+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Фев 2017

МИЛЛАТЛАРАРО ДЎСТЛИК ТАРFИБОТЧИСИ

(6- сон)  Ўзбекистон - умумий уйимиз

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Миллий-маданий марказлар юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга  муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаолларини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони билан  республикамиздаги Миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари турли унвон, орден ва медаллар билан  тақдирланди. Улар орасида Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий марказининг жонкуяр аъзоси, Жалақудуқ туманидаги 27-умумий ўртатаълим мактаби директори Умутхон Маматалиева ҳам бор. У фаоллиги ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги самарали фаолияти учун   "Дўстлик" орденига сазовор бўлди.

Мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида  ўзаро дўстона муносабатлар қарор топган. Миллатидан қатъи назар, юртимизнинг ҳар бир фуқароси Ватан равнақи, унинг порлоқ келажаги йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Ана шундай  юртдошларимиздан бири  Қирғиз миллий маданий марказининг изланувчан, ташаббускор, фаол аъзоси Умутхон Маматалиевадир. У фаолияти давомида миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик,  тинч ва фаровон ҳаётимиз барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли амалий ва тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. 

- Умитхон Маматалиева Марказимиз томонидан турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда нафақат ташаббускор, ташкилотчи, балки ўзининг илғор ғоя ва таклифлари билан ҳам яқиндан ёрдам беради, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий-маданий маркази раиси Обиджон Носиров. - Айниқса, туман, вилоят миқёсидаги  "Ўзбекистон-умумий уйимиз", "Миллатлараро тотувлик - Ватан тараққиётининг муҳим омили", "Миллий анъаналаримиз - ўлмас қадриятларимиз" каби фестиваль ва тадбирларнинг сермазмун ўтишида унинг алоҳида хизматлари бор. Умитхон чиндан ҳам мукофотга муносиб аёл.

Умутхон Маматалиева 1966 йилда Жалақудуқ туманида туғилган. 1990 йилда Ўзбекистон Миллий университети (собиқ ТошДУ)ни тамомлаб, кимё йўналиши мутахассислигини эгаллади. Меҳнат фаолияти давомида мактаб ўқитувчиси, илмий бўлим мудири, 2013 йилдан эса Абдуллабий қишлоғида жойлашган 27-умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасида ишлаб, ўзининг ташкилотчи ва ташаббускорлигини намоён этмоқда. Касбининг етук билимдони, талабчан раҳбар сифатида ўқитиш жараёнига илғор ва интерфаол услубларни, фан янгиликларини жорий этиш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг раҳбарлигида изланиб, бугунги кун талаби даражасида иш олиб бораётган мактаб жамоаси кўплаб ютуқларга эришиб, тумандаги илғор мактаблар қаторидан жой олди.

Айни кунда мактабда ўқувчиларга пухта билим берилмоқда, шу билан бирга, "Ораста қизлар", "Моҳир қўллар", "Ёш эколог", "Ёш қутқарувчи", "Камалак", "Дўстлик", "Жаш талант" сингари тўгараклар ҳамда спортнинг бир неча тури бўйича секциялар фаолият кўрсатмоқда. Турли тадбир ва спорт мусобақалари орқали нафақат ўқувчилар, балки қишлоқдаги уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Турмуш ўртоғи Акбарали Хусанов билан аҳилликда яшаб, уч фарзандни вояга етказаётган Умутхон Маматалиева маҳалладошлари, эл-юрт орасида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган. Одамлар билан самимий муносабати, дилкаш суҳбатдош ва фаоллиги учун ҳам кўпчиликнинг меҳрига сазовор бўлган.

- Мен ўзим байналмилал оилада туғилиб, ўсганман. Онам ўзбек, отам   қирғиз миллати вакили. Икки миллат вакилларининг тинч-тотув яшаши, дўстлик, меҳр-оқибат ришталари қон-қонимизга сингиб кетган. Умуман, маҳалламизда байналмилал оилалар жуда кўп, ўзбек ва қирғизлар қуда-анда бўлиб, асрлар давомида аҳилликда яшаб келадилар. Бу дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ҳеч қачон узилмасин. Оддий бир қишлоқ аёли, яъни менинг меҳнатларим қадрланиб, мукофотга лойиқ кўрилганлигимдан беҳад мамнунман. Ушбу мукофот менга янада масъулият юклайди, шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Менинг миллатим қирғиз бўлса-да,  Ўзбекистон фуқаросиман. Шу юрт менинг Ватаним, шу юрт тараққиёти, равнақи,    тинчлиги, фарзандларимиз бахту-саодати учун астойдил меҳнат қиламан, агар керак бўлса, жонимни бахшида этишга тайёрман. Ушбу мукофотни нафақат ўзимга, балки отам-онам, яқинларим, жамоамиз, элимиз, Қирғиз миллий маданий марказига берилган мукофот деб биламан.

Ҳа, икки миллат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро хамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллатлараро аҳиллик руҳида тарбиялаш    борасида сидқидилдан меҳнат қилаётган Умутхон Маматалиевага юксак мукофот муборак бўлсин, деймиз. Юртимиздаги миллатлараро дўстликка, ҳамжиҳатликка асло кўз тегмасин.

Дилдора ХУШБАҚОВА.