+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 23 Май 2021
    ЎҚУВЧИ ҚИЗЛАР БАДИИЙ ГИМНАСТИКА БЎЙИЧА МУСОБАҚАЛАШДИ
    Май – жисмоний тарбия фан ойлиги Маълумки, умумтаълим мактабларида май ойи – жисмоний тарбия фан ойлиги, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ўқувчи ёшларни соғлом…
  • 20 Май 2021
    “Пазанда ходима аёл” кўрик-танлови бўлиб ўтди
    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ишчи гуруҳи ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходима аёллар ўртасида “Пазанда…
  • 25 Апр 2021
    “ЮРАККА КЎМИЛАР АСЛ ШОИРЛАР”
    Андижон туманидаги 41-умумтаълим мактабида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланиб, “Юракка кўмилар асл шоирлар” деб номланган адабий тадбир бўлиб ўтди. Мактаб ўқитувчи,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Ёмғир

Ҳикоя

Чорак соатча йўл бўйида туриб қолган жувон ёнига "Нексия" келиб тўхтади.

- Тавба, дуо кетганми, Қирчага бирорта машина унамаса-я? - жувон орқа тарафдаги бўм-бўш ўриндиққа ўрнашиб олгач, норози оҳангда тўнғиллади.

- Йўли у томонларга тушмагандир-да, мана биз ўша ёққа боряпмиз, - шодон кайфиятда сўз қотди кўринишидан чаққон, қотмадан келган, кўзлари зийрак ҳайдовчи йигит, сўнг қўшиб қўйди, - мана бу акамиз ҳам Қирчага кетяпти.

Машина ўрнидан енгил қўзғалди.

Жувон боядан бери хаёли ўзида бўлмагани учунми ё зеҳн бермаган эканми, ҳайдовчининг қабатида ўриндиқни тўлдириб ўтирган келишган йигитга беихтиёр қарадию, юраги "шув" этиб кетди. Йигит ҳам машина кўзгуси оша ранги ўчинқираган жувонга назар солиб, кўнгли алланечук бўлди. Кўнгил амрига қарши боролмай, чап елкаси оша орқа ўриндиққа ўгирилди:

- Дилноза!

- Ассалому алайкум! - мулзам тортди жувон.

- Яхши юрибсанми, уйдагилар яхшими?

- Раҳмат, яхши.

- Уйларингга боряпсанми?

- Ҳмм.

Бўлди. Йигит бошқа савол бермади. Бояқишгина питирлаб қолган чумчуқ кўйига тушганидан кейин нима қилади азоб бериб. Шусиз ҳам машинага ўтирганидан пушаймон бўлаётгандир қизгина. Орадаги ноўнғай жимликни ҳайдовчининг хуш овози тўзғитиб юборди.

- Ана, ёмғир ҳам ёғди. Кулманглару, мен ёмғирни яхши кўраман.

Йигит юзларида табассум уйғонди. Хомуш кулимсиради. Жувон нигоҳини ойнага қадади. Томчилар. Машина ойнасига урилиб, сирғалиб тушяпти. Йиғи манзараси гўё.

Дилноза бўшашиб кетди. Гурунг ипини очиб юборган ҳайдовчининг самимий сўзларини ҳам, унга жавобан "ҳа" ёки "йўқ" билан кифояланаётган таниш йигитнинг овозини ҳам эшитмади.

Жувон келинчак ёрлиғини олмасидан сал бурун, бўй қизлигида мана шу йигит билан бир маҳаллада яшар эди. Уйлари орасидаги масофа тахминан ярим чақиримча келса ҳам, азбаройи соғинганидан ошиқ йигит Дилнозанинг эшиклари олдидан ҳар куни ўтар, унинг дийдорини кўришга муваффақ бўлмай қайтмас эди. Йигитнинг эътиборини, эҳтимол, кўнгил оромини ўғирлаганини сеза бошлаган қиз ҳам негадир ошиқ келаверган сайин кўчани, дарвозадан нарёқни хоҳлаб қолар эди. Шу кўй бир-бирларига ўрганган қиз-йигит қалбида муҳаббат ғунча очди. Бу ҳол давом этаверса, маҳалла-кўй орасида гап-сўз болалашидан хавфсираган қиз ошиғига ортиқ келмаслигини, аммо ўзи вақти-вақти билан учрашувга чиқиши мумкинлигини айтди. Йигит маҳбубасини тушунди, бир куни уни учрашувга таклиф қилди. Ўшанда ёмғир ҳавоси уфураётган эди. Қиз соябон қўлтиқлаб чиқди. Йигит эса ҳар галгидек яккаш. Қиз хавотирланиб сўради:

- Нега зонтиксиз чиқдингиз, ҳозир ёмғир қуйворса борми?..

- Мен ёмғирни яхши кўраман. Унинг паноҳ бўлгулик қуввати бор. Нимага паноҳ бўлади деб сўрамайсанми?

- Нимага?

- Агар йиғлагудек бўлсанг, кўз ёшларингга қўшилиб, бирга оқиб тушади. Буни ҳеч ким пайқамайди.

- Мен... йиғламайман, - севгилисининг гапларини тўла англамай шошилди қиз. Ҳеч қачон!

- Илоҳим, шундай бўлсин, - қатъий оҳангда деди йигит.

Аммо маҳбуба йиғламасликнинг эпини қилолмади. Барибир аёллигига борди. Йиғлади. Йиғлатишди. Кўзларидан оққан ёшнинг адади ҳам, охири ҳам кўринмади. Аввалига ошиғи юборган совчиларга отаси рад жавобини бергач, аламдан, бахти кемтик эканлигидан йиғлади. Ундан кейин ўзгага боши "боғлангач", кўнглининг эгаси билан ортиқ кўриша олмаганини дилдан сезиб, ожиз қолганидан йиғлади. Тўйи куни оппоқ келинчак либосида суюклисидан тоабад узоқлашаётганини фаҳмлаб, бефаҳм ўтирган турмуш ўртоғи олдида йиғлади. Мана, у ҳозир ҳам йиғлаяпти. Севгидан маст бўлиб, ошиғи билан бирга кезган дамларини эслаб кўз ёш тўкяпти. Муҳаббат таъмини тотган бўлса-да, бу бақадр неъмат узоққа чўзилмаганидан, бир фурсатлик эканидан аламланиб ёш тўкяпти. Ҳозир эса қўл чўзса етгулик жойда собиқ ёри ўтирибдию, аммо унга   бошқа эгалик қила олмаслиги, у фақат юрагининг туб-тубида, хотирасининг энг чуқур жойида қолиб кетганини англаб йиғлаяпти.

"Нексия" бир уй ёнида тўхтагач, йигит машинадан тушди. У Дилнозага сўнгги бор нигоҳ ташлаб, машина эшигини ёпди:

- Хайр!

Жувон собиқ ёрининг ҳамон соябонсиз эканини билди. Яна бир одатий ҳақиқатни ҳам англади: у ёмғирни яхши кўради.

Ҳаял ўтмай, жувон ҳам манзилига етиб келди. Кира ҳаққи учун тараддудланаётган эди, ҳайдовчи унамади.

- Сизга тўлашди. Тушаверинг.

Жувоннинг кўзларига яна ёш келди. Машинадан тушиб соябонини ёзишга ҳам ҳоли келмай, ота-онаси уйи томон оҳиста қадам ташлади. Боши, юз-кўзлари узра томчилаётган ёмғир унинг кўз ёшларига қўшилиб кетди.

 

Умид АЛИ