+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Устоз ҳурмати

Авжи саратон. Қуёш ниҳоятда қиздирган. Биз пешин намозидан чиқиб келаётган эдик. Қабристон рўпарасига келганда, унинг ўртасидан янтоқ ва қамишларни иккига ёриб, терга ботган ҳолда, қўшни қишлоқнинг сартароши Шаҳобиддин чиқиб келяпти. Биз ҳайрон бўлдик: "бу устанинг боболари, аждодлари бу ерда бўлмаса, нима қилиб юрибди иссиқда? Ё бирор нарса излаб юрибдими?"

Ундан сўрадик:

-Келинг,уста! Тинчликми-а? Астойдилсиз?

-Устамнинг қабрини топиб, унинг ҳаққига Қуръон тиловат қилдим, - деди юзидаги терларни оқ дурра билан артаркан.

Шерикларимдан бири:

-Ким эди устангиз? - деб сўради.

-Уста Ҳакимжон ака эди. Шаҳарда ишлаганда шогирд бўлиб, 4 йил юрганман. Тез-тез уйига - болаларининг олдига, қабрининг устига келиб тураман. Раҳматлик яхши одам эди, жойи жаннатда бўлсин!

Биз уста Шаҳобиддинга раҳмат айтдик. Қиблага қараб унинг ҳаққига, касбига, устози - уста Ҳакимжоннинг руҳи покига дуо қилдик ва қуйидаги байтни келтирдик.

Кимки сенга бўлди устоз, таъзим айла бир умр,

Этмасанг ҳурмат бажо, тор бўларканмиш қабр.

 

Яхши бўлсанг, яхши ном оласан

Отам раҳматлик этикдўз уста эди. Каттагина дўконидан одам узилмас, иш билан келганлар ҳар-хил гапларни гаплашиб, кулишиб ўтирар эдилар. Бир куни дўконда суҳбатлашиб ўтирган кексалардан иккитаси гап талашиб, айтишиб қолди. Бири ножўя гап гапириб юборди шекилли, иккинчиси:

-Сенга одамлар бекорга "сассиқ" деб лақаб қўймаган экан, оғзингдан чиққан гапни қара! - деб юборди.

Шунда биринчиси:

-Менинг "сассиқ"лигимниям ҳамма билади, сенинг "бўзак"лигингниям ҳамма билади. Бу лақабларни одамлар икковимизгаям билиб қўйган.Ўзингга ҳам озгина олиб қолиб гапир! - деди.

Отам раҳматлик тикаётган чокини қўйиб, - "қизишманглар! Бир ердаги одамсизлар, ёшларинг бир ерга бориб қолган!", - деб иккаласини яраштириш учун қизиқ бир воқеани айтиб бериб, ўртадаги совуқ муносабатни эритгандай бўлди.

Улар кетганидан кейин:

-Ота, нимага бу чолларнинг лақаби "сассиқ", "бўзак" бўлиб қолган? - дедим қизиқиб.

-Э, ўғлим, халқ ниҳоятда донишманд. Яхши бўлсанг, яхши лақаб қўяди, ёмон бўлсанг, ёмонроқ. Менам билмайман буларни нега шунақа лақаб олганини, - деди отам қўлидаги бигизнинг учи билан бошини қашларкан. Анча жимликдан кейин:

-Сен яхши бўлгин. Мана, қара, лаби очиқ пистани - ҳандон писта, ниҳоятда ширин қовунни - оби новвот, шакарпалак, чиройли, тўғри ўсган теракни - мирза терак, чақилиши қийин ёнғоқни - тош ёнғоқ, дейди халқ. Шунга ўхшаб одамларнинг ҳам феъл-атвори, муомаласига қараб ҳар-хил сифатлар билан таърифлашади. Мана бу қўшнимизни мулла Тошпўлат, нариги қўшнимизни Сиддиқ қори, бу қўшнимизни Фаёз махсум, мени эса уста бува, дейди одамлар. Шунинг учун халқ орасида яхши деган ном олгин. Ҳалиги тоғаларинг ҳам яхши одамлар. Чунки, одамнинг мутлақ ёмони бўлмайди. Лекин, қара, арзимаган нарсага бир-бирининг дилини оғритди. Бу - яхшимас! - деди.

Тўртлик:

Кулиб турса писталар, "ҳандон писта" дедилар,

Ўсса терак хушбичим, "мирза терак" дедилар.

Жарангласа пиёла, "жонон пиёла" эмиш -

Шу хислатлар инсонга, албат, керак дедилар.

 

Олимжон РАҲИМОВ