+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Окт 2016

МЕҲНАТИДАН ҚАДР ТОПГАН МУАЛЛИМА

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги  туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.

Жалақудуқ туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактаби кимё ва биология фанлари ўқитувчиси Дилфузахон Умарова ҳақида сўз кетганда, шууримизга беихтиёр юқоридаги   фикрлар келади. Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун фидоийлик билан меҳнат қилаётган ўқитувчининг олиб бораётган ибратли фаолияти таҳсинга муносибдир.

1988 йилда Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги Андижон давлат университети) тамомлаган ёш мутахассис тумандаги 1- мактабда меҳнат фаолиятини бошлади. Устозлари Одинахон Юнусова, Қўшали Шабановлардан касб сирларини ўрганди, билимларини      бойитди. Мана қарийб 28 йилдирки, самарали меҳнат қилиб, ўқувчиларга кимё ва биология фанидан сабоқ бериб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари  катта бўлди.

Эътироф этиш керакки,  Д. Умарова меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Бугунги кунга келиб, соҳанинг етук мутахассиси сифатида ўзига хос тажриба мактабини ярата олди. Шу боис ҳам айни кунда у фаолият олиб бораётган 1- умумий ўрта таълим мактаби тумандаги маҳорат мактаби саналади. Д. Умарова иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди, услубий тавсияномалар ишлаб чиқди. Туман мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитишда унинг илғор иш услубларидан кенг фойдаланилади.  

Бугун Дилфузахон Умарова касбининг етук мутахассиси, моҳир ва фидойи ўқитувчи сифатида эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган.

Фидойи, тиниб-тинчимас устоз ўқувчиларга пухта билим бериш, уларни миллий қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида доимий изланиб меҳнат қилмоқда.  

- Мамлакатимизда билимли ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган, - дейди биз билан суҳбатда Дилфуза Умарова. - Бу борада олиб борилаётган ибратли ишлар юртимиз келажаги бўлган ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Қолаверса, кимки ўз ишига фидойи бўлса, меҳр қўйиб меҳнат қилса, албатта, рағбатини олади. Чекка бир қишлоқнинг оддий бир аёли Д. Умарова ҳам бутун фаолияти давомида самарали меҳнат қилди. Шу боис ҳам эл-юрт орасида ҳурмат топди, қолаверса, унинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Дилфуза Умарова Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан тақдирланди. Бу фидойи муаллиманинг меҳнатлари эътирофидир.  

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Суратда: Д.Умарова.

А.Тошматов олган сурат.