Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳридаги Мустақиллик кўчасида 45 хонадондан иборат Ёшлар уйи фойдаланишга топширилди.
Уйни топширишга бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, вилоятдаги илғор ёшларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган Ёшлар уйи мазкур йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.
- Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилашга, уларни қўллаб-қувватлашга кўрсатилган эътибордан нафақат ёшлар, балки бутун халқимиз беҳад мамнун, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Нодирбек Юсупов. - Айниқса, бугун янги уй соҳибига айланган ёш оилалар вакилларининг қувончлари чексиз.
Андижон шаҳри марказидаги умумий лойиҳа қиймати 6 миллиард 400 миллион сўм бўлган 2 хонали 45 хонадондан иборат 5 қаватли уй Андижон шаҳридаги "Art uz Gold servis" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Уй алоҳида иситиш тизимига эга эканлиги, уй олдида болалар ўйин майдончасининг қад ростлаганлиги янги уй соҳиблари, айниқса, болажонларни қувонтирди. Ҳар жиҳатдан қулай, шинам, кенг ва ёруғ янги уйларнинг ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли банк кредити асосида берилганлиги уй соҳиби бўлган ёшларга катта қулайлик яратади.
- Конституциямизнинг 25 йиллик байрамини янги уйда кутиб олаётганимиздан қувончим чексиз, - дейди Андижон шаҳридаги 50-давлат махсус мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Насибахон Аҳмадалиева. - Икки нафар фарзандимиз бор. Янги уй соҳиби бўлганлигимиздан нафақат биз, балки барча яқинларимиз ҳам хурсанд. Шу ўринда мен Ўзбекистон ёшларига кўрсатилаётган эътибор учун Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.
Туманимизда 24 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинган жорий йилда туман аҳолиси, хусусан, опа-сингилларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммолари ўрганиш ва ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқ, одамлар билан мулоқотнинг янги, самарали механизмлари жорий этилди. Бу хотин-қизларимиз фаолияти, турмуш тарзи билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда кенг имкониятлар яратди.
Қўмитамиз томонидан бир қўли билан дунёни, бир қўли билан бешикни тебратаётган аёлларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга бўлган эътибор, ғамхўрликни янада ошириш, эркин меҳнат қилиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига кўмаклашиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний жамғармаси туман бўлимлари, имом-хатиблар, отинойилар ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида қатор ташкилотлар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ, шунингдек, секторлар доирасидаги ўрганишлар давомида опа-сингилларимизни қийнаётган қатор муаммолар ўрганилди, уларнинг кўпчилиги ижобий ҳал этилди.
Масалан, кўплаб кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатилди, 39 нафар хотин-қизга ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Уй-жойга муҳтож 5 нафар ногирон аёлга янги уй-жой, 13 нафарига замонавий тикув машинаси берилди.
Айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимизда "Сешанба - оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб белгиланган. Шу куни оилалар билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 103 бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, маҳалла маслаҳатчилари, фаолларимиз, нуроний онахонларимиз кўмагида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 50 дан ортиқ ажрашиш остонасида турган оилалар яраштирилди.
Аҳоли, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, аёллар бандлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали оилалар даромадларини ошириш борасида зарур ишлар йўлга қўйилди. Натижада қатор ишсиз фуқаролар доимий ва мавсумий иш билан таъминланди. Бундан ташқари, имконияти чекланган шахслар, уларнинг оилаларига керакли тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Кам таъминланган оилаларга тадбиркорлар, ҳомийлар кўмагида моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳар бир аёл у зиёли, ҳунарманд ёки ишчи бўладими, ким бўлишидан қатъи назар, оқила, юксак маънавиятга эга бўлиши зарур. Негаки маънавиятли аёл оиласида ҳам, жамиятда ҳам ҳеч қандай муаммолар келиб чиқишига йўл қўймайди. Бундай аёллар тарбиялаган фарзандлар ҳам юртимиз равнақи учун муносиб хизмат қиладиган шахслар бўлиб камол топади.
Ёшлар тарбияси, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масалалари ҳам диққат-марказимизда. Ёшларимизни билимли, касб-ҳунарли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасида ўтказилаётган тадбирларимиз ҳам яхши самара бермоқда. Хорижда ишлаб қайтган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, улар билан суҳбатлар олиб бориш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича ҳам тизимли ишлар ташкил этилган.
Қўмитамиз қошидаги "Аёллар маслаҳат маркази" томонидан ҳам қатор ибратли ишлар олиб борилмоқда. Турли масалаларда марказга мурожаат қилган 193 нафар қиз-аёлларни қийнаётган муаммолар ижобий ҳал этилишига кўмак берилмоқда.
Тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, қуда-андалар ўртасидаги олди-бердиларни тартибга солиш, тўй билан боғлиқ тадбир ва маросимларни иложи борича бир кунда ўтказиш борасида махсус комиссия фаолият олиб бормоқда. Бунинг самараси ўлароқ, фуқароларимиз ортиқча дабдабага берилиш оиланинг моддий қийинчиликларга дучор қилибгина қолмай, кишиларимиз маънавиятига ҳам зиён келтиришини тушуниб етмоқдалар.
Мухтасар айтганда, туманимизда муҳтарам опа-сингилларимизнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг хаёти ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар тизимли тарзда олиб борилмоқда.
АНДИЖОН ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ХИЁБОНИ ОЧИЛДИ
Андижон шаҳрининг Амир Темур кўчасида Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони очилди.
Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, шоирнинг оила аъзолари, шогирдлари, ижодкор ёшлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда адабиётга, маънавиятга, ижод аҳлига катта эътибор кўрсатилаётганлиги, хусусан, Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказида Ўзбекистон Халқ шоири номидаги мактаб ташкил этиш, ёшларга унинг ижодини, ўзбек адабиётининг янги қирраларини чуқур ўргатиш, истеъдодли ижодкорларни тарбиялаш юзасидан ўз таклифларини илгари сурган эди.
Муҳтарам Президентимизнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 июлдаги "Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, қатор ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Халқ шоири марҳум Муҳаммад Юсуф халқимизнинг ардоқли шоирларидан бири бўлиб, ўзининг бетакрор асарлари билан халқнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.
Халқ ҳурмати ва эҳтиромини топган шоир бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг номи, ижоди тилларда достон, шеърлари эса минглаб қалбларга қувонч, самимият, маънавий гўзаллик улашаётгани айни ҳақиқатдир. Халқ ўзининг ардоқли шоирини асло унутгани йўқ. Айниқса, унинг ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Андижон шаҳри марказидаги барпо этилган Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбоннинг барпо этилганлиги шоир хотирасини улуғлаш борасидаги ибратли ишларга ёрқин мисолдир.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, ҳайкалтарош Шоҳруҳбек Ўрозов томонидан яратилган бюст, шунингдек, иккита фаввора, манзарали гул ва дарахт кўчатлари ўтказилган мазкур хиёбон Андижон шаҳрининг кўркига кўрк қўшди. қолаверса, ёш ижодкорлар тарбиялайдиган зиё масканларидан бирига айланди.
- Жорий ўқув йилида мактабимизда 150 нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олмоқда, - дейди Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб директори Шоҳиста Нурматова. - Мактабимизда ҳам умумтаълим фанлари, ҳам адабиёт ва бадиий ижод борасида пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Тадбир меҳмонлари мактаб-интернатда ташкил этилган "Муҳаммад Юсуф музейи", шоир ижодига бағишланган очиқ дарс, "Муҳаммад Юсуф издошлари" номли адабиёт тўгараги фаолияти билан танишдилар.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, барча қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштириб, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимизни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади. Мукофотланганлар орасида вилоятимиздан 2 нафар аёл ҳам бор. Булар қуйидагилар:
МАШИНАСИ РАНГИГА ҚАРАБ АЁЛЛАРНИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИНИ БИЛИБ ОЛИШ МУМКИН
Инсон руҳияти
Инсон руҳиятини ўрганиш, айниқса, аёлларнинг феъл-атворларини аниқлаш бўйича олимлар қатор тадқиқотлар ўтказганлар. Бунинг натижасида аёлларнинг феъл-атворларини улар танлаган машина рангларига қараб ҳам аниқлаш мумкин экан.
Қора рангли машиналарни ёқтирувчи аёллар жамиятда нуфузни биринчи ўринга қўядилар. Уларда раҳбарлик салоҳияти юқори бўлади, ташкилотчиликни яхши кўрадилар, тозалик, саранжомликни суядилар.
Кўк рангдаги автомобилни маъқул кўрувчилар табиатан оғир, аммо ҳаракатли инсонлар бўлишади. Бироқ улар ўзларини ўзгалардан устун қўядилар.
Яшил рангдаги автомобиль эгалари тажрибали, табиатни севувчи, ишбилармон, узоқни кўзлаб иш юритувчи аёллардир.
- Ҳа, шукр, ҳаммамиз яхшимиз. Бугун дарсим тушдан кейин бошланади. Куёвингизни ишга, болаларни мактабга, боғчасига кузатиб, сизга иссиқ нон, кабоб олиб келдим, аяжон. Келин чой қўйворса, аёллар ўтириб бир кабобхўрлик қилардик...
- Ўзим чой қўяман, жоним. Келин кеча онасиникига кетганди...
- Онасиникига?! Тинчликми, нега? Беш кун олдин келганимда ҳам уйда йўқ эди, онасиникига кетганди, тинчликми, аяжон? Мен билмайдиган нима гап бор ўзи?!
- Болам-ей, - қизининг қўлидагиларини олиб уйга бошлади Дилором. - Янги келин ахир, уям сенга ўхшаб онасининг ёлғиз қизи, тез-тез хабар олиши керак. Онасини соғинади-да, болам.
- Ая!.. - Дилсўз қизишиб кетди. - Мен ҳам келин бўлганман, мен ҳам сизни соғинганман, айтганингиздай сизларнинг ёлғиз қизингизман. Бунинг устига келинингизга ўхшаб етти маҳалла нарига эмас, шундоқ кўчамизнинг бошига келин бўлиб тушганман. Тўйдан кейин бир ой ўтиб уйга келиб, ётиб қоламан деганимда сиз рухсат бермагандингиз. "Сен энди бу уйга фақат меҳмонсан, чин уйинг- эрингнинг уйи. Ота уйингдан сенга наф йўқ" дегандингиз. Уч болали бўлибманки, шу гапингиз эсимдан чиқмайди...
- Тўғрисиям шу бўлса, аяжон, келинингизга ҳам айтсангиз-чи? Келин бўлиб тушганига уч ой бўлгани йўқ, қачон келсам онасиникида бўлади. Эҳ, укагинам-а, қандай қизлар тегмасди унга...
- Яна бошладингми? - Дилором ҳам қаҳр, ҳам ранжиш оҳангида эътироз қилди. - Жон қизим, тинч келиб, тинч кетгин! Биламан, ишинг қийин, ўқитувчилик доимий асабийлашишни тақозо қилади. Лекин уйга келганингда инжиқлигингни олиб келма...
- Оббо...- Дилоромхон айб иш устида қўлга тушгандай талмовсиради. - Бир- иккита қўл сочиқчалар, дастурхонлар... Одам ҳаракат ҳам қилиб туриши керак-ку?..
- Дадамнинг кўйлаклари, Фарҳоднинг шими... Дастурхон билан сочиқчалар, денг...
- Қизим...
Дилсўзнинг кўзи ёшга тўлди.
- Одам нима учун келин қилади, ая? Бошқаларнинг келинини қаранг, сочи супурги, қўли косов. Мен уни хизматкор қилинг, демаяпман, ҳеч бўлмаса келинлик вазифасини бажарсин!
- Бўлди! Бу уйнинг бекаси битта, мен! Сен чиққан қизсан, ўрнингни билиб келиб-кетгин! Келин хизматкор эмас, ўғлимнинг хотини, уқдингми?!
Дилсўз индамади. Чой дамлади. Дастурхон ёзди. Таом устида она-қизнинг гапи қовушмади. Бироздан кейин онаси билан хайрлашиб уйдан кўнгли хира чиқди. Онаси ҳам аслида ўзидан ўтганини ўзи билади. Ўғлини ўйлайди. Яна икки ўғли бор уйланадиган. Одамлар нима дейди, ҳар доим қайноналарни айбдор қилиб ўрганган ғийбатчилар "битта келин билан чиқишолмади", деб маломат қилади. Гап-сўз...
- Тушунаман. Лекин мен ҳам ҳар доим бунақа уйдан нарса ташисам, куёвингиз хафа бўладими, дейман...
Нигина онаси билан хайрлашиб, такси тўхтатиб ўтирди. Юраги харсанг тош осилгандек юкли эди. Ўн кун ичида икки марта ота уйига келиб кетди. Тўйига уч ой тўлди, уч ойдан бери онаси кунда тўрт марта қўнғироқ қилади. Икки гапнинг бирида "Чарчамадингми? Иш кўпми? Яхши овқатланаяпсанми? Ҳеч ким сени хафа қилмаяптими?"... Бу саволлар аввалига Нигинага ғамхўрликдай туюлар, хуш ёқарди. Кейинчалик онасининг сўроқ-саволлари ғашига тегадиган, янги уйга ўрганиб-кўникиб кетишига халақит бераётганини ўйлаб кўнгли хижил тортадиган бўлди. Бирор тансиқроқ овқат қиладиган бўлса ҳам онаси Нигинага қўнғироқ қилади. Уйига меҳмон келса, Россияда ишлаётган акалари қўнғироқ қилса, пул жўнатса ҳам онаси уни чақириб олаверади. Тағинам қайнонаси яхши, кулибгина қўяди: "Майли, қизим, бориб кела қолинг, онангиз соғингандир" деб. Янгалари уч- тўрт ойлаб онасиникига бормайди. Бечоралар эри узоқда, қайнонасидан рухсат олиш учун минг истиҳола билан гап очса, онаси қовоқ -тумшуқ билан рухсат беради.
Нигина йўл бўйи шуларни ўйлаб келаркан, келинлик уйи остонасидан хижолат билан ичкарига қадам қўяркан, уларнинг меҳр-муҳаббатини қадрламаётгандек ҳис этди ўзини. Уйида иш қайнаб ётгани ҳам йўқ. Ҳафтада бир-икки уй тозалаш, ҳар куни бир марта ҳовли супуришни айтмаса, кун бўйи китоб, газета-журнал ўқиб вақтини ўтказади. Тўйдан кейин куёви ишга ҳам қўймади.
- Бир оилага ҳамшира керак, ўзимизга, қўни-қўшнига ҳамширалик қиласиз, - деди Фарруҳ. - Туман марказига қатнаб ишлаш осон эмас, ёзнинг жазирамаси, қишнинг совуғи бор. Қийналиб юришингизни истамайман. Сиз менинг жуфти ҳалолимсиз. Опам, укаларимни ўз жигарларингиздай кўриб, ота-онамнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, хизмат қилсангиз бўлгани. Сиздан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайман...
Унаштирилганларида Фарруҳдан бу гапларни эшитганида Нигинанинг юраги қувонч ва саодатдан ҳапқириб кетганди. Онасига уйда ўтириши ҳам ёқмаяпти:
- Уйда ўтириб қоласанми? Чўри бўласан-да! Эрта-индин қайнингга ўқиган, ишлайдиган келин туширишса кўнглинг кемтик бўлиб ўтирасанми?..
- Қайтанга менга уйда ўтириш ёқади, ойижон. - Мен ишсиз эмасман. Ҳамшираман. Чеварман. Уйда ўтириб ҳам ишласам бўлаверади... - Нигина куёвнинг талаби ўзига маъқул келганини яширмади...
... - Келдингизми, келинжон?.. - Нигина ошхонадан чиқиб келган қайнонасини кўриб хижолатданми, хаёлга берилганиданми талмовсираб қолди. Бир лаҳзалик тараддуддан сўнг салом бериш кераклигини эслади:
- Ассалому алайкум, ойижон! Яхшимисиз? Яхши ўтирибсизларми?..
- Шукр, келинжон. Биз яхшимиз. Онангиз, дадангиз яхши эканларми?
- Онамнинг кўнгли бўш, сени хафа қилишни хоҳламаган. Лекин мен хафа бўлдим. Сенга айтган эдим-а, онангнинг уйидан егулик олиб келма, нима егинг келса, ўзимга айт, олиб келаман, деб. Ҳозир яна оғир халта кўтариб келдинг. Ойда икки марта онангни кўриб келишингга рухсат беришимни айтгандим, бир ой ичида бу бешинчи бора уйингга бориб-келишинг. Шунақами?
- Онам соғинганларини айтиб, чақиртирдилар...
- Нигина, Дилсўз опам узатилганида биз ўсмир бола эдик. Онам "Чиққан қиз чиғириқдан нари, қиз боланинг чин уйи - эр уйи" деб опамга ҳар келишида уқтирардилар. Бирор тансиқ овқат пиширсалар биздан бериб юборардилар. Узатилган қиз ҳадеб ота уйининг йўлини тутаверса, янги уйга кўникиши қийин бўлади. Сенга гапларим ғалати туюлаяптими? Лекин мен бу гапларни сенга айтганим бошқача, онам ёки опамдан эшитганинг оғир ботади. Онам гапирмайдилар, сенга озор беришни истамайдилар. Шунинг учун ўзим айтаяпман, агар оила қилишни, бахтли хонадон бекаси бўлишни истасанг, икки куннинг бирида ота уйингнинг йўлини тутишни тўхтат. Сен энди оилали аёлсан. Ўз уйинг, рўзғоринг, ўз ташвишларинг бор. Шуни ҳамиша ёдингда тут! Илтимос, сен билан, бошқа бу мавзуда гаплашмайлик!..
Нигина хижолатдан йиғлаб юборгудек ҳолатда ётоққа чўкди. Куёви ҳақ. Пешонаси ярқираган экан, шундай хонадон, қайнота-қайнона, Фарруҳдай йигит. Бу бахтни қадрлаб, авайлаши керак...
МАҚСАДИМИЗ-ҲАР ЖИҲАТДАН ЕТУК ВА БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ
Ушбу саҳифада Балиқчи тумани Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 8-умумтаълим мактабида таълим-тарбия
самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.
Сифат ва самарадорлик - бош масала
Ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни ёш авлоднинг тарбияси, билим салоҳияти ва маънавиятига боғлиқ. Халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳар томонлама етук, эл-юрт корига ярайдиган шахсни камол топтиришдир.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Айниқса, жорий "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"ни амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Мактабимизда "Ота-оналар қабулхонаси" фаолиятининг йўлга қўйилиши таълим-тарбия тизимида муҳим қадам бўлди.
Айни кунда мактабимизда 630 нафар ўғил-қизга 64 нафар устозлар замон талаби даражасида таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчиларимиз янги, замонавий ва илғор педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириб боришмоқда. М. Тўйчиева, Ш. Маннопова, С. Қодирова, М. Турғунова, Ю. Эргашева, М. Темирова, Д. Турғунова сингари кўплаб устозларимиз ўзларининг ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар. Улар ноанъанавий услубларда дарс ўтибгина қолмай, ўз сабоқлари орқали ўқувчиларда миллий қадриятларимизга ҳурмат, ёт, бузғунчи ғоялар, зарарли одатларга қарши мафкуравий иммунитетларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Яқинда олий тоифали рус тили ўқитувчиси Д. Бозорова кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда ёш авлод тарбияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Ўқувчиларимизнинг иқтидор ва истеъдодларини ривожлантириш мақсадида ҳар ҳафтада ўтказилаётган "Ҳафта лидери", "Ёш ижодкор", "Ёш ҳунарманд", "Ёш мусаввир", "Ёш спортчи", "Энг фидокор ўқувчи" номинациялари бўйича синфлараро танловлар ўтказилиши кўзланган натижани бермоқда. М. Шодмонов, Н. Камолов, О. Абдупаттаев, Ж. Шодмонов, О. Зайнобиддинов, М. Араббоева сингари ўқувчиларимиз бу борада алоҳида ютуқларни қўлга киритишмоқда. М. Набижонова, М. Юсупова, Д. Усмонов, З. Юсупова, Д. Набижонов каби ўқувчилар эса фанлар бўйича ўтказилаётган иқтидорли ўқувчилар танловининг туман ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни эгаллашди.
Ўқувчиларнинг интеллектуал, маънавий-маърифий билимларини ошириш, ҳаётимиздаги янгиликлар билан таништириш, ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришда мактабимиз қошида ташкил этилган радиоузел катта роль ўйнамоқда. Ундаги эшиттиришлар орқали ўқувчи ёшларнинг ижтимоий-cиёсий фаоллиги, билимлари янада бойимоқда. Бу борада етакчи Ш. Эргашевнинг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Зулхумор МАМАТРАИМОВА,
маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
ҳар бир бола эътиборда
Юртимизда таълим соҳасидаги ўзгаришлардан бири муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 11 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилишидир.
2016-2017 ўқув йилида мактабимизнинг 9-синфларини 51 нафар ўғил-қиз тамомлади. Улар билан йил давомида таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш бўйича ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан мактабда ёки касб-ҳунар коллежида таҳсилни давом эттириш ҳақида суҳбатлар ўтказилиб, келгусида ўз танлови бўйича таълимни давом эттиришларига кўмак берилди.
Ҳозирги кунда 45 нафар ўқувчи ўз хоҳишига кўра 10-синфда таҳсил олмоқда. Уларга барча фанлар бўйича дарсликлар етказиб берилди. Улар қандай касб-ҳунарга қизиқишлари ҳисобга олиниб, қўшимча машғулотларга жалб этиляпти.
Мактабимизда "Мактаб- маҳалла-оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир ўқувчининг руҳияти, оилавий шароити ўрганилиб, назорат қилиб борилади. 1-cинф ўқувчиларининг мактаб ҳаётига мослашувига ёрдам кўрсатамиз. Ўсмир ёшдаги болаларнинг руҳияти ўзгарувчан бўлишини ҳисобга олган ҳолда улар билан тез-тез cуҳбатлар ўтказиб борилмоқда, руҳиятида ўзгаришлар сезилган ёки оиласида турли муаммолар юзага келган ўқувчиларнинг тушкунликка берилишини олди олинмоқда. Бу саъйи ҳаракатларимиз натижасида ўқувчиларимиз билан боғлиқ салбий ҳолатлар умуман, қайд этилгани йўқ.
Маъмура ЭРГАШЕВА,
мактаб педагог-психологи.
Фаол қизлар сафи ортмоқда
Мактабимизда 48 нафар хотин-қиз меҳнат қилади, 320 дан зиёд ўқувчи қиз таҳсил олади. Жамоамизда ишловчи опа-сингилларимиз иш шароитларини яхшилаш, нафақат ишда, балки, уларнинг оилаларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича уларга зарур ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз.
Мактабимизда ташкил этилган "Қизларжон" клубига барча ўқувчи қизлар жалб этилган. Ҳуқуқшунослар, ички ишлар ходимлари, шифокорлар ва бошқа турли касб эгалари, катта ҳаёт тажрибасига эга онахонлар иштирокида ўтказилаётган клуб машғулотларида қизларимизга орасталик, пазандачилик, оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар бериб борилади. Кийиниш маданияти, сўзлашиш одоби, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзуларидаги қизиқарли учрашувлар ва давра суҳбатлари ёшларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда. Шу боис ҳам клубнинг фаол қизлари сафи тобора ортиб бормоқда.
Қизларимиз меҳнат фани ўқитувчиси Насиба Хусановадан миллий каштачилик, тўқувчилик сирларини ўрганиб, туман ва вилоят миқёсидаги танловларда ғолибликни қўлга киритишмоқда. Бу йил "Камалак юлдузлари" танловининг туман босқичида 7-"Б" синф ўқувчиси Зебо Мухторова миллий каштачилик бўйича фахр-ли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди. "Моҳир қўллар" тўгараги аъзолари бўлган ўқувчилар тўқиётган қалпоқча, камзул, пайпоқлар, улар тикаётган кийимларни кўриб ота-оналар ҳам беҳад мамнун бўлишмоқда.
Қизларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган, билимли, ҳунарли, юксак маънавиятли, гўзал хулқли қилиб тарбиялаш хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти фаоллари, айниқса, педагоглар зиммасидаги муҳим вазифадир. Ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Жамилахон ТОШБОЕВА,
Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
Жисмоний баркамоллик йўлида
Мактабимизда ўқувчиларнинг жисмоний баркамоллигини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида эътиборга молик ишлар йўлга қўйилган. Шахмат, шашка, футбол, волейбол, стол тенниси каби спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритиб келаётир.
Барча қулайликларга эга, замонавий спорт анжомлари билан таъминланган спорт тўгаракларида юзлаб ўғил-қизлар спорт билан шуғулланишмоқда. Айниқса, Абдуғани Турғунов, Муқаддам Турғунова сингари жонкуяр мураббийлар раҳбарлигидаги тўгаракларда маҳоратини оширган волейболчи қизларимиз вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишмоқда. Айни пайтда Г. Fаниева, Р. Маматқодирова, Д. Ҳошимова, М. Олимова каби маҳоратли спортчиларимиз вилоят терма жамоаси сафида Жиззахда ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида қатнашиб, вилоятимиз жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшдилар.
Мураббий Нигора Алимова олиб бораётган стол тенниси, Фарҳод Турғунов раҳбарлигидаги футбол тўгараги аъзолари ҳам кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашмоқда.
Ўқувчиларимиздаги ғайрат-шижоат, интилишни кўриб, улар орасидан келгусида халқаро спорт майдонларида Ўзбекистонимиз шуҳратини янада оширадиган умидли спортчилар чиқишига ишонамиз.
Зиёда РАСУЛОВА, спорт мураббийси.
Ноанъанавий усуллар билан
Иш фаолиятимни бошлаганимга 18 йил тўлди. Изланишларим самараси ўлароқ, туман, вилоят ва республика миқёсида иш тажрибам оммалаштирилди. 2013 йилда ўқитувчилар учун "Сборник тестов по русскому языку" номли услубий қўлланма яратдим. Халқ таълими вазирлиги ва таълим маркази томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилган "Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар" номли тилшунос ўқитувчилар форумида қатнашдим. Форум менга илғор ҳамкасбларим билан тажриба алмашиш, билимларимни янада бойитиш имконини берди.
Ўқувчилар эгаллаётган билимларини кўпроқ ўзлари излаб топишлари, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишлари вa xулосани ҳам ўзлари чиқаришлари уларнинг фаоллигини оширади. "Рус тили фани ойлиги"да ҳам асосий эътиборни ана шу масалага қаратдик. Барча синф ўқувчиларидан тестлар олиниб, ўқувчиларнинг билим даражаси аниқланди. Синфлар кесимида деворий газеталар, бошқотирмалар, "Ким кўп билади?" каби танловларни ўтказилди. "Kластер", "Зинама-зина","Aқлий ҳужум", "Қора қути" каби ноанъанавий услубдаги очиқ дарслар, фан кечалари, "Русские песни", "Мы говорим по русски", "Знатоки русского языка" каби тўгарак машғулотлари ўқувчиларнинг рус тилига бўлган қизиқиш ва билимларини янада оширишга ёрдам бермоқда. Буни ойлик якунида олинган чиқиш тестлари натижалари ҳам яққол кўрсатди. Ойликни ўтказишда З. Турғунов, Р. Тошмирзаев, Д. Қодиров каби ўқитувчиларнинг хизмати катта бўлди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг "Юксак маънавият-енгилмас куч" асарида "Бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима? деган саволга , ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат - бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз." - деб ёзган эдилар.
Маънавий жасорат даҳоларда акс этади. Улар адолат ва ҳалолликни ҳамма нарсадан устун қўйишади. Манбаларда келтирилишича, Хуросон ҳукмдори Маҳмуд Fазнавий қимматбаҳо ер ости бойликлари калитини топганлиги учун Беруний ҳазратларига мукофот тариқасида икки туя олтин-кумуш ҳадя этади.
Аллома "Мол-дунё, бойлик мени илм-фандан чал-ғитиб қўяди" - деб, мукофотни қайтариб юборган экан. Xудди шунингдек, улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой инсонларга қирғин келтирувчи модда - "динамит" ишлаб чиқариш ва сотишдан келадиган даромад асосида таъсис этилган Нобель мукофотини рад этган экан.
Мана шундай буюк зотлар, даҳоларнинг маънавий жасоратлари бизни ҳам улардек бўлишга ундайди.
Яқинда маҳалламиздаги хонадонлардан бирига эҳсонга айтишди. Ёши катта аёллар тўпланишиб, айтилган хонадонга бордик. Дастурхон турли ноз-неъматлар билан тўла, келинлар хизмат қилиб юришибди.
Кириб ўтиришимиз биланоқ икки донадан иссиққина сомса олиб келинди. Сўнгра ярим косадан суюқ овқат тортилди. Суюқ овқатни ичиб бўлгач, дастурхондаги ноз-неъматлардан тановул қилиб ўтирдик. Яқин қўшнилар пишириб чиққан шекилли, келинлар манти олиб киришди. Манти эгасини дуо қила-қила, ундан ҳам тотинган бўлдик. Шу билан бўлди, деб ўйлагандим, аммо уй эгаси "ошни келтираверишсинми?" деб қолди. Қоринлар тўйиб бўлган, ошқозонда ошга жой йўқ. Эҳсон қилган одамнинг ҳурматидан ноилож, келтирилган паловдан бир-икки қошиқ насиба олгандек бўлдик. Бироқ, қанча овқат ортиб қолди...
Зиёфатнинг якунида икки аёл сават кўтариб кириб келишди. Биринчи саватда ки-йимлик материал, иккинчи саватда эса идиш-товоқлар бор эди. Аёллар саватдаги нарсаларни тарқата бошлашди. Бир аёлга материал билан идиш-товоқ, яна бошқасига идиш-товоқнинг ўзи, баъзи аёлларга эса дурра тарқатилди. Аслида бу нарсаларни тарқатишнинг кераги йўқ эди. Ахир уй эгалари шунча овора бўлиб, маҳалладаги аёллар учун турли хил таомлар тайёрлаган эдилар. Даврадаги аёллар бир-бирларининг қўлларига қараб, кимга нима берилганини кузатардилар. Ўртада ноқулайлик пайдо бўлди...
Бу биргина ҳолат эмас. Ҳозир эҳсонларимиз ҳам замонамизга яраша, тўкин-сочин ўтадиган бўлиб кетган. Ноз-неъматлар исрофгарчилигини қўя турайлик, эҳсондаги аёлларга мартабасига, тоифасига яраша совға-салом бериш урф бўлган. Маҳалладаги нуфузига қараб, бу совға-саломларнинг қиймати ҳам турлича. Юқорида айтганимдек, кимгадир қимматбаҳо материал, кимгадир оддий дурра.
Тўй-маърака, эҳсонлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-ҳаражат ҳақида кўп гапираяпмиз. Аммо, маҳаллалардаги бундай ҳолатлар ҳеч камаймаяпти. Бу тадбирларни тартибга солиш отинойи, маҳалла кайвониларига юклатилган. Аммо, энг қизиғи, совға-саломларнинг энг яхшилари аввало, уларнинг ўзларига бўляпти.
Муқаддас динимизда эҳсонни фақат муҳтож одамга қилишлик буюрилади. Ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳақда жуда кўп ёзилган. "Ҳақиқий муҳтож одам туриб, тўқ одамга берилган эҳсон Ҳақ даргоҳида қабул қилинмайди". Бироқ эҳсон қилаётган одамлар ана ўша зиёфатга айнан муҳтож, кам харажатли оилаларни айтаяптими? Тўйларда тоғора-тоғора ортиб қолган овқатларни қўшнисининг моли-ю, товуғига олиб чиқиб бераётган ўзига тўқ хонадон эгалари маҳалласининг қайсидир бурчагида серфарзанд, кунда бир маҳал қозонни зўрға қайната оладиган камхарж оилалар борлигидан хабари бормикин? Назаримда, аксарият эҳсонлар риё учун, одамлар кўрсин-билсин учун, "фалончи жуда сахий-да", дея маҳаллада гапиришлик учун қилинаётгандек.
Оллоҳ йўлида эҳсон қилишликни кўнглимизга туккан эканмиз, аввало, бу эҳсонимиз Яратганнинг даргоҳида қабул бўлишини ўйлайлик. Садақанинг ками ҳам, кўпи ҳам садақа! Фақат у кимларга берилишига боғлиқ.