Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлигитуфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.
Жалақудуқ туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактаби кимё ва биология фанлари ўқитувчиси Дилфузахон Умарова ҳақида сўз кетганда, шууримизга беихтиёр юқоридагификрлар келади. Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун фидоийлик билан меҳнат қилаётган ўқитувчининг олиб бораётган ибратли фаолияти таҳсинга муносибдир.
1988 йилда Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги Андижон давлат университети) тамомлаган ёш мутахассис тумандаги 1- мактабда меҳнат фаолиятини бошлади. Устозлари Одинахон Юнусова, Қўшали Шабановлардан касб сирларини ўрганди, билимларинибойитди. Мана қарийб 28 йилдирки, самарали меҳнат қилиб, ўқувчиларга кимё ва биология фанидан сабоқ бериб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматларикатта бўлди.
Эътироф этиш керакки,Д. Умарова меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Бугунги кунга келиб, соҳанинг етук мутахассиси сифатида ўзига хос тажриба мактабини ярата олди. Шу боис ҳам айни кунда у фаолият олиб бораётган 1- умумий ўрта таълим мактаби тумандаги маҳорат мактаби саналади. Д. Умарова иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсияномалар ишлаб чиқди. Туман мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитишда унинг илғор иш услубларидан кенг фойдаланилади.
Бугун Дилфузахон Умарова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи сифатида эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган.
Фидойи, тиниб-тинчимас устоз ўқувчиларга пухта билим бериш, уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида доимий изланиб меҳнат қилмоқда.
- Мамлакатимизда билимли ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган, - дейди биз билан суҳбатда Дилфуза Умарова. - Бу борада олиб борилаётган ибратли ишлар юртимиз келажаги бўлган ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига фидойи бўлса, меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Д. Умарова ҳам бутун фаолияти давомида самарали меҳнат қилди. Шу боис ҳам эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Дилфуза Умарова Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан тақдирланди. Бу фидойи муаллиманинг меҳнатлари эътирофидир.
Бугун юртимизда қуёшли ёз, пишиқчилик фасли ўтмоқда. Ҳозир қаерга борманг, мева-чева тўкинлигига гувоҳ бўламиз.Унутмайликки, ана шу неъматларни истеъмол қилишда меъёр ва покизаликка эътибор қаратишимиз муҳимдар. Айниқса, бу борада болаларни доимий назорат қилишимиз зарур.
Шифокорлар мева истеъмолида болаларнинг эҳтиёткор бўлишлари, ота-оналар уларни назорат қилиб туришлари зарурлигини таъкидлайдилар.
Боланинг овқат рационига киритилмайдиган мева ва полиз маҳсулотларининг ўзи йўқ. Лекин бир ёшгача бўлган болажонларимизга ҳар хил мевалар бериш тавсия этилмайди. Негаки, ана шу ёшдаги аксарият болалар организми шафтоли, қовун, тарвуз, бодринг, олхўри, помидор сингари маҳсулотларни хазм қилишга қийналди, уларда ич суриш, диарея, ошқозон айниши каби хасталикларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, ота-оналар фарзандларига доимо ҳар қандай мевани ювиб ейиши шарт эканлигини уқтиришлари керак. Акс ҳолда ювилмаган мева сиртидаги турли инфекциялар бола организмига ўтиб, болада микробларнинг эркин ривожланишига замин яратади ҳамда ошқозон касалликларининг авж олишигаёрдам беради.
Ўта пишиб етилган ёки сифати озгина бўлса-да бузилган меваларни, иложи борича, фарзандингиздан узоқроқ қилинг, уни тезроқ ташлаб юборишга одатланиш лозим. Чунки бундай мева ва полиз маҳсулотларини истеъмол қилган болада заҳарланиш (отравление) келиб чиқиш эҳтимоли юқори бўлади. Мевадан заҳарланган организм оғир хасталикка чалиниши ва ҳатто ёш бола ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Бунда ота-оналардан алоҳида эътибор ва назорат талаб қилинади.
Мева аслида витаминга бой дармондоридир. Айни пишиб етилган мевалардаги калций, магний ва бошқа турли витаминлар 2 ёшдан ошганболаларимиз организмининг иммунитетини ошириш билан бирга, улардан тайёрланган шарбатлар овқатнинг енгил хазм бўлишини таъминлайди. Айниқса, болалар таомномасидан олманинг кенг ўрин олиши тавсия этилади. Ундаги темир моддаси бола соғлиги учун жуда фойдалидир. Олма овқатдан кейин ейилганда, тишлардаги тошларни тозалашга ва тишларнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, фарзандларимиздаги анемияни бартараф қилишда ҳам олманинг роли катта.
Бодринг таркибидаги йод моддаси болаларда учрайдиган бўқоқ касаллигининг олдини олиб, организмдаги йод танқислигини бартараф этади. Помидор эса қон камлигини даволашда муҳим саналади.
Ушбу тавсияларимизни билиб қўйишлари болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун фойдадан холи эмас. Мева ва полиз маҳсулотларини истеъмол қилганда, унинг ювилишига, айнимаганлигига эътибор қаратиш жуда зарур.
Ҳаётимиз мазмуни болажонларимиз соғлиги - энг катта бойлигимиз. Шундай экан, улар истеъмол қилаётган маҳсулотларни назоратсиз қолдирмаслик керак. Ҳатто витаминларга бой сархил ноз-неъматлар - турли меваларни яхшилаб ювиб, кейин ейиш кўникмаси ҳар бир болада шаклланган бўлиши лозим.
Андижон қишлоқ ҳўжалик институти қошидаги 1- сонли Куйганёр академик лицейида янги ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган"Хотира дарси" билан бошланди.
Вилоятимиздаги нуфузли таълим масканларидан бири бўлган Куйганёр академик лицейида айни кунда тўртта - аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда хорижий тиллар филологияси йўналишлари бўйича 150 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.
Лицейда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. 26 та махсус фан кабинетлари, 15 минг нусхадаги китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 200 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис майдони, 300 ўринли йиғилиш зали ўқувчилар ихтиёрида.
Жорий йилда лицейимизда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Андижон шаҳридаги "Транспорт қурувчи-Анд" қурилиш фирмаси томонидан 800 миллион сўмдан зиёд миқдордаги бюджет маблағлари сарфланиб, алоҳида иситиш қозонхонаси қурилди, бино мукаммал таъмирдан чиқарилди. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан лицейга янги жиҳозлар, хусусан, 20 миллион сўм миқдордаги спорт инвентар ва жиҳозлари ажратилди.
Жамоамизда ўз ишини яхши биладиган, тажрибали мутахассислар меҳнат қилади. Уларнинг 22 нафари олий маълумотли педагоглардир. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти ўқитиш жараёнига ижодий ёндашади, дарсларни илғор педагогик технологиялар, интерфаол усуллар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратадилар. Шу боис ҳам ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишлари, фанларни ўзлаштириш даражаси юқори. Пухта таълим бериш, ўқувчиларимиз фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ўтган ўқув йилида қатор ўқувчиларимиз турли тадбир ва фестивалларда фаол иштирок этди, фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашдилар. Жумладан, хорижий филология йўналишиўқувчилари Бекзод Усмонов информатика фанидан, Моҳинур Мадаминова эса инглиз тили фанидан фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1- ўринга сазовор бўлдилар.
Бу каби ютуқларга эришишда Дилдора Турғунова, Муносибхон Умарова, Муҳаррамхон Саримсоқова, Дилфуза Бўронова, Ўринбой Эргашев, Гулбаҳор Отажонова, Зумрад Эргашева, Арофат Тожибоева сингари фаол ва фидоий ўқитувчиларимизнинг алоҳида хизматлари бор.
Бундан ташқари, лицейимизда турли тадбирлар, беллашувлар ва спорт мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилади. Сентябрь ойида гуруҳлараро "Энг кўп баҳоланган гуруҳ" тадбири ўтказилмоқда. Бундан мақсад, ўқувчиларни фанларни пухта ўзлаштиришини, дарсга қизиқишини ошириш ҳамда машғулотларда узулуксиз қатнашишини таъминлашга эришишдир. Жорий ўқув йилининг дастлабки ҳафтасида мазкур йўналишда 91- гуруҳ ўқувчилари олдинда бормоқда. "Энг кўп бадиий китоб ўқиш" беллашувида эса 89- гуруҳ ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда.
Лицейимизда турли фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритади.
Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг маънавияти, фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирларда "тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида фаол ўқувчиларимиз тенгдошларига белгиланган мавзулар доирасида маърузалар билан иштирок этадилар. Ўқувчиларимиздан ОйдинойСотволдиева, Омаджон Нўъманов, Бекзод Усмонов, Ирода Бобожонова, Хонзодабегим Раҳимовалар ана шундай, балки лицейда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этишади.
Куни кеча мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримов хотирасига бағишланиб, "Доим қалбимиздасиз" мавзусида адабий кеча ўтказилди, унда ўқувчиларимиз Президентимизга атаб ёзган шеърлари, монологлари билан иштирок этдилар.
Умумий майдони қарийб 40 минг квадрат метрни ташкил этадиган лице-йимиз ҳудудини ободонлаштириш, тоза ва озодалигини таъминлаш ҳам алоҳида эътиборимизда туради. Ҳар бир гуруҳ ўзларига ажратилган ҳудудларга гуллар экади, парваришлайди. Умуман, лице-йимизнинг озодалигини таъминлаш ишида ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи фаол иштирок этади.
Жорий ўқув йилда ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш жамоамизнинг бош мақсади бўлиб қолади. Ёш авлодни билимли, ҳар томонлама етук, Ватанимиз равнақига хизмат қиладиган комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
"ШИРИН" ПИРОГ Керакли масаллиқлар: 200 гр. эритилган маргарин, бир қути қавартма, 5 дона тухум, 3 пиёла ун, 200 гр. шакар, бир банка қуюлтирилган (сгушённий молоко) сут, 100 гр. ёнғоқ мағзи.
Тайёрланиши: Ёнғоқ ва қуюлтирилган сутдан бошқа барча масаллиқларни идишга солиб, миксерда яхшилаб аралаштирасиз. Суюқ хамир ҳосил бўлгач, ёғ суртилган махсус қолипга қуясиз ва газ духовкасида 30 дақиқа давомида 220 оС иссиқликда пиширасиз.
Пишган пирогни олиб, иссиқлигида устига қуюлтирилган сутдан қошиқ ёрдамида қалин қилиб суртиб чиқсангиз, сутнинг пирог ичига сингиб кетиши осон кечади. Сўнг пирог устига қирғичнинг майда тарафидан ўтказилган ёнғоқ мағзини сепасиз.
Шундай инсонлар бўладики, улар тириклигида ўзларига мангу ҳайкал қўйиб кетадилар. Ана шундай буюк зотлардан бири мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.
У кишининг шижоати ва мардлиги билан юртимиз мустақил деб эълон қилингандан сўнг ўтган йигирма беш йил давомида Ўзбекистонимизда асрлага татигулик ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, юртимиз обод бўлди, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига тамал тоши қўйилди, юртимиз қудрати, буюк келажаги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Минг афсуски, ул зот бугун орамиздан боқий дунёга кетди. Лекин у киши бошлаб берган истиқбол йўли, эзгу амаллар бардавомдир.
Халқимиз миллий истиқлолга эришган дастлабки оғир кунларни, ғанимлар диний, миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва Юртбошимизнинг оқил сиёсати туфайли халқимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси интилса, ҳаракат қилса, ҳар қандай орзу-истагига эришиши мумкин. Бундай гўзал, фаровон, тинч-осуда ҳаётни ота-боболаримиз фақат орзу қилишган, қолаверса, уруш ҳаракатлари, турли табиий офатлар рўй бераётган кўплаб давлатлар аҳолиси юртимизга ҳавас назари билан қарашлари аниқ.
Мана шундай тинч, осуда, неъматлар бисёр бир маконда яшаётганлигимизга шукрона айтишимиз зарур. Бизга эркинлик берган, ўз имкониятларимиздан тўлақонли фойдаланишимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган мамлакатимиз равнақи учун қўлимиздан келганча хизмат қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, аҳён-аҳёнда айрим юртдошларимизнинг ношукрлик қилишлари ҳар қандай одамни ранжитади. Тўғри, кишининг ҳаёти ҳамиша текис ўтмайди. Баъзида ҳаётда турли қийинчиликлар юз бериши мумкин. Бу билан ношукр бўлишимиз, бунинг учун кимларнидир айблашимиз динимизнинг ёхуд инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди. Инсон Аллоҳ берган қийинчиликларни сабр, бардош билан енгиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: "Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир", деб марҳамат қилган.
Шу ўринда шукр қандай адо этилиши хусусида кенгроқ тўхталиб ўтишимиз ўринли бўлади. Шукр қилишлик икки хил бўлади, шукр қалбий, яъни қалбан шукр қилиш. Шукри лисоний, яъни тил билан шукр қилишлик. Банда шукр қилишлик аввало, банда эга бўлиб турган барча неъматларга хурсандлик билан рози бўлмоғи, Тилнинг шукри ёлғон гапирмаслик, ғийбат, шикоят қилмаслик, қулоқнинг шукри эса ғийбатларни эшитмаслик, кўзнинг шукри ношаръий нарсаларга тик боқмаслик, хуллас мана шунга ўхшаб инсон ўз вужудидаги аъзоларига зиён келтирадиган барча нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмоқлигидадир.
Тил билан қилинадиган шукр ҳам доимо Аллоҳнинг зикрида бўлиш, худа-беҳуда гапларни гапирмаслик билан бўлади. Вужуднинг шукри ибодат билан, қалбнинг шукри эса қалбига гумон, иғво, бўҳтон сингари ёмон иллатларни келтирмаслик билан намоён бўлади. Улуғ донишмандлардан бири инсон: "Ё Роббим, аввало юртимизни тинч қилганингга шукр, аҳли аёл, аҳли солиҳ фарзандлар берганингга, озми-кўпми мол-мулк билан сийлаганингга, адолатли подшо, оқибатли қўни-қўшнилар билан ҳамроҳ қилганингга шукр" дея барча неъматларга шукр қилмоғи керак деб ёзади.
Пайғамбар (с.а.в.) эса муборак ҳадису шарифларида "Қаноатли киши бой кишидир, сабрли киши иймонлидир, чунки иймоннинг ярми сабр билан ўлчанади" деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб гапирмоғи зарур бўлади. Аллоҳ таоло шукр қилгувчи бандалари билан ва сабрлилар билан биргадир. Аллоҳ таоло барчаларимизга шукр қилишлигимизни зиёда қилсин, ношукр бўлишдан ўз паноҳида асрасин. Сабрли бандалари қаторида бу дунёда чиройли ҳаёт кечиришликни насиб этсин. Юртимизда тинчлик, осойишталик барқарор бўлсин.
Гиламлар тарихидан, гилам сотиб олганда нималарга эътибор бериш керак ва уларни қандай тозалаган маъқул?
Сир эмаски, гиламлар хонадонимизга кўрк бағишлайди. Шу боис, ҳар қандай киши хонадони учун мос, сифатли, пишиқ, чиройли ва албатта, хамёнбоп гиламлар сотиб олиш илинжида бўлади.
Умуман, гилам танлаш, сотиб олиш ва ундан фойдаланишда нималарга эътибор бериш керак? Қуйида ана шулар хусусида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз, бу сизга асқотади, деб умид қиламиз.
Археологик тадқиқотларга кўра, Эроннинг Байнаннаҳрайн ҳудуди атрофидан топилган қамишдан тўқилган бўйралар гиламларнинг энг биринчи авлоди бўлиб, милоддан аввал тўрт минг йил олдин тўқилганлиги маълум бўлади. Кейинчалик бу каби бўйралар Ўрта Шарқ минтақаларида ҳам тўқилганлиги, одамлар улардан кенг фойдаланганлиги ҳақида қатор тарихий манбааларда келтирилган.
Ҳозирги кунга келиб, гиламларнинг тури ва хили жуда кўп. Эрон, афғон, турк гиламлари, Хива ва Бухоро гиламлари дунё бозорига чиқиб, ўзининг гўзал жилоси билан барчани лол қолдирмоқда.
Қадимдан шарқ гиламлари орасида асосан табиий ипдан тўқилган гиламлар машҳур бўлган. Бироқ бугунга келиб, дунё бозорида 80-90 фоиз гиламлар сунъий толадан тўқилади. Сунъий гиламларнинг афзаллиги шундаки, у хонадон эгалари учун узоқ вақт хизмат қилади. Бундан ташқари, у чидамли ва ҳамёнбопдир.
Қўлда тўқилган гиламлар эса асосан эчки, қўй, туя жунларидан олинган табиий ипдан тўқилади. Уларнинг инсон саломатлиги учун фойдали томонлари бисёр. Шунинг учун ушбу гиламлар ҳамма даврларда ҳам ноёб ва қимматли буюм сифатида қадрланган.
Эрон гиламларининг қийматини аниқлаш учун уни тўқишда табиий ранглардан фойдаланилганига, кўринишига, тўқилган ипига ҳамда технологиясига эътибор бериш лозим. Нақшлар жиҳатидан Эрон гиламларининг бир неча турлари мавжуд.
Нархлар
Нархлар ҳам гиламнинг сифатига қараб белгиланади. Хозирда бозорларимизда гиламларнинг ўртача нархи 1кв. метири 22000 сўмдан 65000 минг сўмгагача бўлган баҳода сотилмоқда.
Харид қилганда қайси жиҳатларига аҳамият бериш керак?
Гилам харид қилганда энг биринчи навбатда, албатта, сифатига эътибор бериш лозим. Гиламни уй учун харид қилсангиз, уйингизнинг ёруғлиги, тамири ва қайси хонага солинишига қараб танланади. Масалан, уй йўлагига қалин, майда гулли, оғир гилам харид қилган маъқул. Сиз ўзингизга ёққан гиламни буюртма асосида уйингиз ёки офисингизнинг катталигига қараб харид қилишингиз мумкин. Ҳозирда асосан корхоналарда тўқилган сунъий гиламларга талаб юқори. Сабаби қўлда тўқилган гиламлардан корхоналарда тўқилган гиламлар анчагина арзон.
Фойдали маслаҳат ва тавсиялар
Гиламларни уй шароитида тозалаш учун уни ички томонидан қоқиб, юза қисмига туз сепилади. Сўнгра супургини хўллаб, супуриб ташланса, туз қолган чангларни шимиб олиб, гилам янада очилади.
Гиламдаги қаҳва, чой доғларини глицерин ва сув аралашмаси ёрдамида кетказиш мумкин. Бунинг учун 1 литр совуқ сувга 1 ош қошиқ глицерин солинади.
Шарбат ва шу каби суюқликлардан пайдо бўлган доғларни кир ювиш кукуни солинган илиқ сувда тозалаш мумкин. Сўнг ярим литр сувга 1 чой қошиқ сирка солиб, ушбу аралашма ёрдамида ўша жой тозалаб ташланади.
Шу билан бирга, гиламларни тозалашда махсус воситалардан фойдаланиш ҳам мумкин. Бунинг учун тозаловчи воситани кўпиртириб гиламга суртиш керак. 5 дақиқадан кейин эса дока билан артиш лозим.
Гилам ҳеч қачон тозалагич (ҳётка) билан тозаланмаслиги керак. Акс ҳолда унинг чанги ичига сингиб кетади.
Гиламлар чангютгич билан тозаланганда, уларни устки томони эмас, балки тескари томонидан тозалаш тавсия этилади.
Қишда кўпчиликка маълум бўлган усул - қор устига ёйиб қўйилиб, супуриб ташланса, ғуборлар кўтарилади.
Қўлда тўқилган гиламларни уй шароитида ювиш таъқиқланади. Акс ҳолда унинг ранги бир-бирига чапланиб кетади. Табиий ипли гиламлар махсус кимёвий гилам тозалаш жойларига берган маъқул.
Шарқ аёллари қадимдан гўзаллик тимсоли сифатида эъзоз топган. Айниқса, ўзбек аёллари ўзларининг ибо ва ҳаёси, ширин муомаласи билан чинакам гўзаллик, вафо ва садоқатнинг тимсолига айланган.
Инсон маданиятини ташқи ва ички, яъни этик ва эстетик нуқтаи назардан оладиган бўлсак, бу икки манзара бир-бирини тўлдириб боради. Ички маданият кишининг ташқи қиёфасида ҳам акс этиб туради. Шахснинг кийиниши, муомала маданияти, одоби жамиятда унинг қандай мавқега эга эканлигини белгиловчи муҳим жаҳатлар эканлиги барчамизга яхши маълум. Кийиниш маданияти инсоннинг муайян миллатга, ҳудудга ёки ижтимоий гуруҳга мансублигини билдиради. Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, унинг бир томони оила ва тарбияга ҳам бориб тақалади. "Оммавий маданият" таҳдиди кучайиб бораётган бугунги кунда умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигига эътибор қаратиш муҳимдир. Айниқса, миллий маданиятимизнинг ўзига хос кўринишлари ёшларимиз кияётган либосларида ҳам ўз аксини топади.
Хонатлас, адрас, беқасам, шойи сингари миллий матоларимиз аждодларимизнинг кўп асрлик тарихини, миллий қадриятларимизни номоён этади. Шу ўринда ана шу матолардан тайёрланган миллий либосларимиз, зар дўппиларимизга нафақат юртимизда, балки марказий Осиё, ҳатто ғарб давлатларида ҳам алоҳида ҳурмат ва катта қизиқиш билан қарашади. Асрлар давомида сайқалланиб келаётган миллий матоларимиздан тикилган замонавий либослар қизларимиз ҳуснига ҳусн қўшади. Бундай гўзал либослар ёшларимиз қалбида миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат, бой ва кўхна меросимиздан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Гулноза ҲОШИМОВА, Андижон шаҳридаги 2- маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
Юртимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Андижон шаҳридаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам жорий ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Хотира дарси" билан бошланди.
Бачамизга яхши аёнки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилди. Тўрт босқичли таълим тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши эртамиз эгаларининг билимли ва юксак салоҳиятли бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
"Хотира дарси" жараёнида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида юртимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги, умуман, миллат отасининг ёшлар камолоти йўлидаги эзгу ва хайрли ишлари ёдга олинди.
Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган иратли ишларни коллежимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирда коллежимизда 1500 нафарга яқин ўқувчи тўққиз мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, муайян касбни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган.
Жамоамизда 139 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади, уларнинг 97 нафарини педагоглар ташкил этса, 50 нафари олий маълумотли педагоглардир. Жорий ўқув йилида барча мутахассислик йўналишлари бўйича 270 нафар ўқувчи қабул қилинди.
Коллежимиз вилоятимизнинг саноат ва транспорт корхоналарига малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи таълим муассасаларидан биридир. Хусусан, таълим масканимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, касбий таълим бўйича устахоналар, махсус лабораториялар, лингафон, информатика, мультмедия хоналари, 21 мингта китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхона мавжуд. Шунингдек, 20 та фан тўгараги, 3 та спорт секцияси, "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатмоқда.
Коллежимизда гуруҳлараро турли беллашувлар, қизиқарли тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. Хусусан, "Соғлом она ва бола" йилига бағишланиб, қизлар ўртасида "Ўзбек аёллари тарих саҳнасида", "Обод юртнинг зебо қизлари", "Коллеж маликаси", "Либосларда қадрият акси", "Зулфияхоним издошлари" каби турли тадбирлар бўлиб ўтди. Ана шу тадбирларда коллежнинг 180-, 192-, 181-, 182-, 192- гуруҳ қизлари фаол иштирок этди. "Коллеж маликаси" танловида эса 192- гуруҳ ўқувчиси Ҳожарой Анваржонова ғолиб чиқди.
Коллежимиз ўқитувчилари ҳам шаҳар, вилоят миқёсидаги турли танловларда ва тадбирларда фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Жумладан, касбий таълим бўйича директор ўринбосари Моҳидил Мусаева мустақиллигимизнинг 25 йиллиги кўкрак нишони билан такдирланганлиги барчамизни қувонтирди. Ҳамкасбларимиздан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Ҳакимова, информатика фани ўқитувчиси Дилрабо Аҳмедова, биология фани ўқитувчиси Саида Мақсумова, физика фани ўқитувчилари Муҳайё Икромова, Шуҳрат Акбаров, рус тили фани ўқитувчилари Фотима Зокирова, Нигора Шоҳобиддинова, Муҳайё Баҳриддинова, иқтисод фани ўқитувчиси Маҳмуджон Қўчқоровлар ноанъанавий дарс усулларидан самарали фойдаланиб, ҳам-касбларига намуна бўлмоқда.
Жамоамиз эришаётган муваффаққиятларда ўқув, маънавий-маърифий ишлар ҳамда касбий таълим бўйича директор ўринбосарлари Соибжон Ҳакимов, Наргиза Абдупаттаева, Моҳидил Мусаева ҳамда бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ойдиной Умароваларнинг алоҳида хизматлари бор. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча устоз ва мураббийларни, ўқувчи ёшларни янги ўқув йили билан табриклайман. Машаққатли, аммо шарафли фаолиятларида уларга ҳамиша омад ёр бўлсин.
Пилва - мўъжаз шаҳарча. Атрофи ўрмонзор. Гўё денгиз ўртасидаги кичик оролга ўхшайди. Шаҳар атрофидаги кўз илғамас игна баргли ям-яшил ўрмонга боқиб тўймайсан киши. Ҳарбий хизматни шу ерда ўтар эдим. Август ойи. Командиримиз мени ҳузурига чақирди.
- Ўзбекистондан сени кўргани отанг, аканг келишибди. Рухсат бераман, бориб учрашасан, - деди жуда самимий оҳангда. Беҳад қувондим. Хизмат қилаётган жойимдан Соликамск шаҳрига самолётда учиб келдим. Не кўз билан кўрайки, меҳмонхона олдидаги арчалар ёнида отам, акам мени интизорлик билан кутиб туришарди. Севинганимдан жуда хаяжонланиб кетдим. Юрагим ховлиқарди. Кўзимга ёш олдим. Бутун диққатимни отамнинг салобати-ю, акамнинг юз-кўзлари ўзига тортарди. Отам кенг елкали, бошида "Анжон" дўпписи, оёғида этик, эгнида янги костюм-шим, кўкрак нишонлари ярқираб турарди. Хушчақчақ, кулишлари бир олам, йўл азобини билинтирмас, ҳорғинлигини сездирмас эди. Акам Неъматжон озғинроқ, чарчаган кўринарди. Унинг бошида ҳам "Анжон" дўпписи. Уччовимиз меҳмонхонага жойлашдик. Кўк чой ичиб, дилдан суҳбатлашдик. Яхши дам олдик. Сутдек оппоқ тонг отди. Нонуштадан сўнг шаҳар айлангани чиқдик. Ота-бола бирин-кетин шаҳарни томоша қилиб борардик. Сап-сариқ "Волга"ни бошқариб бораётган рус шофёри сигнал чалиб, кулимсираб "Ачаломелей", - деди бизларга ҳайратомуз боқиб. Шунда отам:
"Ҳа, шўпир-ей, ўзбеклигимизни дўппимиздан билдия", - деди кулимсираб. Ҳақиқатдан шофёр отамни, акамни дўпписидан таниб "Ассалому алайкум" сўзини тўғри талаффуз қилолмай, уларни хуш келибсиз юртимизга, шаҳримизга дегандай эди.
Суратхонага кириб расмга тушдик. Мен ҳарбий кийимда. Отам, акамнинг бошида "Анжон" дўппи. Сурат жуда чиройли чиқди. Бу нодир эсдалик расмни ҳамон кўз қорачиғимдай сақлайман. Менга рус шофёрининг гаплари, отамнинг қишлоқча содда сўзлари, кўзи, қуюқ қоши, "ўзбеклигимизни дўппимиздан таниди-я", - деган гапи ҳали-ҳали, шу бугунгидай қулоғимга эшитилиб туради. Мен рус шофёрининг гапларидан қувондим. Юртим, халқим, ўзбегим, отам ва акам билан чексиз фахрландим. Шоир Эркин Воҳидов ёзганидек:
Қайга бормай, бошда дўппим,
Шуҳратим, қадрим буюк.
Олам узра номи кетган,
Ўзбекистон, ўзбегим.
Ҳа, бугунги кунда ўзбек дўпписининг Андижон, Фарғона, Наманган, Марғилон сингари турлари, бичими, ўзига хос ва мос гули бор. Дўппидаги тўртта гул тўрт мучангиз соғ бўлсин. Тоғ мисоли оқ гуллари эса серфарзанд бўлинг, деган маъно англатишини дўппидўз аёллардан қизиқиб сўраб билдим.
Мустақиллик миллий қадрият ва анъаналаримизга кенг йўл очиб берди. Ўзбек дўпписининг шуҳрати, таърифи анча баланд. Мен ўзбек дўпписи кийган азиз инсонларни кўрсам, уларга ҳавас билан боқаман. Андижон дўпписига эса ихлосим баланд. Ўзбек дўпписини кийиб, чеварлар меҳнатини, каштачилик санъатини бошимдан юқори олиб юргайман!
Кўпчилик газли ичимликларни севиб истеъмол қилади. Ҳақиқатан ҳам, уларни ичганда тан яйрайди, чанқоқ хумори бирмунча босилади. Аммо унинг зарарли жиҳатлари хусусида кўпчилик яхши билмаслиги мумкин. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак: газланган ичимликларнинг зарарли хусусиятлари организм учун турли касалликларнинг келиб чиқишига туртки бўлади.
Газли ичимликлар, айтайлик, ширин лимонаднинг ҳар куни бир шишадан ичилиши бир ойда 0,5 килограмм ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлади. Бу биринчи факт!
Газланган ичимликлар кучли пешоб ҳайдовчи восита саналади. Улар организмдан суюқликни чиқариб юбориб, сувсизланишга ва буйракларда юкламанинг ошишига хизмат қилади. Бундай ичимликларни хуш кўрувчи одамларнинг буйрагида кўпинча тош борлиги аниқланади, буйрак санчиқлари кузатилади. Бунинг асосий сабаби - улар таркибидаги фосфор кислотанинг кўплигидир.
Газли ичимликларда кислоталилик юқори бўлгани, қанд миқдорининг кўплиги тишлар учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Кислота тиш эмалидаги минерал моддаларни эритиб юборади. Оқибатда тишлар заифлашади, мўртлашишга мойил бўлади. Газланган ичимликлар сомонча ёрдамида ичилганда, суюқликнинг тишларга тажовузкорона таъсири камаяди. Бундай ичимликларни ичган заҳоти тишларни тозалаш мумкин эмас. Акс ҳолда кислота туфайли тишларнинг емирилиши кучаяди. Яхшиси, оғиз бўшлиғини илиқ сувда чайиб, 20-30 дақиқадан сўнг чўтка ва паста билан ювиш мақсадга мувофиқдир.
Ичимликлардаги "вижиллаш" натижасида юзага келадиган пуфакчалар углерод диоксидини ҳосил қилади. У меъда шираси кислоталилигини ошириб, метеоризмни қўзғайди. Узоқ вақт газли ичимлик ичиш натижасида ошқозон яраси, кислоталилиги юқори гастрит ва бошқа ошқозон касалликлари келиб чиқади.
Жигар, ошқозоности бези, юрак ва суяк хасталикларининг хавфини оширади. Статистик маълумотларга кўра, кунига 1 литр газланган ичимлик истеъмол қиладиган одамлар жигарида салбий ҳолатлар 5 баробар кўп учрайди. Бу лимонадлар таркибидаги жигарни зарарловчи кимёвий моддалар миқдори кўплиги билан изоҳланади. Шунингдек, диабет ва юрак хасталикларини орттириб олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Газланган ичимликлардаги меъёрдан ортиқ қанд моддаси ошқозоности безида юкламани оширади. Натижада у кўп миқдорда инсулин ишлаб чиқара бошлайди. Маълум вақтдан кеийн қондаги қанд миқдори кескин камаяди. Бу эса диабет ва моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади.
Юқорида айтилганлардан ташқари, газли ичимликлар организмдаги темир, магний, калий, кальций сингари моддаларни ювиб юборади. Натижада, юрак фаолияти издан чиқади, қон таркиби ёмонлашади, суяклар мўртлашиб, остеопорозга йўл очади. Шунинг учун ўзимиз, айиқса, фарзандларимизнинг газли ичимликларни меъёрида ичишига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.