+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

НАВОИЙ ВА БОБУРНИНГ ЎЗБЕК АДАБИЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ

(7- сон) Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги

 

Тоғлар бағрида яшаётган одамлар ўша тоғларнинг нечоғлик улуғворлигини ҳис этавермайдилар. Улар тоғлардан узоқлашгач, тоғлар бутун салобати, виқори, буюклиги билан равшан кўрина бошлайди. Навоий ва Бобур ижоди ҳам ана шундай тоғларга, чўққиларга ўхшайди. Улар яшаган замон ва бизнинг давримизни беш асрдан ортиқ вақт ажратиб турибди. Аммо вақт ўтгани сари бу икки буюк ижодкор ижоди нечоғлик бетакрор экани тобора ёрқинроқ кўринмоқда.

Ўзбек мумтоз адабиёти - узоқ ва теран тарихга эга, унинг бағрида минглаб етук ижодкорлар бор. Уларнинг ҳар бири  хазина мисол. Лекин серқирралиликда, сермаҳсулликда, бадиий баркамолликда Навоий ва Бобур ижоди бетакрордир. Илмий ва бадиий ижод оламида шундай ижодкорлар бўладики, улар нафақат ўз халқининг асл фарзанди, миллатининг фахр-ифтихори, шу билан бирга, бутун инсоният учун бирдек қадрли ҳисобланади. Алишер Навоий ва ҳазрат Бобур ҳам ана шундай сиймолар сирасига кирадилар.

Навоий мумтоз адабиёт тарихида лирик, эпик поэзияни энг юқори чўққига олиб чиққан бўлса, Бобур  ўзбек адабиётида наср йўналиши тараққиётида янги саҳифа очди. Бадиий ижоддаги ғоявий йўналишлар билан ижодкорнинг ҳаёт тарзи ҳамиша ҳам мос келавермайди. Бироқ уларнинг ижоди ҳаёт тарзининг ажралмас қисми ёки улар ҳаётини ижод билан тўлдирган ва безаган инсонлардир. Навоий ва Бобурнинг буюклиги шундадир эҳтимол.

Бу икки даҳо ижодкорлар бир замонда яшаган бўлса-да, уларга учрашиш насиб этмади. Шунга қарамасдан, уларнинг ҳаёт йўлларида, ижодида жуда кўп боғлиқлик, муштараклик ва ўзига хос хусусиятларга гувоҳ бўламиз.

 Европада бир нақл бор: Гёте ва Шекспир ижодини билмаган инсон зиёли саналмайди. Шу фикрга қиёсан таъкидлаш  жоизки,  Ўзбекистонда Навоий ва Бобурни, уларнинг ижодини билмаган одамни    зиёли аташ мумкин эмас. Чунки улар умуминсоний қадриятларни куйлаган, жаҳон тан олган ижодкорлардир.  Навоийнинг ижодини юксак баҳолаган улуғ рус шарқшуноси, академик Николай Конраднинг қуйидаги фикрларига эътибор қаратайлик: "Келинг, Алишер Навоийдек шоир бўлганидан қувонайлик. Бизга шундай шоирни армуғон қилган ўзбек халқига раҳматлар айтайлик. Навоийни фақат ўрганмасдан, тадқиқ этмасдан, уни ўқиб юрайлик".

Андижонлик машҳур ватандошимиз ҳақида эса Жаваҳарлал Неру ўзининг  "Ҳиндисоннинг  кашф этилиши" ва  "Жаҳон тарихига бир назар" асарларида қуйидаги фикрларни ёзади: "Бобур - дилбар шахс. Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбирли инсон бўлган. Бобур шу пайтгача улкан маданиятли жозибадор инсонлар орасида энг етукларидан бири эди". Дарҳақиқат, ҳазрат Бобур тарихда адолатли ҳукмдор сифатидагина эмас, ғоят маданиятли, ташаббускор инсон бўлиб гавдаланади.

Навоий ва Бобур ўзбек адабиётига ўзининг ноёб  адабий мерослари орқали улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлардир. Бу икки улуғ сиймо шахсияти доимо мангуликка даҳлдор. Улар ёзиб қолдирган асарлар маънавиятимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган бебаҳо хазинадир. Шундай экан, уларнинг улкан илмий адабий меросини ҳар қанча ўргансак, ҳар қанча тадқиқ этсак шунча оз.

Мумтоз адабиёт тарихидаги ушбу икки бобокалонимиз  ижодиёти асрлар оша гўзаллик ва нафосат тимсоли бўлиб қолаверади.

 

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон шаҳар 2-умумтаьлим мактабининг она тили ва адабиёти фани  ўқитувчиси.