+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади

ёшлар ҳаёти

Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у олийгоҳда жорий  йилда таълим, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган режалар, уларнинг ижроси, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар хусусида тўхталди.  Сўнг талабаларнинг фикр-мулоҳаза, таклиф ва ташаббусларини эшитди.

Талабаларнинг бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда билдирган таклиф ва ташаббуслари институт ректори, раҳбарияти томонидан ҳамиша қўллаб-қувватланишини алоҳида қайд этди.

Бу каби учрашувлар мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ижобий ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Бибимухлиса ҒУЛОМОВА,

институт талабаси.

 

БОҚИМАНДАЛИК - ЖАМИЯТ ЗАВОЛИ

Динимиз азалдан ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечиришни ёқлаган. Бировнинг ҳисобига яшашни, боқимандаликни қоралайди. Айниқса, тиланчилик жамият заволи сифатида баҳоланган.

Ким бир маротаба тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унга 70 та тиланчилик эшигини очиб қўйишини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар.

Оқил ва ғайратли киши    вақтнинг қадрини билади. Ҳар бир соатини дунё ва охират яхшилиги учун ишлатишга ҳаракат қилади. Лекин дангаса киши вақтини беҳуда ўтказади. Атрофдагиларга юк бўлади. Кимлардир раҳм қилиб ёрдам берса, унда тезда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда боқимандалик ва тиланчилик бу дунёда шармандалик, охиратда эса хорлик эканлиги таъкидланган. Ҳадиси шарифда айтилганидек,  тиланчининг  қиёматда юзида бир парча гўшти бўлмасдан тирилиши бунга яққол далилдир. Аллоҳ таоло бу ёмон иллатдан ҳар иккала дунёда ўз паноҳида асрасин.

Пайғамбарлар ҳаётига назар ташласак, улар ҳам қайсидир касб-кор соҳиби бўлганлигига иқрор бўламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ёшлик чоғларида қўй боққан бўлса, балоғат ёшига етгач, тижорат билан шуғулланганлар. Бу биз умматларга ибрат бўлиши лозим.

Ҳар бир ақли ва жисми   соғлом ҳамда касб-ҳунар қилишга имкони бор киши ғайрат-шижоат билан ишлаб дунё ва охиратини обод қилишга жазм қилади. Имкони бўлса, атрофидаги кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам беради. Аксинча, ишга яроқли бўла туриб ўзини ёрдамга муҳтож кишилар қаторига қўшиб олиб, доим маҳалладан, давлатдан мадад кутиб яшаётган боқимандалар ҳам афсуски орамизда йўқ эмас.

Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби  бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Ана шу ҳужжатларда белгиланган тартибларни ҳаётга татбиқ қилишдан мақсад, давлатимиз томонидан кам таъминланган оилаларга ажратилаётган болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдамлар ҳақиқий эгаларига етиб боришини таъминлашдир.

Аллоҳ таоло барчамизга ғайрат-шижоат берсин. Ҳалол касб-кор қилиб ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам фойда келтирадиган хайрли амалларни адо этишликни насиб этсин. Дангасалик, текинхўрлик ҳамда боқимандалик каби иллатлардан узоқ қилсин.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Эски Гумбаз" масжиди имоми.

Оқбошнинг меҳнаткаш аёллари

Маҳалла хаёти

Мамлакатимизда хотин-қизлар турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар натижасида кўплаб опа-сингилларимиз ишга жойлашмоқда, касб-ҳунар ўрганмоқда, боқимандаликдан холи бўлишмоқда.

Бу борада Марҳамат туманидаги Оқбош маҳалласида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Маҳалладаги 70 нафардан зиёд хотин-қизлари гуруҳларга бўлинган ҳолда қурилиш,     томорқа хўжаликлари ишини юритиш йўналишларида фаолият юритиб, даромад топиш билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш ҳам яхши йўлга қўйилган. Жумладан, жисмоний имконияти чекланган Хуморахон Тожиматова, Умидахон Тазимоваларга ногиронлик аравачаси олиб берилган бўлса, Таманнохон Мамажонова ҳамда Ҳалимахон Анорбоевага эшитиш мосламаси берилди. Маҳалла аҳли томонидан кўмакка муҳтож Зиёдахон Абдурашидова хонадонида ҳашар уюштирилиб, анча юмушлари бажарилди, шунингдек, унга субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди.

-      Юртбошимизнинг оқилона сиёсати, ташаббуси билан маҳалламиз раҳбарлари, фаоллари биз хотин-қизларнинг оғирини  енгил қилишга астойдил ҳаракат қилишмоқда, - дейди маҳалла фаолларидан Ўғилой Мамасолиева. -  Аёлларимиз ҳалол меҳнат қилиб, боқимандаликдан қутулишмоқда. Энг асосийси, даромад топиш орқали турмуш шароитларини яхшилашмоқда Бундан ташқари, 20 нафар аёл ҳунарманд-тадбиркор Садоқат Мадумарова хонадонида суъний гул ясаш билан шуғулланишмоқда.

Йигирма йил қурилиш соҳасида ишлаб, моҳир пардозчи сифатида элга танилган Ойнагул Рисқулова маҳалла аёлларининг фахрига айланган. У самарали меҳнатлари учун жорий йил  Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз фармони билан "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.

Яқинда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов маҳаллада бўлиб, амалга оширилаётган  ибратли ишлар билан танишди. Уч нафар оилага музлаткич топширди.

-      Юртимиз тинчлиги ва  халқимиз турмуш  фаровонлиги йўлида улкан ишларга бош-қош бўлаётган юртбошимиздан, маҳалламиз аёлларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилашга ҳисса қўшаётган туманимиз, вилоятимизниг барча раҳбарларидан миннатдормиз, - дейди маҳалла фахрийси Маҳфиратхон ая Чўтанова.

Умуман, мазкур маҳаллада опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари учун зарур ишлар олиб борилмоқда.

 

Жасмина МАМАРОЗИҚОВА,

Марҳамат тумани.

МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

Муносабат 

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари маънавият, маданият соҳаларидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, театр, кино санъати, музейлар ривожига оид ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Президентимиз маърузасида маънавий-маърифий, маданий соҳалар бўйича тўққизта йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.

Айниқса, миллий сериаллар ишлаб чиқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш, бунда ўзбек тили фани ўқитувчиларининг ўрни ва роли муҳим эканлигини, улар фаолияти давомида миллий сертификат олган тақдирда ойлик иш ҳақларига 50 фоиз устама берилишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, маърифатпарвар аждодларимиз ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилиши, юртимизда "Жадид" номли янги газета ташкил этилиб, унда буюк аждодларимизнинг ҳаёти, ибратли фаолияти ёритиб борилиши, уларнинг ватанпарварлик ғоялари ёш авлод онгига сингдириб борилиши қайд этилди.

Интернетда тарқалаётган маълумотларни кузатар эканмиз Президентимизнинг "Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни конституция ва қонунларимизга қарши ва улардан устун қўйиш ҳолатлари кучаймоқда. Диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаётган кишилар пайдо бўлмоқда. ...Дунёвий қадриятлар ҳаром, деган сохта "даъват"лар янграмоқда"  деган сўзлари дунёда ғоялар кураши кетаётган айни кунда бизни янада ҳушёрликка чақиради.

Президентимиз бу ўринда Ибрат домланинг "Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур", деган ҳикматли сўзларини ёдга олди. Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак" деган сўзлари биз тарғиботчилар зиммасига улкан масъулият юклайди, шижоат билан ишлашга ундайди.

 

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА,

Андижон шаҳар педагогика коллежи хотин-қизлар

кенгаши раиси, шаҳар маънавият тарғибот кенгаши аъзоси.

Ватан ҳимояси - муқаддас бурч

Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўқувчи ёшларнинг юртга садоқат, ҳарбий бурчга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган тадбирда  Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий академик лицей ўқувчиси Аслиддин Исмоилов, мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этдилар.

-      Мамлакатимиз чегараларини қўриқлаш, дахлсизлигини сақлаш юртимиз ҳар бир ўғлонининг муқаддас бурчи, - дейди бўлинма командирининг   тарбиявий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. - Ёшларга ана шу бурчни чуқурроқ англатиш, уларни юрт ҳимоясига шай инсонлар қилиб тарбиялашда биз ўтказаётган маънавий-маърифий тадбирлар шубҳасиз, муҳим аҳамияти касб этади. 

Тадбирда ҳарбийлар ўқувчи ёшларга хизмат жараёнлари, шунингдек,  чегара қўшинларининг шонли ва жанговар анъаналари, давлат чегараларини қўриқлаш шарафли вазифа эканлиги ҳақида гапириб берди.

Мазкур тадбир ўқувчи ёшларнинг Ватанни эъзозлаш, унинг муносиб  ҳимоячиси бўлиш, қолаверса, ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада оширди. Шунингдек, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ҳарбийлардан батафсил жавоблар олишди.

 

Мубина Ортиқбоева,

Ўзбекистон  журналистика ва оммавий комунакациялар университети талабаси.

 

БУ БОҒЛАРГА КЕЛГИН, ДИЛНАВОЗ!

Шивирлайди сокин дарахтлар,

Ошиқ қалбин айлаб сарафроз.

Майсалар ҳам тилайди бахтлар,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Куз ҳам ўтди, етиб келди қиш,

Ҳаволар ҳам совуди бироз.

Лек чекмасдан совуқдан ташвиш,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Ихтиёрим қўлингга бериб,

Жоним билан қиларман эъзоз.

Ташна жонга оролар кириб -

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Бераҳмлик ярашмас сенга,

Кўп бағритош бўлма, илтимос!

Қалб кўрингни атаб бир менга,

Бу боғларга келгин Дилнавоз!

 

Бу боғлар ҳам сенга интизор,

Бўлсам дейди, ғунчалар ҳамроз.

Қишда бирдан бошлансин баҳор,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!

 

Янги йилни бирга кутайлик,

Дил амрига қилма эътироз.

Ишқ мулкини ишғол этайлик,

Бу боғларга келгин, Дилнавоз!            

 Икромжон АСЛИЙ-АНДИЖОНИЙ,

Ўзбекистон "Юрт келажаги" танлови ғолиби.

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ

"Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия қуроли ҳамдир.

Андижон педагогика институти ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан ўтказилган "Қизлар тарбиясида китобнинг ўрни" мавзусидаги давра суҳбатида устозлар ва талаба қизлар иштирок этишди. Ахборот-ресурс маркази директори С. Муродова бўлғуси муаллималар ва олималарнинг ўқишида, ҳаёт йўлларида китобнинг аҳамияти, қолаверса, келгусида она бўладиган қизларга оила сирлари ҳамда бола тарбияси борасидаги билимларини оширишда беминнат  дўстнинг улуғ закоси ҳақида сўзлади. Бу борада зарур маълумотлар олишлари мумкин бўлган бир қатор китобларни ўқишларини тавсия этди.

Давра суҳбатида фаол иштирок этган талаба қизлар ўзлари мутолаа қилаётган қизиқарли китоблари ҳақида сўзлаб бердилар.

 

Дилбарой ТИЛЛАБОЕВА,

 институт ахборот-ресурс маркази библиографи.

 

ЙИЛ САРҲИСОБИ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимида жорий йил сарҳисобига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятдаги ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар, маънавият фидойилари иштирок этдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи 2023 йилда амалга оширилган ишлар, вилоят ижод аҳлининг ютуқлари, янги чоп китоблар хусусида сўз юритди.  Шунингдек, янги йилда амалга ошириладиган ишлар, ижодий кечалар, хотира тадбирлари муҳокамасига доир таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган 50 номдаги 200 дан ортиқ китоб тадбир иштирокчиларига совға сифатида тақдим этилди. Бир гуруҳ ёзувчиларнинг 350 нусхадан ортиқ китоблар Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига топширилди.

Тадбирда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий адабиётимиз тарғиботи ва бадиий етук асарлар яратишдаги фаоллиги учун бир гуруҳ устоз ҳамда ёш ижодкорлар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Восит АҲМАТХОНОВ

Янги йил эртаги болажонларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан янги йил байрами олдидан болажонлар учун "Ёвузлик маликаси ёхуд Янги йил эртаги" деб номланган театрлаштирилган байрам томошаси намойиш этилмоқда.

Қиш беғубор ва орзу-умидлар фаслидир. Ана шундай пок ҳис-туйғулар ҳар бир қалбни шубҳасиз, ширин ва тотли лаҳзаларга ошно этади. Ушбу фаслнинг кўркли байрами - Янги йил эса болаларга олам-олам қувонч, катталарга ёшлик сурурини бағишлайди.

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси янги йил байрамида болажонларга кўтаринкилик бахш этиш, уларнинг қувончига қувонч улашиш мақсадида ўзига хос байрам туҳфасини тайёрлади.

- Ижодий жамоамиз Янги йил байрами олдидан болажонларимиз учун  жамоамиз раҳбари Ҳилолахон Зияева сценарийси асосида саҳналаштирилган "Ёвузлик маликаси ёхуд Янги йил эртаги" байрам томошасини намойиш этмоқда, - дейди театрнинг ёш актёри Дадажон Отажонов. - Мақсадимиз, томошалар орқали болажонларга қувонч, байрамона кайфият, уларнинг қалбига эзгулик улашишдир.

Янги йил байрами томошалари болажонларни сеҳрли ва  мўъжизавий эртаклар оламига олиб киради. Турли эртаклар қаҳрамонлари тимсолида яхшилик ва эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғолиб бўлиши қизиқарли воқеалар орқали намойиш этилади. Бундан ташқари, қувноқ масхарабозларнинг чиқишлари, қаҳрамонларнинг жозибали қўшиқ ва рақслари болажонларга олам-олам қувонч бағишламоқда.

Болажонларнинг юз-қўзларидаги қувонч, байрамона кайфиятни кўриб, беихтиёр уларга ҳавасингиз, қувончларига шерик бўлгингиз келади. 

-      Янги йил байрами томошаси жуда қизиқарли экан, дугоналарим билан мазза қилиб кўрдик, - дейди 2-синф ўқувчиси Ифора Тўлқинжонова. - Ўзимни худди томоша қаҳрамони Ёвуз Малика билан бирга саргузаштлар оламида юргандай ҳис этдим. Байрам томошалари мен қатори барча ўртоқларимда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоасининг Янги йил байрами томошаларида турли эртак қаҳрамонлар орқали она табиатни асраб-авайлаш, сувни исроф қилмаслик, ростгўйлик, ҳалоллик ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшашдек инсоний фазилатлар улуғланади.

 

Мансурбек РЎЗИЕВ,

театр ижодий ходими.

Пиротехника - ўйинчоқ эмас

Огоҳлик

Дунё бўйлаб кўнгилочар ва маиший мақсадларда ишлатиладиган пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, янги йил кириб келиши олдидан пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари янада кўпаяди. Бу эса пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ хуқуқбузарликлар сонининг ортишига, ёш авлоднинг саломатлигига жиддий хавф туғилишига олиб келиши мумкин.

Республикамиз ҳудудига пиротехника воситаларининг ноқонуний кириб келиши ва айланишининг олдини олиш, шунингдек, оммавий маданий тадбирлар ўтказилишида    хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилиб, мақсадли тадбирлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 77 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Натижада 416 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларини  ноқонуний равишда  олиб ўтилишининг олди олинди.

Янги йил байрами тадбирлари яқинлашаётган шу кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пиротехника воситаларини юртимизга ноқонуний кириб келиши, савдосига қарши курашиш юзасидан зарур профилактик тадбирларни олиб бормоқдалар. Бундан мақсад, турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш, байрам тадбирларини чиройли ўтказишга эришишдир.

 

Шаҳноза МИРЗАЕВА,

 Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, майор.

Элёрбек КОМИЛОВ,

Андижон вилояти Транспортда ХТБ тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан.