+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Июнь 2018

Норасмий имом беш суткага қамалди

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Жиноят жазосиз қолмайди

Бўз туманида ваколати бўлмаган норасмий имом ноқонуний тарзда шаръий никоҳ ўқиганлиги учун ана шундай жазо олди.

Бўз туманида жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларни янада     ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Суд идоралари томонидан судлов жараёнида қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Бўз тумани судининг сайёр суд мажлисларида 34 та жиноят иши кўриб чиқилди.

- Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди, - дейди жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди раиси Хусниддин Камолов. - Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида судимиз томонидан 34 та жиноят иши ҳамда 8 та жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этиш ҳақидаги ишлар қонунлар доирасида, адолат принциплари асосида кўриб чиқилиб, тегишли тартибда   ҳукмлар чиқарилди. Жиноят ишларининг асосий қисми сайёр судларда кўриб чиқилди.

«Дўстлик» маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикасига давлат чегарасидан ўтиш тартибларини бузган, вояга етмаган қизни алдов йўли билан Қирғизистон Республикаси олиб чиқиб, сотиб юборган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу маҳаллада яшовчи Малика Рўзиматова, Қизлархон Рўзиматова ҳамда Маданият маҳалласида яшовчи Шоирахон Аҳмедованинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Судланувчи М. Рўзиматова Қирғизистон Республикаси Жалолобод областида яшовчи Д. Толибовга турмушга чиққан. Унинг ёнига синглиси Қизлархон, яқин таниши Шоира билан тез-тез бориб турган. Лекин чегарадан ўтиш қоидаларини мунтазам бузиб келганлар. Айнан ана шу жиноят учун Қ. Рўзиматова, Ш. Аҳмедова аввал ҳам судланган бўлиб, уларга жазо тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг амнистия актларига асосан улар жазодан озод этилган. Минг афсуски, бу аёллар ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишонч ва имкониятни суи-истеъмол қилиб, ўзларига тегишли хулоса чиқармадилар.

Ўрганган одатларини давом эттириб, Қирғизистон Республикасига бориб қайтаётганларида, яъни чегарани айланма йўллар орқали бузиб ўтаётганларида чегарачиларимиз томонидан қўлга олинган. Қолмишига улар официантлик қиласан, дея алдов йўли билан бирга олиб кетишган маҳалладоши, вояга етмаган М. исмли қизни Қирғизистондаги танишларига фоҳиша сифатида фойдаланиши учун қолдириб келган эдилар.

Суд ушбу ишни кўриб чиқиб, судланувчи аёлларга нисбатан муносиб жазо тайинлади. Маҳалла аҳли эса маҳалладошларининг жирканч ишларидан огоҳ бўлди. 

Бўз тумани маъмурий судининг «Гузар» маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида эса тумандаги Чашма маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи норасмий имомга нисбатан очилган маъмурий иш ҳам кўриб чиқилди.

Норасмий имом тегишли гувоҳнома ва ваколатга эга бўлмагани ҳолда Гулистон маҳалласида яшовчи, никоҳ гувоҳномаси йўқ, яъни қонуний тарзда никоҳдан ўтмаган  С. ва З. исмли фуқароларга шаръий никоҳ ўқиб, мамлакатимизда бу борада белгиланган тартибларни бузган. Суд содир этилган ҳуқуқбузарлик учун норасмий имомга нисбатан 5 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

Бўз туманида ўтказилаётган сайёр суд мажлислари аҳолини ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этмоқда. Қолаверса, мазкур жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 1442 раз