+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда

Жараён

 

Вилоятимиздаги танлаб олинган 4 та  - Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод, Избоскан туманидаги Гулистон маҳаллаларида  "Обод маҳалла - обод хонадон - обод кўча" лойиҳаси доирасида ишлар амалга оширилиши белгиланган.

Лойиҳа доирасида оила ва хотин-қизлар йўналишидаги ишларни ташкил этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ходими Гулжамол Асқарова бошчилигида маҳаллаларда олиб бориладиган амалий ва  тарғибот ишлари юзасидан режалар ишлаб чиқилди.

Режага кўра, маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириш, уларнинг шарт-шароитларини ўрганиш,  тиббиёт, санитария соҳаси вакилларидан иборат  отрядларни шакллантириш, фаолларни сафарбар қилиш, меҳнат жамоалари фаолияти билан танишиш, маҳаллаларда радиоузеллар ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, хонадонлар озодалиги, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, хотин-қизларнинг маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, уларнинг саломатлигини асраш, оилаларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш юзасидан тадбирлар ташкил этилиши белгилаб олинди.

Бундан ташқари, ана шу маҳаллаларда "Обод хонадон қандай бўлиши керак?" лойиҳасини амалга ошириш, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, меҳнат ярмаркалари, эҳтиёжманд оилалар вакилалари ва фаол аёллар учун саёҳатлар, аҳолининг ижодкорлар билан учрашувларини ўтказиш ҳам белгиланган.

Республика Ишчи гуруҳи вакили ҳамда вилоят, туман оила ва хотин-қизлар бўлимлари масъуллари Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ  маҳалласида бўлишди. Уларнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан қатор амалий ва тарғибот ишлари амалга оширилди.

Айни кунда ушбу маҳалладаги 545 та хонадон, 823 та оилада 2 минг 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1 минг 200 нафардан ортиғи хотин-қизлардир.

Маҳаллада ободонлаштириш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Бундан катта-кичик беҳад хурсанд. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари, кўчабошилар, маҳалланинг "Оқила аёллар" ҳаракати фаоллари биргаликда маҳалладаги ҳар бир хонадонга кирилмоқда, улар билан суҳбатлар ўтказилмоқда, саломатликлари текширилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли вакиллари иштирокида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, хонадонлар покизалиги ва озодалигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Маҳалладаги "Ширмоной"  хусусий болалар муассасаси, 43- умумтаълим мактаби фаолияти билан танишилди. Педагог ва тарбиячилар, ўқувчилар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Миллий ва замонавий либосларни тарғиб этиш, опа-сингилларимизнинг кийиниш маданиятини юксалтириш бўйича "Атласу адрас хонимлар либоси"  мавзусида тадбир ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Умуман, маҳаллада лойиҳа доирасида амалга оширилиши белгиланган кенг-кўламли ишлар давом этмоқда.

Дилдора ТОЖИБОЕВА,

вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси шўъба раҳбари.

 

Жамоа янги мавсумни бошлади

Театр ҳаёти

З.М. Бобур номли Андижон вилояти мусиқали драма театри ўзининг янги - 104- мавсумини бошлади.

Театр ихлосмандлари, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида вилоят театрининг янги мавсуми бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбирда сўз олганлар томонидан театр санъатининг жамият ҳаётидаги, инсон камолоти ва маънавиятининг юксалтиришдаги ўрни, роли муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Вилоят театри жамоасининг жорий йилдаги ижодий режалари ҳақида маълумотлар берилди.

Театр жамоаси янги мавсумни Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, маҳоратли режиссёр Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилган "Бобур - соғинч" деб номланган спектакль премераси билан бошлади.

Шоҳ ва шоир, олим, улуғ саркарда    Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳаётининг маълум даври акс эттирилган мазкур асарда бош роллар истеъдодли, ёш артистлар, яъни Бобур роли Зафарбек Саидбурхонов, Моҳимбегим роли Маликахон Сатимова томонидан юксак маҳорат билан ижро этилди.

 Янги мавсумда жамоа репертуаридан турли жанрлардаги 30 га яқин спектакль жой олган.

Хосиятхон АБДУРАҲМОНОВА

Камондан отиш: Ўзбекистон кубоги

СПОРТ

Вилоятимизда камондан отиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бошланди.

Андижон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилаётган республика кубоги мусобақаларида Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамиз вилоятлари жамоалари таркибида 17 ёшгача бўлган 100 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борадилар.

Мусобақа очилишида сўз олган Миллий гвардия Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи, Камондан ўқ отиш вилоят федерацияси раиси, полковник Маҳмуджон Ўринбоев, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, Камондан отиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Гулнорахон Арипова мамлакатимизда камондан отиш спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, маҳоратли спортчилар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Тўрт кун давом этадиган республика кубоги мусобақаси иштирокчилари тўрт йўналиш - "олимпик раид", яккалик, "микс" ва жамоавий йўналишларда ўзаро беллашадилар.

Зухриддин УМРЗОҚОВ

Патронаж ҳамшираларига кийим-бош ва сумкалар топширилди

Марҳамат туманида фаолият олиб бораётган 350 нафар патронаж ҳамширасига янги иш кийими, зарур жиҳоз ва воситаларга эга махсус сумкалар топширилди.

Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт тизими ходимларининг иш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли турли хасталикларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва самарали даволаш борасидаги ишлар кўлами ва сифати йилдан-йилга юксалмоқда.

Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасининг асосий бўғини - бирламчи тизим муассасалари, ходимларининг иш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

-      Айни кунда туман марказий шифохонси, унинг бўлимлари ҳамда 6 та оилавий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пункти томонидан тумандаги 180 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда, - дейди Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Мансурбек Режабалиев. - Айниқса, биринчи бўғин муассасалари иш фаолиятини яхшилаш, аҳолини кўрсатилаётган тиббий хизматдан розилигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Патронаж ҳамшираларига кийим-бош ва сумкалар берилиши ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.

Биз ҳамшираларга зарур восита ва жиҳозларга эга янги иш сумкалари берилганлиги энг аввало, фаолиятимиз самарадорлигини оширишга, яъни хасталикларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш кўникмаларини оммалаштириш, фуқароларнинг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилаётган тарғибот ишларини янада юқори босқичга кўтаришга ёрдам беради.

 

Шаҳло ТЕШАБОЕВА,

Марҳамат туманидаги 31- оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси.

 

Устоз, қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин

Тўйхат ўрнида

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Маҳмуджон Ибоев ҳақида сўз кетганида, кўплар қисқагина қилиб у кишини дилкаш, самимий инсон, серқирра ва серунум ижодкор, моҳир журналист, деб таъриф беришади. Ҳақиқатдан ҳам устоз Маҳмуджон ака Ибоев уни билган барча инсонлар тасаввурида мазмунли умр соҳиби, забардаст журналист, таниқли ижодкор  сифатида гавдаланади.

Устоз Маҳмуджон акани қарийб ўттиз йилдан буён билсам-да, у киши билан тўқсонинчи йилларнинг охирларида ўша пайтлардаги вилоят Тадбиркорлар палатаси муассислигида нашр этилган "Палата" деб номланган газета таҳририятида бирга ишлаш жараёнида у кишини нафақат муҳаррир сифатида, балки бағрикенг инсон, ташаббускор, ташкилотчи, талабчан, серғайрат, ўз ишини пухта биладиган мутахассис сифатида кашф этганман, унинг ўзига хос, инсоний фазилатларини ўзимга ибрат қилиб олганман. Ўша даврларда жамиятдаги салбий жараёнлар ҳақида газета саҳифаларида шунчалар кўп асосли танқидий материаллар берилганки, Маҳмуд акадан бошқа киши бўлганида бундай кучли танқидий материалларни беришга журъат этолмас эди.

Тажрибали журналист Маҳмуджон Ибоев 1953 йили 3 сентябрда Булоқбоши туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. 

Меҳнат фаолиятини вилоятимизнинг отахон нашри - "Андижоннома" газетаси таҳририятида бошлаган. 1975-1985 йилларда вилоят газетасида мухбир ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлади. Турли йилларда Қўрғонтепа туманининг "Юқори ҳосил" газетасида муҳаррир, Андижон вилояти касаба уюшмалари нашри - "Адолат" газетасида муҳаррир, Андижон вилояти телерадиокомпаниясида мухбир ва муҳаррир, маълум вақт, "Палата", "Асака ҳаёти" газеталарига муҳаррирлик қилди, республика "Биржа" газетасининг Андижон вилояти бўйича мухбири вазифасида ҳам фаолият юритди.

 Кейинчалик М. Ибоев Ўзбекистон Республикаси Оммавий Коммуникациялар соҳасидаги монитор марказининг Андижон вилояти бўлимининг бошлиғи, "Андижоннома" газетаси иқтисодиёт бўлими бошлиғи, "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖда  муҳаррир вазифаларида иш олиб борган.

Маҳмуджон Ибоевнинг Ўзбекистон тараққиёти, тинчлиги, ислоҳотлар ва демократик ривожланиш истиқболлари, инсон ҳақ-ҳуқуқлари,  миллатлар тотувлигига оид юзлаб публицистик мақола ва очерклари турли йилларда вилоят ва республика матбуот нашрларида чоп этилди. Кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўқилди.

У кишининг ўндан ортиқ китоби чоп этилган. Бадиий-публицистик йўналишдаги "Тупроғи олтин ўлка", "Ёшлик жасоратга чорлайди", "Яшаш бахти", "Улуғвор тоғлар", "Журналист суриштируви", "Инсон - гавҳари азиз", "Эзгуликка ташна кўнгиллар", "Замондошлар", "Омон бўлинг, олисдаги яқинларим" китоблари журналист-адиб сифатидаги кўп йиллик фаолиятининг маҳсулидир.

Самарали фаолияти давомида устоз кўплаб ижодий танловларда иштирок этган, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган. Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокимлиги, қатор бошқармалар, туман ҳокимликлари, касаба уюшмаларининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланган.

Умуман, Маҳмуджон Ибоев қаерда, қандай вазифада ишлашидан қатъи назар, ўз ишининг етук билимдони, тажрибали журналист, ташаббускор раҳбар, самимий ва саховатли инсон, садоқатли дўст сифатида нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топа олган. Бундан ташқари, кўплаб ёш журналистлар, ижодкорларнинг устози сифатида ҳам устозлик мартабасининг энг юқори поғонасига чиқа олган инсон эканлини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.  

Маҳмуджон акага нафақат журналист, ижодкор сифатида, балки ибратли оиланинг соҳиби сифатида ҳам кўплар ҳавас қилса арзийди. Турмуш ўртоғи Гулсорахон ая билан қатор-қатор фарзандларни тарбиялади, ўқитди, эл қаторига қўшди. Устознинг яқинда аёли билан муборак ҳаж сафарини адо этиб  қайтгани ҳам уларнинг яхши инсон, ибодатда мустаҳкам эканликлари учун Яратганнинг мукофоти, десак ҳам асло муболаға бўлмас. 

 Маҳмуджон аканинг фаолияти, инсоний фазилатлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.  Лекин мухтасар қилиб ўзининг муборак 70  ёшини нишонлаётган устозни қутлуғ айёми билан ўзим, қолаверса, газетамиз жамоаси, муштарийлари номидан муборакбод этиб, у кишига тани сиҳатлик, узоқ умр тилайман. Устоз яна узоқ йиллар фарзанд, набира ва шогирдларига дуогўй бўлиб, янги-янги ижод намуналари билан барчамизни хушнуд этади, деб умид қиламиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Гиёҳвандлик балосидан ўзимизни асрайлик

Огоҳлик

"Аср вабоси" ҳисобланган гиёҳвандлик инсоннинг осуда ҳаётига рахна соладиган, разолат сари бошловчи заҳри қотилдир. Бу шундай қуролки, унинг домига илинган киши ҳам саломатлигини, ҳам жамиятдаги ўрнини йўқотади.

Гиёҳвандлик - инсон маънавиятини, ижтимоий-руҳий ҳолатини буткул издан чиқарадиган ғоят хатарли иллат, бедаво хасталик. Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳвандликка мубтало бўлган шахс ўртача йигирма беш йил умр кўради. Гиёҳванд нафақат  ўз соғлигини йўқотади, балки ўз ҳатти-харакатини, гап-сўзларини ҳам назорат қила олмайди.

Гиёҳвандлик нафақат бир шахсни, балки бутун бир   халқни, миллатни йўқ қилиб юборишга қодир бўлган офатдир. Шу ўринда ана шундай иллат нима учун ҳали-ҳануз ҳаётимизни заҳарлашни давом эттиряпти? деган савол туғилади. Бунинг сабабини ўрганган олимлар турли хулосаларга келишган. Ўтказилган тадқиқотлардан шу нарса аён бўлдики, гиёҳвандлар асосан, 16 ёшдан 35 ёшгача бўлиб, аксарияти ўзига тўқ оилалардан экан.

Гиёҳвандлик ижтимоий хавфга ҳам эга. Ушбу офат домига тушиб қолган инсон жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайди, балки бошқаларни ҳам ўз домига тортишга ҳаракат қилади. Гиёҳванд ёшларда ўқишга, ишлашга, умуман, ҳаётга қизиқиш қолмайди. Бу иллатнинг, айниқса, ёшлар ва аёллар орасида кўпайиши катта ижтимоий хавфга эга бўлиб, охир-оқибат инсонни аянчли аҳволга солади.

Минг афсуски, баъзи бир аёллар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиши, уни осон пул топиш, тирикчилик манбаига айлантириб олаётганликлари ўта аянчлидир. Ўз оёғига болта ураётган ана шу тоифа кишиларининг сони кўпайиб бораётганлиги эса янада ташвишлидир. Гиёҳванд-лик даҳшатли, охир-оқибат инсонни ўлимга олиб боради.

Гиёҳвандликнинг бир тури бўлган нашавандлик ўз даврида олим, фозил кишилар томонидан ҳар тарафлама ўрганилиб, унинг асоратлари кўрсатиб ўтилган. Жумладан, буюк табиб Абу Али ибн Сино ўзининг "Тиб қонунлари" китобида нашанинг одам организмига салбий таъсири ҳақида шундай ёзади: "Наша уруғи кўп истеъмол қилинса, бефарзандликка олиб келади".

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш кўп жиҳатдан кенг жамоатчилик, ота-оналар, мактаб, ўқув юртларининг устозлари, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ. Бу борада ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, вақтдан оқилона фойдаланиш, уларни турли тўгарак ва машғулотларга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Энг муҳими, гиёҳвандликка қарши нафақат ўқитувчи ёки нарколог, ички ишлар ходими ёхуд божхона назоратчиси эмас, балки барчамиз ҳамжиҳат бўлиб курашишимиз керак.

Камолиддин ВАЛИЕВ,

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти

ЖҚБ етакчи мутахассиси, подполковник.

Шаҳноза МИРЗАЕВА,

Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, майор.

Талабалар турар-жой олишда қандай имтиёзларга эга?

Буни биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги "Олий таълим муассасалари талабаларини талабалар турар жойи билан таьминлаш чора- тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, 2023Ғ2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг 1-босқич талабалари юқоридаги қарор бўйича давлат хизматлари марказидан ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали ётоқхонага жойлашиш учун ариза беришлари мумкин.

2- босқич ва ундан юқори  босқич талабалари талабалар турар жой учун олий таълим муассасасидаги комиссияга 2023 йил 25 августга қадар ариза беришлари мумкин.

Ушбу Регламентнинг қоидалари хорижий, нодавлат ва ҳарбий олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилган талабалар турар жойларининг хусусий шерик учун тижорий мақсадларда ажратиладиган ўринларига талабаларни қабул қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу регламентга асосан қуйидаги талабалар имтиёзга эга бўладилар.

Имтиёзли рўйхатга қуйидаги мезонларнинг бирига мос келувчи талабалар киритилади:

а) Тегишли тасдиқловчи маълумотлар асосида:

- Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;

- "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри", "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (аёл) фарзандлари;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;

- хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар;

- бир оиладан бакалавриат  босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов- шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;

б) Олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи асосида:

- халқаро ва вазирлик томонидан ўтказиладиган республика миқёсидаги фан олимпиадалари, "Заковат" интеллектуал ўйинлари республика босқичи ғолиблари;

- "Йил талабаси" кўрик-танлови, "Талабалар театр студиялари" танлови республика босқичи ғолиблари;

- талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.

Имтиёзли рўйхатдаги мезонлар тўғрисидаги маълумотлар ариза бериш жараёнида:

"Меҳрибонлик уйлари" тарбияланувчилари, чин етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ахборот тизими орқали;

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими орқали;

"Темир дафтар"га киритилган оилалар ва "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборот тизими орқали;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали;

"Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизими орқали;

1-    босқичга тавсия этилган талабалар тўгрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ахборот тизими орқали билиб олиш мумкин.

Давлат хизматлари марказлари, олий таълим муассасалари ва мутасадди вазирлик ва идоралар ўртасида ахборотлар алмашинуви фақат идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан олинади.

 

Одилжон ИЛҲОМОВ,

            Марҳамат тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази шўъба мудири.

Эрта никоҳларнинг олдини олиш - муҳим масала

Мутахассис минбари

Оила жамиятнинг бир бўлаги, Ватан ичра кичик бир ватандир. Бола илк ва йиллар давомидаги тугал тарбияни аввало, оиладан олади. Фарзанднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишишида оилавий муҳитнинг соғлом бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам ҳукуматимиз келажагимиз ворислари тарбия топаётган оилани мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, оиланинг ҳуқуқий асоси никоҳ ҳисобланади. Никоҳ қанчалик мукаммал, соф муҳаббат асосида, турли манфаатлардан йироқ тарзда тузилган бўлса, оила шунчалик  мустаҳкам бўлади. Бу давлат учун ҳам, жамият учун фақат фойда келтиради. Шунинг учун ҳам  мустақил турмуш бўсағасида турган шахс ота-онаси ва яқинлари ёрдамида ўзига муносиб жуфт танлаб олиши жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 15-моддасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш деб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳдан ўтувчиларнинг илтимосига кўра, никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими бир йилга камайтириши мумкин.

Шунга қарамай айтиш мумкинки, 18 ёшга кирибоқ турмушга чиқаётган қизларнинг оилавий ҳаёти муваффақиятли давом этмаяпти. Бунинг албатта турли сабаблари бор. Аввало, бу ёшдаги қизлар  жисман тўла етилмаган бўлади. Бундан ташқари, бу ёшдаги кўп қизлар ўқув юртларига эндигина кирган бўлади. Табиийки, ҳам оила юмушлари, ҳам ўқиш ташвишлари ёш келинни ҳолдан толдиради. Қолаверса, ота-она хонадонидан оила юмушларига уқувсиз ҳолда келган, қайнона-келин билан муносабатларни яхши ўрганмаган, боз устига, жоҳилроқ қайнона уйига тушган ёш қизда руҳан изтироблар натижасида камқонлик, ҳомилани етказа олмаслик, оқибатда ногирон фарзандларнинг туғилишига сабаб бўлиш ҳоллари ҳам минг афсуски, кузатилмоқда. Шунинг учун қиз болани ота-она  уйида оилага пухта тайёрлаш, қизларни йигирма ёшидан кейин турмушга узатиш ижобий самара беради.

Албатта, оила қурган ёшлар туғилишни қайд этиш қоидаларидан бохабар бўлишлари лозим. Расмий идоралар томонидан тасдиқланган йўриқномаларга асосан, туғилишни қайд этиш учун туғилганлик ҳақидаги маълумотнома, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёки никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.

2023 йилнинг 1 июнидан туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш жорий этилди.

Туғилишни қайд этиш бир ойлик муддат ўтказиб, бола 16 ёшга тўлгунга қадар мурожаат этилган ҳолларда рад этилмайди. Бола бир ёшга тўлгандан сўнг , бола туғилган жойда ёки ота-онасининг бирининг доимий яшаш жойида қайд этилади.

Қонун талабларидан келиб чиқиб, Марҳамат тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил 6 ойи давомида 2 минг 91 та туғилганлик қайд этилиб, ундан 65 та муддати ўтказилиб қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилди. Оталикни белгилаш  бўйича 110 та, ёлғиз оналик бўйича 32 та тегишли ҳужжат  қайд этилди.

Туғилишни қайд этиш жараёнида тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаганда, ФҲДЁ органи томонидан ариза берувчига далолатнома ёзувини қайд этиш рад этилганлиги ҳақида асосли маълумотнома берилади.Тиббиёт муассасасидан ташқарида ва тиббий ёрдамсиз туғилган, шунингдек, тиббиёт муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги маълумотнома расмийлаштирилмаган 16 ёшдан ошган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади. Марҳамат тумани ФҲДЁ бўлими билан васийлик ва ҳомийлик органи ҳамкорлигида 5 та туғилганлик ҳужжатлари судга тақдим этилиб, суд қарори асосида қайд этилган. Шунингдек, туманда қонуний никоҳда туриб, шаърий никоҳдан фарзанд кўрган, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаган фуқароларга тегишли тартибда маълумотномалар тақдим этилган.

 

Муҳайё СОТВОЛДИЕВА,

 Марҳамат тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.

Гуллола Андижоннинг энг ишбиларман аёли

Аёллар тадбиркорлиги

Андижон шаҳрида "Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!" шиори остида  "Ишбилармон аёл - 2023" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик тўйи арафасида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Андижон шаҳридаги Моно марказда ўтказилган танлов очилишига бағишланган тадбирда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик  партияси Андижон вилояти кенгаши раиси Хуршида Халилова сўз олиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади, танлов қатнашчиларига омад тилади.

Дарҳақиқат, партия "Аёллар қаноти" ташаббуси билан "Бунёдкор аёллар", "Ишбилармон аёл", "Намунали томорқачи аёл - фаровонлик бунёдкори!", "Бир депутат - юз аёлга кўмакчи!", "Фаровон оила", "O`zLiDeP фаоли - ислоҳотлар тарғиботчиси!" сингари қатор лойиҳа, танлов ва  акциялар ўтказилаётганлиги опа-сингилларимизни жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда, айниқса, тадбиркорликда янада фаол бўлишга илҳомлантирмоқда.

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, шунингдек, улар томонидан ташкил этилган кўргазмалар кўриб чиқилди.

O'zLiDeP, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгашлари, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси,  Савдо-саноат палатаси вилоят филиали вакилларидан иборат ҳакамлар хайъати иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолаб борди. Баҳолаш жараёнида улар томонидан янги иш ўринлари яратилиши, маҳсулотларининг харидоргирлиги, экспорт салоҳияти, ишловчиларнинг ижтимоий муҳофазаси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Андижон туманидаги Наврўз маҳалласида фаолият юритаётган оилавий тадбиркорлик корхонаси раҳбари, ҳунарманд, декаратив сунъий гуллар устаси Гуллола Маҳкамбоева ғолиб деб топилди.

- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси Г. Маҳкамбоева. - Декоратив сунъий гуллар ясаш билан шуғулланамиз. Оилавий корхонамизда 50 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Маҳсулотларимиз анча харидоргир, шунга яраша олаётган даромадимиз ҳам ёмон эмас.

Танловда иккинчи ўрин Андижон шаҳридаги "Мавжуда гранд люкс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мавжуда Қурбоновага, учинчи ўрин эса Избоскан туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, нақш устаси, зардўз Гулмира Ҳамдамовага насиб этди.

Ғолиблар диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ

Энг яхши ижодкорлар эътироф этилди

"Энг улуҒ, энг азиз" танлови

ндижон шаҳридаги З.М.Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига бағишланиб, "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!"  шиори остида анъанавий "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистон "Тасвирий ойина" уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Танловда 17 нафар шоир ва ёзувчининг 18 та китоби ва  бошқа ижодий ишлари, 24 нафар босма оммавий ахборот воситалари вакилларининг 80 га яқин мақола ва бошқа ижодий материаллари, 30 нафар телевидение ва радио ижодкорларининг 100 га яқин кўрсатув ва радиоэшиттиришлари, 20 нафар интернет-журналистикаси вакилларининг 70 дан ортиқ материаллари, шунингдек, 50 га яқин мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерларнинг 160 дан ортиқ ижодий ишлари кўриб чиқилди.

- Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, - дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпурахон Ортиқова. - Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлиги, юртдошларимиз маънавияти ва тафаккуридаги ўзгаришлар, Янги Ўзбекистонни шакллантириш ва инсон қадрини улуғлаш мавзулари кенг акс этган, шунингдек, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларни, бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган ижодий ишлар, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт номинацияси бўйича икки томли "Мунавварнома" сайланмаси ва "Девон" номли китоблари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Тиллабоева, телерадио номинацияси бўйича "Тараққиёт" телекомпанияси ижодий жамоаси, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, журналистларнинг ижодий ишлари номинацияси бўйича "Қишлоқ ҳаёти" газетасининг Андижон вилояти мухбири Қобилжон Асқаров, интернет журналистикаси номинацияси бўйича Daryo.uz сайти мухбири Умиджон Мамарасулов, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинацияси бўйича фото-дизайнер Хуршидбек Қосимов тақдим этган асарлари ва ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди.

- Танловда мамлакатимизда, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлар, замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти, фаолияти кенг ёритилган ижодий ишларим билан иштирок этдим, - дейди танлов ғолибларидан бири "Қишлоқ ҳаёти" газетаси вилоят мухбири Қобилжон Асқаров. - Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиблар қаторидан жой олганлигимдан беҳад хурсандман. Ушбу эътироф, муваффақият мен, кекса журналистга куч ва илҳом бағишлайди.

Якунда барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик    совғалари топширилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ