+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚАДРЛИ УСТОЗИМ - АЗИЗ БУВИЖОНИМ

Кўнгил битиклари

Устозлар ҳақида гап кетганида отадек улуғ, онадек меҳрибон деган таърифларни кўп бора ишлатамиз. Боиси, бу касб эгалари айни таърифларга нақадар лойиқ эканлиги ҳаётда ўз исботини топган.

Дарҳақиқат, ёшлар камоли йўлида ўзининг бутун умрини бахшида қилган, ёш авлод онгига Ватан қадри, миллат ва жамият равнақи, қолаверса, комил инсоннинг бу борадаги меҳнати, фаолияти қандай бўлиши кераклиги ҳақида  сингдиришдан чарчамайдиган табаррук устозларимиз борлигидан қувонамиз.

Қаерда бўлмасин, суҳбат устозлар тўғрисида борар экан, ўзим ўқитувчи бўлганим учунгина эмас, балки ўқитувчилар оиласида камол топган инсон бўлганим учун ҳам қалбим беихтиёр фахр-ифтихорга тўлади. Чунки ота-онам ҳам, бувижоним ҳам, марҳум бобом ҳам ушбу шарафли касб эгалари сифатида обрў-эътибор топишган. Шу боис, бугун устозлар байрами арафасида устозлик касбига меҳр қўйишимга сабабчи бўлган бувижоним ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

Бувижоним - Уминсахон ҳожи она Рустамовани тажрибали, билимли кимё-биология фани ўқитувчиси сифатида нафақат туманимизда, балки вилоятда ҳам кўпчилик танийди, десам муболаға бўлмайди. 1970 йилларда Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган бувижоним 2000 йилга, нафақага чиққунига қадар туманимиздаги 4-, 9-, 20-умумтаълим мактабларида ёшларга кимё-биология фанларидан сабоқ берди. Иш фаолияти давомида унинг шогирдлари 20 марта вилоят фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам иштирок этишган. Айни дамда 70 дан зиёд олий маълумотли шогирди тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.

Оиламизда айнан мен у кишининг йўналишларини танлаб, ҳам набира, ҳам шогирд сифатида бугун биология фани ўқитувчиси былиб фаолият олиб бораяпман. Бувижоним ҳозирда нафақада 4 фарзанд, 12 набира, 10 дан зиёд чеваралари даврасида пиру бадавлатлик гаштини сурмоқда. Байрамларда, улуғ айёмларда у кишини йўқлаб келувчи қатор-қатор шогирдлари даврасида бувижонимнинг шодон чеҳрасидаги шукроналик ҳиссини кўрганимда ўқитувчилик    касбни танлаб адашмаганимга яна бир бор ишонч ҳосил қиламан. Мен ҳам шу қадрли инсон каби яшашни, ишлашни ўзимнинг олий мақсадим, ҳаётимнинг мазмуни, деб биламан.

Бахтимизга доимо соғ-омон бўлинг, меҳрибон устозим, азиз бувижоним!

 

Мирзабаҳром СУЛТОНОВ,

Бўстон туманидаги 4-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси.

ДЕҲҚОН УЧУН ЕРДАН ҚАДРЛИ ВА БЕБАҲО НЕЪМАТ ЙЎҚ

фидойи аёлларимиз

Оддий қишлоқ оиласида   вояга етган Омадхон Ҳомидова ёшлигидан меҳнат билан ўсди. Ерга меҳр унга ота-онасидан ўтган. Айниқса, моҳир пиллакор, раҳматли онаси Турсинхон аядан меҳнаткашлик, ҳалоллик, сабр-тоқатлилик, қўйингки, жуда кўп инсоний фазилатларни ўрганди.

Омадхон Ҳомидова Андижон пахтачилик (ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар) институтининг агрономия факультетини тамомлаб, узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритди. 1997 йилда эса фермер хўжалиги ташкил этиб, хўжаликка раҳбарлик қилиб келмоқда.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши, илм-фан, тадбиркорлик, фермерлик умуман, барча соҳаларда ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак марраларга эришаётган опа-сингилларимиз сафи эса йилдан йилга ортиб бормоқда.

Андижон туманидаги "Омад - 97" фермер хўжалиги раҳбари Омадхон Ҳомидова ҳам кўплаб ютуқларга эришаётган замондошларимиздан бири. У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги 1997 йилда ташкил этилган. Дастлабки йилларда хўжаликда фақат пахта ва ғалла етиштирилган. Кейинчалик хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилди.

- Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ, - дейди фермер Омадхон Ҳомидова. - Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Шу маънода ер соҳиби шундай бўлиши керакки, ундан ўзи ҳам, жамият ҳам манфаат кўрсин.

 Ҳозирда хўжалигимиз 127 гектар ер майдонда деҳқончилик қилади. Шундан 32 гектар майдонда пахта, 70 гектарда ғалла, 23,5 гектар майдонда полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда, Бундан ташқари, 1,5 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган.

Ўтган йиллар давомида хўжалик пахта, ғалла етиштириш бўйича белгиланган давлат режаларини ҳамиша ортиғи билан бажариб келди. Ўтган йили ғалладан 70 центнер, пахтадан 40 центнердан, мева-сабзавотлардан ҳам мўл ҳосил олинди.

Жорий йилда ҳам ғалла режаси бажарилди. Пахтанинг "Ан-35" нави экилиб, парваришланмоқда. Бугун пахтадан  юқори ҳосил олинди. 

Меҳнатга яраша хўжалик ҳар йили яхшигина даромад олади. Хўжаликда юқори ҳосил олиш учун барча омиллар мавжуд. Энг аввало, деҳқончилик илмини мукаммал эгаллаган уста деҳқонлар иш олиб боради. Қолаверса, лизинг асосида сотиб олинган АҚШ, Германия, Беларусь давлатларида ишлаб чиқарилган қатор-қатор тракторлар, сеялкалар  мавжуд. Бундан ташқари, нафақат пахта, ғалла, балки полиз ва сабзовот маҳсулотлари етиштиришда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти олимлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олимларнинг тавсия ва маслаҳатлари, деҳқончилик жараёнига илм-фан ютуқларини жорий этиб борилаётганлиги ҳам юқори самара бермоқда.

- Президентимиз халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, - дейди фермер. - Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Яратилган ана шу имкониятлар мен каби фермерларга қанот бағишламоқда. Имкониятларни ишга солиб, фаолиятимизни янада самаралироқ олиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Хўжаликда 1,5 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган. Иссиқхонада йилига икки, уч марта ҳосил олинади. Иссиқхоналарда етиштирилган помидор, бодринг, булғор қалампири, карам ва кўкатлар эрта баҳордан кеч кузга қадар бозорларга етказиб берилади. 

-      Бир неча иссиқхонада хориждан келтирилган "Кичик атиргул" (Мини-роза") навли атиргул кўчатини кўпайтирамиз, - дейди Омадхон опа Хомидова. - Атиргулнинг ушбу нави қишин-ёзин очилиб туриши, турли касалликлар, совуққа ҳам, иссиқ ҳам чидамлилиги учун анча харидоргир. Мана икки йилдирки, ушбу гул кўчатини кўпайтириб сотяпмиз.

 Фермер хўжалигининг 70 нафар доимий аъзоси бўлса, яна 50 нафар киши мавсумий ишларга жалб этилади. Уларнинг меҳнатларига яраша иш ҳақи тўлаб борилади. Деҳқончилик ортидан нафақат фермер, балки хўжалик аъзолари ҳам кам бўлаётганлари йўқ. Манфаатдорлик яхши бўлганидан сўнг, ишлар самараси, шижоат ҳам шунга яраша юқори бўлмоқда.

-      Икки нафар фарзандим бор, - дейди хўжалик аъзоси Ойшахон Эгамбердиева. - Хўжаликда ишлаб, уларни уйлаб-жойладим. Қурилишлар, тўйлар қилганимда раҳбаримиз Омадхон опа ҳамиша ёнимда турди, моддий-маънавий кўмак берди. Опага мингдан-минг раҳмат, бирор бир аъзосини норози қилгани йўқ. Керак пайтда ҳамиша ёрдам беради. Чунки у деҳқоннинг,  деҳқончиликнинг машаққатларини яхши билади, уларнинг меҳнатини қадрлайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Омадхон опа Хомидова хайр-саҳоват ишларида ҳам ҳамиша пешқадам. У ўзи яшаётган Қурама маҳалласининг қатор кўчаларини ўз маблағи ҳисобидан асфальтлади, ичимлик суви тушириб берди. Маҳалладошлари хонадонида тўй бўладими, аза бўладими имкон қадар уларга моддий ёрдам беради.

Фарзандлар тарбияси, оила, рўзғор ташвишларидан ортиб, зукколик, ишбилармонлик ила меҳнат қилаётган аёлларимиз рўзғорга барака, ҳаётимизга кўрк бўлаётгани айни ҳақиқатдир.

Деҳқончилик илмининг прфессори даражасига етган Омадхон опанинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланган. Опа фаолияти давомида "Шуҳрат" медали, "Эл-юрт ҳурмати" ордени, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор" унвонлари билан тақдирланган.

Уч нафар фарзанд, 10 нафар набира, 7 нафар чеваранинг   дуогўйи бўлган Омадхон опа бугун етмиш ёшни қоралаган бўлса-да, эрта тонгдан кеч оқшомгача даласидан келмайди. Даладаги ҳамма ишга ўзи бош-қош. Чунки у меҳнат қилмасдан, уйида тинч ўтира олмайди.

 - Мустақиллик менинг тақдиримда ўчмас из қолдирди, уни оддий сўзлар билан таърифлай олмайман, - дея сўзини давом эттиради қаҳрамонимиз. - Фермер бўлиб кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Оилам тинч, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Фарзандларим, набираларим кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Аёл киши, айниқса, ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Оддий бир деҳқон аёл сифатида ҳаётимдан мамнунман. Энг муҳими, озод ва обод юртимизда меҳнат қилган инсон албатта, ҳурмат ва қадр топишини чин дилдан ҳис этаман.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.

МАДАНИЯТ МАРКАЗЛАРИГА ЧОЛFУ АСБОБЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Жараён

Вилоятимиз туман, шаҳар маданият марказларига 7 турдаги чолғу асбоблари ва соҳага оид махсус ўқув қўлланмалар топширилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизбек Маҳсумов, вилоятдаги маданият марказлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар топширилишига бағишланган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият ва санъат йўналишини ривожлантириш, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш  ҳамда соҳа ходимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватланишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлаги томонидан тақдим этилган чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар, шубҳасиз,  маданият марказлари фаолиятини янада юқори   босқичга кўтаради.

Айни кунда вилоятда 71 та маданият маркази фаолият юритади, марказлар  қошида ташкил этилган тўгаракларга 4,5 минг нафарга яқин иқтидорли ёшлар жалб этилган.

Туман, шаҳар маданият марказларига карнай, най, танбур, ғижжак, табла, довул, доирадан иборат етти турдаги 223 дона  чолғу асбоби ҳамда ўқув-услубий қўлланмалар тантанали равишда топширилди.

Тақдим этилган чолғу асбоблари ва махсус ўқув қўлланмалар марказлар қошидаги санъат ва мусиқа тўгаракларида таҳсил олаётган ёшларнинг ўз иқтидорларини тўлақонли юзага чиқаришлари, пухта билим олишлари  учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Восит АҲМАД

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

"Ҳоким академияси" онлайн таълим платформаси иш бошлади

Андижон шаҳридаги "Digital City" технологик паркида вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган "Ҳоким академияси" онлайн таълим платформаси ишга тушди.

Мутасаддилар, мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган лойиҳа тақдимотида  сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, унинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Жумладан, "Ҳоким академияси" онлайн платформасининг мазмун-моҳияти, мақсади ва аҳамияти хусусида гапирди.

-      Ижтимоий тенгликка асосланган мазкур таълим платформаси барча фойдаланувчилар учун тенг имкониятлар яратади, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. - Масалан, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг барчаси ҳам  ҳам олий ўқув юртига киришга тайёрланиш учун репетитор ёки пуллик курслар хизматидан фойдаланиш имконига эга эмас.  Эндиликда улар мазкур платформадан фойдаланган ҳолда  онлайн машғулотларда қатнашиб, олий ўқув юртига кириш учун бепул тайёрланиши мумкин.

Энг асосийси, мазкур таълим платформаси ўқувчиларга, абитурентларга, хорижий тилларни ўрганувчиларга ҳамда малака оширишни истаган ўқитувчиларга яқин кўмакчи бўлади. Уларнинг вақтини, маблағини тежайди.

Биринчи босқичда платформа доирасида тўртта йўналишда онлайн машғулотлар ўтказилади. Бунинг учун Андижон шаҳридаги "Digital City" технологик паркида замонавий ва энг сўнгги русмдаги технологияларни ўз ичига олган "Jafinga" махсус студияси ташкил этилди, машғулотлар ўтказиш, дарсларни онлайн платформага жойлаб бориш учун зарур барча шароитлар яратилди.

Платформа доирасида умумтаълим мактаби ўқувчиларини Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрлаш, абитурентларни  олий ўқув юртларига кириш учун тайёрлаш, чет тилларини ўргатиш ҳамда ўқитувчилар учун малака ошириш йўналишларида малакали мутахассислар томонидан онлайн машғулотлар ытказилади.

Марказдаги махсус студияда машғулотларни профессор-ўқитувчилар, ўз соҳасининг тажрибали ва малакали мутахассислари  олиб борадилар.

 

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА, жамоатчи мухбир.

Ушбу мақола "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.     

Ўқитувчилик - олий мақом

Ўқитувчи, устоз... Ўқувчига меҳр ила илм беради, зиё улашади. Муаллимдек улуғ  зот сабоғини олган бугунги ёшлар  билимдон, ҳар соҳада етук бўлиб камол топмоқда. Чунки улар мактаб сабоғини олган, муаллим таълим-тарбиясида вояга етган.

Ўқувчиларнинг миллий қадрият, қадим анъаналаримиз руҳида тарбия топишлари учун  ўқитувчи бор меҳри, маҳорати, билимини ишга солади. Қадриятлар инсоннинг шахс сифатида  шаклланишига, хулқига, маънавий оламига, тафаккурига катта таъсир кўрсатувчи кучдир. 

Қадриятларнинг ўқувчилар онгига сингдирилиши энг аввало, оиладан бошланса,  кейинчалик, мактабгача тарбия, мактаб, бошқа таълим масканларида давом этади. Миллий қадриятлар ўтмиш ва келажакни бирлаштирувчи, боғловчи кўприк эканлиги ҳаётда ўз тасдиғини топган. Ҳаётий қадриятлар ҳар қандай давр ва маконда ҳам  ўзгармайди. Гўзал одатларимиз, қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда   ўқитувчи ва  мураббийларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Болалик давридан илк сабоқ берган устоз сиймоси ўқувчи қалбида бир умр  сақланиб қолади. Ханифа ая деган бошланғич синф ўқитувчиси бўлар эди. Бир неча  йиллар 1- синфларга дарс берган аяни собиқ ўқувчилари ҳали-ҳануз миннатдор бўлиб  эслайдилар. "Онамиз каби жуда   қадрли эди", дейишади. Ханифа аянинг иш ҳужжатлари  ёнида ҳар куни нон, ширинликлар бўлар, ўқувчиларини танаффус пайтида егуликлар  билан сийлар, дарсда аълога ўқиган ўқувчиларга совға, туҳфалар улашар,  ўзлаштира олмаётган  ўқувчини   дарсдан  сўнг уйига  олиб  кетиб, унга  қўшимча  дарслар  ўтар, хуллас, синфда барча ўқувчиларнинг баб-баравар ўзлаштириб, кейинги синфга  "аълочилар синфи" номи билан ўтишларига эришмагунча қўймасди.

Бутун синф ўқувчиларининг ёзувлари бир хилда ҳуснихат билан ёзилар, ҳарфларнинг катта-кичиклиги, ёзув қоидаларига қатъий амал қилинишига алоҳида эътибор  қаратарди. Собиқ ўқувчиларнинг эслашича, "Ёзувингиз чиройли экан, мабодо Ханифа ая ўқитмаганми?" деб сўровчилар ҳам бўлиб турар экан.  Синфда дарс тайёрламаган ўқувчи ҳам дарсдан сўнг олиб  қолинар, мавзуни  ўзлаштирмагунича, унга  жавоб  берилмас  экан. Меҳнаткаш, талабчан, қаттиққўл  ўқитувчини собиқ ўқувчи олийгоҳ талабаси  бўлганда, эгаллаган  мутахассислиги бўйича яхши иш ўрнига эга бўлганда, ҳаётда ўрин  топиб, обрў қозонганда эслайди, миннатдорлик билан ёдга олади.

 Бошланғич синфдан  ўқувчиларини юқори синфга кузатган ўқитувчи ўз фарзандидек бўлиб қолган  ўқувчиларидан хабар олиб туришини кўп кузатаман. Болаларни севган,  ўқувчиларини фарзандларидек эъзозлаган ўқитувчи ҳеч қачон уларнинг тақдирига бефарқ  бўлмайди. Ўқувчисининг  ҳаётда  юксак  натижаларга эришганини кўриш унинг  учун  энг катта мукофотдир.

Ўқитувчи-хокисор, у ўқувчига билим бериш учун тинимсиз изланади,  муттасил ўқийди, умрининг асосий даврини ўқувчиларга таълим-тарбия беришга бағишлайди. Юксак ахлоқли, олижаноб фазилатли инсонларни тарбиялашда ўқитувчи, мураббийнинг хизматини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.  Ана шу улуғ касбга меҳр қўйган ҳар бир инсоннинг қалбида устозлик мақомини улуғлаш ҳис-туйғуси мужассамдир. 

Умида  ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон  Журналистлари уюшмаси аъзоси.

ИНСОН ҚАДРИ УЛУFЛАНАЁТГАН ЮРТ ФАРЗАНДИ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги  туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Жалақудуқ туманининг асосан, қирғизлар яшайдиган Абдуллабий қишлоғидаги 29-умумтаълим мактаби қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулбаҳор Маматхалилова ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади.

Гулбаҳор Маматхалилованинг Қирғизистон давлат университети қирғиз тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, ўзи таҳсил олган мактабда иш бошлаганига ҳам қарийб қириқ йил бўлди.

 Ўз даврида ёш мутахассис устозлари, хусусан, таълим тизимида бир умр меҳнат қилган, география фани ўқитувчиси, падарибузруквори Садрбек Маматхалиловдан ўқитувчилик касбининг сир-асрорларини ўрганди, билимларини бойитди. Минглаб ёшларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари ниҳоятда катта.

Айни кунда дарслар ўзбек ва қирғиз тилида ўқитиладиган мазкур мактабда уч юз нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Мактабда ўқувчиларнинг ўзлари танлаган тил бўйича ўқиши, билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.

- Эътироф этиш керакки, Гулбаҳор Маматхалилова меҳнат фаолияти давомида доимий изланади, ўз устида тинимсиз ишлайди, ўқийди, ўрганади, - дейди мактаб директори Матлубахон Эрмакова. - Ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратади, услубий қўлланма ва тавсияномалар ишлаб чиққан. Унинг илғор иш услубларини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича турли йилларда туман, вилоят миқёсида семинарлар ўтказилган.

Бугун Гулбаҳор Маматхалилова ўз ишининг етук мутахассиси, моҳир ва тажрибали устоз сифатида эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган. Ташаббускорлиги, интилувчанлиги, камтар ва фидойилиги, қолаверса, касбига, шогирдларга бўлган меҳр-муҳаббати, ҳар қандай вазиятда ҳам ўқувчилар кўнглига йўл топа олиши унинг фаолияти самарали бўлишида, ёшларга пухта билим беришида муҳим омил бўлмоқда.

Тажрибали педагог дарсларни ноанъанавий усулларда ўтишга, қирғиз тили ва миллий анъаналарини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратди. Устознинг жуда кўп ўқувчилари турли йилларда фан олимпиадасининг туман, вилоят, республика босқичларида ғолибликни қўлга киритишган. У таълим берган ўқувчиларнинг кўпчилиги бугун олий ўқув  юртларида ўқишмоқда. 

- Айни кунда вилоятимиздаги бир нечта мактабда таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади, ўнлаб мактабларда қирғиз тилида ўқийдиган    синфлар бор, - дейди Гулбаҳор Маматхалилова. - Бундан ташқари, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида кўплаб қирғиз ёшлари таҳсил олишмоқда. Умуман, юртимизда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўла таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли, оддий ўқитувчи Г. Маматхалилова ҳам бутун фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилди. Шу боис ҳам, эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланди.

-      Қирғиз миллати вакили, чекка қишлоқда яшаётган оддий ўқитувчи бўлсам-да, меҳнатларим эътироф этилиб, қадр топганимдан бошим кўкка етади, - дейди Г. Маматхалилова. - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, "Дўстлик" ордени билан тақдирланганлигим ана шу эътирофнинг намунасидир. Очиғи, инсон қадри улуғланадиган, миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

 Кўрсатилган эътибор, меҳнатларим эътирофи, берилган юксак мукофот менга куч, шижоат беради, янада фаол бўлишга, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди.

 

Фахриддин Ибайдуллаев

ОЛТИНКЎЛДА ПАХТА ЙИFИМ-ТЕРИМИ ҚИЗFИН ПАЛЛАГА КИРДИ

      Олтинкўл туманидаги Жалабек, Меҳнат, Уйғур, Қўштепа, Далварзин, Янги Чек маҳаллаларини ўз ичига олган    С. Ашуров массивида 17 та фермер хўжалиги фаолият юритади. Жорий йилда улар томонидан 530 гектар майдонга чигит экилиб, парваришланди. Айни кунда ана шу далаларга кириб, чаман бўлиб очилган пахтани кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади, миришкор деҳқонларнинг меҳнатига тасаннолар айтади.

-      Массивимиз ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан 2 минг тоннадан зиёд пахта топширилиши белгиланган, - дейди массив раҳбари Раҳимберди Комилов. - Ҳақиқатдан ҳам бу йил пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Айни кунда ана шу ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирди.

Массивда фермер хўжалиги аъзолари, шунингдек, ихтиёрийлик асосида маҳаллалардан чиққан уй бекалари, уюшмаган ёшлардан иборат 7 та терим отряди ташкил этилди. Айни пайтда улар томонидан кунига ўртача 75-80 тонна оқ олтин териб олинмоқда.

Массивдаги "Жалилбой саховати",  "Жалабек дурдонаси", "Олтинкўл саховати унуми", "Кўҳна водий ишончи" каби фермер хўжаликлари теримда илғорлар сафида бормоқда. 

-      Бу йил хўжалигимиз  деҳқонлари 20 гектар майдонга "УзПИТИ-2001" навли чигит экиб, мўл ҳосил етиштирди, - дейди "Жалилбой саховати" фермер хўжалиги раҳбари Абдужалил Аҳмедов. - Айни кунларда белгиланган 75 тонна режани бажариш учун йиғим-терим ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар хўжалик далаларидан 3-терим отрядининг 120 нафар аъзоси томонидан 45 тоннадан зиёд оқ олтин териб олинди. Ҳали пахта майдонларининг аксариятида пахталар чаман былиб очилиб турибди.

Одинахон Деҳқонова, Муҳайё Дилижонова, Дилдора Раззоқова, Мавжуда Йўлдошева, Зуҳрахон Холхўжаева, Зулфизар Дадабоева сингари хўжаликнинг илғор теримчилари кунига 100-110 килограммдан пахта териб, барчага намуна бўлишмоқда.

Фермер хўжалиги томонидан теримчиларга тушликка иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда. Терилган ҳар бир кило пахта учун 1 минг 500 сўмдан пул берилмоқда.

-      Биринчи терим, кунига юз килодан орттириб пахта теряпман, - дейди илғор теримчилардан бири Зуҳрахон Холхўжаева. - Уч кунда 460 минг сўм пул олдим. Умуман, пахта териш мавсумида астойдил меҳнат қилиб, яхшигина даромад олишни режа қилганман. Бу албатта, оиламиз бюджетига ёрдам бўлади. 

Теримчилар учун зарур шароитлар яратиб берилган, терим пуллари ҳар уч кунда бир даланинг ўзида бериб борилмоқда.

Умуман, Олтинкўл туманидаги фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 5 минг 235 гектар майдонда пахтадан мўл ҳосил  етиштирилди. Айни кунда туман пахтакорлари 19 минг 394 тонна хирмон яратиш учун йиғим-терим ишларини қизғин олиб боришмоқда.

Нигора Сайдалиева

МУКОФОТЛАР МУБОРАК, ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган соҳа вакилларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:

 

II даражали

"Соғлом авлод учун" ордени билан

Мирзаева Равшаной Хурбаевна - Пахтаобод туманидаги 1-касб-ҳунар мактаби директори.

 

"Дўстлик" ордени билан

Маматхалилова Гулбахар Садировна - Жалақудуқ туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабининг қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

УСТОЗ УЧУН ШОГИРДЛАР ЭҲТИРОМИДАН ОРТИҚ БАХТ ЙЎҚ

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан "Сизга таъзим, устозлар!" деб номланган маданий-маърифий байрам тадбири былиб ытди.

Андижон туманидаги "Alsaeda" тантаналар масканида ташкил этилган байрам тадбирида жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган устоз ва мураббийлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда нафақат ўқитувчи ва мураббийлар, балки турли соҳаларда фаолият юритиб, бугун кексалик гаштини сураётган устозлар, меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлиги, устозларнинг жамият тараққиёти, инсон камолотидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлигини алоҳида таъкидладилар.

-      Устозларга эътибор ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади, - дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Гавҳарой Ҳасанова. - Шу маънода устозларимизни ҳар қанча эъзозласак, эҳтиром кўрсатсак ярашади. Чунки улар қайси соҳа вакили бўлмасин, самарали меҳнатлари, юзлаб шогирдларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатган, шогирдлар камоли, уларнинг униб-ўсиши учун бор куч-ғайратини бахшида этган қадрдон инсонларимиздир.

Байрам тадбирида устозларнинг меҳнатлари эътироф этилиб, уларнинг шаънига чиройли сўзлар айтилди, дил изҳорлари билдирилди.

-      Бугунги эътибордан бошим кўкка етди, - дейди устоз журналист Зумрадхон Абдуллаева. - Кундан-кунга обод бўлаётган юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ҳаётимизни янада гўзал қилади. Мана шундай дориломон кунлар учун шукрлар бўлсин. Назаримда, устоз учун эътирофдан, шогирдлар эҳтиромидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бугун мен эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлган дунёдаги энг бахтли инсонлардан бирига айландим.

Эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ҳамда рақслар барчага хуш ҳамда байрамона кайфият улашди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА, жамоатчи мухбир.

МУАЛЛИМГА ҚАСИДА

Меҳринг билан унар ҳатто,

Тош устида ҳам гиёҳ.

Навоию Суқротлар ҳам

Сендан олган илк сабоқ.

Не-не олимлар қаршингда

Бош эгиб турсин ҳар чоғ,

Кашфиётлардан ортиқ

Меҳнатларинг муаллим.

 

Силлиқ сўзламасанг-да

Сўзларингда ҳикмат кўп,

Меҳр билан боқиб турган

Кўзларингда ҳикмат кўп,

Ташлаган ҳар қадамингда,

Изларингда ҳикмат кўп,

Абу Лайссан, Бухорийсан,

Авлонийсан - муаллим!

 

Онанг хаста ётса ҳам

Сен шогирдинг ўйлайсан,

Боланг меҳр кутса ҳам

Сен шогирдинг ўйлайсан,

Ойлар, йиллар ўтса ҳам

Сен шогирдинг ўйлайсан,

Қалби оқ, меҳри уммонсан,

Покдомоним муаллим?!

 

Турадирсан киприкдаги

 Томчи ёшдай илиниб,

Оғринсанг гар маломатдан

Юрак-бағринг тилиниб.

Бир кун келмай қолсанг агар

Турар ўрнинг билиниб,

Ҳувиллайди мактаб каби

Юраклар ҳам муаллим.

 

Бойликнинг қиймати йўқ,

Сенга китоб бўлса бас,

Дабдабаю ҳашам нима,

Ҳеч ҳам қилмайсан ҳавас,

Сенга тош отмиш, ё Раб,

Қайси сўқир, қандай кас?

Хор бўлганин кўрарсан,

Тирик бўлсанг, муаллим.

 

Сувдай оқиб умр ўтар,

Ёмон кун ҳам ўтади,

Қайтар дунё, хор қилганнинг

Ёқасидан тутади,

Билсанг Сендан олам аҳли

Кўп мурувват кутади,

Сабот ўзинг, ибрат ўзинг,

Нажот ўзинг-муаллим!

 

Дилларга нур сочасан

Сахий қуёш мисоли,

Сенинг покиза қалбинг

Таъна, миннатдан ҳоли,

Ҳазрати Инсон ўзинг-

Одамийлик тимсоли,

Дунёни дунё қилган-

Буюк хилқат - муаллим!

Барно ҲАЙДАРОВА,

Балиқчи тумани.