+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Фев 2023

Эл-юртга наф келтирадиган инсон бўлайлик

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

Дини исломда мўмин бандага ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, қиёмат кунига ишониш, тоат-ибодат қилишлик буюрилади. Яратганга чексиз шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда тинчлик-хотиржамлик, динимизга кўрсатилаётган эътибор туфайли эмин-эркин ибодат қилишимиз учун барча имкониятлар яратилган.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда кишилар ўқишга, илм-фан ўрганишга эътибор қаратишлари ҳам муҳим масала ҳисобланади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га Хиро ғорида бўлган илк ваҳий "Ўқи!" деган амр бўлди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга тарғиб билан бошланишида буюк ҳикмат бор эди.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни шу сабаб илм олишга буюрди. "Илм" сўзи билмоқ, ўрганмоқ маъноларини англатиб, Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолар билан келган. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлардан, ҳаромлардан, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: "...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур" ("Мужодала" сураси,11-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) илм ҳақида маъжозий маънода    шундай деганлар: "Имон   ялонғоч бир нарса бўлса, унинг кийими-тақво, зийнати-ҳаё, меваси эса илм". Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) эса: "Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.) га илм ва мол-дунё, подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришди", деб илм ҳақида ўз фикрларини баён этган.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, бизнинг диёримиз аҳолиси ҳамма даврларда илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган. Шу боис уларнинг қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.

Қачонки, ўқиб билим ва дунёқарашимизни ошириб борсак, ибодатимиз ҳам мукаммал бўлади. Қолаверса, интернет тизими ўта ривожланган бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали  тарқалаётган турли ёт ғояларга  қарши иммунитет юзага келади. Бизни, айниқса, ёшларимизни ҳеч ким ўз ғояси билан нотўғри йўлга етаклай олмайди.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари бўлмиш ҳадисларда чинакам билим ва илм манбаси мавжуддир. Зеро, ҳадислар динимизнинг асосини ташкил қилади. Демак, ҳадисларни ўрганмоқлик ва уларга амал қилмоқлик мусулмон киши учун суннат амалига киради. Ҳадис илмини ўрганишимиз бизга катта фахр ва ифтихор баҳшида этади. Негаки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бизнинг она Ватанимиз Қуръон ва ҳадис илмининг марказларидан бирига айлангани маълумдир.

Биз албатта, ватандошларимиз Бухорий, Термизий, Мисоий, Марвазий, Башшор каби муҳаддис олимларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг шарофати билан Қуръони каримдан кейинги асосий диний манба ҳисобланмиш ҳадис  китоблари дунёга машхур бўлди.

Аслида, Қуръони Каримдан кейин динимизнинг асоси қилиб олинган олтита китоб бор. Бу китоблар - "Сиҳоҳи ситта" (олти саҳиҳ) деб аталади. Буни қарангки, уларнинг барчаси она Ватанимиз - Туркистон заминида яратилган. Ислом дунёсида иззат-ҳурматга, эъзозга лойиқ топилган "Саҳиҳи Бухорий", "Саҳиҳи Муслим", "Саҳиҳи Термизий", "Саҳиҳи Абу Довуд", "Саҳиҳи Мисоий", "Саҳиҳи Ибн Можа" ҳадис китоблари динимизнинг асосини ташкил этади.

Абу Исо Термизийнинг "Саҳиҳи Термизий" асарларининг биринчи саҳифасида муаллифнинг қуйидаги сўзлари ёзиб   қўйилган: "Кимнингки уйида шу китоб турса, ўша уйда ҳазрат Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладир". Аллоҳ таоло шу улуғ, муқаддас олтита китобни ўқиб, уларга амал қилганларни барча эзгу мақсадларига етказсин.

«Динимиз таълимотининг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшган, диёримиздан етишиб чиққан яна бир улуғ аллома Замахшарийдир. Замахшарий ҳазратлари ислом оламида «Аллоҳнинг қўшниси - жоруллоҳ» номи билан маълум ва машҳурдир. Бунга сабаб шуки, улар ислом таълимотида маълум ва машҳур бўлган "Ал Кашшоф" асарини Маккаи Мукаррамадаги Каъба рўпарасидаги ҳужрада ўтириб таълиф қилганлар.

Ўқиб, ўрганиш ёш, жинс, вақт танламайди. У ҳар бир мўмин банда учун фарздир. Демак, ибодатнинг афзали тинмай ўқиб, ўрганиб, диний ва замонавий билимларимизни ошириб боришимиз, билганларимизни  бошқаларга ҳам илинишимиз, ўргатишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ҳадиси шарифларнинг бирида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача - барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биз юртимиздан чиққан буюк инсонлар, алломаларнинг меросхўримиз. Улар ёзиб қолдирган асарларни доимо ўқиб, ўрганишга интилайлик. Зеро, жорий йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Ўқиб, ўрганиш, уларга амал қилиш орқали энг аввало, Яратганнинг марҳаматига эришишлик, юртимизга, одамларга наф келтирадиган бандалар қаторида бўлишлик барчамизга насиб этсин.

 

Жакбарали МАНСУРОВ,

Жалақудуқ туманидаги "Иттифоқ" жоме масжиди имом-хатиби.

Прочитано 794 раз
Шу рубрикадаги бошка янгиликлар: « Оила - муқаддас гўша Аёл - мукаррам зот »