+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОИЛА - МУҚАДДАС ҚЎРFОН

(16 - сон) Мулоҳаза

Оила - муқаддас даргоҳ. Буни ҳар бир инсон доимо ёдда сақламоғи, англамоғи ва уни асраб-авайламоқлиги лозим.

Жамиятимизда янги оиланинг барпо этилиши энг гўзал, бир умр киши ёдида қоладиган муҳим воқеа ҳисобланади. Шу боис ҳам, ана шу қувончли кун тўй қилиниб, барча қариндош-уруғлар, дўстлар билан биргаликда нишонланади. Ҳеч ким, ҳеч қачон бир  муддат яшаб, кейин ажрашиш учун оила қурмайди.  Оила деган улуғ даргоҳ катта мақсадлар, орзу-умидлар устига қурилади.

Оила қуриш инсон зиммасига ўзига хос бурч ва масъулиятлар ҳам юклайди. Энг аввало, ҳар бир инсон ўз оиласини муқаддас билиб, уни асраши, авайлаши, ардоқлаши лозим. Шунда оилаларимиз мустаҳкам бўлади. Оилалари мустаҳкам жамият барқарор ривожланади, гуллаб-яшнайди.  

Оилаларимизнинг бахтли, саодатли бўлиши учун турмуш ўртоғимиз билан биргаликда фарзандларимизни тарбияли, одоб-ахлоқли қилиб вояга етказишимиз даркор. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаган-ларидай:  "Фарзандларимиз биздан кўра кучли , билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт '' деган шиорга амал қилиб яшашимиз лозим.

Оила ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир ''. Демак, ҳар бир инсон ўз оиласининг  бахт-саодатга эришиши йўлида, энг аввало, аҳли аёлини ардоқлаши, қолаверса, фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоғи лозим. Ҳар қандай кишининг аҳли оиласи  тинч-тотув, осойишта ҳаёт кечирса, кўнгли хотиржам бўлади.

Минг афсуски, бугунги кунда арзимас сабаблар туфайли айрим оилаларнинг пароканда бўлаётганлиги, ҳатто, бузилиб кетаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.   Аслида арзимас сабаблар бир бахтли оилани, муқаддас никоҳни бузилишига,  шириндан-шакар фарзандларни етим бўлиб қолишига олиб келаётганлиги ана шундай ҳолатга йўл қўяётган кишиларнинг оилага бўлган юзаки муносабатнинг натижасидир.  Қолаверса, бу гарданимизга улкан гуноҳ бўлиб юкланади.

Ҳар бир инсон ўз оиласини турли таҳликалардан, низолар келиб чиқишига сабаб бўладиган ҳолатларда сақлашга алоҳида эътибор қаратиши зарур.  Юртимиздаги оилалар тинч-тотув ҳаёт кечирса,  албатта, Ватанимиз янада юксалади, ҳаётимиз осуда ва фаровон бўлади, бизга берилаётган ризқ-рўз янада зиёда бўлади.                                                                    

Ҳайдарали НОРМИРЗАЕВ,

 

Саййид Муҳийддин махдум номидаги Андижон ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

Китоб - маънавият сарчашмаси

(16 - сон) Муносабат

Китоб инсон ақлини чархлашга, идрокини теранлаштиришга, тафаккурини ўстиришга хизмат қилади. Китоб ўқиган одам маънан баркамолликка эришибгина қолмасдан, турли давраларда яхши суҳбатдош, яхши ҳамфикр бўла олади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда  тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш билан боғлиқ хайрли ишларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унинг замирида халқимиз маънавий дунёсини кенгайтириш, дунёқараш ва салоҳиятини юксалтириш, ҳар томонлама етукликка ундашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Биз буюк аждодлар, илм-у урфон донишмандлари авлодимиз. Улардек ақлу идрокка, комилликка етишиш учун    китобдан яхшироқ дўст ва устоз топиб бўлмайди. Ёшлар келажагимиз эгалари экан, аввало, уларда мутолаага бўлган катта қизиқишни уйғота олишимиз даркор. Бугунги кун ёшлари энг мураккаб асарларни ҳам ўқий олиш билан бирга, уларда берилаётган мазмун-моҳиятни чуқур таҳлил қилишга қийналмасликлари керак. Бунинг учун биринчи галда ҳар қандай асарни англаб уқиб ва иштиёқ билан мутолаа қилишга ўргансин.

Китоб инсонни эзгуликка ундайди, ҳаётда сабрли бўлишга чақиради, мақсад сари етаклайди. Бир донишманд "Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман", деган экан. Дарҳақиқат, у бизни тарбиялашга қодир, юксак марраларни забт этишимизда кўмакчи. Келинг, китоб мутолаасига фарзандларимизни, ўқувчиларимизни, ҳатто атрофимиздагиларни ҳам чақирайлик. Зеро, китоб - тафаккур чироғи, маънавий йўлбошчидир.

 

Индира АЛМАТОВА,

 

Андижон шаҳри.

ЁШЛАР ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ

(16 - сон) Мутахассис минбари

Ёшлар - юртимиз келажагининг эгаларидир. Шу боис ҳам уларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол, юксак салоҳиятли қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёни ёшларнинг интеллектуал билим ва салоҳиятини, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришни тақазо этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган, 4 та боб, 31 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид Давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни бу борадаги барча муносабатларни тартибга солади. Қонунда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлигини сақлаш, маънавий интеллектуал, жисмоний ва аҳлоқий жиҳатдан камол топиши, уларда ватанпарварлик, фуқаролик туй-ғусини шакллантириш, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёт ғоялар ва иллатларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш, ҳуқуқий билим ва мада-ниятини юксалтириш билан боғлиқ қатор масалалар белгиланган.

 Жумладан, Қонуннинг 10-моддасида ёшларнинг таълими ва тарбияси сифатини ошириш, ўқув жараёнига таълимнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш чора-тадбирларини кўриш,  таълим муассасаларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида спорт секциялари, фан, техника тўгараклари ва ижодий тўгараклар, клублар ташкил этиш,  ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари белгилаб берилган. Ана шу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш борасида айни кунда 800 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган лицейимизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган "Ўз ҳуқуқингизни биласизми?", "Ҳуқуқ билимдонлари", "Ёшлар ва ҳуқуқ" сингари тадбир ва танловлар, шунингдек, ҳуқуқшунослар иштирокидаги учрашув ва давра суҳбатлари ўқувчиларимизнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада юксалтирмоқда.

 Ҳуқуқий маданият ёшларнинг инсоний фазилатларини соғломлаштирибгина қолмай, балки ҳуқуқ доирасидаги фаолиятини юқори босқичга кўтаради, жамият ҳаётининг турли жараёнларидаги фаоллигини янада оширади.

Ҳуқуқий маданият умумий маданиятнинг ажралмас таркибий қисмидир. Ёшлар онгида   ҳуқуқий билимларга эга  ва уларни амалиётда татбиқ эта оладиган ёшлар албатта, маданиятли ва билимли бўла олади деган қатъий ишонч бўлиши керак. Ўз иқтидор ва имкониятларини тўлақонли намоён этишлари, пухта билим олиш ва ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган Ўзбекистон ёшларида ана шундай ишонч ва қатъият шаклланган.

Қалбида эртанги кунга умид ва ишонч, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, интилиш ва шижоатга тўла ёшлари бўлган озод ва обод юртимизнинг  келажаги порлоқдир.

Наргиза ТОЖИДДИНОВА,

АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси.

ЛИБОС - МАЪНАВИЯТ БЕЛГИСИ

(16 - сон) Мулоҳаза

Кўчалар ўқувчи, талаба ёшлар билан гавжум. Кимдир ўқишга, яна кимдир  бошқа бир иш билан қаергадир шошилади.

Ҳар куни одатдагидек эрталаб ишга, кечга томон уйга қайтаман. Диққатимни тортадиган бир манзарадан ҳар гал кўнглим хира тортади. Бу қизларимизнинг кийинишидир.

Миллатимиз - андишали, ориятли миллат. Азалдан қиз-аёлларимиз ҳаё билан либос танлаганлар. Бугун назаримда халқимизнинг азалий қадриятлари, момоларимизнинг удумлари  бироз унутилгандай. Айрим қизларимиз бу борада ибо билан кийинишни унутиб қўйишмоқда. Баъзан ўқувчи қизларнинг кийинишини кўриб, жаҳлим чиқади. Ўта калта юбка, тор шим кийган ўқувчиларга дакки бераман. Бундай кийиниш ўзбек қизларига ярашмаслигини, қолаверса, тор кийим кийиш саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатишини айтиб, тарбияга чақираман. Ахир биз педагоглар ёшларимизга билим бериш билан бирга, уларни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли бўлишларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.

Эртага бошқа бир хонадонга келин бўладиган қизнинг европача кийимларга хирс қўйиши унинг келажакда яна ўша кийимларни кийишни кўнгли тусамаслигига ким кафолат беради?! Бунинг устига орият, уят деган юксак тушунчалар борлигини унутмаслик керак. Гоҳида машина ўриндиғида калта кўйлаги ёки юбкасидан хижолат тортиб, қўллари билан оёқларини беркитишга уринаётган қизларни кўриб, очиғи уялиб кетаман. Ахир қиз бола миллатимиз шаъни эмасми? Уларнинг мана шундай либос кийишларига ота-оналари эътиборсиз эканликлари мени янада ташвишга солади. 

Қадрли ота-оналар фарзандларимизни кийинишига ҳеч қачон эътиборсиз бўлмайлик. Азиз қизларжон, либос танлашда миллатимизнинг қадим анъаналарини, ҳаё, ибо ва андишани унутманг. Европага хос кийинишдан, кўр-кўрона тақлид қилишдан тийилинг. Ўзлигингизни, ўзбеклигингизни доимо ёдда тутинг!

Олтиной ЮНУСОВА,

АДТИ қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси. 

ЁРҚИШЛОҚДА АДАБИЙ АНЖУМАН

(16 - сон) 2017 йил - Андижонда Заҳириддин  Муҳаммад Бобур йили

Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили муносабати билан вилоятимиздаги таълим муассасаларида буюк аждодимиз ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш мақсадида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жалақудуқ тумани Ёрқишлоқ қишлоғидаги хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида меҳнат фахрийси Эътиборхон Тешабоева ташаббуси билан ташкил этилган "Бобур издошлари" деб номланган адабий анжуман ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда  ижодкор ёшлар, адабиёт ихлосманд-лари иштирок этиб, катта маънавий озуқа олдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Халқ артисти Мавлудахон Бойматова  Бобур ҳаётига оид саҳна кўринишидаги Байда образидан монолог ўқиди, буюк аждодимиз ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар берди. Ёрқишлоқлик шоира ва ёзувчи Соҳибахон Ҳошимова эса йиғилганларни ўз ижод намуналари билан баҳраманд этди.

Тумандаги 11- умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан "Бобур Андижон меҳмони" асари асосида тайёрланиб, намо-йиш этилган саҳна кўринишини барча мароқ билан тамоша қилди. Шунингдек, тадбирда шоира Фаридахон Ҳошимова ҳамда ижодкорлар ўзларининг ижодидан намуналар ўқидилар,  ёш ижодкорларга оқ йўл тиладилар.

Тадбирда Ёрқишлоқдан етишиб чиққан спортчилар, спортда юқори натижаларга эришган йигит-қизларнинг ютуқлари эътироф этилди, уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.

"Наво" ансамбли санъаткорлари томонидан Бобур ғазали билан айтиладиган куй ва қўшиқлар ижро этилди. Адабий кечада ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда  10- умумтаълим  мактаби ўқувчиларининг чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

Ушбу анжуман ёшлар қалбида улуғ бобомиз Бобурга муносиб ворис бўлиш, унинг она Ватанга бўлган муҳаббатидан ибрат олишдек юксак инсоний туйғуларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Дилдора ХУШБАҚОВА

 

 

ТАРИХИЙ ОБИДА ВА ЁДГОРЛИКЛАР - ХАЛҚИМИЗНИНГ БЕБАҲО МУЛКИ

(16 - сон) 18 апрель - Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни

Қадим тарихга эга мамлакатимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

Юртимиздаги кўхна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Қолаверса, улар инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис ҳам уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Андижонда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига эга 371 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси Андижон вилоят бўлими етакчи мутахассиси Дилшодбек Юсупов. - Улардан 114 таси археологик, 66 таси меъморий ёдгорликлар, 117 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари-ҳайкаллар бўлиб, қолган 74 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир.

Уларнинг ҳар бири муайян бир давр, маскан, улуғ шахслар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради ёки юртимизнинг бетакрор табиатини кўрсатувчи гўша сифатида ҳар қандай кишида катта таассурот қолдиради.

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, махсус дастур асосида вилоятимиздаги ана шу тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари деб эътироф этилган ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Шунингдек, археологлар, тарихчи олимлар томонидан Марҳаматдаги Мингтепа, Избоскандаги Элатан, Жалақудуқдаги Далварзинтепа ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Айни кунда Мингтепада Ўзбекистон-Хитой қўшма илмий экспедицияси томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги "Мирпўс-тин ота", Жалақудуқ туманидаги "Қутайба Ибн Муслим", Балиқчи туманидаги "Тузлуқ момо", "Учбулоқ", Андижон туманидаги "Меҳмони Валий", Пахтаобод туманидаги "Ховускон ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота", Булоқбоши туманидаги "Ширмонбулоқ" сингари қатор  зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зиёратчи ва дам олувчилар учун қулайликлар яратилди.

Кейинги йилларда 50 дан зиёд тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларнинг кадастр ҳужжатлари, 50 дан ортиқ объектнинг паспорти тайёрланди. 

Тарихий манбалар, олимлар, мутахассисларнинг хулосалари, илмий-тадқиқот ишлари натижаларига асосланган ҳолда  Мингтепа қалъаси ҳамда Жалақудуқ туманидаги Далварзинтепа ёдгорликларини ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.                 .

Мингтепа қалъаси қадимий Даван давлатининг пойтахти - Эрши шаҳрининг харобалари эканлиги тарихдан маълум. Олимларнинг аниқлашича, ўз даврида қалъанинг шаҳар ичи қисми 38 гектар, шаҳар ташқариси эса 230 гектар майдонни эгаллаган. Эрши ҳукумдорининг махсус саройлари жойлашган Алитепа, Жунғортепа, Қоровултепа сингари ўндан ортиқ тепаликлар харобалари ҳозирда ҳам сақланган.

Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бу каби археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.

Тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминга муҳаббат, ўтмишга даҳлдорлик ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириши, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТЛАРИ ҲАМИША ҲИМОЯДА

(16 - сон) Хотин-қизлар қўмитаси бошланFич ташкилотлари фаолиятидан

Жорий йил муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши хотин-қизлар қўмиталари фаоллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Жумладан, маҳалламизда ҳам хотин-қизларнинг яшаш шароитлари, мавжуд муаммоларини ўрганиш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбааларини ташкил этишларига кўмаклашиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

Маҳалламизда 905 та оилада  3228 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1630 нафарини қиз-аёллар ташкил этади. Ўтган даврнинг шу кунига қадар маҳалладаги деярли барча хонадонларга ташриф буюриб, хотин-қизларнинг имкониятларини ўрганиб чиқдик ва уларга зарур кўмак, тавсия, таклифлар бердик. Бу борада тумандаги молия-кредит муассасалари, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар мутахассислари бизга яқиндан ёрдам берди. Маҳалладошимиз Мадинахон Ҳамроева кам таъминланган оила бекаси ҳисобланар эди. Биз уни ўз мутахассислиги бўйича  коллежга ишга жойлашишига ёрдам бердик. Тадбиркор аёлларимиздан Умринсахон Икромова эса ўз хонадонида тикувчилик цехи ташкил этиб, янги иш ўринларини яратди. У эндилдикда уй  бекалари, ҳунар ўрганиш истагидаги маҳалла ёшларига тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда.

Оилаларда томорқадан унумли фойдаланиш, чорва ҳайвонлари, парранда боқиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича олиб борилган тушунтириш ишлари самарали натижалар берди. Айни кунда Хилолахон Юнусова, Ферузахон Аманова, Гуллолахон Низомова, Назокатхон Бердиқулова сингари аёлларимиз ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳаракатига тушган.

Маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилалардаги тинчлик-тотувликни таъминлаш, ёшлар тарбияси йўлида олиб борилаётган ишларимиз ҳам ижобий самара бермоқда. Жорий йилнинг шу кунига қадар маҳаллада 3 та  ёш оила ажралиб кетишининг олди олинди, уларнинг ҳаётига осойишталик қайтди. Яраштирув комиссияси раиси Одинахон Ҳамроқулова, аъзолари Хамидахон Аманова, Салимахон Қўчқорова, Бахтиёржон Саидалиев, Умматилло Ортиқовлар оилаларда келишмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича доимий равишда ибратли оилалар вакиллари, зиёлилар иштирокида учрашувлар ўтказиб, тушунтириш ишларини ташкил этиб келмоқдалар.

Бугунги кунда маҳалламизда наъмунали хонадон бекалари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Солияхон ая Отажонова, Тўхтахон ая Ҳамдамова, Тожихон ая Асқарова, Обидахон ая Шерғозиевалар фарзандларининг ортидан роҳат-фароғатда яшамоқдалар.

Маҳалламизда ёшлар таълим-тарбияси, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Турли спорт мусобақалари, танловлар ташкил этилаётганлиги ёшларимиз фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган "Профилактика куни" доирасида умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида тегишли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда "Давомат" тадбирлари ўтказилмоқда. Мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилиб, дарсларга сабабсиз келмаётган ўқувчилар ўқув муассасаларига қайтарилмоқда. Олиб борилаётган тадбирларда Муборакхон Исабоева, Хосиятхон Холмирзаева сингари фаолларимиз фаолияти кўпчиликка намуна бўлмоқда.

Келгусида опа-сингилларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

Шаҳлохон АБДУЛЛАЕВА,

Улуғнор туманидаги Озод маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

 

 

АНДИЖОНДА ЁШЛАР ФОРУМИ

(16 - сон)  касблар фестивали

Андижон олимпия захиралари коллежида "Касб-ҳунар билан келажак сари" шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  вилоят ҳокимлиги, ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар ҳамда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 14 минг нафарга яқин битирувчилари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб,  мамлакатимизда ёшларнинг ҳар жиҳатдан пухта билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ҳамда ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, бунинг самараси ўлароқ, ҳар жиҳатдан етук ва фаол ёшлар сафи тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади.

 - Айни кунда вилоятдаги 740 та умумтаълим мактабида 430 минг, 129 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 128,5 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади, - дейди Андижон вилояти ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фурқат Бузруков. - Жорий йилда 42 минг нафардан зиёд ўқувчи мактабни, 41 минг нафардан ортиқ йигит-қиз академик лицей ва коллежларни тамомлайди. Ташкил этилган тадбир 9-синф битирувчиларига академик лицей ва коллежлардаги мавжуд шарт-шароит, имкониятлар билан танишишлари, коллеж битирувчиларининг иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилишларига имконият яратди.

Таъкидлаш керакки, айни кунга қадар вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан корхона ва ташкилотлар ўртасида амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш бўйича тўрт томонлама шартномалар тузиш якунига етказилмоқда. Унга кўра, битирувчиларнинг аксарияти ўз мутахассисликлари бўйича амалиёт ўтаб, малака ва тажрибаларини оширмоқда.

- Мен тўрт томонлама шартнома асосида "Агробанк"нинг вилоят филиалида амалиёт ўтаяпман, - дейди Андижон банк коллежи битирувчиси Жавоҳир Мамасолиев. - Малакали мутахассислар кўмагида соҳа ишини пухта ўрганишга ҳаракат қиляпман. Коллежни тамомлаб, шу ерда ишлаб қолишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Тадбирда ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасаларининг имкониятлари, мавжуд мутахассисликлари, моддий-техника баъзаси, ўқиш, касб-ҳунар ўргатиш борасидаги шарт-шароитлари амалий кўргазмалар орқали намойиш этилди. Умумтаълим мактаблари битирувчиларига коллежлар фаолияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди.

Шунингдек, форумда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўз мутахассисликларини қай даражада эгаллаганликларини ўзлари тайёрлаган тикувчилик, қандолатчилик, саноат маҳсулотлари кўргазмалари орқали намойиш этди.

Форум доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 44 корхона ва ташкилот 185 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ярмаркада кўплаб коллеж битирувчилари мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА, жамоатчи мухбир.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ ВАЗИФА

(16 - сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртнинг оилалари мустаҳкамлиги, оиланинг барқарорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлади.  Қолаверса, ҳар бир инсон учун оила бу умрнинг бошланиши, барча эзгуликларнинг муқаддимасидир.

Зеро, инсонлар ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Яъни, ўз уйи, оиласида бахт топган инсонгина ўзини жамиятда эркин ва тўлақонли ҳис этади. Ана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, оиланинг жамият тараққиётидаги ўрни ва роли ниҳоятда беқиёсдир.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда оила институтига, шахс тарбиясига, оиланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, маданий-маиший турмуш шароитларини яхшилаш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳамда жорий - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида бир қатор масъул ташкилотлар вакилларидан тузилган республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида хусусан, туманимизда ҳам  эътиборга молик ишлар олиб борилди.

Маҳаллаларда ташкил этилган гуруҳ аъзолари ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг яшаш шароитларини, мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқдилар. Муаммоларни бартараф этиш, фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича зарур ишлар олиб борилди.

Маълумки, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан аҳоли вакиллари ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, оилалар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида "Сешанба - оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, туманимизда ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Аёлнинг жиноят кўчасига киришини ёки арзимаган сабаб туфайли ёш оилаларнинг бузилиб кетиши, бунинг оқибатида норасида гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишини умуман оқлаб бўлмайди. Бундай ҳолларга асло бефарқ қарамаслигимиз зарур. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва унинг бошлан- ғич ташкилотлари фаоллари, маҳалла маслаҳатчилари билан ҳамкорликда ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли амалий, тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маънавий муҳит барқарорлиги бузилган ёки ажрашиш остонасида турган туманимизнинг турли маҳаллаларидаги 30 дан ортиқ оилалардаги муаммолар бартараф этилиб, ана шу оилалар мустаҳкамланди. Бу борада Бобоғози, Нўхатак, Шарқ юлдузи, Ойжамол маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари Замира Fуломова, Давлатхон Қурбонова, Майрамхон Сатторова, Зулхумор Шарафуддиноваларнинг фаолияти эътиборга молик.

2017 йилнинг ўтган даврида туманимизда хотин-қизлар иштирокида 13 та жиноят содир этилган. Ана шу жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари жойларда таҳлил этилиб, уларни содир этган аёлларга нисбатан қонуний чоралар кўриш билан бирга, маҳалла, кенг жамоатчилик томонидан ҳам таъсир чоралари кучайтирилмоқда. Қолаверса, келгусида бундай ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун тарғибот-тушунтириш ишлари, шунингдек,  ҳар бир шахс, ҳар бир оилага маҳалла, кенг жамоатчиликнинг таъсири кучайтирилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда Андижон тумани маиший хизмат касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар бошлан-ғич ташкилоти раиси           Ойдиной Аслхонова, туман ички ишлар бўлими ходимаси Рашида Усмонова, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими психологи Зебунисо Ражабова сингари фаолларимиз жонбозлик кўрсатмоқда. 

Мухтасар қилиб айтганда, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга  қаратилган  бу каби хайрли ишлар бундан буён ҳам режа асосида тизимли равишда давом эттирилади.

 

Нодирахон ЗОКИРОВА,

Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ВЕЛОТУР МУСОБАҚАСИ

Опа-сингилларимизнинг велоспортга бўлган қизиқишларини оширди

Андижон-Асака автомагистраль йўлида "Соғлом аёл - соғлом авлод" шиори остида хотин-қизлар ўртасида велотур мусобақаси ўтказилди.

Халқаро оила кунига бағишланиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, жисмоний тарбия ва спорт бош-қармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган велотурда мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг спорт билан  шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида кенг келамли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Муҳими, спорт билан шуғулланаман деган опа-сингилларимизга зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бир минг нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 минг нафардан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Оилаларда, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, велоспорт турига бўлган қизиқишини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланаётган қиз-аёлларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада 500 нафардан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар, ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, уй бекалари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Велотурда спортчи ва ҳаваскор велоспортчилар гуруҳи, шунингдек, 18 дан 30 ёшгача, 31 дан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан юқори гуруҳлар доирасида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли ўтган баҳслар якунига кўра, Ҳаётхон Абдуманнопова, Шаҳноза Жалилова,     Н. Алимова, Гулчеҳра Жумабоева ўз ёш гуруҳларида биринчи ўринга сазовор бўлди.

- Ҳақиқий спорт байрамига айланган велотур хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди, - дейди мусобақа ғолибларидан бири Гулчеҳра Жумабоева. - Асосийси, саломатлигимиз учун муҳим бўлган спортнинг ушбу турига бўлган қизиқишимиз янада ортди.

Мусобақанинг ғолиб ва сов-риндорлари, шунингдек, "Энг ёши улуғ пойгачи", "Энг маҳоратли пойгачи", "Энг ёш пойгачи", "Энг фаол аёл пойгачи", "Fалабага бўлган интилиши учун" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Марҳабо АКБАРалиеВА,

жамоатчи мухбир.

 

Суратларда: мусобақадан лавҳа.