Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Совуқ, қиш-қировли кунларда турли ёнилғилардан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, иситиш печлари, газ комфоралари носозлиги ҳамда автотранспортлардан чиқадиган газлар - халқ тилида айтганда, ис газидан заҳарланиш ҳоллари тез-тез кузатилади. Ис гази углерод сақловчи моддаларнинг нотўлиқ парчаланишидан ҳосил бўлади.
Ис гази ҳидсиз ва рангсиз модда ҳисобланади. Бу газ ҳар хил тўсиқлардан, дарча ва тешиклардан ўтиши мумкин. Ҳаттоки тупроқ қатламларидан ҳам сингиб ўтади. Турли ҳимояловчи ниқоблар ҳам ис газидан ҳимоялай олмайди. Ис гази организмни умумий заҳарловчи таъсирга эга бўлиб, унинг концентрацияси тоза ҳавода 1,3 фоиздан ошса, уч дақиқа мобайнида кишини ўлимга олиб келиши мумкин.
Ис гази эритроцитларни заҳарлайди, натижада тўқималарнинг кислород билан таъминланиши бузилади. Организмда кислород танқислиги бошланади. Асаб толалари кислород танқислигига жуда сезгир бўлиб, ис гази билан заҳарланиш оқибатида биринчи навбатда инсоннинг асаб тизимида бузилишлар келиб чиқади.
Ис гази билан заҳарланишнинг белгилари:
- бош оғриқ, чакка ва пешана соҳаларида оғриқ бўлиши;
- қулоқларда шовқин бўлиши;
- кўз олдини туман қоплаши;
- кўнгил айниши.
Биринчи ёрдам кўрсатиш:
- беморни тоза ҳавога олиб чиқиш;
- беморга ниқоб тақиб қўйиш;
- беморга кислород келишини таъминлаш;
- хонадаги эшик ва деразаларни очиш;
- нафас йўлларини тозалаш;
- беморнинг устки кийимларини бўшатиш (кўйлак, бўйинбоғ ва б.);
- беморни ёнбош ётқизиш - бунда беморнинг тили орқага кетиш хавфи йўқолади;
- беморни ҳушига келтириш учун нашатир спиртини ҳидлатиш керак, бу нафас йўллари очилишига ёрдам беради.
Заҳарланган киши кўкрак қафасини камфора мойи билан артиш, ўпка соҳасига ва тананинг орқа томонига горчичниклар қўйиш, иссиқ чой ва қаҳва мақсадга мувофиқдир. Зарурат туғилса, беморда юрак массажи ўтказилади ва сунъий нафас олдирилади.
Ҳаво ва сув - инсон саломатлиги ва ҳаёт кечириши учун муҳим омиллар ҳисобланади. Санитария меъёрларига риоя қилинмаганида эса ичимлик суви киши саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи манбага айланади.
Таъкидлаш керакки, бугун дунё ҳамжамиятини, айниқса, ривожланган давлатларни токсик ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар жиддий ташвишга солмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида ичимлик сувининг зарарланиши натижасида АҚШда лямблиознинг авж олиши, Жанубий Америка ва Россияда вабонинг такрор авж олиши каби экологик бўҳронлар кузатилган. Шу боис, кейинги йилларда кўплаб мамлакатларда экологик муаммоларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Экологик муаммолар - соғ-лиқни сақлаш муаммолари билан қўшилиб, инсониятнинг ерда яшаб қолиши билан боғлиқ бўлган масалаларни ўз ичига оладиган комплекс муаммодир. Кўплаб ифлосланиш омиллари узоқ муддат таъсир қилади ва узоқ-узоқларга тарқалиб, бутун коинотни зарарлайди.
Ҳосилдор ерларнинг бузилиши, тупроқ юқори қатламининг юпқалашиб емирилиши, ўрмонларнинг йўқотилиши, ер ости сувларининг камайиб кетиши, сув ва тупроқ кислоталик даражасининг ошиши, кислотали ёмғирлар ёғиши нафақат аҳоли соғлигига салбий таъсир кўрсатади, балки табиат қонунлари, ҳаёт тарзининг бузилишига олиб келади.
Иқлимнинг дунё миқёсида исиб бориш жараёни ер шари ҳарорати мувозанатининг бузилишига ва бу билан боғлиқ кўплаб жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ривожланаётган давлатларда эса ичимлик сувининг етарли эмаслиги, сифати меъёрий стандартлар талабларига жавоб бермаслиги туфайли касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари бирмунча юқоридир.
Дунёдаги ривожланган мамлакатларда ичимлик сувининг сифат кўрсаткичлари даражаси назорати, оқава сувларни иккиламчи тозалаш ва сув таъминоти тизимини лойиҳалаш, миллий иқтисодиётни ва жамоат соғлигини сақлашни режалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Буюк Британия, Германия, Греция, Франция сингари кўплаб давлатларда чиқиндиларни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб кетилиши бўйича тизим яратилган. Қаттиқ чиқиндиларни ер остига кўмилиши, санитария қоидаларига қатъий риоя этилиши қатъий назорат қилинади.
Маълумки, қишлоқ хўжалик химикатларининг қисқа муддатли таъсири ўткир заҳарланишга олиб келади. Бундан ташқари, кўплаб пестицидларнинг сурункали таъсир этиши оқибатида инсонларда токсик гепатитлар, жигар циррози, турли органлар раки ва бошқа шу каби оғир хасталиклар авж олишига йўл очиб беради. Шунинг учун ҳам жаҳондаги кўплаб мамлакатларда экологик муаммоларни оқилона бартараф этишга қаратилган ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам экологик муаммолар, уларнинг салбий таъсирини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ифлосланган атроф-муҳитнинг бевосита одам соғлиги, ҳаёт тарзи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарарли таъсири, салбий оқибатларини англаган ҳолда атроф-муҳитни покиза сақлаш, табиатни асраб-авайлаш, оқава ва ичимлик сувларидан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.
Ана шундан келиб чиқиб, бу борадаги тарбияни энг аввало, оиладан бошлашимиз керак. Ҳар бир оилада, айниқса, ўсиб келаётган ёшларимизнинг покизалик, она табиат мусаффолигини сақлаш ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитишга эътибор қаратишимиз керак. Ҳовли супураётган синглимизга чиқиндини ариққа супурмаслигини, чиқинди ташлашга кетаётган укамизга уни белгиланган жойга ташлашини уқтиришни унутмаслигимиз керак. Биз учун оддийдек туюлган бу масалалар экологик софликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига
Яхшилар ёди
Дунёда шундай улуғ, доно ва фозил инсонлар бўладики, ўшандай одамга даврдош бўлганингга шукроналар айтасан. Шундай инсонлардан бири - Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари, ёзувчи, шоир Шароф Рашидов эди.
У кишини бир неча марта кўришга, "Халқлар дўстлиги" (ҳозирги "Истиқлол") саройида нутқларини эшитишга муяссар бўлганимдан фахрланаман.
Ўзбекистон Қаҳрамони, марҳум Таваккал Топволдиев ҳам ҳаёт чоғларида Шароф Рашидов ҳақидаги хотираларини гапириб берган эди:
"- Мен ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман. Чунки ҳурматли инсонлар, улуғ раҳбарлар - Шароф Рашидов ва Ислом Каримовлар билан бир неча марта суҳбатлашиб, уларга сафдош бўлганман. Эсимда, 1982 йил эди. Мен Жалақудуқ тумани раҳбари бўлиб ишлар эдим. Туманимизга Шароф Рашидов келди. Обод қишлоқлардан бири - Ёрқишлоққа бордик. Рашидов бир хонадонга кириш истагини билдирди. Машинамиз тўхтади. Мен олдин ўша уйга кириб, хонадон бекасига:
- Мен бундай икки қаватли, уч қаватли деҳқончиликни чет элда кўрган эдим. Қаранглар, ишкомда узум, тагида бодринг гуллаб ётибди. Мол-қўй, куркалар боқиляпти. Опа, пилла қуртингиз ҳам бор экан. Майлими, кириб кўрсам?..
Хонадон эгасининг рухсати теккач, Шароф ака қурт боқилаётган хонага йўл олди. У ер озода, саранжом-саришта эди. Ипак қурти ривожи авжида. Шароф ака хонадан чиққач:
- Ундай бўлса, бу ерда Андижон текстиль комбинатининг филиали қурилсин, - дея топшириқ берди Шароф Рашидов.
У киши хонадон бекаси Маҳбубахон опага тилла соат совға қилдилар. Яхши инсонларнинг қадами етган жой обод бўлавераркан. Мана, хизрсифат инсоннинг топшириғи билан Ёрқишлоқда қурилган текстиль комбинати бугун ҳам ишлаяпти.
Шароф Рашидовнинг халқ олдидаги, Ватан олдидаги хизматлари беқиёс. Буни 1966 йилги зилзиладан сўнг қайта тикланган гўзал Тошкент мисолида, бутун Ўзбекистоннинг фахрига айланган Тошкент метрополитени мисолида кўриш мумкин.
Бу ҳақда меҳнат фахрийси Тўланбой Иминов шундай ҳикоя қилади:
- Мен Ёрқишлоқдаги жамоа хўжалигининг раиси Исмоилжон Қурбоновга ҳайдовчилик қилар эдим. Хизмат тақозоси билан юрганимда Рашидовнинг таърифларини эшитиб юрардим. Ойим қишлоғига тез-тез келиб Ўзбекистон қаҳрамони Қўчқор Турдиев билан учрашиб турарди. Ойим қишлоғида маъруза қилса, албатта, Моҳлар-ойимдан сўз очарди. Пахтакорларнинг меҳнатини кўп улуғлаб гапирарди.
Кампирровот сув омборининг қурилишида Шароф Рашидовнинг алоҳида хизматлари бор. Сув омборининг пастки қисми Дардоқ қишлоғигача тошлоқ ерлар эди. Шу ерларда "Прогресс" номли ширкат хўжалиги ташкил этилишига бош бўлиб, тошлоқ ерларни боғларга айлантирди. Шароф ота қаерга борса, ўзидан яхши из қолдирарди.
Ҳа, яхши инсондан яхши ном, эзгу хотиралар қолади. Ўз даврининг доно раҳбарларидан бири бўлган Шароф Рашидов хотираси халқимиз қалбида барҳаётдир.
Қариндошлик риштасини узган киши жаннатга кирмайди
Муқаддас динимизда қариндошлик, қариндошлар ўртасидаги муносабатлар - "силаи раҳм" деб аталади. Силаи раҳмнинг маъноси яқинлар билан қариндошлик ришталарини мустаҳкам сақлаш ва уларга меҳр-оқибатли бўлиш деганидир.
Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: "Қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз" («Нисо» сураси, 1-оят). Ушбу ояти каримада қариндошликни асраб-авайлаш, уларга яхшилик қилиш, қийин вазиятларда бир-бирларига ёрдам бериш, бемор бўлган пайтида ҳолидан хабар олиш, тўй-тантаналар, хурсандчилик кунларида бирга бўлиш кераклиги назарда тутилган.
Бакр ибн ал-Хорис ал-ансорий (р.а)дан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳдан: "Ё Расулуллоҳ, мен яхшиликни кимга қилишим керак?" - деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в): "Онангга, отангга, опа-сингилларингга, ака-укаларингга ва яқин кишиларингга. Бу иш зарурий бурч ва узилмаслиги керак бўлган қариндошликдир", - дедилар.
Минг афсуски, орамизда қариндошликни унутиб, арзимас сабаблар туфайли бир-биридан гина қилиб юрган ёки борди-келдини бутунлай узиб қўйганлар ҳам йўқ эмас. Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъамдан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в) "Қариндошлик алоқасини узган киши жаннатга кирмайди" деб айтган. Яна бир ҳадиси шарифда Хасан Басрий (р.а) шундай дейди: "Вақтики одамларда илм кўриниб унга амал қилмаса, тил билан айтишни яхши кўришиб, қалблари билан ғазабланишса, қариндошлари билан алоқалари узилишган бўлса, Аллоҳ уларни лаънатлайди, кар қилади ва кўзларини кўрмайдиган қилиб қўяди".
Келтирилган оят ва ҳадислардан хулоса қилиб айтиш керакки, ўз яқинлари билан қариндошлик ришталарини узган киши ҳеч бир даврда оқланмаган. Зеро, қариндошлик - энг муқаддас риштадир. Кимда ким яқинларига марҳаматли бўлса, Аллоҳ ҳам унга ўз марҳаматини ёғдиради. Уларнинг билиб-билмай қилган хатоларини кечиргудай бўлса, Аллоҳ ҳам унинг хатоларини кечиради.
Аллоҳ барчамизга опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз ва қариндошларимиз билан ҳамжиҳат бўлиб яшамоқликни насиб этсин.
Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан "Бош қомусимиз - адолатимиз мезони"деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари, "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ота-оналар иштирок этган тадбирда мактаб директори Наргиза Карамхўжаева, "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Алиматов ва бошқалар сўз олиб, Бош қомусимизнинг ҳаётимизда ўрни ва аҳамияти, унда белгилаб қўйилган бурч, ҳуқуқ ва эркинликларимиз, ўқувчиларнинг асосий қонунимизга бўлган ҳурмат-эътибори, билимларини янада юксалтириш муҳим эканлиги хусусида гапирдилар. Ўқувчилар томонидан Конституциянинг моддалари, боблари ҳақида кенг маълумотлар берилди, бош қомусимиз, ватан ва истиқлолни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар барчада катта таассуротлар қолдирди.
Якунда тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга мактаб маъмуриятининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейида "Сиз қонунни биласизми?" кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танлов очилишида сўз олган академик лицей директори, подполковник Зоиржон Нурматов, ахборот-ресурс маркази раҳбари Гулчеҳра Анорбоева ва бошқалар конституциянинг ҳаётимиздаги аҳамияти, унда мамлакатимиз фуқароларининг ҳаёти, манфаатлари тўла-тўкис кафолатлангани, мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқлари, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, ички ишлар тизимида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталдилар.
Ушбу таълим муассасасининг 1-босқич ўқувчиларидан тузилган "Спикерлар", "Қонун ҳимоячилари", "Ватанпарварлар", "Ўзбегим ўғлонлари", "Истиқлол" ва "Адвокатлар" жамоалари белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.
- Танловнинг асосий мақсади, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга кўмаклашишдан иборат, - дейди З. Нурматов. - Қолаверса, Бош қомусимизга ҳурмат орқали ўқувчи ёшлар қалбида Она Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлашдир.
Якунда энг юқори балл тўплаган "Ватанпарварлар" жамоаси ғолиб деб топилди. Fолиб ва совриндорлар лицей маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Андижон давлат университети Педагогика факультети Мактабгача таълим йўналиши талабалари иштирокида "Қомусимиз - ҳимоячимиз" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Факультет деканати ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбирда сўз олган факультет декани Чаросхон Шокирова ва бошқалар фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячиси, кафолати бўлган конституциямизнинг жамият ва ҳаётимизда муҳим аҳамияти ҳақида гапириб, барчани ана шу байрам билан муборакбод этди. Шундан сўнг талабалар ўзларининг Конституцияга оид билим ва тушунчаларини намойиш этдилар. Айниқса, Бош қомусимиз боб ва моддалари ҳақида саҳна кўринишлари орқали кенг ва тўлақонли маълумотлар берилганлиги иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
- Конституциямиз юртимиз ёшларининг эркинлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисидир, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Илҳомжон Болтабоев ва. - Чунки ушбу ҳужжатда биз ёшларнинг билим олишимиз, ўз имконият ва салоҳиятимизни тўлақонли юзага чиқаришимиз учун барча ҳуқуқий асослар белгиланган.
Тадбирда талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, Ватан, истиқлол, ёшликни мадҳ этувчи шеър, қўшиқ ва рақслар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Андижон қишлоқ хўжалик институтида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан "Qishloq oqshomi" газетасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Ҳуқуқий тарғибот - жамият тараққиётининг муҳим омили" лойиҳаси доирасида ўтказилган "Конституция - бахтимиз пойдевори" мавзусидаги иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда "Қишлоқ оқшоми" газетаси муҳаррири, лойиҳа раҳбари Ҳ.Сиддиқов, Андижон вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Х.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза Марказининг Андижон вилояти бўлими бошлиғи А. Парпиев, Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи М.Ботиров, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Танлов конституцияни, қонунларни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ўрганишга қаратилган бўлиб, иншоларда бош қонунимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, давлат ва жамият тараққиётида тутган ўрни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати эканлиги, фуқаролар, айниқса, ёшлар ҳаётидаги амалий аҳамияти, мамлакатимизда конституциямиз асосида мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва эришилган натижалар атрофлича ёритилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ижодий иншоларни баҳолаш жараёнида мавзунинг тўла ва атрофлича ёритилиши, муаллифнинг фуқаролик позицияси, ижодий маҳорати ҳисобга олинди.
Танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан 10 иншо юқори баҳоланди. 1-ўрин Андижон қишоқ хўжалиги институти талабаси Гулбаҳор Алижоновага насиб этди. Ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритган талаба ва ўқувчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир сўнгида институт маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи М.Ботиров, "Қишлоқ оқшоми" газетаси муҳаррири Ҳ.Сиддиқов барча ғолиб бўлган ёшларга омад, ўқишларида улкан муваффақиятлар тилаб, тадбир иштирокчиларини байрам билан муборакбод этдилар.
Халқимизда қадимдан яхши бир урф шаклланган. Келин туширишда бўлажак келиннинг уруғ-аймоғи суриштирилади, унинг тарбияси, одоб-аҳлоқи, уддабуронлиги, саранжом-саришталигига эътибор қаратилади.
Азалдан бу каби суриштирув ишлари ёши катталар, амма-холалар томонидан олиб борилган. Минг афсуски, кейинги пайтларда бу юмушларни ёш аёллар ёки бўлажак қайноналар ўз зиммаларига олишмоқда, қолаверса, келин танлашда янгидан-янги "танлов"ларни ўйлаб топишмоқда. Улар энг аввало, бўлажак келин оиласининг бой-бадавлатлиги, маълумоти, иш-жойи, маоши ва албатта, чиройи, қанча, қандай сеп-сидирға йиққанлиги ҳақида билишга уринмоқда. Ҳатто баъзилари номзод ҳақида қандай маълумотларни билиш кераклиги ҳақида ён дафтарларига ёзиб олишади. "У бўлмаса бошқаси" деб рўйхат тузиб олган ана шундай "замонавий" совчилар қизнинг одоб-аҳлоқи, эпи, уқуви, саломатлигига у қадар эътибор қаратмаётганликлари ўта ташвишлидир.
Яқинда бир аёл билан учрашиб, суҳбатлашиб қолдим. Бир йилдан буён келин қидираётганини айтиб, арзиҳол қилди...
- Ёлғизгина ўғлимга келин топаман, деб кезмаган жойим қолмади, - деб гап бошлади аёл. Маҳалламизда яхши қизлар йўқ, тузукроқлари эса турмушга чиқиб кетди. Қолганлари эса менинг "талабларим"га жавоб бермайди. Бир хонадонга борсам узатмоқчи бўлган қизи нон ёпаётганини кўрдим. Қизнинг онаси билан бир оз суҳбатлашгунимча иссиқ нон олиб кирди. Роса рўзғорбоп, эпчил, хушмуомала қиз экан-у, аммо оиласи ўртаҳол оила эканлигини кўриб, бироз иккиландим. Оппоқ эмаслигидан кўнглим тўлмади. Шундай бўлса-да, уни "захира"га олиб қўйиб, яна бир манзилга бордим. У хонадондагилар ўзларига тўқ, қизлари ҳам чиройли экан, лекин уй юмушларида сал уқувсизроқ, киборли экан.
Сўнг яна бир мўлжалдаги қизнинг уйига бордим. У қиз олий маълумотли, бўлажак ўқитувчи эди. Ота-онаси ҳам ўқимишли, топармон-тутармон экан. Мени яхши кутиб олишди. Ичкарига кирибоқ оила анча бадавлат эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Дастурхонга биллур идишларда қанд-қурс, писта-бодом, сарҳил мева-чевалар қўйилган. Қизнинг онаси кийиб олган кўйлак ҳам қимматбаҳо матодан тикилган. Қизи ҳам "ял-ял ёниб" чиройли кийимларда чой олиб кирди. Кўриб юрагим "жиз" этди. Жуда орзу-ҳавасли одамлар экан.
Қизнинг онаси билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Мақсадимни айтдим, сўнг отаси суҳбатимизга қўшилиб, қизлари университетнинг 3-босқич талабаси эканлигини, контрактда ўқишини, келин қилган хонадон қолган йиллар учун контракт пулини тўлаши кераклигини айтди. Мен бу гапларни эшитиб, нима дейишни билмай қолдим. Бироз ўзимга келиб, бадавлат экансизлар контрактни куёв томонга тўлатасизларми, дедим. Шунда қизнинг отаси: -Ўғлингиз нима иш қилади синглим? Ўзи бирор жойда ишлайдими, ўқиганми? - дея мени сўроққа тутди.
Мен, ўғлим ўқимагани, Россияда ишлашини, яхши пул жўнатиб туришини айтдим. Улар ҳам мени аяб ўтиришмади, "сиз бошқа жойдан қиз қидирганингиз маъқул, биз қизимизни "ўқиган йигитга узатмоқчимиз" дейишди.
Хуллас, келин қидириб, кўп хонадонга кирдим. Бирини ота-онаси, бирини уйи, бирида эса қиз ёқмади. Бу орада захирага олиб қўйганим бир-иккита қизларнинг ҳам тўйи бўлиб ўтибди. Мен бўлса бир йилдан ошдики, ёлғиз ўғлимга келин тополмаяпман. Фарзандимни ёлғиз катта қилдим. Шунинг учун бўлажак келиним, умуман, оилам ўзим истагандек бўлишини истайман.
Менимча, бундай инсонлар келин эмас "хазина" қидираётганга ўхшайди. Уларнинг наздида бўлажак келин хонадоннинг бекаси бўлиб эмас, уйини қимматбаҳо буюмлар билан тўлдирадиган, кетидан тоғора-тоғора мазар келадиган, олий маълумотли, ишлаб ойлик маошини келтириб берадиган бўлиши керак. Бундай фикрдаги инсонларни асло оқлаб бўлмайди. Бундай молпараст, виждонсиз аёллар бировнинг жигарбандини ўз фарзанди қаторида кўра олиши ҳам жуда қийин.
Бир кам дунё, ҳаётда бенуқсон инсоннинг ўзи бўлмайди. Сабр билан, ақл билан қилинган иш барокатли бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак. Авлодимиз давомчиси - келин танлашда ўткинчи хою-ҳавасларни четга суриб, қурилажак янги оиланинг мустаҳкам ва бахтли бўлиши ҳақида кўпроқ қайғуришимиз зарур. Айниқса, совчиликка бел боғлаган онажонларимиз, опа-сингилларимиз бу борада миллий урф-одатларимизга амал қилган ҳолда келин танласалар, муқаддас риштани яхши ният ва эзгу мақсад йўлида боғласалар, шубҳасиз, қурилажак ҳар бир оила мустаҳкам ва бахтли бўлади.
Бону 19 ёшида бева қолган. "Бону ғариб" шеърида бу оғир жудолик ва мусибатни турмуш ҳодисалари билан боғлаб, ўзи каби аёллар қисматидан, замонасидаги ҳақсизликлардан зорланган. Шеърларида Лайли, Ширин, Узролар билан дардлашган ("Ёр жабр этди" ва б.). Бону руҳидаги исёнкорлик, оқилалик асарларига сингиб кетган. Севги мавзуидаги шеърлари шахсий ҳис-туйғулар билан чегараланмай, кенг ижтимоий мазмун касб этган. Бону ижодида шахс ва замон, аёллар тақдири масаласини асосий ўринга қўйган. Эрк учун ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига ишонган ("Фалак озоридан минг дод", "Ҳеч қайси инсон ҳам", "Дидда дардим ким билур?", "Бенаволар" ва б.), бу йўлда собит турган. Бону шеърларини тўплаб девон тузган.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси - Б ҳарфи, Т. 530-бет.
Муаззам адабиётимиз, бой адабий меросимиз бор. Бундай беқиёс маънавий бойликка эга халқлар дунёда бармоқ билан санарли экани аён. Табиийки, бу ҳақда ўйлаганда қалбларимиз тўлқинланиб кетади. Кўнгилда ифтихор ҳисси уйғонади. Бироқ адабиётимиз, адабиётшунослигимиз бундан ҳам баландроқ миқёсларга юксалишини таъминлаш учун фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Мутафаккир аждодлардан мерос қўлёзма манбаларни ўқиб-ўрганиш, бугунги авлод учун ҳануз пинҳон келаётган сирларини очиш зарур. Тафаккуримизни бу нодир манбалар билан қувватлантирмоқ, шуурларимизни улардаги фикр ёлқинлари билан ёритмоқ керак. Шундагина бу бойликнинг чинакам соҳибига айланишимиз мумкин....
Нодирабегиму Увайсийлар даражасидаги ижодкор Самар Бону...
Ҳаёти зиддиятларга, меҳнату машаққатларга тўлиқ бўлган Самар Бону чиндан ҳам етук шоира бўлган. Мана бу мисраларда ижодкорнинг улуғ бир шажара намояндаси эканидан ифтихори тажассум топган:
Илоҳи, роҳати дилдур Ҳувайдо,
Бобом нисбатлари қилғайму шайдо.
Тасаддуқ мен бўлай, султони олам,
Чимён халқиға сиздур мукаррам.
Ишқ - мумтоз адабиётимизнинг бош мавзуси. Ҳазрат Алишер Навоий "Фарҳод ва Ширин" достонида Фарҳоднинг "Жаҳонда қолмади ул етмаган илм, Билиб таҳқиқини касб этмаган илм", дея илмда юксак мартабага эришганини васф этар экан, комил инсон мақомига эришмоғи учун унинг қалбига ишқ ўтини солади. Бундан маълум бўладики, улуғ мутафаккир фикрича, кўнгли ишқдан мосуво одам камолотга эриша олмас. Мумтоз шоирамиз Нодирабегимнинг: "Муҳаббатсиз киши одам эмасдир, Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт", дейиши сабаби ҳам шунда. Бу мавзу Самар Бону ижодида ҳам ўзига хос усулда давом эттирилган, ривожлантирилган. Шоиранинг мана бу байти ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:
Ишқи йўқ одам ҳамиша ғафлати,
Fафлатидур, ғафлатидур, ғафлати!...
Ишқи йўқ одам ҳамиша бехабар
Қайси ишда нафдур, қайси зарар.
Шоира "ғафлати" сўзини бир байтда тўрт марта такрорлайди. Бироқ ўқувчига бундан заррача ҳам малоллик сезилмайди. Чунки мумтоз шеъриятдаги такрир санъатининг гўзал намунаси бўлган бу сўз ўз ўрнида қўлланган, маънони кучайтириш, таъкидлаш вазифасини бажариб келган. Кейинги байтда "наф" ва "зарар" сўзлари ҳосил қилган тазод ҳам шоиранинг илми бадеъ сирларини мукаммал эгаллаганидан, назмда чўнг маҳорат касб этганидан дарак беради. Ушбу бадиий санъатлар ишқнинг нечоғлиқ улуғ неъмат эканини бетакрор поэтик талқин этишга хизмат қилгани, айниқса, аҳамиятлидир.
Бугина эмас, ижодкорнинг фикрича: "Ишқи йўқни жони йўқ, иймони йўқ". Шунинг учун шоира ишқ ўтида куймоқни олий саодат деб билади. Унинг эътиқодича, ишқ сўзи метиндай тошни мумдай юмшатишга, муз қалбларни эритишга қодир. Шу боис у ишқ дардини ҳеч кимга айтолмай ғуссага тўлган юракни ёзмоқ учун қўлига қалам ва довот берилганига шукроналар айтади. Қаламни ўзига ғамгузор деб билади, уни минг дардга даво этгувчи табиб, дея таърифлайди:
Бу ишқ дардини айтолмай, юраклар ғуссага тўлса,
Ёзарға дард-аламларни қалам бирла гувоҳ довот...
Худоё, шукр минг бисёр қаламдек ғамгузорим бор -
Ки, минг дардга даво этган табиби дилрабо довот.
Ижодкор талқинича, Ҳақ ишқи билан қон ютиб, дарди билан бемор бўлмаган киши боргоҳи Кибриёда мақбул эмас. Ишқ дарди бедорликни тақозо этади. Fафлат билан зинҳор муроса қила олмайди. Шу боис гарчи ишқ даъвосини қилса ҳам, ғофилни чин ошиқлар сирасига қўшиб бўлмас:
Бундай мисраларни ёзиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам ҳадди эмас. Худди шунга монанд мисраларни шоиранинг буюк салафи шоҳ Машраб лирикасида кузатамиз:
Ул муҳаббат кўйида қон йиғладим,
Етти иқлим ғарқ бўлди ёшима.
Шоҳ Машраб муҳаббат кўйида кўз ёши билан етти иқлимни ғарқ қилишидан огоҳ этса, Самар Бону чеккан оҳи етти иқлимни тутиши, тортган наъраси лавҳу қаламни ҳам қўзғатиши ҳақида ёзиб, муболаға санъатининг мумтоз намунасини яратган. Кўп асрлик назмий анъаналарга тамомила янги ифода, янги руҳ, янгича талқин олиб кира олгани Самар Бону ижодининг адабий-эстетик қиммати нечоғлик баланд экани исботидир. Шу боис унинг ғазаллари мумтоз шеъриятимиз ривожида ўзига хос ўрин тутади.
Шоира ҳақидаги илмий тадқиқотлар билан танишиш, унинг юксак бадиий маҳорат намунаси бўлган шеърларини ўрганиш "Қўлёзмалар ёнмайди" деган машҳур ибора айнан Самар Бону каби ижодкорлар меросига нисбатан айтилган, деган асосли хулосага олиб келади. Шоира асарларининг ҳанузгача шеърият муҳибларига маълум бўлмаган қўлёзмаларини излаб топиш, илмий муомалага олиб кириш, мавжуд асарларини бадиият, маҳорат жиҳатидан чуқурроқ тадқиқ қилиш адабиётшунослигимиз олдидаги муҳим ва долзарб вазифалардандир.