+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

СИНГЛИМГА МАКТУБ

 (18-сон)

Муҳаммад Юсуф

СИНГЛИМГА МАКТУБ

Қачон хат ёзгандим сенга, билмайман,

Қофия билан банд бугун тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмайман...

Кечир мени, синглим,

Кечир мени, синглим.

 

У ёқда шотутлар

Тўкилар сувга,

Қовунлар ёрилар,

Сен йўл қарайсан.

Тупроқ кўчаларда,

Муштоқ кечаларда,

Ёз - мени соғиниб сарғайган майса.

 

Умримни юлқилаб,

Йилларим ўтар,

Юрак йиғлайди-ю,

Айтмас дардини.

Мен шеърим қўлтиқлаб,

Кун бўйи излайман,

Адабий ходимнинг битта мардини.

 

Бирига қандайдир туроқлар дастак,

Бирин ўйлантирар ҳали ёшлигим:

Нега бу шеърингиз отлар ҳақида,

Уларни ёқтирмас, менинг бошлиғим!..

 

Гоҳ тўлиб кетаман,

Қандай гап ахир!

Кўйгин мени дейман, эй ширин азоб.

Қуёшга термулай,

Ерга босай бағир,

Қўшиқлар куйлашга бошқа одам топ...

 

Яна қайсар руҳим

Жонимни чўқир,

Ёз дейди,

Сингилжон, қўрқай нимадан?..

Энг гўзал шеър - Сенинг ёрилган қўлинг,

Ҳамма бошлиқларнинг 

Бошлиғи - Ватан!..

У ёқда шотут тўкилар тағин,

Беҳилар ҳидига тўлади хонам.

Айвонда, хирмонда, Андижон томонда

Куз - мени соғиниб сарғайган онам -

Йиғлайди, бу йил ҳам келмади болам...

 

Қачон хат ёзгандим сенга,

Билмайман.

Қофия билан банд менинг тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмадим...

Кечир мени, синглим,

 

Кечир мени, синглим.

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР КУЙЧИСИ ЭДИ...

(18-сон)

26 апрель - Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърлари - баҳор ҳавосидай майин, гуллар ифоридай ёқимли, шаррос қуювчи ёмғирлардек фарахбахш. Шоирнинг шеърларини ўқир эканмиз, биз илғамаган табиат ҳодисаларидан чиройли образлар яратишига гувоҳ бўламиз.

Муҳаббатим, қайдасан қалб ардоғим,

Жайронкўзим қирларда қолган оҳум.

Қўлим тегмай тўкилган қизғалдоғим,

Энди сени излаб қайдан топарман?..

 

Шоир қирлар маликаси - қизғалдоқни ўз қалбидаги маликасига менгзайди. Дарҳақиқат, шоир шеъриятида қадрият масаласи асосий ўринни эгаллайди. Унинг сатрларидан қадимий қадриятларимиз руҳи, момо ва боболаримиз овозлари келиб тургандай бўлади.

Fирот минган Гўрўғли,

Бобом қани, айтинглар.

Қўнғиротлик Алпомиш,

Оғам қани, айтинглар...

...Кокиллари ер ўпган,

Саман қани, айтинглар?

Куйиб кетган жоним-а,

Малҳам қани айтинглар.

Ўтмишдаги маънавий меросимиз сиймолари бўлган Гўрўғли, Алпомишларни ўйлаб шоирнинг "жони куйиб кетади". Бу каби оташин мисраларда қадриятга ташналик, уларни эъзозлаш, асраб-авайлаш ҳисси уфуриб туради.

Ёки "Амир Темур" шеърини олайлик:

"Дунё топдим дейди, дунёйиғмадим,

Мен эл учун от устида ухладим.

Наҳот энди ўз гўримга сиғмадим",

Амир Темур руҳи мени азоблар...

 

Ҳар бир миллатнинг ўз урф-одатлари ва албатта, миллий либослари бўлади. Шоир ўз шеърларида миллий қадрият ва либосларимизга бўлган эътиборсизликни танқид қилади. Айниқса, тобора унитилиб бораётган белбоғ ва тўн ҳақида куйиниб шундай ёзади:

Паҳлавон йигитча, полвон йигитча,

Димоғи осмонни олган йигитча,

Ўзбек эканингиз ёлғон йигитча,

Белбоғингиз қани, белингиздаги?

 

Шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан ўзбекнинг миллий қадрият, анъана, урф-одат ва либослари ўзига қайтди, қадр топди. Айниқса, кейинги йилларда дўппи, атлас, адрас сингари матолардан тикилган миллий либосларимиз ўзбек ёшлари эгнида ял-ял ёнмоқда. Ана шу миллий маданий меросимиз, қадриятларимизни улуғлаган, тараннум этган ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф бугун ҳаёт бўлганида ўзбекона лисбосдаги ўғил-қизларни кўриб, беҳад қувонган бўларди.

Барно РАҲМОНОВА,

ўқитувчи.

 

 

 

 

 

МАКТАБ-ИНТЕРНАТДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

(18-сон)

Тадбир меҳмонлари

Андижон вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилганлигининг  20 йиллигига бағишланган маданий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мактаб интернат маъмурияти ташаббуси билан ташкил этилган байрам тадбирида мактабда таҳсил олаётган 300 нафарга яқин истеъдодли ёшлар, 70 нафар ўқитувчи, мураббий ва ходимлар, олий ва биринчи  лига жамоаларда тўп сураётган мактабнинг  собиқ ўқувчилари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда мактаб-интернат директори О. Қиличев сўз олиб, барчани қутлуғ сана билан муборакбод этди. Ўтган 20 йил мобайнида ушбу таълим маскани Ўзбекистон футболи, спорти равнақига муносиб хисса қўшаётган кўплаб  истеъдодларни етиштириб берганлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида фан олимпиадасининг мактаб, шаҳар босқичларида фаол қатнашган бир гуруҳ ўқувчилар, шунингдек, санага бағишлаб синфлар ўртасида ўтказилган футбол турнири ғолиблари тақдирланди. Айниқса, тарих фани ўқитувчиси Ш. Тожиддинова томонидан ташкил этилган "Имкон-шоу" тадбири барчада катта таассурот қолдирди. Ўқувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, хусусан, ўзбек, рус, инглиз тилида ижро этилган шеър ва қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Байрам тадбирини ташкил этиш ва мазмунли ўтишида, айниқса,  директор ўринбосарлари И. Тошматов, Р. Баховиддинов ҳамда ўқув ва спорт бўлими мутахассисларининг ҳиссалари катта бўлди.

Тадбир якунида меҳмонларга эсдалик совғалари берилди.

 

Гулруҳ УМАРОВА,

Андижон вилоят футбол бўйича

 

ихтисослаштирилган мактаб-интеранати ўқитувчиси.

ҚОНУН МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(18-сон)

Ҳуқуқшунос минбари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 6 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 12 октябрда маъқулланган ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 26 декабрида имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 28 моддадан иборат бўлиб, қонунчиликда дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш, айрим тушунчаларга аниқлик киритиш, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги,  "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги,  "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги, "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги,   "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги, "Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғриси-да"ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги,  "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги,  "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги,  "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги, "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги, "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги, "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги,  "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик, Жиноят, Меҳнат, Солиқ, Бюджет тўғрисидаги кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур қонуннинг 9-моддасида  Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш киритилган бўлиб, хусусан, 168- модда «Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулки ёки  ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш - энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади», деган матн билан тўлдирилди.       

Шунингдек, Жиноят кодексининг 267-моддасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятининг даражасига кўра жиноятчига белгиланадиган жазо чоралари кўрсатиб ўтилган.

Бугунги кунда нотариал идора мутахассислари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатларида, шунингдек, фуқаролар билан мулоқотлар жараёнида қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунчалар берилмоқда, қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мақсад ва аҳамияти батафсил тушунтирилмоқда.

 

 Дилдора ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР - КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

(18-сон)

25 апрель - "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкил топган кун

Оминахон Ибрагимова - 1990 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Андижон давлат университетини тамомлаган. Айни кунда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги «Ўқув услубий марказ» НТМ Андижон вилояти координатори вазифасида фаолият юритмоқда. Оилали, 1 нафар фарзанди бор.

Ёшлар - мамлакатимиз эртаси, келажагининг эгаларидир. Шу боис ҳам юртимизда ёшлар тарбияси, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, юксак салоҳиятли бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умуман, ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган.

Юртимиз ёшлари, уларнинг орзу ва интилишлари, эришаётган ютуқлари, қолаверса, минглаб ёшларни ўз сафига бирлаштирган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолияти хусусида ҳаракат қошидаги «Ўқув услубий марказ» НТМ Андижон вилояти координатори Оминахон Ибрагимова билан суҳбатда бўлдик.

Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?

- Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати 2001 йил 25 апрелда ташкил топган ва бугунги кунда ёшларимизнинг чинакам таянчи, суянчига айланиб улгурди. Ҳаракат мамлакатимиз ёшларини ихтиёрийлик, ошкоралик, ҳуқуқ ва мажбуриятлар тенглиги тамойили асосида бирлаштирадиган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда Ҳаракат вилоят кенгаши ўз сафига 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 444 минг нафарга яқин ёшларни бирлаштирган.

Ҳаракатнинг асосий мақсади - мамлакатимиз ёшларини озод ва обод Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, миллий ғоямизга таянган ҳолда мустақил Ўзбекистоннинг жисмонан соғлом, маънавий етук, дунёқараши теран ва мустақил фикрловчи, юксак салоҳиятли ёшларини вояга етказишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ўсиб келаётган авлоднинг инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини улуғлашга, халқимизнинг обрўси ва нуфузини, юртимизнинг шон-шуҳратини оширишга хизмат қиладиган узоқ муддатли кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир.

 

- Ҳаракатнинг ташкилий тузилиши, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар ҳақида маълумот берсангиз?

- Ҳаракатнинг ташкилий негизи унинг бошланғич ташкилотлари ҳисобланади. Бошланғич ташкилотлар туман ва шаҳар кенгашларига бирлашади. Шунингдек, Ҳаракат хомийлигида "Камалак" болалар ташкилоти фаолият юритади. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 160 минг нафардан зиёд вилоятимиздаги ўн ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар бирлашган.

Айни кунда вилоят, туман, шаҳар кенгашларида жами 103 нафар ходим иш олиб боради, уларнинг 24 нафарини қиз-аёллар ташкил этади. Мутахассисларимизнинг аксарияти ташаббускор, ўз ишини яхши биладиган етакчи ёшлардир. Бир қатор ходимларимиз самарали фаолияти учун давлат мукофотлари, турли даражадаги фахрий ёрлиғ ва ташаккурномаларига сазовор бўлган. Жумладан, Ҳаракатнинг Улуғнор туман Кенгаши бош мутахассиси Ойдиной Мирзаҳалилова "Шуҳрат" медали билан тақдирланганлиги барчамизни қувонтиради. 

"Камолот" сафига аъзо бўлган вилоятимизнинг кўплаб ёшлари "Зулфия" номидаги Давлат мукофоти, "Ниҳол" мукофоти, умуман, вилоят, республика, халқаро миқёсдаги танловлар, спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритаётганлигини эътироф этиш ўринлидир. 

 

- Ёшларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.

- Кенгашимиз ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини уларда жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш, қалбларида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш борасида катта хажмдаги ишларни олиб бормоқда. Ўтган йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни фаолиятимизни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Умуман, мустақил тараққиёт йилларида ёшлар фаоллигини ошириш, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун  кенг имкониятлар яратиб берганлигини эътироф этиш лозим.

 Ҳаракат томонидан ўтган йиллар давомида жуда кўп    лойиҳалар амалга оширилди. Улар ёшларимизнинг бўш вақт-ларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш билан бирга, жамиятда муносиб ўрин топишларига хизмат қилмоқда.

"Юрт келажаги", "Камалак  юлдузлари", "Камалак билимдонлари", "Йил сардори", "Биз - буюк юрт фарзандларимиз", "Қадрият, урф-одат анъана ва ёшлар", "Мунозара", "Камолот маликаси", "Камолот ғунчалари" каби кўплаб танлов, фестиваль, акция ва тадбирлар, қатор спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

"Ҳоким ва ёшлар", "Суд ва ёшлар" лойиҳалари эса ёшларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

- Лойиҳаларда фаол иштирок этаётган ёшларни рағбатлантириш, умуман, фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш ишлари қандай йўлга қўйилган?

- Ўтган 2016 йилда "Камолот" аъзоси бўлган 73 нафар ёшларимиз Ҳаракат томонидан ўтказилган танлов ва лойиҳаларнинг республика босқичида ғолибрлар қаторидан жой олди. Улар ташкилотчилар, ҳамкор ва ҳомийларнинг эсадалик совғалари, диплом, фахрий ёрлиғларига сазовор бўлиш билан бирга, қатор имтиёзларга ҳам эга бўлдилар.  Жумладан, улардан 348 нафари имтиёзли кредит асосида "Камолот" уйлари соҳибига айланди.

Чин етим талабалар учун "Камолот" гранти таъсис этилганлиги, шунингдек, ҳарбий хизмат давомида имтиёз олиб, айни кунда олий ўқув юртларида контракт асосида таҳсил олаётган "Камолот" фаоли бўлган талабаларга контракт тўловининг 35 фоизи тўлаб берилаётганлиги Ҳаракат томонидан фаол ёшларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир. 

Вилоятимизда фаол ва ташаббускор ёшлар жуда кўп. Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун Ҳаракатимиз томонидан зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

 

- Келгусидаги  режа ва мақсадлар ҳақида тўхталсангиз?

- Келгусидаги мақсад ва режаларимиз жуда кўп. Энг аввало, етакчи ва фаол ёшлар сафини кенгайтириш, айниқса, уюшмаган ёшларни ҳаракат сафига жалб этиш орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимиз кўламини янада кенгайтирамиз. Биз ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб бераётган юртимиз тараққиётини  юқори даражага кўтариш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ суҳбатлашди.

ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ ЗАРУР

 (18-сон)

Сарҳисоб

Тизимдаги бошланFич ташкилотлар раислари шунга келишиб олдилар.

Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бош-қармаси хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бошқарма тасарруфидаги таълим муассасалари бошланғич ташкилотларининг жорий йил биринчи чорагидаги фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда бошқарманинг масъул ходимлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, амалиётчи психологлари иштирок этиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммолар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

 Тизимдаги 129 бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари сафига 134 минг нафардан зиёд хотин-қиз бирлашган. Уларнинг 71601 нафари педагоглар, 63146 нафари эса ўқувчи қизлардир. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий,     соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини бойитиш бўйича семинарлар, учрашувлар, турли танловлар ўтказиб келинмоқда. 

 Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил биринчи чорагида 4,5 минг нафарга яқин ўқувчи қиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи, ўз саломатликларини янада мустаҳкамлаш ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Андижон машинасозлик  институти қошидаги академик лицей, Хонобод ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида "Биз - соғлом турмуш тарафдоримиз" мавзусида ўтказилган семинарларда ўқувчи қизлар репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ, соғлом турмуш тарзи қоидалари, тўғри овқатланиш, алкоголизм, гиёҳвандлик, ОИТС касалликлари тўғрисида кенг маълумотларга эга бўлдилар.

Таълим муассасаларидаги "Ораста қизлар" тўгараклари машғулотлари орқали эса ўқувчи қизлар оилавий ҳаётга тайёргарлик, оилани режалаштириш ва муомала маданияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларннинг салбий оқибатлари ҳақида муайян билимларга эга бўлмоқда.

Умуман, Балиқчи тиббиёт, Избоскан хизмат кўрсатиш, Андижон қурилиш ва транспорт коллежлари, Андижон машинасозлик институти ҳамда АДУ қошидаги академик лицейларда хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаолияти намунали йўлга қўйилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шу ўринда Андижон ахборот технологиялари, Жалақудуқ хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт коллежи, Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги академик лицейда ишлар тегишли даражада олиб борилмаётганлигини ҳам айтиб ўтиш керак.

Йиғилишда ҳисобот даврида ўқувчи қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб кетганлиги танқид остига олинди. Ана шу ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг сабаблари ўрганиб, таҳлил қилинди. Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда барча йўналишларда олиб борилаётган ишларни тизимли ва белгиланган тартибда йўлга қўйиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга келишиб олинди.

 

Нигорахон НИЁЗОВА,

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси хотин-қизларқўмитаси бошланғич ташкилоти раиси. 

 

 

ТЎЙЛАР МУБОРАК, БОЛАЖОНЛАР!

(18-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Бўз тумани марказидаги "Ўзбегим" тўйхонасида 20 нафар

болажоннинг суннат тўйи бўлиб ўтди.

Миллий урф-одатлар асосида ўтган тўй тадбирида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари  йилида фуқаролар билан бевосита мулоқот тизимини шакллантириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларига ҳамоҳанг бўлган хайрли ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятимиздаги 14 нафар йигит-қизнинг никоҳ ва 98 нафар болажонларнинг суннат тўйлари ўтказилиши белгиланган.

- Мазкур ҳайрия тадбирини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, вилоятнинг турли маҳаллаларида истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётларига ўзгача файз ва мазмун киритишга  кўмаклашишдан иборат, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Энг муҳими, мазкур тадбир ҳар бир фуқаро давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигининг ёрқин бир намунасидир.

Бўз тумани марказидаги "Ўзбегим" деб аталувчи муҳташам тўйхонада Улуғнор ва Бўз туманларида истиқомат қилувчи 20 нафар болажонларнинг суннат тўйига тўйболаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.  Тўй карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримиз асосида ўтди. Тантана давомида уларнинг шаънига айтилган қутлов ва табриклар, куй ва кўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

- Бугун Президентимиз кўмаги билан фарзандим Алишернинг суннат тўйини ўтказдик, - дейди Улуғнор туманидаги     Мингбулоқ маҳалласида яшовчи Зиёдахон Рўзиматова.     - Юртбошимизнинг биздай оддий инсонларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигидан бошимиз кўкка етди. Давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, саҳоватли инсонларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.

Тўйболаларга вилоят ҳокимлиги, хомий ташкилотларнинг  совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимлари томонидан ҳисобига 1 миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

- Фарзандим Жаҳонгирмирзонинг номига 1 миллион сўм маблағ қўйилган омонат дафтарчасини қабул қилиб олиб,  хурсандчиликдан беихтиёр кўзаримга ёш олдим, - дейди Бўз тумани Тафаккур маҳалласида яшовчи Хадичахон Жўраева. - Дунёда юрт эртаси бўлган болажонларга, ўз фуқароларига бу қадар эътибор кўрсатадиган Ўзбекистондан  бошқа мамлакат бўлмаса керак. Мен бахтли онаман. Оилам, фарзандларимнинг тинчлиги, мана шундай юртда яшашликнинг ўзи бахт. Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун барча оналар номидан ҳукуматимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.

Эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбири кўплаб фуқароларнинг кўнглини тоғдай кўтарди, уларга олам-олам қувонч ва шодлик улашди. Қолаверса,  юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада мустаҳкамлади.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.

 

Мукаррам Қодирова,

«Улуғнор» газетаси муҳаррири.

 

 

АНДИЖОНДА ДЎСТЛИК ФЕСТИВАЛИ

(18-сон)

Ўзбекистон - умумий уйимиз

Вилоятимизда "Ўзбекистон - умумий уйимиз" шиори остида турли миллатлар вакиллари иштирокида дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Хусусан, турли миллат вакиллари иштирокида анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур фестиваль юртимиздаги миллатлараро дўстликнинг ёрқин намунасидир.

- Айни кунда Андижон вилоятида юздан ортиқ миллат вакиллари яшамоқда, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Шаҳзодбек Турсунов. - Уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, бугунги кунда вилоятда уйғур, қирғиз, рус, корейс ҳамда арман миллий маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда. Бир неча йилдирки, турли миллат вакиллари уюшган ҳолда яшайдиган Жалақудуқ, Хўжаобод,   Пахтаобод, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Андижон шаҳрида дўстлик фестиваллари, турли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар Андижон давлат университетида турли миллатларнинг ўз анъана ва урф-одатлари намойиши билан бошланди. Республика байналмилал маданият маркази, вилоят ҳокимлиги, турли миллатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда миллатлар- аро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Талаба ёшларнинг она Ватан, истиқлол, халқимизнинг  бунёдкорлик борасидаги ишлари, юртимизнинг гўзал манзаралари, миллатлараро дўстлик, турли миллатлар вакилларининг Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссалари акс этган фото ва тасвирий санъат асарлари, шунингдек, турли миллат вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомлар, либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари намойиши, миллатлараро дўстликни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

- Бўлиб ўтган дўстлик фестивали юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг, айниқса, биз ёшларни янада ҳамжиҳат, юртимиз равнақи йўлида фидойи бўлишга ундайди, - дейди Андижон давлат университети талабаси Моҳинур Мухторова. - Мен қирғиз қизи бўлсам-да, она Ватаним Ўзбекистондир. Мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида  миллатидан қатъий назар биз ёшларнинг ўқишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз, ўз салоҳиятларимизни тўлақонли  юзага чиқариш учун барча шароитлар яратиб берилган. Миллатлараро дўстлик, инсон қадри эъзозланган мана шундай озод ва обод юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

Фестиваль доирасида Қўрғонтепа, Пахтаобод туманларида бўлиб ўтган байрам тадбирларида миллий маданият марказлари қошида ташкил этилган халқ  ансамбллари, ҳаваскорлик дасталарининг чиқишлари, улар томонидан миллатлараро дўстликни тараннум этувчи куй, рақс ва қўшиқлар барчага манзур бўлди. Айниқса, "Отуш" уйғур ансамблининг, рус, қирғиз, корейс миллий марказлари қошидаги бадиий жамоаларнинг чиқишлари катта олқишлар билан кутиб олинди.

Андижон қишлоқ хўжалиги институтидаги дўстлик байрамида турли миллатлар урф-одатлари намойиши, миллий ўйинлари ташкил этилди. Ватан, истиқлол, миллатлараро дўстликни тараннум этувчи бадиий дастурлар барчада катта таассурот қолдирди.

Андижон шаҳридаги З. М. Бобур номли вилоят театри, А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳамда вилоят қўғирчоқ театрида байрам сайли тарзида бўлиб ўтган фестивалнинг якуний тадбирларида таниқли хонандалар, бадиий жамоалар иштирокида байрам дастури намойиш этилди. 

Ўзбекистонимизда ҳар бир миллат вакили эмин-эркин яшаб, Ватан тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, озод ва обод юртимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки бу дўстлик асрлар давомида шаклланган тарихий ва миллий қадриятларимиз асосига қурилган бебаҳо неъматдир. "Ўзбекистон - умумий уйимиз" фестивали эса ана шу дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Фестиваль тадбирларида Андижон вилояти ҳокими     Ш.Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

МАҲБУБАХОН - ТАНЛОВ FОЛИБИ

(18-сон)

Вилоят онкология диспансерида "Йил ҳамшираси  - 2017" кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ҳамшираларнинг билим, касбий малака ҳамда саводхонлигини ошириш мақсадида ўтказилган ушбу танловда муассасанинг турли бўлимларида фаолият юритаётган 9 нафар ҳамшира иштирок этиб, таништирув, эркин чиқиш, тиббиёт ҳамда маънавиятга оид савол-жавоб шартлари асосида ўзларининг билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, кимётерапия бўлими ҳамшираси  Маҳбубахон Набиева энг кўп балл жамғариб, 1-ўринни эгаллади ва танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жонлантириш бўлими ҳамшираси Манзурахон Жўрабоева иккинчи, гинекология бўлими ҳамшираси Ҳафизахон Расулова эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

Fолиб ва совриндорлар муассаса маъмурияти, касаба уюшма ташкилоти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Умидахон Каримжонова

Бир сиқим тупроғи олтиндан аъло

Ўзга жаннатларни қилмасман ҳавас,

Менга она макон - юртим муқаддас.

Ўтмиш даҳолардан олганим мерос:

Ватанга муҳаббат, бурч қолгани рост.

 

Севаман юракдан ўз онам мисол,

Ва фарзанд бўлолсам муносиб, ҳалол.

Зеб-зийнат керакмас, тилло ҳам ҳатто,

Бир сиқим тупроғи олтиндан аъло.

 

Шу ерда туғилдим, ризқим сочилган,

Толеим мўл, тўкис, бахтим очилган.

Боғлари гуллаган, тоғлар чиройлик,

Ҳар қатра суви - бол, туганмас бойлик.

 

Алишмайман уни ҳеч кимга ҳеч вақт,

Ҳалол меҳнатим ҳар недан қадрли, қиммат.

Ҳар жойда мақтаниб юрсам қанийди,

Менинг Ватанимни жаҳон танийди.

 

 

Умида ЖЎРАЕВА.