+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Остонадан қайтаётган совчилар

Халқимизда қадимдан яхши бир урф шаклланган. Келин туширишда бўлажак келиннинг уруғ-аймоғи суриштирилади, унинг тарбияси, одоб-аҳлоқи, уддабуронлиги, саранжом-саришталигига эътибор қаратилади.

Азалдан бу каби суриштирув ишлари ёши катталар, амма-холалар томонидан олиб борилган. Минг афсуски, кейинги пайтларда бу юмушларни ёш аёллар ёки бўлажак қайноналар ўз зиммаларига олишмоқда, қолаверса, келин танлашда янгидан-янги  "танлов"ларни ўйлаб топишмоқда. Улар энг аввало, бўлажак келин оиласининг бой-бадавлатлиги, маълумоти, иш-жойи, маоши ва албатта, чиройи, қанча, қандай сеп-сидирға йиққанлиги ҳақида билишга уринмоқда. Ҳатто баъзилари номзод ҳақида қандай маълумотларни билиш кераклиги ҳақида ён дафтарларига ёзиб олишади. "У бўлмаса бошқаси" деб рўйхат тузиб олган ана шундай "замонавий" совчилар қизнинг одоб-аҳлоқи, эпи, уқуви, саломатлигига у қадар эътибор қаратмаётганликлари ўта ташвишлидир.  

Яқинда бир аёл билан учрашиб, суҳбатлашиб қолдим. Бир йилдан буён келин қидираётганини айтиб, арзиҳол қилди...

- Ёлғизгина ўғлимга келин топаман, деб кезмаган жойим қолмади, - деб гап бошлади аёл. Маҳалламизда яхши қизлар йўқ, тузукроқлари эса турмушга чиқиб кетди. Қолганлари эса менинг "талабларим"га жавоб бермайди. Бир хонадонга борсам узатмоқчи бўлган қизи нон ёпаётганини кўрдим. Қизнинг онаси билан бир оз суҳбатлашгунимча иссиқ нон олиб кирди. Роса рўзғорбоп, эпчил, хушмуомала қиз экан-у, аммо оиласи ўртаҳол оила эканлигини кўриб, бироз иккиландим. Оппоқ эмаслигидан кўнглим тўлмади. Шундай бўлса-да, уни "захира"га олиб қўйиб, яна бир манзилга бордим. У хонадондагилар ўзларига тўқ, қизлари ҳам чиройли экан, лекин уй юмушларида сал уқувсизроқ, киборли экан.

Сўнг яна бир мўлжалдаги қизнинг уйига бордим. У қиз олий маълумотли, бўлажак ўқитувчи эди. Ота-онаси ҳам ўқимишли, топармон-тутармон экан. Мени яхши кутиб олишди. Ичкарига кирибоқ оила анча бадавлат эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Дастурхонга биллур идишларда қанд-қурс, писта-бодом, сарҳил мева-чевалар қўйилган. Қизнинг онаси кийиб олган кўйлак ҳам қимматбаҳо матодан тикилган. Қизи ҳам "ял-ял ёниб" чиройли       кийимларда чой олиб кирди. Кўриб юрагим "жиз" этди. Жуда орзу-ҳавасли одамлар экан.

Қизнинг онаси билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Мақсадимни айтдим, сўнг отаси суҳбатимизга қўшилиб, қизлари университетнинг 3-босқич талабаси эканлигини, контрактда ўқишини, келин қилган хонадон қолган йиллар учун контракт пулини тўлаши кераклигини  айтди. Мен бу гапларни эшитиб, нима дейишни билмай қолдим. Бироз ўзимга келиб, бадавлат экансизлар контрактни куёв томонга тўлатасизларми, дедим. Шунда қизнинг отаси: -Ўғлингиз нима иш қилади синглим? Ўзи бирор жойда ишлайдими, ўқиганми? - дея мени сўроққа тутди.

Мен, ўғлим ўқимагани, Россияда ишлашини, яхши пул жўнатиб туришини айтдим. Улар ҳам мени аяб ўтиришмади, "сиз бошқа жойдан қиз қидирганингиз маъқул, биз қизимизни "ўқиган йигитга узатмоқчимиз" дейишди.

Хуллас, келин қидириб, кўп хонадонга кирдим. Бирини ота-онаси, бирини уйи, бирида эса қиз ёқмади. Бу орада захирага олиб қўйганим бир-иккита қизларнинг ҳам тўйи бўлиб ўтибди. Мен бўлса бир йилдан ошдики, ёлғиз ўғлимга келин тополмаяпман. Фарзандимни ёлғиз катта қилдим. Шунинг учун бўлажак келиним, умуман, оилам ўзим истагандек бўлишини истайман.

Менимча, бундай инсонлар келин эмас "хазина" қидираётганга ўхшайди. Уларнинг       наздида бўлажак келин хонадоннинг бекаси бўлиб эмас, уйини қимматбаҳо буюмлар билан тўлдирадиган, кетидан тоғора-тоғора мазар келадиган, олий маълумотли, ишлаб ойлик маошини келтириб берадиган бўлиши керак. Бундай фикрдаги инсонларни асло оқлаб бўлмайди. Бундай молпараст, виждонсиз аёллар бировнинг жигарбандини ўз фарзанди қаторида кўра олиши ҳам жуда қийин.

 Бир кам дунё, ҳаётда бенуқсон инсоннинг ўзи бўлмайди. Сабр билан, ақл билан қилинган иш барокатли бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқатини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак. Авлодимиз давомчиси - келин танлашда ўткинчи хою-ҳавасларни четга суриб, қурилажак янги оиланинг мустаҳкам ва бахтли бўлиши ҳақида кўпроқ қайғуришимиз зарур. Айниқса, совчиликка бел боғлаган онажонларимиз, опа-сингилларимиз бу борада миллий урф-одатларимизга амал қилган ҳолда келин танласалар, муқаддас риштани яхши ният ва эзгу мақсад йўлида боғласалар, шубҳасиз, қурилажак ҳар бир оила мустаҳкам ва бахтли бўлади.

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА,

 

жамоатчи мухбир.