб, арава-арава ахлатни сувга ағдаришади.

Яқинда Андижон шаҳри марказида жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари қўним топган ишхонадан беш-ўн нафар масъуллар билан Экопартиянинг “Тоза ҳудуд” лойиҳаси доирасида қўлларимизда салафан халталар билан ёнимиздаги маҳалланинг бир кўчасини тозалашга киришдик. Йўл-йўлакай, кўча четларида шунчаки гап сотиб ўтирган кўпчилик одамларга кўзимиз тушди. Уларнинг бизга қўшилиши у ёқда турсин, ҳорманглар, деган сўзга-да ярашмади. Аксинча, фалон ахлат қолиб кетди, тоза теринглар-да, деган дашномни эшитдик.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятимизда тозаликка масъул мутасаддилар бу борада сидқидилдан ишлашмоқда. Аввалгига қараганда, кўчаларга ахлат машиналарнинг қатнови кўпайган. Аммо кўча бўйларига, ҳатто қўшнисининг эшиги ёнига ахлат халтасини ташлаб кетишлар камаймаяпти. Юқорида  айтганимиздек, тозаликни маҳкам тутган, сувга ҳатто тупуришга йўл қўймаган аждодларимиздан мерос тутумлар тикланиши лозим. Тозаликни сақлаш ишига ҳамма бирдек ёниши, масъул эканлигини ҳис этиши зарур. Шундагина кўча ва маҳаллаларимизни, анҳору ариқларимизни тоза, покиза сақлай оламиз.

Восит АҲМАД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Прочитано 23 раз