+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОНАЛАРГА ТАЪЗИМ

(20-сон) эҳтиром

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Дарҳақиқат, шоир айтганидек, Она ва Ватан ягонадир. Уларсиз инсон ўзлигини англай олмайди, ҳаётни, келажакни тасаввур эта олмайди.

Она! Бу сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Ҳаёт давомчиларини дунёга келтиргувчи мўътабар зотнинг уммондан-да улкан меҳр-муҳаббатини бирор нарса билан қиёслаш мумкин эмас, фазилатларини эса айтиб адо қилиб бўлмайди. Оналаримиз ҳаётимиз гултожи, оиламиз таянчи, бизнинг камолимиз учун керак бўлса, жон фидо этгувчи буюк хилқатдир.

Оқила, саришта онажонларимиз бизга энг аввало, ҳаёт сабоғини, одамлар орасида ўз ўрнимизни топа олишимиз учун зарур барча билим ва тарбияни берадилар.

Буюк олиму фозилларимиз она меҳрини қуёшга қиёслайдилар. У фарзандларининг ҳаёт йўлини ёритади. Унинг фарзанди учун қилган хизматларини ҳеч бир мезон билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Она болаларига ҳаёт билан бирга, ўзидаги меҳру-муҳаббат, инсонийлик сингари юксак фазилатларини ҳам бахшида этади. Она берган меҳрини сувга чўкмайдиган, ўтда куймайдиган муқаддас туйғу, деб атасак асло муболаға бўлмайди. Чунки онамиздан олган,туйғулар, тарбия мезонлари умрбод бизга ҳамроҳ бўлади.

Оилани ҳам, жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файзу-барокат киритадиган, хонадонларимизни нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиздир. Улар оқилалиги, ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.

Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда уни Она сиймосига қиёс этганлар, шунинг учун дунёда "муқаддас" деган сўзга энг муносиб зот ҳам Онадир.

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий шундай ёзади:

 

Оналар оёғи остидадир,

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғин туфроғи.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: "Аёлларимизни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули, деб эъзозласак, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз", деган эди. Дарҳақиқат, онани эъзозлаш миллатимиз, халқимиз учун энг олий қадрият даражасига кўтарилган юксак фазилат саналади. Улуғ зотга ҳар қанча таъзим қилсак, эъзозлаб, эҳтиром кўрсатсак кам.

Фарзандлар камоли, бахти учун жонфидо оналаримиз бахтимизга ҳамиша омон бўлсин.

Зиёдахон СОДИҚОВА,

Манзурахон АБДУЛҲАМИДОВА,

 

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежи она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари.

САМАРБОНУ - МАЪРИФАТПАРВАР ШОИРА ЭДИ

(20-сон) Ўзбек шоиралари

Мумтоз адабиётимиз тарихида ўзининг ижоди билан ёрқин из қолдирган шоиралар кўп. Бундай шоираларимиз қаторига Увайсий, Нодира, Анбар Отин, Дилшоди Барно кабилар киради. Улар кўнгилга яқин, бадиий жиҳатдан мазмунли ва таъсирли ижод намуналари билан шеърият ихлосмандларининг қалбидан жой эгаллаган.

Ана шундай шоиралардан бири ХIХ асрда Марҳаматнинг Ўқчи қишлоғида яшаб, ижод қилган Самар бонудир. Ўзбек адабиётининг илғор вакилаларидан бири сифатида гўзал шеър ва ғазаллар битди. У 1837 йилда Ўш шаҳрида таваллуд топган. Асли машҳур шоир Хувайдонинг чевараси бўлган Самар бонунинг отаси Сирожийдан фалсафа ва шеърият назариясидан сабоқ олади. Шоира 18 ёшида мингтепалик боғбоннинг ўғлига, яъни отасининг шогирди Шарифжонга турмушга чиқади. Орадан бир йил ўтмасдан Шарифжон фожеали тарзда вафот этади. Бону 19 ёшида қўлидаги чақалоғи Заҳириддин билан ёлғиз қолади. Шоира шеър ва ғазалларида ҳаёти оғир синовлар билан ўтса-да, умрининг охирига қадар турмуш ўртоғига содиқ қолиб ҳаёт кечирганлигини баён этади:

Бону айтар бу оламдаки, ғамсиз юрмадим ҳаргиз,

Бу дунё даврини шодмону хандон сурмадим харгиз.

 

Жаҳонда юрдиму турдим, неча чектим жафоларни,

Жафосин кўрдим, эй дўстлар вафосин кўрмадим ҳаргиз.

 

Аё дўстларки, мен ёлғиз, ғариби бенаво қулмен,

Топай аҳли аёл, атфол деюб қайғурмадим харгиз.

Ҳаёти зиддиятларга, меҳнату машаққатларга тўлиқ бўлган Самар бону бобоси Хувайдо, отаси Мавлавий Сирожий каби ижод билан шуғулланишдан асло  тўхтамади, мактабдорлик қилади, отинбибилик фаолияти билан ҳаёт кечиради. У ўзи яшаган Ўқчи қишлоғида қизлар учун мактаб очади. Қизларга нафақат диний, балки хуснихат, адабиёт, шеъриятдан билим беради. Ўтган асрнинг 50-60 йилларигача шоиранинг ўқувчилари, қиз набиралари тез-тез йиғилишиб, шеърхонлик қилишар, адабий суҳбатлар, мушорилар ўтказишган. ХХ аср бошларида Мингтепада ғазалхонлик,     шеърхонлик кенг ёйилган бўлиб, бу эса ўша давр аёлларининг маънавий комиллиги, фозила ва оқила бўлганидан далолат беради.

ХIХ асрда  аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан махрум бўлган бир даврда кўплаб адолатсизликларга қарши туришга ўзида куч, матонат топиб, маърифатга, манавиятга ошно бўлган Самарбонунинг ижоди ва ҳаёти биз ёшларга ибратдир. Қолаверса, у миллатимз аёлларининг ёрқин томсолларидан бири сифатида қалбларимиздан муносиб жой олади.

 

Гулноза ХОШИМОВА, Андижон шаҳри.  

ШУКРОНАЛИК

(20-сон) Мушоҳада

Кенг ўрмон яқинидаги кичик бир қишлоқда икки ўтинчи яшар экан. Улар тонг сахарда ўрмонга ўтин тергани йўл олишар ва терган ўтинларини бозорга олиб бориб сотишар экан.

Бу икки ўтинчи ўз оиласи билан шундай ҳаёт кечираркан.

Ўтинчилар ҳар иккаласи ҳам бирдек меҳнат қилишади. Бири ўзининг топган даромадига ва ўз ризқига шукур келтирар экан, бироқ иккинчи ўтинчи эса шохона ҳаёт кечиришни истар ва  ҳаётидан доим норози бўлиб, нолиб юраркан.

Шу зайлда ойлар, йиллар ўтибди. Биринчи ўтинчининг топганида барака бўлиб, тўкис ҳаёт кечира бошлабди. Буни кўрган иккинчи ўтинчи ҳайрон бўлиб, ўзига ўзи "нега иккимиз ҳам бир хил меҳнат қиламиз-у, аммо мендан кўра унинг ҳаёти яхшиланиб бормоқда" деган саволни берар экан. Саволига ҳеч жавоб тополмай, шеригидан бунинг сабаби нимада эканлигини сўрабди. У шундай жавоб берибди:

- Бунинг сабаби оддий. Мен ўз ишимдан, ҳаётимдан доим рози бўлиб,  берилган ризққа шукур келтириб яшайман. Сен эса аксинча, ишингдан ҳам ҳаётингдан ҳам ҳеч қониқмагансан, шукроналик ҳиссини билмайсан.

Қиссадан ҳисса шуки, борига қаноат қилиб, сабр-тоқат билан меҳнат қилган кишининг ризқига ризқ қўшилиб, топганида барака бўлади. Шукур қилмоқлик фазилатларнинг энг олийси бўлиб, инсонни саодатга олиб боради.

Жумагул МАЛИКОВА,

 

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

АЁЛ, СЕН ЯРАЛДИНГ...

(20-сон) дил туFёни

Дунё ҳам орасталанди,

Пойингни сўроқлаб гул дасталанди,

Қоши ёйинг каби пайвасталанди,

Сенинг, борлигингга минг бора шукур.

Шоирнинг ушбу мисралари аёл ва гўзаллик бир-бири билан уйғун ва чамбарчас боғлиқ эканини англатади. "Дунёни гўзаллик қутқаради" деган ҳикматли фикр ҳам аёлларга қарата айтилган, десак асло муболаға бўлмайди. Ахир аёл - поклик, гўзаллик ва меҳр-муҳаббат тимсоли эмасми?

Ҳар бир ўзбек аёли ибо ва ҳаё билан ўзига ярашган либосларни кийиши, момоларимиздан мерос бўлган қошга ўсма қўйиш, кўзга сурма суриш удумларига содиқ қолганликлари ҳам уларнинг саришталиги ва гўзал бўлишга интилишидан далолатдир. Ўзбек аёллари азал-азалдан ўзининг иффати, доно ва оқилалиги, меҳнаткаш ва ҳалоллиги билан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаб келганлар. Уй ва рўзғор тутумида, фарзандлар тарбиясида эътиборли бўлганлиги сабаб кўпчилик олдида ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлган.

Бугун ўзбек аёллари илм-фан, санъат, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзининг иқтидор, истеъдод ва маҳорати билан дунё аҳлини лол этмоқда. Қолаверса, оқилалиги, фидойи ва меҳнаткашлиги, билими ва салоҳияти, ҳаё ва иффати ила  диёримизга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик ҳаваси ва ҳурматига сазовор бўлаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Чиндан-да ҳаё ва иффатни ўзига либос билган, уят ва андишадан юзига парда тўсган, ўз ҳаёти ва умрини оиласи ва фарзандларига бағишлаган зот қандай қилиб эъзозланмасин?! Зеро, ҳалол меҳнати ила омадга эришган ҳар бир ўзбек аёли ҳурмат ва эъзозга, бахтли бўлишга лойиқдир.

 

 

Шоҳидахон ОМОНОВА

ТАРБИЯДА АДАШМАЙЛИК

 (20-сон) Муносабат

Замон тобора тараққийлашиб бораётган бугунги кунда ёшлар тарбияси масаласи барчамизга катта масъулият юклайди. Айни ўқиб-ўрганиш лозим бўлган пайтда айрим ёшлар вақтини беҳуда нарсаларга сарфлаётгани кўпчиликни ташвишга солади.

Айниқса, уяли телефон, интернетдан ўринсиз фойдаланиш фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлиги бор гап.  Аслида ушбу жиҳозлар уларнинг маъанавиятини юксалтиришга, теран фикрлашга, атрофидаги воқеа-ҳодисаларга тўғри ёндашиш, илм-фан  сирларини чуқурроқ эгаллашларига кўмак беришга хизмат қилиши лозим. Тан олишимиз керакки, бугун айрим ёшларимиз уяли телефон ва интернетдан турли ўйинлар ўйнаш, клип ва ҳар хил кинофилмьларни томоша қилиш мақсадида фойдаланмоқда. Бундай ҳолат албатта, уларга наф келтирмайди. 

Тарбия  - жуда муҳим масала. Бу борада адашиш ёки эътиборсизлик вақтлар келиб тузатиб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариш мумкин. Шундай экан, тарбия борасида    фарзандларимизни, ёшлармизни тўғри йўлдан юришларига кўмак берайлик. Жамиятимизнинг илғор кишилари, зиёлилар, айниқса, ота-оналар ва устоз ва мураббийлар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари зарур.

Шаробидин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳри.

МУҚАДДАС МАСКАН

(20-сон) дил туFёни

Киши руҳиятини бир дам ўйга солгувчи хотира майдони ҳазрати инсон дея аталмиш - кўнгли ойнадан-да нозик хил-қатга қандай озуқа беради?

Хотира майдони...

Хотирлашимиз зарур бўл-ган жами ўтган аждодларимиз - ота-боболаримиз,буви-ю момоларимиз мангу қўним топган жой.

Ҳар сўзин қадри дунёларга тенг бўлган халқ, миллат    тинчлиги йўлида жон фидо қилган жондан азиз Ватандошларимиз номлари зикр этилган тарих битилган майдон...

Кўз очиб юмгунча ўтиб кетгувчи умр мобайнида инсон нималарга улгуриб, келажак авлодига нима қолдира олди? Ана шу ўлмас меъроснинг аҳамиятини англай олсак, унинг инсониятга ибрат бўладиган жиҳатларига ҳавас билан боқмоқликни қалбимизга жо эта олсак, бу масканнинг бизга бергувчи неъматидан баҳраманд бўла оламиз.

Донолар кишининг хасислигини қабристон олдидан ўтиб бора туриб, ўтганларнинг хаққига дуо қилмаслигидан билиб олар эканлар. Улуғ миллат авлодлари сифатида биз нафақат қабристонда, балки борар ҳар бир манзилимизда, ўтганларнинг хаққига дуо қилайлик. Хотира майдонини обод айлаб, ўзимиз учун руҳий қувват оладиган муқаддас масканга айлантирайлик.

 

Саида ЗИЁ

ЯХШИ ИНСОН ЁДИ

Хотира - учмас туйFу

Баҳор мангуликка кетган инсонлар қўним топган макон - қабристонлардан бошланади. Хотира эса қабрлар устида очилган қип-қизил лолақизғалдоқларнинг шивири -  майин шаббода билан ҳамоҳанг тебранади.

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида мен учун азиз бўлган инсон хотирасини ёд этиш, ҳаққига дуо қилиш учун қабристонга йўл оламан. Қабри устида турар эканман, у кишининг самимий чеҳраси, ҳаёти давомида амалга оширган    хайрли ва ибратли ишлари кўз ўнгимда намоён бўла бошлайди. Унинг ҳаққига дуолар ўқийман.

Бу инсон асли қирқ йиллик умрини банк соҳаси ривожига бағишлаган, ўзининг меҳнатсеварлиги, ишига фидойилиги, ишбилармон, талабчан ва масъулиятлилиги билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган устозим Ўлмасхон опа Хўжамбердиевадир.

Опа мен каби жуда кўп соҳа ходимларига устозлик қилган, ишнинг паст-баландини ўргатган, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун қўлидан келганча самимий ва беминнат кўмак берган инсон эди. У 1976 йилда Тошкент молия кредит техникумини тамомлаб, Андижон туманидаги омонат касса бўлими (ҳозирги Халқ банки Куйганёр филиали)да оддий назоратчи вазифасида иш бошлаган. Кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институтининг Андижон филиалида сиртдан таҳсил олиб, билим ва маҳоратини янада оширди.

Барчага бирдек самимий, меҳрибон ва сахий Ўлмасхон опа фаолияти давомида оддий назоратчиликдан мутахассис, бўлим бошлиғи, раҳбар ўринбосари, банк бошқарувчиси даражасига кўтарилди.  Умрининг охирига қадар эса кредит бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат қилди. У асосий иш билан бирга, жамоатчилик асосида Акциядорлик тижорат "Халқ банки" Куйганёр филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида ҳам  кўп йиллар самарали фаолият юритди. Ишчи-хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида жуда кўп ишларга бош-қош бўлди.

Катта касбий ва ҳаётий тажрибага эга бўлган Ўлмасхон опа кўплаб шогирдлар етиштирди, уларга ўзининг яхши ҳислатларини сингдира олди. У кишининг сабоғини олган Ферузахон Қосимова, Дилдорахон Собирова, Азизахон Азизова, Нодирбек Пармонов сингари кўплаб шогирдлари ҳозирда опанинг изидан бориб, хайрли ишларини давом эттиришмоқда.

Ҳа, яхши инсон ёди яқинлари, уни таниган, билган инсонлар қалбида бир умр сақланиб қолади. Унинг яхши ҳислатлари, эзгу амаллари ёшларга ибрат бўлади. Ўлмасхон опанинг ҳам ҳаёти кўплар учун ибрат мактабидир. Устозимизнинг хотираси шогирдлари қалбида умрбод сақланиб қолади.

 

Олтиной ҚУРБОНОВА,

Акциядорлик тижорат "Халқ банки"

 

Куйганёр филиали касаба уюшма қўмитаси раиси.  

САОДАТХОН АЯНИНГ САОДАТИ

(20-сон)  Фахрийлар фахримиз

Булоқбоши туманидаги Хонтепа маҳалласида бир файзли хонадон бор. Ушбу хонадонга ташриф буюрган ҳар бир киши ҳовлидаги анвойи гулларни кўриб, баҳри дили очилади. Инсон қўли билан яратилган гўзалликдан, мўъжизадан баҳра олади.

Ушбу гулларни хонадон бекаси Саодатхон ая Сатимова кенжа келини Дилбархон билан парваришлайдилар. Шунинг учун ҳам маҳалладошлари аяни "гулчи Саодатхон ая" деб атайдилар.

Айни кунда ўзининг 76 ёшини қарши олган онахон ёшлигидан гулга меҳр қўйган, гул парваришининг ҳадисини олган. Аянинг  меҳнатсевар,  серҳаракат ва жонкуярлиги унинг ишга муносабатидан, юз-кўзидан шундоқ билиниб туради. Онахон узоқ йиллар тумандаги турли хўжаликларда самарали меҳнат қилди. Қаерда ишламасин фаол ва илғор теримчи, тажрибали пиллакор сифатида ўзини кўрсатди.

- Инсонни меҳнат улуғлайди, - дейди биз билан суҳбатда Саодатхон ая Сатимова. - Болалигим урушдан кейинги оғир даврларга тўғри келган. Олти-етти яшарлигимдан онамнинг ортидан юриб, унга кўмаклашардим. Эллигинчи йиллар ҳам анча оғир ўтган. Умуман, ҳаётимда нима оғир иш бўлса бажардим, меҳнатдан ўзимни олиб қочмадим. Шукрки, меҳнатларим ортидан ҳурмат-эътибор топдим, кам бўлмадим.

Саодатхон ая турмуш ўртоғи Ҳалимбек ота билан 8 нафар фарзанд - 5 ўғил, 3 қиз кўрдилар. Афсуски, бу кунларни кўриш Ҳалимбек отага насиб этмади. Ота қарийб йигирма йиллар аввал оламдан ўтгач, фарзандлар тарбияси, рўзғор ташвишлари Саодатхон аянинг зиммасига тушади. Қанчалик қийин бўлмасин, онахон рўзғор камини бут қиламан, деб тиним билмади, фарзандларининг ўқиши, бекам-у кўст яшашлари учун меҳнат қилди, фарзандларини ўқитди, уйли-жойли қилди. Ўғиллари Мирзажон, Муҳаммаджон, Маҳмуджон, Аҳмаджон, Акбаржон, қизлари Салимахон, Майрамхон, Марғубахонлар ҳозирда турли соҳаларда самарали фаолият юритадилар, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб камол топганлар.

Бугун фарзандлари меҳрибон оналарини кўкларга кўтаришади. Саодатхон ая   фарзандлари, 27 нафар невара, 25 нафар чевараси ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Онахон уларни жони дилидан суйиб, эркалайди, фарзандлари ҳаққига, юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз тўкинлигини сўраб, дуолар қилади.

Саодатхон ая меҳрибон она, севимли буви, шунингдек, ардоқли қайнона ҳамдир. Беш нафар келиннинг бирортасига қаттиқ гапирмаган, аксинча хато-камчиликлари бўлса яшириб, уларни ўз йўриғига сола олган ва ҳаётнинг паст-у   баландларини ўргатди. Шу боис ҳам келинлари Саодатхон аяни ўз оналаридек яхши кўришади, ҳурмат қилишади.

Онахон уй ишларида жонкуяр бўлибгина қолмай, маҳалланинг фаолларидан бири ҳамдир. У маҳалладошларининг аҳил-иноқ бўлиши, оилалар мустаҳкамлигини, кўча ва гузарларнинг обод, саранжом-саришталигини таъминлашга ҳам  муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу сабабли онахон маҳалла аҳли орасида катта ҳурмат-эътибор топган

Нияти пок, дуогўй Саодатхон ая сингари онахонларимиз бахтимизга соғ-омон бўлсин.

 

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 

Булоқбоши тумани Маънавият тарғибот маркази "Фахрий аёллар билан ишлаш" гуруҳи раиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси.

САХОВАТ ДИЛНИ ПОКЛАЙДИ

(20-сон)

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган отин аёллар ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш кунига бағишланиб, Андижон шаҳридаги "Саховат уйи"да "Саховат дилни поклайди" деб номланган тадбир ўтказилди.

 "Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, халқимизга хос инсонийлик, саховат, кўнгли ўксик дилларга меҳр-оқибат кўрсатишдек хайрли амалларининг намунаси сифатида ташкил этилган тадбирда "Саховат уйи"да яшаётган отахон ва онахонлар, хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, отин аёллар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Қосимова, вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова бошқалар барчани байрам билан муборакбод этиб, юртимизда кексаларни, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шаҳаримиздги маҳаллаларнинг отинойилари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир ҳам  тақдир тақазоси билан "Саховат уйи"да яшаб келаётган, яқинлари меҳрига муҳтож отахон ва онахонлар қалбига шодлик, қувонч улашди.

Ушбу масканда яшаётган инсонлар билан суҳбатлашар эканмиз, яратилган шарт-шароитлар, қулайликлардан айниқса, бу ерда уларга хизмат қилаётган ширинсўз шифокорлар, ҳамширалар, бекалардан беҳад мамнун эканликларини яширмадилар. Тўғри, бу ерда ҳамма нарса муҳайё, яшаш учун барча шароитлар бор бўлса-да, яқинлари меҳрига, ширин сўзга интиқ бу инсонларнинг кўнглини кўтаришга интилдик. Илоҳим, ҳаётда ҳеч қачон  ота-она  фарзандлари меҳрига, болалар эса ота-оналари меҳрига зор бўлиб яшамасин.

Меҳр-оқибат, саховат, инсонийлик яратганнинг бандаларига инъом этган улуғ неъматларидир. Қаердаки, ана шу амаллар устун бўлса, ўша ерда файзу-барака, тинчлик-хотиржамлик ҳукм суради. Шукрлар бўлсинки, бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида ана шундай эзгу ишлар ва амалларга гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бу каби ишлар кўлами кундан кунга ортиб бормоқда. Шу боис ҳам юртимизда қут-барака, тинчлик-осойишталик бор. Илоҳим, тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, аллоҳ Ватанимизни турли офату балолардан асрасин. Одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат, одамийлик ришталари янада мустаҳкамлансин.

Тадбир давомида "Саховат уйи"да яшовчи инсонларга турли совға-саломлар топширилди. Дилдан қурилган суҳбат, уларнинг кўнглига хушнудлик ва кўтаринки кайфият улашди.

Хосиятхон МАМАЖОНОВА,

 

Андижон шаҳар бош отинойиси.

МУСТАҲКАМ ОИЛА - ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

(20-сон) 15 май - Халқаро оила куни

Юртимизда оила азал-азалдан юксак қадрланган. Айниқса, истиқлол йилларида оила аталмиш маскан янада сайқал топди.    Халқнинг, миллатнинг ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи муқаддас маскан бўлган оиланинг жамиятдаги роли, ўрни, нуфузи ортди.

Маълумки, юртимизда оилани мустаҳкамлаш, унинг муаммоларини ўрганиш, умуман, оила билан боғлиқ масалаларга алоҳида аҳамият қаратилади. Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил, 2 февралдаги "Республика "Оила" илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан Республика "Оила" илмий-амалий маркази, вилоятларда эса марказнинг бўлимлари ташкил этилган ва самарали фаолият юритиб келмоқда.

Марказнинг асосий мақсади, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдан иборат. Шунингдек, оилани ҳар бир аъзосининг ҳуқуқий, тиббий, психологик саводхонлигини ошириш, муаммоларини илмий тадқиқ этиш ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Марказимиз оила саломатлигининг тиббий, биологик асослари, оиланинг репродуктив фаолияти, оила психологияси, маънавияти, оила ва ҳуқуқ асослари, демография ва оиланинг ижтимоий, иқтисодий истиқболи асосларини ўз ичига олган йўналишларда фаолият олиб боради.

Жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида оилалардаги ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг тиббий кўрикдан хабардорлиги, унинг мазмун-моҳиятини қай даражада тушунишлари юзасидан сўров ва социологик тадқиқотларнинг, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган тадбир ҳамда давра суҳбатларининг ўтказиб келинаётганлиги бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Халқаро оила куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари, Маънавият тарғибот маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари,  "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши билан ҳамкорликда вилоятимиздаги таълим муассасаларида, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида "Оилада соғлом муҳитни шакллантириш", "Оилавий тадбиркорни ривожлантириш", "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш", "Миллат саломатлиги - келажак пойдевори", "Ижтимоий иллатларнинг оилани барқарор ривожланишига салбий таъсири", деб номланган маънавий - маърифий тадбирлар ҳамда мустаҳкам оилаларни шакллантириш ва оиладаги фаровонлик обод турмуш асоси эканлигига бағишланган "Оилавий тадбиркорликнинг оила фаровонлигидаги роли", "Тиббий кўрикнинг аҳамияти: эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари" мавзуларида давра суҳбатлари ва учрашувлар, олий ўқув юртлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида "Ёш оила қурувчилар" танлови, "Менинг оилам", "Оила муқаддас даргоҳ" мавзусида иншолар танловлари, "Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги" асосида "Бир болага етти қўшни ота-она" мавзусида ота-оналар иштирокида мулоқотлар, "Оталар йиғинлари" ўтказилиб келинмоқда. Шу кунларда "Бахтли оила сари" танлови ўтказилади.

Бугунги кунда вилоятимизда 768   мингдан зиёд оилалар истиқомат қилади. Уларнинг 21 фоизини ёш оилалар ташкил қилади. Бир йилда 30-32 мингга яқин оила фарзандлари никоҳдан ўтадилар. Бир кунда эса 50-60 нафар янги оилалар барпо бўлади. Оилаларнинг мустаҳкам бўлишида ФҲДЁ бўлимлари қошидаги "Оила дорилфунини" ўқув  машғулотларининг йўлга қўйилганлиги ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган "Ота-оналар университетлари", "Яраштириш комиссиялари"нинг роли муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мухтасар айтганда, жамиятимизда оилалар мустаҳкам бўлсагина, юртимиз янада юксалади, тинчлик-осойишталик, барқарорлик ҳукм суради. Шундай экан, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун бўлимимиз томонидан зарур барча ишлар олиб борилади.

 

Дилдорахон САМАТОВА,

 

"Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими директори.