+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Янв 2018

Нега оилаларда ажримлар кўпаймоқда?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Балоғат ёшига етган ҳар бир ўғил-қиз эртами-кеч турмуш қуради. Аммо оила ўз-ўзидан шаклланмайди. Оилада эса ҳар бир шахснинг ўз ўрни, қатор бурч ва масъулиятлари бор. Оилавий ҳаётда ана шулар ҳисобга олинса, ўша оилада ўзаро ишонч руҳи ҳукм суради, унинг соҳибу соҳибаси тинч ва саодатли ҳаёт кечиради.

Шарқона фазилатлар, анъана, урф-одат ва қадриятлар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Халқимизда оила ҳамиша муқаддас саналган. Ҳар бир миллатдошимиз биринчи нав-батда ўзини эмас, боласини, оиласини ўйлаб яшайди. Ҳар бир ота-она қиз узатар экан, "илоҳим борган ерингда тош бўлиб қотгин", дея дуо қилади, фақат бахтли яшашини ният қилади. Яхши ният билан келин туширганлар ҳам "келин эмас, қизимдек бўлсин, қадами қутлуғ келсин", деб дуо қилишади. Топган-тутганини дастурхонга тўкиб, тўй қилади. Шундай бўлса-да, нима учундир бугунги кунда оилалар ўртасида ажрашишлар кўп учрамоқда? Бунинг сабаби нима, нима учун бунга йўл қўйилмоқда? Қуйида ана шулар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтишни жоиз топдим.

Сир эмаски, кўпчилик қизларимиз олий маълумотли бўлишга интилишади. Албатта, ёшларнинг бу ҳаракати қувонарли, уларнинг бу интилишларини қўллаб-қувватлаш керак. Аммо шу ўринда оналаримиз қизларининг ўқиши билан бирга, уй юмушларини бажариш, саранжомлик, пазандалик ҳамда умр йўлдошига бўладиган муомала, эътиборни ҳам ўргатишса нур устига нур бўлар эди. Айниқса, бўйи етган қизга ошхона ишларини, мазали таомлар тайёрлашни ўргатиш жуда муҳим. Минг афсуски, айрим ота-оналар қизларини ўқишдан чалғитмаслик учун уй ва ошхона ишларидан озод қилиб қўяди. Менимча бу тўғри эмас. Шуни унутмаслик керакки, қиз бола бировнинг хасми. У эртага ота-она бағридан бошқа жойга боради. Ўшанда қизнинг янги хонадонидагилар талаба эмас, келин сифатида қабул қилади. Энди тасаввур қилинг, бегона хонадонга борган қиз қайнонаси айтган таомни пишира олмай мулзам бўлиб бош эгиб ўтирса, бу ҳолатдан қизнинг онаси уялмайдими? Ёшларга қолса, ҳамма нарсани кейинга сураверади. Турмушга чиқишдан тортиб, рўзғор ишларини ўрганишгача. Уларни катта ҳаётга, айниқса, оилавий ҳаётга тайёрлашга оналаримиз масъул эканликларини асло унутмасликлари керак.

Ўқиётган қизлар театр, концертларга боришга вақт топаяптими, ошхона юмушларини ўрганишга ҳам албатта, вақт ажрата олишлари керак. Унутмайлик, қиз боланинг рўзғорга уқувсизлиги оилани дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирда айрим ота-оналар оиланинг шаъни, ори ҳисобланган қизларнинг тарбияси билан кам шуғулланиб, уларни қаерда, кимлар билан юргани, агар ўқиётган бўлсалар, ўқишга борган ёки бормаганликлари билан ҳам у қадар қизиқмаяптилар. Шу боис бўлса керак, кўча ва хиёбонларда баъзи қизлар ўзларини кўча-кўйда, хиёбонларда  ниҳоятда ардоқлаб, сир сақланадиган ҳаё, уялиш, андиша сингари туйғуларни унутиб, одамлардан уялмай ўзларини кўз-кўз қилиб юрганликлари ачинарлидир.

Бу тоифадаги қизлар кўпинча бетгачопар, андишасиз бўлиб ўсмоқдалар, ҳаётга енгил-елпи қарамоқда, оилани "қаноат қўрғони"эканини билмаятилар. Бу ҳол ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Оилада фақат ҳурмат, эътиқод, унинг синовларига сабру бардош билан чидаш орқали инсон бахту саодатга эришади, эл-юрт олдида иззат-ҳурматга сазовор бўлади.

Халқимизнинг эъзозли санъаткорларидан бири Саида Раметова суҳбатларининг бирида: "Эрга тегиш осон, этагини тортиш қийин. Ҳаёт бир текис эмас, оилада бўладиган икир-чикир дарвоза ошиб кўчага чиқмаслиги керак. Агар турмушнинг муштини кўтара олмасак, ҳаммамиз ҳам ажрашган бўлардик. Ҳаммада яхши-ёмон кунлар бор. Оиланинг мустаҳкамлиги эса кўп жиҳатдан биз аёлларга боғлиқ. Аёлнинг чеҳраси ёришса, бутун хонадон ёришади. Аёл қовоқ уйса, уй ғамга тўлади", деган эди.

Кўпни кўрган кекса онахонлар "турмуш тўрт мушт экан, эр уйининг уч девори заҳар, фақат бир девори асал экан, аввал заҳарни ютиб, сўнг сабр билан асалга муносиб кўриларкансан", деганларида минг бора ҳақдирлар.

Ажримларнинг яна бир муҳим сабаби  қуда-андачилик муносабатларининг дарз кетишидир. Айрим қудалар меҳр-оқибат ва андишани унутиб қўймоқда, оила бахтни арзимас матоҳларга алишмоқда. Айрим аёлларнинг кераксиз матоҳ, мол-дунёга бўлган орзу-ҳаваслари ҳам ёш оила бузилишига олиб келмоқда. "Ҳа, нима, емай-ичмай, дам олмай топганимизни тўйга йиққанмиз, қарзга ботганмиз. Тўй-тўйдек ўтиши керакда", деймиз. Бироқ, ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши.

Ҳозирда келин-куёвга қилинаётган сеплар ҳаддан зиёд кўп. Қудалар ўзаро келишиб, тўйни ихчам ўтказаётган оилалар ҳам бор. Улардан ибрат олайлик. Ўринсиз ҳаражатларга чек қўяйлик. Келиннинг сепидан кўра, унинг эпли бўлишига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.  Эркак бош бўлса, аёл унинг бўйни. Бўйин қайси томонга бурилса, бош ҳам ўша томонга эргашади. Демак, тўй ва маъракаларни камҳарж қилиб ўтказишда биз аёллар кўпроқ жон куйдиришимиз керак.

Ҳар кимнинг фарзанди ўзига азиз. Инсон ўз боласига фақат яхшиликни илинади. Бу дегани миллион-миллион      сарфлаб, емай-ичмай сарпо-сидирға йиғиш дегани эмас. Фарзанднинг тарбияси, сиҳат-саломатлиги, касб-ҳунарли бўлишини таъминлашнинг ўзи улкан ютуқдир. Инсон қадри мол-дунё билан ўлчанмайди. Аксинча, уни ўз қўли билан яратишга қодир инсонларгина қадрлидирлар.

Оиланинг мустаҳкам бўлмаслиги айрим ҳолларда қайнсингилларга ҳам боғлиқ. Айниқса, оилада турмушдан ажраб келган қайнсингил бўлса. Уларнинг айримлари келинни ака ёки ука билан иноқ яшаётганлигига ҳасад қилиб, улар орасида низо уйғотаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Оила дарз кетишини яна бир муҳим сабабларидан бири  балоғат ёшига етмаган, турмушга тайёр бўлмаган қизларни турмушга чиқаришдир. Турмуш қуришга руҳан ва жисмонан тайёр бўлмаган ёш келиннинг фарзанд тарбиясида уқувсизлиги, соғлигининг заифлиги уни бошқалар кўз ўнгида тажрибасиз қилиб кўрсатади. Бола парваришида, уй ишларида эр-хотин, қайнота-қайнона ва бошқа оила аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо қилади. Шунингдек, оила қуриш олдидан тиббий кўрикдан хуфёна ўтиб, бу ўта жиддий ишга панжа орасидан қараб, кейин афсусланиб қолиш ҳолатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам ажримларга сабаб бўлмоқда.

Соғлом инсон билан соғлом оила қуриш, хотиржамликда яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Кўпни кўрган кексаларимиз бот-бот таъкидлайдиган нақл бор: "Иморатни мустаҳкам бўлишини истасанг, пойдеворни мустаҳкам қил!"

Дарҳақиқат, бизнинг асосий мақсадимиз мустаҳкам оилалар барпо этиш ва етук фарзандлар тарбиялашдир. Оила деб аталмиш қўрғоннинг бўлажак бунёдкорлари юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, оила қуришда ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозим эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

 

Муяссархон САЛОҲИДДИНОВА, олий тоифали шифокор.

Прочитано 1726 раз Последнее изменение 19 Фев 2018