+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

10 Сен 2020

Меҳнат ва ҳалоллик инсонни улуғлайди, - дейди асакалик меҳнат фахрийси Олимжон ота Раҳимов

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ибратли умр соҳиблари

Кексалик ҳам келди менга

яхши роҳатлар билан,

Тинчлигу орасталик,

бахту саодатлар билан...

Ҳам ширин онлар билан,

ҳам яхши ҳамдамлар билан,

Ҳам тўкин дастурхону

файзу барокатлар билан...

Ҳа, Олимжон ота Раҳимов ўз ғазалларининг бирида ёзганидай, бугун бахту фароғатда тинчлик-хотиржамликда, эъзозу-эҳтиромда кексалик гаштини сураётган табаррук нуронийлардан бири, десам асло муболаға бўлмайди. Бугунги фаровон кунларга етишнинг ўзи бир бахт эканлигини бошқалардан кўра, домланинг ўзи чуқурроқ ҳис этади. Чунки, шу кунларга етиб келгунича, не-не чиғириқлардан, ҳаётнинг қанча баланд-пастларидан ўтмади, дейсиз!.. Болалик давридаги азоб-уқубатларни, ҳаётнинг машаққатли  синовларини енгиб ўтиш албатта, осон кечмаган.

Табиатан камтар, каттаю кичикка бирдек ҳурмат билан гапирадиган Олимжон ота билан 2001 йилда танишгандим. У ўшанда нашриётга ўзи туғилиб ўсган Қайрағочариқ қишлоғи тарихи ҳақидаги китоб кўлёзмасини олиб келган эди. Биринчи суҳбатданоқ, у инсоннинг камтар, ўта маданиятли, билимдон, айниқса, адабиётга, ижодга ихлоси баланд, шеърият шайдоси эканлиги яққол намоён бўлган эди. 

Йиллар давомида Олимжон ота билан қадрдон бўлиб кетдик. У кишининг қатор китобларига муҳаррирлик қилдим, суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлдим,  бой ҳаёт тажрибаларидан сабоқ олиб, камтарликни, меҳнатсеварликни, одамларга ўзига хос муомала-муносабатни ўргандим. Ким билан суҳбатлашмай у киши ҳақида фақат илиқ ва яхши гаплар эшитдим.

 

Ўттиз етти йил бир мактабда ишлаган муаллим

...Олимжон Раҳимов 1934 йил 20 августда Асака тумани Қайрағочариқ қишлоғида таваллуд топган. Болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Кўп қийинчилик, машаққатларни кўрди. Қандай қийинчилик бўлмасин, ҳалолликни, меҳнат қилиб, ҳалол нон топишни ўзига шиор қилиб олди. Ўрта мактабни тугатгач, Фарғона педагогика институтида таҳсил олди. Олийгоҳни тамомлагандан сўнг, маълум вақт     Олтинкўлнинг Миробод қишлоғидаги ўрта мактабда ёшларга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

Кейин эса, аниқроғи 1957 йилдан 1994 йилгача, яъни, 37 йил меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Асака туманидаги 36-ўрта мактабда давом эттирди. Домла ўз касбининг    фидойиси, етук мутахассиси сифатида жуда кўп фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар олган. Малакали мутахассис кўп йиллар она тили ва адабиёти фанидан вилоят фан олимпиадасини ўтказишда фаол иштирок этди. Самарали фаолияти, меҳнатсевар, камтар ва фидойилиги, тўғрисўз ва ҳалоллиги билан Олимжон Раҳимов нафақат ҳамкасблари, маҳалладошлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топди. 

 

Сермаҳсул ижодкор

Домла талабалик йилларидан бошлаб, шеър ва ғазаллар ёзишни машқ қилиб юрди. Лекин  тирикчилик, оила ташвишлари, фарзандлар тарбияси билан бўлиб бадиий ижод билан жиддий шуғуллана олмади. Нафақага чиққандан сўнг эса бадиий ижод унинг энг асосий машғулотларидан бирига айланди.

Кейинги йилларда Олимжон ота самарали ва баракали ижод қилиб келмоқда. Унинг "Умр қўшиқлари" (1999), "Қайрағочариқ қишлоғи" (2001), "Кўнгил дафтари" (2001), ""Қайроғочариқ қишлоғи" (тўлдирилган қайта нашри, 2001), "Пок туйғулар" (2002), "Дилимдаги мисралар" (2004), "Инсондаги энг олий хислатлар" (2008), "Ҳаёт - ибрат мактаби" (2010), "Кўнгил мулки" (Сайланма, 2011), "Ибратли воқеалар" (2013), "Ҳаётимдан хотиралар" (2015), "Қутайба ибн Муслим", "Сафар таассуротлари", "Fазал ишқида", "Сирли ҳарфлар",  "Холис фикрлар" (2018), "Икки томчи ёш" (2020) номли 20 га яқин китоблари чоп этилиб, ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.

 

Қардон дўст

Олимжон ота қишлоқдошлари, муаллимлар, курсдошлар, ижодкорлар, хожилар ўртасидаги жуда кўп давраларда бўлади. Шу боис, уларнинг орасида қадрдон дўстлари, биродарлари жуда кўп. Ҳамма билан борди-келди қилишга вақт топишига жуда ҳавас қиламан. Ҳеч қачон бирор тадбирни ишим бор эди, деб қолдирганини эслай олмайман. Ҳатто, бироз бетоб бўлса-да, қадрдонлари олдига боришга ҳаракат қилади. Очиғи, мен у кишидаги дўстларга меҳрибон, садоқатли, яхши-ёмон кунларда қувончу ташвишига шерик бўлишдек юксак инсоний фазилатларни қадрлайман, инсонлар билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда у кишидан ибрат олишга интиламан.

Домланинг Жамолиддин хожи Исмоилов, Мирзаабдулла хожи Абдураҳмоновдай юзлаб қадрдон дўстлари, юзлаб садоқатли шогирдлари борлигидан қувонаман.

 

Меҳнат инсонни улуғлайди

Олимжон отанинг хонадонида каттагина узумбоғ бор. Ёши тўқсонга яқинлашган бўлишига қарамай, ҳозир ҳам у киши турли тадбирлар, тўю маракалардан ортиниб, боғ парвариши билан шуғулланади.

Боғдорчиликнинг ҳадисини олган бу инсон етиштираётган ранг-баранг, қўзни қамаштирадиган узумларни қўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келади.

- Меҳнат инсонни улуғлайди, дейди Олимжон ота. - Жуда кўп йиллардан буён деҳқончилик қиламан, узум етиштираман. Чин дилдан, ҳалол меҳнат қилганнинг ишига  Аллоҳ барака бераверар экан. Ўқитувчиликдан бўш вақтларимда узум етиштириш орқали хонадонимга қўшимча даромад киритдим. Узум етиштиришнинг баракаси ортидан уйлар қурдим, тўйлар қилдим, хонадонимга қут-барака ёғилди. Бунинг учун яратганга ҳамиша ҳамду санолар айтаман.

 

Ибратли оила соҳиби

Олимжон ота нафақат Қайрағочариқ қишлоғидаги, балки Асакадаги пиру бадавлат оилалардан бирининг соҳибидир. Раҳматли турмуш ўртоғи билан 10 нафар фарзандни - 5 ўғил, 5 қизни тарбиялаб вояга етказди, ўқитди, уйлаб-жойлади. Бугун отанинг фарзандлари турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилаётган, эл-юрт ишига камарбаста инсонлардир. Ота эса 34 невара, 24 чеваранинг суюкли бобоси бўлиб кексалик гаштини сурмоқда.   

 

Шукроналик

- Мана шундай тинч, дориломон кунларга етказганига шукр, - дейди Олимжон ота. - Бу кунларга кимлар етди, кимлар етмади. Қанча сувлар оқиб ўтди, қанча-қанча инсонлар бугунгидай озод кунларга етишни, эмин-эркин ибодат қилишни, масжидларга бориб намоз ўқишни орзу қилиб, армон билан ўтди. 

Бу кунлар осонликча, ўз-ўзидан бўлиб қолмади. Шу боис, бугунги авлод, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч, тўкин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етсин, асраб-авайласин.

Мустақиллик байрами арафасида Олимжон отанинг "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг кўп йиллик меҳнатлари, эл-юрт ишига, ёшлар тарбиясига  қўшаётганган муносиб ҳиссаси эътирофидир.

Бир сўз билан айтганда, Олимжон отанинг ҳаёт йўли ёш авлод, умуман кўплаб инсонлар учун ибрат мактабидир.

Мен ҳам Олимжон отага яна кўп йиллар соғ-саломат юриб, ўз мухлисларига қатор китоблар тортиқ этишини тилаб қоламан.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 794 раз Последнее изменение 09 Окт 2020