+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Янв 2018

МАСЛАҲАТЧИ МАҲАЛЛАНИНГ ТАРБИЯЧИСИ ДЕМАКДИР,

- дейди шаҳрихонлик маслаҳатчи Юлдузхон Далибоева.

Юлдузхон Балиқчидан Шаҳрихоннинг Дўлан қишлоғига келин бўлиб тушганида аввалига "бу ерга кўникиб кета олармиканман", деб қўрққанди. Чунки бу қишлоқда асосан уйғур миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб, шеваси, тутумлари ҳам ўзгача эди. Бироқ қишлоқ аҳолисининг сахий, бағрикенг, меҳнаткашлиги, ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаши уни мана шу қишлоқ фарзандига айлантирди. Ўтган йиллар давомида Юлдузхон турмуш ўртоғи билан аҳил-иноқ ҳаёт кечирди, палак ёзди,  3  фарзанднинг меҳрибон онаси бўлди. Бу орада "Дўлан" қишлоғи кенгайиб иккига ажради. "Янги маҳалла" фуқаролар йиғини бун-ёдга келди. Қишлоқдошлари бу содда, самимий, куюнчак аёлни янги маҳаллага маслаҳатчи этиб сайладилар.

     -Маҳалламизда 3060 нафар аҳоли яшайди, - дейди Юлдузхон Далибоева - 782  оила билан ишлайман. Уларнинг 425 нафари ёш оилалар. Ёш оилалар билан ишлаш бирмунча қийинчилик туғдиради. Чунки ҳар икки ёш ҳаётий тажрибага эга эмас, қизиққон, турмушнинг пасту баландидан ўтмаган. Бироқ, маҳалла фаоллари, жамоатчилик комиссиялари билан ҳамкорликда ишлаш қийинчиликларни енгиб ўтишда, маҳалламдаги муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижа беряпти. Жамоатчилик ишчи гуруҳларимиз, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, Ота-оналар университети мактаби ишлари самарали йўлга қўйилган. Ҳамкорликда жуда кўп тадбирлар ташкиллаштирамиз. Ҳаётий саҳна кўринишлари, суҳбатлар, турли соҳа мутахассислари, кўпни кўрган, тажрибали онахонлар, диний уламолар билан ўтказиладиган учрашувларда асосан оилаларни мустаҳкамлаш, тўй-маърака, маосимларни камчиқим ўтказишга эътиборни қаратамиз. Тўйлардаги дабдабабозликлар, маъзар беришларга барҳам беришга уринамиз. Никоҳ ҳутбаси ўқишдан олдин имом-хатибларимиз куёв болаларга шундай шарт қўяяпти:: "Келин томондан 3 кундан сўнг ҳеч қандай маъзар олинмайди!" Бу борадаги ишларимиз самараси ўлароқ, тўй ва азалардаги ортиқча харажатлар барҳам топди. Оиладаги низолар камайди. Ўтган 2017 йилда 16 ажримнинг олдини олишга эришдик. Фақат фарзандсизлик туфайли ажрашган битта ажрим рўйхатга олинган, холос.

     Маҳалла фуқаролар йиғинида бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқда ишсиз аҳоли деярли кузатилмайди. Томорқадан унумли фойдаланиш, деҳқончилик ҳисобига аксарият аҳоли ўз-ўзини иш билан таъминлаган. Хонадонлардаги иссиқхоналарда қиш чилласи ҳам помидор-бодринг, лимонлар пишиб ётибди. 10 га яқин уста чеварлар "Уста-шогирд" анъанаси бўйича қиз-жувонларга чеварлик сирларини ўргатмоқда. Коллеж битирувчиларини ўз йўналишлари бўйича ишга жойлаштириш, қизларни ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маслаҳатчининг доимий иш режасидан ўрин олган. У барча бемаънигарчиликлар бекорчиликдан келиб чиқишини таъкидлайди. Маҳалладошлари орасида бекорчилар йўқлиги, шу сабаб ёшлар ва аёллар орасида жиноятчилик, турли диний-экстремистик оқимларга мансуб фуқаролар йўқлигидан ғурурланади.

     -Мен 2 мутахассисликка эгаман, лекин шу тарбиячилик соҳасини танладим. Ҳа, мен маслаҳатчини тарбиячи деб биламан. Чунки, хонадонларга кириб, оилавий муҳитни ўрганиб, тиббий, маънавий, керак бўлса сиёсий билимларни ҳам берамиз оилаларга. Бизнинг маслаҳатларимизга муҳтож оилалар кўп, деб ўйлайман. Шунинг учун мен маслаҳатчиларни маҳалла тарбиячилари деб ҳисоблаган бўлардим.

     Юлдузхон Далибоева уйғурлар билан киришиб кетиш, уларнинг тилини топиш, қишлоқ аҳли билан самарали ишлаш учун уйғурча анъана, урф-одатлар, рўзғор тутумларини пухта ўрганди. Уйғурча таомларни ўзлаштирди.

     -Элга кирсанг элингча, юртга кирсанг юртингча бўл! - деган мақол бор. Шу сабаб мен ҳам ўзбек, ҳам уйғур бўлиб яшаяпман, ишлаяпман. Балки шунинг учундир, маҳаллам аҳли мени ҳурмат қилади, йўриғимга юради. Одамларни ортимдан эргаштира оламан. Насиб қилса, 21 март Наврўз байрамига йиғинимиз янги бинога кўчиб ўтади. Шу муносабат билан "Онамдан эшитган қадим аллалар" деган мавзуда танлов ўтказишни режалаштираяпмиз.Ҳозир шу тадбир режасини ишлаб чиқаяпман. Бундан мақсад - ёш келинларимизга қадимий аллаларимизни ўргатиш, алла айтиш санъатини оммалаштириш.

Тиниб-тинчимас, маҳалланинг қадрдони, меҳрибон тарбиячиси бўлишга интилиб яшайдиган маслаҳатчи Юлдузхонга куч-қувват, бошлаган    хайрли ишларида барокат     тилаймиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА