+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МАШИНАСИ РАНГИГА ҚАРАБ АЁЛЛАРНИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИНИ БИЛИБ ОЛИШ МУМКИН

Инсон руҳияти

Инсон руҳиятини ўрганиш, айниқса, аёлларнинг феъл-атворларини аниқлаш бўйича олимлар қатор тадқиқотлар ўтказганлар. Бунинг натижасида аёлларнинг феъл-атворларини улар танлаган машина рангларига қараб ҳам аниқлаш мумкин экан.

Қора рангли машиналарни ёқтирувчи аёллар жамиятда нуфузни биринчи ўринга қўядилар. Уларда раҳбарлик салоҳияти юқори бўлади, ташкилотчиликни яхши кўрадилар, тозалик, саранжомликни суядилар.

Кўк рангдаги автомобилни маъқул кўрувчилар табиатан оғир, аммо ҳаракатли инсонлар бўлишади. Бироқ улар ўзларини ўзгалардан устун қўядилар.

Яшил рангдаги автомобиль эгалари тажрибали, табиатни севувчи, ишбилармон, узоқни кўзлаб иш юритувчи аёллардир.

Қизил рангли автомашина танлаган аёллар ҳиссиётли бўлишади, ҳамиша юқори чўққиларни кўзлаб яшайдилар, машҳурлик, таниш-билиш орттиришга қизиқишлари юқори, мартабага интилиб яшайдилар.

Оқ рангли машина соҳибалари ҳам жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилишади, келажакни кўра оладилар ва омадсиздик уларни эсанкиратиб қўймайди.

Кумуш ранг машинани ёқтирувчидар жамиятда ўз ўрнини тўғри баҳолайдилар, қатъиятли, айтган ишидан қайтмайдиган аёллар бўлиб, бироз мақтовга ўч бўлишади.

Озодахон ОЛИМОВА

 

тайёрлади.

Онамнинг уйи

(Ҳикоя)

- Ким бор, аяжо-он?  - Дилсўз қия очиқ дарвозадан ичкарига қадам қўя туриб овоз берди. - Аяжон, келинпошша...

- Келавер, қизим, бу ердаман!..- Дилором ошхонадан бошини чиқариб жавоб қилди. - йўқлашларингдан айланай, ўзимнинг она қизим...- Қўлини сочиққа артганча уст-бошини тўғрилаб қизига пешвоз чиқди. Дилсўз онасини қучди:

- Ассалому алайкум, аяжон. Яхшимисиз? Дадам яхшимилар? Укам, келинпошша...

- Шукр, қизим. Ҳаммамиз яхшимиз. Ўзинг, куёв, болалар, қайнота-қайнонанг яхшими? Соғ-саломат ишлаб юрибсанми?

- Ҳа, шукр, ҳаммамиз яхшимиз. Бугун дарсим тушдан      кейин бошланади. Куёвингизни ишга, болаларни мактабга, боғчасига кузатиб, сизга иссиқ нон, кабоб олиб келдим, аяжон. Келин чой қўйворса, аёллар ўтириб бир кабобхўрлик қилардик...

- Ўзим чой қўяман, жоним. Келин кеча онасиникига кетганди...

- Онасиникига?! Тинчликми, нега? Беш кун олдин келганимда ҳам уйда йўқ эди, онасиникига кетганди, тинчликми, аяжон? Мен билмайдиган нима гап бор ўзи?!

- Болам-ей, - қизининг қўлидагиларини олиб уйга бошлади Дилором. - Янги келин ахир, уям сенга ўхшаб онасининг ёлғиз қизи, тез-тез хабар олиши керак. Онасини соғинади-да, болам.

- Ая!.. - Дилсўз қизишиб кетди. - Мен ҳам келин бўлганман, мен ҳам сизни соғинганман, айтганингиздай сизларнинг ёлғиз қизингизман. Бунинг устига келинингизга ўхшаб етти маҳалла нарига эмас, шундоқ кўчамизнинг бошига келин бўлиб тушганман. Тўйдан кейин бир ой ўтиб уйга келиб, ётиб қоламан деганимда  сиз рухсат бермагандингиз. "Сен энди бу уйга фақат меҳмонсан, чин уйинг- эрингнинг уйи. Ота уйингдан сенга наф йўқ" дегандингиз. Уч болали бўлибманки, шу гапингиз эсимдан чиқмайди...

- Тўғрисиям шу-да, қизим. - Дилором хижолат чеккандай кулимсиради: - Ичкарига кир, остонада туравермай.

- Тўғрисиям шу бўлса, аяжон, келинингизга ҳам айтсангиз-чи? Келин бўлиб тушганига уч ой бўлгани йўқ, қачон келсам онасиникида бўлади. Эҳ, укагинам-а, қандай қизлар тегмасди унга...

- Яна бошладингми? - Дилором ҳам қаҳр, ҳам ранжиш оҳангида эътироз қилди. - Жон қизим, тинч келиб, тинч кетгин! Биламан, ишинг қийин, ўқитувчилик доимий асабийлашишни тақозо қилади. Лекин уйга келганингда инжиқлигингни олиб келма...

- Инжиқлик қилмаяпман, аяжон... - Дилсўз қўлини ювиб, яна жиғибийрон бўлди: - Ая, ҳали ўзингиз кир юваётганмидингиз?!

- Оббо...- Дилоромхон айб иш устида қўлга тушгандай талмовсиради. - Бир- иккита қўл сочиқчалар, дастурхонлар... Одам ҳаракат ҳам қилиб туриши керак-ку?..

- Дадамнинг кўйлаклари, Фарҳоднинг шими... Дастурхон билан сочиқчалар, денг...

- Қизим...

Дилсўзнинг кўзи ёшга тўлди.

- Одам нима учун келин қилади, ая? Бошқаларнинг келинини қаранг, сочи супурги, қўли косов. Мен уни хизматкор қилинг, демаяпман, ҳеч бўлмаса келинлик вазифасини бажарсин!

-      Бўлди!  Бу уйнинг бекаси битта, мен! Сен чиққан қизсан, ўрнингни билиб келиб-кетгин! Келин хизматкор эмас, ўғлимнинг хотини, уқдингми?!

Дилсўз индамади. Чой дамлади. Дастурхон ёзди. Таом устида она-қизнинг гапи қовушмади. Бироздан кейин онаси билан хайрлашиб уйдан кўнгли хира чиқди. Онаси ҳам аслида ўзидан ўтганини ўзи билади. Ўғлини ўйлайди. Яна икки ўғли бор уйланадиган. Одамлар нима дейди, ҳар доим қайноналарни айбдор қилиб ўрганган ғийбатчилар "битта келин билан чиқишолмади", деб маломат қилади. Гап-сўз...

 

***

-      Ойижон, бунча оғир бу халталарингиз, нима солдингиз? - Нигина онаси қўлига берган халталарнинг оғирлигидан малолланди.

-      Оғир эмас, болам, тўртта патир, аканг Россиядан юборган шоколадлардан оз-оздан солдим... Қайнатилган гўшт, олма-анор...

-      Ойижон, уйимизда ҳам нарса бор. Куёвингиз хафа бўладилар. Қайнонамнинг ҳам кўнгилларига ҳар гап келиши мумкин.

-      Ёлғиз қизимсан-да, нима қилай, илинаман. Сенсиз томоғимдан ўтмайди.

-      Тушунаман. Лекин мен ҳам ҳар доим бунақа уйдан нарса ташисам, куёвингиз хафа бўладими, дейман...

Нигина онаси билан хайрлашиб, такси тўхтатиб ўтирди. Юраги харсанг тош осилгандек юкли эди. Ўн кун ичида икки марта ота уйига келиб кетди. Тўйига уч ой тўлди, уч ойдан бери онаси кунда тўрт марта қўнғироқ қилади. Икки гапнинг бирида "Чарчамадингми? Иш кўпми? Яхши овқатланаяпсанми? Ҳеч ким сени хафа қилмаяптими?"... Бу саволлар аввалига Нигинага ғамхўрликдай туюлар, хуш ёқарди. Кейинчалик онасининг сўроқ-саволлари ғашига тегадиган, янги уйга ўрганиб-кўникиб кетишига халақит бераётганини ўйлаб кўнгли хижил тортадиган бўлди. Бирор тансиқроқ овқат қиладиган бўлса ҳам онаси Нигинага қўнғироқ қилади. Уйига меҳмон келса, Россияда ишлаётган акалари қўнғироқ қилса, пул жўнатса ҳам онаси уни чақириб олаверади. Тағинам қайнонаси яхши, кулибгина қўяди: "Майли, қизим, бориб кела қолинг, онангиз соғингандир" деб. Янгалари уч- тўрт ойлаб онасиникига бормайди. Бечоралар эри узоқда, қайнонасидан рухсат олиш учун минг истиҳола билан гап очса, онаси қовоқ -тумшуқ билан рухсат беради.

Нигина йўл бўйи шуларни ўйлаб келаркан, келинлик уйи остонасидан хижолат билан ичкарига қадам қўяркан, уларнинг меҳр-муҳаббатини қадрламаётгандек ҳис этди ўзини. Уйида иш қайнаб ётгани ҳам йўқ. Ҳафтада бир-икки уй тозалаш, ҳар куни бир марта ҳовли супуришни айтмаса, кун бўйи китоб, газета-журнал ўқиб вақтини ўтказади. Тўйдан       кейин куёви ишга ҳам қўймади.

-      Бир оилага ҳамшира керак, ўзимизга, қўни-қўшнига ҳамширалик қиласиз, - деди Фарруҳ. - Туман марказига қатнаб ишлаш осон эмас, ёзнинг жазирамаси, қишнинг совуғи бор. Қийналиб юришингизни истамайман. Сиз менинг жуфти ҳалолимсиз. Опам, укаларимни ўз жигарларингиздай кўриб, ота-онамнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, хизмат қилсангиз бўлгани. Сиздан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайман...

Унаштирилганларида Фарруҳдан бу гапларни эшитганида Нигинанинг юраги  қувонч ва саодатдан ҳапқириб кетганди. Онасига уйда ўтириши ҳам ёқмаяпти:

-      Уйда ўтириб қоласанми? Чўри бўласан-да! Эрта-индин қайнингга ўқиган, ишлайдиган келин туширишса кўнглинг кемтик бўлиб ўтирасанми?..

-      Қайтанга менга уйда ўтириш ёқади, ойижон. - Мен ишсиз эмасман. Ҳамшираман. Чеварман. Уйда ўтириб ҳам ишласам бўлаверади... - Нигина куёвнинг талаби ўзига маъқул келганини яширмади...

... - Келдингизми, келинжон?.. - Нигина ошхонадан чиқиб келган қайнонасини кўриб хижолатданми, хаёлга берилганиданми талмовсираб қолди. Бир лаҳзалик тараддуддан сўнг салом бериш кераклигини эслади:

-      Ассалому алайкум, ойижон! Яхшимисиз? Яхши ўтирибсизларми?..

-      Шукр, келинжон. Биз яхшимиз. Онангиз, дадангиз яхши эканларми?

-      Шукр...- Нигина юзини яширишга уринди. - Салом айтиб юборишди.

-      Саломат бўлишсин. Энди овқатни сузмоқчи бўлиб тургандим. Фарруҳбек ҳам ишдан қайтди. Дадангиз, укаларингиз ҳам бугун эртароқ қайтишди. Қайнатма шўрва солиб қўйгандим. Ҳаммамиз йиғилишдик, энди овқатни сузсам ҳам бўлади...

Қайнонасининг овозида зарда ёки пичинг оҳанги сезилмасди. Қўлидагиларни ошхонага қўйиб, ўзларининг уйига кирди. Куёви ётоқда чўзилиб ётган экан. Саломига ўрнидан қўзғалмай алик олди.

- Нигина, - Фарруҳ ўрнидан турди. - Кеча менга қўнғироқ қилиб онангникига бормоқчилигингни айтганингда рухсат бермагандим, онамга айтиб кетибсанми?

...- Нигина талмовсираб қолди.

-      Онамнинг кўнгли бўш, сени хафа қилишни хоҳламаган. Лекин мен хафа бўлдим. Сенга айтган эдим-а, онангнинг уйидан егулик олиб келма, нима егинг келса, ўзимга айт, олиб келаман, деб. Ҳозир яна оғир халта кўтариб келдинг. Ойда икки марта онангни кўриб келишингга рухсат беришимни айтгандим, бир ой ичида бу бешинчи бора уйингга бориб-келишинг. Шунақами?

- Онам соғинганларини айтиб, чақиртирдилар...

- Нигина, Дилсўз опам узатилганида биз ўсмир бола эдик. Онам "Чиққан қиз чиғириқдан нари, қиз боланинг чин уйи - эр уйи" деб опамга ҳар келишида уқтирардилар. Бирор тансиқ овқат пиширсалар биздан бериб юборардилар. Узатилган қиз ҳадеб ота уйининг йўлини тутаверса, янги уйга кўникиши қийин бўлади. Сенга гапларим ғалати туюлаяптими? Лекин мен бу гапларни сенга айтганим  бошқача, онам ёки опамдан эшитганинг оғир ботади. Онам гапирмайдилар, сенга озор беришни истамайдилар. Шунинг учун ўзим айтаяпман, агар оила қилишни, бахтли хонадон бекаси бўлишни истасанг, икки куннинг бирида ота уйингнинг йўлини тутишни тўхтат. Сен энди оилали аёлсан. Ўз уйинг, рўзғоринг, ўз ташвишларинг бор. Шуни ҳамиша ёдингда тут! Илтимос, сен билан, бошқа бу мавзуда гаплашмайлик!..

Нигина хижолатдан йиғлаб юборгудек ҳолатда ётоққа чўкди. Куёви ҳақ. Пешонаси ярқираган экан, шундай хонадон, қайнота-қайнона, Фарруҳдай йигит. Бу бахтни  қадрлаб, авайлаши керак...

Кечки овқат устида Дилором келини, қудаларини алқаб, дуо қилиб қудағай бериб юборган егуликларни дастурхонга тортар экан, Нигинанинг кўнглидаги ғашлик тумандай тарқаб кетди...

Умида АДИЗОВА

МАҚСАДИМИЗ-ҲАР ЖИҲАТДАН ЕТУК ВА БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ

Ушбу саҳифада Балиқчи тумани Халқ таълими  бўлими тасарруфидаги 8-умумтаълим мактабида таълим-тарбия

самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.

 

Сифат ва самарадорлик - бош масала

Ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни ёш авлоднинг тарбияси, билим салоҳияти ва маънавиятига боғлиқ. Халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳар томонлама етук, эл-юрт корига ярайдиган шахсни камол топтиришдир.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Айниқса, жорий "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"ни амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Мактабимизда "Ота-оналар қабулхонаси" фаолиятининг йўлга қўйилиши таълим-тарбия тизимида муҳим қадам бўлди. 

Айни кунда мактабимизда 630 нафар ўғил-қизга 64 нафар устозлар замон талаби даражасида таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларимиз янги, замонавий ва илғор педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириб боришмоқда. М. Тўйчиева, Ш. Маннопова, С. Қодирова, М. Турғунова, Ю. Эргашева, М. Темирова, Д. Турғунова сингари кўплаб устозларимиз ўзларининг ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар. Улар ноанъанавий услубларда дарс ўтибгина қолмай, ўз сабоқлари орқали ўқувчиларда миллий қадриятларимизга ҳурмат, ёт, бузғунчи ғоялар, зарарли одатларга қарши мафкуравий иммунитетларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Яқинда олий тоифали рус тили ўқитувчиси Д. Бозорова кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда ёш авлод тарбияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Ўқувчиларимизнинг иқтидор ва истеъдодларини ривожлантириш мақсадида ҳар ҳафтада ўтказилаётган "Ҳафта лидери", "Ёш ижодкор", "Ёш ҳунарманд", "Ёш мусаввир", "Ёш спортчи", "Энг фидокор ўқувчи" номинациялари бўйича синфлараро танловлар ўтказилиши кўзланган натижани бермоқда. М. Шодмонов, Н. Камолов, О. Абдупаттаев, Ж. Шодмонов, О. Зайнобиддинов, М. Араббоева сингари ўқувчиларимиз бу борада алоҳида ютуқларни қўлга киритишмоқда. М. Набижонова, М. Юсупова, Д. Усмонов, З. Юсупова, Д. Набижонов каби ўқувчилар эса фанлар бўйича ўтказилаётган иқтидорли ўқувчилар танловининг туман ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни эгаллашди.

Ўқувчиларнинг интеллектуал, маънавий-маърифий билимларини ошириш, ҳаётимиздаги янгиликлар билан таништириш, ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришда мактабимиз қошида ташкил этилган радиоузел катта роль ўйнамоқда. Ундаги эшиттиришлар орқали ўқувчи ёшларнинг ижтимоий-cиёсий фаоллиги, билимлари янада бойимоқда.  Бу борада етакчи Ш. Эргашевнинг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ.

Зулхумор МАМАТРАИМОВА,

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

ҳар бир бола эътиборда

Юртимизда таълим соҳасидаги ўзгаришлардан бири муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 11 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилишидир.

2016-2017 ўқув йилида мактабимизнинг 9-синфларини 51 нафар ўғил-қиз тамомлади. Улар билан йил давомида таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш бўйича ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан мактабда ёки касб-ҳунар коллежида таҳсилни давом эттириш ҳақида суҳбатлар ўтказилиб, келгусида ўз танлови бўйича таълимни давом эттиришларига кўмак берилди. 

Ҳозирги кунда 45 нафар ўқувчи ўз хоҳишига кўра 10-синфда таҳсил олмоқда. Уларга барча фанлар бўйича дарсликлар етказиб берилди. Улар қандай касб-ҳунарга қизиқишлари ҳисобга олиниб, қўшимча  машғулотларга жалб этиляпти.

Мактабимизда "Мактаб- маҳалла-оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир ўқувчининг руҳияти, оилавий шароити ўрганилиб, назорат қилиб борилади. 1-cинф ўқувчиларининг мактаб ҳаётига мослашувига ёрдам кўрсатамиз. Ўсмир ёшдаги болаларнинг руҳияти ўзгарувчан бўлишини ҳисобга олган ҳолда улар билан тез-тез cуҳбатлар ўтказиб борилмоқда, руҳиятида ўзгаришлар сезилган ёки оиласида турли муаммолар юзага келган ўқувчиларнинг тушкунликка берилишини олди олинмоқда. Бу саъйи ҳаракатларимиз натижасида ўқувчиларимиз билан боғлиқ салбий ҳолатлар умуман, қайд этилгани йўқ.

Маъмура ЭРГАШЕВА,

мактаб педагог-психологи.

 

Фаол қизлар сафи ортмоқда

Мактабимизда 48 нафар хотин-қиз меҳнат қилади, 320 дан зиёд ўқувчи қиз таҳсил олади.  Жамоамизда ишловчи опа-сингилларимиз иш шароитларини яхшилаш, нафақат ишда, балки, уларнинг оилаларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича уларга зарур ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз.

Мактабимизда ташкил этилган "Қизларжон" клубига барча ўқувчи қизлар жалб этилган. Ҳуқуқшунослар, ички ишлар ходимлари, шифокорлар ва бошқа турли касб эгалари, катта ҳаёт тажрибасига эга онахонлар иштирокида ўтказилаётган клуб   машғулотларида қизларимизга орасталик, пазандачилик, оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар бериб борилади. Кийиниш маданияти, сўзлашиш одоби, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзуларидаги қизиқарли учрашувлар ва давра суҳбатлари ёшларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда. Шу боис ҳам клубнинг фаол қизлари сафи тобора ортиб бормоқда.

Қизларимиз меҳнат фани ўқитувчиси Насиба Хусановадан  миллий каштачилик, тўқувчилик сирларини ўрганиб, туман ва вилоят миқёсидаги танловларда ғолибликни қўлга киритишмоқда. Бу йил "Камалак юлдузлари" танловининг туман босқичида 7-"Б" синф ўқувчиси Зебо Мухторова миллий каштачилик бўйича фахр-ли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди. "Моҳир қўллар" тўгараги аъзолари бўлган ўқувчилар тўқиётган қалпоқча, камзул, пайпоқлар, улар тикаётган кийимларни кўриб ота-оналар ҳам беҳад мамнун бўлишмоқда.

Қизларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини  топа оладиган, билимли, ҳунарли, юксак маънавиятли, гўзал хулқли қилиб тарбиялаш хотин-қизлар қўмитаси  бошланғич ташкилоти фаоллари, айниқса, педагоглар зиммасидаги муҳим вазифадир. Ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

 

Жамилахон ТОШБОЕВА,

Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

 

Жисмоний баркамоллик йўлида

Мактабимизда ўқувчиларнинг жисмоний баркамоллигини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида эътиборга молик ишлар йўлга қўйилган. Шахмат, шашка, футбол, волейбол, стол тенниси каби спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритиб келаётир.

Барча қулайликларга эга, замонавий спорт анжомлари билан таъминланган спорт тўгаракларида юзлаб ўғил-қизлар спорт билан шуғулланишмоқда. Айниқса, Абдуғани Турғунов, Муқаддам  Турғунова сингари жонкуяр мураббийлар раҳбарлигидаги тўгаракларда маҳоратини оширган волейболчи қизларимиз вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишмоқда. Айни пайтда Г. Fаниева, Р. Маматқодирова, Д. Ҳошимова, М. Олимова каби маҳоратли спортчиларимиз вилоят терма жамоаси сафида Жиззахда ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида қатнашиб, вилоятимиз жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшдилар.

Мураббий Нигора Алимова олиб бораётган стол тенниси, Фарҳод Турғунов раҳбарлигидаги футбол тўгараги аъзолари ҳам кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашмоқда.

Ўқувчиларимиздаги ғайрат-шижоат, интилишни кўриб, улар орасидан келгусида халқаро спорт майдонларида Ўзбекистонимиз шуҳратини янада оширадиган умидли спортчилар чиқишига ишонамиз.

  Зиёда РАСУЛОВА, спорт мураббийси.  

 

Ноанъанавий усуллар билан

Иш фаолиятимни бошлаганимга 18 йил тўлди. Изланишларим самараси ўлароқ, туман, вилоят ва республика миқёсида иш тажрибам оммалаштирилди. 2013 йилда ўқитувчилар учун "Сборник тестов по русскому языку" номли услубий қўлланма яратдим. Халқ таълими вазирлиги ва таълим маркази томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилган "Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар" номли тилшунос ўқитувчилар форумида қатнашдим. Форум менга илғор ҳамкасбларим билан тажриба алмашиш, билимларимни янада бойитиш имконини берди.

Ўқувчилар эгаллаётган билимларини кўпроқ ўзлари излаб топишлари, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишлари вa xулосани ҳам ўзлари чиқаришлари уларнинг фаоллигини оширади. "Рус тили фани ойлиги"да ҳам асосий эътиборни ана шу масалага қаратдик. Барча синф ўқувчиларидан тестлар олиниб, ўқувчиларнинг билим даражаси аниқланди. Синфлар кесимида деворий газеталар, бошқотирмалар, "Ким кўп билади?" каби танловларни ўтказилди. "Kластер", "Зинама-зина","Aқлий ҳужум", "Қора қути" каби ноанъанавий услубдаги очиқ дарслар, фан кечалари, "Русские песни", "Мы говорим по русски", "Знатоки русского языка" каби тўгарак машғулотлари ўқувчиларнинг рус тилига бўлган қизиқиш ва билимларини янада оширишга ёрдам бермоқда. Буни ойлик якунида олинган чиқиш тестлари натижалари ҳам яққол кўрсатди.  Ойликни ўтказишда З. Турғунов, Р. Тошмирзаев, Д. Қодиров каби ўқитувчиларнинг хизмати катта бўлди.

 

Дилоромхон БОЗОРОВА,

 

рус тили фани услубий бирлашмаси раҳбари.

Инсоний бурч

Фикр

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг "Юксак маънавият-енгилмас куч" асарида "Бу ёруғ оламда энг буюк  жасорат нима? деган саволга , ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат - бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз." - деб ёзган эдилар.

Маънавий жасорат даҳоларда акс этади. Улар адолат ва ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўйишади. Манбаларда келтирилишича, Хуросон ҳукмдори  Маҳмуд Fазнавий қимматбаҳо ер ости бойликлари калитини топганлиги учун  Беруний ҳазратларига мукофот тариқасида икки туя олтин-кумуш ҳадя этади.

Аллома "Мол-дунё, бойлик мени илм-фандан чал-ғитиб қўяди" - деб, мукофотни қайтариб юборган экан. Xудди шунингдек, улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой инсонларга қирғин келтирувчи модда - "динамит" ишлаб чиқариш ва сотишдан келадиган даромад асосида таъсис этилган Нобель мукофотини рад  этган экан.

Мана шундай буюк зотлар, даҳоларнинг маънавий жасоратлари бизни ҳам улардек бўлишга ундайди.

 

Дилобар Муҳаммадсолиева

ЭҲСОННИНГ КЎПИ ҲАМ, ОЗИ ҲАМ ЭҲСОН

Яқинда маҳалламиздаги хонадонлардан бирига эҳсонга айтишди. Ёши катта  аёллар тўпланишиб, айтилган хонадонга бордик. Дастурхон турли ноз-неъматлар билан тўла, келинлар хизмат қилиб юришибди.

Кириб ўтиришимиз биланоқ икки донадан иссиққина сомса олиб келинди. Сўнгра ярим косадан суюқ овқат тортилди. Суюқ овқатни ичиб бўлгач, дастурхондаги ноз-неъматлардан тановул қилиб ўтирдик. Яқин қўшнилар пишириб чиққан шекилли, келинлар манти олиб киришди. Манти эгасини дуо қила-қила, ундан ҳам тотинган бўлдик. Шу билан бўлди, деб ўйлагандим,  аммо уй эгаси "ошни келтираверишсинми?" деб қолди. Қоринлар тўйиб бўлган, ошқозонда ошга жой йўқ. Эҳсон қилган одамнинг ҳурматидан ноилож, келтирилган паловдан бир-икки қошиқ насиба олгандек бўлдик. Бироқ, қанча овқат ортиб қолди...

Зиёфатнинг якунида икки аёл сават кўтариб кириб келишди. Биринчи саватда ки-йимлик материал, иккинчи саватда эса идиш-товоқлар бор эди. Аёллар саватдаги нарсаларни тарқата бошлашди. Бир аёлга материал билан идиш-товоқ, яна бошқасига идиш-товоқнинг ўзи, баъзи аёлларга эса дурра  тарқатилди. Аслида бу нарсаларни тарқатишнинг кераги йўқ эди. Ахир уй эгалари шунча овора бўлиб, маҳалладаги аёллар учун турли хил таомлар тайёрлаган эдилар. Даврадаги аёллар бир-бирларининг қўлларига қараб, кимга нима берилганини кузатардилар. Ўртада ноқулайлик пайдо бўлди...

Бу биргина ҳолат эмас. Ҳозир эҳсонларимиз ҳам замонамизга яраша, тўкин-сочин ўтадиган бўлиб кетган. Ноз-неъматлар исрофгарчилигини қўя турайлик, эҳсондаги аёлларга мартабасига, тоифасига яраша совға-салом бериш урф бўлган. Маҳалладаги нуфузига қараб, бу     совға-саломларнинг қиймати ҳам турлича. Юқорида айтганимдек, кимгадир қимматбаҳо материал, кимгадир оддий дурра.

Тўй-маърака, эҳсонлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-ҳаражат ҳақида кўп гапираяпмиз. Аммо, маҳаллалардаги бундай ҳолатлар ҳеч камаймаяпти. Бу тадбирларни тартибга солиш отинойи, маҳалла кайвониларига юклатилган. Аммо, энг қизиғи, совға-саломларнинг энг яхшилари аввало, уларнинг ўзларига бўляпти.

Муқаддас динимизда эҳсонни фақат муҳтож одамга қилишлик буюрилади. Ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳақда  жуда кўп ёзилган. "Ҳақиқий муҳтож одам туриб, тўқ одамга берилган эҳсон Ҳақ даргоҳида қабул қилинмайди". Бироқ эҳсон қилаётган одамлар ана ўша зиёфатга айнан муҳтож, кам харажатли оилаларни айтаяптими? Тўйларда тоғора-тоғора ортиб қолган овқатларни қўшнисининг моли-ю, товуғига олиб чиқиб бераётган ўзига тўқ хонадон эгалари маҳалласининг қайсидир бурчагида серфарзанд, кунда бир маҳал қозонни зўрға қайната оладиган камхарж оилалар борлигидан хабари бормикин? Назаримда, аксарият эҳсонлар риё учун,  одамлар кўрсин-билсин учун, "фалончи жуда сахий-да", дея маҳаллада гапиришлик учун қилинаётгандек.

Оллоҳ йўлида эҳсон қилишликни кўнглимизга туккан эканмиз, аввало, бу эҳсонимиз Яратганнинг даргоҳида қабул бўлишини ўйлайлик. Садақанинг ками ҳам, кўпи ҳам садақа! Фақат у кимларга берилишига боғлиқ.

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи

ЁЛҒИЗЛИК

Кечинма

Кунларимнинг давоми йўқдек. Хаёллар ёлғиз овунчим. Юрагимнинг тор қафаслари бузилиб кетгудай. Бу ҳолимга қисмат сира ачинмайди. Зорлигим ўзимга-да душман. Ёлғизлик қалбимни кемирмоқда. Туннинг ўзга макони йўқдек хонамга ўрнашиб олган.

Нигоҳларим толиқиб, ёлғизликнинг зулмат сояси киприкларимга боғланади. Токчада гулдонда турган гулга қарайман. Улар устимдан кулаётгандек гўё. Умидлар узилган бу тунда ғам чоклари сўкилиб, бедаво дард каби инграйди. Аччиқ хўрсинишлар бағримга тош каби ботади.

Барига чидаш керак. Деразадан ташқарига қарайман. Да-рахтларнинг гўё ғамдан боши эгик, силкинади. Руҳимдан яралган бардош буни кўриб, уқаланиб аста пастга тушди. Вужудим карахт. Нима қилишни билмайман. Фақат кутиш, кутиш керак.

Тонг отса, бари унутилади. Бу соғинч ва фироқлар ортга чекинади. Яна умид билан гулга кўз ташлайман. Не ажабки, боягина барқ уриб очилиб турган гул сўлғин тус олибди. Менинг кайфиятим унга ҳам таъсир ўтказмай қолмабди-да. Қисматдошим - сўлғин гуллар ненидир сўзлаётгандек. Уларнинг сўнгги сўзларига қулоқ соламан:

-Ожизлигим туфайли ҳаётим жуда қисқа. Лекин мен умрим борича кулиб туришга, гўзал бўлишга уринаман. Одамларга, кўнгилларга қувонч улашишга интиламан. Бугун умрим якунланади. Сен эса яшашда давом эт. Аммо ғамга, маъюсликка барҳам бер. Акс ҳолда умринг зое кетади, - дея нидо бергандек бўлди ва гулнинг барглари бир-бир тўкила бошлади.

Гулнинг бу нидосини қалбим эшитди. Шунисига ҳам шукур. Тонг отсин, бу ситамларга кўз юмиб, албатта, янгидан ҳаёт бошлайман. Худди гуллар каби гўзал бўлиб, табассум билан яшайман.

 

Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА

ҲАЁ - БУЮК ФАЗИЛАТ

"Ҳаё дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир…Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир".

                                                        А.АВЛОНИЙ

Ҳаё аҳлоқ-одоб фазилатларининг улуғи бўлиб, нафсни ти-йиш, ёмонликни тарк этиш, беҳаёлардан ўзини олиб қочиш, эҳтиёткорлик қилиш ва уялиш, номус, шарафини сақлаш кабиларни англатади. Ҳаё инсон ҳаётининг безаги, зийнати ҳисобланади.

Ҳаё, ибо - комил хулққа эга бўлган киши руҳининг тафаккури, маънавий тимсолидир. Ҳаё - инсон қалбида, туйғусида, ташқи кўринишида намоён бўлувчи, иффат ва назокатини оширувчи ақл-фаросат гулшанининг тоза гули.

Қадим-қадимдан аёл - ҳаё рамзи сифатида қадрланиб келинади. Ривоят қилишларича, ўлимга маҳкум этилганлар орасида бир аёл бор экан. Уларни    қатлга олиб кетишаётганда ҳалиги аёл йўлда ип ва игна беришларини сўрабди.

- Нима қиласан ипу игнани?-сўрабди жаллодлар.

- Тиззамнинг ёнидан чоки сўкилибди, шуни чандиб олай,-дебди аёл.

- Ахир сен ҳозир ўласан-ку! - дебди посбонлар.

- Мен аёлман, шарм-ҳаёимни сақлай. Ўлим сари кетаётган бўлсам ҳам, номусим ҳаққи, ҳалойиқ олдига аёлдай чиқишим керак! - дебди аёл.

Ҳаёли аёл оиланинг номуси, эрининг ҳузур-ҳаловати,   фарзандларининг меҳрибони, одамларнинг дуру гавҳаридир. Ҳаёли аёл хонадон равнақидир. Чунки у оила аъзоларини тушунади, осойишталик билан иш олиб боради. Ҳаётнинг аччиқ-чучукларига чидаб, меҳр ва ишонч билан яшайди. Бундай аёлларни халқи-миз ҳаёли ва вафоли деб билишган. Шунинг учун ҳам қадимдан ўзбек хотин-қизлари учун ҳаё меросий фазилат бўлиб келмоқда. Мана шу маънавий нур билан хонадонларни файзга тўлдирмоқдалар.

Ҳаёли одамларда ростгўй, ширинсўз бўлиш, яхшиликка яхшилик  қайтариш, ўз ёрига вафодорлик қилиш, дўстликни қадрлаш каби бир қанча маънавий- ахлоқий фазилатлар мужассамланган бўлади.

Ҳаё одамларга озор бермаслик, айбу нуқсонларни қидириб, юзига солмаслик ва ўзидаги ёқимсиз феъл ва гапларни изҳор қилмасликдир. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани кўриш, билиш, унинг қадр-қимматини идрок этиш, ўйлаб иш юритиш - бу ҳаё туйғусининг юксак эканлигини кўрсатади.

 

Ҳаё! Мен бу сўзга

Тош қўяман юрагимнинг

Оғриқларидан.

Ва асрайман уни

Қора кўзим 

Қароғларида.

Ҳаё -

Очилмаган гулдир ул

Назокатнинг

Қўриқларида.

Ҳаё - юрагимнинг энг тўрида

Энг мусаффо

Вароқларида.

Ҳар нарсадан баланд,

Ҳар нарсадан қиммат

Ул кўзларнинг нури, гавҳари.

Қай аёлни тарк айласа иффат,

Соврилибди демак баҳори…

 

Инсоннинг ҳаё туйғуси унинг ахлоқий гўзаллиги билан ўлчанади. Ўзбек халқи, аёли жаҳонда ҳаёси, гўзал хулқи билан ажралиб туради. Дунёдаги жуда кўп миллатлар бизга доимо ҳавас билан қарашган. Шундай экан, биргалашиб ҳаё сари борайлик. Ҳаёсизликдан узоқлашайлик.

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон шаҳридаги

 

2-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

НУРАФШОН ЙЎЛИМИЗ МАЁFИ

Дунёдаги ҳар қандай жамият маълум бир қонун-қоидалар асосида шаклланади ва тараққий этиб боради. Агар жамиятда бу нарса бўлмас экан, у таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидаларидан иборат конституцияси мавжуд. Ана шу конституциядан келиб чиқиб, ҳар бир давлат ва жамият ривожланиш йўлидаги мақсад ва вазифаларини белгилаб олади.

Жорий йилда 25 йиллиги нишонланаётган Бош қомусимиз ҳам  халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларини, тараққиёт йўлини ўзида мужассам этган. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизда давлатимиз, халқимиз манфаатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек энг олий тушунча мужассамлашган.

Шахс эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва унга ғамхўрлик қилиш ҳақида бош қомусимизда ўзига хос моддалар мавжуд. Жумладан, Конституциямизнинг 45-моддасида "Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқ-лари давлат ҳимоясидадир", дея қайд этилган ва бу инсонга бўлган ҳурмат-эҳтиром, унинг манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсадга хизмат қилади.

Конституциямизнинг қай бир боб ёки моддасини олиб қараманг, уларнинг узоқ йиллар шаклланган тажрибалар ва чуқур билим асосида яратилганлигига гувоҳ бўламиз. Унинг замирида ҳамма нарса инсон манфаатлари учун хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя мужассам.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон йўлимиз. Унинг ҳар бир сатри юртдошларимизни буюк тараққиёт сари дадил одимлашида маёқдир. 

Шаҳноза АБДУЛЛАЖОНОВА,

Бўз туманидаги 3- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

БУРЧГА МАСЪУЛЛИК, СОFЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ - ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИГА АЙЛАНИШИ КЕРАК,

- дейди шифокор Ойиста Қурбонова.

Аёллар ҳақида гап кетганда, аввало, уларни она, опа-сингил, суюкли ёр сифатида кўз олдимизда гавдалантирамиз. Юртимизда уй юмушларидан ортиб, эл-юрт хизматини уддалаётган, ҳар бир ишда фаоллик кўрсатиб меҳнат қилаётган аёллар ҳам жуда кўп.

Шифокорлик касбини улуғлаб, кўплаб беморлар дардига даво улашаётган, ҳалол меҳнатлари билан эл ҳурматига сазовор бўлаётганлардан бири Ойистахон Қурбоновадир. Айни пайтда Асака тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника мудираси вазифасида фаолият олиб бораётган Ойистахон 1988 йилда Андижон давлат тиббиёт  институтини тамомлади. Дастлаб институт клиникасининг пульмонология бўлими шифокори, кейинчалик Асака прицеп заводида цех шифокори, Асака тумани марказий шифохонаси поликлиникасида ҳудуд терапевти, бўлим мудири, бош шифокор каби қатор вазифаларда меҳнат қилди. 1999-2003 йилларда халқ депутатлари Асака шаҳар кенгашига депутат этиб сайланган.

- Шифокор - дардга дармон бўлишдан ташқари, сабр-бардошли, хушмуомала бўлиши лозим, - дейди биз билан суҳбатда О. Қурбонова. - Қолаверса, у ўз бурчига масъулият билан ёндашиши, ҳаётда соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантиришга жиддий эътибор қаратиши лозим. Қачонки, бурчга масъуллик, соғлом турмуш тарзи ҳаётимизнинг бош мезонига айлансагина, ҳар қандай хасталик ортга чекинади. Фидойиликни, масъулиятни талаб қиладиган  шарафли шифокорлик касбини танлаганимдан мамнунман. Одамларнинг юзида қувончни, соғ-саломатлигидан хурсандлигини кўрсам кўнглим яйрайди.

Ойистахон келин бўлиб тушган даргоҳида ҳам ўзидаги фазилатлар - хушмуомалалик, сабр ва бардош, меҳнатсеварликни намоён қилди. Ўқимишли келин ўзининг юксак маънавият соҳибаси эканлигини исботлади. Қайнота-қайнонаси - Солижон ота ва Турғуной аяларнинг хизматини жойига қўйди. Турмуш ўртоғи Аббосхон ака билан уч ўғилни тарбиялаб, вояга етказди.

- Фарзандларни тарбиялашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, ўғил болалар тарбияси жиддий назорат талаб қилади. Бизнинг кўп вақтимиз ишда ўтса-да, болалар учун албатта вақт ажратардик. Уларнинг ўқиши, юриш-туришидан доим хабардор эдик. Шукрки, фарзандларимиз эсли-ҳушли, одоб-аҳлоқли бўлиб улғайишди. Аброрхон "GM Uzbekistan" қўшма корхонасида назоратчи, Асрорхон Андижон давлат тиббиёт институти неврология йўналишининг 3-босқич магистранти, Абдуллахон Асака туманидаги  55-умумтаълим мактаби ўқитувчиси бўлиб ишлаётганлигидан қувонамиз, - дейди Ойистахон фарзандлари ҳақида ғурур билан сўзлар экан.

Ўзининг самарали меҳнатлари, тиббиёт соҳасидаги фидойилиги учун      Ойистахон Қурбонова туман, вилоят ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш бошқармасининг кўплаб фахрий ёрлиғи ва ташаккурномаларига сазовор бўлган,  "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган.

Аёллар азал-азалдан уйнинг чироғи, гўзаллик яратувчиси, ижодкори сифатида эъзозланади. Улардаги фидойилик, бошқаларни меҳри билан ҳаётдан лаззатланиб яшашга ундовчи фазилати билан ҳам янада улуғдир. Ана шундай фазилат соҳибаси бўлган  Ойистахон Қурбонова сингари аёлларимиз ҳамиша бор бўлсин. Ҳар бир ишда фидойи, матонатли, садоқатли, меҳрибон опа-сингилларимиз бор экан, ҳаётимиз бундан-да гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятимиз меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилди. Бу хайрли ишда туман ва шаҳарлар хотин-қизлар қўмиталари ҳам фаол иштирок этди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакиллари, "Меҳрибонлик", "Мурувват", "Саховат" уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш, ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ташкил этилган ана шу тадбирларда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслиги, халқимиз меҳр-оқибатли халқ эканлиги яна бир бор намоён бўлди.

Байрам арафасида Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси хайрли ишга қўл урди. Қўмитанинг фаол аёллари ва фахрийлари Чернобиль   фожеасини бартараф этишда қатнашган бир гуруҳ фуқаролар, шунингдек, "Ўзбекистон 21 йиллиги", "Кенгаш", "Гулистон", "Бобосаддин" ҳамда "Маориф" маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида яшовчи ногиронлар ҳолидан хабар олдилар. Уларга байрам муносабати билан ҳомий ташкилотлар томонидан тақдим этилган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва рўзғор буюмлари совға қилинди. Ташриф давомида бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга берилаётган эътибор, ғамхўрлик уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида кўмак бўлиши, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА

* * *

Андижон шаҳридаги "Саховат уйи" да ҳам мазкур сана муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. "Саховат уйи - ёшлар эътиборида!" деб номланган акция Андижон шаҳар ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бирлашма ташкилий бўлими бошлиғи Мансурбек Матисаев, "Саховат уйи" директори Отабек Исмоилов, меҳнат фахрийси Мая Усмоналиева ва бошқалар мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларга тенг шароитлар яратиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Андижон Давлат университети талабалари ижросидаги шеърхонлик, саҳна кўринишлари йиғилганлар кўнглини хушнуд этди. Андижон туман маданият уйи қошидаги "Эъзоз" бадиий жамоаси хонандалари Орзибой Мамажонов ва Кимёхон Сайдолимовалар мумтоз қўшиқлари билан даврага файз киритдилар. Тадбир давомида ички ишлар мутасаддилари "Саховат уйи"да истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқароларга янги биометрик паспортларни тантанали равишда топширдилар. Байрам совғалари улашилди.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА

                                                  

* * *

Байрам муносабати билан вилоят ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан бир гуруҳ қўмита фаоллари, ижодкорлар, санъаткорлар, иқтидорли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват уйи"да тарбияланаётган болажонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишдилар.

- Мамлакатимизда аҳолининг бирор бир тоифаси, хусусан, имконияти чекланган инсонлар ҳам давлатимиз эътиборидан четда қолмаган, - дейди "Мурувват уйи" директори Хуршида Халилова. - Шу жумладан, муассасамиздаги болажонлар учун ҳам зарур барча шароитлар яратилган. Бу юртимизда инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигига ёрқин мисолдир.

Санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур болажонларга хуш кайфият улашди, тарқатилган байрам совғалари уларнинг қалбига олам-олам қувонч бағишлади.

Севара ФОЗИЛЖОНОВА

 

* *  *

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан "3 декабрь - халқаро ногиронлар куни" муносабати билан  "Биз бир сафдамиз!" шиори остида хайрия лойиҳаси ўтказилди. Тадбирга вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган 32 нафар ёшлар таклиф этилди. Тадбир аввалида Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, "Ўзбегим" савдо марказига саёҳат уюштирилди. Тадбир қатнашчилари савдо марказидаги болалар ўйингоҳида турли кўнгилочар ўйинлардан баҳраманд бўлдилар, "O'zbegim" раҳбарияти томонидан ажратилган совға-саломлар эса уларнинг кўнглини  тоғдек кўтарди.

 - Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ногирон фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида фармони эълон қилинди, - дейди лойиҳа ташкилотчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Оминахон Ибрагимова. - Мазкур фармонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, камситишга йўл қўймаслик,  жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш каби масалалар қатъий белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрликлари барчамизга ибрат бўлиши керак. Негаки, биз бағрикенг, меҳридарё ўзбек халқимиз. Ўзбек халқи эса ҳеч қачон меҳр-мурувватга муҳтожлардан ёрдамини аямаган. Бугун тадбирдаги болажонларнинг кўзларидаги қувонч ёшларини кўриб, уларга оз бўлса-да аъло кайфият улашганимиздан хурсанд бўлдик.

Хайрия лойиҳаси давомида имконияти чекланган болажонлар "Соғлом авлод" клиникасида малакали мутахассислар кўригидан ўтказилди. Вилоят қўғирчоқ театрида эса кўнгилочар маданий дастурлар ташкил этилди. Хайрия лойиҳаси якунида иштирокчиларга ҳомий ташкилотларнинг  қимматбаҳо сов-ғалари тақдим этилди.

Мазкур хайрия лойиҳасини юқори савияда ташкил этишдаги хизматлари учун бир қатор ҳамкор ташкилотлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирландилар.                                                     

 

      Авазбек АРАББОЕВ