+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

She'riyat gulshani

QAROR

 

Sen qalbimga ekkan og'riqlar,

Bugun chinor kabi mustahkam o'sdi.

Yo'qlikka yo'l oldim. Ketmoqchi edim.

Qizim darvozada yo'limni to'sdi.

 

Bo'ynimga osilib, yig'ladi dunyo,

Jajji qo'lchalarning isini tuydim.

Men uning ko'ngliga ekdim umidim,

Men endi hayotni boshqacha suydim.

 

Sen ekkan dardlaring gulladi qiyg'os,

Mehrimni yulding-a o'tday yovvoyi.

Sening azoblaring so'limas aslo,

Ko'z yoshi-la sug'arar bolam kun boyi.

 

Hali suv tugaydi meshkoplaringda,

Hali хаzon kabi to'kilasan, kut.

Yovvoyi pechakday yulgan bag'ringda,

Barcha gullaringga qo'yajakman o't!

 

Komilaxon TURSUNOVA,

Jalaquduq tumani.

 

ANDIJONIM

 

Andijonim, ko'zga suray tuproqlaringni,

His qilarman e'zoz, mehru ardoqlaringni.

Har bog'ingda beqiyos bir Vatan husni bor,

Jannatiy deb suygum yashil sayhonlaringni.

 

Ko'zlarimni qamashtirar bug'doyzorlaring,

Qay o'lkada topiladi gul bahorlaring?

Bolaligim erkalagan yo'lchalar aziz,

Cho'miltirib katta qilgan soy, anhorlaring.

 

Momolarim merosida allalaring bor,

Hech millatda topilmagan yallalaring bor.

O'zbekiston, mangu yasha, sening bag'ringda,

Mening kabi minglab yoshlar kulsin baxtiyor!

 

Mushtariybonu TOYIRJONOVA,

Shahrixon tumanidagi 59- umum ta'lim maktabi 6- sinf o'quvchisi.

 

 

TABIAT

 

Xafa bo'lib ingraydi  ariq,

Baliqchalar tugab boryapti.

Yozga yetmay maysachalari,

Sarg'ayishib xorib qolyapti.

 

Tutunlarning achchiq hidiga,

Bo'g'iladi yalpiz nafasi.

Odamlarning shafqatsizligi,

Tabiatning yovuz qafasi.

 

Yarim yo'ldan qaytadi turna,

Suv qidirib yig'laydi oqqush.

Baliqlar-chi sargaygan suvda,

Suzichadi bemajol, behush.

 

Men esa har yonga javdirab,

Insonlarga insof tilayman.

Yashil o'rmon, zilol suvlarning,

Uzoq yashnashini tilayman.

 

Kelinglar, ey zamondoshlarim,

Tabiatga quloq tutaylik.

Barchamiz bir tan-u jonlarmiz,

Haddimizni hech unutmaylik!

 

 Ro'zixon NE'MATULLAEYVA,

Qo'rg'ontepa tumanidagi 10- umumta'lim maktabining 6- sinf o'quvchisi.

 

CHUMOLINING MEHNATI

Erta sahar saf tortib tekis,

Ishga tushar qora chumoli.

Bir chiziqda yemak tashishar,

Boshqalarga tegmay ziyoni.

 

Tinim bilmas, mudrashmaydi hech,

Terlamaydi, tolmas oyog'i.

Yuki katta o'zidan lekin,

Bilinmaydi sira qiynog'i.

 

Eltib beray, yordamim deya,

Bug'doyini to'kdim uyiga.

Kutilmagan holdan, hayratdan,

Qotib qoldim uning ko'yiga.

 

Qaramadi marhamatimga,

Xatlab o'tdi bug'doy donidan.

Orqadagi lashkarlari ham,

Ters burilib ketdi yonidan.

 

Ibrat ekan mitti chumoli,

O'rnak oldim halolligidan.

Va o'zimdan uyalib ketdim,

    Dangasa, xomxayolligimdan.

O'g'iloy USMONOVA,

Qo'rg'ontepa tumanidagi 39- umumta'lim maktabining 6- sinf o'quvchisi.

"ЯШИЛ КЕЛАЖАК САРИ"

Экофорум

Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ана шу шиор остида ўтказилган "Аёллар экофоруми"да она табиатни асраш, фуқароларнинг экологик билимлари ва маданиятини юксалтириш хусусида атрофлича сўз юритилди.

 Ўзбекистон Экологик  партияси Марғилон шаҳар бўлимининг ташаббуси билан Марғилон шаҳрида ташкил этилган республика аёллар экофорумида партия фаоллари, депутатлар, экологлар, кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этиб, она табиатни асраб-авайлаш, мавжуд экологик муаммолар,  уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Табиат, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик муаммоларга ечим топиш жамият тараққиётининг барча даврларида долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Инсон мусаффо ҳаво. экологик тоза табиат қўйнида соғлом яшайди. Бу софлик - яшилликка ҳам бевосита боғлиқ. Атроф-муҳитнинг тозалиги, мусаффолигини сақлаш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ иш. Айниқса, ҳамиша саранжом-саришталикка, покиза муҳит яратишга интилиб яшаш ўзбек аёлларига хос фазилат. Шу маънода опа-сингилларимиз, табиатни асраш, хонадонларимиз, кўча ва маҳаллаларимиз покизалигини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Гўзаллик, покизалик ижодкорлари бўлган аёлларимиз барча жабҳаларда бўлгани каби бу борада ҳам ташаббус кўрсатишмоқда. Чунки бу масала энг аввало, саломатлигимиз, фарзандларимиз саломатлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади.

Форумда Экологик партиянинг Андижон вилояти бўлими, туман бўлинмаларининг аёл раҳбарлари, хусусан, Жалақудуқ туман бўлими раҳбари Гулшаной қосимова, Булоқбоши туман бўлими раҳбари Мактуба Ҳошимова ҳамда  Андижон педагогика ва хорижий тиллар олийгоҳларининг бир гуруҳ талаба қизлари ҳам фаол иштирок этди. Мавзу доирасида ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

- Экология, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш  муҳим масала, - дейди форум қатнашчиси, Экологик партия Жалақудуқ туман бўлими раҳбари Гулшаной Қосимова.  - Бу энг аввало, саломатлигимизни асраш демакдир. "Яшил келажак сари!" шиори остида ўтказилган форумда қатнашиб, мавзуга оид кўп нарсаларни ўргандик. Қолаверса, яшил маконлар яратиш, атрофни яшилликка буркаш, ободончиликка доимий эътибор, бу ҳар бир  фуқаронинг бурчидир. Инсон табиат билан бақамти яшар экан, ҳамиша парваришга муҳтож табиатни асраб-авайлаши лозим.

Бу борадаги ишларни самарали олиб боришда биз - хотин-қизлар ташаббускор, фидойи бўлишимиз керак. Айниқса, ёшлар қалбига табиатга муҳаббатли, эътиборли бўлиш кўникмаларини сингдиришимиз, бу эзгу ишларда доимо ўзимиз намуна бўлмоғимиз зарур.

- Биз талаба ёшлар экофорумдан улкан таассуротлар олдик, - дейди талаба Камола Нўъмонова. - Форум давомида олим ва мутахассисларнинг қизиқарли маърузаларни тинглаб, тақдимотлар билан танишиб, дунёни яшиллик асраши, покизалик, музаффолик инсон ҳаётини янада гўзал ва мазмунли қилишига яна бир бор амин бўлдик. Қолаверса, атроф-муҳит, табиат, яшаб турган ҳудудларимизда дарахтзору гулзорларни кўпайтириш муҳим ва бу ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини янада теранроқ англадик.

Форум иштирокчилари далаларда юзлаб турдаги атиргул кўчатларини етиштираётган фермер Бобуржон Каримов  фаолияти  билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, қатнашчилар Фарғона вилоятининг муқаддас қадамжолари - Эркин Воҳидов музейи, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари ҳамда "Пири Сиддиқ" зиёратгоҳида саёҳатда бўлдилар. 

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

ГУЛЛАР ШАҲРИГА САЁҲАТ

Ибратли ташаббус

Мана, деярли бир ойдирки, юртимизда кенг қулоч ёзган  "Зарбдор 90 кунлик" ташаббуси доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътил даврини мазмунли ва қизиқарли ўтказишга қаратилган турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, вилоятимиздаги ҳарбий қисмлар раҳбарияти ҳамда таълим ва  маънавий-маърифий идоралар ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва фарзандларининг бўш вақтларини қизиқарли ўтказиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қўрғонтепа туманидаги ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва фарзандлари учун Наманган шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари қўшни вилоятда бўлиб ўтаётган анъанавий 64- халқаро гуллар фестивалида иштирок этишиб, турли ярмарка ва кўргазмаларни томоша қилишди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат ҳамда Афсоналар боғларида бўлишиб,  ҳордиқ чиқардилар. Тонгдан тунгача давом этган завқли саёҳат ҳарбий хизматчиларнинг оилалари, фарзандларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Талъатбек ЎЛМАСОВ,

ҳарбий хизматчи.

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ

Мулоҳаза

Сўз эркинлиги ҳар қандай жамиятнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳолатини ифода етувчи мезондир. Бу нафақат фуқароларнинг ўз фикрини бемалол билдириш ҳуқуқи, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўприги ҳисобланади. Сўз эркинлиги бор жойда адолат, ошкоралик ва тараққиёт бўлади. Ундан маҳрум жамиятда эса қўрқув, ёлғон ва бошқа турли иллатлар ҳукм суради.

Сўз эркинлиги дегани - кимнидир таҳқирлаш ёки асоссиз танқид қилиш эмас. Бу аввало, ҳақиқатни излаш ва уни айта олиш ҳуқуқидир. Шунинг учун бу ҳуқуқ масъулият билан чамбарчас боғлиқ. Фикр айтишда далилларга асосланиш, мувозанатни сақлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш лозим.

Бугунги глобал ахборот майдонида ёлғон ва манипуляцияларнинг тарқалиш хавфи ўта кучайган. Айнан шундай шароитда мустақил фикр юритувчи, далилларга таянувчи журналистлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти    институтлари вакилларининг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

Ўзбек матбуоти тарихида сўз эркинлиги йўлида курашган фидойилар жуда кўп эди. Абдулла қодирий, Чўлпон, Фитрат каби кўплаб маърифатпарварлар миллат уйғонишининг асосчилари бўлганлар. Афсуски, улар ўзларининг эркин сўзи учун жазо олганликларини тарих ҳеч қачон унутмайди. Бугун эса уларнинг орзуси - эркин ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар аста-секин рўёбга чиқмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВлари, журналистларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шароитлар яхшиланмоқда. Жамиятдаги ижтимоий ва бошқа кўплаб муаммолар очиқ муҳокама қилинмоқда, давлат идораларида матбуот котиблари фаолияти йўлга қўйилди, уларнинг ОАВлари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бормоқда. Очиғи, эркин сўз айтиш, очиқлик, шаффофлик ривожланмоқда. Энг асосийси, фуқаролик жамияти кучаймоқда.

Ахборот майдони кенгайиб борар экан, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг масъулияти ҳам ортмоқда. Улар жамиятдаги муаммоларни кўрсатиб берувчи кўзгу бўлиши, аммо бу кўзгу ҳақиқатни бузмай, уни тўғри талқин ва акс эттириши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуни фуқаролар ҳамда соҳа вакилларига фикр эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, бу ҳуқуқлар бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан чегараланган.

Сўз эркинлигининг даражаси - бу жамият ривожининг даражасини белгилайди. Сўз эркинлиги бўлса, фуқаролар фаоллиги, давлатга ишонч ва ҳақиқат устувор бўлади. Бироқ бу эркинликни ҳимоя қилиш ва ундан тўғри фойдаланиш ҳам ҳар биримизнинг, айниқса, журналист ва ОАВлари вакиллари зиммасидаги шарафли  бурчдир.

Бугунги ёш журналистлар, ижодкорлар сўз кучи, эркинлиги орқали жамият ривожига, адолат ва ошкоралик мезонларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш имконига эга. Шу боис, сўзимизда ҳақиқат, ёзганларимизда адолат, шаффофлик бўлсин.

 

Гулшода КАРИМЖОНОВА,

жамоатчи мухбир.

ҲУҚУҚБУЗАР УЧ ЙИЛГА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ БОШҚАРИШ ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

Жиноят ва жазо

Мамлакатимизда кейинги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларда қонунларни ҳурмат қилиш, шу билан бирга, уларга  қатъий амал қилиш кўникмасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  Шунга қарамасдан айрим фуқароларнинг қонунларни кўпол равишда бузиши ёки нописанд қараши билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар қайд этилаётганлиги ачинарлидир.

Ана шундай хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлардан бири Жиноят иши бўйича Бўстон туман судининг Андижон шаҳар ИИО ФМБ биносида бўлиб ўтган  очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Андижон туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган, маълумоти ўрта, муқаддам суд томонидан маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаган  фуқаро Б.А. томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган. Яъни, ушбу фуқаро маст ҳолда транспорт воситасини  бошқарган. 

Фуқаро Б.А. ўзига тегишли "Дамас" русумли автомашинани Андижон шаҳар,  Асака йўли кўчасида бошқариб кетаётганида ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан тўхтатилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумон қилиниб алкотестр мосламасида текширувдан ўтказишганда, у йўл  ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, алкоголли ичимликдан маст ҳолда машинани бошқараётганлиги аниқланган.

Суд мажлисида фуқаронинг маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги  тегишли ҳужжатлар асосида расмийлаштирилганлиги, қолаверса, у айбига тўлиқ иқрор бўлганлигидан келиб чиқиб, унга қонунлар доирасида жазо тайинланди.

Фуқаро Б.А. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 131- моддасининг биринчи қисмида

назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва унга 3 (уч) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 (қирқ) баравари миқдорида, яъни 15 миллион  сўм жарима жазоси тайинланди.

Юртимизда бирор бир жиноят, ҳуқуқбузарлик ёки бошқа бирор бир ножўя иш ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Шу боис, фуқароларимиз қонунлар, белгиланган тартибларни ҳурмат ва уларга қатъий амал қилишлари лозим. Ҳар бир фуқаро ўз зиммасидаги бурч ва мажбуриятларга амал қилса, ҳуқуқий билимларини юксалтириб борса, жамиятимизда албатта, қонун устуворлиги таъминланади. Зеро, қонун устувор бўлган жамият янада ривожланади.  

 

Муроджон МАМАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Бўстон туман судининг

 тергов судьяси.

НОГИРОНЛИК ПЕНСИЯЛАРИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ТАЙИНЛАНАДИ?

Мутахассис шарҳи

Кейинги йилларда мамлакатимиз пенсия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тизимдаги жараёнлар соддалаштирилмоқда, фуқаролар учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб, тизимда яна қатор янги тартиблар жорий этилади.

Хусусан, ногиронлик   пенсиялари алоҳида мурожаат талаб этмасдан "проактив" шаклда тайинланади. Жорий йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлик  пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида"ги (Пқ - 194 сонли) қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Яъни:

-        фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмасдан проактив шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади;

-        кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган  шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш;

-        ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар 2 йилда проактив шаклда қайта ҳисоблаш.

 

2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ "Халқ банки" томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади.

Жорий этиладиган тартиблар белгиланган йўналишларда пенсия тайинлаш жараёнларини янада соддалаштиради, қолаверса, фуқаролар учун қулайликлар яратади.

Буважон ҲОСИЛОВ,

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Марҳамат туман бўлими бошлиғи

ўринбосари.

ЮҚОРИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШАЁТГАН ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

Техникум ташкил этилганлигининг 60 йиллиги

Марҳамат агротехнологиялар техникуми ташкил топганлигига бу йил 60 йил тўлди. Ўтган  60 йил давомида таълим муассасасида улкан тажриба, илмий салоҳият шаклланди. Ана шу йиллар давомида техникум мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий соҳалари учун 31 минг нафардан зиёд малакали мутахассис тайёрлади. Улар йиллар давомида ўз йўналишларида юртимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшди, бугун ҳам самарали меҳнат қилиб келишмоқда.

Таълим муассасасида таҳсил олиб чиққан мутахассислар нафақат мамлакатимиз  халқ хўжалигининг турли соҳаларида, балки қўшни давлатларда ҳам фаолият олиб бормоқдалар. Техникум ташкил топгандан буён таълимнинг кундузги, кечки,  сиртқи турлари, сўнгги йилларда эса дуал таълим тури жорий этилди. Муассаса ҳозирга қадар сув хўжалиги, қишлоқ ҳўжалиги, автомобилсозлик, иқтисодиёт, таълим соҳалари учун ўрта-махсус кадрлар етказиб бермоқда.

Техникумда 60 йил мобайнида 600 дан ортиқ малакали, ўз касбининг  фидоийси бўлган педагоглар талабаларга назарий ва амалий билим берди. Улар орасида ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочилари, Давлат мукофоти совриндорлари бўлган қанчадан-қанча устозлар бор. Таълим муассасасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган ва унинг салоҳияти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган Р.Худойбердиевнинг самарали фаолияти муассасанинг кейинги даврлардаги барча раҳбарлари учун ибрат намунаси бўлган. Турли йилларда техникумни бошқарган  У.Турғунов, А.Исоқов, Ш.Буваев, М.Раҳмонов, А.Абдураззақов, И.Маматов, А.Болтабоев, С.Якубовларнинг таълим муассасаси ривожига қўшган ҳиссалари алоҳида эътирофга муносибдир.

Техникумда ўз даврида мамлакатимиз сув хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилган. Бундан ташқари, муассасада республика миқёсидаги "Минтақавий касбий тайёрлаш маркази " ҳам самарали фаолият юритган.

Ўтган йиллар давомида муассасамизда таълим олганлар орасидан республика миқёсидаги танловлар, фанлар олимпиадалари ғолиблари, давлат мукофоти совриндорлари етишиб чиққан. Хусусан, кейинги йилларда ўқувчиларимиздан Эъзоза Обиджонова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган бўлса, Бобуржон Омонов икки карра параолимпия ўйинлари олтин медали ва чемпионлигини қўлга киритди.

Бугунги кунда техникум 960 нафар талабага мўлжалланган,  жами майдони қарийб 17 минг кв.метр бўлган ўқув корпуси, 300 ўринли ошхона, 600 ўринли маданият саройи, мелиорация музейи, спорт комплекси,  ҳарбий таълим майдончаси, сузиш ҳавзаси, трактор ва автомобиллар ҳамда қишлоқ ҳўжалиги машиналари парки, 21 минг нусха китоб фондига эга ахборот-ресурс марказига, шунингдек, 100 ўринли ўқив зали, ўқув лабораторияга эга бўлиб, уларда  ўқувчиларнинг чуқур ва пухта билим олишлари, касбий ва амалий кўникмага эга бўлишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  6 сентябрдаги ПФ 58-12 сонли фармонида техникумни битирган талабалар ўз йўналиши бўйича олий ўқув юртларида ўзи тамомлаган таълим муассасаси тавсияси билан суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши ва ўқишни 2- босқичдан давом эттириши белгиланган. Мазкур фармон ижроси доирасида 2019-2024 йиллар мобайнида техникумни тамомлаган 266 нафар ўқувчи ўз соҳалари бўйича олий ўқув юртларида таҳсил олди ва олмоқда.

Сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ўқитишнинг дуал таълим тури   ҳам жорий этилган бўлиб,  ўтган қисқа муддат ичида ана шу йўналишда 74 нафар мутахассис тайёрланди. Бугунги кунда эса 321 нафар мутахассис таълим жараёнига жалб этилган.

Техникумнинг малакали ва тажрибали педагоглари доимий изланишда.  Улар томонидан ўқитишнинг илғор усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда, ўқувчиларга пухта билим берилмоқда, пировардида малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, келгусида техникумда сув Ҳўжалиги ва мелиорация соҳасида халқаро таълим дастурини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар режалаштирилган. Унга асосан, ўқитувчилар, ўқувчилар тажриба алмашиш ва малака ошириш учун ривожланган давлатлардаги ҳамкор таълим муассасаларига юборилади. 

Республикамизнинг  қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар етказиб беришда юқори натижаларга эришаётган техникум жамоаси ўзининг 60 йиллик илғор тажриба ва анъаналарига таянган ҳолда бундан буён ҳам фаолиятини самарали олиб бориш учун бор имкониятларини ишга солади.

 

Холидахон БЕГМАТОВА,

жамоатчи мухбир.

 

НОҚОНУНИЙ ДИНИЙ САБОҚ БЕРИШ ҚОНУНГА ХИЛОФ

Қилмиш-Қидирмиш

Мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб фуқароларнинг диний ва эътиқод эркинлигини таьминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, жисмоний ва юридик шахсларнинг диний соҳалардаги фаолияти тартибга солинмоқда, фуқароларнинг бурч ва масъулиятлари, шунингдек, диний таьлим бериш махсус сертификат ва малакага эга шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Лекин айрим шахслар томонидан белгиланган ана шу тартиб ва қоидаларга амал қилинмасдан яшаш хонадонларида ёшларга диний собоқ бериш ҳолатлари кузатилаётганлиги ачинарлидир.

Масалан, Андижон тумани, Иттифоқ МФЙда яшовчи, 1978 йилда туғилган О.Д. исмли шахс диний таьлим беришига рухсатномаси бўлмаса-да, 2025 йил апрель ойида ўз яшаш хонадонида 22 нафар вояга етмаган болага диний таълим бераётганлиги аниқланган. Ушбу фуқаро жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан МЖтКнинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилган бўлса-да, у ўзига тўғри хулоса чиқармасдан жорий йилнинг май ойларида яна яшаш хонадонида 5 нафар вояга етмаган болага диний таьлимдан сабоқ бераётганлиги ИИБ ходимлари томонидан аниқланган

Ҳозирда ушбу фуқарога бир йил давомида иккинчи бор бу каби ҳолатларни содир этганлиги учун жиноят иши қўзғатилиб ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқаролардан диний таълим бериш ва диний таълим олишда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз.

 "Қилмиш-қидирмиш" дейди доно халқимиз. Кимки, бу борада нотўғри қадам ташласа, албатта қонун олдида жавоб беради.

Нодирбек ҲАКИМОВ,

Андижон вилояти Транспортда ХТБ тезкор вакили, капитан.

Мирзоҳид Исмоилов,

 

Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, капитан.

 

МАҚСАДИМИЗ: ЮҚОРИ САЛОҲИЯТЛИ ВА МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ

Педагог минбари

Бугунги кунда юртимиз таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотлар замирида ҳар бир педагогнинг фидойилиги, билими, касбий салоҳияти, янгиликлар, илғор тажрибалар ҳамда давр талабига мос равишда ишлашга интилиши ётади.

Ушбу ўзгариш ва янгиланишлар нафақат таълим сифатини ошириш, балки келажагимиз эгалари бўлган билимли ва замонавий ёш авлодни тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Андижон давлат чет тиллар институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Профессор-ўқитувчиларимиз ўз устида ишлаш билан бирга, доимий ўзгариб бораётган талаблар ва замон билан ҳамнафас бўлиш учун фаолиятларига инновацион услубларни татбиқ этиш, илғор педагогик ёндашувларни жорий этиш ҳамда талабаларга чуқур билим бериш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Педагогларимиз илмий ва амалий кўникмаларини ошириш, талабалар билан доимий ва эркин мулоқотда бўлиш орқали уларнинг малакали мутахассис бўлиб етишиши, ҳар томонлама камол топишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жамоамиз нафақат Фарғона водийси вилоятлари, балки республика миқёсида хорижий тиллар бўйича етук ва малакали мутахассислар тайёрлашда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Айниқса, профессор-ўқитувчиларимизнинг олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари, илғор ва инновацион лойиҳалари мутахассислар томонидан, шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманлар, танловларда алоҳида эътироф этилмоқда.

Кўплаб устозларимизнинг мақолалари нуфузли хорижий илмий журналларда чоп этилиб, улар ўзларининг илмий салоҳиятларини намоён этмоқдалар.

Институтимиз раҳбариятининг эътибори билан ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари олиб бориши, самарали меҳнат қилиши, талабаларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Институтимизнинг ўқув, илмий, моддий-техник базаси мустаҳкам ва салоҳиятли бўлиб, бу талабаларнинг замонавий услублар, илғор педагогик технологиялар ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда билим олишларига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, институтимизда турли малака ошириш курслари, илмий тўгараклар ҳамда хорижий тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатишга кўмаклашувчи махсус лабораториялар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ҳам институт эришаётган натижаларнинг салмоқли бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Институтимизда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар олий ўқув юртларининг илғор ўқитиш услубларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида нуфузли хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Кўплаб ўқитувчи ва талабаларимиз ҳамкор хорижий олий таълим муасссасаларида таҳсил олиб, ўзларининг  билим ва тажрибаларини бойитишмоқда.

Институт дарс жараёнларига замонавий технологиялар, CLIL, ESP, коммуникатив ёндашув, интеграциялашган таълим каби илғор услублар кенг жорий этилмоқда. Натижада талабалар замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда глобал ахборот маконида бемалол ҳаракатланиш, билимларини уйғунлаштириш ва турли муҳим масалаларни мустақил ҳал қилиш бўйича малакаларини ошириб бормоқда. Шу билан бирга, интеграциялашган таълим натижасида   фанлараро боғлиқлик кучаяди.

Институтда ташкил этилаётган тўгарак, семинар, очиқ дарс ва маҳорат сабоқлари ёш ўқитувчиларнинг касбий маҳорат, билим ва малакаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.

Ана шу каби тадбирлар қатнашчилари соҳадаги илғор тажрибалари билан яқиндан танишади, ўзаро фикр алмашади ва замонавий таълим ёндашувларини чуқур ўрганадилар. Айниқса, "Young researchers", "English for specific purposes", "Multilingual education" каби илмий тўгараклар талабаларнинг илмга бўлган иштиёқини кучайтириб, уларни илмий изланишга ундамоқда.

Бугун институтда фаолият юритаётган ҳар бир педагог касбига фидойилик билан ёндашмоқда. Бу нафақат устозлар, балки институт эришаётган муваффақиятларга муҳим омил бўлмоқда.

 Бир сўз билан айтганда, хорижий тиллар бўйича бугунги кун талабига жавоб бера оладиган, рақобатбардош ва малакали мутахассислар тайёрлашни ўзларининг бош мақсади деб билган институтимиз фидойи профессор-ўқитувчиларининг самарали фаолиятлари ҳар қанча эътироф ва эъзозга муносибдир.

Институтимиз педагогик жамоаси бундан буён ҳам ана мақсад йўлида бор билим, иқтидор ва салоҳиятларини ишга солиб меҳнат қиладилар.

 

Гулзода ТАДЖИБОЕВА,

Андижон давлат чет тиллар институти инглиз филологияси ўқитиш методикаси ва таржимашунослик факультети ўқитувчиси.

Меҳмондўстим, ширин сўзлигим, ўзбек

Бир калом, саломим ўзбек тилимда,

Ихлос, эътиқодим жону дилимда,

Меҳрли, сабрлилар яшар элимда,

Кичик кўнгилгинам, ўзлигим ўзбек,

Майдонда мард, битта сўзлигим ўзбек.

 

Ҳазрат Навоийнинг ғазали жоним,

Бобурийлар юрти жон Андижоним,

Тилимда тиловат, Қуръон - иймоним,

Ҳокисор, буғдойранг юзлигим ўзбек,

Бағри тўла ўғил-қизлигим ўзбек.

 

Истиқлол қуёши кўрсатар жамол,

Топган луқмаси-ю нон-тузи ҳалол,

Қомуси, ҳуқуқи кўксида шамол,

Холис ният, қутлуғ излигим ўзбек,

Истарали қора кўзлигим ўзбек.

 

Бунда инсон олий, кенгдир имконлар,

Хайру эҳсонларга тўла маконлар,

Гуллари жилмайса, сўлар тиканлар,

Ўзига бек бўлган ўзлигим ўзбек,

Меҳмондўстим, ширин сўзлигим ўзбек.

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.

Варак 1 жами 363