+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари ўрганилмоҚда

МулоҚот

Шу кунларда Андижон вилоятида ёшларнинг муаммо, таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, ҳал этиш, қўллаб-қувватлаш, амалиётга татбиқ этиш, ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича очиқ мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Андижон давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотда Ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари - Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари К. Комилов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи А. Тангриқулов, институт ректори Дилшодбек Рустамов, вилоятдаги ўқув марказлари раҳбарлари, талаба ёшлар иштирок этдилар.

Мулоқотда вилоятда турли йўналишлар бўйича фаолият олиб бораётган ўқув марказларида таълим сифатини ошириш, ўқитишга замонавий, илғор ва инновацион услубларни жорий этиш, айниқса, хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Ўқув марказлари раҳбарлари, мутахассислар томонидан таълим сифатини янада юқори босқичга кўтариш, бу борада илғор, инновацион усуллардан фойдаланиш, фаолиятлари давомида юзага келаётган қийинчиликлар, уларни бартараф этиш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида ёшларга таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий қулайликлар яратиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Назирахон УБАЙДУЛЛАЕВА

Тошкентлик ёш шахматчилар ғолиб

спорт

Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича  Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Чемпионат ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда спортни, хусусан, шахматни ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, айниқса, ёш, иқтидорли шахматчиларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, Андижонда бўлиб ўтган мазкур чемпионат юқори савияда ташкил этилганлиги, чемпионат давомида уюштирилган қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар иштирокчиларга хуш ва кўтаринки кайфият  улашганлиги алоҳида қайд этилди.

Бир ҳафта давом этган чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари таркибида 850 нафар ёш шахматчи 6 та - 7, 9, 11, 13, 15 ва 17  ёш тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Швейцар тизимида рапид, стандарт, блиц йўналишларида 7 тур доирасида ўтказилган чемпионат ўйинлари қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Мусобақанинг ҳар бир йўналиш, ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, тегишли медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

ФАХРИМ ЎЗИНГ, АНДИЖОН!

Сенда отам, сенда онам, ёримнинг меҳри,

Бобурни орзиқтирган қовуннинг сеҳри,

Сендадир орият, мардликнинг муҳри,

Фахрим ўзинг, бахтим ўзинг, жоним Андижон!

 

Боғишамолларинг жаннатдай кўркам,

Боғи Эрамлардан ҳеч эмассан кам,

Эркинг қучоғида бахтим-да бекам,

Фахрим ўзинг, бахтим ўзинг, жоним Андижон!

 

Тонг саҳардан сув сепилган кўчанг ободдир,

Ифтихорнинг сўзи дилда улкан саботдир,

Тиллардаги мадҳинг янгроқ, гўзал баётдир,

Фахрим ўзинг, бахтим ўзинг, жоним Андижон!

 

Юртим, асли тенгсиздирсан, қадринг осмон,

Эркинг учун ўғил-қизинг муносиб посбон,

Тараққиёт йўлидаги энг нурли карвон,

Фахрим ўзинг, бахтим ўзинг, жоним Андижон!

 

Нодирбек АБДУЛҲАМИДОВ,

Марҳамат тумани.

Тиббий хизмат сифати юксалмоқда

Жараён

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мазкур жараёнда хусусий тиббий муассасаларининг иштироки, ўрни ва роли тобора ортиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу борада Андижон вилоятида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бундан 8 йил аввал вилоятда 100 га яқин хусусий тиббий муассаса фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 837 тага етди. Ушбу муассасаларда 46 турдаги ихтисослик бўйича аҳолига малакали тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.

Биргина 2024 йил давомида 111 та янги хусусий тиббий муассаса ташкил этилди. Шундан 95 тасида амбулатор, 16 тасида стационар даволаш ишлари олиб борилади. Ушбу муассасаларнинг ташкил этилиши ҳисобига 461 та янги иш ўрни яратилди.  

Умуман, ўтган йили вилоятдаги хусусий тиббий муассасалар биноларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш, замонавий, юқори технологик тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар харид қилиш учун 36 миллиард 185 миллион сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, 36 та муассасанинг фаолияти кенгайтирилди, 95 та муассаса фаолияти амалдаги тартиблар асосида узайтирилди.

- Бугунги кунда вилоятдаги 837 та хусусий тиббий муассасадан 612 тасида амбулатор, 225 тасида стационар шароитда 40 дан ортиқ турдаги ихтисосликлар бўйича даволаш, хизмат кўрсатиш  йўлга қўйилган, - дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Хусусий тиббиёт ва тиббий туризмни ривожлантириш шўъбаси бош мутахассиси Валиддин Муҳитдинов. - Мижозларнинг келиб-кетиши, хасталикларни аниқлаш ва самарали даволаш, дори-дармон, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиши жиҳатидан хусусий тиббий муассасалар фаолиятини ижобий баҳолаш мумкин.

Умуман, вилоятдаги кўплаб хусусий тиббий муассасалар фаолияти намунали йўлга қўйилган.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ҚИШ - БЕFУБОР ФАСЛ

Қатра

Ҳар бир фасл ўз тароватига эга. Фасллар ўзгаруви барча қалбга ажиб илиқлик бахш этади. Қиш фасли кириб келиши билан каттаю кичик янги йил байрамини интизорлик билан кутади. Бу кумуш фаслда совуқни-да писанд қилмай, қор парчалари билан бирга юракларимиз оқликка чўмилади гўё.

Табиатнинг мўъжизавий туҳфаларига гувоҳ бўлиш ниятида мен ҳам орзулар оғушида хиёбонга отланаман. Оқ либос кийган дарахтларга термулиб, оппоқ орзулар оғушида учаман. Оёғим остида эзғиланаётган қор парчалари "ғарч-ғурч" овоз чиқаради. Хаёлларга чўмилиб, янги йилда нималар қилишим кераклиги ҳақида ўйлайман.

Узоқ сайр ва сокинлик қалбимга ҳузур бағишлади. Атрофга чўккан сукунат ва табиатнинг бетакрор инъомлари менга илҳом беради. Ана шу кечинмаларни қоғоз ва қалам билан бўлишгим келиб уйимга шошиламан.

 

Нозима ЎЛМАСОВА

ИККИ ЙЎЛ

Дил туFёни

Инсонлар ҳамиша икки хил тоифага бўлинади: ақлли ва ақлсиз, яхши ва ёмон. Улар турли вазиятларда турли қиёфаларга кира оладилар. Ақлли кишиларнинг шижоати, заковати сабаб, уларга ҳавас қиласан киши. Ақлсизлар эса бунинг акси. Лекин бундан ранжимаслик керак. Ахир улардан ҳам ниманидир ўрганиш мумкин.

Ҳаётда шундай инсонлар ҳам борки, уларнинг қилган эзгу амаллари ила "яхшиям, яхшилар бор дунёда" деб юборасан беихтиёр. Улар қилган яхшиликларини ошкор этишмайди. Мана шу камтарлиги учун улар бахтга, омадга эришадилар. Афсуски, оқ рангни қора деб атовчилар эса яхшилик, эзгулик тушунчаларидан йироқдирлар. Шунинг учун ҳам турли муаммолар ва таҳликалар гирдобида яшайдилар.

Меҳр ва қаҳр, яхшилик ва разолат, адолат ва шафқатсизлик ирода ва сабрсизлик. Булар ҳаётнинг негизларидир, булар икки хил йўллар. Манзили ҳам ўзига яраша. Қайси йўлдан юриш ва қайси қисматни танлаш эса фақат ўзимизга, ақлу фаросатимизга боғлиқ.

Бу танловда яхшилардан ибрат олсак, албатта, эзгу мақсадларимизга эриша оламиз.

Нозима FОФУРЖОНОВА

 

"Оқ кема" - асрлар оша яшайверадиган буюк асар

Талаба тадҚиҚоти

Нафақат қардош қирғиз миллатининг машҳур ёзувчиси, балки жаҳон адабиётида ўз ўрни, ўз услубига эга Чингиз Айтматов менинг энг севимли адибларимдан биридир. Мен унинг кўп асарларини ўқиб чиққанман. Айниқса, мен ёзувчининг "Оқ кема" қиссасидан жуда таъсирланганман, гўё ўзимни асар қаҳрамонлари билан бирга юргандай ҳис этганман.

 Асарни икки марта - биринчи марта 7-синф ўқувчиси бўлган вақтимда, иккинчи марта эса, яқинда ўқиб чиқдим. Кейинги мутолаамдан сўнг менинг таассуротларим янада бойиди, асар орқали ўзимда кўп нарсаларни кашф қилдим.

Қиссадаги бир-биридан ёрқин бўёқлар билан тасвирланган қаҳрамонлар, қирғиз миллатининг қадим урф-одатлари, бир-бирларига муносабатлари, ўзига хос фазилатларию камчиликлари, гўзал табиати ҳамда асардан келиб чиқадиган улкан хулосалар нафақат мени, балки кўплаб ўқувчиларни шубҳасиз, чуқур ўйларга толдиради, мулоҳазага чорлайди. Айниқса, содда ва ювош Мўмин бобо, муросаи мадора учун кескин ишлардан қайтмайдиган буви, Бекей, Саиджамол, узоқдаги отаси ёнига бориш учун балиққа-да айланишга шай, мактабга боришга ташна болакай Нурғози, фарзандсизлик туфайли шафқатсиз кимсага айланган Ўрозқул ҳамда Гулжамол образлари орқали асар воқеалари ичига киришиб кетамиз.

 Овулда учтагина оила яшайди. Шу оилалардаги одамлар муносабатларидаги ижобий ва салбий хислатлар орқали ёзувчи  воқеалар  жараёнини тасвирлай бошлайди.

Етти ёшли бош қаҳрамон Нурғози ҳамиша ёлғиз. Унинг ота-онаси ажрашган, икки ёққа қараб кетган. Уларни эслай олмайди ҳам. Боланинг кўпинча мулоқот қиладиганлари одамлар эмас, турли буюмлар. Яъни янги сумкача, портрет, дурбин. У дурбин билан матрос деб ўйлагани отасининг Оқ кемасини хаёлан кузатади. Булардан ташқари, у шу атрофдаги харсанг тош билан, ўсимликлар билан ҳам мулоқот қилиб кетаверади.

Асарнинг яна бир ёрқин қаҳрамони бор. Бу Мўмин бобо эртагида айтилишича, миллатнинг бош аждоди бўлмиш Она буғи образидир. Эртакдан катта таассурот олган Нурғозининг тушию, хаёлида Она буғи улуғ сиймо бўлиб гавдаланаверади.

Мўмин бобо эса, фарзанд туғиб бера олмаётганлиги учун кунаро эри Ўрозқулдан калтак ейдиган қизига енгиллик бўлиши учун бешафқат куёвининг ҳар қандай буйруқларини адо этади. Қор-ёмғирли кунларда ҳам, совуқ изғиринли онларда ҳам куёви иш юритувчи бўлган ўрмон хўжалигидаги ҳар қандай юмушларни-да бажариб кетаверади. Ҳатто, бир кун келиб куёвининг бошлиқлари маишати учун буғини-да ўлдиришга жазм қилади. Нурғозининг ёшгина шуурида улкан зотга айланган буғининг ўлдирилиши бусиз ҳам оиладаги жанжаллар, муаммолар, ота соғинчи туфайли жар ёқасига келиб қолган боланинг фожиасига сабаб бўлади.

Асардан кўп ибратли хулосалар олиш мумкин. Улардан бири ҳамиша ўқишга ташна бўлиб, янги сумкачасини қўлидан қўймайдиган болакай образи мени ўйлашга ундади. Дунёда ўқишни жуда-жуда хоҳлайдиган болалар ёки пули йўқлиги ёхуд ноқулай шароити сабаб ўқув даргоҳига бора олмайдиган болалар қанча?! Бизда-чи?! Ўн бир йиллик бепул таълим, ўқишимиз учун барча шароитлар муҳайё. Шуларни ўйлаб, мана шундай юртда яшаётганлигимга шукрона келтираман.

Асарни ўқир эканман, унинг ичига - қаҳрамонлар орасига тушиб қолгим, хусусан, ёлғизгина болакай Нурғози билан тўйиб-тўйиб мулоқот қилгим, паймонаси тўлган пайтда унга тасалли бериб, бевақт ўлимдан асрагим келади.

Мен каби кўплаб ўқувчилар қалбига мана шундай туйғуларни солган "Оқ кема" қиссаси асрлар оша яшайверадиган буюк асардир.

 

Гуллола ШЕРБОЕВА,

Андижон давлат чет тиллари институти инглиз тили ва адабиёти факультети

талабаси.

ВАТАН ҲИМОЯСИ - ШАРАФЛИ БУРЧ

Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш, қавмлари яшаётган ҳудудларни душманлардан ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) даврларида ҳам жамоа кишилари тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар.

Абу Атийя (р.а.) шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ (с.а.в.) бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амални бажараётганида кўргансиз?" деб сўрадилар. Бир киши "Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим", деб айтди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб): "Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман", дедилар.

Албатта, Ватанга муҳаббат, аввало, инсоннинг ўз оиласига, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидан бошланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ислом дини инсонпарвар, ватанпарвар, миллатпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва инсонларни ҳаётда ана шу туйғуларга амал ва эътиқод қилишга даъват қилади. Жумладан, Исломда Ватанга бўлган муҳаббат улуғланади.

Ҳазрат Ибн Халдун: "Ватан, бу - инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир", дея Ватан инсон учун қанчалик азиз эканлигига таъриф беради.

Ҳақиқатдан ҳам Ватан муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, ёв ва душманлардан асраш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)дан Саид ибн Зайд (р.а.) шундай ривоят қилади: "Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", дедилар. Ҳадисда келтирилган мол, жон, дин ва оила инсон учун энг азиз нарсалар, хусусан, муқаддас даргоҳ - Ватанини ифода этади.

Шариатимиз аҳкомларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал, деб белгиланган. Бундан кўринадики, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон Ватанимизнинг тинч ва осуда бўлиши, обод ва озодлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшиб, керак бўлса, ҳар қандай ёвдан уни асрамоғи керак. Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан бири бўлиб, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб, бўйин товлаш гуноҳдир.

Қолаверса, Ватан ҳимояси машаққатли вазифа ва савобли амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир" дедилар. Демак, Ватан ҳимоячиси бўлишлик бандани Яратганнинг улуғ ажрларига мушарраф этади.

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишдир.

Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди. Аллоҳ, аввало, жаннатмакон диёримизни турли бало ва офатлардан, юртимиз тинчлигини сақлаш йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбийларимизни ўз паноҳида асрасин.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Олтинкўл туманидаги "Миробод ҳожи" жоме масжиди имоми.

 

Устоз журналистга эҳтиром кўрсатилди

Тадбир

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимида "Устозлар ҳаёти - ибрат мактаби" деб номланган маънавий маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тажрибали, устоз журналист, "Қишлоқ ҳаёти" газетасининг Андижон вилояти мухбири Қобилжон Асқаровнинг қутлуғ 75 ёши муносабати билан ташкил этилган мўъжаз тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, фахрий журналистлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Артиқова, фахрий журналист Тўлқин Сиддиқов ва бошқалар томонидан устоз журналист Қобилжон Асқаровнинг ибратли касбий фаолияти, юксак инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритилди.

Қобилжон Асқаров қарийб 50 йилдан зиёд давр мобайнида матбуот соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган юртимизнинг фидойи журналистларидан биридир. У турли йилларда "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталари таҳририятида мухбир, бўлим мудири, "Қишлоқ ҳаёти" газетасининг вилоят мухбири вазифаларида меҳнат қилди. Кўпларга ибрат бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтди.

Қобилжон Асқаров фаолияти давомида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, фермерлик ҳаракати, қўйингки, соҳанинг долзарб масалалари, ютуқ, муаммо ва камчиликларини  рўй-рост, кенг ва атрофлича ёритди, жамоатчиликка баҳоли қудрат етказди.  Айниқса, бой тажрибага эга ва малакали журналист сифатида ёш журналистларнинг билим, малака ва тажрибаларини бойитишга салмоқли ҳисса қўшди. Бир сўз билан айтганда, у устозлик мақомининг юксак поғоналарига кўтарилган инсондир.

  Тадбирда Қобилжон Асқаров журналистика, журналистнинг масъулияти, бурчи ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, фаолияти давомидаги қизиқарли воқеалар ҳусусида гапирди.   У Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, бир гуруҳ ҳамкасблари, шогирдларидан қутлов ва эсдалик совғалар қабул қилиб олди.

Якунда устоз журналист ижодий фаолияти эътирофи ва кўрсатилган эҳтиром учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Муҳаммадрасул МАМАТҚУЛОВ,

жамоатчи мухбир.

Миллий либослар, кийиниш маданияти тарғиб этилади

ташаббус

Вилоятимизда ҳафтанинг ҳар жума кунида миллий либослар тарғиботига бағишланган "Хонатлас" кунлари ўтказиб борилади.

Андижон вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий либос ва  анъаналаримизни кенг тарғиб этиш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида - корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда таълим масканларида "Хонатлас" кунлари ўтказилиши анъанага айланмоқда.

 Миллий мафкура ва маънавий қадриятларни шакллантириш, ёшлар тарбиясида миллий либосларимиз, хусусан, кийиниш маданияти муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимиз кўркам ва ўзига хослиги билан ҳар қандай кишини хайратга солади.

- Миллий либосларимиз, кийиниш маданиятини кенг тарғиб этишга бағишланган "Хонатлас" кунлари юртдошларимиз, айниқса, ёш қизларимизнинг ўзбекона либосларга бўлган қизиқиш ва ҳурматини оширишга ёрдам беради, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Аҳмедова.  - Ана шу кунларда жойларда миллий либосларни тарғиб этиш, қиз ва аёлларимизнинг кийиниш маданиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади. Ишонаманки, ушбу ташаббус кенг қулоч ёзади, янада оммалашади.

Бир гуруҳ раҳбар аёллар, ўқитувчи ва турли ташкилотларда иш олиб бораётган фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ишга миллий либосларда келганликлари, ёшлар билан кийиниш одоби ва маданияти бўйича суҳбатлар ўтказганликлари алоҳида эътирофга муносибдир.

Бундан буён доимий ўтказиб бориладиган "Хонатлас" кунлари миллий, ўзбекона либосларни тарғиб этиш, шу билан бирга, ёшлар қалбида миллий либос, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, кийиниш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Комилахон ТУРСУНОВА,

жамоатчи мухбир.