+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Маъмурий судларда ФҲДЁ органлари билан боғлиқ низолар: амалий масалалар ва ҳуқуқий ёндашув

 

Ҳуқуқшунос минбари

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларини суд орқали ҳал қилиш амалиётида ФҲДЁ (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) органлари билан боғлиқ маъмурий низолар сони ортиб бормоқда. Бу каби низолар асосан, фуқароларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик далолатномаларига ўзгартириш ёки тузатиш киритишни рад этиш қарорларига нисбатан шикоят қилиш ҳолатларида юзага келмоқда.

ФҲДЁ органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар маъмурий-ҳуқуқий тусга эга бўлиб, улар фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига даҳл қилади. Агар фуқаронинг туғилганлик далолатномасидаги маълумотлардан бири хато қайд этилган бўлса, ва ФҲДЁ органи уни тузатишни рад этса, фуқаро бу қарорни маъмурий судда кўриб чиқишни сўрашга ҳақлидир.

Маъмурий судлар ушбу тоифадаги аризаларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 228-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли Қарори билан тасдиқланган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ кўради.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи ҳолатларда ФҲДЁ ёзувларига ўзгартириш киритиш масаласи маъмурий судлар эмас, балки фуқаролик судлари ваколатига киради. Жумладан, вафот этган шахснинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик далолатнома ёзувларига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш фақат фуқаролик судининг қарорига асосан амалга оширилади.

Бундай тоифадаги ишлар бўйича нафақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг хато ва ноаниқликлари бўлган ҳужжатлари ўзларига тегишли бўлган фуқаролар, балки мерос қолдирувчининг вафоти муносабати билан маълум ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келадиган меросхўрлар ҳам манфаатдор шахслар бўлишлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 13 ноябрдаги 5 а - сонли қарорида тушунтириш берилган.

Суд амалиётида шикоят аризага қўшилган далиллар, жумладан шахсий ҳужжатлар, ФҲДЁ органининг хулосаси ва бошқа юридик асосли далиллар катта аҳамиятга эга. Суд ушбу далилларни холисона баҳолаб, ФҲДЁ органи қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текширади.

Маъмурий судлар бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлашда муҳим тузилма сифатида фаолият юритмоқда.

 

Аҳмадулло ИСАҚУЛОВ,

Андижон вилояти маъмурий судининг судьяси.

 

Оғриқ

(Ҳикоя)

 

Дадам, онам, мен Тошкентда, иппадром бозори яқинида яшаб, савдо билан шуғулланрдик. Отам оғир бетоб бўлиб қолди, ўшанда ҳаётнинг шу қадар оғир синовларига дуч келдикки, у даврни эсласам, ҳозир ҳам юрагимга санчиқ туради, гўё осмон узилиб ерга қулаётгандай туйилади, менга.

...

  

Ҳали бомдод вақти ҳам бўлмаган. Онам эркалаб уйғотишга тушади. Тур, жоним қизим. Телефонимни пайпаслаб топаман. Аранг кўзимни очиб, соатга қарайман. Тонгги  тўрт бўлган.

- Озгина ухлай, она! Ялинчоқ овозда уйқисирайман.

- Онам бечора яна қистайди. Турақол энди қизим, ўзимни меҳрибон қизим, ўғил бола қизим. 

Қўшни хонадан хаста дадамнинг қалтироқ овози эшитилади.

- Болажоним туринг энди.

Ўзимни мажбурлаб тураман. Уйқусираб, юз-қўлимни юваман.  Кўзларини шипга, бир нуқтага тикканча ётган дадамнинг олдига кираман.

- Ассалому алайкум, дада. Яхшимисиз?

- Яхшиман қизим.

Кўнглим тинчланади.

 - Мен тайёргарлик кўрай, дада.

Ҳа, қизим, борақолинг, Аллоҳ ишларингизни ўнгласин.

 Аравани тайёрлайман. Онам мендек-мендек келадиган сумкаларни орта кетади, бир четидан кўтаришган бўламан. Юкланган қопларни яхшилаб боғлайман. Тайёр, энди тортиб, бозорга боришимиз керак. Мен олдидан, онам эса ортидан итарган кўйи жўнаб қоламиз. Ипадром бозорига ўтиш йўлида тунел бор.

- Энг оғири шу ерда бўлади. Ўзимнинг вазним баробаридан оғир юклар югуртириб тунелдан тушириб қўяди. Онам ортда қолиб кетади. Пастга тушгач, бироз дам олиб оламан. Олимизда янада машаққатлироқ юмуш турибди. Энди тунелдан тепага чиқиш керак. Мен тортаман, онам улкан аравани ортидан итаради. Ўн олти ёшли  қизман, оғир юкдан билакларим ҳеч нарсани сезмай қолади.  Баъзан дош беролмай қолиб, аравани қўйиб юборгим келиб кетади-ю, лекин ортда келаётган онамни босиб қолмасин, дея бор кучим билан тортаман, базўр чидайман.

Ҳаммаси ортда қолди, етиб ҳам олдик. Енгил тин оламан.

Эркакларнинг кўйлаклар олиб сотамиз. Сотилиши керак бўлган кийимларни ўлчами билан қатор таҳлаб, териб чиқамиз.

Совдо қизигандан қизиди. Мени қараб туришимни тайинлаб онам туннелни нарги тарафидаги ҳамкорларимиздан янги нушаларини олиб ўтади. Бу ҳолат кунда уч-тўрт марта такрорланади.

Бу орада отам онамга телефон қилади.

- Бироз тобим қочгандек Раъно.

Отамнинг овозини эшитиб, суҳбатга қўшиламан.

- Онажон, кириб кетаверинг, ўзим эплайман. Онам ҳовотирли кўзларини менга тикиб, тайинлайди: бу кўйлакни шу нархдан арзон сотма, бунисидан размер қолмади, сўраганларга эртага келади, деб айт.

- Ҳўп она, ҳовотир олманг, бораверинг, дейман. Отажонимни ўйлаб, кўзларимга келган ёшни беркитишга уринаман. Онам, бечора буни сезса-да, ўзини билмаганга солади.

- Ҳа, айтгандек, кечки пайт қийналмайсанми, қизим?

- Йўқ она, эртаалабда уйқи босади-да, ҳаммасини эплайман.

Онам тез-тез юриб, одамлар орасида кўздан ғойиб бўлади.

Одамнинг асабига тегадиган даражада иссиқ бошланади. Лохас бўламан. Харидорлар билан гаплашар эканман, томоғим қуриб кетади.

Бирон нарса олиб ичсаммикин? Йўқ ҳамма нарса газли, баттар чанқатади. Яхшиси грантдан сув олиб келаман. Шуни олмасам, тирикчилик илинжида юрган ота-онамга кўмак бергандай бўлардим, гўё.

 Ёнимдаги сотувчиларга нарсаларимга қараб туришини тайинлаб, сувга бориб келаман. Бозода келди-кетти кўп бўлади, нарса олмаса ҳам қизиқишга нархларни сўрагувчилар хам кўп бўлади. Савдо, мижозлар билан оввора бўлиб кеч ҳам киради.

Йиғиштир-йиғиштир, яна аравага ортиш...

 Ижара уйимизга қайтаман. Арава тортиб кетарканман қўшнимиз Темур ака кўриниб қолади. Ҳой Комила қалайсан, даданг яхшими? Бақиради узоқдан. Яхши дейман овозим борича.

Ўша куни аравани ҳовли этагида қолдириб, уйга кириб улгурмасимдан, ортимдан икки шифокор югуриб кириб келишди. Қўрқиб кетдим. Хонамизга чопдим. Крават олдида онам йиғлаб ўтирарди. Шифокорлар дадамни кўрар экан, бизга бир-бир қараб қўйишарди. Онам йиғлайди, мен жимман.

 

Эртаси куни дадамни Чилонзордаги шифохонага ёткиздик...

 

Кенжа фарзанд бўлганим учунми, дадам мени бошқача кўрарди. Мен эса дадамни тоғларча яхши кўрардим, дадамсиз ҳаётни тасаввуримга сиғдира олмадим. Минг афсуски, отажоним кўп яшамади. Бу қайғудан узоқ вақт ўзимга кела олмадим.

Раҳматли дадамдан сўнг онамга қаттиқ суяниб қолдим.

Яқин инсонини йўқотган, оиласи, фарзандлари учун ўзини ўтдан чўққа урган онажонимни ўйлаб, волидамни бошимга кўтариб юргим келади. Ҳаёт ҳамиша ҳам биз ўйлаганчалик текис ўтмас экан. Инсон эртага нима бўлишини билмайди, ота-она эса омонат экан.

 Уларни вақтида, борида қадрлаш кераклигини бутун вужудим билан ҳис этаман.

Баъзида ота-онасини беҳурмат қилаётган инсонларни учратсам, улар учун жонларини беришга-да тайёр азиз инсонларни қадрига етмасдан ҳаёт кечираётганликларига раҳмим келади, юрагим санчийди, улардан нафратланаман.

Ҳаётимизнинг ўша оғир пайтларида онам бечора оғир меҳнат сабаб соғлигини йўқотган. Баъзан шуларни ўйлаб,  ўтириб олиб,  тўйиб-тўйиб йиғлайман.

...

Кеча онам телефон қилдилар.

- Қизим

- Лаббай, онажон.

- Қачон келасан?

- Ишдаман она, кейинги ҳафта борарман.

- Қизим, оёғим қаттиқ оғрияпти.

- Нима бўлди, онажон?

- Грижага ўхшаяпти.

- Ўзизи эҳтиёт қилинг. Ҳозир йўлга чиқаман, онажон. Кечгача ёнингизга етиб бораман.

- Сени яхши кўраман, қизим! Илойим, йўлинг бехатар бўлсин! Амиин!

Раҳматли дадам, биз фарзандлари учун борини берган, хасталигимизда, яхши-ёмон кунимизда ҳамиша бизга бош бўлган онажонимнинг олдига шошаман. Юрагимда пайдо булган оғриқ качонки онамни кўрмагунимча, бағрига бошимни қўймагунимча йўқолмайди.

Ёш бошимдан не-не азоблар, машаққатлар ўтди. Ана шулардан чиқарган хулосам, англаганим шу бўлдики, ота-онамизни борида, вақтида қадрига етайлик.

 

Комилахон ТУРСУНОВА

Жалақудуқ тумани.

ТУШ

 

(Ҳикоя)

 

Россиянинг қорлари остидан ҳам майсалар кўриниб қолди. Баҳор ҳавоси барибир киши қалбига ўзгача, илиқ туйғулар солади.

  Хаёлларим узоқларга кетади. Ҳозир бизнинг юртимизда қуёш иссиқ тафти билан ёшу қарининг юзларини силаётгандир. Юртим баҳорини қўмсайман, кўклам мен учун ўзгача қадрли.

 Эртага туғилган куним. Бу вужудимга илиқлик беради, аммо ҳавонинг авзойи бузуқ. Ажаб, бир ҳафтадан бери баҳор ҳавоси югуриб қолган бўлса-да, гоҳ қор ёғади, гоҳ ёмғир. Бу кайфиятга таъсир кўрсатмай қолмас экан.

Эртага ишхонадаги Гавҳар опам билан айланишни режа қилиб қўйганмиз. Турли ўй-хаёллар оғушида деразадан ташқарига тикилганча кўзимни уйқу олибди.

...

Туш кўрдим.

Ёшлигимизда қўйларимизни ўтлатадиган адирлик ён бағрида юрган эмишман.

Чор-атрофни ўт-ўлан қоплаган. Димоғим таниш ифордан энтикди. Ҳа, ўша мен яхши кўрадиган шафтолининг иси келадиган ўтнинг ифори эди бу. Яшил танаси устини оқ тўр қоплаган бу ўт ўзидан хушбўй ифор таратардики, ҳар сафар адирга чиққанимда, уни тўйиб-тўйиб ҳидлашни одат қилгандим. Мен унга “шафтоли барги” деб ном қўйиб олгандим.

...

Шафтоли баргларидан анча тўпладим. Югуриб қирга чиқдим. Майин, хушбўй шаббода эсарди. Бепаён кенгликда қизим Эъзоза қўйларни қувлаб, ўйнаб юрганмиш, уни кўриб шодланиб кетдим. Кўзларимдан сизиб чиққан қувонч ёшлари юзларимни намлади.  

Қизим, деб бақирдим. Эъзоза, қизим, мен онангман жоним, кел бағримга. У тарафга юрай дейману негадир юролмайман. Қизим борган сари мендан узоқлашади. Болажоним, мен онангман, дейман, у эшитмайди. Тўсатдан қўйларнинг бири уни туртиб юборди. Йиқилиб, чирқираб йиғларди.

Оёқларим занжирлангандек қотиб қолдим. Эъзозани на юпата оламан, на ёнига бора оламан. Овозим бўғилганича, қизим, дейман холос.  Унинг ёнида кимнингдир шарпаси кўринди, лекин ким эканлигини таний олмадим. Ҳайрият, Эъзозни тургизди. Қизим ёшли кўзларини унга тикканча онам келдими, дея берган саволини аниқ эшитдим. Нотаниш кимса: “Сенинг онанг бу дунёни тарк этган, у ўлган” дея берган жавобини эшитиб, вужудим музлаб кетди, негадир менга ҳаво етишмасди.

Қизим йиғлашдан тўхтаб, жим бўлиб қолди. Унга қараб, “Ёлғон” дея бақирдим. Мен ўлмаганман, мен тирикман, қизим, дейман. У эса эшитмайди. Кўйлагим этагига тўплаганим - “шафтоли барги” ўтлари тўкилиб кетди.  Ҳаммаёқни шафтоли хиди тутиб кетти.

“Мен тирикман, мен ўлмаганман, қизим”.

Гавҳар опам, қўшни хонадан нега бақирасиз, нима бўлди, дея чопиб кирди. Уйғониб кетдим.

Йўқ, ҳаммаси жойида опажон, ёмон туш кўрибман.

Аниқ ҳаммаси жойидами, сўради хамхонам. 

Ҳа, жойида.

Ҳа, майли ўтиб кетади, тушга нималар кирмайди, дейсиз?

Ҳа, тушга нималар кирмайди. Юрагим увишди. Тушга нималар кирмайди, дейману ўзимга келолмай. Қандайдир хадик, хавотир вужудимга оғриқ берарди.

Гавҳар опам гапида давом этиб,

Эртанги режалар ҳам ўлди, қаранг, қор ёғяпти, - деди Гавҳар опа мени чалғитишга уриниб.

Бундан олинг, дея олдимга тоза ювилган бир дона тукли шафтоли қўйди.

Ажабо, тушумда шафтоли ифорини хидладим, ўнгимда эса шафтоли турибди, Бунинг қандай ҳикмати бор экан, деган фикр хаёлимни чулғаб олди.   Юрагимдаги ғашлик йўқолмасди.

Гавҳар опа, мен Ўзбекистонга кетмоқчиман. Қизимни соғиндим.

Э, кетиб нима қиласиз? Ҳозир топпиш-тутишингиз яхши бўлса, мана кредитларингизни ёпиб олдингиз. Яна ҳаракат қилсангиз, топганингиз бирон камингизни тўлдирар?! 

Гавҳар опа гапида давом этарди, лекин мен унинг гапларини эшитмас, англамасдим. Деразага тикилганча, май ойининг ноз-карашмаларини менсимай ёғаётган қорга термулиб ўтиравердим. 

 Димоғимда шафтоли иси, қалбимда болажоним соғинчидан ўртанганча  бир нуқтадан кўз узолмасдим.

Эртага туғилган куним. Бу пайтда юртимизда қулупнайлар ғарқ пишади. ...

Ҳаёлларим тўзғигандан тўзғиди. Кечки овқатдан сўнг ухлашга ётдим. Яна туш кўрдим. Қизимни кўтариб олиб, “шафтоли барги» ўтларини териб юрган эканмиз. Қизалоғимни маҳкам бағримга босдим. Юрагимдаги соғинч олови сусайгандай бўлди. Меҳрим жўшиб, беихтиёр хаёлимга шоирнинг қуйидаги мисралари келди:

 

Ўзим шодман, сени эркалаб,

Майингина сочларинг силаб,

Манлайингга аста босдим лаб,

Жаннат бўйли райхоним, қизим.

 

Балолардан асрасин эгам,

Эй, бугуним, эй менинг эртам,

Кўзим нури, қароғим, эркам,

Жоним қизим, жаҳоним қизим.

 

Комила ТУРСУНОВА

Холис журналистика – ҳақиқат нишонаси

Мулоҳаза

 Замонавий ахборот майдонида матбуот ва журналистиканинг роли тобора ортиб бормоқда. Жамиятдаги воқеа ва жараёнларнинг ҳаққоний ёритилиши, ижтимоий фикрнинг шаклланиши ва фуқароларнинг хабардорлик даражаси айнан журналистлар фаолиятига бевосита боғлиқдир. Журналистик фаолиятда эса энг муҳим тамойиллардан бири – холислик ҳисобланади.

 

Холис журналистика – бу ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий босимлардан холи бўлган, фактларга асосланган, икки томоннинг фикрини тенг ёритишга интиладиган ёндашувдир. Ушбу принцип журналист касбий одоб-ахлоқ кодексининг асосий таркибий қисмидир. Зеро, ҳақиқатга содиқ бўлмаган журналистика на жамият, на давлат тараққиётига хизмат қилмайди.

 

Бугунги глобаллашув шароитида турли ёлғон ахборотлар, манипулятив материаллар ва фейк янгиликлар фонида холис ахборот манбаларининг аҳамияти янада ортмоқда. Айниқса, кенг оммага таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларининг ёндашуви миллионлаб инсонларнинг дунёқараши ва қарорларига таъсир кўрсатади.

 

Шу сабабли, журналист ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз касбига содиқ, виждонан пок ва фактларга асосланган ҳолда иш юритиши лозим. Холислик нафақат профессионал мезон, балки халқ ишончини сақлаб қолишнинг ҳам муҳим омилидир.

 

Хулоса қилиб айтганда, холис журналистика – бу ҳақиқат нишонаси, очиқ жамиятнинг кафолати ва соғлом ижтимоий муҳитнинг асосий пойдеворидир.

 

Зулайхо ЖАЛОЛОВА,

Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети талабаси.

 

Инновация ва ёшлар: янги давр овози

Ёшлар фикри

 

Бугунги замон – инновациялар, рақамли технологиялар ва интеллектуал тараққиёт давридир. Бу ўзгаришларнинг марказида эса ёшлар турибди. Зеро, ҳар бир янги ғоя, технологик ёндашув ва ихтиро – ёшларнинг кучи, билими ва жасорати эвазига ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 

Ёш авлод бугун энди нафақат ахборот истъмолчиси, балки унинг яратувчисига айланмоқда. Стартаплар, сунъий интеллект, электрон хизматлар – буларнинг барчасида ёшларнинг иштироки яққол сезилади. Айниқса, рақамли дунёда мустаҳкам ўрин эгаллаш, халқаро майдонда ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этиш учун улар ўз устида тинмай ишламоқда.

 

Инновацион тараққиёт шунчаки техник ютуқ эмас, балки фикрлашдаги янгиланиш, янгича қарашдир. Демак, замонавий ёш нафақат техник жиҳатдан юқори билимли, балки ижодкор, ташаббускор ва ижтимоий масъулиятли бўлиши керак. Чунки келажак айнан мана шундай ёшларнинг қўлида шаклланади. Уларнинг иқтидор ва интилиши билан юрт тараққиёти янада юқори босқичга кўтарилади.

 

Зулайхо ЖАЛОЛОВА,

Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети талабаси.

Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш бўйича аукцион савдоларини ўтказиш тартибидаги ўзгаришлар

Мутахассис шарҳи

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, барча турдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришда 2025 йил 11 мартдан қуйидаги тартиблар жорий этилди:

Электрон онлайн аукцион савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани элон қилиш муддати 15 кундан 5 кунга, такрорий савдолар – 5 кундан 1 кунга қисқартириш;

Такрорий савдоларда фақат бир нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга ушбу савдода эълон қилинган нархда лотни ихтиёрий сотиб олишни таклиф этиш;

ҳар такрорий савдода лот нархи 10 фоиздан босқичма-босқич бошланғич нархнинг 20 фоизига тушганига қадар пасайтириш.

Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан аукцион савдоларида ер участкасига ижара ҳуқуқи   олиш учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва тўлов тўлиқ тўланганда чегирма бериш тартиби бекор қилинади, ушбу тўловлар 15 иш куни ичида тўлиқ тўланиши шартлиги белгиланган.

2025–2026 йилларда аукцион савдоларига чиқариладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар жами майдонининг ўртача 10–20 фоизи чорва учун озуқа экинларини экиш шарти билан савдога чиқарилиши қайд этилди.


Жамшидбек ИСРОИЛОВ,
Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакили.

Қишлоқ хўжалиги ерларини аукционга чиқариш тартиби бугундан янгиланди!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 мартдаги топшириғига асосан, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида 2025 йил 11 мартдан бошлаб “E-auksion” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги ерларини онлайн-аукционга чиқариш бўйича янги тартиб жорийэтилади:

◦ Биринчи аукцион – 5 кун муддатда ўтказилади.

◦ Агар аукционда ғолиб аниқланмаса, такрорий савдо бир кун муддатда ўтказилади.

◦ Такрорий савдоларда бир нафар иштирокчи бўлса ҳам, савдо ўтган деб ҳисобланади.

◦ Такрорий савдоларда бошланғич нарх 10 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ўз заҳирасидаги қишлоқ хўжалиги ерларини аукционга чиқаришда ушбу янги талаб ва тартибларга қатъий амал қилишлари керак. Ушбу тартиблар фойдаланилмаган ерлардан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Жамшидбек ИСРОИЛОВ,

“Електрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ

Андижон вилояти ҳудудий вакили

Оқибат

Ҳикоя

 

(Меҳрибон дадажоним Лутфиддин Ҳамидов хотирасига бағишлайман)

 

Тамаки хиди анқиган йўлакдан ичкарига кириб борар эканман, шифокорнинг асабий овози эшитилди. Дадам ётган палата эшиги очиқ турарди. Ичкаридан кулдонга сигарет қолдиғини босаётган дадам кўринди. Шифокор жон куйдириб сизга сигарета чекиш мумкин эмас Ҳамидов соғлигингизга зарар, шундай давом этаверсангиз ёмон оқибатларга олиб келади, деб гапирар эди. Сиз пархезни маҳкам ушлашинггиз керак, дея гапида давом этаркан кўз қирида менга бир қараб олди.

- Бу қиз сизнинг қизингизми?

- Ҳа, менинг қизалоғим, ишонганим, - деб жавоб берди дадам.

- Ҳа яхши, ақилли қизга ўхшайди, - дея жилмайиб чиқиб кетди.

Дадамга салом бергач, мен ҳам “дийдиё” қила бошладим. Мана шу савилни чекмасангиз нима бўлади, дада?

Дадам мийиғида кулиб, индамади.

- Эртага жарроҳлик амалиёти ўтказиларкан, онангни ҳабардор қилиб қўй.

- Хўп, дада.

- Кел ёнимга ўтир, ота-бола бир суҳбатлашайликчи.

Мен бориб кроват ёнидаги ўриндиққа ўтирдим.

- Ўқишларинг жойидами? Неччи баҳо оляпсан?

- Доимгидек баҳоларим беш. Аммо дарсларга кўп қатнаша олмаяпман. Устозларим тадбирга олиб чиқиб кетиб қолишяпти. Янгилик, шеърларимни газета таҳририятига топшириб келдим, келгуси сонида чоп этишар экан.

- Ҳа, яхши фақат шеърларинг зўр ёзмагунингча кўпчиликка эълон қилмай тур. Сен уларни йиғ, кўпроқ ўрган, одамлар шеърларингни эшитганда кўнгли яйрасин. Сен албатта, катта шоира бўласан, худо хоҳласа.

- Фақат ҳалол бўл. Қандай мартабага эришишингдан қатъи назар кибрланма. Ҳаётдаги ўрнингни унутмагин!

 - Ҳўп, дада. Албатта, сиз айтгандай бўламан.

- Дада, оқибат нима?

- Оқибатми?  Оқибат унутмаслик. Сени яхши кўрадиган инсонларингни унутмаслик, уларга  ҳамиша эътиборда бўлишдир, - дея нимагадир дадамнинг кўзларига ёш тўлди.

- Дада, нега кўзингиз ёшланди?

- Эътибор берма қизим, дедилар-у сигаретани тутатдилар. Орада бироз жимлик ҳукм сурди.

- Қўлимдаги сигаретани кўряпсанми? У ҳозиргина бутун эди. Энди эса ундан фақат кул қолаяпти. Умр ҳам шу сингари тугаб боради. Шу умр мобайнида ё аланга бўласан ёки кул.

- Эртаси куни жарроҳлик амалиёти бўлиб ўтди. Мен дарсдан сўнг етиб бордим. Келганимда онам кўз-ёш қилиб, ўртанчa амакимга нималарнидир гапирарди. Мени кўриб, улар суҳбатга нуқта қўйишди.

- Бу орада дадамни икки эркак шифокор замбилда операция хонасидан палатага кўтариб чиқишди. Дадам уйғоқ ва ўта хорғин эди.

- Орадан бир ҳафта ўтди.  Дадамни кўргани бордим. Эшикка термулганча ўтирган дадам менга гўё кимларнидир кутаётгандек туюларди. Балки ўша оқибат ҳақида гап кетаган яқинларини кутаётгандир, деб ўйладим ўзимча.

Ниҳоят, уйга жавоб беришди. Онам кундан-кунга озиб борар кўп йиғлар эди. Нега йиғлаяпсиз, десам жавоб бермасди.

Шу воқеалардан кейин дадам икки йилгина яшади. Ўша пайтда дадамда “рак” касаллиги аниқланиб, операцияда ўсимта олиб ташланганди. Бахтга қарши дадамдаги ўсимта яна ўсиб чиқаверадиган хилидан экан. Шифокор ўшанда онамга турмуш ўртоғингизнинг узоғи билан икки йиллик умри қолган, деб огохлантирганлигини кейинроқ онамдан эшитганман.

Аммо онам бу ҳақида на дадамга, на биз - фарзандларига асло гапирмаган эди. Ҳар доим сиз тузалиб кетасиз, дардни берган эгам давосини ҳам албатта беради, дея дадамнинг кўнглини доимо кўтарар эди.

Бошимдан ўтган ана шу воқеаларни ўйлаб, мен шунга амин бўлдимки, оила бу - суяниш, бир-бирига меҳр бера олиш, энг оғир дамларда ёнида бўлиш экан.

Шуларни ўйлаб, дадамни хотирлар эканман, беихтиёр кўнглимдан қуйидаги сатрлар ўтди:

 

Суянган тоғимдан қулади тошлар,

Энди паришонман, қувончлар нобуд.

Боқий дунёларга бугун йўл олар,

Одамлар қўлида чайқалган тобуд.

 

 

Комила ТУРСУНОВА

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш - муҳим масала

Профилактик тадбир

Мамлакатимизда одамлар, шу жумладан, ҳайвонларнинг соғлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эпизоотик ва эпидемологик вазият барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат тарибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи, вилоят  ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг қамровли профилактик, тарғибот-тушунтириш, ўрганиш ва мониторинг тадбирлари тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Булоқбоши тумани "Марказий деҳқон бозори"да ўтказилди. Деҳқон бозоридаги покизалик, санитария, гигеник ҳолат, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш, эпизоотик ва эпидемик вазият бақарорлигини таъминлаш юзасидан ўрганиш давомида асосий этибор гўшт,  гўшт, сут ва сут маҳсулотларининг сифати, уларни белгиланган меъёр ва тартиблар асосида сотилишига қаратилди.

Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш, мутасадди, сотувчи ва харидорларнинг  озиқ-овқат   хавфсизлиги, эпизоотик ва эпидемик вазият бақарорлиги борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш бўйича профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди, улар билан суҳбатлар ўтказилди.

Бу каби тадбирлар энг аввало, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, турли юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишда шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам, бу борадаги ишлар мутасадди ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли равишда, изчил давом эттирилади. 

Бобурбек МАХАМАТОВ,

вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходими, сафдор.

Туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик қандай?

ҲуҚуҚшунос минбари

Ҳақорат қилганлик - шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41- моддасига асосан, ҳақорат қилган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.

Жиноят кодексига асосан, ҳақорат қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳақорат қилиш нашр қилиш, ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида жойлаштириш орқали амалга оширилса, ушбу ҳаракат учун айбдор:

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Замон ривожлангани сари кишилар ўртасида мулоқот воситаларининг турлари ҳам ортиб бормоқда. Интернет аталмиш жаҳон ахборот тармоғидаги маълумотларнинг бири тўғри, бири қинғир мақсадни кўзлаган бўлса, яна бири кимнидир шаъни ва қадр-қимматини камситишга, бадном қилишга хизмат қилади.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали бир шахсга нисбатан бошқа шахс ёки гуруҳлар томонидан туҳмат қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Хўш, туҳмат ўзи нима, унга қонунларимизда қандай жазо белгиланган? Бу ҳақда қуйида қисқача тўхталамиз.

 

Туҳмат нима?

Била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш туҳмат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг пленум қарорига кўра, туҳмат деганда юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан, оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.

Бундай маълумотларни    шахснинг ўзига айтиш - маълумот тарқатиш дея ҳисобланмайди. Бадном этувчи дея, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар дея белгиланган.

 

Туҳмат учун жавобгарлик қандай?

Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил - маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40- моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин.

Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли маъмурий суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.

Маъмурий суднинг қарорига асосан, туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Муроджон МАМАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг тергов судьяси.