+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ДЎСТЛИККА ОЛТИН КЎПРИК ҚУРГАНЛАР

Адабий алоқалар

Назм чашмасидан қониб баҳраманд бўлган инсон ҳайрати, қувончи, завқи, шавқи ўзгача бўлганидек, дўстлик туйғулари уфуриб турган лаҳзалар ҳам гўёки сўз билан таърифлашнинг имкони йўқ зўр байрамга ўхшайди. Минг шукрларки, бу каби лаҳзалар кўп бора такрорланиб-такрорланиб туриши эса, ўзбек хал­қининг бошқа халқлар билан иттифоқлигидан, самимийлигидан далолатдир. 

"Ҳар нарсанинг янгиси, аммо дўстнинг эскиси яхши" дейишади. Азал-азалдан дўст, қадрдон, қуда-анда, ён қўшни, жон қўшни бўлиб яшаётган ўзбек, қирғиз халқларининг турли соҳадаги манфаатли ҳамкорликлари қатори адабий, маданий алоқалари ҳам тобора кучаймоқда.

Бугун давр тақозоси билан ўзбек ва қирғиз халқлари адабий алоқаларининг тобора мустаҳкамланаётганлигини ўзбек халқ адибларининг асарлари қирғиз тилига, қирғиз халқ адибларининг асарлари эса ўзбек тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилаётганидан ҳам яққол кўринади.

Ҳар бир халқнинг қандай халқ эканлиги оғзаки ижодидан тортиб, ёзма адабиётидаги назму-насрида, драматургиясида илгари сурилган ғоялари, эзгу тилаклари, қадриятлари, урф-одатлари, маданиятида намоён бўлади.

Қирғиз халқи ўзбек халқини адабиёти орқали теран англаб, юқори баҳо бераётганидек, ўз ўрнида ўзбек халқи ҳам қирғиз халқининг адабиёти билан танишиш асносида уларга яна ҳам меҳр қўймоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу борада икки халқни тиллаштираётган таржимонларнинг хизматлари муҳим ахамият касб этади.

Ижодкорлар  том маънода дўстлик элчиларидир. Истеъдодли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Андижоний билан қирғиз халқининг таниқли  шоири, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабой Жороевнинг ижодий дўстлиги, ҳамкорлиги туфайли икки халқ ижодкорлари, дўстлиги  ўртасига "олтин кўприк" ўрнатилди.

Тўрабой Жороев таржимаси билан Баҳодир Андижонийнинг "Заршода" ("Зер-седеп") шеърий тўпламини қирғиз халқи ўз она тилларида ўқиш, ўзбек хал­қининг бадиий олами билан танишиш имконига эга бўлдилар. Баҳодир Андижонийнинг қуйидаги сатрлари ҳақиқатни мадҳ этади:

 

Бу жаҳон ибрат олсин, дўстлик бобида бизлардан,

Ҳеч бир куч ажратолмас ўзбекни қирғизлардан.

Бирдир дину тилимиз, қордек оппоқ дилимиз,

Туташ эрур йўлимиз,  ўргилайин сизлардан.

Шоирнинг  назмий олами билан хоҳ ўзбек тилида, хоҳ қирғиз тилида танишманг, унинг ижодини катта бир тошқин дарёга қиёслаш мумкин. Чунки, шоирнинг шоиригина оддий ҳаётий ҳақиқатларни  ўзига хос жўшқинлик билан, вазн, қофия, туроқ билан моҳирона  ашъорда  тараннум қила олади.  

Бир умр бахт излаш аҳдимдир менинг,

Энг қиммат бойлигим вақтимдир менинг,

Набирам, чеварам ачомлашади,

Балки шунинг ўзи   бахтимдир менинг.

Шоир Баҳодир Андижонийнинг шеърияти мусиқавий оҳангга мос, китобхон руҳиятига ўта таъсирлилиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам шоирнинг 70 дан зиёд шеърлари бастакорлар томонидан қўшиққа айланган. Лирик классик ҳофиз ва мумтоз қўшиқлар ижрочиси Азизбек Зайнобиддинов ижросидаги "Изинг қолсин", ҳофиз Тўрахон Қодиров ижросидаги "Ўзбегим қирғиз билан" ва яна бошқа кўплаб қўшиқлар халқимиз томонидан севиб тингланувчи қўшиқлар сирасига киради. Айниқса, Андижон мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов томонидан бадиий ижро этилган "Мен Бобурман" шеърини тинглаганингизда, беихтиёр кўзларингизга ёш келади. Бу эса сўз санъати қудратидир, десак муболоға бўлмайди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбе­кис­тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтган йил охирларида Ўш шаҳрига ижодий сафар уюштирилиб, мазкур шеърий тўплам тақдимоти, яъни "Адабий дўстлик - абадий дўстлик" номли маънавий-маърифий тадбири Ўш давлат университетида ўтказилгани чинакам "Назм ва дўстлик" байрамига айланди. Инсонларга завқ-шавқ бағишлаган дўстлик байрамида тўпламга сўз боши ёзган қирғиз халқининг таниқли олими, филология фанлари доктори, профессор, Қирғиз Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Сатканбай Момуналиев икки шоирнинг хаёти ва ижоди ҳақида сўзлади.

Ҳа, шоирлар инсон, инсон тақдири, уларнинг ўзаро муносабатлари, табиат, жамият ҳақида фикр юритадилар ва қувонадилар, қайғурадилар, ўзларининг осуда тунларини ҳаловатсиз ўтказадилар. Таниқли шоир Баҳодир Андижонийнинг ижоди ҳам шу каби хис-туйғулар самараси ўлароқ вужудга келганлиги аёндир. Жонсарак шоир Баҳодир Андижоний ижодининг тематикаси бой, унда Ватан, дўстлик, замон, ўтмиш, ҳозирги замон, келажак, муҳаббат мавзулари тараннум этилади. Шунингдек, унинг шеъриятида дўстлик ҳазиллари, бағишловлар, насиҳатлар ҳам ўрин олган.

Ўзбек ва қирғиз эллари ўзига хос ижод услуби, адабий йўлига эга бўлган Баҳодир Андижонийга юксак парвозлар тилайдилар ва янги-янги шеърлар кутиб қоладилар.

 

Маҳбубахон ТЕМИРОВА,

 

Андижон давлат университети Рус тили ва адабиёти кафедраси доценти, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.