+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Окт 2018

ЁШИ ЎТГАН ҚИЗЛАРНИНГ АЙБИ НИМА?

Мулоҳаза

Танишларимдан бири укаси хотини билан уч йил бирга яшаб, ажрашиб кетгани, қайта уйлантириш тараддудида эканликларини айтиб, "яхши қизлар бўлса, топинг",  деб қолди. 

- Укангизнинг ёши нечада, касб-кори нима? Неча ёшлардаги қиз бўлиши керак?, - дея сўрадим.

Жувон:

 - Ўқиган бўлсин, шифокорми, ўқитувчими фарқи йўқ, "ёши ўтиб қолган, 25 ёшлар атрофидаги  қиз бўлса, яхши. Укамнинг ёши 32 да. Ёши ўтган қизга харидор бўлсак, уйдагилари "жон" деб беради! - деб жавоб берди.

Унинг бу гапидан очиғи, жаҳлим чиқди. Нега олий маълумотли қизни уйланган йигитга уйидагилари "жон" деб бериши керак? Танишимнинг сурбетларча мулоҳазаси унинг маънавияти паст инсон эканлигини кўрсатади.

Ота-онанинг айби "қизимнинг нони бутун бўлсин", турмушга чиқса, рўзғор аравасини эрига ташлаб қўймай биргаликда тортишсин", дея қизларини ўқитгани, ўқиш билан бўлиб, қийналмаслиги учун эрта турмушга бермаганими?

Ёки ўқиган қизнинг айби мактабни битирмасидан эрга тегишни орзу қиладиган тенгдошларига ўхшамай илм олишни, маънавиятли бўлишни хоҳлаганими?

Ҳар бир инсон қатори қизлар ҳам орзу-хавас ҳақида ўйлашга хақли. Лекин ўйлаб қарасам, баъзи бир қизлар ўқийман, ҳаётда ўз ўрнимни топаман, деб турмуш қуролмай қолиб кетадилар. Бундай ҳунарли ва ўқимишли қизлар шаҳримизда ҳам талайгина. Балки шу боисми, қизим фалончининг қизига ўхшаб ўтириб қолмасин деб, ота-оналар ҳам қизларини эрта узатиш тараддудига тушиб қолишади. Йигитларнинг ота-оналари эса ёши ўтган қизларни келин қилишни хоҳлашмайди. "Бир балоси бордирда, шунинг учун беришмаган" ёки "яхши қиз бўлса қолиб кетармиди", қабилидаги тушунча билан яшайди.

Лекин ёш турмуш қуриб, ҳаётнинг паст-баландини тушунмай, рўзғорнинг ғорларида адашиб, бегона уйнинг тошу тарозисига кўнолмай қийналган, рўзғори бузилган қизлар қанча? Ёш оилалар ўртасида жанжаллар, ажримлар кўпайиб бораётган бўлса-да, негадир, кўпчилик ёш қизни келин қилишни    маъқул кўради.

Бир куни маҳалламиздаги хонадонлардан бирида тўй тараддуди бошланди. Куёв бўлмиш "тўйга пул топаман" деб, бир неча йилдан буён хорижда ишларди. Ёши 27 ларда. Йигит яна ишлагани кетармиш, деб тўйни тезлаштиришди.   Кейин билсам, келин бўлмиш қиз эндигина 17 ёшга тўлган экан. "Нега бунча ёш қизни олаяпсиз, ўзи тенгқур қизга уйлантирсангиз бўлмасмиди?", десам, қайнона "қариқиз"ни бошимга ураманми?! Ёши ўтган қизларнинг "пихи қайрилган" бўлади. Ёш қизларни эгиб олиш осонроқ, деб қолди.

Оналаримизнинг бу каби тушунчалари туфайли  ўқиб, ҳаётнинг пасту баландини тушуниб, маънавият эгаси бўлган не-не ўқимишли қизлар "ёши ўтган" тамғаси остида қолиб кетаётганликлар аслида бутун жамиятимизни ташвишга солиши керак бўлган муаммодир.

Бир куни бехосдан икки йигитнинг суҳбатини эшитиб қолдим.

 Биринчи йигит:

- Онам иккита қизга совчиликка борибди. Бири уйда ўтирадиган, ёши 18 да, иккинчиси эса 24 ёшда, олий маълумотли экан. Бошим қотиб қолди. Ошна, сен нима дейсан, ахир уйлангансан. Оз бўлсада ҳаётий тажрибанг бор. Маслаҳат бер, қайси бирига уйланганим яхши.

Иккинчи йигит:

- Ошна, олий маълумотли қизга уйлан. У ҳаётни, оилани тушунади. Маслаҳат сўрасанг, тўғри жавоб беради. Келажакда фарзандларингга яхши таълим-тарбия беради. Маълумоти бўйича ишласа, оилангга моддий тарафдан ҳам ёрдам бўлади. Ўзига қараб юради, чиройли кийинади. Одам ёши улғайган сари ҳаётий тажрибаси ҳам ортиб боради, рўзғор ишларига ҳам уқувли бўлади. Мана мен, масалан, ота-онамнинг хоҳишига кўра, 17 ёшли қизга уйландим. "Телефон ушламаган, яхши қиз", деб онам холи жонимга қўймади. Уйландим. Суҳбатлашаман, десам, фикрлашлари ҳали ҳам мактаб ўқувчисиникидек. Ўзи чиройли, камсуқум, аммо на муомалани билади, на уй ишларини рисоладагидек бажаради. У билан зерикаман, фарзандли бўлсак болаларимга қандай тарбия берар экан, деб ўйланаман. Шунинг учун ўқимишли қизга уйланганинг дуруст.

Йигитнинг гапларидан очиғи, хурсанд бўлдим. Қанийди, ҳамма ҳам шундай фикрласа. Аммо, тан олайлик, ўқимишли, лекин ёши ўтиб қолган қизни келин қилишни истаганлар кам!

Шу ўринда бўлажак қайнона-қайноталарга, куёболаларга айтар сўзим бор. Унутманг, зиёли аёл уйингизга кўрк бўлади, фарзанд тарбиясида ҳам чиройли йўл тута олади.  Ахир, болага асосий тарбияни она беради-ку. Ўқийман, илм оламан, деб ёши ўтиб қолган қизлар ҳам инсон, уларнинг қалбида ҳам олам-олам эзгу орзу-умидлари бор. Бахтли оила қуриб, бахтли яшашни, ўзи тушган хонадонга қувонч келтиришни, ўша хонадонда палак отишни истайди.  Энг муҳими, у ҳаётнинг қадрига етади, оиласининг мустаҳкам бўлиши учун билимга, муайян тажрибага эга.     Наслингиз давомчиси - келин танлашда аслида мана шу жиҳатлар муҳим эмасми? Ёши ўтган бўлса-да, ҳунарли, билимли қиз албатта, оилангизга қувонч олиб келади.

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли.