+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ДИЛ НОМАЛАРИ

Ҳақиқий устозлар йили бўлди

Гулчеҳра УМАРОВА ,

Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

- Жорий йилда Давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларнинг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу эътибор самараси ўлароқ, ўқитувчиларнинг кўксига шамол тегди. Мажбурий меҳнатга барҳам берилди, маошларимиз оширилди, қадримиз, қаддимиз кўтарилди.

Президентимиз фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди. Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.

2019 йил том маънода ҳақиқий устозлар йили бўлди. Бу  биз -  ўқитувчилар учун катта шараф, эҳтиром, муносиб рағбат, шунингдек, чексиз масъулиятдир. 

Бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш ниҳоятда қийин. Ҳар болада табиат, иқтидор, имконият турлича бўлади. Болаларнинг кўнглига йўл топиш, мурғак қалбларига маърифат ва зиё нурини олиб кириш биз, бошланғич синф ўқитувчиларнинг вазифамиздир. Ўтган йили 1-синфни қабул қилиб олган эдим. Ҳозир ўқувчиларим равон ўқийдилар, ёзадилар.

Янги йил барча юртдошларимизга бахт, омад, болажонларимизга қувонч олиб келсин.

 

Янги йилда халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлсин

Назирахон АНАФИЕВА,

Улуғнор туманидаги "Сариқсув" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

- Ҳудудимизда 2 минг 244 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалламиздаги мавжуд 365 та хонадонда 654 оила ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Маҳалламиз обод, аҳолининг турмуши фаровон бўлиши учун бор имкониятларни ишга солиб меҳнат қилиб келмоқдамиз.

Ўтаётган 2019 йил ёрқин лаҳзаларга бой бўлди. Маҳалламиз мисолида айтадиган бўлсам, ҳудудимиз обод гўшалардан бирига айланди. Кўплаб фуқаролар     банкдан кредит олиб, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйди. 2 та балиқхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, новвойхона ишга тушди. 15 нафар қиз-аёлнинг бандлиги таъминланди. Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида ҳам  қатор ишлар амалга оширилди.

Барча юртдошларимизни кириб келаётган 2020 йил билан табриклаб, янги йил бунданда самарали, баракали йил бўлишини тилаб қоламан. Янги йилда    халқимиз дастурхони тўкин-сочин, маҳаллалар обод, юртимиз бундан-да фаровон бўлсин.

 

Инобатхон МАМАЖОНОВА,

Избоскан туманидаги  "Дарёбўйи" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси:

- Маҳалламизда 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярми хотин-қизлардир. Уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, соғлом ва бахтли бўлишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 Жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитли, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилди. Оилалардаги муаммоларини ўрганиш, бартараф этишга, фуқароларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга, маиший масалаларини ҳал этишга ҳаракат қилдик. Шунингдек, тадбиркорлик, касаначилик билан шуғулланиш иштиёқи бўлган хотин-қизларнинг кредит олишларига ёрдам кўрсатдик. 

Маҳалламизда жорий йилда арзимаган можаролар сабаб аразлашган 50 га яқин оилаларни яраштирдик. Президентимизнинг муҳим 5 ташаббуси бўйича, шунингдек,  эрта турмушнинг олдини олиш, қизларни турмушга тайёрлаш, спортни оммалаштириш бўйича турли тадбирлар ўтказдик. Хуллас, жорий йил фаолиятимизда ғоят самарали бўлди.

 

Кириб келаётган Янги йил хотин-қизларимизга фақат бахт келтирадиган, омадли ва хайрли йил бўлсин.

Гендер тенглигига бағишланди

Андижон шаҳридаги Саноат маҳалласида аёлнинг оила, жамиятдаги ўрнини ошириш, гендер тенглик ва ҳуқуқларини  таъминлаш мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда оилада хотин-қизларни камситилишининг олдини олиш, гендер тенглигини таъминлаш  мақсадида давлат, нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Биринчи сектор ҳудудидаги маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, ибратли қайноналар, психологлар ҳамда маҳаллаларнинг фаол аёллари, ёшлар иштирокида ўтказилган семинарда ана шу хусусда атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда сўз олганлар ўзларининг ҳаётий тажрибиларидан келиб чиқиб, оилада гендер масаласи, шунингдек, тарбияни мустаҳкамлаш, ёшларни билимли, одоб-ахлоқли, маърифатли, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш зарурлигини таъкидладилар. Тадбир давомида айрим ота-оналар ўзларининг нотўғри хатти-ҳаракати билан фарзандлари тарбиясига, айниқса, уларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказаётгани ҳаётий мисоллар ёрдамида иштирокчиларга етказилди.

Тадбир иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билимларини янада бойитди, Андижон шаҳридаги 14- умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан она, Ватан ҳақида ижро этилган куй-қўшиқлар рақс ва шеърлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Лолахон МАВЛОНОВА,

 

Андижон шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Сайловлар юқори кўтаринкилик билан ўтди

22 декабрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. 

"Янги Ўзбекистон - янги сайловлар!" шиори остида ўтган сайловларда вилоятимиз аҳолиси ҳам фаол иштирок этди. Сайловда 1 миллион 366 минг 962 нафар, ёки умумий сайловчиларнинг 80,4 фоизи иштирок этди. Шу жумладан, 47 минг 500 нафардан ортиқ ёшлар сайловда биринчи бор қатнашиб,  ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз берди.

Сайлов якунларига кўра, турли сиёсий партиялардан кўрсатилган энг муносиб номзодлар депутат этиб сайланди. Қатор сайлов округларида номзодлар зарур миқдорда овоз ололмаганлиги туфайли сайлов қайта ўтказилиши белгиланди.   

Бўлиб ўтган сайловларда андижонликлар кўтаринки кайфият ва фаоллик билан иштирок этди. Сайлов жараёнини кузатиб, айрим юртдошларимизнинг сайловдаги иштироки ва сайловлар хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан танишдик.

 

Бахмалхон Fаниева,

Шаҳрихон туманидаги "Ўктамхон" фермер хўжалиги раҳбари.

- Бу йил олтмиш беш ёшга тўлдим. Шу давргача жуда кўп сайловларда қатнашдим, сайлов жараёнларида бевосита иштирок этдим. "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" шиори остида ўтаётган бу йилги сайловлар миллий сайлов қонунчилигимизнинг демократик  тамойиллар асосида янада такомиллашгани, фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги юксалгани, эркинлик, ҳуқуқ, бурч масалаларига янгича кўз билан қаралаётганлиги, энг асосийси, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, одамларнинг эртанги кунга ишончи сайлов жараёнларини очиқ, ошкора ўтишида муҳим омил бўлди.

Фикрлаш, турмуш тарзимиздаги ўзгаришларни ўз ҳаётим, фемер хўжаликлари фаолияти мисолида яққол кўраман. Юртимизда фермерларнинг доимий равишда қўллаб-қувватланаётганлиги бизни янада самарали ишлашга, фаол ва фидойи бўлишга ундамоқда. Хўжалигимиз 60,1 гектар майдонда ғалла, пахтачилик, боғдорчилик йўналишларида деҳқончилик қилади. Берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ишни тўғри ташкил этиш ҳисобига жорий йилда хўжалигимиз давлатга ғалла топшириш режасини 135 фоизга, пахта топшириш режасини 111 фоизга бажарди. Боғдорчиликдан ҳам яхшигина даромад қилдик. Бу энг аввало, хўжалигимиз аъзоларининг даромадини ошишига, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишига замин яратмоқда.

Сайловда юртдошларимиз фаол қатнашди. Чунки мамлакатимизнинг порлоқ келажаги, равнақи кўп жиҳатдан сайланадиган депутатларимиз салоҳиятига, уларнинг фаолиятига боғлиқ. Шу маънода халқимизнинг бўлажак депутатлардан умидлари катта. Мен ҳам сайлаш ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим. Ишонаманки, мен овоз берган номзодлар, туманимиз, вилоятимиз, юртимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, шу билан бирга, тадбиркор ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг олдида турган муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради.

 

Дурдона Қурбонова, 

Андижон давлат университети, ўқитувчиси, каратэ  бўйича 6 карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпиони,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

-  Мен Андижон шаҳридаги ўзим яшайдиган ҳудудда жойлашган 29-сайлов участкасига овоз бериш учун икки ёшли фарзандимни кўтариб боргандим. Участкада ташкил этилган она ва бола хонасига, у ердаги тарбиячи опаларга боламни бериб, бемалол, ҳеч бир қийинчиликсиз ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим.

Мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли шахсан мен ҳам кўплаб республика, халқаро мусобақаларда муваффақият қозондим. Фаолиятим давомида 6 карра Ўзбекистон, 2 карра Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритдим, 2008 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Бу албатта, юртимизда спортга, биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг натижасидир.

Айни кунда мен ёш мутахассис, мураббий сифатида маҳорат ва тажрибаларимни талабаларга, ўқувчиларга ўргатиб келаяпман. Ишонаманки, ёш спортчиларимиз келгусида  биздан-да, кўпроқ ютуқларга эриша олади.  Чунки, юртбошимиз, бўлажак депутатлар уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб турадилар.

Юртдошларимизнинг фаоллиги билан ўтган сайловларда эл ишончини қозониб, депутат сифатида фаолият кўрсатадиган инсонлар келгусида юқорида таъкидлаганимдек, биз ёшларни қўллаб-қувватлашига, спортимизни янада юксалтиришига, Ватанимиз равнақи учун муносиб хизмат қилишларига албатта, ишонаман.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги йил опа-сингилларимизга бахт-саодат келтирсин!

Ўтаётган 2019 йил мамлакатимизнинг барча соҳаларида янгиланишлар, ўзгаришлар даври бўлди. Жорий йилда халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди. Бу борада  туманимизда ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этишим жоиз.

Туманимиздаги 66 маҳалладамаънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда, айниқса, "Мумтоз", "Сортепа", "Авесто", "Гузар", "Маллачек", "Ўртақўрғон" сингари маҳаллаларимизда ишлар намунали йўлга қўйилган.

 Айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, оилада, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш, кам таъминланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларни оилага тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишларимиз самараси ўлароқ, ана шу йўналишларда ижобий натижаларга эришдик.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият олиб бораётган яраштириш, хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши", "Ота-оналар университети", "Қизларжон" клуби сингари қатор жамоат тузилмалари томонидан ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда.Жумладан, "Бувижоним кийган либослар", "Фахрийлар фахримиз", "Энг фаол китобхон оила", "Ўз уйингни ўзинг асра", "Қайнонам - онам менинг", "Маҳалла маликаси", "Ораста келин" сингари тадбир ва танловлар маҳаллаларимизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу каби тадбирлар, қолаверса, олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик ҳолатлари кескин камаймоқда, фуқароларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси, бунёдкорлик борасидаги фаоллиги ортмоқда. Хусусан, ёшлар тарбияси,    маънавиятини юксалтиришда "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлиги қўл келмоқда.

Туманда оилавий спортни ривожлантириш, болалар, хотин-қизлар, айниқса, уй бекаларини спортга жалб этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, барча эзгу ва хайрли саъй-ҳаракатларимиз хотин-қизларимизнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билимларини бойитишга қаратилди. Бу каби ишларимиз келгуси йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Мен аввало, туманимиз хотин-қизларини, қолаверса, андижонлик барча опа-сингилларимизни яқинлашиб келаётган янги йил билан муборакбод этаман. Янги 2020 йил барча оилаларга тинчлик-хотиржамлик, хотин-қизларимизга бахт-саодат келтирсин!

Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

 Балиқчи тумани

 

ҳокимининг ўринбосари,  хотин-қизлар қўмитаси раиси.

САМБОЧИ ҚИЗЛАРИМИЗ ЮТУFИ

Яқинда Термиз шаҳрида самбо бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз аёллар жамоаси муваффақиятли иштирок этди.

Жамоамиз аъзоларидан Ўғилой Кенжабоева, Севара Муҳаммадйўлдошева, Муштарий Бойбекова, Омина Исомиддинова, Ойдиной Бозоровалар ўз вазн тоифаларида кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлдилар.

Самбочи қизларимизни ана шу муваффақият билан табриклаймиз.

 

Баҳромжон ЗОКИРЖОНОВ

МЕҲНАТЛАР ЭЪТИРОФИ

Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Андижонга яна бир хушхабар келди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бир гуруҳ юрдошларимизга "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони топширилди.

Ушбу нишон билан тақдирланганлар орасида "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилоят ҳудудий бўлими ижрочи директори Наргиза Мирзалимова ҳам бор.

Самарали фаолияти билан вилоятимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини,        шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Н. Мирзалимовани ушбу нишон билан муборакбод этамиз.

 

Иродахон МАҲАТОВА

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИ

Муҳаммад ЮСУФ

Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнгида,

Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.

Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,

Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор.

 

Қирқинчи қасримга ўтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?..

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,

Етолмай дилимни не деб юпатсам.

 

Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу -

Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам?

Дардим жим ичимга ютайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

 

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,

Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.

Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,

Кўзда табассум-у киприкда титроқ.

 

Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Янги йил,

Келавер қандай келсанг ҳам,

Кимлар етди сенга, кимлар етмади.

 

Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,

Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.

Қулоғингга бир гап айтайми, энди,

 

Кечаги ёшлигим эртакми, энди...

БАРҚАРОР ТИНЧЛИК ВА ЮСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛСИН!

Азиз опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар, қадрли ҳамюртлар! Сизларни кириб келаётган янги - 2020 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Янги йил барчамизга қувонч, бахт-саодат, улкан ютуқлар олиб келсин. ЮртиАзиз опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар, қадрли ҳамюртлар! Сизларни кириб келаётган янги - 2020 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Янги йил барчамизга қувонч, бахт-саодат, улкан ютуқлар олиб келсин. Юртимиз ва халқимиз учун янада баракали, барқарор тинчлик ва юксалиш йили бўлсин.

Аёллари ҳамиша эъзозланган юртимизда халқ хўжалигининг барча жабҳаларида, айниқса, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай хайрли ишлар кўлами янги йилда янада ортишига, мамлакатимиз фуқароларининг бахтиёр яшашларини таъминлашга қаратилган ишлар юқори босқичга кўтарилишига асло шубҳа йўқ. 

Янги-янги орзу-умидларга дебоча - 2020 йил ҳар бир хонадонга шодлик, файзу барака келтирадиган, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган, бир сўз билан айтганда, халқимиз, хотин-қизларимиз учун хайрли йиллардан бири бўлсин.

Азиз опа-сингиллар! Бугунги шодиёна кунда барчангизга энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, оилангизга тинчлик-тотувлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган ишларингизда омадлар тилайман.

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!

 

 Манзурахон ЮНУСОВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари,

 хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ҚИШ МАВСУМИНИ БЕТАЛОФАТ ЎТКАЗАЙЛИК

"101" огоҳлантиради

Баъзида бепарволик ва лоқайдлик сабаб ҳамда фуқароларимизнинг ёнғин хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари, ёш болаларни уйда ёлғиз қолдириб кетишлари оқибатида содир бўлаётган ёнғинлар афсуски, кўп ҳолларда аянчли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳолини огоҳлик ва хушёрликка даъват қилиш, назоратни кучайтириш мақсадида ёнғин хавфсизлиги булимлари ходимлари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Айни пайтда тизим ходимлари Ўзбекистон Республикасининг "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни ижросини таъминлаш борасида аҳоли хонадонлари, корхона, ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назоратга олиб, ёнғин содир бўлиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни ўтказиб келмоқда. Албатта, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг самарали натижа бериши учун, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга ҳар биримиз масъулмиз.

Азиз ҳамюртлар! Ҳадемай қиш чилласи ҳам эшик қоқа бошлайди. Бу дегани, ҳаво ҳарорати янада пасайиб, иситиш печлари ва турли электр воситаларига бўлган талаб кучаяди. Ниҳоятда ҳушёр бўлинг. Техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг. Мўриконлар созлигини текширинг. Қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланманг. Ис газидан огоҳ бўлинг. Қиш мавсумини турли кўнгилсизликларсиз, беталофат ўтказайлик.

Жобирбек МАРИФЖОНОВ,

вилоят ФВБ ЁХБ бўлинмаси инспектори.

 

 

"БЕШ ТАШАББУС - БЕШ ИМКОНИЯТ"

Вилоят қўғирчоқ театрида Мактабгача таълим бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусда белгиланган вазифалар ижроси доирасида "Беш ташаббус - беш имконият" шиори остида маданий-маърифий, кўргазмали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячи ва тарбияланувчилари - жажжи болажонлар, мутасаддилар иштирок этган тадбирни бошқарма бошлиғи М. Абдуллаева очиб, барчани байрам билан муборакбод этди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим беш ташаббус ижросига бағишланган тадбирлар барча, ҳатто чекка-чекка қишлоқлардаги мактабгача таълим ташкилотларида ҳам ўтказилмоқда, - дейди мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи М. Абдуллаева. - Бу болажонларимизнинг дунёқарашлари кенгайишига, китоб ўқишга, мусиқа ва спортга бўлган қизиқишларини оширишга ёрдам бермоқда, тарбиячилар, мусиқа, спорт ва бошқа тўгараклар раҳбарларини янада фаол ишлашга ундамоқда.

Тадбирда жажжи спортчиларнинг чиқишлари, таълим ташкилотларининг кўргазмалари, болажонлар томонидан ижро этилган шеър, қўшиқ ва рақслар барчага хуш кайфият улашди. Қизиқарли ва юқори савияда ташкил этилган байрам тадбирида фаол қатнашган болажонлар, бир гуруҳ тарбиячилар мактабгача таълим бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Беш ташаббус ижроси доирасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар иқтидорли болалар сафини, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, кичкинтойларда эстетик тарбия, ўзларига бўлган ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга, истеъдод ва иқтидорларини тўлақонли намоён этишларига хизмат қилмоқда.

Дилхумор ОСТОНАМИРЗАЕВА,

 

Хўжаобод туманидаги 16-МТТ мусиқа раҳбари.