+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Бувимнинг "Кал пиёва"си

Ҳикоя

Ота-онам куни билан давлат юмушида бўлганликлари туфайли уйда кўпинча бувим билан қолардим. Ҳовлининг кўзга ташланмайдиган бир четида оддий лойсувоқли қора ўчоққа эрталабдан қозон осилиб,    овқат қайнаб турарди. Бир чимдим гўшт, бир қошиқ сариёғ ва бир неча бош полиз маҳсулотларини узоқ қайнатиб пиширилган шўрва. Бувим уни "кал пиёва" деб атарди.

Бувимни йўқлаб келувчи амма, амакиларим ярим косадан ичиб кетадиган ана шу қайнатма кечмаҳалда ойим ишдан қайтиб тайёрлайдиган таомга қадар асосий овқатимиз эди.

Эрталабдан то тушгача милдираб қайнаб пишадиган "кал пиёва"нинг мазаси ҳали ҳамон оғзимда қолган.

Улғайиб, мактабга бордим. Мактаб сабоқлари йиллар ўтиб олийгоҳ таълими билан боғланди. Талабалик даврларида ҳам ҳар гал  уйга қайтганимда, бувим ҳамон "кал пиёва" билан сийларди. Тўғри, ўртоқларим билан туғилган кунлар, тўй-ҳашамлар, гап-гаштакларда турли лаззатли таомлардан баҳраманд бўлардим, бироқ, барибир бувим пиширган шўрванинг таъмини ҳеч қайси таом босолмасди.

- Буви, шўрвангизни мазали бўлишининг сабаби нимада? - деб сўрадим бир куни овқат ичиб ўтирганда бувимдан.

- Бу - жуда оддий. Икки бош пиёз, бармоқдеккина гўшт, иккитагина картошка, номигагина ёғ...Узоқ қайнаганда масаллиқларнинг таъми сувга ўтиб, шўрвани янада тотли қилади, овқат дармондорига айланади. "Кал пиёва" дейилишига сабаб эса масаллиқларнинг оз солинишидир. Бу овқатни тайёрлаш менга ота-бобомиздан мерос. "Кал пиёва" менга қаҳатчилик, уруш йилларини эслатади. Болалик даврларимни, ота-онамни қўмсайман. Шу боис, ҳар куни пишираман. Энг асосийси, меҳр билан тайёрлайман. Шунда бу овқат ичган одамни бақувват қилади, илигини тўқлайди. Кўриб турибсан, ёшим саксондан ошса ҳам бардам-бақувватман. Ҳалигача ўз овқатимни ўзим пишираман.

Бувимдан ҳол-аҳвол сўрашга келган қариндошлар, қўни-қўшниларнинг ҳаммаси ҳам бувимнинг "кал пиёва"сидан тотинардилар, мақтаб-мақтаб қўярдилар.

Эсимда, бир гал қўшнимиз, бувим билан тенгқур Жаннат бувининг мазаси қочиб, туз тотмай ётганини эшитган бувим шўрвадан бир коса олиб чиқиб, унга ичиргани, шундан сўнг бувининг иштаҳаси очилиб, оёққа турганини эшитгандим. Ўшанда бувим шўрвани дугонасига ичираётиб далдалар берган, ўтган-кетгандан гапириб, ҳазиллашиб, кулгули воқеаларни эслатган, Жаннат буви дардини батамом унутганини келинлари ҳамон эслаб юришади.

Болалик, ёшлик ортда қолди. Ҳаёт ташвишларига берилдик. Бувим тўқсондан ошиб  оламдан ўтди.

Ота эшигига ҳар гал борганимда, ҳовли бурчагида сақланаётган бувимнинг ўчоғига кўзим тушади. Кексайиб қолган ота-онам билан чорпояда суҳбатлашиб ўтириб, ўчоққа тез-тез назар ташлаб қўяётганимни уйдагилар дарров сезишади.

- Биздан кейин нима бўлади, билмадим, аммо то кўзимиз тирик экан, бу ўчоқ бузилмайди. Бувингдан қолган ўчоқ худди рўзғоримизнинг баракасига ўхшайди, қизим! -  деб қўяди онам.

Ҳар келганимда, албатта ўчоқ ёнига бораман, уни сийпалайман. Бувимнинг "кал пиёва"си таъмини туйгандек бўламан.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА